Бу сура Маккада нозил бўлган. У бир юз ўн икки оятдир.
Сура Қиёмат Соати яқинлашиб қолгани, одамлар эса у Кундаги ҳисоб-китобга ҳозирланиб, яхши амаллар қилиш ўрнига ғафлат уйқусига ғарқ эканликлари хақида хабар бериш билан бошланади. Сўнг ўқувчи эътибори коинотдаги ҳар бир мавжудотнинг ўта нозик ва аниқ ўлчов билан яратилиб, Якка-ю ёлғиз Яратган томонидан бошқариб турилишига қаратилади ва еру осмонда Аллоҳдан ўзга яна бирон илоҳ бўлса, у ўлчов ва тартибга футур етиб, борлиқ бузилиб кетиши аниқ эканлиги таъкидланади.
Бу сурада Иброҳим пайғамбар ва у зот билан бутпарастлар ўртасида бўлиб ўтган можаролар хусусида батафсил ҳикоя қилиниб, ўзини ўзи ҳимоя қилишга ожиз бўлган жонсиз бут-санамлар ўзгага ёрдам қилиши ёки зиён етказиши амримаҳол эканлиги уқтирилади.
Яна бу сурада Аллоҳ таъолонинг пайғамбарларидан Исҳоқ, Яъқуб, Лут, Нух, Довуд, Сулаймон, Айюб, Исмоил, Идрис, Зул-кифл, Зуннун, Закариё ва Ийсо алайҳиссаломлар тўғрисида ҳам хабарлар ворид бўлганки, суранинг "Анбиё — Пайғамбарлар" деб номланишига ҳам боис шудир.
Суранинг ниҳоясида Аллоҳ таъолонинг сўнгги Пайғамбари ҳазрати Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг барча оламга Аллоҳнинг раҳмат-марҳамати бўлиб келганлари зикр қилинади.
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан
1. Одамларга ҳисоб-китоблари (яъни, Қиёмат Соати) яқинлашиб қолди. Улар эса ғафлатда, (иймон келтириб, яхши амаллар қилишдан) юз ўгирувчидирлар.
2-3. Уларга Парвардигорлари томонидан бирон янги эслатма — оят келар экан, албатта уни масхара қилиб, диллари ғофил бўлган ҳолларида тингладилар ва золим-кофир кимсалар: "Бу (яъни, Муҳаммад алайҳиссалом) ўзларингизга ўхшаган бир одам холос-ку! Кўриб турган ҳолингизда сеҳр-жодуга (алданиш учун) келаверасизларми?!", (деб) ўзаро шивирлашдилар.
4. (Шунда Муҳаммад алаҳиссалом) айтди: "Парвардигорим осмону заминдаги ҳар бир сўзни билур. У Эшитгувчи, Билгувчидир".
5. "Балки — дедилар улар — (Муҳаммад ваҳий деб даъво қилаётган сўзлар) — алоқ-чалоқ тушлардир, балки (бу сўзларни) у ўзи тўқиб олгандир, балки у бир шоирдир. Бас, у ҳам илгари юборилган пайғамбарлар (келтирганлари) каби бирон оят-мўъжиза келтирсин!"
6. Улардан олдин, Биз ҳалок қилган бирон қишлоқ-шаҳар (аҳолиси) иймон келтирган эмас, бас, улар иймон келтирармидилар?!
7. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз Сиздан илгари ҳам (фаришталарни эмас, балки) фақат кишиларни (яъни, инсонларни) Ўзимиз уларга ваҳий юборгаи ҳолда пайғамбар қилгандирмиз. Бас, (эй Макка аҳли), агар ўзларингиз билмайдиган бўлсангизлар (Таврот, Инжилни биладиган) аҳли илмлардан сўранглар!
8. Биз у «пайғамбар»ларни таом емайдиган бир жасад қилган эмасмиз ва улар мангу ҳаёт кечиргувчи ҳам эмас эдилар.
9. Сўнгра Биз (берган) ваъдамизга вафо қилиб, у (пайғамбарларга Ўзимиз хоҳлаган (иймонли) кишилар билан бирга нажот берганмиз, хаддан ошувчи кимсаларни — кофирларни эса ҳалок қилганмиз.
10. Дарҳақиқат, Биз сизларга бир Китоб — Қуръон нозил қилдикки, унда сизлар учун зикр (яъни, шаъну шараф) бордир. (Чунки у сизларнинг тилингизда нозил қилинди). Ақл юргизмайсизларми?!
11. Қанча золим-кофир бўлган қишлоқ-шаҳарларнинг (аҳлини) ҳалок қилдик ва уларнинг ортидан (бутунлай) бошқа қавм-авлодни вужудга келтирдик.
12. Бас, қачонки улар (яъни, ҳалок қилинган кимсалар ҳалокатлари олдида) Бизнинг азобимиз (тушишини) сезиб қолишгач, баногоҳ у жойдан қочиб қолурлар.
13. (Шу пайт фаришталар): "Қочманглар, маишатга ботган жойларингизга, ўз масканларингизга қайтинглар, эҳтимол (қилмишларингиз тўғрисида) сўроққа тутиларсизлар?!", (деганларида);
14. (Улар бир-бирларига): "Эй ҳолимизга вой! Дарҳақиқат, бизлар (ўзимизга) золим бўлдик", дедилар.
15. Бас, то Биз уларни (ўт-ўлан каби) ўрилган, (ўтин каби) ўчган ҳолга солгунимизча, уларнинг ана ўша дод-войлари давом этди.
16. Биз осмон ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб-беҳуда яратганимиз йўқ. (Балки Ўз кудратимизни намойиш қилиш учун ва бандаларимиз фойдаланишлари учун яратдик).
17. Агар Биз вақтичоғлик қилишни (яъни, хотин, бола-чақа орттиришни) истасак, агар (шундай) қилгувчи бўлган чоғимизда ҳам уни (яъни, хотин, бола-чақани) Ўз даргоҳимиздан (яъни, малоикалардан ёки жаннат ҳурларидан) қилган бўлур эдик.
18. Йўқ, (Биз ундай айбу нуқсондан Покдирмиз), Биз Ҳақ—Қуръонни ботил-жаҳолатнинг устига отурмиз, бас, (ҳақиқат ботилни) эзиб-янчиб, баногоҳ (ботил) йўқ бўлур. Сизлар учун эса (эй мушриклар, Аллоҳнинг "Хотини, боласи бор", деб нолойиқ сифатлар билан) сифатлаганларингиз сабабли ҳалокат бўлур.
19. Осмонлар ва Ердаги бор жонзот Уникидир. Унинг ҳузуридаги зотлар (яъни, фаришталар) Унга ибодат қилишдан орланиб-зорланмайдилар.
20. Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Аллоҳни) поклайдилар.
21. Ёки улар (яъни, мушриклар) Ернинг ўзидан (яъни, тош, ёғочлардан ўликларни) тирилтира оладиган "худолар»ни топиб олдиларми?!
22. Агар (осмону заминда) Аллоҳдан ўзга худолар бўлганида (у худоларнинг ҳар бири ўз хоҳиш-иродасини амалга оширмоқчи бўлар ва бунинг натижасида еру осмоннинг) ҳар иккиси бузилиб кетар эди. Бас, Арш Эгаси бўлмиш Аллоҳ улар сифатлаётган (шериклардан) Покдир.
23. У Ўзи қиладиган бирон нарса ҳақида масъул бўлмас, улар (яъни, бандалар эса қиладиган ҳар бир иш-амаллари хусусида) масъул бўлурлар.
24. Ёки Уни қўйиб (бошқа) "худолар»ни топиб олдиларми?! (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: ("Эй мушриклар, мана шу ширкларингиз хақ эканлигига) ҳужжат-далилларингизни кўрсатингиз! Мана мен билан бирга бўлган (мўъминларнинг) Эслатмаси (яъни, Куръон) ва мендан аввалгиларнинг Эслатмалари (яъни, Таврот, Инжил. Мана шу Китобларнинг қайси бирида Аллоҳдан ўзга ҳам худолар мавжуд эканлигига хужжат-далил бор?!)" Йўқ, уларнинг аксариси ҳақиқатни билмай туриб, (Ундан) юз ўгирувчилардир.
25. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз Сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: Хеч қандай илоҳ йўқ, ёлғиз Менгина бордирман, бас, Менгагина ибодат қилинглар", деб ваҳий юборгандирмиз.
26. Улар (яъни, мушриклар): "Раҳмоннинг (фаришталардан) боласи бор", дедилар. У Зот (мушрикларнинг бадгумонларидан) мутлақо Покдир. Йўқ, (фаришталар асло Аллоҳнинг болалари эмас, балки) улуғ бандалардир.
27. (Фаришталар) У Зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар (яъни, Аллоҳ буюрмаган бирон ишни қилмайдилар). Улар (Аллоҳнинг) амри фармони билангина амал қилурлар.
28. У Зот уларнииг олдиларидаги (қиладиган) ва орқаларидаги (қилиб ўтган) барча иш-амалларини билур. Улар (Қиёмат қойим бўлган Кунда) фақат (Аллоҳ) рози бўлган кишиларнигина шафоат қилурлар — қўллай олурлар. Уларнинг ўзлари (Аллоҳдан) қўрқиб ҳавфу хатарда турурлар.
29. (Фаришталардан) бирон кимса: "Мен ҳам (Аллоҳдан) ўзга бир илоҳман", деса, бас, Биз ўшани жаҳаннам билан жазолармиз. Биз барча золим-мушрикларни ана шундай жазолаймиз.
30. Кофир бўлган кимсалар осмонлар ҳам, ер ҳам (аввалда) тўсиқ (яъни, осмонлардан ёғин ёғмас, ердан эса бирон гиёҳ унмас) бўлганини, бас, Биз уларни очиб юборганимизни (яъни, осмондан ёғин ёғдириб, ердан гиёҳ ундирганимизни) ва сувдан барча жонли мавжудотни (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?! Энди ҳам (яъни, Яратгувчи ва Бошқариб тургувчи Ягона Аллоҳ борлигига очиқ далолат қилиб турган мана шундай далиллардан кейин ҳам) иймон келтирмайдиларми?!
31. Биз ер (одамларни) тебратмасин учун унда тоғларни (пайдо) қилдик ва Тўғри Йўлни топишлари учун унда кенг дара-йўллар қилдик.
32. Биз осмонни сақланган — қулаб тушмайдиган том қилиб қўйдик. Улар (мушриклар) эса (осмоннинг ой, қуёш, юлдуз каби Аллоҳинг кудратини кўрсатиб турган) аломатларидан юз ўгирувчидирлар.
33. Кеча ва кундузни, қуёш ва ойни яратган Зот ҳам (ёлғиз Аллоҳдир). (Буларнинг) барчаси ўз фалак-фазосида сузиб юрурлар.
34. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз Сиздан аввал ҳам бирон одамзотга абадий ҳаёт берган эмасмиз. Бас, агар Сиз ўлсангиз улар абадий қолурларми?! (Йўқ, улар ҳам мангу қолмаслар).
35. Ҳар бир жон ўлимни тотиб кўргувчидир. Биз сизларни (сабр-тоқатларингизни синаш учун) ёмонлик билан ҳам, (шукр қилишингизни билиш учун) яхшилик билан ҳам "алдаб" имтиҳон қилурмиз. (Кейин барчаларингиз) фақат Бизгагина қайтарилурсизлар.
36. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қачон кофир бўлган кимсалар Сизни кўрсалар (бир-бирларига кўрсатишиб): "Сизларнинг илоҳларингизни айблайдиган кимса мана шуми?", (дейишиб) масхара қиладилар, холос. Ҳолбуки, уларнинг ўзлари Парвардигорнинг Эслатмаси — Қуръондан юз ўгирувчилардир.
37. (Ҳақиқатан), инсон шошқалоқ ҳолда яралгандир. (Шунинг учун кофир бўлгаи кимсалар Аллоҳнинг азобини шоширмоқдалар). Яқинда Мен сизларга Ўз оят-аломатларимни кўргазурман (яъни, Менга осий бўлган кимсаларни қандай азоблашимни кўрурсизлар). Бас, Мени шоширтирмангиз.
38. Улар (яъни, динсиз кимсалсар): "Агар ростгўй бўлсангиз (айтинглар-чи) мана шу ваъда қачон бўлади?", дерлар.
39. Агар кофир бўлган кимсалар на олдиларидан ва на ортларидан (дўзах) ўтини тўса олмай қоладиган, уларга ёрдам берилмайдиган вақти (Қиёмат Кунидаги даҳшатларни) билсалар эди, (бу сўзларни айтмаган бўлур эдилар).
40. Йўқ. (Қиёмат) тўсатдан келиб, уларни хайрону хаста қилиб қўюр, бас, уни қайтаришга ҳам кучлари етмас, уларга (тавба-тазарруъ учун) муҳлат ҳам берилмас.
41. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), аниқки, Сиздан аввалги пайғамбарлар ҳам масхара қилинган. Бас, уларнинг устидан кулган кимсаларга ўзлари (ишонмай) масхара қилган нарсалари (Аллоҳнинг азоби) тушгандир.
42. Айтинг: "Кечаси-ю кундузи сизларни Раҳмон (азобидан) ким сақлай олур?!" Йўқ улар Парвардигорни эслашдан юз ўгиргувчилардир.
43. Ёки уларни ҳимоя қиладиган Биздан ўзга "худолари" бормикан?! У ("худолар") ўзларига ёрдам қилишга ҳам қодир эмаслар ва улар Бизнинг томонимиздан ҳимоя ҳам қилинмаслар.
44. Йўқ, Биз уларни (кофирларни) ва ота-боболарини (дунё матоларидан шундай) фойдалантирдикки, хатто уларга умр-ҳаёт узун-абадий кўринди (ва улар бир кун келиб бу ҳаёт тугашига ишонмай қўйдилир ва Оллоҳнинг азобини ҳам инкор қилдилар). Ахир улар (Макка кофирлири) Биз ерни атрофидан камайтириб келаётганимизни (тобора кўпроқ кишилар Исломга кириб, куфр дунёси қисқариб бораётганини) кўрмайдиларми?! Ана ўшалар ғолиб бўлурларми?! (Йўқ, улар мағлубдирлар, Оллоҳнинг Динига иймон келтирган зотлар ғолибдирлар).
45. Айтинг: "Мен сизларни фақат ваҳий билан қўрқитиб-огоҳлантирурман. (Лекин) гунглар (яъни, динсизлар Ўзлари учун Охиратда азоб борлиги ҳақидаги ваҳий билан) қўрқитилаётган вақтларида даъватни эшитмайдилар.
46. Қасамки, агар уларга Парвардигорингнзнинг азобидан андак етса, албатта улар: "Ҳолимизга вой! Дарҳақиқат, бизлар (ўз жонимизга) жабр қилгувчилар бўлдик", деб қолурлар.
47. Биз Қиёмат Куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яъни, заррачалик яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилгувчидирмиз.
48. Дарҳақиқат, Биз Мусо ва Ҳорунга тақводор кишилар учуи (ҳақ билан ботилни) ажратгувчи, зиё ва эслатма бўлган (Тавротни) ато этдик.
49. У (тақводор)лар Парвардигорларидан кўрмай туриб, қўрқурлар. Улар (Қиёмат қойим бўладиган) Соатдан ҳавфда тургувчилардир.
50. Бу (Қуръон) ҳам Биз нозил қилган бир муборак Эслатмадир. Хали сизлар уни инкор қилгувчимисизлар?!
Изоҳ: Ушбу оятдаги хитоб Макка арабларига қаратилган бўлиб, уни шундай тушунмоқ лозим: бошқа тил, бошқа миллат эгилари Қуръон тилини билмагинлари боис унинг қадру-қимматини тўла англай олмасликлари мумкин. Аммо сизлар ўз тилингизда нозил қилинган, теран маъно-моҳиятидан ташқари балоғат ва фасоҳатга тўлиқ бўлган назмининг ўзидан Илоҳий мўъжиза экани кўриниб турган Китобни қандай инкор қила оласизлар?!
51. Дарҳақиқат, Биз (Мусодан) илгари Иброҳимга Ҳақ Йўлини ато этдик. Биз унинг (Ҳақ Йўлга лойиқ эканини) билган эдик.
52. Ўшанда (Иброҳим) отаси ва қавмига: "Сизлар доимо чўқинадиган бу ҳайкаллар нимадир (яъни, нега жонсиз ҳайкалларга сиғинаяпсизлар?!)", деганида;
53. Улар айтдилар: "Бизлар ота-боболаримизни ҳам уларга сиғинган ҳолда топганмиз".
54. У деди: "Дарҳақиқат, сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ залолатда экансизлар".
55. Улар айтдилар: "Келтирган — айтган (бу сўзларинг) ростми ёки сен ҳазил қилгувчиларданмисан?"
56. У деди: "Йўқ, сизларнинг Парвардигорингиз (мана бу ҳеч кимга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган бутлар эмас, балки) осмонлар ва ернинг Парвардигоридирки, У Зот уларни Ўзи яратгандир. Мен бунга гувоҳлик бергувчилардандирман.
57. Аллоҳ номига қасамки, сизлар (ҳайитгоҳларингизга) кетганларингиздан кейин бутлариигизни бир бало қилурман".
Изоҳ: Аллоҳ таъолонинг ҳидояти билан гўдаклик чоғидаёқ жонсиз ҳайкал-бутларга сиғинишдин бош тортган Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси: "Зора худоларимиз ҳақидаги хато фикрлари ўзгарса", деб ўзларининг йилда бир бўладиган диний байрамларига олиб бормоқчи бўлади. Лекин у оёғи оғриётганини бахона қилиб байрамга бормайди ва ичида, улар кетгач, бутхонадаги ҳайкалларни синдиришга қасам ичади.
58. Бас, у (бутларни) парча-парча қилди. Фақат, "Шояд (мушриклар у бутларнинг) каттасига қайтсалар (ва бу айбни тўнкасалар", деб) ўшанигина (қолдирди ва унинг бўйнига бир болтани илиб қўйди).
59. Улар (қайтиб келганларидан сўнг): "Бизнинг худоларимизни ким бундай қилди? Шубҳасиз, у золим кимсалардандир", дедилар.
60. (Уларнинг айримлари) айтишди: "(Худоларимизни) айблаб юрадиган Иброҳим деган бир йигитни эшитгандик".
61. (Шунда уларнинг катталари): "Уни одамлар қошига келтирингиз! Улар гувоҳ бўлсинлар", дейишди.
62. (Уни келтиришгач): "Худоларимизни сен шу (ҳолга) солдингми, эй Иброҳим?", деб (сўрашди).
63. (Иброҳим) айтди: "Йўқ, бу ишни уларнинг каттаси — мана бу (ҳайкал) қилди. Бас, (бутларингиздан) сўранглар, агар гапира оладиган бўлсалар (айтиб берсинлар)".
64. Бас, (мушриклар) ўзларига келиб, (бир-бирларига): "Сизлар ўзингиз золимлаисиз", дедилар.
65. Сўнгра эса яна бошлари айланиб: "Сен уларнинг гапирмасликларини яхши билардинг-ку?!", дейишди.
66. (Иброҳим) айтди: "Ахир Оллоҳни қўйиб, сизларга бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган (ҳатто гапира олмайдиган) нарсаларга сиғинасизларми?!
67. Сизларга ҳам, Оллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингизга ҳам суф! Ахир ақл юргизмайсизларми?!"
68. (Иброҳимнинг ҳақ таъна ва дашномларига бирон жавоб топа олмай қолган подшоҳ Намруд бошчилигидаги мушриклар) дедилар: "Уни ёқиб юборинглар! Агар уддалай олсанглар (мана шу иш билан) ўз худоларингизга ёрдам қилинглар".
Изоҳ: Шундан кейин мушриклар улкан ўтин ғарами ҳозирлашиб, унинг ҳамма томонига ўт қўйдилар ва Иброҳимни қўл-оёғини борлаб бир манжаниққа (қадимий тош отиш қуроли) солишиб оловга отдилар. Шунда...
69. Биз айтдик: "Эй олов, сен Иброхим учун салқин ва омонлик бўл!"
Изоҳ: Муфассирлар айтишларича, Иброҳим алайҳиссилом манжаниқдан отилган лаҳзада унинг ёнига фаришта Жаброил келиб: "Менга бирон ҳожат-тилагинг борми?", деб сўраган эканлар, Иброҳим: "Сенга (яъни, Ёлғиз Аллоҳдан ўзга бирон кимсига) эҳтиёжим йўқ", деб жавоб берибдилар. "Парвардигорингга-чи?" - сўрабди Жаброил. "Парвардигорим Ўзи аҳволимдан Огоҳдир", дебдилар Иброҳим. Шунда Оллоҳ таъоло оловга юқорида зикр қилинган оятдаги фирмонини юборган заҳоти оловнинг ёруғи қолиб, иссиғи йўқолибди. Иброҳим алийҳиссаломнинг эса боғланган арқони ёниб битибди-ю, у кишининг ўзига озор етмабди.
Қиссадан ҳисса шуки, кимда ким Иброҳим пайғамбар каби Ёлғиз Аллоҳ таъолога бандалик қилиб, У Зотдан ўзга бирон кимсадан мадад-ёрдам тиламаса, Аллоҳ уни ўтда куйдирмас, сувда чўктирмас экан.
70. Улар (Иброҳимга) макр қилмоқчи бўлдилар (яъни, уни ёндириб юбормоқчи бўлдилар). Биз эса уларнинг ўзларини кўпроқ зиён кўргувчи қилиб қўйдик.
71. Ва Биз унга ҳамда Лутга нажот бериб, (уларни) Ўзимиз барча оламлар учун муборак қилган (Шом) заминига (юбордик).
72. Биз (Иброҳимга Биздан бир фарзанд сўраганида), Исҳоқни ҳадя этдик ва Яъқубни ҳам зиёда қилдик ҳамда (уларнинг) барчаларини солиҳ кишилар қилдик.
73. Яна уларни Бизнинг амримиз билан (кишиларни Ҳақ Йўлга) ҳидоят этадиган пешволар қилдик ва уларга яхши амаллар қилишни, намозни тўкис адо этишни ва закотни (мустаҳиқ кишиларга) ато этишни ваҳий қилдик. Улар ёлғиз Бизгагина ибодат қилгувчи бўлдилар.
74. Яна Биз Лутга ҳикмат ва илм ато этдик ва унга нопокликлар қилувчи бўлган қишлоқ (аҳли)дан нажот бердик. Дарҳақиқат, улар ёмон бузуқ қавм эдилар.
75. Ва Биз уни (Лутни) Ўз раҳмат — жаннатимизга дохил қилдик. Шак-шубҳасиз, у солиҳлардандир.
76. Нуҳни (эсланг): Ўшанда у — (мазкур пайрамбарларнинг давридан) илгари нидо қилганида Биз унинг (нидосини) мустажоб қилиб, ўзини ва аҳли-тобеъларини улур ғамдан қутқардик.
77. Ва унга Бизнинг оятларимизни ёлғон деган қавмдан мадад-нажот бердик. Дарҳақиқат, улар ёмон қавм эдилар. Бас, Биз уларнинг барчасини ғарқ қилиб юбордик.
78. Довуд ва Сулаймоннинг экинзор хусусида ҳукм қилаётган пайтларини (эсланг)! Ўшанда унга қавмнинг қўйлари бўшалиб кириб (уни пайҳон қилиб юборган) эди. Биз улар (чиқарган) ҳукмга шоҳид эдик.
79. Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик.
Изоҳ: Ривоят қилишларича, Довуд ва Сулаймон пайғамбарларнинг олдиларига икки киши бир можаро хусусида ҳукм сўраб келади. Улардан бирининг қўйлари иккинчисининг экинзорига кириб кетиб, бирон нарсани соғ қолдирмай пайхон қилиб чиқиб кетган эди. Довуд алайҳиссилом қўйлар экинзор эгасига берилсин, деб ҳукм чиқарадилар. Буни эшитган ўғиллари Сулаймон алайҳиссалом эса "Ерни қўйларнинг эгасига, кўйларни эса экинзор соҳибига берилса-ю, кўйларнинг эгаси ерни ўнглаб, экин экиб аввалги ҳолига қайтаргач, қўйларини қайтиб олса. Шу муддат ичида экинзор соҳиби у қўйларнинг юнги, сутидан фойдаланиб, шу даврда туғилган кўзиларини ҳам ўзига олиб қолса", дейдилар. Шунда Довуд Сулаймонга қараб: "Ўғилчам, сенинг ҳукминг тўғрироқдир", деб ўзи чиқарган ҳукмларини бекор қилади...
Айтишларича, Довуд алайҳиссалом беназир хуш овоз соҳиби бўлиб, Забурни тиловат қилганлариди самода учиб кетаётган қуш муаллақ қотиб, атрофдаги тоғлар ҳам бирга қироат қилар экан.
80. Яна (Довудга) сизларга зиён етишидан сақлайдиган совут ясашни таълим бердик. Бас, сизлар, шукр қилурмисиз?!
81. Сулаймонга эса бўронли шамолни (бўйсундириб) унинг амри билан Биз муборак қилган заминга (Шомга) эсадиган (қилиб қўйдик). Биз барча нарсани Билгувчидирмиз.
82. Яна шайтон-жинлардан (Сулаймон) учун ғаввослик қиладиган ва бундан бошқа ишларни ҳам адо этадиган кимсаларни (яратдик). Ва Биз уларни (Сулаймоннинг амридан чиқиб кетмасликлари учун) қўриқлаб тургувчи бўлдик.
83. Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: "(Парвардигорим), мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилгувчиларнинг Раҳмлироғидирсан", деб илтижо қилган пайтини (эсланг)!
84. Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилиб, ундаги зиён-заҳматни кетказдик ҳамда Ўз ҳузуримиздан меҳрибонлик кўрсатиб ва барча ибодат қилгувчиларга эслатма-ибрат бўлсин, деб (Айюбга) аҳли-оиласини ва улар билан қўшиб яна ўшаларнинг мислича (бола-чақа) ато этдик.
Изоҳ: Айюб пайғамбар асли Рум мамлакатидан бўлиб, серфарзанд ва бой-бадавлат киши эдилар. Сўнгра бошларига оғир кунлар тушиб, мол-дунёларидан ажрадилар, лекин қаноат қилдилар; болалари бирин-кетин ҳалок бўлишиб, улардан ҳам жудо бўлдилар, сабр қилдилар; саломатликларидан ажраб, энг оғир хасталикларга дучор бўлдилар, шикоят қилмадилар. Қачонки айрим кимсалар: "Бу энг ёмон гуноҳ-жиноятларни қилганки, Худо унга шундай балоларни юборган", деганларини эшитгандан кейингина сабр косаси тўлиб Аллоҳ таъолога илтижо қилиб, ўз ҳолидан шикоят қилган ва Ҳақ таъоло у зотнинг дуоларини ижобат қилиб, саломатликларини ҳам, мол-давлатларини ҳам қайтариб берган. Ҳалок бўлган етти ўғил, етти қизларига ҳаёт ато этиб, яна етти ўғил ва етти қиз кўрганлар.
Мазкур оятдаги "барча ибодат қилгувчиларга эслатма-ибрат бўлсин, деб", деган сўзларнинг маъноси шуки, бошларига бирон бало тушган кишилар Айюб алайҳиссалом каби сабр-қаноат қилсалар, албатта Аллоҳ таъоло уларнинг балоларини кетказиб, аввалгидан ҳам зиёда неъматлар ато этур.
85. Исмоилни, Идрисни ва Зул-кифҳлни (эсланг)! Барчалари сабр қилгувчи зотлардандирлар.
86. Биз уларни Ўз раҳмат-жаннатимизга дохил қилдик. Дарҳақиқат, улар солиҳлардандирлар.
87. Зуннун — Юнуснинг (қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унинг зиёнига ҳукм қилмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғу зулматларда туриб: "Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй Пок Парварднгор, дарҳақиқат, мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим", деб нидо қилган (пайтинии эсланг)!
Изоҳ: Зуннун, - яъни, балиқ соҳиби деб ном олган Юнус алаҳиссалом Аллоҳинг амри билан ўз қавмини Ҳақ Йўлиги даъват қилганида улар иймон келтирмадилар. Аллоҳнинг азоби тушиши ҳақида огоҳлантирганида ҳам у қавм тавба қилмади. Шунда Юнус пайғамбар Яратганнинг: "Сабр қил", деган буйруғини унутиб, ўз қавмининг иймонсизлигидан ғазабланган ҳолда ўз қишлоғидан чиқиб кетади ва ўзича "Бу ишим учун Аллоҳ мени жазоламас", деб ўйлайди. Лекин Аллоҳ таъоло Ўз пайғамбарининг бу итоатсизлигининг жазосига ўзининг кенг қишлоғига сиғмаган Юнусни балиқнинг тор қорнига ҳибс қилиб кўяди. Шунда Юнус алайҳиссалом балиқ қорнида туриб юқоридаги оятда зикр қилинган каби нидо қилади.
88. Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва уни ғам-ғуссадан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз.
89. Закариёнинг: "Парвардигорим, мени ёлғиз ҳолда ташлаб қўйма (яъни, менга Ўз даргоҳингдин бир меросхўр фарзанд ато эт), Ўзинг ворисларнинг Яхшироғидирсан (яъни, ҳамманинг ортида қолгувчидирсан)", деб нидо қилган пайтини (эсланг)!
90. Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва унга Яҳёни ҳадя этдик ҳамда унинг учун жуфтини ўнглаб (туғмайдиган кампирни бола кўришга қодир қилиб) қўйдик. Дарҳақиқат, улар (яъни, мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилгувчи эдилар.
91. Яна ўз номусини сақлаган аёлни (яъни, Марямни эсланг)! Бас, Биз Ўз тарафимиздан бўлган руҳни унга пуфладик (ва у Исога ҳомиладор бўлди) ва уни ҳамда ўғлини барча оламлар учун оят-ибрат қилдик.
92. (Эй инсонлар), сизларнинг миллатингиз — Динингиз ҳақиқатда бир Диндир (яъни, Исломдир). Мен эса (барчаларингизнинг) Парвардигорингиздирман. Бас, Менгагина ибодат қилинглар!
93. (Лекин одамлар) ишларини (яъни, динларини) ўзаро парчалаб-бўлиб олдилар. Барчалари Бизга қайтгувчидирлар.
94. Бас, ким мўъмин бўлган ҳолида яхши амаллардан қилса, унинг саъй ҳаракати зое бўлмас — Биз уни ёзиб қўйгувчидирмиз.
95-96-97. Биз ҳалок қилган бирон қишлоқ-шаҳар (ахли қайта дунёга келиши) ҳаромдир. То Яъжуж ва Маъжуж (тўғони) очилиб, улар ҳар бир тепаликдан оқиб келадиган ва ҳақ ваъда (яъни, Қиёмат) яқин бўладиган вақтгача улар (яъни, Биз ҳалок қилган кимсалар) қайтмайдилар. Ана у (Қиёмат қойим бўлган) вақтда эса кофир бўлган кимсаларнинг кўзлари қотиб: "Эй, ҳолимизга вой, бизлар бундай (оқибатдан) ғафлатда эдик. Йўқ, бизлар (ўз жонларимизга) жабр қилгувчи бўлдик", (дейдилар).
98. (Эй мушриклар), сизлар ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингиз ҳам жаҳаннам ўтинларидир. Сизлар у (жаҳаннамга) тушгувчидирсизлар.
99. Агар ўшалар (яъни, сизлар сиғинадиган бутларингиз) худолар бўлганида (жаҳаннамга) тушмаган бўлур эдилар. (Бу бутлар ва уларга сиғинадиганларнинг) барчалари у жойда абадий қолгувчидирлар.
100. Улар учун у жойда (фақат) дод-фарёд қилишгина бордир. Улар у жойда (бирон нарсани) эшитмаслар.
101. Албатта, Бизнинг томонимиздан гўзал (манзилат-мартаба) берилган зотлар — ана ўшалар (жаҳаннамдан) узоқ қилинурлар.
102. Улар унинг шарпасини ҳам эшитмаслар. Улар ўзлари истаган неъматларда абадий қолгувчидирлар.
103. Уларни Буюк даҳшат (яъни, Қиёмат) маҳзун қилмас. Фаришталар уларни: "Мана шу сизларга ваъда қилинган Кундир", (деб) кутиб олурлар.
104. У Кунда Биз осмонни ҳам худди мактуб ёзилган саҳифани ўраган янглиғ ўраб, биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолга) қайтарурмиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта Биз (шундай) қилгувчидирмиз.
105. Дарҳақиқат, Биз (Лавҳул-Маҳфузда) зикр қилгандан сўнг Забурда: "Албатта (жаннатнинг) ерига Менинг солиҳ бандаларим ворис бўлурлар", деб ёзиб қўйгандирмиз.
106. Албатта мана шу (Қуръонда) ибодат қилгувчи қавм учун етарли (панд-насиҳат) бордир.
107. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), дарҳақиқат, Биз Сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни, Аллоҳинг раҳмати-жаннатига етаклагувчи) қилиб юбордик.
108. Айтинг: "Менга фақат сизлариинг илоҳингиз Якка-ю Ягона Илоҳ экани ваҳип қилинур. Бас, сизлар (ваҳийга) бўйсунувчимисизлар?"
109. Энди агар юз ўгирсалар, у ҳолда айтинг: "Мен сизларнинг (барчангизга) баробар (ҳеч кимни айирмай ўзимга нозил бўлган ваҳийни) эшиттирдим. Сизларга ваъда қилинаётган (Қиёмат Кунидаги азобни) яқин ё йироқлигини эса билмасман.
110. Албатта У Зот сўзнинг ошкорасини ҳам билур, сизлар беркитадиган Сўзларни ҳам билур.
111. Билмайман, эҳтимол бу (яъни, азоб соатининг таъхирга ташланиши) сизлар учун бир алдов-синов ва бир оз вақтгача (ажалларингиз етиб ўлгунингизгача) фойдаланишдир".
112. (Муҳаммад алайҳиссалом) айтди: "Парвардигорим, Ўзинг ҳақ ҳукмингни қилгин. Бизнинг Парвардигоримиз — сизларнинг ("Аллоҳ ёлғиз эмас", деб У Зотни бўҳтон сифат билан) сифатлашларингизга қарши мадад сўраладиган Раҳмондир".