loader

072. Жин сураси

Маккада тушган, 28 оятдан иборат
Ушбу сурада Аллоҳ таолонинг ғайбий махлуқларидан бўлмиш жинлар ҳолати ҳақида сўз боргани учун у шу номни олган. Суратул-Қулуҳия деган номи ҳам бор. У Аъроф сурасидан кейин тушган. Жин сураси ҳам бошқа маккий суралар каби имон, ақида, ғайб масалалари борасида сўз юритади. Хусусан, жинлар ҳам худди инсонлар каби Қуръон эшитишишлари, улар орасида имонлилари ва кофирлари бўлиши, улар ҳам Аллоҳ таоло ва Унинг Пайғамбарига итоат қилишлари, шариат ҳукмларига мукаллаф (масъул) эканлари баён этилади. Жинлар инсонга кўринмагани билан уларнинг мавжудлигига имон келтириш зарурлиги, аммо улардан ёрдам сўрамаслик, уларнинг куч-қудрати ҳақида туғёнга бормаслик кераклиги уқтирилади. Шунингдек, ушбу сурада Пайғамбар алайҳиссаломга даъватнинг Аллоҳ учун холис бўлиши, ҳеч кимни Парвардигорга шерик қилмаслик, ҳатто Аллоҳнинг элчиси ҳам инсонларга Унинг изнисиз фойда ё зарар келтира олмаслиги, осий ва мушрик бандаларни қиёматда Аллоҳ таоло азобидан ҳеч нарса қутқариб қололмаслиги каби ҳақиқатлар зикр қилинади. Сура ғайб илми фақат Аллоҳга хос экани, У барча нарсаларни ўраб-иҳоталаб олгани, ҳатто ҳар бир нарсанинг саноғини ҳам Ўзигина била олиши ҳақидаги далиллар билан якунланади.

 Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Менга аён бўлишича, жинлардан бир гуруҳи тинглаб кетгач айтишди: «Ажиб бир Қуръон эшитдик»;
Ояти каримадаги «истамаъа» сўзи Пайғамбар алайҳиссалом жинларни кўрмаганларига далолат қилади. Жинлар ҳақидаги хабарлар у зотга ваҳий орқали билдирилган. Қуръони каримда жинлар қиссасини келтириш орқали Аллоҳ таоло инсонлардан ташқари Ўзининг амр-фармонларига мукаллаф (масъул) махлуқлар, яъни жинлар борлигини, Қурайш мушриклари ва кофирлари каби уларнинг ҳам яхши-ёмонлари, имонлиларию куфр келтирганлари мавжудлигини, бандалар Аллоҳ таолонинг ғайбини билишдан ожиз эканларини баён этади. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад), Биз олдингизга бир гуруҳ жинларни Қуръон тинглашсин, деб юборган эдик» (Аҳқоф, 29)
Ғайбга (яширин оламга) имон келтириш исломий ақида асосларидан биридир. «Ғайб» Аллоҳ азза ва жалла ҳамда Унинг охирги Пайғамбари хабар берган, лекин бизга кўринмаган нарсалардир. Жинлар ҳам ғайбий нарсалардан бўлиб, уларга имон келтиришимиз лозим. Чунки жинларнинг борлигига Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда далиллар жуда кўп.  
Аллоҳ таолонинг буйруғи билан Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом инсонларга жин ҳақида бундай маълумот бермоқдалар: «Менга ваҳий орқали аён бўлишича, жинларнинг бир гуруҳи (етти нафари) Қуръон ўқиётганимда тинглаб ўтиришди ва кейин шерикларининг олдига бориб: «Бизларни Ҳақ сўзга ҳидоят қиладиган ажойиб бир Қуръонни эшитдик ва дарҳол унга имон келтирдик», дейишди». Бу ҳодисанинг баёни Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ушбу ҳадисда келган: «Бир кечаси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга эдик. Кейин у кишини йўқотиб қўйдик. Аллоҳнинг элчисини водий ва даралардан изладик. Ўзимизча: ё олиб қочиб кетишган ёки у зотга суиқасд бўлган, деб ўйладик. Шу тун бизга энг ёмон кеча бўлди. Тонг отганида у зотнинг Ҳиро томондан келаётганларини кўрдик. Биз: «Эй Расулуллоҳ, сизни йўқотиб қўйиб, изладик. Лекин топа олмадик ва жуда ёмон тунни ўтказдик», дедик. Шунда Расулуллоҳ: «Менга жинларнинг даъватчиси келди, у билан жинлар олдига бордим. Мен уларга Қуръон ўқидим», дедилар. Ибн Масъуд айтадилар: «Расулуллоҳ биз билан бориб, уларнинг изларини ва ёққан оловларининг асарини кўрсатдилар. Жинлар ўз емишлари ҳақида сўрашганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳнинг исми зикр қилинган ҳар бир суяк сизларнинг қўлингизга тўлиқ гўштли бўлиб тушади, ҳар бир тезак эса уловингизга ем-хашак бўлади», дедилар. Кейин бизга: «Бу икки нарса билан истинжо қилманг, чунки улар биродарларингизнинг емишидир», дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадалик пайтларида саҳобаларга: «Ким жинлар билан учрашишни хоҳласа, келсин», деган эдилар. Мендан бошқа ҳеч ким келмади. Набий алайҳиссалом билан бирга  Макканинг юқорисига етиб борганимизда оёқлари билан ерга бир чизиқ чизиб, кейин ўша ерда қимирламай ўтиришимни буюрдилар. Сўнгра ўринларидан туриб Қуръон ўқидилар.  Кўпгина қора нарсалар ўраб, мен билан у зот ўрталарини тўсиб қўйди. Ҳатто овозларини ҳам эшитолмай қолдим. Қора нарсалар булут парчалари каби тўзғиб кетиб боришарди. Уларнинг бир қисми ортда қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод вақтидагина кўриндилар. Кейин олдимга келиб: «Анави бир жамоа жинлар нима қилди?» деган эдилар, мен: «Улар жинлармиди, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим». Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жинларга озуқа қилиб суяк ва тезакни бердилар. Кейин бизларга тозаланиш мақсадида тезак ёки суякдан фойдаланишини ман қилдилар» (Ибн Касир тафсири).
Аллоҳ таоло хабар беряптики, махлуқотлари орасида жин ҳам мавжуд, у оловдан яратилган, Иблис ҳам жинлардан. Жинлар одамларни кўради, овозини эшитиб-тушунади, инсонлар эса уларни кўра ё эшита олишмайди. Улардан инсонлар каби имонли ва кофирлари, яхши-ёмонлари бор. Жинлар залолатга кетган инсонларни йўлдан оздириб, фикрига таъсир кўрсатиши мумкин.
Моддий оламнигина тан олиб, ғайбий (яширин) руҳий олам борлигидан бехабар ёки бунга ишонмайдиган айрим нодон кимсалар жинларнинг ҳам мавжудлигига ишонишмайди. Улар жинларни кўрмаганлари учун унга ишонишмайди. Ваҳоланки, атрофимизда инсон кўзига кўринмайдиган, аммо мавжудлиги ҳақиқат бўлган қанча-қанча нарсалар бор. Масалан, электр токини кўролмаймиз, лекин унинг симда юришини, чироқни ёндиришини ҳамма билади. Нафас олаётганда ҳавони кўрмаймиз, бироқ унинг борлигини, усиз бир дақиқадан ортиқ яшаб бўлмаслигини ёш бола ҳам англайди. Агар кўзларга кўринмайдиган руҳ танани тарк этса, у жонсиз гўшт-суяк йиғинисига айланиб, одам ҳаёти тугашини билмаган киши топилмаса керак. Шу каби кўзга кўринмас жинларнинг борлигига мўминлар имон келтиришади. «Жин» сўзи ҳам «тўсилган, кўзлардан яширин» маъносини англатади.
Аммо қадимда ҳам, ҳозир ҳам жин ҳақида турли хурофий ва бидъат тушунчалар, ирим-сиримлар шу қадар кўпайиб кетганки, одамлар жинлар борлигига ишонмаганлари туфайли ана шу ёлғон эътиқодга бўйсунишяпти ёки дунёдаги ҳамма нарсани жинлар бошқармоқда, деган ботил тасаввурга бориб қолишган. Жин ва сеҳр масаласи баҳслар, изланиш ва далиллар билан аниқ жавоб бериш керак бўлган муҳим мавзулардандир. Чунки у жамият воқеълигида ўзини бутун бўй-басти билан намоён этмоқда. Муттаҳам фолбинлар заиф, содда  кимсаларни алдаб ундирадиган сариқ чақалар эвазига кечаю кундуз фасод ва бузғунчилик қилиб, жинларни ҳамма нарсага кучи етадиган қудратли  махлуқлар ёки инсонлар тақдирига таъсир ўтказа оладиган ёвуз кучлар сифатида кўрсатишга уринмоқда. Бугунги кунда уламоларимиз бундай бузғунчиликларнинг хатари ва зарарини одамларга баён этиб, тушунтириб беришлари вожиб бўлиб қолди. Бундан ҳам муҳимроғи, уламолар кишиларни ўз муаммоларини ҳал этиш, турли хасталикларига даво излаш учун «жинлар ҳамласидан қутқара оладиган» фолбинларга мурожаат қилишдан қайтариб, бунинг ўрнига сеҳр ва касалликка қарши шаръий муолажани тақдим этишлари керак.  
2. «тўғри йўлга бошлайдиган. Унга имон келтирдик ва Парвардигоримизга ҳеч кимни шерик қилмаймиз»;
Жинларнинг даъватчиси Аллоҳ элчиси ҳузурида ажиб Қуръонни эшитганидан кейин шерикларига тушунтиряпти: «Аллоҳнинг ушбу Каломи, яъни Қуръон инсонларни ва жинларни тўғри йўлга, ҳидоятга бошлайди. Унинг Аллоҳ ҳузуридан, Аллоҳнинг Пайғамбари орқали бутун инсониятга ва жинлар оламига илоҳий дастур ўлароқ тушганига имон келтирдик. Бизга ана шундай буюк неъматни, мукаммал Эслатма ва кўрсатмани юборган буюк Парвардигоримизга ҳеч кимни шерик қилмаймиз!».
Жинлар ҳам инсонлар каби Ислом шариати буюрган барча кўрсатмаларни бажаришга мукаллаф (масъул, мажбур) дирлар. Ибн Абдул Барр (раҳмаҳуллоҳ): «Аллоҳ таолонинг оятларини (Анъом, 130; Раҳмон, кўплаб оятлар) далил қилиб, кўпчилик олимлар жинларни мукаллаф, дейишади», деган. Фахриддин Розий ва қози Абдулжаббор (раҳимаҳуллоҳ) фикрига кўра, аҳли фикр ва уламолар ўртасида жинларнинг ҳаммаси мукаллаф эканига ихтилоф бўлмаган. Имом Субкий «Фатово»сида бундай ёзган: «Албатта уларга намоз, шартлари билан нисобга етса – закот, рамазон рўзаси ва бошқа амаллар фарздир. Шариатдаги барча ҳаром нарсалар уларга ҳам ҳаромдир». Демак, ушбу оятда жинларнинг Қуръонга имон келтиришгани, Аллоҳ таолога ўзгани шерик қилмасликка аҳд қилишгани уларнинг ҳам инсонлар каби Ислом шариатига мукаллафлигидандир.
3. «Азамати улуғ Парвардигоримиз на хотин, на фарзанд тутган»;
Ислом келмасидан олдин турли халқларнинг мушрик ва маъжусийларида Аллоҳ таолонинг хотини бор, ундан фарзандлар туғилган, каби бемаъни тушунчалар бўлган. Ҳатто баъзи араблар: фаришталар Аллоҳнинг қизи бўлса керак, деган хаёлларга ҳам боришган. Масалан, насронийлар Исо алайҳиссаломни Аллоҳнинг ўғли деб эътиқод қилишади. Уларнинг ғояси бундай: «Аллоҳ таоло Учликнинг учинчисидир, яъни Ота, Ўғил ва Руҳул-қудс. Бу бир оила ёки муқаддас бир учликни англатади: илоҳий Ота, илоҳий Бола, учинчиси эса Руҳул-қудс, яъни фаришта Жаброил» (Юсуф Қарзовий, «Тавҳиднинг ҳақиқати», Лубнон, 1995, 15-бет) Яна бир тоифа эса Узайр алайҳиссаломни ҳам Аллоҳнинг ўғли, дейди. Қадимги ҳиндлар ҳам Кришна ва Будда тангри фарзандларидир, деган нотўғри тасаввурда бўлишган. Имонга келган жинлар уларнинг бу иддао ва туҳматларини рад этиб, қудрати ва азамати буюк Парвардигоримиз хотин ҳам, фарзанд ҳам тутмаган. Барча инсонларни, эркак-аёлларни Ўзи йўқдан бор қилган улуғ Аллоҳ хотин ё фарзандга муҳтож бўлармиди, дейишмоқда. Шунинг учун ҳам Ислом Аллоҳ таолонинг бирлигини илм ва амаллар билан исботлаб, ширкка қарши тавҳид ақидаси кучи билан мужодала қилган эди.
4. «Аҳмоқларимиз Аллоҳ шаънига туҳмат гаплар айтишди»;
Жинлар ҳам ақида ва диёнатда инсонлар кабидир. Уларнинг ҳам мусулмон, кофир, мушрик, мунофиқлари бор. Жинларнинг мусулмонлари ҳам инсонларники каби аҳли суннат, аҳли бидъат ва бошқаларга бўлинади. Уларнинг ичида ҳам итоаткори, осийи, тақводори ва фожири бор. Жинлар орасидаги аҳмоқлар, яъни иблислари ва ботил йўлдагилари инсонларнинг шундай тоифаси каби Аллоҳ шаънига турли туҳмат-бўҳтонларни нисбат беради. Аллоҳнинг хотини ёки фарзандлари бор, деб Уни инсонларга ўхшатмоқчи бўлади. «Аллоҳнинг боласи, шериги бор» дея ҳар хил бўҳтон тарқатганлар энг аҳмоқ кимсалардир. Аллоҳ таоло айтади: «Қиёмат куни Аллоҳ шаънига ёлғон сўзлаган кимсаларни юзлари қора ҳолда кўрасиз» (Зумар, 60). Мўътабар тафсирларда айтилишича, бир тоифа улмолар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари шаънига ёлғон гапириш Ислом миллатидан чиқариб юборадиган куфр эканини тасдиқлашган.
5. «Инсонлар ҳам, жинлар ҳам Аллоҳ ҳақида ҳаргиз ёлғон сўзламайди, деб ўйлардик»;
Жинлар Аллоҳ таолонинг буюклигини, Унинг қудрати ва азаматини, ҳар ишга қодирлигини инсонларга қараганда яхшироқ билишади. Шунинг учун инсонлару жинлар Аллоҳга нисбатан ёлғон ишлатишга ҳаддилари сиғмайди, деган тушунчада бўлишган. Қуръони каримни эшитишганидан кейин бу тушунчаларининг хато эканини сезиб қолишди. Инсонлар ҳам, жинлар ҳам Парвардигор амрига зид ҳолда ёлғон гапиришар экан.
6. «Баъзи инсонлар жинларнинг айримларидан паноҳ излашар эди. Бу уларнинг нодонлигини орттирди, холос».
Ислом келмасидан олдин баъзи одамлар жинлардан қўрқиб, улардан паноҳ сўраб юришар эди. Қадимда (ҳозир ҳам) баъзи одамлар сафарга чиққанида бирор хилватроқ ерда тўхтаб ўтмоқчи бўлса, ўша ернинг «эгалари» бўлган жинларнинг улуғларидан паноҳ сўрашарди. Буни билган жинларнинг муттаҳамлиги янада ортиб, «мана энди биз фақат жинларга эмас, ҳатто инсонларга ҳам хўжайинмиз», деб ғурурланишар эди. Ушбу оятда Қуръони карим бундай тушунча, фикр-ўйнинг ботил эканини баён этиб, жинлар ҳам худди инсонлар каби Аллоҳ махлуқи ва бандаси эканини, Парвардигорнинг изни-иродасисиз ҳеч кимга фойда ё зарар етказа олмаслигини билдиради. Қатода айтадилар: «Агар одамлар Аллоҳни қўйиб, жинлардан паноҳ тилашса, жинлар ана ўшанда уларни озор бериш билан қўрқитади». Икримадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, жинлар инсонлардан худди улар жинлардан қўрққанидек, балки ундан-да қаттиқроқ қўрқишади. Агар одамлар бирор жойга келиб тушишса, у ердан жинлар қочиб кетади. Агар одамларнинг улуғи: «Бу жой аҳлининг улуғидан паноҳ тилаймиз», деса, жинлар: «Биз улардан қўрққанимиздек, улар ҳам биздан қўрқишяпти», дейишади-да, одамларга яқинлашиб, шарпа, кўланка, васваса билан қўрқитишади» (Ибн Абу Ҳотим ривояти).
Инсон жиндан улуғ ва қадрлидир. Шайх Абу Бакр Жазоирий айтади: «Жинларнинг ҳатто солиҳлари ҳам қадр, каромат ва шарафда инсондан паст даражада. Зеро, Қодиру Зулжалол инсоннинг мукаррам эканини билдириб, «Биз Одам болаларини…Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилдик» (Исро, 70), дейди. Бу ҳолга яна жинларнинг инсон олдида нуқсонли ва заиф эканини ўзлари ҳис этишлари ҳам далолат қилади». (Ваҳид Абдуссалом Болий. «Жин ва шайтон ҳақида», 1999 йил, 30-бет).
Жинлардан паноҳ тилаш ширкдир. Имом Қуртубий: «Аллоҳдан паноҳ тилаш ўрнига жинлардан паноҳ тилаш ширк ва куфрдир», деган. Бунинг ўрнига динимиз бошқа бир шаръий амални тавсия этади. Ҳавла бинти Ҳакимдан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганларини эшитганман: «Ким бир жойга қўнганда: «Аъузу бикалиматиллаҳит-томмати мин шарри ма холақ» (Аллоҳимнинг бор калималари билан У яратган махлуқлар ёмонлигидан паноҳ тилайман) деса, ўша жойдан кетгунича унга ҳеч нарса зарар бера олмайди» (Имом Муслим ривояти). Жобир ибн Абдуллоҳдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Фахри коинот (алайҳиссалом): «Агар сизларга жин ё шайтон бирор суратда кўринса, азон айтинглар», деганлар (Ибн Сунний ривояти).
7. «Улар ҳам сизлар каби Аллоҳ ҳеч кимни ўлганидан кейин асло қайта тирилтирмайди, деб гумонда бўлишар эди»;
Жинлар сардори ҳамжинсларига айтяптики, олдин инсонлар ҳам худди сизлар каби Аллоҳ ҳеч кимни ўлганидан кейин қайта тирилтирмаса керак, деган гумонда бўлган эди. Ваҳоланки, инсонлар ҳам, жинлар ҳам Аллоҳнинг илоҳий ҳукми ила ўлгандан кейин қайта тирилтирилади, барчалари маҳшаргоҳда тўпланишади, ҳисоб-китоб қилиниб, мўминлари жаннатга, кофирлари дўзахга киритилади.
8. «Осмонга етганимизда унинг кучли посбонлар ва учар юлдузларга тўла эканини кўрдик»;
Ислом келмасидан олдин жинлар осмонга бемалол чиқиб,   фаришталарнинг ўзаро суҳбатларини, яқин орада содир бўладиган воқеалар хабарини, улар айтган ҳақиқатларни яширинча эшитиб олар, кейин Ердаги коҳин, мунажжим-фолбинларга бирга мингни қўшиб етказишар эди. Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ваҳий кела бошлагач, осмонни кучли фаришталар қўриқлашга ўтишди ва жинларни осмондан оловли юлдузлар отиб ҳайдай бошлашди. Жинлар Қуръонни тинглагач, ваҳийга бошқа хабарлар аралашиб кетмаслиги ва келаётган ваҳийнинг қатъий ҳужжатлиги аниқ бўлиши учун осмон хабарларини эшитишдан маҳрум этилганларини англаб етишди. Шундан сўнг Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) имон келтириб, у зотнинг сўзларини тасдиқлашди. Сўнг қавмлари олдига бориб бундай дейишди: «Эй қавмимиз, дарҳақиқат биз Мусодан кейин нозил қилинган, ўзидан олдингиларни тасдиқ қилувчи, ҳаққа ва тўғри йўлга бошловчи бир Китобни (Қуръонни) тингладик» (Аҳқоф, 30).
9. «Эшитишга қулай жойларда ўрнашиб олардик. Энди ким эшитмоқчи бўлса, ўзини пойлаб турган учар юлдузга дуч келади»;
Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдин жинлар фаришталарнинг сўзи эшитиладиган қулай жойларга яхшилаб ўрнашиб олишар эди. Бирмунча вақт ўтганидан кейин бир куни улар яна осмонга кўтарилиб, одатдагидай фаришталарнинг хабарларини эшитмоқчи бўлишса, энди уларни учар юлдузлар, яъни думли кометалар уриб ҳайдайдиган бўлиб қолибди. Шунда улар жинлар қавми олдига бориб: «Нима бўлганини тушунмай қолдик, олдин самодаги фаришталар гапини бемалол эшитардик, энди оловли юлдузлар ҳайдашга тушяпти», дейишди. Шунда жинлардан баъзиси: дунёда оламшумул бирор ўзгариш юз берган бўлса керак, деган тахминни айтди. Барчалари мағрибу машриқни кезиб, ўзларидан осмон хабарини тўсиб қўйган нарсани қидиришга қарор қилишди. Ибн Исҳоқ ёзади: «Менга Яъқуб ибн Утба ибн Муғийра ибн Аҳнас айтди: «Араблар орасида юлдузларнинг учишидан биринчи бўлиб Сақиф қабиласидаги бир маҳалла аҳли қўрқа бошлади. Улар ўзларидан Амр ибн Умайя исмли, араблар орасида теран фикри билан танилган киши олдига бориб: «Осмондаги юлдузларнинг учаётганини кўрдингизми?» деб сўрашди. У эса: «Ҳа, яхшилаб кузатинглар, агар учаётган бу юлдузлар қуруқлик ва денгизда йўл топишингизга сабаб бўлувчи, ёз ва қиш фаслларидаги ёмғирларни билишга ёрдам берувчи катта юлдузлар бўлса, Аллоҳ номига қасам ичиб айтаманки, бу – дунёнинг тугаш вақти келгани ва ундаги барча тирик жоннинг ҳалокатини билдиради. Аммо у юлдузлар ўрнида қолиб, бошқалари учаётган бўлса, бу Аллоҳнинг шу халқ учун ирода қилган иши туфайли бўлиб, бунинг нималигини мен ҳам билмайман», деб жавоб берди» (Ибн Ҳишом, «Сийратун-Набавийя», Тошкент, 2011, 155-156-бетлар).
10. «Ер юзидагиларга ёмонлик ирода қилиндими ё Парвардигорлари уларни тўғри йўлга бошладими, билмай қолдик»;
Жинлар осмондаги ўзгаришлардан таажжубга тушиб, турли хаёлларга боришди: Ер юзида яшаётган инсонларга Аллоҳ таолонинг бирор бало ё офати келармикин? Ёки Парвардигор уларга бошқа бир ёмонликни ирода қилдими? Ёхуд Аллоҳ азза ва жалла уларни тўғри йўлга, тавҳид ва ҳидоят йўлига йўллаб қўйдими? Буни билолмай қолдик. Жинлар ана шу фикрлар билан инсонлар оламига тушишди. Билишса, Ер аҳлига Аллоҳ таолонинг ваҳийи, яъни Жин сураси оятлари туша бошлаган экан. Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир гуруҳ саҳобалари билан Укоз бозори томонга борардилар. Бу пайтда шайтонлар (жинлар) билан осмон хабарлари ўртаси тўсиб қўйилган, уларга учар юлдузлар отилаётган эди. Жинлар қавмлари олдига қайтиб келишса, улар: «Сизларга нима бўлди?» деб сўрашди. Улар: «Биз билан осмон хабарлари ўртаси тўсиб қўйилди, бизга учар юлдузлар отилди», дейишди. Шунда қавмлари: «Сизлар билан осмон хабарлари ўртасини фақат бир ҳодиса тўсиб қўйган. Ернинг шарқу ғарбини кезиб ахтаринглар-чи, нима тўсиқ бўлдийкин?» дейишди. Жинларнинг Туҳома томонга кетаётганлари Укоз бозорига боришни мўлжаллаб, хурмо ёнида турган Пайғамбар (алайҳиссалом) олдиларига жўнади. У зот саҳобалари билан бомдод намозини бошлашди. Жинлар Қуръон қироатига қулоқ тутишди ва: «Аллоҳга қасам, бизлар билан осмон хабарлари ўртасини тўсган мана шудир», дейишди» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
11. «Орамизда яхшиларимиз ҳам, бошқачаларимиз ҳам бор: турли йўлларда эдик»;
Юқорида айтилганидек, жинлар орасида инсонлар каби яхшиларию ёмонлари ҳам, мўминларию кофирлари ҳам, тақволиларию фожирлари ҳам бор. Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳумо) «турли йўлларда эдик» иборасини «Бизлардан мўмин ҳам, кофир ҳам бор эди», деб тафсир қилганлар. Бошқа бир муфассир бундай дейди: «Улар (жинлар) мусулмонлар, кофирлар, аҳли суннат, аҳли бидъат каби турли тоифаларга бўлинишган».
12. «Аллоҳнинг Ер юзидаги иродасига қарши боролмаслигимизни ва Ундан қочиб қутула олмаслигимизни тушундик»;
Жинларнинг даъватчиси тан олиб айтяптики, биз ҳам Аллоҳ таоло Ер юзида жорий қилган низом ва қонунларга қарши боролмаймиз. Инсонларнинг ҳаёт тарзи ва қисматига таъсир ўтказа олмаймиз. Агар улардан бирортаси жамоамиз аъзоларига зарар етказса, шундагина биз ҳам унга бирор ёмонлик қилишимиз мумкин. Аллоҳ таоло инсонларнинг итоатсизлиги, осийлиги, ҳаддан ошгани учун қандай жазо жорий қилса, бу бизларга ҳам тааллуқлидир. Биз ҳам инсонлар каби Яратганнинг жазосидан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмаймиз. Ҳақиқатан, сеҳргар ва коҳинлар ёрдам сўрайдиган жинларнинг ғайбни билишга кучлари етмайди. Қуръонда жинларнинг Сулаймон алайҳиссалом ўлимидан бехабар қолганлари зикр этилади: «Унинг ўлимига ҳассасини кемираётган қуртгина далолат қилди. У қулаб тушгач, жинлар аниқ билишдики, агар уларнинг ғайбдан хабари бўлганида бу хорловчи машаққатда қолмаган бўлишар эди» (Сабаъ, 14).
13. «Ҳидоятни эшитгач, унга имон келтирдик. Ким Парвардигорига имон келтирса, зарардан ҳам, зулмдан ҳам қўрқмайди»;
Жинлар айтади: Аллоҳ таолонинг элчиси тилидан Қуръони каримни эшитганимиздан кейин биз ҳам унга имон келтирдик. Парвардигорига имон келтирганлар ҳеч қандай бало-офатга гирифтор бўлмайди, уларга бирор кимса зулм ёки адолатсизлик қила олмайди. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай деганлар: «Жинларнинг асли Иблис болаларидир. Инсон эса Одамнинг (алайҳиссалом) зурриёдларидир. Улардан ҳам, булардан ҳам мўмину кофирлари бор. Улар савобда ҳам, азобда ҳам шерикдирлар. Улардану булардан ким мўмин бўлса, у Аллоҳнинг дўстидир. Улардану булардан ким кофир бўлса, у шайтондир».
14. «Орамизда мусулмонимиз ҳам, адашганларимиз ҳам бор. Ким Исломга кирибди, тўғри йўлни топибди»;
Ояти каримадаги «адашганлар» деб таржима қилинган «қоситун» «ҳақдан юз ўгирган, имондан бош тортган золимлар» маъносини англатади. Муҳаммад алайҳиссаломга пайғамбарлик келишидан олдин жинлар ҳам инсонлар каби турли динларда бўлишган, уларнинг динсиз мажусийлари ҳам бор эди. Жинлар ичида мусулмон бўлганлари ҳам, ҳақ йўлдан адашиб, ширк ва куфр йўлини тутганлари ҳам бор. Бу икки тоифадан Исломга кирганлари тўғри йўлдадир. Мусулмон жинлар бошқаларини Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва салам) имон келтиришга даъват қилишарди. Бу эса ҳазрати Расулуллоҳнинг инсонлару жинларга юборилган ҳақ Пайғамбар эканларига далолатдир. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): «Аллоҳ таоло ҳаргиз жинлардан, саҳройилардан, аёллардан пайғамбар юбормади», деган.
Уларнинг мўминлари Аллоҳ таолонинг улкан мукофоти – жаннатга мушарраф бўлишади. Бундан ҳам олийи – Парвардигорлари жамолига етишишади. Олдинги (салаф) ва кейинги (халаф) уламолар кофир жинларнинг дўзахга кириши ҳақида якдил фикрда бўлишган. Аммо жинларнинг мўминлари жаннатга кирадими ё йўқми, бу борада ихтилоф қилишган. Ҳофиз айтадилар: «Бу тўғрида тўрт хил фикр бор: биричисида, жаннатга киришади, дейилган, бу кўпчиликнинг фикри; иккинчисида, улар жаннат атрофида бўлишади, дейилган, бу фикр Имом Молик ва бир тоифа уламолардан нақл қилинган; учинчисида, уларни Аъроф эгалари, дейишган (Аъроф – жаннат ва дўзах ўртасини ажратиб турувчи девор бўлиб, учинчи тоифага мансублар унинг устида Аллоҳ ўзларини жаннатга ё дўзахга ҳукм қилишини кутиб туришади); тўртинчисида, бу тўғридаги жавобдан тийилиш лозим».
Ибн Касир айтадилар: «Ҳақиқат шуки, уларнинг мўминлари инсонларнинг имонлилари каби жаннатга киради. Шундай ўйлаш солиҳ салафлардан бир жамоанинг мазҳабидир. Баъзилари бунга Аллоҳ таолонинг ушбу оятини далил қилиб келтиришади: «Уларга илгари на бир инс ва на бир жин тегингандир» (Раҳмон, 56). Бу далилда айрим мулоҳазалар бор. Яхшиси, Аллоҳ азза ва жалланинг мана бу оятини далил қилиш афзалроқдир: «Парвардигори ҳузуридаги ҳисоб-китобдан қўрққан кишига икки жаннат бордир. Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея оласизлар?!» (Раҳмон, 46).
15. «Йўлдан озганлар эса дўзахга ўтин бўлибди».
Инсон насли каби жинларнинг ҳам йўлдан озганлари, ҳидоятдан чекинганлари, Аллоҳ таоло ва Унинг Пайғамбарига итоатсизлик қилганлари қаттиқ жазога гирифтор бўлади. Абадий қийноқ жойи бўлмиш дўзахга ўтин бўлади. Муфассирлардан бири: «Жинларнинг кофирлари уламолар иттифоқига кўра, охиратда азобланади. Аммо мўминлари кўпчилик олимлар фикрига кўра жаннатда бўлади». Абу Дардодан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Аллоҳ таоло жинларни уч тур қилиб яратди: бир тури илонлар, чаёнлар ва ер ҳашаротлари каби қилиб; иккинчи тури ҳаводаги шамолга ўхшаш қилиб; учинчи тури ҳисобга тортилади ва жазоланади» (Имом Термизий ривояти, «Наводирул-усул»).
Қуйидаги оятдан бошлаб имон келтирган жинлар тилидан баён этилган гаплар тугайди ва Аллоҳ таоло сўзига ўтилади.
16. Агар улар тўғри йўлда бўлишганида, Биз сувларини сероб қилардик;
Агар инсонлар ва жинлар тўғри йўлда бўлишганида, доимо Бизга итоатда туришганида, мукаррам элчимиз келтирган ваҳийларни инкор қилишмаганида Биз уларни сувга сероб қилиб қўяр эдик. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзи ато этган неъматлардан сувни бежизга алоҳида зикр этаётгани йўқ. Сув Аллоҳ таолонинг инсонларга ато этган улуғ неъмати. Аллоҳ таоло ҳамма жонзотларни сувдан яратган: «Барча тирик мавжудотни сувдан пайдо қилганимизни кўришмадими?» (Анбиё, 30). Сувсиз Ер юзидаги ҳаётни тасаввур этиб ҳам бўлмайди. Уни «оби ҳаёт» (тириклик суви) деб бекорга айтишмаган. Курамизнинг учдан икки қисми сувдан иборат бўлишига қарамай, ҳозир инсоният тоза сув муаммосидан  азоб чекяпти, касалланяпти, вафот этяпти. Шунинг учун махлуқларнинг сувга эҳтиёжи катта. Улар сув ҳам бошқа неъматлар каби Аллоҳнинг раҳмати ва меҳрибонлиги эканини ҳис этишлари, бунинг шукронасига Унинг йўлида собит туришлари керак. Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади: «Агар Расулуллоҳ бир идишда сув ичсалар, уч бор нафас олиб, ҳар нафасда Аллоҳга ҳамд айтар, охирида шукр қилар эдилар» (Ибн Сунний ривояти).
17. бу уларни синаш учун. Ким Парвардигори зикридан юз ўгирса, уни қаттиқ азобга гирифтор қилади.
Аллоҳ таоло бирор неъматдан қисиб қўйиши ёки неъматини тўла-тўкис қилиб бериши бандаларини имтиҳон қилиш учундир. Бу ерда Исломнинг муҳим ҳақиқати очиб бериляпти. Кимдир яхши, тўкин, фаровон ҳаёт кечираётган бўлса, бунинг Аллоҳнинг бир синови дея англаб, Унга қулликни, тоат-ибодатни кўпайтиради, доимо Унинг зикри билан машғул бўлади, Унга ҳамд-сано, мақтовни янада зиёда этади. Бошқа яна кимдир берилган мол-дунё, қулай имконият-шароитлар, неъматларнинг Аллоҳдан эканини унутади. Унинг амр-фармонларидан юз ўгиради, қайтарганларидан четланмайди. Гуноҳларини кўпайтираверади. Бундайларга эса Аллоҳ таоло қиёматда абадий қийноқ-жазолар макони дўзахда қаттиқ азоблар борлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.
18. Масжидлар Аллоҳникидир, шунинг учун Аллоҳдан ўзгага сиғинманг.
Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): «Аллоҳ таоло «масжидлар» деганда барча ибодатхоналарни назарда тутади», деганлар. Демак, Ер юзидаги барча саждагоҳлар (масжидлар, Аҳли китобларнинг ибодатхоналари) Аллоҳникидир! Жобир ибн Абдуллоҳдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менга ер саждагоҳ ва покловчи қилиб берилди», деганлар. Шунинг учун Ернинг ҳамма жойини Аллоҳ таолонинг Ўзи яратгани сабабли бу саждагоҳларда Аллоҳдан ўзгага сиғиниш, Унга бирор нарсани шерик қилиш мумкин эмас. Ваҳоланки Ислом келмасидан олдин барча ибодатхоналар бут-санамларга тўлдириб ташланган эди. Биргина Каъба ичида ва деворларида уч юз олтмишта бут-санамлар осиб қўйилган эди. Қатоданинг (раҳматуллоҳи алайҳ) айтишларича, «Яҳудий ва насоролар ўз ибодатхоналарига кирган вақтларида Аллоҳга ширк келтиришади». Бу оятнинг нозил бўлиши ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳумо) ушбу ҳадис ривоят қилинади: «Жинлар: эй Расулуллоҳ, бизга рухсат беринг, сиз билан бирга масжидингизда намозларга қўшилайлик, дейишганида Аллоҳ таоло ушбу оятни туширган» (Ибн Абу Ҳотим ривояти).
19. Лекин Аллоҳнинг бандаси ибодатга турганида устига тўдалашиб бостириб келишди.
Оятдаги «либадан» сўзи «либдатун»нинг кўплик шакли бўлиб, шер бўйнидаги қалин ёлни англатади. Расули акрам намоз ўқиш чоғида Қуръони каримни тиловат этиб, Аллоҳ таолога дуо-илтижолар қилаётганларида жинлар у зотнинг ибодатларини кўриб ҳайратга тушганидан атрофларида тўп-тўп бўлиб кўпайиб кетишгани Қуръонда шернинг қалин ёлига ўхшатилмоқда.
20. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Парвардигоримга ибодат қиламан, Унга ҳеч кимни шерик қилмайман!»;
Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли Пайғамбарига бундай хитоб қиляпти: эй Муҳаммад, динингизни йўққа чиқаришга жон-жаҳди билан тиришаётган бу бебахт кимсаларга: «Мен фақат Парвардигоримга ибодат қиламан, Унга бирор инсу жинни шерик қилмайман, Ундангина паноҳ ва ёрдам тилайман, Унинг Ўзигагина суянаман», денг. Шундан кейин уларни ҳидоятга келишларини Менга топширинг.
21. «мен сизларга зарар ҳам, фойда ҳам беришга қодир эмасман».
Ҳатто Аллоҳ азза ва жалланинг танлаб олган (мустафо) пайғамбари ҳам дунё ва охиратдаги зарарни қайтаришга қодир бўлолмайди. Дунё ҳаётида фойдаси тегса ҳам, охиратда Аллоҳ жазосидан қутулиб қолишларида фойдаси тегмайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммадга (алайҳиссалом) Аллоҳ таоло буюряпти: атрофингиздагиларга: «Мен сизларга зарар ҳам, фойда ҳам беришга қодир эмасман», денг. Яна у зотга: «Мен ҳам сизлар каби оддий инсонман. Сизлардан фарқим, менга Аллоҳнинг ваҳийи келиб тургани. Сизларни ҳидоятга йўллаш ё ҳақ йўлдан адаштириш менинг қўлимда эмас, буларнинг бари Аллоҳга ҳавола», дейиш буюрилмоқда. Ушбу ояти карима ҳар ишда Аллоҳ таолога таваккул қилиш (суяниш) ҳамда мушриклар ёки жинлар имонга келмаса ҳам уларнинг дўқ-пўписасию қаршиликларига эътибор бермай, динни билдириш зарурлиги ва вожиблигига далолат қиляпти.
22. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Аллоҳдан ҳеч ким мени қутқара олмайди ва Аллоҳдан ўзгасидан паноҳ ҳам тополмайман».
Аллоҳ таоло Пайғамбарига бундай амр қиляпти: Эй Муҳаммад, жинлар қавмига айтингки, «Агар устимга бирор бало туширса, бундан ҳеч ким мени қутқара олмайди, уни мендан бартараф этишга Аллоҳдан ўзгаси қодир эмас. Аллоҳдан бошқаси: на инсону, на жин ёрдамга келмайди. Аллоҳнинг балосидан бир нарса қутқариб қолиши мумкин, у ҳам бўлса Парвардигор зиммамга юклаган рисолатни (пайғамбарлик вазифаси) етказишдир. Аллоҳ ҳузуридан келган ҳамма нарсани қўшмай ва камайтирмай, сизларга етказаман. Буни бажарсам, дунё ва охиратда нажот топаман, уддалай олмасам, аниқ жазога учрайман». Бу оятнинг тушиши сабаби ҳақида Ҳазрамийдан бундай ривоят бор: «Жинларнинг энг обрўли ва машҳурларидан бири: «Муҳаммад ўзига фақат Аллоҳ ҳимоячи бўлишини истаяпти, мен ҳам унга ҳимоячиман», деганида Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани туширган» (Ибн Жарир ривояти).
23. «Аллоҳдан менга Унинг рисолатини етказиш вазифаси юкланган. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига бўйсунмаса, унга дўзах олови бор ва у ерда абадий қолади».
Аллоҳ таолонинг элчиси ўзларига Парвардигор рисолатини инсонлару жинларга етказиш топширилганини эълон қилмоқдалар. Яна айтяптиларки, мен Аллоҳ рисолатини етказаман, аммо ким унга бўйсуниш ўрнига осийлик қилса, унга жуда улкан ва хатарли жазо бор. Улар дўзахда абадий қийноққа солинади, ундан ҳеч қачон қутула олишмайди. Оятдаги «абадан» (мангу) сўзи гуноҳкорларнинг мушрик эканига далолатдир, кофир ва мушрикларгина дўзахда мангу қолади, гуноҳкор мўминлар маълум вақт азоб тортгандан сўнг жаннатга ўтказилади.
24. Улар ваъда қилинган нарсани кўришганида кимнинг ёрдамчиси заифу ким озчилик эканини билиб олишади.
Улар ваъда қилинган нарса, яъни қиёматни кўришганида кимнинг  ёрдамчилари кучли-қудратлию, кимники ожиз эканини аниқ кўришади. Дунё ҳаётида куфр ва ширкка ботганлар Аллоҳга ишонмаганларидан, У зотнинг азоби қандайлигини англамаганларидан бизлар кўпчиликмиз, ёрдам берадиган фалончи-писмадончи зўрларимиз бор, деб ғафлатда юраверади. Ҳатто Пайғамбар алайҳиссалом огоҳлантирган қиёмат, ҳисоб-китоб, жаннат-дўзах каби тушунчалар уларга афсона каби туюлди. Мана, ўша ваъда қилинган қиёмат куни келиб, қарашсаки, Пайғамбарга эргашган мўминларга Аллоҳ таоло ҳам, фаришталарию пайғамбарлари ҳам ёрдам беришяпти. Дунёда саркашлик қилиб юрган гумроҳлар эса ёлғиз, ночор ҳолда қолишади. Уларнинг ишонганларидан бирортаси ёрдам беролмайди. Ана шунда кимнинг ёрдамчиси ожизу, ким озчилик эканини билиб олишади. Муқотил (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: «Мушриклар «Ҳатта иза роав ма юадуна фасаяламуна ман азъафу насиров ва ақуллу ъадада» оятини эшитаётганларида Назр ибн Ҳорис «Бизга ваъда қилинган кун қачон келади?» деб сўради, шунда Аллоҳ таоло ушбу суранинг 24-оятидан сура охиригача туширган».
25. «Ваъда қилинган жазо яқинми ё Парвардигорим муҳлат берганми, билолмадим», денг.
Аллоҳ азза ва жалла Элчисига хитоб этяпти: «Эй Пайғамбарим (алайҳиссалом), ваъда қилинган жазо бериладиган кун яқин қолганми ёки Уни Парвардигорим муҳлат бериб узайтириб қўйганми, буни билолмайман», денг. Чунки қиёматнинг қачон содир бўлишини, унинг ҳолатини Ўзимдан бошқа ҳеч ким билмайди. Чунки инсонлару жинларнинг илми буни билишга етарли эмас. Умар ибн Хаттобдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда бундай келади: «Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қиёмат ҳақида менга хабар беринг», деб сўраганларида, Фахри коинот: «Қиёмат ҳақида сўралган киши сўровчидан билимли эмас», деб жавоб қайтарганлар» (Имом Муслим ривояти).
26. Ғайбни Унинг Ўзи билади ва сиридан ҳеч кимни хабардор қилмайди;
Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча махлуқлари ҳолатини, ғайбий нарсаларини ёлғиз Ўзи билади. Қуръони каримда бундай келган: «Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридаки, уларни ёлғиз Ўзи билади» (Анъом, 59). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ғайбни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди», деганлар (Имом Табароний ривояти). Инсонлар ва жинларнинг ғайб илмини, коинотдаги сирларни билиш ҳақидаги даъволари ёлғондан бошқа нарса эмас! Буюк Парвардигор сирларидан ҳеч кимни, ҳатто фаришталар, жинлар, ҳатто дўстларини (валийларни) ҳам хабардор этмайди. Шундай бўлгач, айрим мунажжим, коҳин, фолбин, «башоратчи»ларнинг ғайбни билиш даъволари лўттибозликдан, алдамчиликдан бошқаси эмас!
Аммо ҳозирги пайтда осмон сирларини, юлдузларнинг инсонлар тақдирига «таъсир ўтказишини» билишни даъво қилувчи, бу билан одамларни лақиллатувчи «башоратчи-мунажжимлар» кўпайиб кетди. Радио-телевидение, матбуотда «мунажжим»лар «башорати»ни мунтазам эълон қилиш, эсли-ҳушли кишиларнинг буларни ўқиб, унга мослашишлари одат тусига кирди. Шариатимиз бундай нондонликларни қаттиқ қоралаган ва мусулмонларни ундан четланишга буюрган. Бундай башоратларнинг ғирт ёлғон ва уйдирма экани ҳақида жиддий олимлар ҳам куйиниб ёзишяпти. Русия об-ҳавони ўрганиш маркази лаборатория мудири Николай Сидоренко «Мунажжимлар ҳамиша алдашган» мақоласида бундай ёзади: «Тенгкунлик белгиси (Тарози), Қуёшнинг туриши ва бурж белгилари бундан икки минг бир юз йил олдин мунажжимлик (астрология) гуллаб-яшнаган Бобил (Вавилон) ва қадимий Юнонистонда амалга киритилган. Қуёшнинг бурж юлдузларига нисбатан ўрни алмашиб тургани учун бу йил Қуёш Тарози юлдузлар туркумига «одатдагидан» бир ой кеч кирди. У асл ўрнига қайтиб бориши учун яна 25.700 йил керак бўлади. Эски мунажжимлар айнан мана шу «кечикиш»дан бехабар бўлишган. Ҳозиргилари буни билишса-да, ҳамон эски мунажжимлар «башорати»дан фойдаланиб юришибди» («Ҳидоят» журнали, 2004 йил, 8-сон, 12-13-бетлар).
Яна бир атоқли олим, русиялик назариётчи физик, Нобел мукофоти соҳиби, академик Виталий Гинзбург фикрларига эътибор беринг: «Астрология (мунажжимлик) ғирт бемаънилик, шунчаки фанни инкор этишдир. У гўё одам туғилиши билан юлдузлар ва сайёралар унинг келажакдаги бутун тақдирини белгилар эмиш. Ўтмиш аждодларимизни астрология билан шуғулланганларини тушунса бўлар, чунки олдин одамлар сайёралар ҳаракатини билишмаган. Тўрт юз йил илгари улуғ фалакшунос Иоҳанн Кеплер гороскоп тузиб, шундан пул ишлаган. Лекин шундан бери фан улкан одимлар билан ривожланди. Сайёра ва юлдузлар тақдирга ҳеч қандай таъсир ўтказа олмаслиги аллақачон исботланди» «АиФ», 2003 йил, 16-сон).
27. Ўзи рози бўлган ва танлаган Пайғамбари бундан мустасно. Унинг олдидан ва ортидан посбон-фаришталарни тайинлайди.
Ғайб сирларини билиш борасида Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарини истисно қиляпти. Чунки айрим масалаларда Парвардигор ғайбнинг айрим сирларидан Пайғамбарини хабардор этган. Байҳақий «Маноқиб аш-Шофиъий» китобида Робиъдан ушбу нақлни келтирган: «Имом Шофиъийнинг: «Ким жинни кўрдим, деб ўйласа, биз унинг гувоҳлигини бекор қиламиз, бундан фақат Пайғамбар мустасно», деганини эшитганман». Аллоҳ таоло ҳеч кимга билдирмаган баъзи сирларини суюкли Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга очган. Яна унинг ортидан ҳам, олдидан ҳам фаришталардан махсус қўриқчи-посбонларни тайинлаб қўйган. Исломнинг илк пайтларида дин душманларининг фитна ва хусумати кучайиб, у зотнинг жонларига қасд қилиш режасини тузишгача боришганида Сарвари коинот мусулмонлардан ўзларига соқчилар тайинлаган эдилар. Аллоҳ таолонинг ушбу мазмундаги ваҳийлари тушганидан кейин у зот соқчилар хизматидан воз кечган эдилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Сизлардан бирор киши йўқки, унга жинлардан бир ҳамроҳ ва фаришталардан бир ҳамроҳ вакил қилиб қўйилмаган бўлсин», дедилар. Улар: «Сизга ҳамми, эй Расулуллоҳ?» деб сўрашди. Расулуллоҳ (алайҳиссалом): «Менга ҳам. Лекин Аллоҳ уни менга бўйсундириб қўйган ва у Исломга келгандир, мени фақат яхшиликка буюради», дедилар. (Имом Муслим ривояти, «Мишкотул-масобиҳ»).
28. Уларнинг Парвардигорлари рисолатини етказганларини, Аллоҳ улар ҳузуридаги ҳамма нарсани ўраб-иҳоталаб, ҳар бир нарсанинг саноғини ҳисоблаб қўйганини билиш учундир.
Ушбу ояти карима орқали Аллоҳ таоло пайғамбарларини муҳофаза қилиш сабабларини зикр этади. Уламолар оятнинг биринчи қисмидаги «Лияълама ан қод аблағу рисалати Роббиҳим»ни икки хил изоҳлашган: биринчиси, Аллоҳ таоло бўлажак нарсаларнинг ҳаммасини олдиндан билса ҳам, воқеъликда пайғамбарлар илоҳий рисолатни ҳақиқатан камчиликсиз, ўзидан қўшмай етказганларини билиш учун Ўз элчиларини фаришталар билан муҳофаза қилди. Иккинчиси, Ўзининг охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни фаришта Жаброил алайҳиссаломдан илоҳий ваҳийни мукаммал тарзда, ҳеч нарса қўшмай қабул қилиб, умматга етказганларини билиш учун Ўз паноҳига олган. Яна ушбу оятдан маълум бўладики, Аллоҳ азза ва жалла пайғамбарларию бандаларининг олдиларидаги ҳамма иш ва нарсаларни Ўз илми билан ўраб, қамраб, иҳоталаб олган. Бундан ташқари, борлиқдаги ҳамма нарсанинг ҳисоби, ўлчовини фақат Унинг Ўзи аниқ билади. Бунга У ҳеч кимни, ҳатто фаришта ва жинларни ҳам шерик қилмайди.   
Ана шундай буюк ва қудратли Зот Ўзи яратган барча махлуқлардан, инсон ва жинлардан устун, ғолибдир. шунинг учун бандалар бошларига бало-офат ё бир хасталик келса, инсу жинлардан эмас, балки ягона Яратувчидан, улуғ Аллоҳдан паноҳ сўрашсин. Фақат Унинг Ўзига сиғинишсин, Ўзидан ёрдам кутишсин!
Зеро, Ислом дини барча таълимот ва қонун-қоидаларида қалб саломатлиги, унинг омонда бўлиши учун интилади. Токи, у доим Аллоҳга боғланган бўлсин. Инсон ҳамма эҳтиёжи, истагини фақат Ундан сўрасин. Ҳаётнинг барча машаққат-кулфатларида фақат Унга таянсин. Ундан бошқанинг таъсирини тан олмасин! Агар бир киши ўз фаолияти ва ҳолатининг ой-юлдузларга алоқаси борлигини, жин-шайтонларнинг ҳаёт қонуниятларига таъсир ўтказа олишини, булар ўзига зарар ё фойда келтира олишини тан олса, имони ва Исломини хавфга солган бўлади. Бу билан Аллоҳ низоми ва қонуниятларига қарши чиққан бўлади. Ҳаддидан ошган ва соф дин таълимотларидан чекинган бўлади. Аллоҳдан бошқани улуғлагани, Холиқдан бошқадан ёрдам сўрагани, Борийдан бошқанинг таъсирини тан олгани учун бу ёмон қилмишини куфрга нисбат берилса, айб саналмайди. Фолбин-мунажжимлар эса ношаръий ишлари билан фақат ўзларини эмас, балки уларга билиб-билмай ишонган кишиларнинг ҳам бадбахтлигига, улкан гуноҳига сабаб бўлишади.   
Абу Саид Худрийдан (р.а.) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жинлар ёмонлигидан ва ёмон назарлар шарридан паноҳ тилаб Аллоҳга дуо қилар эдилар, "Муаввизатайн" (икки "Қул аъузу" сураси) тушгач, шу икки сурани ўқиб паноҳ тилайдиган бўлдилар" (Имом Термизий, Насоий, Ибн Можа ривояти).

Орқага Олдинга