loader

042. Шўро сураси

Маккада нозил бўлган, 53 оятдан иборат

“Шўро” сўзи луғатда «маслаҳат, фикр алмашиш» деган маъноларни билдиради, Қуръони каримнинг қирқ иккинчи сураси номи, Маккада нозил қилинган, 53 оятли. Бу сура ҳам бошқа маккий суралар каби ақида масаласини баён қилиб беради. Сурада Қуръони ка-рим Аллоҳтаоло томонидан туширилган илоҳий ваҳий экани, барча пайғамбарлар келтирган шариатлар моҳият жиҳатидан бирлиги -ёлғиз Аллоҳга сиғинишга буюрилгани, мўминлар қўрқув ва умид билан кутаётган, кофирлар инкор этаётган қиёмат куни ҳақ экани ҳақида сўз боради. Аҳли имон ҳар ишда маслаҳат-кенгаш билан иш тутиш хислатига даъват этадиган оятлар мавжуд бўлгани учун бу сура шундай номланган. Баъзи мушрикларнинг «Аллоҳ таолонинг боласи бор» дейишлари ҳақида сўз юритилиб, уларнинг бу гапидан осмонлар ёрилиб кетай дейди, дея таъкидланади. Мушриклар нобакорлик қилаётган бир пайтда Аллоҳнинг олий мартабали бандалари бўлмиш муқарраб фаришталарининг У Зотга тинмай тасбеҳ айтишлари, ибодат қилишлари ҳақида хабар берилади. Шу билан бирга, сурада ваҳдоният, қиёмат ва унга имон келтириш, мўминларнинг сифатлари, ризқ масаласи ва хурсандчилик ҳамда қийинчилик пайтида инсон ўзини қандай тутиши кераклиги ҳақида ҳам сўз кетади.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1.    Ҳа миим.

2.    Айн сиин қооф.
Қуръони каримнинг бир неча сураларида келадиган бу каби кесик, ёлғиз ҳарфлар ҳақида олдинги суралар тафсирида сўз келган ва буларнинг маъносини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг айтишича, китоб нозил қилинган барча пайғамбарларга “Ҳа миим айн сиин қооф” ҳарфларидан иборат оятлар нозил қилинган.

3. (Эй Муҳаммад), қудратли ва ҳикматли Аллоҳ сизга ва сиздан аввалгиларга шу тарзда ваҳий қилади.
Аллоҳтаоло Ўзининг суюкли Пайғамбарига хитоб қилиб, Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зотдан олдин ўтган пайғамбарларга худди шу тарзда ваҳий нозил қилганини эслатмоқда. Аллоҳ азза ва жалла барча пайғамбарлар қатори охирзамон Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз ваҳийларини юбориб, инсонларни ҳидоят йўлига бошлаш ва уларни охиратдаги мукофот ва жазодан огоҳлантириш вазифасини юкламоқда. Аллоҳ таолонинг ушбу амри Унинг Ўзигагина хос бўлган икки сифати, икки гўзал исми -ал-Азиз (азиз ва қудратли) ва ал-Ҳаким (ҳикмат эгаси) исмлари билан уйғун ҳолда васф қилинмоқда.
Аллоҳ таолонинг “ал-Азиз” исмининг маъноси жуда кенг: Аллоҳ барчанингустидан ғолиб,Ундан бирор нарсаустун келолмайди, жамики азизлик маъноси Унгагина хосдир, куч-қувват азизлиги ҳам Унгагина хосдир, Ундан асло ғолиб келиб бўлмайди, манъ қилиш қудрати ҳам Унга хосдир, У бунда бирор кишига муҳтож эмас, қаҳр ва ғолиблик азизлиги ҳам Унинг учундир, бирор нарса Унинг изнисиз ҳаракат қила олмайди. Аллоҳнинг ушбу ал-Азиз исми Қуръони каримнинг юзга яқин жойида келган. Аллоҳ таолонинг Ал-Ҳаким сифати эса, ҳикмат соҳиби, ҳар бир нарсани ҳикмат билан қилувчи, барча нарсаларнинг ҳикматини яхши билувчи, дақиқ ва нозик илмларни билувчи маъноларини англатади.

4. Осмондаги ва Ердаги ҳамма нарса Уникидир. У Олийдир, Буюкдир.
Яъни, эй Пайғамбарим, шуни яхши билингки, етти қават осмонлару Ердаги ҳамма нарса Аллоҳ таолонинг мулкидир. Буларнинг барини Унинг Ўзи яратган, Ўзи бошқаради, агар хоҳласа бир лаҳзада йўқ қилиб юборади. У Олий ва Буюк бўлгани учун ҳам сизга кофир ва фожир кимсаларнинг тазйиқ-зуғумларидан паноҳланишда Аллоҳдан ўзга бирор мададкор ҳам, дўст ҳам йўқдир. Осмонлар ва Ердаги, бутун борлиқдаги ҳамма нарса Аллоҳ таолонинг амри ва салтанати остидадир. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Осмонлар ва Ернинг подиюҳлиги Аллоҳга хосдир. Қайтиш ҳам Аллоҳ ҳузуригадир» (Нур, 42).

5. Устларидаги осмонлар ёрилиб кетай дейди. Фаришталар эса Парвардигорларининг ҳамди билан тасбеҳ айтишади ва Ердагиларга мағфират сўрашади. Огоҳ бўлингларки, албатта Аллоҳнинг Ўзигина мағфиратлидир, раҳмлидир.
Аллоҳ таолонинг азамати, кибриёси, улуғлиги ва олийлиги шу қадар юксакки, бунинг қаршисида кофир ва мушрик кимсаларнинг устларидаги осмонлар ёрилиб кетай дейди. Инсонларнинг ақли шу даражада ноқис, дунёқарашлари шу қадар торки, улар фақат устларидаги осмонларни кўришади, фақат шу ҳақда бир оз тасаввурлари бор, холос. Агар улар бундай осмонларнинг етти қавати мавжуд эканини, уларни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмаслигини англаганларида У Зотга бунчалик итоатсизлик кўрсатмаган, ваҳийларини инкор қилмаган бўлишарди. Худди шу сабабга кўра, фаришталар тинмай Аллоҳга ҳамду сано айтиб, Унга тасбеҳ айтиб, Уни поклаб ёд этиб ту-ришади. Худди шунинг учун ҳам Парвардигорига итоаткор, Унинг амрини сўзсиз бажарадиган фаришталар тинимсиз равишда Аллоҳ таолодан Ер юзидаги одамларнинг гуноҳларини мағфират қилишини сўраб илтижо қилишади. Унинг гуноҳларни кечирувчи, раҳмли Зот эканини билганлари учун инсонларни осмонлар ёрилишидан, бошқа турли балолардан асрашни сўраб ёлборишади. Чунки қиёмат қойим бўлмай туриб, бўғизларга ғарғара келмай туриб қилинган тавбалар инобатга олиниб, банданинг гуноҳлари мағфират қилинади, унга Аллоҳ раҳм-шафқат кўрсатиб, азобидан халос қилади.

6. Ундан бошқа «дўстлар» тутганларни Аллоҳ кузатувчидир. (Эй Муҳаммад), сиз уларга вакил эмассиз.
Ояти каримадаги “авлиё” (бирлик шакли “валий”) ихлос ва тоат-ибодат билан Аллоҳ таолонинг розилигини топган зотларни англатади. Ким Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқларини тўла-тўкис бажариб, ҳар бир ишида Аллоҳ таолони эслаб, Аллоҳ таолони кўриб тургандек ихлос билан ишониб ҳаёт кечирса, Ҳақ таоло уни фазлу инояти билан Ўзига суюкли, яқин дўст қилади. Қуръони каримда улар ҳақида: «Албатта менинг валийим (дўстим) Китобни нозил ҳилган Аллоҳдир. У солиҳларни валий — дўст тутади» (Аъроф, 196) деган.
Аммо кофир ва мушрик кимсалар Аллоҳга дўст тутиниш ўрнига аллақаёқдаги ожиз, нотавон, қўлидан ҳеч нарса келмайдиган бут-санамларни, сохта “илоҳ”ларни ўзларига “дўст” қилиб олишади. Аллоҳ таолодан ўзга нарсаларни дўст тутиб, уларга ибодат қилган мушрикларга Аллоҳ таолонинг Ўзи кузатувчи, пойлаб турувчидир. Эй Пайғамбарим, улар билан ишингиз бўлмасин, уларни ўз ҳолига ташлаб қўйинг. Ваҳийларимизга имон келтириш, Пайғамбаримизга эргашиш ўрнига сохта “илоҳ”ларни дўст тутиб олишган бўлса, қиёмат куни ўшалардан ёрдам кутиб юришаверсин. Аллоҳ уларнинг қилмишларини кўриб, кузатиб турибди. У барчаларини қилмишларига кўра ҳисобга тортади ва жазолайди. Пайғамбарнинг вазифаси эса, уларни бу ҳақда огоҳлантириш, тўғри йўлни кўрсатиб қўйиш, холос. Уларнинг келгусидаги қисматини Пайғамбар ҳам назорат қила олмайди ва унинг бу борадаги масъулияти зиммасидан соқит бўлади. Пайғамбар уларни имонга мажбурлаш учун вакил қилинган эмас, унинг вазифаси Аллоҳнинг таълимотларини инсон-ларга етказиш, холос.

7. Шаҳарлар онаси ва унинг атрофидагиларни огоҳлантиришингиз учун, шубҳа қилинмайдиган “жамлаш куни”дан огоҳлантиришингиз учун Биз сизга араб тилидаги Қуръонни ваҳий қилдик. Бир гуруҳ жаннатда бўлса, бир гуруҳ дўзахдадир.
Инсониятнинг олдинги авлодларига ҳам пайғамбарларини ваҳий билан юбориб, турли қавмларга илоҳий таълимотларни етказиб турган Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам ваҳий юбориб, у зотга шаҳарлар онаси ва унинг атрофидаги ерларнинг одамларини қиёмат кунидан, яъни келишига асло шубҳага борилмайдиган маҳшаргоҳга жамлаш кунидан огоҳлантиришни буюрмоқда.
«Шаҳарлар онаси» дейилганда Маккаи мукаррама кўзда тутилади. Саудия Арабистонининг ғарбида, Қизил денгиздан етмиш километр нарида жойлашган Маккаи мукаррама Ислом оламидаги энг табаррук шаҳар саналади. Уни «Уммул-Қуро», «Уммул-мадоин» (шаҳарлар онаси), Маккаи мукаррама каби номлар билан сифатлашади. Қуръони карим сураларининг 86 таси Маккада нозил бўлган. Пайғамбар алайҳиссалом шу шаҳарда таваллуд топганлар, у зотга илк илоҳий ваҳий шу ерда нозил бўлган. Исломнинг бош масжиди - Масжидул-Ҳаром, мусулмонлар қибласи Каъба, Замзам булоғи, Сафо ва Марва тоғлари ҳам Маккада. Исломнинг беш рукнидан бири ҳаж ҳамда умра ибодати шу ерда адо этилади. Маккага қачон асос солингани маълум эмас. Илк бор Замзам булоғи атрофида аҳоли масканлари бўлгани ҳақида маълумотлар бор. Ислом келгунига қадар Макка шаҳри мушрик араб қабилаларининг диний ҳамда хорижий мамлакатлар билан муҳим савдо маркази бўлган.
Демак, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни Маккаи мукаррама аҳолиси ва унинг атрофидаги халқларни огоҳлантириш учун нозил қилган. «Унинг атрофи» деганда қайси жойларни тушуниш керак? Бу ҳақда муфассирлар турлича фикрларни айтишган. Аммо замонамизга келиб қилинган ил-мий кашфиётлар ушбу оятнинг илоҳий мўъжиза эканини яна бир бор кўрсатиб берди. Жуғрофия олимлари айнан ушбу оятнинг маъносига ҳамда Қуръон бутун оламлар учун огоҳлантирувчи этиб нозил қилингани ҳақидаги ҳақиқатга эътибор қаратишганда уларда «Нима учун бир жойда «Қуръон - бутун олам учун огоҳлантирувчи» дейилади-ю, иккинчи жойда «Уммул Қуро ва унинг атрофини огоҳлантириш учун» дейилади?» деган савол пайдо бўлди. Илмий изланишлар шуни кўрсатдики, Маккаи мукаррама шаҳри Ер қуруқлик қисмининг қоқ марказида жойлашган экан. Бундан ояти каримадаги «...шаҳарлар онасини ваунинг атрофини огоҳлантиришингиз учун...» жумласидан «бутун ер юзини огоҳлантиришингиз учун» деган фикр келиб чиқиши маълум бўлади. Шу кашфиётга асосланиб, дунёнинг ҳамма нуқтасида туриб қиблани топиб оладиган компасга ўхшаш махсус асбоб яратилди.
Аллоҳ таоло Ўзининг охирги дини бўлмиш Исломни мукаммал қилиб юборди. Инсонларни қиёмат кунининг келиши, ўша кунда барча инсонлар қайтадан тирилтирилиб, мўмин-мусулмонлар Ал-лоҳнинг розилиги ва жаннат боғларида абадий яшаш мукофоти билан тақдирланиши, кофир, мушрик ва мунофиқлар гуноҳларига яраша жазоланиб, дўзахда азоб чекишлари ҳақида огоҳлантириш учун Қуръони каримни нозил қилди. Қуръонни нозил қилишдан мақсад, бутун дунёдаги кишиларни қиёмат кунининг ҳақлигидан, Аллоҳга имон келтириш ва Унга ибодат қилиш лозимлиги ҳақи-да огоҳлантиришдир. Ана шу огоҳлантиришларга бўйсуниб, дунё ҳаётида Аллоҳдан қўрқиб яшаган, Унинг амр-фармонида турган тақволи мўминлар жаннатда бўлишади, Аллоҳга осийлик қилиб, куфр ва ширк йўлини тутганлар дўзахда бўлишади.
Куръони карим Аллоҳтаоло томонидан пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга «Руҳул амин», «Руҳул-қудс» номларига мушарраф бўлган фаришта Жаброил алайҳиссалом воситаси ила нозил қилинган. Жаброил алайҳиссалом Қуръони карим оятларини Аллоҳ таолодан қандай эшитган бўлсалар, шундайича - бирор жойини, бирор ҳарфини ўзгартирмай, бирор калима қўшмай ёки қисқартирмай, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга омонат етказганлар. Уламолар таърифига кўра, Қуръон Аллоҳ таолонинг мўъжиза каломи бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад алай-ҳиссаломга ваҳий орқали тушган, тиловати ибодат ҳисобланувчи илоҳий Китобдир. Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан арабий тилда, араб адабий тилининг намунаси, барча араб қабилалари лаҳжаларининг онаси ҳисобланган энг фасоҳатли ва чиройли Қурайш лаҳжасида нозил қилинган. Бухорий ва Муслимларнинг ривоят қилишича, Қуръони карим етти ҳарф (услуб)да нозил бўлган. Лекин мусулмонлар ўртасида ихтилоф ва тафриқалар бўлмаслиги учун битта Қурайш лаҳжасида қироат қилиш буюрилган. Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларида саҳобийлардан (ҳаммалари ансорлардан) Убай ибн Каъб, Мусо ибн Жабал, Зайд ибн Собит ва Абу Зайдлар Қуръонни тўла ёзиб олиб, ёд этганлар. Бошқа бир ривоятда бу рўйхатга Абу Дардо ҳам киритилган. Расулуллоҳ алайҳисса-лом даврларида Қуръони каримни тўлиқ ёд олган саҳобалар сони ўттиз киши эди. Пайғамбаримизнинг қирқ тўрт нафар ваҳий битиб борувчи котиблари бўлган. Шундан энг машҳур ўн тўрт нафари навбати билан котиблик қилишган. Қуръон - олдинги илоҳий китобларнинг тасдиғи ва қиёматгача абадийдир, чунки уни нозил қилган Зот уни асрагувчи ва сақлагувчидир. Қуръон мўминларни энг тўғри йўлга элтувчи, эзгу амалларни қиладиган мўминларга катта мукофот борлиги ҳақида башорат берувчи ҳужжатдир. “Мусулмонман” деган ҳар бир кишининг Қуръонни ўқиши, ўрганиши, унга амал қилиши фарз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қуръонни ўқиса ва ёд олса, у ҳалол қилган нарсани ҳалол билса, у ҳаром қилган нарсани ҳаром билса, Аллоҳ таоло уни жаннатга киритади ва ўз аҳлидан дўзах вожиб бўлган ўн кишига шафоатчи қилади», деганлар. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ривоят қилган узун ҳадиси шариф Қуръони каримнинг васфини шундай баён қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Огоҳ бўлинглар, албатта фитналар бўлур!” деганларини эшитдим. Шунда: “Ундан қандай қутулинади, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳнинг Китоби ила. Унда сизлардан олдинги нарсаларнингхабарлари ва сиздан кейинги нарсаларнинг (қиёмат) хабари ва ораларингиздаги нарсаларнингҳукми бор.У ажратувчидир, ҳазил эмасдир. Ким бир жабр етказувчидан қўрқиб, уни (Қуръонни) тарк қилса, Аллоҳ унинг умуртқасини синдиради. Ким ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказади. У Аллоҳнинг метин арқонидир, у ҳикматли зикрдир, у энг тўғри йўлдир...”, дедилар».

8. Агар Аллоҳ хоҳлаганида уларни албатта бир уммат қилган бўларди. Лекин У хоҳлаган кишисини Ўз раҳматига киритади. Золимларга эса бирор дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқдир.
Эътибор қилган бўлсангиз, Ер юзини макон тутган одамлар ташқи кўриниши, тили, хулқ-атвори, яшаш тарзи, танасининг ранги ва бошқа жиҳатларидан фарқланиб туради. Худди шу каби улар Аллоҳни танишда, Ундан қўрқишда, Унга итоат қилишда ҳам бир-бирларидан фарқланишади. Баъзилари Аллоҳнинг ваҳийларини эшитган заҳоти уларга имон келтириб, бажаришга киришишса, бошқаларига пайғамбарлар ва даъват кишилари ҳар қанча панду насиҳат қилишса ҳам ваҳийларни инкор қилиб, залолат йўлида, ғофилликда қолишаверади.
Агар Аллоҳ таоло хоҳлаганида одамларни ҳозиргига ўхшатиб эмас, бошқача қилиб, яъни бир уммат, бир миллат, ягона бир динда қилиб қўйган бўларди. Шунда ҳамма одамлар бир хил эътиқод қилган, бир йўлдан кетган бўлишарди. Ёки фаришталарга ўхшаб, ҳар бир ишда Аллоҳга итоатда бўлишар, бу амаллари эвазига жаннат билан мукофотланган бўлишарди. Ёки шайтонга ўхшаб, Аллоҳга исён ва осийлик қилиб, дўзахдан жой олишарди. Лекин инсонни алоҳида бир вазифа учун, Ўзининг Ер юзидаги ўринбосари қилиш учун халқ қилган Аллоҳ таоло уни фариштаю жинлардан бошқача қилиб яратди. Аллоҳ азза ва жалла инсонни турли истеъдодларга мойил қилиб яратди, унга фаришталар ва шайтонларга берган истеъдодларни ато этди. Агар инсон ўзидаги яхшиликни ишга солиб, ёмонликни енга олса, фариштадан ҳам афзал бўлади. Аммо ёмонликни ишга солиб, яхшиликдан юз ўгирса, шайтондан ҳам баттар бўлади. Ана шу ҳикматига кўра Аллоҳ таоло одамларни бир хил, бир уммат қилмай, уларнинг ҳамма нарсада фарқли бўлишларини ирода қилди.
Аллоҳ азза ва жалла Ўзи хоҳлаган кишисини Ўз раҳмати остига киритиб, унга катта марҳамат кўрсатади. Аллоҳ аслида умумий раҳматини кофирга ҳам, мушрикка ҳам, мўминга ҳам бирдай бераверади. Аммо Унинг фақат имон эгаларига атаган хос раҳмати ҳам борки, бу Аллоҳнинг ўша суйган бандасининг қалбига нурни жой-лашидир. Мўминлар бу нурга дунёдаги ҳеч бир нарсани, ҳеч бир мукофотни ўша нурга алишмайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг Парвардигорим билан бўладиган бир соатим бор, у пайтда бирор пайғамбарнинг ҳам, муқарраб фариштанинг ҳам менга яқинлиги қолмайди. Мен Роббим ҳузурида ухлайман, У зот мени таомлантириб, мени ичимлик билан сийлайди», деганлар.
Шунинг учун инсон қилаётган амалларига бир назар солсин. Унинг асоси одамларга раҳм кўрсатишми ёки зарар беришми? Унинг асоси омонлик улашишми ёки омонликни суғуриб олишми? Унинг асоси беришми ёки олишми? Демак, хос раҳматга сазовор бўлиш учун тоат-ибодат, жидду-жаҳд, мол-дунёни инфоқ-эҳсон қилиш, заифларга кўмаклашиш, етимларга раҳм кўрсатиш, бева-бечораларга ёрдам бериш, қўшнилар ҳолидан хабар олиш, илм мажлисларида иштирок қилиш, кўзни номаҳрамлардан сақлаш, зикр ва тиловатга машғул бўлиш керак. Шундагина банда Аллоҳнинг раҳматига ва Унга яқинлашишга эришади. Ўзига зулм қилиб, куфр, ширк ва исён йўлини танлаганларни Аллоҳ шундай азобига дучор этадики, бундан паноҳ излашда уларга бирор дўст ҳам, бирор ёр-дамчи ҳам топилмайди.

9. Ёки улар Ундан бошқа «дўстлар» тутишдими? Йўқ, Аллоҳнинг Ўзигина дўстдир. У ўликларни тирилтиради, У ҳамма нарсага қодирдир.
Инсон зоти бирор дўстни ёки ҳимоячини ўз хоҳишига кўра танлайди, у бунда бошқаларнинг фикрини деярли инобатга олмайди. Аммо шундай бир Дўст борки, У ҳеч бир тараддудсиз, иккиланмай танланиши керак. Инсонларга энг яқин дўст, уларни ҳимоя қилувчи посбон, ҳамиша ёрдамга келувчи мададкор уларни яратган, бошқариб турган, ризқ ато этаётган, бало-мусибатларни қайтариб турган Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Унда инсонлар яккаю ягона Аллоҳ турганида нега Ундан бошқа турли нарсаларни ўзларига валий, дўст, хожа, ҳимоячи қилиб оладилар? Уларнинг бу қилмишлари тўғри-ми?! Ҳолбуки бандалар учун фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина дўст, валий ва хожадир. Ундан ўзга ҳеч бир зот ўликларни қайтадан тирилтира олмайди. Ундан ўзга ҳеч бир зот ҳамма нарсага қодир бўла олмайди. Угина Ўзига куфр, ширк келтирганларни жазолашга ҳам қодирдир. Шунинг учун фақат Аллоҳгагина ибодат қилиш, фақат Унигина дўст тутиш керак.
Аллоҳ таоло бандаларининг ҳақиқий дўсти бўлгани учун ҳам уларни икки йўл билан ҳимоя қилади: 1) умумий сақлаши: Аллоҳ таоло бандаларига таом, шароб, ҳавони етказиб бериш билан уларнинг манфаатлари, заруратлари ва ҳожатларига йўллаб қўйиш орқали сақлайди. Аллоҳ таоло улардан ёмонликлар, зарарлар, турли ёқимсиз нарсаларни даф қилиш билан сақлайди. Бу сақлашда яхши ҳам, ёмон ҳам, балки ҳайвоноту бошқа нарсалар ҳам муштарақцир. Аллоҳ таоло Бани Одамни Ўзининг буйруғи билан сақлаш учун уларга фаришталарни бириктириб қўйган. Яъни, улар ҳар қандай зарар берадиган нарсаларни инсонлардан Аллоҳнинг буйруғи билан даф қилиб туришади; 2) хос сақлаши: бу билан Аллоҳ таоло юқоридаги сўзга қўшимча ўлароқ Ўз валийлари-дўстларини сақлайди. Уларнинг имонларини васвасали шубҳалардан, фитна-лардан ва ҳалокатга олиб кетувчи шаҳватлардан сақлайди. Уларга бу каби фитналардан офият беради. Уларни инсу-жинлардан бўлган душманларидан сақлайди. Уларга бу душманларига қарши ғалаба беради. Шунинг учун инсон Аллоҳ таоло қўйган чегаралар, ҳад-ҳудудларга тажовуз қилмаслиги, Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан қайтиш ва буюрган буйруқларини бажариш билан Аллоҳнинг муҳофазасига кириб олиши лозим. Шундагина Аллоҳ таоло уни жонида ҳам, динида ҳам, мол-мулкию бола-чақасида ҳам, хуллас унга берилган барча нарсаларда муҳофаза қилиб, сақлайди.

10. (Эй Муҳаммад, айтинг): «Бирор нарсада ихтилоф қилсангиз, унинг ҳукми Аллоҳдадир. Ана шу Аллоҳ Парвардигоримдир. Унгагина таваккул қилдим ва Унгагина тавба қилурман».
Эй Пайғамбарим, одамларга айтингки, Аллоҳнинг ваҳийлари ҳақида бефойда баҳс-тортишувлар билан ихтилофга боришмасин. Чунки улар ихтилоф қиладиган ҳамма нарсанинг ҳукми Аллоҳнинг Ўзига хосдир. Инсонлар ғайбни, Аллоҳнинг қадарини, Унинг яратиш ҳикматини билмаганлари учун ихтилофга боришаверади. Ўзларича, ўз ақлларига суяниб ҳукм чиқармоқчи бўлишади. Ҳолбуки, уларнинг бу ҳаракатлари самарасиздир. Чунки борлиқдаги ҳамма нарсанинг ҳукми ёлғиз Аллоҳ таолога хосдир. Бандалар ўртасида ихтилофга сабаб бўлган нарсаларда фақат Аллоҳ таоло Ўз ҳукмини чиқаради. У Зотнинг ҳукмигина мутлақ одил ҳукм бўлади. Унинг ҳукмигина ҳамма жойда, барча замонларда, барча халқларга жорий бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони карим ҳақида ҳам Ўз ҳукмини чиқариб қўйган, унинг илоҳий Китоб эканини, бандалар унга амал қилишлари лозимлигини айтиб қўйган. Энди Қуръони карим ҳақида бошқа гап айтиш умуман бандалик мақомига тўғри келмайди. Қуръон ҳақида Аллоҳнинг гапидан бошқа гап айтган одам қаттиқ гуноҳкор бўлади. Шунинг учун ҳам ҳамма нарсанинг ҳукми ёлғиз Аллоҳ таолога қайтади. Шу боис Аллоҳ та-оло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни, у зотга эргашган мўмин-мусулмонларни фақат Ўзига таваккул қилишга, фақат Ўзига тавба қилишга чақирмоқда.
“Таваккул” сўзи луғатда «вакил қилиш, суяниш» маъноларида келади. Истилоҳда бирор ишни қилишда Аллоҳтаолога суяниш,Уни вакил қилиш, кучи етмайдиган нарсаларни батамом Унга ҳавола этиш «таваккул» (таваккал) дейилади. Уламолар таърифича, таваккул дунё ва охират ишларидан фойдани жалб қилиш ва зарарни даф этишда қалбнинг Аллоҳ таолога сидқидилдан эътимод қилишидир. Аллоҳга таваккал қилмаслик катта камчилик ҳисобланади. Ким таваккулга тил теккизса, ҳақиқатан имонга тил теккизган бўлади. Таваккул тасаввуфдаги юксак мақомлардан бири ҳамдир. Таваккул соҳиблари «мутаваккил» ёки «аҳли таваккул» дейилади. Таваккул ҳақида Қуръони каримда бир неча оятлар ҳамда Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифлари бор.
“Тавба” эса «қайтиш» маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда эса динимиз қайтарган нарсалардан қайтиб, буюрган амалларини адо этиш, қилган гуноҳларидан надомат чекиб афсусланиш «тавба» дейилади. Тавба Қуръони карим ва Суннати набавийя билан собит бўлган. Гуноҳни тамоман тарк этиш, унга истиғфор айтиш, гуноҳга бошқа қайтмасликка жазм қилиш тавбанинг Аллоҳ таоло ҳузурида қабул бўлиш шартларидандир. Тавба билан банданинг гуноҳи мағфират қилинади. Тавба ҳар қандай шароитда ҳам, ҳеч бир истисносиз вожиб, тавбага шошилиш ҳам вожиб. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда: «Тавба қилувчи киши Аллоҳнинг суйган бандасидир, у гуноҳдан тавба қилар экан, гўё гуноҳсиз киши кабидир», дейилган (Ибн Можа). Тавбанинг яна: «гуноҳларни дарҳол тарк этиш», «келажакда гуноҳни такрорламасликка азм қилиш», «ўтган хатоларни ўнглаш» деган маънолари ҳам бор.

11. У осмонлару Ерни йўқдан бор қилувчидир. У сизларга ўзларингиздан жуфтларни, чорва ҳайвонларини ҳам жуфт-жуфт қилиб яратди. У сизларни шу асосда кўпайтиради. Унинг мислидек ҳеч нарса йўқдир. У эшитувчидир, кўриб турувчидир.
Яъни, эй Пайғамбарим, одамларга айтинг: “Аллоҳ азза ва жалла яратишда ва тасарруф қилишда ягона Зотдир. У осмонларни ҳам, Ерни ҳам, бутун борлиқни ҳам аввалда йўқдан бор қилган. Масалан, аввалда осмонлар ҳам, Ер ҳам ҳозирги кўринишида аслида йўқ нарсалар эди. Уларни Аллоҳ таоло йўқдан бор қилди. Аллоҳ аввал тутун ҳолидаги борлиқни яратди. Сўнг Ер ва осмонларни яратишни ихтиёр қилди. Аллоҳ ихтиёр қилгунига қадар Ер ва осмонларнинг асоси бўлмиш тутун ҳолидаги борлиқ ҳам аслида йўқ бўлгани учун «Аллоҳ осмонлару Ерни йўқдан бор қилди» дейилади. Инсон ушбу ҳақиқатни тафаккур қилиб, ўша Зотга имон келтириши ва Унинг ҳукми остида, айтганига амал қилиб яшаши лозим. Олам яралганидан буён буларнинг ҳаммасини якка Ўзи тасарруф қилиб, бошқариб келади. Бунда Унга ҳеч бир зот шерик ёки тенг бўла олмайди. Аллоҳ Ўз сифатлари ва феълларида тенгсиздир, Унинг мислидек, яъни Унга ўхшаш ҳеч бир нарса йўқдир. У ҳамма нарсани эшитади, ҳамма нарсани кўриб туради”.
Муфассирлар ояти каримадаги “мислидек” сўзини “зотидек” деб тафсир қилишган. Акс ҳолда, “Унинг мисли бору, лекин мислидек нарса йўқ” деганга ўхшаш маъно келиб чиқиши мумкин. Оятнинг арабчасида ҳам иккита ташбеҳ калимаси “камислиҳи” шаклида ёнма-ён келган. Оятдаги бу икки ташбеҳ калимасининг бири зиёда келган, дея изоҳ берувчи олимлар ҳам бор. Ҳамма нарсани йўқдан бор қилиб яратган, ҳамма нарсани бошқариб турувчи Аллоҳ азза ва жалла инсонларнинг ўзларидан уларга жуфтларни, яъни хотинлар-ни ҳам яратиб берган. Уларнинг қўшилувидан эса инсон насли пайдо бўлиб, Ер юзини тўлдириб яшайди. Агар Аллоҳ инсонларни фақат эркаклардан ёки фақат аёллардан иборат қилиб яратганида инсонлар кўпаймаган, батамом қирилиб кетиб, Ер юзида ҳаёт тугаган бўлар эди. Ана шу буюк яратувчи Аллоҳ таоло Ўз зотида, сифатида, амалларида яккаю ягонадир. Зотида, сифатида, амалларида бирор нарсага ўхшаш бўлиш нуқсонидан покдир. Аллоҳнинг зотини, сифатини ёки амалларини махлуқотининг зотига, сифатига ёки амалларига ўхшатиш энг оғир гуноҳдир. Аллоҳнинг зотига, сифатига ўхшаш сифат йўқ, Аллоҳнинг исмига ўхшаш исм ҳам йўқ. Аллоҳнинг амалига ўхшаш амал ҳам йўқ. Аҳли сунна ва жамоанинг эътиқоди шудир. У эшитувчи, кўриб турувчи сифатларга эга бўлгани учун бандалари нима деб юрганини эшитиб туради, нима қилаётганини кўриб туради. Модомики, шундай экан, бандалар бирор гап айтишдан ёки бирор иш қилишдан олдин ушбу ҳақиқатни ҳисобга олишлари лозим.

12. Осмонлару Ернинг калитлари Уникидир. У Ўзи хоҳлаган кишининг ризқини кенг ёки танг қилади. Зотан, У ҳамма нарсани билувчидир.
Яъни, осмонлару Ердаги барча хазиналарнинг калити Аллоҳ таолоникидир. Бир махлуққа бирор нарса бериладиган бўлса, фақат Аллоҳ таоло томонидангина берилади. Жумладан, ризқ масаласида ҳам шундай: Аллоҳ хоҳлаган одамининг ризқини кенг, хоҳлаганининг ризқини тор-танг қилади. Осмонлару Ер хазиналарининг калити фақат Ўзида бўлганидан кейин, ҳамма нарсани, шу жумладан махлуқотига ризқ улашишни ҳам Ўзи билиб тасарруф этади. Бу ишда Унга ҳеч ким аралаша олмайди, ҳеч ким Унга шерик бўлолмайди.
Инсонлар одатда кунлари яхши ўтмаслигидан, ризқлари камайиб ёки тўхтаб қолишидан, турмушлари ёмонлашувидан ва рўзғорларининг кемтик бўлишидан ҳамиша ҳадик-қўрқувда яшашади. Ҳамма ана шу кемтикларни тўлдириш учун эртадан-кечгача зир югуради. Ҳаётини яхшилаш учун бутун билими, заковати, бойлиги, салоҳиятини сарфлайди. Бу йўлда ақл бовар қилмайдиган «тадбир»ларга, ҳийла-найрангларга ҳам боради. Оқибатда «ризқ ахтариб» руҳий хотиржамлиқцан, оилавий фароғатдан, маънавий камолотдан маҳрум бўлади. Лекин ҳозиргача ҳеч ким бошпанасиз кўчада қолиб кетмаган. Ҳеч ким ризқи келмай қолиб очидан ўлмаган. Ҳеч ким одамлар олдига кийимсиз, яланғоч чиқмаган. Агар битта-яримта шундай ҳол юз берган бўлса, бунга аслида бошқа инсонлар ёки жамиятлар сабаб бўлган.
Шунинг учун инсон хотиржам бўлиш, руҳий сакинатга эришиш учун ризқ масаласини яхшилаб тушуниб олиши керак. Ризқ берувчи ҳам, уни маълум ўлчов билан ато қилувчи ҳам Аллоҳнинг Ўзидир. Инсондан бошқа махлуқотлар ризқ топиш учун жон ҳам куйдиришмайди, эртанги кун учун емиш сақлаб ўтиришмайди, ғамлаганларини ўзлари билан кўтариб ҳам юришмайди. Улар «кунлик ризқ» қонунига амал қилиб, фақат бугунлари билан яшашади, эртага, ҳар куни Яратган албатта ризқ юборишини ботиний бир туйғу билан «сезиб» туришади. Фақат махлуқларнинг энг олийи ва энг онгли-си инсонгина ризқ келмай қолишидан ёки унинг тугашидан ва оз келишидан қўрқиб яшайди. Шунинг учун молини ҳафталарга, ой-ларга, йилларга етадиган қилиб ғамлайди. Уларнинг илоҳий таълимотлардан узоқда бўлганлари дунё ҳаётини ризқ-рўз учун мунта-зам кураш олиб боришдан иборат, деб тушунишади. Улар ризқни ўзимизнинг саъй-ҳаракатларимиз, елиб-югуришларимиз эвазига ёки фалончи акамнинг менга кўрсатган марҳамати туфайли қўлга киритяпмиз, деб ўйлашади. Ваҳоланки, ризқ инсонни худди ажали уни қувгандек қувиб юради. Бировнинг ризқи адашиб бошқаникига бориб қолмайди. Бирор киши ризқини тўла олмагунича бу дунё билан видолашмайди ҳам.

13. (Эй имон келтирганлар, Аллоҳ) сизларга дин сифатида Ўзи Нуҳга буюрган ва сизга ваҳий қилган ҳамда Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани шариат қилди: «Динни барпо қилинглар ва унда фирқаларга бўлинманглар!» Мушрикларга сиз даъват қилаётган нарса оғир келди. Аллоҳ унга Ўзи хоҳлаган кишини танлаб олади ва Ўзигагина юкунувчи кишини ҳидоят қилади.
Яъни, ҳар бир пайғамбар ўз қавмини энг аввало Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга, ширкдан сақланишга, инсоний фазилатларга эга бўлишга, разолатли амаллардан четланишга чақирган. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларига нозил қилган самовий динларнинг асоси-негизи битта, улар орасидаги фарқлар хусусий ҳолатларгагина тааллуқлидир. Демак, Нуҳ алайҳиссаломга, Муҳаммад алайҳисса-ломга, Иброҳим, Мусо ва Исо алайҳиссаломларга Аллоҳ таоло томонидан ваҳий сифатида таъкид билан тавсия қилинган нарса битта -тавҳид динидир, мусулмон умматига юборилган Ислом динидир. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг аввалги пайғамбарларга юборган дини ҳам ана шу таълимотдир.
Ушбу ояти каримада Нуҳ, Муҳаммад, Иброҳим, Мусо ва Исо пай-ғамбарларнинг (алайҳимуссалом) тилга олинишлари бу зотларнинг пешво, улул-азм пайғамбарлар бўлганларидандир. Ушбу улуғ пайғамбарлардан ҳар бирларининг динлари бир бўлиши билан бирга, шариатлари ўзларига хос бўлган. Уларнинг ораларида келган бошқа набийлар эса ўзларидан олдинги улул азм пайғамбарларнинг шариатларига амал қилиб, одамларни ҳам ўша шариатга амал қилишга чорлашган. Аллоҳ таоло Ислом умматига буюряптики, динингизни Аллоҳ таолодан қандай келган бўлса, шундай барпо қилинглар ва унга шу ҳолида амал қилинглар. Дин борасида турли фирқаларга бўлиниб кетиб, бир-бирларингиз билан ихтилоф ва келишмовчиликларга борманглар.
Имом Фахруддин Розий ушбу оятни тафсир қилиб, шундай дейди: “Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари, Аллоҳтаоло Нуҳга, Иброҳимга, Мусога, Исога ва Муҳаммадга (алай-ҳимассалом) ато этган нарсаларни сизларга берди. Аллоҳ таоло бу беш пайғамбарнинг фазилатларини кўрсатиб ўтди. Уларга, яъни улул-азм беш пайғамбарга зикр-эслатма юборди. Чунки улар энг катта шариат билан келган ва эргашувчилари энг кўп бўлган улуғ пайғамбарлардир”. Аллоҳ таоло ана шу буюк пайғамбарлар орқали шундай деб буюради: “Динларнинг моҳияти битта, ҳақиқат масаласида уларда фарқ, тафовут йўқ; бир шариат бошқасига зид эмас; барча динларда Аллоҳ таолога холис ибодат қилиш ва Унинг китобларига, пайғамбарларига, фаришталарига, охират кунига имон келтириш уқтирилган; бошқа шариатлар муайян замон ва маконга хос бўлса, Ислом шариати қиёматгача бутун инсониятга тегишлидир. Шунинг учун Аллоҳ таоло мусулмонларни динда мустаҳкам бўлишга, фирқаларга бўлинмасликка буюрди. Динда мустаҳкам бўлишдан мурод, диндаги буйруқ ва чақириқларга риоя қилиш, Парвардигордан олинган ҳар бир амрга итоат этишдир.
Аллоҳ таоло яна суюкли Пайғамбарига хитоб қиляптики, эй Муҳаммад, сизнинг мушрикларга даъват қилаётган нарсангиз, яъни тавҳид уларга огирлик қилди. “Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилинглар, ширқцан сақланинглар, ота-боболарингиздан мерос бўлиб қолган ёмон урф-одатларни тарк этинглар” деб қилган даъватингиз мушрикларга малол ва қийин кўринди. Аллоҳ таоло бандаларидан кимни хоҳласа, ўшани Ўз пайғамбари қилиб танлаб олади, кимни хоҳласа, ҳаққа, ҳидоятга бошлайди, Ўзига бўйсундириб қўяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида шундай деганлар: “Пайғамбарлар бир ота, аммо оналари бошқа-бошқа бўлган ака-укалардир. Уларнинг дини ягона, оналари эса ҳар хилдир”.
Демак, Аллоҳ таоло томонидан пайғамбарларга туширилган само-вий динларнинг ўзаги - моҳияти биттадир, бу борада улар орасида ҳеч қандай фарқ, ихтилоф йўқ. Барча пайғамбарлар инсонларни ягона Аллоҳга тоатга, ибодатга чақиришади.

14. Улар ўзларига илм келгандан кейин ўзаро зиддият қилишиб, фирқаларга бўлинишди. Агар Парвардигорингиздан маълум муддатгача Сўз ўтмаганида, уларнинг ораси албатта ажрим қилинган бўларди. Албатта, улардан кейин Китобга ворис қилинганлар ундан шак-шубҳададирлар.
Яъни, Аҳли китобларга илм берилганидан кейин аввалгилари ўз-ларига нозил қилинган китоблар - Таврот ва Инжилни тасдиқлашсада, кейингилари бу китоблар ҳақида шак-шубҳага тушиб, ихтилофга боришди ва шу сабабли фирқа-фирқа сифатида бўлиниб кетишди. Улар ана шу зиддиятлари туфайли ҳанузгача ихтилоф қилишади. Шунингдек, яҳудий ва насронийлар Аллоҳ таолонинг охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотга нозил қилинган Қуръони карим ҳақида ҳам шубҳага тушиб, зиддиятга боришган. Аллоҳ таоло томонидан кофир ва мушрикларни жазолаш охиратга қолдирилгани ҳақида Сўз ўтмаганида уларнинг ораси шу дунёдаёқ ажрим қилиниб, ихтилофларига чек қўйилган бўлар эди.
Ушбу ояти карима ана шундай фирқаларга бўлиниб, ихтилоф қилиб юрган, ўзларига келган пайғамбарларни инкор этиб, турли йўлларга бош уриб юрган мазкур қавмлар ҳақида сўз юритади. Аллоҳ томонидан бир динни келтирган ўша пайғамбарларнинг нобакор қавмлари жоҳилликлари, ҳеч нарсани билмаганлари учун динда бўлиниб кетишгани йўқ. Балки ўзларига Аллоҳ таоло томонидан илм - ваҳий келганидан сўнггина ихтилофга боришди. Бунга уларнинг ўзаро ҳасад қилишлари, бир-бирларига душманлик қилиб, их-тилофга тушишлари сабаб бўлди. Улар соф ақида, соғлом дин учун курашиб эмас, ўз ҳавойи нафслари, шахсий ва жамоавий манфаатларини кўзлаб, зиддиятга боришди. Дин борасида ўзаро ҳасад, адоват туфайли фирқаларга бўлиниб кетишгани учун мазкур нобакор қавмлар аллақачон илоҳий жазога тортилиб, ҳалок бўлиб кетишлари мумкин ва керак эди. Аммо Аллоҳ таолонинг олдиндан ажални белгилаб қўйганигина бу Сўзнинг - ишнинг рўёбга чиқишини тўсиб турарди. Ўзларига самовий китоб туширилганидан кейин ўзаро ҳасад ва адоватлари сабабли фирқаларга бўлиниб кетганларнинг авлодлари - дастлабки илоҳий китобларга ворис қилинган яҳудий ва насронийлар ҳатто Қуръон нозил бўлганидан кейин ҳам ўз китоблари ҳақида шак-шубҳага боришаверади.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло қуйида келадиган оятда у зотга хитоб қилиб, ҳеч нарсага эътибор бермай, мустақим турган ҳолда Аллоҳнинг йўлига даъват қилишга чорламоқда:

15. (Эй Муҳаммад), ўзингизга буюрилганидек ана шунга даъват қилинг ва тўғри йўлда бўлинг, уларнинг хоҳиш-истакларига эргашманг ва айтинг: «Аллоҳ нозил қилган ҳар бир китобга имон келтирдим ва ўртангизда адолат ўрнатишга буюрилдим. Аллоҳ бизларнинг ҳам, сизларнинг ҳам Парвардигорингиздир. Бизнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизнинг амалларингиз ўзингиз учундир. Биз билан сизларнинг орамизда хусумат йўқ. Аллоҳ бизларни жамлайди ва қайтиш Унинг Ўзигадир».
Яъни, ўша ҳақ дин билан одамларни ҳидоятга чорланг. Сиз ва сизга эргашувчилар Аллоҳ таолонинг ибодатига буюрилган тўғри йўлда собит туринглар, мушрикларнинг хоҳиш-истакларига эргашманглар. Ўша мушрикларга шундай денг: “Мен Аллоҳ таоло нозил қилган барча китобларга имон келтирганман, одамлар ўртасида ҳукм чиқаришда адолатни жорий қилишга буюрилганман. Бизларнинг Парвардигоримиз Аллоҳдир, У сизларнинг ҳам Парвардигорингиздир. Қиёмат куни ҳамма ўз амалига кўра мукофот ёки жазо олади, бунда сизлар билан бизнинг ўртамизда ҳеч қандай хусуматга, тортишувга ўрин йўқ. Барчаларимиз охиратда Аллоҳ таолонинг ҳузурига тўпланамиз ва қайтишимиз фақат У Зотнинг даргоҳига бўлади”.
Аллоҳтаоло Ўзининг суюкли Пайғамбарига хитоб қилиб, мушрикларга “Бизларнинг ҳам Парвардигоримиз Аллоҳдир, сизларнинг ҳам Павардигорингиз Аллоҳдир” деб айтишни бежизга буюрма-япти. Чунки Аллоҳнинг дини фақат биттадир, у ҳам бўлса тавҳид ва таслим динидир, қиёматгача ҳукми давом этадиган итоат динидир. Аллоҳнинг барча пайғамбарлари бир дин билан юборилган. Аллоҳ нозил қилган китоблар ҳам бир хил асосга эга. Шунинг учун Ислом дини талаб қилганидек, ўша китобларга бирдек имон келтириш керак. Чунки барча динларнинг, пайғамбарларнинг, шариатларнинг эгаси Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Дунё ҳаётида барчанинг Парвардигори - яратувчиси, ризқ берувчиси, тарбиячиси, ҳамманинг ишини тадбир қилувчиси биттадир, яккаю ягона Аллоҳнинг Ўзидир. Ҳамманинг Парвардигори бир бўлганидан кейин ҳисоб-китоб қилиш асосиҳам бирдир. Шунга кўра, ҳамманинг амали фақатўзиучундир: бировнинг амали бошқасиникига қўшиб қўйилмайди, бировнинг гуноҳи учун бошқаси жавоб бермайди. Ана шу охиратдаги илоҳий адолатнинг бир кўринишидир. Ҳамманинг Парвардигори битта, ягона бўлгач, ҳамма ўз амалига қараб мукофот ёки жазо оладиган бўлганидан кейин жанжал-хусуматнинг нима кераги бор? Одамлар бундай ҳолатда нима хусусида тортишиб-жанжаллашадилар?

16. Аллоҳ ҳақида уни қабул қилинганидан кейин ҳам талашиб-тортишадиганларнинг ҳужжатлари Парвардигорлари ҳузурида ботилдир, уларга газаб ва қаттиқ азоб бордир.
Яъни, кофир ва мушрик кимсалар мўмин-мусулмонларнинг Аллоҳни таниб, Унинг динини қабул қилганларидан кейин ҳам уларни диндан қайтариш учун саъй-ҳаракат қилишурки, уларнинг бу ҳаракатлари бефойдадир. Кофир ва мушрикларнинг Аллоҳ ҳақида, Унинг дини ҳақида турли йўллар билан талашиб-тортишиб юришлари беҳуда ишдир. Улар гапларининг ҳақ эканига ҳар қанча ҳужжат-далил келтиришса ҳам, бу ҳужжат-далиллари Аллоҳнинг наздида ботилдир. Бунинг устига қилмишлари учун қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ғазабига учрашади. Бундан ташқари яна уларга абадий азоб-қийноқ жойи бўлмиш дўзах ҳам тайёрлаб қўйилган. Агар кимдир бемаъни далиллари билан Аллоҳга итоатсизлик қиладиган бўлса, Унинг ваҳийларини инкор этишга ўзича ҳужжат қидирадиган бўлса, унинг бу итоатсизлиги жуда қимматга тушади: у Парвардигорининг ғазабига учраб, қаттиқ азобини тортишига тўғри келади.

17. Аллоҳ Китобни ва мезонни ҳақ билан нозил қилган Зотдир. Қаердан ҳам билардингиз, эҳтимол, қиёмат яқиндир!
Аллоҳ таоло китоби Қуръони каримни инсониятга ҳақ билан юборгандир, яъни унга имон келтириш мўминликнинг белгисидир. Яна У қиёмат куни бандаларнинг амалларини адолат билан ҳисоб-китоб қилиш учун мезонни (тарозини) нозил қилган. Қиёмат куни маҳшаргоҳда бандаларнинг яхши ва ёмон амаллари мезонда - тарозида тортилишининг ҳақлигига ишониш Аҳли суннат вал жамоа ақидасининг бир қисмидир. Қуръони каримда шундай мазмундаги оят келган: «Биз қиёмат куни учун адолат мезон-тарозуларни кўйгаймиз, шунда бирор жонга заррача ҳам зулм қилинмай-ди» (Анбиё, 47). Маҳшаргоҳда бандаларнинг амаллари ўлчанадиган тарози ҳақиқий тарозидир. Унинг икки палласи, тили мавжуддир. Амалларни ўлчаш ҳисобдан сўнг бўлади.
Аллоҳ таоло Китобини ва мезонни нозил қилиб қўйган бўлса-да, одамлар ўзларича “мен ҳақман” деб, талашиб-тортишиб юришибди. Ҳар ким ҳақни ёки ноҳақни ўз қаричи билан ўлчайди. Ҳолбуки, ким ҳақ эканини бандалар эмас, балки уларнинг Парвардигори Аллоҳ таоло аниқлайди. Бунинг учун У Зот Китобни ҳақ билан нозил қилиб қўйди. Ким Аллоҳ нозил қилган Китобга мувофиқ иш тутса, ҳақ бўлади. Ким Аллоҳ нозил қилган Китобга хилоф иш тутса, ноҳақ бўлади. Шунингдек, бандаларнинг амаллари, феъл-ахлоқлари, тасарруфотлари ўша мезон ўлчовида қийматли бўлса, нажот топади. Кимники вазнга эга бўлмаса, ҳалокатга учрайди. Буларнинг ҳаммаси қиёматда маълум бўлади. Қиёматнинг қачон бўлишини инсонлар қаердан ҳам билишарди? Эҳтимол, у тезда қойим бўлиб қолар? Шундай экан, вақтни ғанимат билиб унга тайёргарлик кўриш, гуноҳларга тавба қилиб, солиҳ амаллар қилишга ўтиш лозим.

18. Унга имон келтирмайдиганлар унинг тезлатишни исташади, имон келтирганлар эса ундан қўрқувчидирлар. Зотан улар унинг ҳақ эканини билишади. Огоҳ бўлингларки, қиёмат ҳақида шубҳага борувчилар чуқур залолатдадирлар.
Охират Қуръони каримда бир неча номлар билан, жумладан Қиёмат, Соат, Явмул-ҳисоб, Охира, Томма, Сохха, Ҳаққо, Воқеа ва бошқалар билан аталган. Охиратга, яъни қиёматга ишониш киши имонининг шартларидан биридир. Охиратга ишониш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда охират ҳақида келган барча нарсаларга: қабрда икки фариштанинг савол қилишига, қабр азоби ва неъматига, охират куни олдидан бўладиган аломатларга, қайта тирилишга ва ҳамманинг тўпланишига (ҳашрга), номаи аъмолларнинг берилишига, кишининг савоб ва гуноҳлари ҳисоб қилинишига, мезон (тарози)га, ҳавзга, сиротга, шафоатга, жаннат ва дўзахга, уларнинг аҳлларига ҳозирланган неъмат ва азобларга ишониш, демакдир. Қиёмат Исрофил алайҳиссаломнинг биринчи сур тортишлари билан бошланади ва шунда дунё ҳаёти тугайди. Қиёматнинг қойим бўлишига имон келтирмайдиганлар, яъни унга ишонмайдиганлар қиёматнинг нима эканини, даҳшатларини, азобларини англаб ета олишмайди. Шунинг учун ҳам қиёмат ҳақида сўз кетса, «Қани ўша қиёмат дегани, келадиган бўлса, тезроқ келмайдими?» деб катта гапирадилар. Имон келтирган кишилар эса қиёмат нима эканини, унинг ҳақ эканини, унинг даҳшатлари ва азобларини яхши биладилар. Шунинг учун ҳам улар доимо ундан қўрқиб турадилар. Ким қиёмат қойим бўлишига шубҳа қилса, бу ҳақда талашиб-тортишса, у чуқур залолатга кириб кетади, унинг адашуви тобора оғирлашиб бораверади.

19. Аллоҳ бандаларига лутфлидир. У Ўзи хоҳлаганга ризқ беради. У қувватлидир, қудратлидир.
Ал-Латиф сифатига эга бўлган Аллоҳ таоло бандалари ғурур ва кибрга бориб, Парвардигорнинг ваҳийларига куфр келтиришса ҳам, қиёмат кунини инкор этиб, бу ҳақда шак-шубҳага боришса ҳам, турли гуноҳ ва исёнлар қилиб, итоатсизлик кўрсатишса ҳам уларни азоблашга шошилмайди. Лутфу марҳамат кўрсатиб, уларга ўнгланиш учун маълум муҳлатни бериб қўяди. Яъни, бандалари ким бўлишидан қатъи назар, уларга шафқат қилади, яхшилик кўрсатади, исёнла-рига қарамай, уларга хайру баракаларини, ризқларини сероб қилиб қўяди. Аллоҳ таоло хоҳлаган кишисига ризқни кўпайтириб беради, бу иш Унга асло машаққат туғдирмайди, малол келмайди. Чунки У қувватлидир, қудратлидир.
Аллоҳ таолонинг ал-Қовий сифати ўта кучли, қувватда тенги йўқ маъносини билдирса, ал-Азиз сифати ҳамманинг устидан ғолиб, ўта қудратли маъноларини англатади. Демак, Аллоҳ таолога барча нарса ҳамма нарсада ҳамиша муҳтож бўлади. Пайғамбарлар ҳам азиз, чунки халойиқ барча ишларида уларга муҳтож бўлишади. Чунки Аллоҳ таоло пайғамбарларга Ўз сири ва илмини топширган. Пайғамбар Аллоҳ томон олиб борувчи йўлдир, у Аллоҳнинг эшигидир. Пайғамбарлар азиздир, чунки Аллоҳ уларни раҳмат, фазл, эҳсон ва нур эшиги қилди. Шунингучун Аллоҳнинг пайғамбарларини рози қилганлар айни Аллоҳни рози қилувчилардир, деб ҳам айтилади. Шунинг учун пайғамбарнинг исми Аллоҳнинг исми билан ёнма-ён келади. Пайғамбар азиздир, чунки одамлар дин ва дунё ишларида уларга жуда муҳтож бўладилар. Бир нарсага муҳтожлик зиёда бўлдими,ўша нарса азиз бўлиб бораверади. Подшоҳҳам азиз, чунки одамларнинг каттаю-кичиги унга муҳтож бўладилар. Аммо подшоҳга барча нарсада ҳам муҳтож бўлмаслик мумкин. Масалан, мамлакатнинг чекка жойларидаги қўй боқувчи ўз чодирида чорва маҳсулотларидан еб-ичиб кун ўтказаверади. У фақат Аллоҳга барча нарсада муҳтож бўлади. Мўмин кишига ҳам эҳтиёж тушиши кўпай-са, у мўмин ҳам азиз бўлади, аммо азизлиги тавозуъ билан қоришган бўлиши даркор.

20. Ким охират ҳосилини истаса, унга ҳосилини зиёда қилиб берурмиз. Ким дунё ҳосилини истаса, унга ўшандан берамиз ва унга охиратда насиба бўлмайди.
Одамларнинг дунё ва охират ҳақидаги тушунчалари ўта юзаки бўлгани учун дунё экини ҳосилини исташадию, охиратлари ҳақида умуман бош қотиришмайди. Аллоҳ бандаларининг феълини яхши билгани учун ким дунё матоҳларини истаса, уларга истаганини беради, аммо охиратдаги насибадан маҳрум қилади. Энди ким охират ҳосилини хоҳлайдиган бўлса, буни ҳам зиёдаси билан беради.
Инсон дунёга келибоқ ўзи учун омонатга берилган Ер ва унинг устидаги барча нарсалардан фойдаланишга киришади. Ҳақиқатан ҳам дунё ва ундаги нарсалар инсон учун яратилган. Инсон бу замин устида кияди, ейди, ичади, уйланади, бола-чақа орттиради, ибодат қилади, хулласи, охират уловининг зоди роҳиласи қилиб берилган бу нарсалар ёрдамида олий мақсади - Аллоҳ таолонинг дийдорига эришишга ҳаракат қилади. Донишмандлар айтишадики, ким ана шу берилган нарсалардан фақат керагини, ўзига буюрилган миқдордагисини олиб ишлатса, у тўғри йўл тутган бўлади ва нажот топади. Бордию у ҳожатидан ортиғини олиб, очкўзлик қилса, ёмон йўлга кирган бўлади ва бунинг учун мазаммат қилинади, яъни қораланади.
Дунё ва охират масаласида тўғри йўлни топмоқчи бўлганлар Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг содиқ саҳобалари ҳаётига ибрат кўзи билан боқишсин, улардан ўрганишсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуоларида: «Аллоҳим, ҳақиқий яшаладиган ҳаёт охиратдаги ҳаётдир», деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти); Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Охират роҳати олдида дунёнинг роҳати худди сизлардан бирин-гиз бармоғини денгизга суққанда бирга илашиб чиққан сув қанча бўлса, шу миқдордадир», дедилар (Муслим ривояти); Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинглар, дунё ва ундаги нарсалар лаънатлангандир. Фақатгина Аллоҳнинг зикри, шунга яқин нарсалар ҳамда илм берувчи ва илм олувчилар бундай эмас», дедилар (Термизий ривояти). Улуғ саҳобалардан Усмон ибн Аффон рози-яллоҳу анҳунинг насиҳатларига эътибор қилинг: «Дунёда экинлар экиб-ўрган, баланд кошоналар қурган, узоқ вақт завқу сафо сурган дунёнинг ўғиллари, дўстлари бугун қаерда? Дунё уларни ютиб юбормадими? Буюк Аллоҳ дунёга нақадар аҳамият бермаганидек, сиз ҳам унга шундай берилманг! Охират учун ҳаракат қилинг! Сиз ўткинчи бир ҳаёт уйидасиз ва умрингизнинг қолган қисми ҳам ўтишини кутмоқдасиз. Унутмангки, бу дунё ёлғон ва алдов устига бино бўлган».
Ушбу оят маъносидан ар-Раззоқ, ал-Латиф, ар-Раҳмон сифатли Аллоҳ таоло хоҳлаган одамининг солиҳ ёки фосиқ, мўмин ёки кофирлигидан қатъи назар, ҳаммасига баробар ризқ бераверади. Агар Аллоҳ кофир, фосиқ, осий ва гуноҳкорларга ризқ бермаса, улар ўзларича ризқ топа олишмайди. Шунингдек, Аллоҳдан бошқа ҳеч бир зот уларга ризқ бера олмайди ва натижада улар тезда ҳалок бўлиб кетишади. Шу туфайли уларни дунёга келтириш, бу дунёда синовдан ўтказиш, охиратга тайёрланиш ва охиратдаги ҳисоб-китоб ҳикматлари ботил бўларди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло яхшига ҳам, ёмонга ҳам ризқни бераверади. Охират ҳосилини хоҳлаб, ўшанга яраша ҳаракат қилган бандага охират экини ҳосилини беради. Бу дунё ризқини хоҳлаб, ўшанга яраша ҳаракат қилган бандага бу дунё экини ҳосилини беради. Аммо бу дунё ризқини истаган ўша бандага охиратдан ҳеч қандай насиба қолмайди.

21.Ёки уларнинг диндан Аллоҳ изн бермаган нарсаларни шариат қилиб берган шериклари борми?! Агар Сўз бўлмаганида улар ўртасида албатта ҳукм қилинган бўлар эди. Золимлар учун албатта аламли азоб бордир.
Ояти каримадаги “шурака” сўзи одатда “шериклар” деб таржима қилинсада, аслида инсоннинг суянган, қаттиқ ишонган, эргашган кишисини англатади. Ояти карима инсонларга хитоб қиляптики, динда Аллоҳ изн бермаган нарсаларни шариат сифатида тақдим қилиб берадиган шерикларинг, ишонган одамларинг борми? Нима учун кофир, мушрик ва осийлар Аллоҳнинг йўлидан юришмайди, Унинг динига, шариатига амал қилишмайди? Ёки уларнинг диндан Аллоҳ рухсат этмаган нарсаларни уларга шариат қилиб берадиган ишончли кишилари, Аллоҳга шерик қилган суянчиқлари борми? Аллоҳ таолонинг ваҳийларини инкор қилиб, турли гуноҳ ишларга қўл уриб юрган динсиз, имонсиз кишилар бу гуноҳ ишларини нимага асосланиб қилишади? Аллоҳ изн бермагани ҳолда улар нега маъсиятлардан қочишмайди? Уларга гуноҳ ишларни қилишга ким рухсат берган? Улар рухсатни Аллоҳга шерик қилишаётган одамлардан олишганми, ўшалар Аллоҳ изн бермаган ишларни қилишга рухсат бериб қўйишганми? Агар қиёмат куни бандаларнинг амалларига қараб савоб ёки азоб берилиши ҳақида илоҳий Сўз бўлмаганида бандалар орасида аллақачон ҳукм чиқариб бўлинар эди. Кофир, мушрик ва осийлар ҳозирча ўз ҳолларига қўйилган бўлсада, қиёмат куни уларни аламли азоблар кутиб турибди.

22. Золимларни ўз қилмишларидан қўрққан ҳолларида кўрасиз. У ҳолбуки уларга тушувчидир. Имон келтирган ва солиҳ амал қилганлар эса жаннат боғларидадир, улар учун Парвардигорлари ҳузурида хоҳлаган нарсалари бордир. Мана шунинг ўзи катта инъомдир.
“Бўйнида иллати борнинг оёғи қалтирайди” деганларидек, имонсиз кимсаларни ўз қилмишларидан виждонлари қийналиб, қиёмат ва ундаги ҳисоб-китобдан қўрққан ҳолда кўрасизлар. Улар бу қўрқувдан абадий халос бўла олишмайди, Аллоҳнинг азоби уларга албатта тушади. Уларга қарши ўлароқ дунё ҳаётида Аллоҳга, Унинг Расулига, Китобига имон келтирган ва ҳаётида солиҳ амалларни кўп қилиб ўтган тақволи инсонларда эса бундай қўрқув бўлмайди. Чунки улар имонлари ва яхши амаллари учун жаннат боғларидан жой олишларини, Парвардигорлари ҳузурида ўзлари орзу қилган, интилган нарсаларнинг бари борлигини билишади.
Ушбу ояти каримада қиёмат куни бандаларнинг ҳоли қандай бўлиши васф қилинмоқда. Бу дунёда бандалар икки тоифага ажралади: бирлари кофир бўлиб, гуноҳ ишлар қилиб ўтади, иккинчилари имон келтириб, солиҳ амалларни қилиб яшайди. Ўз-ўзидан маълумки, қиёмат куни бу икки хил тоифага мансуб кишиларнинг оқибати, ҳолати ҳам турлича, фарқли бўлади. Куфр, ширк ва исён кўчаларида адашиб юрган ва қилмишлари билан жонларига зулм қилган кимсалар қиёмат қойим бўлиши билан дарҳол бошларига келадиган азобдан қўрқа бошлашади. Ҳолбуки, улар қўрқса ҳам, қўрқмаса ҳам қилмишлари учун ваъда қилинган илоҳий азоб бошларига албатта келади. Мўминлар эса Аллоҳ ваъда қилган жаннатда бўлишади, инсонлар учун бундан ортиқ фазл, марҳамат, инъом бўлиши мумкинми?!

23. Имон келтириб, солиҳ амалларни қилган бандаларига Аллоҳнинг берадиган хушхабари анагудир. (Эй Муҳаммад): «Бунинг учун сизлардан ҳақ эмас, фақат қариндошлик меҳринигина сўрайман», деб айтинг. Ким яхшилик қилса, унга ўша ишида яхшиликни зиёда қилурмиз. Аллоҳ албатта мағфиратлидир, кўп савоб берувчидир.
Яъни, Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтирган, ҳаётини солиҳ амаллар билан безаб ўтган мўминларга Аллоҳнинг етказадиган, ваъда қилган хушхабари уларнинг жаннат боғларида абадий ҳаёт кечиришлари, улар хоҳлаган нарсалар дарҳол муҳайё қилиниши ҳақидаги илоҳий муждалардир. Эй Пайғамбарим, ўша сизга итоатсизлик кўрсатаётган кимсаларга шундай денг: “Мен сизларни ҳақ динга даъват қилаётганим учун сизлардан ҳақ сўрамайман, бундан умид ҳам қилмайман. Мен сизлардан қариндошлик меҳринигина сўрайман”.
Бу хушхабар илоҳий даргоҳдан мўминларга келувчи энг катта фазл, инъомнинг хушхабаридир. Бу хушхабарни одамларга Аллоҳнинг элчиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Парвардигорларининг ҳузуридан етказмоқдалар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни Аллоҳ таолонинг амри билан, Унинг розилиги йўлида қилмоқдалар, бунга ҳақ ёки мукофот олишни ўйламаяптилар ҳам. У зот бу даъватлари учун ҳақ эмас, фақат қариндошлик меҳрини умид қиляптилар.
Оятдаги “қариндошлик меҳри” жумласининг маъноси ҳақида уламолар бир неча хил фикр айтишган. Тафсирларда бу жумла “Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари мансуб бўлган Қурайш қабиласи мушрикларидан мусулмонларга озор бермасликни сўраганлари; ўзларининг Аҳли байтларига силаи раҳм кўрсатишга чорлаганлари; Аллоҳга яқинлик йўлида дўстлашишга чақирганлари; мусулмонларни бир-бирлари билан қариндошликдаги дўстликка буюрганлари каби маънолар келтирилган. Масалан, саҳобийлардан Саъид ибн Жубайр розияллоҳу анҳу «қариндошлик меҳри» иборасини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари, деб таъвил қилган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо эса: «Қурайш уруғлари ичидан ҳар бири турли йўллар билан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қариндошлик-ришталари билан боғланар эди, шунинг учун бу жумлада у киши қурайшликларга хитобан даъватлари учун улардан ажр сўрамасликлари, балки қариндошлик ҳақ-ҳурматини ўрнига қўйишларини сўраётганлари ифодаланган», дейди. Бундан «Қариндошчилигимиз ҳурмати учун менинг ишимга қарши чиқманглар, даъватим йўлини тўсманглар» деган маъно келиб чиқади.
Яъни, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кишилардан уларни жаннат боғларига, улардаги хоҳлаган нарсаларидан баҳраманд қилувчи улуғ фазлга эриштирувчи даъватлари учун ажр - ҳақ, мол-дунё беришни сўрамайдилар, Макка аҳлидан фақат қариндошлик меҳрини ҳурмат қилишни сўрайдилар, холос. Ажрни эса ҳаммага Аллоҳ таоло беради. Зотан, Унинг Ўзи ким яхшилик қилса, унга ўша ишида яхшиликни кўпайтириб беради. Аллоҳтаоло шундайин Зотки, У бандаларининг қилган гуноҳларини ҳар қанча кўп бўлса ҳам Ўз мағфирати ила кечиради. Бандаларининг қилган яхши амалларига беҳисоб савоб ва мукофотларни беради. Шундай бўлишига қарамай, аксар одамлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларини тан олишмаяпти, Қуръони каримга имон келтиришмаяпти, унинг амрларига амал қилишмаяпти.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида у кишига офат-балолар етар, буларни даф қилиш учун эса қўлларида маблағ йўқ эди. Шунда ансорлар: “Аллоҳ бизни бу киши сабабли ҳидоят қилди. У опангизнинг боласидир. Унга балою офатлар етяпти. Буларни даф қилишда унинг қўлида маблағи йўқ. У зот учун молимиздан маблағ йиғамиз. Ўзимизга ҳам зарар бўлмасин”, дейишди ва шундай қилишди. Улар йиғилган маблағни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб боришди ва: “Эй Аллоҳнинг Расули, сиз опамизнинг боласисиз. Аллоҳ таоло бизни сиз сабабли ҳидоят қилди. Сизга офат-балолар етаяпти. Сизда мол-мулк йўқлиги учун биз келишиб, молимиздан сизга улуш ажратдик ва уни сизга келтирдик. Шундан бало-офатларга қарши қувватланасиз, мана у”, дейишди. Шунда ушбу оят нозил бўлди”.
Қатода айтади: “Мушриклар йиғилишди ва бир-бирларига: “Нима деб ўйлайсизлар, Муҳаммад қилаётган ишлари учун ажр-пул сўрармикан-а?” дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.

24. Ёки: «Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиди» дейишадими? Агар Аллоҳ хоҳласа, дилингизни муҳрлаб қўяди. Аллоҳ Ўз сўз-лари билан ботилни йўққа чиқариб, ҳақни ҳақ қилади. У диллардагиларни албатта билувчидир.
Яъни, Макка мушрикларининг юзсизлиги ва жоҳиллиги шу даражага етдики, улар Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломни Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиганлик билан айбламоқчи бўлишди. Мушрикларнинг у зотни пайғамбар деб имон келтирмасликларига Аллоҳ таоло томонидан у зотга нозил қилинган Қуръонни илоҳий ваҳий деб тан олмасликлари, уларни инкор этаётганлари асосий сабаб эди. Яъни, ўша имонсизлар: «Муҳаммад Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиди, уни Аллоҳ пайғамбар қилиб юбормаган бўлса-да, «Мен Аллоҳнинг пайғамбари бўлдим», деди, унга Аллоҳ ваҳий юбормаган бўлса ҳам, «Аллоҳ менга ваҳий юборди», деб айтди» дейишгача боришди. Уларнинг бу даъволари ботилдир. Чунки Аллоҳ таоло Ўзига нисбатан ёлғон тўқиган ва пайғамбарлик даъвосини қилганларни омон қўймайди. Бундайларни дарҳол шарманда қилади. Ҳатто пайғамбар бўлса ҳам Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиганни жазоламай қўймайди. Демак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқисалар, ваҳий келмаса-да, «Менга ваҳий келди» деяётган бўлсалар, Аллоҳ таоло у кишининг ҳам қалбларига муҳр босиб, Қуръонни у кишининг дилларидан чиқариб қўйган бўларди. Ўшанда у зот Қуръонга ўхшаш нарсани келтира олмай, ҳайрон бўлиб тураверардилар. Аллоҳ таоло ўта қудратли Зот, ҳамма нарсага қодир Зот, шунинг учун Унга ҳеч бир нарса махфий-яширин эмас. У диллардаги нарсаларгача билувчи бўлгани учун Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларида нима борлигини ҳам Ўзи яхши билади.

25. У Ўзи бандаларидан тавбани қабул қиладиган, ёмонликларни афв этадиган ва қилмишларингизни биладиган Зотдир.
Яъни, гуноҳкор ва осий бандаларининг тавбаларини қабул қилувчи ҳам, уларнинг билиб-билмай қилган ёмонликларини афв этиб, кечириб юборадиган ҳам, бандаларининг ҳар бир катта-кичик ишларигача яхши билиб турадиган ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Ундан ўзга тавбани қабул қилувчи, афв этувчи ҳеч бир зот йўқдир.
Гуноҳлар қотирган қалбни тавбагина юмшатади. Тавба қалб шифоси, унга роҳат бағишловчи улкан неъматдир. Мўмин киши гуноҳларини кичик санамай, дарров тавбага шошилиши, гуноҳларидан фориғ бўлишни, Парвардигори ваъда қилган жаннат мукофотини қўлга киритишни ўйлаши лозим. Тавба жаннат ва дўзах ўртасига кўйилган бир тўсиқ кабидир. Гуноҳдан сўнг дарҳол тавба қилиш вожибдир. Чунки гунохдарни ҳис қилмаслик, ўнгланишни ўйламаслик, фақат ёмонликка берилиш шайтоний феъллардан саналади, ёмонликдан тезда яхшиликка қайтиш эса инсоний заруратдир. Тавбани кечиктириш мумкин эмаслигини англаган киши дарҳол яхши амалга ўтади, ўзини ёмон ишлардан тия бошлайди. Аллоҳ таоло бандаларининг нима қилаётганини ҳам жуда яхши билиб тургани учун ким ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан адо этиб, пайғамбарлик бурчини омонатдорлик билан бажараётгани ҳам, ким саркашлик, итоатсизлик қилиб, «У пайғамбар хам эмас, унга ваҳий тушгани ҳам йўқ, у Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқияпти» деяётганини ҳам яхши билади.

26. У имон келтириб, солиҳ амаллар қилганларни ижобат қилади ва уларга фазлидан кўпайтириб беради. Кофирларга эса қаттиқ азоб бордир.
Аллоҳ таоло бандаларига аввал Ўзига, пайғамбарларига, китобларига ва охиратга имон келтиришни буюрган. Сўнгра уларга дунё ҳаётида солиҳ амаллар қилиб, имонларини мустаҳкамлаш вазифасини қўйган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ «Фиқҳул акбар» ақийда китобида қуйидагиларни маълум қилади: «Аллоҳ таоло инсонларни яратганида куфр ва имондан холи қилиб яратган. Сўнгра уларга хитоб қилиб, баъзи нарсаларга буюрган, баъзиларидан қайтарган. Шундан кейин ким куфрни танлаган бўлса, демак у ўз ихтиёри билан ҳақиқатни инкор этган бўлади ва Аллоҳ таолонинг тавфиқидан маҳрум бўлади. Шунингдек, ким имонни танлаган бўлса, у ҳам ўз ихтиёри, иқтидори, тасдиғи ва Аллоҳнинг тавфиқи ҳамда ёрдами билан имон келтирган бўлади. Парвардигор Одам алайҳиссаломнинг пушти камаридан қиёматгача дунёга келадиган зурриётларни майда заррачалар шаклида чиқариб, уларга ақл ато этди ва уларга хитоб қилиб, Ўз тоатига буюрди, маъсиятдан қайтарди. Улар Аллоҳни Парвардигоримиз деб иқрор бўлдилар. Демак, ҳар бир туғилган инсон авлоди шу фитрат (табиат) билан дунёга келади. Шундан кейин ким куфрга кетган бўлса, у мазкур имонини ўзгартирган бўлади. Ким имон келтириб, тасдиқ этган бўлса, демак, у имонида барқарор қо-либди ва давом этибди. Аллоҳ таоло ҳеч кимни куфрга ҳам, имонга ҳам мажбур этмади. Шунингдек, ҳеч кимни мўмин ёки кофир қилиб яратмаган, балки инсонларнинг ҳар бирини мустақил шахс сифатида яратган. Имон билан куфр бандаларнинг ишидир...». Шунинг учун бандалар имонга келганларидан сўнг солиҳ амалларни қилишга ўтиб, икки дунё саодатини қўлга киритишга уринишлари зарур.

27. Агар Аллоҳ бандаларининг ризқини кенг қилиб қўйса, улар Ер юзида ҳаддан ошиб кетишади. Лекин У Ўзи хоҳлага-нича ўлчов билан туширади. У Ўз бандаларидан хабардордир, кўриб турувчидир.
Инсоннинг феъли қизиқ: Аллоҳ таоло неъматини қисмай, мўл-кўл қилиб берса, дарров ҳаддидан ошиб кетади. Қўлига бирданига келиб қолган мол-дунёни кўтара олмай, туғёнга кетади. Туғёнга кетиб, мақтанишга, исрофгарчиликка ўтади. Ё ўзини бошқалардан устун санаб, кибрга боради, бошқаларни менсимасликка ўтади.
Агар Аллоҳ бераётган ризқини сал камайтириб, тортиб қўйса, бу ҳолатда ҳам банда дарров чидамасликка боради: Аллоҳ мени суймагани учун ризқимни камайтириб қўйди, қийинчиликка солди, дея ҳасратга ўтади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларига ризқни маълум ўлчов билан, Ўзигагина маълум бўлган ҳикматига кўра керакли миқдорда беради. Кимга қанча ризқ туширишини Аллоҳнинг Ўзи яхши билади. Чунки У бандаларининг феъл-атворини яхши билади, уларни ҳамиша кўриб-кузатиб туради.
Аслида, мол-дунё жуда қаттиқ офатдир, қийин имтиҳондир. Агар у мўминнинг қўлига тушса, у буни Аллоҳнинг бир синови сифатида қабул қилиб, уни ўз жойига сарфлайди, яъни оиласининг нафақасидан ортганини садақа ва эҳсон қилади, молининг закотини беради, муҳтожларга хайриялар учун ажратади, бундан бошқа Аллоҳ буюрган савобли ишларга харжлайди. Аммо имони суст ёки имонсиз кимса дунёга муҳаббат қўйса, мол-дунё ишқига гирифтор бўлса, унинг ҳолига вой, деяверинг. У бойлик кетидан зир елиб-югуради, ҳаром йўллар билан мол тўплайди, бахиллик билан уни сарфлашдан воз кечади ва тўплаб-кўпайтиришга зўр беради. Унинг кўзини ҳирс пардаси қоплаб, ҳеч нарсани: атрофидаги муҳтожларни ҳам, пул кўйида ҳаромдан ва зулмдан қайтмаётганини ҳам, ўғирликдану пора олишдан ва беришдан ҳам жирканмаётганини кўрасиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай ҳадислари бор: «Кимнинг орзу-истаги, васф этгани, ўнгида ҳам, тушида ҳам такрорлаб турган нарсаси дунё бўлса, Аллоҳ бундай одамга охиратда менинг ёнимда қўшни бўлишни ҳаром қилади.
“Асбабун-нузул” китобларида зикр қилинишича, бу оят Суффа аҳлидан бўлган кишилар ҳақида нозил қилинган. Улар дунёда мўл-кўлчилик ва бойликни орзу қилишган эди. Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳу айтади: “Бу оят биз ҳақимизда нозил бўлган. Биз Бани Қурайза ва Бани Назир қабилаларининг молларини кўриб, бизга ҳам шулар бўлишини орзу қилдик. Шунда Аллоҳ табарока ва таоло ушбу оятни нозил қилди”. Амр ибн Хурайс айтади: “Бу оят Суффа эгалари ҳақида нозил бўлган. Улар: “Қанийди, бизларнинг ҳам мол-дунёимиз бўлса эди” деб, бойликни орзу қилишган эди.

28. У (одамлар) умидсизликка тушганларидан кейин ёмғир ёғдирадиган ва Уз раҳматини кенг ёядиган Зотдир. У дўстдир, мақтов эгасидир.
Осмондан қор-ёмғир ёғдириш ҳам Аллоҳ таолонинг бандаларига лутфу инояти, катта марҳаматидир. Сув сероблигида кўпчилик унинг қадрига етмайди, ёғин ёғишини одатий ҳол ҳисоблаб, кўпда эътибор ҳам бермайди. “Зар қадрини заргар билади” деганларидай, сувсизликнинг азобини ташналардан сўранг, осмондан тушувчи сувнинг қадрини унинг бир томчисига зор бўлганлардан сўранг. Агар Аллоҳ ёғин ёғдирмай қўйса, ерлар ташналикдан қақраб, яроқсиз ҳолга келади. Одамлар ва чорвалар қийин аҳволга тушади. Борлиқдаги барча жонзоту экин-тикинлар, дов-дарахтлар ҳаёт манбаидан маҳрум бўлади. Маълум жойларда ёмғир ёғмай қолса, ҳамма нарса ҳалокатга юз тутиб, одамлар чорасиз қолишади, умидсизликка тушишади. Ана шундай танг ҳолатда Аллоҳ таоло осмондан ёмғир ёғдиради. Бу ёмғир ҳамма нарса учун Аллоҳнинг раҳмати бўлади: ерга жон киради, қуриб қолган ўсимликлар тирила бошлайди. Ҳайвонот олами аста ғимирлаб, ҳаракатга тушади. Одамлар ҳам тушкунликдан чиқиб, уларда умид учқунлари пайдо бўлади.
Қолаверса, сувнинг на ранги, на таъми ва на ҳиди бор. Агар сув рангли бўлса, инсон ҳаёти танг аҳволда қолар эди. Агар сув ширин бўлса, овқат ва бошқа нарсалар ширин бўлиб кетар, истеъмол қилиш қийинлашар эди. Агар сув ёпишқоқ бўлса, инсон жасади ва бошқа нарсаларини тозалаш мушкуллашар эди. Сувга ушбу хусусиятни ким ато қилди? Буларнинг бари Аллоҳнинг инсонларга энг яқин дўст эканининг, уларнинг барча ишларини бошқариб туришининг аломатидир. Шунинг учун инсонлар Унга мақтов айтиб, неъматларига шукр келтиришлари зарур. Эй инсон, бир тафаккур қилиб кўр: бир киши овқат тайёрлаб, сени ҳам чақирди. Сен ўша овқатдан тановул қилиб бўлгач, унга миннатдорчилик билдириб, ҳаққига ва хизмат қилганлар ҳаққига барака тилаб, дуо қиласан. “Сиз бизни ҳурмат қилганингиз каби Аллоҳ ҳам сизга икром қилсин”, деб айтасан. Нима учун инсон томонидан бир неъмат келса хижолат тортиб, унга миннатдорчилик билдирасан-у, аммо Аллоҳ таоло битмас-туганмас неъматларга ғарқ қилса ҳам Уни қадрламайсан, мақтовлар йўлламайсан?!

29. Осмонлару Ернинг яратилиши ва уларда турли жонзотлар таратиб қўйилиши Унинг аломатларидандир. У хоҳлаганида уларни йиғиб олишга қодирдир.
Аллоҳ таолонинг яратиш қудрати ниҳоятда чексиз эканининг белги-аломатлари борлиқда жуда ҳам кўп. Шулардан бири Унинг осмонлар ва Ернинг ягона яратувчиси экани, уларда турли жонзотларни тарқатиб-таратиб қўйганидир. Аллоҳ таолонинг чексиз қудрати аломатларини кўраман деган одам осмонлар ва Ернинг қандай яратилганига бир назар солсин. Улар бирданига ўзича пайдо бўлиб қолган эмас. Борлиқдаги энг майда зарра ҳам, махлуқлару мавжудотлар ҳам ўзича пайдо бўлиб қолиши соғлом ақлга сиғмайдиган тушунчадир. Ҳисобсиз ажойиботларга тўла ос-монлару Ер ўзидан-ўзи пайдо бўлиб қолмаган, уларни чексиз қудрат соҳиби - Аллоҳ таоло яратган. Шунингдек, осмонлару Ердаги барча жонзотларни яратган ва уларни дунёга таратиб қўйган Зот ҳам Аллоҳдир. Улар ўзларининг кўплиги, хилма-хиллиги ва ажойиботлари билан Аллоҳнинг чексиз қудрат эгаси эканига энг кучли далилдир. Баъзи уламолар ушбу оятда зикр қилинган «ва уларда» (яъни осмонлару Ерда) турли жониворларнинг таратиб қўйилиши ҳақида гап келишидан «Эҳтимол, бошқа осмонлар ва сайёраларда фаришталардан бошқа махлуқотлар ҳам бордир» деган маъно чиқарадилар.

30. (Эй инсонлар), сизларга қандай мусибат етса, ўз қўлларингиз қилган сабабдандир ва У кўпини афв этиб туради.
Аллоҳ таоло инсонларга хитоб қилиб айтяптики, сизларга қандай мусибат етса, бошингизга қандай бало келса, бари албатта ўз қўлингиз билан қилган қилмишларингиз, яъни қилган гуноҳ ва хатоларингиз сабабидандир. Лекин бандаларига ўта меҳрибон бўлган Аллоҳ уларнинг ҳар бир гуноҳи учун мусибатга дучор қилавермайди. Фақат баъзиси учунгина бало юборади, кўпини афви билан кечириб юборади. Агар Аллоҳ таоло инсонни ҳар бир айби учун мусибатга учратадиган бўлса, инсон дарҳол ҳалокатга юз тутар эди. Ҳадислардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам боласини бирор шох-шабба тирнаши, қоқилиб кетиши ёки томири тортишиши ҳам фақат ўзининг гуноҳи туфайли бўлади.
Ундан кечириб юбориладигани жуда кўпдир», деганлар (Ибн Абу Ҳотим ривояти).
Аллоҳ таоло ҳамма нарсани, жумладан, гуноҳкорларнинг гуноҳларини ҳам билиб туради. Охират учун ҳам, бу дунё учун ҳам жорий қилинган қуръоний қоида шуки: «Яхшилик қилсанг ҳам, ёмонлик қилсанг ҳам ўзинг учундир». Яъни, Аллоҳ таоло ҳеч кимга зулм қилмайди ва яхшиликларнинг савобларидан ҳеч нарсани камайтирмайди, гуноҳларига ҳеч нарсани қўшиб қўймайди, гуноҳсиз азобламайди Агар бўйнида банда ҳақи қолмаса, тавба қилмаган бўлса ҳам Аллоҳ таоло унинг катта гуноҳларини кечиб юбориши мумкин. Бир-бири билан душманлашганлар ўртасида қиёмат куни ҳисоб-китоб натижасида ҳақини олиш-бериш ҳақдир. Бир киши бошқа бировдан қарздор бўлиб охиратга кўчса, Аллоҳ таоло унинг яхшиликларидан қарзи миқдорича олади ва қарз берганга беради. Бу иши зулм эмас, балки адолатдир. Дунёда бошқа бировнинг ҳақини егани ҳолда «Охиратда Аллоҳ менинг яхшиликларимдан олиб, унга бермайди» деганлар бидъатга тушгандир. Агар қарздорнинг савоби йўқ бўлса, қарз берганнинг гуноҳлари унга юкланади.

31.Сизлар Ер юзида ожиз қолдирувчи эмассизлар ҳамда сизлар учун Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқдир.
Яъни, эй инсонлар, Ер юзида бошқаларни ожиз қолдириб, Аллоҳнинг иродасига қарши бирор иш қила олмайсизлар. Сизлар гуноҳ ва хатоликлар, ёмон сўз ва хатти-ҳаракатларингиз учун албатта жазоланасизлар. Шунинг учун Аллоҳ сизларга хитоб қиляптики, гуноҳни қилиб қўйиб, жазосидан қочиб асло қутула олмайсиз, Аллоҳ барибир жазоингизни беради. Унинг жазо беришни маълум муддатга кечириши сизни оқлаб юборгани эмас, балки тавба қилишингиз, гуноҳларга надомат чекишингиз, ўзингизни ўнглашингиз учун имкон берганидир. Бу борадаги ягона ёрдам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидан бўлади. Унинг Ўзигина бандаларига ягона ёрдам берувчидир.

32. Денгизда тоғдек сузиб юрувчилар Унинг аломатларидандир.
Эй инсон, атрофингдаги нарса ва ҳолатларга ибрат назари билан боқ: денгизда тоғдек улкан кемаларнинг салобат билан сузиб юрганида ҳам Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига далолат қилувчи белги-аломатларни кўрмаяпсанми? Кема сузиб юрадиган сувни, уммон ва денгизларни, серсув дарёларни ким яратган? Сувга зил-замбил, оғир кемани кўтариш қобилиятини ким берган? Кемани ясашда ишлатиладиган нарсаларни ким сувда чўкмайдиган қилиб яратиб берган? Кемани ясаган инсонни ким яратгану унга ақл-заковат, куч-қудрат ва илмни ким берган? Бу ва шунга ўхшаш саволларнинг ҳаммасига фақат «Аллоҳ!» деган биргина жавоб бўлади, холос. Энди олдинги баҳайбат елканли кемаларнинг сувда бемалол сузишига ёрдам берадиган шамол эсмай қолса ёки инсон ақл-заковатининг тимсоли саналган “Титаник” каби улкан кемалар фалокатга учратиб қўйилса, инсон ўзининг ҳоли не кечишини тасаввур қилаверсин.

33. Агар У хоҳласа, шамолни тўхтатиб қўяди, шунда улар унинг устида тўхтаб қолишади. Бунда ҳар бир ўта сабрли ва шукр қилувчи учун ибратлар бордир.
Борлиқдаги ҳамма нарса Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасига боғлиқдир. Дарахтдан бир япроқнинг узилиб тушиши ҳам Аллоҳнинг изни билан бўлади. Денгизда сузиб юрган кемалар Аллоҳнинг аломатларидан эканининг ҳақиқатини англаб етиш учун Аллоҳ таоло ўша кемаларнинг сузиб юришлари учун жорий қилиб қўйган сабабларидан биттасигина амалга ошмай қолса, нима бўлиши ҳақида ўйлаб кўраверинг. Ҳозирги замон фан-техникасининг энг олий ютуғи саналган улкан ва мукаммал кемаларнинг ҳеч кутилмаганда ишламай қолиши, рўпарасидаги тошга урилиши ёки саёз жойга чиқиб қолиб ағанаши ёки бирданига ёнғин чиқиб, одамларнинг нобуд бўлиши ҳолларини ўргансангиз, инсон зотининг нақадар ожизлиги, унинг ҳамма нарсада Парвардигорининг иродасига тобеъ экани аён бўлади. Агар Аллоҳнинг шамоли эсмай қолса, қушдай елиб-учиб кетаётган елканли кема сув устида қимирламай туриб қолиши ҳам, фақат шамол келгандагина йўлини давом эттириши ҳам Аллоҳнинг иноятига, иродасига боғлиқдир. Аллоҳнинг бало-мусибатларига сабр қилувчи, Унинг неъматларига кўп шукр қилувчи инсонлар учун буларнинг ҳаммасида ибратлар бордир.

34. Ёки уларнинг кирдикорлари сабабли уларни ҳалок қилади ва кўпларини афв этади.
Инсоният тарихига назар ташлаган одам қавм ва миллатларнинг ҳамиша қилган гуноҳлари, ношукрликлари ва итоатсизликла-ри учун жазога мубтало бўлишганини, ҳалокатга учраб, Ер юзидан йўқ қилиб юборилганини кўради. Чунки ҳамма нарса Аллоҳнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ: агар Аллоҳ кемаларнинг сузишини хоҳласа, улар тоғ каби улкан бўлса ҳам денгизда салобат билан бемалол сузиб юраверади. Агар Аллоҳуларнинг сузмаслигини ихтиёр қилса, бирон сабабни ўртадан кўтарадида, кемалар сузмай, жойида тураверади ёки чўкиб, ҳалокатга юз тутади. Агар Аллоҳ хоҳласа, хоҳлаган кемани унинг ичидаги одамларнинг қилган гуноҳлари туфайли ҳалокатга учратиши мумкин. Лекин У афв қилувчи Зот бўлгани учун бандаларининг кўп гуноҳ ва хатоларини кечиради. Шунинг учун ҳам айрим кемаларгина ҳалокатга учрайди, холос.

35. Оятларимиз ҳақида тортишадиганлар ўзлари учун қочиб қутуладиган жой йўқлигини билиб олишсин.
Дилида ғарази бўлган, жоҳиллигидан қутула олмаган кимсалар Аллоҳ таолонинг оятлари ҳақида ҳамиша талашиб-тортишаверадилар. Қўлида ҳеч қандай ҳужжати бўлмай туриб, Аллоҳнинг оятларига қарши талашиб-тортишадиган кишилар Аллоҳ томонидан ҳам, мўмин бандалар томонидан ҳам қаттиқ нафратга дучор бўлади. Аллоҳнинг оятларига ишонмайдиганлар, улар ҳақида турли-туман бўлмағур фикрларни айтиб, талашиб-тортишадиганлар учун Аллоҳнинг азобидан қочиб қутуладиган ҳеч бир жой йўқ. Улар буни яхши билиб қўйишсин.

36. (Эй инсонлар), сизларга берилган нарса дунё ҳаётининг матоҳи, холос. Имон келтирган ва Парвардигорларига тавак-кул қилганлар учун Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсалар яхшироқ ва боқийроқдир.
Ушбу ояти каримадан бошлаб Аллоҳ таоло Ўз ҳузуридаги яхши ва боқий нарсаларнинг эгаси бўлишлари учун бандалардан талаб қилинадиган фазилат ва сифатларни баён этишга киришади. Инсон дунёга келибоқ ўзи учун фойдаланишга омонатга берилган Ер ва унинг устидаги барча нарсалардан фойдаланишга киришади. Ҳақиқатан ҳам дунё ва ундаги барча нарсалар инсон учун яратилган. Инсон бу замин устида кияди, ейди, ичади, уйланади, бола-чақа орттиради, ибодат қилади, хулласи, охират уловининг йўл озуқаси қилиб берилган бу нарсалар ёрдамида олий мақсади - Аллоҳ таолонинг дийдорига эришишга ҳаракат қилади. Донишмандлар айтишадики, ким ана шу берилган нарсалардан фақат керагини, ўзига буюрилган миқдордагисини олиб ишлатса, у тўғри йўл тутган бўлади ва мақталади. Бордию у ҳожатидан ортиғини олиб, оч-кўзлик қилса, ёмон йўлга кирган бўлади ва бунинг учун мазаммат қилинади, яъни қораланади. Ҳадисларда келишича, «Инсон кексайиб, жисми заифлашгани билан қалби узоқумр кўриш ва мол-дунё йиғишга ёшлардек муҳаббатли бўлади».
Аммо дунё ҳаёти асл мақсад эмас, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсалар дунё матоҳидан яхшироқ ва абадийдир. Бу нарсаларга эришиш учун эса бандадан бир қанча сифат ва фазилатлар талаб қилинади. Буларнинг энг биринчиси инсон Аллоҳга, пайғамбарларига, китобларига, фаришталарига, ўлгандан кейин қайта тирилишга, охират кунига имон келтириши керак. Имон мазкур сифатларнинг аслидир, умуман дунёдаги барча яхши сифатларнинг асосидир. Агар имон бўлмаса, инсон бандаликдан чиқади, ундаги бошқа ҳамма яхши сифатларнинг заррача ҳам фойдаси бўлмайди. Имон бўлмаса, дунё ва ундаги нарсалар тўғри тушунилмайди. Шунинг учун имонсиз бирор яхши иш қилиб бўлмайди, қилинганда ҳам, асоссиз, қандайдир ғараз билан қилинган бўлгани учун савоб ҳисобига ўтмайди.
Аллоҳ ҳузуридаги яхши ва боқий нарсаларга эга бўлиш учун бандадан имондан кейин Парвардигорларига таваккул қилиш - ҳар бир нарсада фақат Аллоҳ таолога суяниш талаб қилинади. Бу эса ҳақиқий тавҳиддир. Уламолар таърифича, таваккул дунё ва охират ишларидан фойдани жалб қилиш ва зарарни даф этишда қалбнинг Аллоҳ таолога сидқидилдан эътимод қилишидир. Аллоҳга таваккал қилмаслик катта камчилик ҳисобланади. Ким таваккулга тил теккизса, ҳақиқатан имонга тил теккизган бўлади. Таваккул тасаввуфдаги юксак мақомлардан бири ҳамдир. Таваккул соҳиблари «мутаваккил» ёки «аҳли таваккул» дейилади. Таваккул ҳақида Қуръони каримда бир неча оятлар ҳамда ҳадиси шарифлар бор. Мўмин-мусулмон ўзининг фикрида ҳам, зикрида ҳам, тасаввурида ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина таваккул қилади - суянади. Унинг Аллоҳдан ўзга ҳеч бир суянчиғи йўқдир. Бирор нарсада Аллоҳдан бошқага суяниш тавҳидга зарар етказади, ширкка олиб келади. Шунингучун ҳам барча нарсада фақат Аллоҳга таваккул қилиш - суяниш имондан кейинги энг муҳим сифат ҳисобланади.

37. Улар катта гуноҳлар ва бузуқликлардан четланадиган ва ғазабланган вақтларида кечириб юборадиганлардир.
Аллоҳ ҳузуридаги яхшироқ ва боқий нарсаларга эришишда талаб қилинадиган нарсалардан яна бири улкан гуноҳлардан ва бузуқликлардан четда бўлиш, ғазабланган пайтида бошқаларни кечириб юборишдир. Аллоҳ ва Унинг Расули Китоб ҳамда суннатда қайтарган ишлар улкан гуноҳлардир (гуноҳи кабирадир). Бундай гуноҳлар учун дунёда ҳад-жазо белгиланган, охиратда таҳдид солинган ёки уни содир қилган кишининг имони инкор қилинган. Ёки бундайлар лаънатланган ёки «биз ундан наримиз», «у биздан эмас», каби сўзлар билан сифатланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда гуноҳи кабиралардан четланган кишининг кичик гуноҳларини кечиб юборишини, сўнг уни жаннатга киритиши хабарини беради.
Бир гуруҳ уламолар гуноҳи кабираларни “еттита” дейишган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларини ҳужжат қилишган: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳалок қилувчи еттита гуноҳдан сақланинглар», дедилар. «Улар қайсилар, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўрашганида «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, етим молини ейиш, судхўрлик, душмандан ортга чекиниш, бузуқ хаёл билан поқцомон мўмина аёлларга туҳмат қилиш», деб жавоб берганлар (Бухорий ва Муслим ривояти). Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо эса: «Гуноҳи кабиралар еттитадан кўра, етмиштага яқинроқ», деганлар. Юқоридаги ҳадисда эса, гуноҳи кабиралар сони еттита эмас, балки мазкур еттита амал гуноҳи каби-ралардан экани баён қилинган, холос.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, айрим гуноҳи кабиралар бошқаларидан улканроқ бўлади. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга ширк келтиришни гуноҳи кабиралардан, деб зикр қилганлар. Ваҳоланки, Аллоҳга ширк келтирган кимса, яъни мушрикнинг гуноҳи ҳеч қачон кечирилмайди ва у дўзахда абадий қолади. Уламоларимиз улкан гуноҳ сифатида зикр қилган гуноҳлардан баъзилари: аёлнинг эрига итоатсизлиги; Аллоҳнинг раҳматидан умидсизланиш; етим молини ейиш; зино, зулм, ароқхўрлик; аҳдга вафо қилмаслик; бўҳтон; одам (ноҳақдан) ўлдириш, омонатга хиёнат; оқпадарлик; порахўрлик; сеҳр; судхўрлик; тақдирни рад этиш, ўз жонига қасд қилиш; ўлчовдан уриб қолиш; ўғрилик; қариндошлар билан алоқани узиш; қиморбозлик; қўшнига озор бериш; намозни вақтида ўқимаслик ва бошқалардир.
«Бузуқликлар» деганда уламолар шаҳватга тааллуқли гуноҳлар, фаҳш ишлар кўзда тутилишини айтишган. Фаҳш ишлар ичида зинокорлик ва бесоқолбозлик каби улкан гуноҳлар қаторига кирадиганлари ҳам бор, бундай гуноҳлар қаторига кирмайдиганлари ҳам бор. Инсон икки дунёда ҳам олий мақомга эришмоқчи бўлса, катта гуноҳлар ва фаҳш-бузуқ ишлардан четда бўлиши лозим. Бунга эса фақат имон билан эришиш мумкин. Фақат қалби соф имонга тўла кишигина катта гуноҳларни ва фаҳш ишларни қилмайди.
Аллоҳ ҳузуридаги яхши ва боқий нарсаларга эришмоқчи бўлган инсонлар яна ғазабланган вақтларида кечирувчи ҳам бўлишлари лозим, яъни, бирор киши ғазабини чиқарганида кечириб юбора оладиган даражада ҳалим бўлиши керак. Ғазаби чиққан вақтда уни ичига ютиб, ўша ғазаб чиқишига сабабчи одамни кечириб юбориш олий даражадаги ахлоқ доирасига киради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Курашда енгган кучли бўлавермайди. Ғазаб чоғида ўзини қўлга ола билгангина ҳақиқий кучлидир», дедилар» (Бухорий ривояти). Лекин бу, умуман ғазаб қилмаслик керак, дегани эмас.
Баъзи ҳолатларда ғазабга келиш ҳатто вожиб бўлади, олийжаноблик ҳисобланади.
Исломда инсондаги мавжуд сифатлар инкор этилмайди, уларни йўққа чиқаришга уринилмайди, балки уларни тартибга солиб, яхшиликка йўналтирилади, холос. Ислом дини инсонни нафси учун беҳуда ғазабланишдан қайтаради, ғазабини ютишни мақтайди, лекин шу билан бир қаторда, Аллоҳ учун, дин-диёнат учун, номус учун ғазабланишни вожиб қилади.

38. Улар Парвардигорларига ижобат қилган, намозни тўкис адо этган, ишлари ўзаро маслаҳат билан бўлган ва уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ-эҳсон қиладиганлардир.
Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги яхши ва боқий нарсаларни қўлга киритиш учун банда яна Парвардигорининг ҳар бир даъватига ижобат қилиши, намозларни тўкис, барча арконларига риоя қилган ҳолда адо этиши, ишларини ўзаро шўро-маслаҳат билан қилиши ва Аллоҳ таолонинг ўзига ризқ қилиб берган атоларидан инфоқ-эҳсон қилиши зарур экан. Ушбу ояти каримада ҳам мазкур улуғ мақомга сазовор бўладиган мусулмонларда бўлиши шарт қилинган сифатлардан яна бир нечаси санаб ўтилмоқда. Мусулмон инсон Аллоҳ таолонинг чақириқларига ҳамиша «лаббай» деб жавоб бериши, Унинг амр-фармонларини сўзсиз бажариши, айни пайтда Аллоҳнинг фарзини адо этиб, намозларини ўз вақтида, тўкис, хушуъ-хузуъ билан адо қилиши зарур.
Исломда мўмин-мусулмонларнинг иш-муаммоларни ҳал этишда шўро, ўзаро маслаҳатлашув, машварат қилиш билан иш юритишларига катта эътибор берилгани ушбу сураи кариманинг Шўро деб аталишидан ҳам аён бўлиб турибди. Динимизда мўмин-мусулмонлар, айниқса, ҳоким ва мансабдорлар атрофларидаги одамлар билан шўрога амал қилишга, яъни ўзгалар билан маслаҳатлашиб иш тутишга қаттиқ тарғиб қилинади. Чунки инсон ақл-идрок ва тажрибада ҳар қандай даражага етганида ҳам адашиши, хато қилиши, маслаҳатга муҳтож бўлиши мумкин. Бундан ташқари, кўпчилик билан, айниқса кўпни кўрган, тажрибали кишилар билан шўро-маслаҳат билан иш тутишда хайр-барака, яхшилик, тавфиқ бор. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло маслаҳатлашувни мўминларнинг асосий фазилатларидан бири сифатида жорий қилган.
Шўро-маслаҳатлашув мусулмон жамоалар ҳаётида муҳим аҳамият касб этадиган омилдир. Буни ҳамма мусулмонлар, айниқса, турли амал-мансабни эгаллаб турганлар яхши тушунишлари, ким бўлишларидан қатъи назар, шўрога амал қилишлари лозим. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шўрога буюрганидан кейин бошқалар шундан хулоса чиқариб олишлари зарур. Инсоният тарихида энг комил инсон Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Аллоҳ таоло у кишини маъсум (гуноҳ ва хато қилмайдиган) қилиб қўйган, Қуръон нозил қилиб, Ислом давлатини қандай бошқаришни ўргатиб турган бўлишига қарамай, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, саҳобалар билан маслаҳатлашиб иш тутишни амр қилмоқда.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятга амал қилиб, кўп ишларда саҳобаи киромлар билан маслаҳатлашар ва уларнинг фойдали фикрларини очиқ кўнгиллилик билан қабул қилиб олар эдилар. Масалан, мушрикларнинг кўп сонли лашкарлари Мадинаи мунавварага бостириб келаётгани ҳақида хабар етганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни тўплаб, шўро-маслаҳат мажлиси қилдилар. Мушрикларнинг бу ҳужумига қарши қандай чора кўриш лозимлиги масаласини ўртага ташладилар. Шунда асли Форс ўлкасидан бўлган Салмон Форсий розияллоху анҳу арабларда одат бўлмаган ишни - шаҳар атрофига ҳандақ қазиб, душман ҳужумидан ҳимояланишни маслаҳат берди. Бу маслаҳат маъқул келди. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида Мадинаи мунаввара атрофида ҳандақ қазишди. Бу иш душман устидан ғалаба қозонишнинг асосий омилларидан бири бўлди. Баъзи вақтларда саҳобаи киромлар Пайғамбар алайҳиссалом хузурларида ўзларини эркин тутиб, у зотга турли фойдали маслаҳатлар беришар эди. Мисол учун, Бадр урушидан олдин Расулуллоҳ алай-ҳиссалом бошлиқ мусулмонлар Бадрдаги сувли жойга яқинлашиб, манзил қуришди. Шунда саҳобалардан Хаббоб ибн Мунзир розияллоху анҳу Пайғамбаримиздан: “Эй Аллоҳнинг Расули, бу жойга сизни Аллоҳ туширдими, ундан бошқа жойга ўтишнинг иложи борми? Ёки уруш ва ҳийла учун тушдингизми?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уруш ва ҳийла учун тушган эдим”, дедилар. Шунда Хаббоб ибн Мунзир: “Эй Аллоҳнинг Расули, ундай бўлса, бизларни мушрикларга энг яқин қудуққа олиб боринг. Бу ер жанг қилишга ноқулай, ўша томонда эски бир қудуқ бор. Унинг суви ширин, ҳам тугамайди. Ундан идишларимизни сувга тўлдириб оламизда, жанг қилаверамиз”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу маслаҳатга амал қилдилар. Бу эса, ўз навбатида мусулмонларга жуда ҳам катта фойда келтирди.
Шўрога амал қилиш, маслаҳатлашиб иш тутиш ҳеч қачон зарар келтирмаган. Ҳатто исломий қоида бўлмиш шўрога амал қилган ғайри-мусулмонлар ҳам бунинг фойдасидан баҳраманд бўладилар. Мусулмонлар учун эса шўро динлари вожиб қилган амалдир, Аллоҳ ҳузуридаги яхши ва боқий нарсага эришишлари учун зарур бўлган сифатлардан биридир. Шўрони қай шаклда ва қайси услубда олиб бориш аниқ тайин қилинмагани уни қандай ташкил қилиш мусулмонлар ихтиёрига ташлаб қўйилганини билдиради. Мусулмонлар жамоаси ўз шароитларига, имкониятларига ва бошқа омилларга қараб, шўрони муносиб равишда ташкил қилиб оладилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто аёллар би-лан ҳам маслаҳатлашиб, уларнинг жўяли маслаҳатлари асосида иш кўрганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни туш кўрдилар. У зот саҳобаи киромлар тўпланиб турган жойга келиб, уларга ҳаммаларининг соч олдирган ҳолда, эминликда, қўрқувсиз Масжидул-Ҳаромга кириб бораётганларини тушларида кўрганларини айтдилар. Ҳамма бу башоратдан хурсанд бўлди. Пайғамбар алайҳиссалом саҳобалари билан ҳижратнинг олтинчи йили зулқаъда ойининг бошида, душанба куни умрани ният қилиб сафарга чиқдилар. Эл-юртга ниятларининг софлигини, урушга эмас, умрага - ибодатга кетаётганларини билдириш учун эҳром боғлаб, қурбонликка сўядиган ҳайвонларини ҳам олдиларига солиб олдилар. Расулуллоҳнинг хабарлари Қурайшга етиб боргач, улар йўлни тўсиб чиқишди. Бир неча бор элчилар бордикелди қилишди. Мусулмонлар номидан ҳазрати Усмон борган эди, қурайшийлар у кишини тутиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан “Ризвон байъати”ни олдилар. Қурайш Суҳайл ибн Амрни юбориб, сулҳ тузди. Сулҳнинг матни ёзиб бўлингач, Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларга: “Энди туриб, қурбонликни сўйинглар, сочларингизни олдиринглар”, дедилар. Бирор киши қимир этмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги буйруқни уч марта такрорладилар. Яна ҳеч ким жойидан жилмади. Шунда Пайғамбар алайҳиссаломнинг жаҳлилари чиқиб, чодирларига, Умму Салама онамизнинг олдиларига кирдилар ва: “Бу қавм ҳалок бўлади, булардан олдин ўтганлар ҳам ўз пайғамбарларига бўйсунмай ҳалок бўлишган эди”, дедилар. Одамларнинг саркашликларини, адашаётганларини гапириб бердилар.
Умму Салама онамиз у зотни очиқ чеҳра, мулойимлик билан кутиб олган эдилар. Сўзларини хотиржамлик билан тингладилар ва: “Эй Аллоҳнинг Расули, ўзингиз биласиз, саҳобаларингиз Маккаи мукаррамани ниҳоятда севадилар, кўпдан буён зиёрат қила олишгани йўқ. Ҳозир ҳаммалари зиёрат қилишларига тўла ишониб туришган эди, Каъбани тавоф қилмай қайтиш улар учун жуда ҳам оғир. Агар кўзланган ишингизни қилиш зарур бўлса, чиқингда, улардан бирортасига бир оғиз сўз айтмай, атаган туянгизни сўйинг. Сўнгра сартарошингизни чақиринг, сочингизни олсин, ҳаммаси жойига тушади”, дедилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом атаган туяларини ўз қўллари билан сўйдилар. Сўнгра сартарошларини чақирдилар, у сочларини олиб қўйди. Буни кўрган саҳобаи киромлар бирин-ке-тин туриб, қурбонликларини сўйишди, бир-бирларини сочларини ола бошлашди.
Аслини олганда, ҳар бир истаган кишининг ҳур равишда давлат ва сиёсат ишларида иштирок этиши, раҳбарга ўз тажрибасидан келиб чиқиб турли маслаҳатларни бериши, раҳбарларнинг раъият билан шўро-маслаҳат қилиши айнан Пайғамбар соллаллоҳу алай-ҳи васалламнинг замонларида жорий бўлган. Аллоҳ таолонинг Ўзи бевосита бу ишни йўлга қўйишни бошқарган, инсон ақли, тадбири билан бўладиган ишларни ҳал қилишни мусулмонларнингўзларига ҳавола қилган. Давлат раҳбари бўлмиш Пайғамбар алайҳиссаломга эса кишилар билан маслаҳат - шўро қилиб иш тутишни амр этган.

39. Улар ўзларига зулм қилинганида интиқом олувчилардир.
Яъни, Аллоҳнинг ҳузуридаги боқий ва яхши нарсаларга сазовор бўлувчи имонли кишилар яна ғанимлари томонидан ноҳақ тажовуз ва зулм етганида хор-зорликка кўниб ўтирмай, шаън-шарафлари, ватанлари, дин-диёнатлари, ор-номуслари ҳимоясида душманларига муросасиз бўлиб, улар устидан ғолиб кела оладиган, интиқом олишга қодир кишилардир. Ислом дини мусулмонлардан зулмга бўйсунмасликни, рози бўлмасликни талаб қилади. Мусулмонлар доимо зулмга, тажовузкорликка ва зўравонликка қарши туришлари керак. Лекин зулм, тажовузкорлик ва зўравонликни рад қилиш жараёнида ҳам ҳаддан ошиб кетмаслик лозим. Агар динига ва мусулмонларга зиёни бўлмаса, нафсига қилинган ёмонликни афв этиш, кечириб юбориш ҳам мўмин кишининг энг яхши фазилатидандир.
Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматларига энг яхши намунадирлар. Ҳудайбия сулҳи тузилган йили у зотга қасд қилиб Танъим тоғидан тушиб келган саксон кишини афв қилиб юбордилар, ваҳоланки ўшанда қасос олишга қурбилари етарди. У зот ухлаб ётганларида ўлдирмоқчи бўлиб қилич яланғочлаган Ғаврас ибн Ҳориснинг гуноҳини кечиб юборганлар. Хайбар куни бир аёл Набий алайҳиссаломга заҳар берганида, аёл айбини тан олиб турса ҳам қўйиб юборганлар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобалари ҳам бу борада у зотга энг яхши эргашувчилар бўлишган.

40. Ёмонликнинг жазоси ўзига ўхшаш ёмонликдир. Ким афв этиб, тузатса, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. У золимларни асло севмайди.
Ким ёмонлик қилса, ўшанинг мислича ўзи ёмонликка дучор бўлади. Ёки мусулмон кишига бирор ёмонлик етса, буни қилганга худди ўша миқдор ва кўринишда жавоб қайтариши керак бўлади. Ким бир кишининг айбини афв этиб, орани тузатса, ўша банданинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасида бўлади. Ислом динида ҳатто ўзига нисбатан қилинган зулм учун ўч олишда ва ўзини ҳимоя қилишда ҳам адолатли иш тутиш жорий қилинган, чунки Аллоҳ таоло золим кимсаларни асло севмайди.
Бир кишига ёмонлик қилинсаю, аммо ўзи ўч олишга қодир бўлатуриб бундан воз кечса, бағрикенглик билан унинг айбини кечириб юборса, Аллоҳ таолонинг энг улуғ мукофотларига сазовор бўлади. Ибн Касир тафсирида бу гўзал сифатни васф қилган бир неча ҳадиси шарифлар келтирилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким жазолашга қодир бўла-туриб, ғазабини ичига ютса, Аллоҳ таоло унинг ичини омонлик ва имонга тўлдиради. Ким чиройли либос кийишга қодир бўла-туриб (тавозуъ қилиб), уни киймаса, Аллоҳ таоло унга мукаррамлик либосини кийдиради. Ким Аллоҳ учун ўзини виқорли тутса, Аллоҳ унга подшоҳлик тожини кийдиради” (Абу Довуд ривояти); яна бир саҳиҳ ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Уч нарсага қасам ичиб айтаманки, садақа қилиш билан мол камаймайди, афв қилган бандага Аллоҳ фақат азизликни зиёда қилади, ким Аллоҳ учун тавозуъ қилса, У Зот уни кўтаради”; Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким болалари уни ҳурмат қилишларини ва даражалари кўтарилишини яхши кўрса, зулм қилганни афв этсин, бермаганга берсин, юзўгирган билан боғлансин” (Ҳоким ривояти); Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қиёмат келганида бир нидо қилувчи чиқиб: “Одамларни афв қилганлар қаерда? Парвардигорингизнинг ҳузурига келиб, ҳаққингизни олинглар!” деб нидо қилади. Афв қилган ҳар бир мусулмоннинг ҳаққи эса жаннатга киришдир” (Ибн Мурдавайҳ ривояти).
Фақат золим кимсаларгина ўзганинг айбу хатосини кечиришни билишмайди. Бундай золимларни Аллоҳ севмагани учун улар Парвардигорнинг жазосини олишади. Мусулмон киши ҳам фазилат йўлини тутмай, умумий қоидага амал қилиб, золимга ўз ёмонлиги мислида жавоб қайтариш ўрнига ундан ошириб юборса ҳам зулм қилган бўлади. Буни ҳам Аллоҳ яхши кўрмайди ва икки томонни ҳам зулмдан қайтаради. Аллоҳ таоло кенглиги осмонлару Ерча келадиган жаннатларнинг эгаларини васф қилиб, шундай марҳамат этади: “Улар шодликда ҳам, кулфатда ҳам эҳсон ҳилувчи, ғазабларини ютувчи ва одамларни кечирувчилардир. Аллоҳ албатта яхшилик ҳилувчиларни севади” (Оли Имрон, 134).

41. Албатта, ким мазлумликдан сўнг ғолиб бўлса, бундайлар(ни айблаш)га йўл йўқдир.
Яъни, бир киши бошда мазлум эди, шундан кейин унга Аллоҳдан нусрат келиб, у ғолиб бўлди, зулмдан қутулди. Чунки ўзига нисбатан бўлган зулмни қайтариш ҳар бир одамнинг ҳуқуқидир. Ўзининг шаръий ҳуқуқидан фойдаланган одамни айблаш, жазолаш ёки қоралашга эса ҳеч кимнинг ҳаққи бўлмайди, бундайларни айблашга йўл йўқдир. Аслида бировларга зулм қилиб, ҳақсизлик қиладиганларни айблаш лозим.

42. Фақатгина одамларга зулм қиладиган ва Ер юзида ноҳақ ҳаддидан ошадиганлар(ни айблаш)га йўл бордир. Ана ўшаларга аламли азоб бордир.
Фақат одамларга зулм қилиб, Ер юзида ноҳақ тажовузкорлик қи-ладиган, ҳаддидан ошиб, Аллоҳнинг чегараларидан ўтадиган одамларни айблаш ва жазолашга йўл бор, холос. Бундайларнинг зулм қилишларига йўл бермаслик, қўлларидан тутиб, тажовузкорлиқцан қайтариш, айбларини бўйнига қўйиб, муносиб жазолаш керак. Бундай кишилардан уларнинг зулмига яраша қасос олиш керак. Охи-ратда эса Аллоҳ таоло уларга аламли азобни тайёрлаб қўйганига асло шубҳа бўлмаслиги керак.

43. Шубҳасиз, ким сабр қилса, кечириб юборса, албатта бу мақталган ишлардандир.
Яъни, Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтирган, Парвардигорларига итоатгўй бандалар ҳар бир ишда фақат Аллоҳ азза ва жалланинг розилигини кўзлашади. Бошларига келадиган синов-балолар ва мусибатларга чиройли сабр қилишади. Улар яна ўзларига зулм қилган золимлардан интиқом олиш ўрнига уларни бағрикенглик билан кечириб юборишади. Ана шулар Аллоҳ ҳузурида ҳам, бандалар ўртасида ҳам мақталган ишлардандир. Бошқа жуда кўп фазилатлар қатори қийинчилик ва муҳтожликда, мусибат етганида сабр қиладиганлар ҳам яхши инсонлар қаторига киради.
Инсон ожиз мавжудот, бошига сал ғам, ташвиш ё бирор мусибат келса, дарров “оҳ-вой”га тушади, шикоятлар бошлайди, чидамаслик қилади. Ваҳоланки, бошга машаққат ё мусибат келганида сабр қилиш яхшиларнинг сифатларидандир. Мусибат ёки бир бало-офат етганида мўмин киши сабрли бўлиб, Жаноби Ҳақ Ўзи ўргатган истиржоъ дуосини («Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиҳун») айтиши лозим. Агар бу дуодан сўнг «Аллоҳумма ажирни фи мусибати вахлуф ли хайромминҳа» (яъни: «Аллоҳим, менга мусибатимда ажр бер ва унинг ўрнига яхшироғини бергин») дуосини қўшса, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига амал қилган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор-тангизнинг оёқ кийими ипи узилса ҳам, истиржоъ айтсин», де-ганлар. Демак, каттаю кичик ҳар бир кўнгилсиз ҳодисада сабр керак.

44. Аллоҳ кимни йўлдан оздирса, Ундан кейин унга бирор дўст бўлмайди. Золимларнинг азобни кўрган вақтларида: «Қайтишга бирор йўл бормикан?» деяётганларини кўрасиз.
Аллоҳ таоло дунёда бирор кишини ҳақ йўлдан адаштириб, зало-латга кетказиб қўйган бўлса, Аллоҳдан кейин ўша бандага ёрдам берадиган, тўғри йўлни кўрсатадиган бирор дўст ёки мададкор топилмайди. Аллоҳ таолонинг ҳукмини асло қайтариб бўлмайди. Нияти ва табиати бузуқ бандаларни Аллоҳ залолатга учратишни ирода қилган бўлса, иш тугаган, ҳукмлар ўқилган бўлади, энди ўша одамга ҳеч қандай валий - ҳомий ва дўст топиб бўлмайди. Ҳеч ким унга бирор фойда ёки ёрдам бера олмайди. Бундай золим кимсалар бу дунёда залолатда ўтишади.
Уларнинг охиратдаги аҳволлари бундан ҳам фожиали бўлади: улар бошларига азоб келганини кўришганда “Қанийди, ортга қайтишга йўл бўлганида, асло зулм қилмаган, гуноҳларимизга тавба қилиб, ўзимизни оқлаб олган бўлардик!” деб надоматлар чекишади. Ўша шўрлик золимлар бирор илож топиб, охиратдан дунёга қайтишни ва имон келтириб, ибодат қилишни орзу қилишади. Лекин бу асло амалга ошмайдиган орзудир. Улар шундай орзу қилишадию, аммо қиёмат кунидаги ҳолатлари тамоман бошқача бўлади.

45. Уларни хорликдан маъюс бўлган, нигоҳларини қуйи қилиб кўзларини яширган ҳолларида унга кўндаланг қилинаётганларини кўрасиз. Имон келтирганлар: «Албатта, зиён кўрувчилар қиёмат куни ўзларига ва аҳли аёлларига зиён қилганлардир», дейишади. Огоҳ бўлингларки, золимлар мангу азобдадирлар.
Ҳақ йўлдан адашиб, бошқаларга зулм қилиш орқали Ер юзида тажовузкорлик қилиб юрган кимсаларнинг ҳоли қиёмат куни ниҳоятда аянчли бўлади. Улар хорликдан ва оқибатларининг хатаридан маъюс, руҳан эзилган, нигоҳларини ерга қаратиб, кўзларини яширган бир ҳолатда дўзахга рўбарў қилинишади, уларнинг бу ҳолини мўминлар ҳам кўриб туришади. Аллоҳга имон келтириб, Унинг ҳидоятига мушарраф бўлган инсонлар эса, кўзлари очиқ бўлгани сабабли жаннат йўлини кўриб туришади, Унга бориш йўлларини аниқ билишгани учун ҳам унга йўл топишдан адашишмайди.
Дўзахга рўпара қилинганларнинг ҳолатини кўргач, мўминлар “Дунёда зулм ва залолатга ботиб юрганлар охиратда ўзларига ҳам, аҳли-аёллари ва зурриётларига ҳам зиён келтирган бўлишади”, дейишади. Бу дунёда Аллоҳнинг зикридан юз ўгириб, У Зотни унутган, У Зотнинг ибодатга муносиб ягона илоҳ эканини тан олмай юрган нобакор кимсалар қиёматда ана шундай абгор ҳолда тирилтирилиб, хор-зор қилинганича дўзах сари судраб борилади. Улар билишмайдики, дунё ҳаётида Аллоҳнинг тўғри йўлини инкор этиб, Унинг ваҳийларини келтирган пайғамбарларга эргашмай, Аллоҳга итоат ўрнига У Зотга исён ва итоатсизлик қилганлардан ҳам бахтсизроқ бошқа одам топилмай қолади. Шунда Аллоҳтаоло уларга хитоб қилиб айтадики, эй куфр келтирувчи банда, сенга дунё ҳаётида, кўзинг очиқ пайтда имонга далолат қилувчи оятларимиз келган эди. Аммо сен уларни кўриб, кўрмасликка олдинг, уларни назарга илмай, унутдинг. Имонга келиш ўрнига кофирлигингча дунёдан ўтдинг. Дунёда Бизнинг оятларимизни унутганинг учун, бугун сен ҳам унутиласан. Энди гуноҳларинг эвазига сенга фақат дўзах маскан бўлади, сенга ҳеч қандай ёрдамчи бўлмайди, бошинг азоб ва кулфатдан чиқмайди. Бизнинг оятларимизни унутганлар-нинг оқибати охиратда мана шундай аянчли бўлади.

46. Уларга Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган ҳеч қандай дўст бўлмайди. Аллоҳ кимни йўлдан оздирса, унга бирор йўл йўқдир.
Қиёмат куни фақат Аллоҳгина ҳукм қилади, Ундан бошқа ҳеч бир зотнинг ҳукми ёки сўзи ўтмайди. Аллоҳнинг Ўзи ҳукм қилиб, гуноҳкорларни азоблаб турганидан кейин, ким ҳам уларга ёрдам бера олар эди?! Энди ана шу осийлар учун ёрдам берадиган бирор дўст ҳам, ҳолларига ачинадиган бирор меҳрибон яқинлари ҳам бўлмайди. Чунки ўша кунда ҳамма ўзи билан ўзи овора, биров бошқасининг азобини енгиллатишга қодир эмас. Чунки бундай кимсаларни дунёда Аллоҳ тўғри йўлга чақирган пайтда, улар илоҳий даъватга ижобат қилишмади, уни қабул этишмади. Шунинг учун Аллоҳ уларни залолатга кетказиб, ҳақ йўлидан адаштирди. Аллоҳ залолатга кетказган кимса учун ҳамма нарса зиёнга айланган; у Аллоҳнинг азобига учрайди, унга ҳеч ким ёрдам бера олмайди, унинг жонига ора кирадиган бирор дўст ҳам топилмайди.

47. (Эй инсонлар), Аллоҳ томонидан қайтариш бўлмайдиган Кун келмай туриб, Парвардигорингизга ижобат қилинглар! Ўша Куни сизга паноҳ ҳам бўлмайди ва сизларга инкор қилиш ҳам йўқ!
Аллоҳ таоло инсонларга хитоб қилиб айтяптики, «эй бандаларим, Аллоҳ таоло асло қайтармайдиган қиёмат куни келмасдан туриб, вақт ва имконият борида Парвардигорингизнинг даъватига, динига, шариатига ижобат қилинг, буларга имон келтириб, солиҳ амалларни қилинглар. Агар шундай қилмасангиз, ўша куни сизга азоблардан қочишга бирор паноҳ бўлмайди, сизлар бошингизга келган азобни инкор қила ҳам олмайсизлар!”.
Абу Бакр Воситий шундай деган: «Давлат учта бўлади: ҳаётдаги давлат, ўлим пайтидаги давлат ва қиёматдаги давлат. Ҳаётдаги давлат - Аллоҳнинг тоат-ибодатини қилиб яшашдир, Ўлим пайтидагиси эса «Лаа илааҳа иллаллоҳ» калимаси билан жони чиқишидир, ҳақиқий давлат эса қиёмат куни жаннат хушхабари берилишидир».

48. (Эй Муҳаммад), энди улар юз ўгиришса, бас, сизни улар устидан қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ. Сизнинг зиммангизда фақат етказиш бор, холос. Дарҳақиқат, Биз инсонга Ўзимиздан раҳматни тоттирган чоғимизда у билан шодланади, агар уларга ўз қўллари қилган нарсалари туфайли бирор ёмонлик етса, инсон албатта ношукрлик қилади.
Яъни, Аллоҳга ибодат-итоат этиш йўл-йўриқларини пайғамбарлар омонатдорлик билан одамларга етказишган. Аллоҳ таоло турли замонларда пайғамбарлар орқали юборган диний таълимотлар тўплами «рисолат» дейилади. Уни одамларга ўргатиш вазифаси Аллоҳнинг элчилари - пайғамбарлар зиммасига юкланади. Инсоният камолот даражасига етиб борар экан, Аллоҳ таоло уни поғонама-поғона аста-секин тарбиялаб келган. Аллоҳ таоло китоб ва ҳикмат берган ҳар бир пайғамбар ўзидан кейин келадиган навбатдаги пайғамбарни тасдиқлаб келган, унга имон келтирган ва ёрдам берган (яъни, умматини янги шариатни қабул қилиш руҳида тарбиялаган). Барча пайғамбарлар Аллоҳ таоло йўриғида юрган кишиларга бу дунёю у дунёда саодатманд бўлиш башоратини беришган. Аллоҳ таолонинг айтганига кўнмай, ҳавойи нафсга берилиб юрганларга эса, бу дунёда хор-зорликка, у дунёда ҳам азобга йўлиқишларининг хабарини етказишган. Пайғамбарнинг вазифаси - Аллоҳнинг амрини, таълимотларини умматларга етказиш, холос. Уларга одамлар устида қўриқчи бўлиб туриб, айтганини қилишга мажбурлаш вазифаси юклатилмаган. Шунинг учун пайғамбар ўз вазифасини адо этганидан кейин, хотиржам, кўнгли тўқ бўлавериши керак. Одамларнинг муносабатларидан тушкун ҳолга тушмаслиги, озор чекмаслиги ва куюниб, ўзини қийнамаслиги керак.
Аслида, инсон табиатида беқарорлик, саркашлик ва ҳаддидан ошиш хусусиятлари бўлади. У баъзан ўзидан кетиб ғурурга боради, ҳовлиқиб, ҳаддидан ошади. Бошига яхшилик келса ҳам, бало ё мусибат етганида ҳам ўзини тута олмай, шошқалоқлик қилади, сабрсизлик билан ношукрликка ўтади. Ҳолбуки, у ўзига етган ёмонликни зулм сифатида эмас, балки ўзи қилган гуноҳлар туфайли етганини тўғри тушуниши зарур эди. Аслида эса инсон ўзига яхшилик етганда шукр қилиши, ёмонлик етганда сабр этиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб шундай деганлар: «Мўминнинг иши ажойиб, Аллоҳ унга нимани қазо қилса, фақат яхшиликка бўлади. Агар унга мусибат етса, сабр қилади. Бу ўзича яхши. Агар яхшилик етса, шукр қилади - бу ҳам ўзича яхши. Бунақа неъмат мўминдан ўзга ҳеч кимга насиб этмайди».

49. Осмонлару Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳгадир. У хоҳлаган нарсасини яратади. У хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этади ва хоҳлаганига ўғилларни ҳадя этади.
Дарҳақиқат, осмонларда ҳам, Ерда ҳам фақат Аллоҳ таолонинг ҳукми юритилади, ҳукмронлик фақат Унинг Ўзига хосдир. Аллоҳ таоло ана шу осмонларни ҳам, Ерни ҳам, бошқа самовий мавжудотларнию, улар орасидаги барча жонли-жонсиз нарсаларни ҳам ёлғиз Ўзи яратган. Шундай бўлганидан кейин улар устидан ёлғиз Ўзи хоҳлаганича ҳукм юритади. Аллоҳ таолонинг яратишида ҳам Унга ҳеч бир нарса шериклик қила олмайди. У хоҳлаган нарсасини ярата олади, У истаган нарса дарҳол бўлади, хоҳламагани бўлмайди. Нимани хоҳласа, бандаларига беради, хоҳламаса, бермайди. Бандаларини жуфт қилиб яратгач, уларни зурриётли қилиш ҳам Аллоҳ таолонинг Ўз ихтиёрида: хоҳлаганига қиз фарзандларни ато қилади, хоҳлаганига ўғил фарзандларни беради.
Ҳақиқатан, атрофингиздаги одамларнинг ҳолатларига назар солсангиз, бу илоҳий ҳикмат яққол кўринади: бир одамнинг қўша-қўша қизлари бор, аммо бир ўғилга зор. Ўғил бўлишини истаб, ўзини ҳар томонга уради, ҳар кимларга мурожаат қилади, аммо орзуси амалга ошмайди. Бошқа бир кишига эса, Аллоҳ ўғилларни қўша-қўша қилиб берадию, аммо қиз фарзанддан маҳрум қилиб қўйган, унинг ҳам бу йўлдаги барча уринишлари бесамар кетади.
Бу ояти каримада қиз фарзандлар бежизга биринчи зикр этилмаяпти. Исломдан олдинги жоҳилият замонида арабларнинг қабилаларида аёл кишининг ҳақ-ҳуқуқлари топталган, уларнинг қадри ва шаъни ерга урилган. Аёлларни мол-мулк сифатида олди-сотди қилишган, бир-бирларига мерос қилиб қолдиришган. Қиз фарзанд туғилса, ор, мусибат санаб, уларни тириклай ерга кўмишган. Аллоҳ таоло ана шу одатни қоралаб, оятида қизларни биринчи бўлиб зикр этяпти. Айни пайтда қиз фарзандларнинг ҳам улуғ неъмат эканини таъкидлаб, Ўзининг ҳадяси эканини эслатмоқда. Қиз фарзанд кўрганида бунинг шукронасига кўпроқ хурсанд бўлиш, уни яхши парваришлаб, чиройли тарбия қилиш ва зарур тарбияни бериш, хулқини ҳам чиройли қилиб, шарм-ҳаёли, одобли қилиб вояга етказиш, солиҳ куёв топиб турмушга бериш ота-онанинг, васийларнинг энг муҳим вазифаси экани ҳам зикр қилинмоқда.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг учта қизи бўлса-ю, уларни яхши тарбияласа, кийинтириб, едириб-ичириб, меҳр билан ғамхўрлик қилса, ўша кишига албатта жаннат вожиб бўлади”, дедилар. Шунда бир саҳоба: “Эй Аллоҳнинг Расули, агар қизи иккита бўлсачи?” деди. Расулуллоҳ: “Иккита бўлса ҳам”, дедилар” (Бухорий ривояти). Ҳозирги пайтда баъзи эрларнинг хотини қиз туққанида унга таъна қилиб, айблаб-хорлаши жоҳиллиқцан бошқа нарса эмас. Қолаверса, у ушбу исёни билан Аллоҳнинг ҳадясига норозилик қилган, Пайғамбар алайҳиссалом томонларидан қизларини солиҳа қилиб тарбиялаган кишиларга ваъда қилинган улуғ мукофотларни менсимаган бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар сафар қизлари туғилганида жуда хурсанд бўлиб кетар, уларни ниҳоятда яхши кўрар ва “Мен қизларнинг отасиман” дер эдилар.

50. Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб беради ҳамда хоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўяди. Албатта, У билувчидир, қодирдир.
Олдинги ояти каримада Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасига қиз фарзандларни, хоҳлаганига ўғил фарзандларни ато этиши ҳақида сўз борган эди. Ушбу оятда эса, У бандаларига ўғил-қизларни қўша-қўша қилиб бериши зикр этилмоқда, яъни уларни қиздан ҳам, ўғилдан ҳам қисмайди. Аммо Аллоҳ азза ва жалла фақат ўзи била-диган ҳикматига кўра, бир бандасига ўғиллардан ҳам, қизлардан ҳам қўша-қўша қилиб беради. Инсонга ҳамма неъматни, шу жумладан, фарзандларни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Айни шу масалада инсон ўзининг нақадар ожизлигини тўла ҳис этади. Инсон қанча хоҳламасин, қандай тадбирларни қўлламасин, ўз хоҳишига кўра бирон нарсани қила олмайди, ҳамиша Аллоҳ таолонинг мадади ва иноятига муҳтож бўлиб туради.
Худди шу каби баъзи эр-хотинларнинг бирини ёки икковини синаш учун “ақийм”, яъни бепушт, фарзанд кўрмайдиган қилиб қўяди. У Зот баъзи бандаларини қўша-қўша фарзандларни ато қилиб синаса, бошқаларини фарзанд кўролмайдиган қилиб синайди. Бундайлар ўзларини ҳар томонга урсалар ҳам, ялиниб-ёлборсалар ҳам, энг моҳир шифокор-табибларга мурожаат қилсалар ҳам тирноққа зор ўтишади. Бундайлар озчилик бўлиб, Аллоҳ таоло ибрат учун, фарзанд одамларнинг хоҳиши билан эмас, Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан бўлишини кўрсатиш учун уларни шундай қилиб қўйган. Аллоҳ таоло бунинг ҳикматини билувчидир, инсонларга фарзанд ато қилишга ҳам, уларни бу неъматдан қисиб қўйишга ҳам ёлғиз Ўзи қодирдир. Юқоридаги икки оятда зикр қилинган тўрт ҳолат: Аллоҳ таоло хоҳлаганига ўғил, хоҳлаганига қиз, хоҳлаганига эгизакўғиллар, хоҳлаганига эгизак қизлар бериши инсонлар турмушига хосдир. Уларда Аллоҳ таолонинг хоҳиш-истаги, ҳикмати ва иродаси намоён бўлади. Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот мана шу тўрт ҳолатни бошқара олмайди.
Сура бошида ваҳий ва пайғамбарлик масаласи баён қилиб берилган эди, унинг охирига келиб яна шу масалага қайтилади. Қуйидаги оятларда Аллоҳ таоло билан У Ўзига пайғамбар қилиб олган инсон орасидаги алоқа қай тарзда бўлиши баён этилади.

51. Аллоҳнинг инсон билан сўзлашиши бўлмаган. Фақат ваҳий орқали ёки парда ортидан ёхуд элчи юбориб, изни билан хоҳлаган нарсасини ваҳий қилади. Албатта, У Олийдир, ҳикматлидир.
Аллоҳ таоло инсон зоти билан бевосита сўзлашган эмас, чунки бу мумкин бўлмаган нарса. Шунинг учун Аллоҳ таоло билан инсон орасидаги “гаплашиш” билвосита бўлган, яъни бу нарса ваҳий юбориш орқали ёки парда ортидан ёхуд элчи юбориш йўли билан амалга ошган. Аллоҳ таоло билан бевосита гаплашиш муяссар бўлинадиган нарса эмас. Чунки ожиз инсон Аллоҳ билан бевосита мулоқот мақомига дош беролмайди, чидай олмайди. Ушбу ҳақиқатни одам болаларининг улуғи, пайғамбарларнинг афзали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳийни қабул қилиб олиш вақтларидаги ҳолларидан билиб олсак бўлади. У зот ўзларининг юксак мақомларига қарамай, Аллоҳнинг каломини ваҳий воситаси ила қабул қилиб олиш жараёнида қаттиқ терлаб кетар, нафас олишлари тезлашиб, ҳансираб қолар эдилар.
Арабча “ваҳий” сўзи “илҳом, мужда, хабар” маъноларини англатиб, Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбарларига фаришталар орқали аниқ ва равшан қилиб билдирган буйруқ ва кўрсатмаларидир. Баъзи ваҳийлар тушда кўрилган ишорат шаклида ҳам бўлган. Масалан, Иброҳим алайҳиссаломнингтушларида «Ўғлинг Исмоилни қурбонлик қил» деб буюрилгани ҳам ваҳийдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий Жаброил алайҳиссалом орқали нозил бўлгани Қуръони каримда баён қилинган (Нажм, 4-10). Мусо алайҳиссаломга ваҳийлар Аллоҳ таоло билан бевосита гаплашиш орқали ҳам келган. Ваҳий тушиш ҳоллари ҳақида Оиша розияллоҳу анҳо шундай деган: 1. «Пайғамбар алайҳиссаломга ваҳийнинг биринчи келиши - ўнгидан келган тушлари бўлган. Кўрган ҳар бир тушлари уйғоқлик вақтларида ҳам худди тонг ёруғидек келар эди. 2. Фаришта ўзи кўринмай туриб, Пайғамбар қалбларига керакли хабарни етказар эди. 3. Қўнғироқ чалинганидек овоз чиқариб келар эди. 4. Жаброил фаришта Пайғамбарга одам шаклида кўринар эдилар». 5. Фаришта ўзининг асл шаклида кўринади ва ваҳийни етказади. 6. Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга Меърож кечасида намозни фарз қилиш ва шунга ўхшаш баъзи нарсаларни бевосита ваҳий қилган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ҳорис ибн Ҳишом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Сизга ваҳий қандай келади?» деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳёнда худди қўнғироқдек жаранглаб келади, шуниси менга қийин. У кетгандан кейин ҳамма нарсани мен ўзимда сингдириб олган бўламан. Гоҳида эса, фаришта менга одам шаклида келиб, сўзлаб кетади ва унинг айтганларини англаб оламан», дедилар. Оиша: «Дарҳақиқат, совуғи қаттиқ кунда у зотга ваҳий тушганини, у кишидан ажралганда эса, пешоналаридан тер оқаётганини кўрганман», деди» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ваҳий фақат пайғамбарларгагина тушган. Жаброил алайҳиссалом пайғамбарларга ваҳий келтиришга масъул фариштадир. Ваҳий тушган пайтда, агар кунлар совуқ бўлса ҳам, Пайғамбар алайҳиссалом терлаб кетардилар, нафас олишлари тезлашар эди. Саҳобалардан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу шундай дейди: «Менинг соним Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сонларига тегиб турган пайтда ваҳий тушиб қолди, унинг оғирлигидан соним ёрилиб кетай деди». Агар Пайғамбар алайҳиссалом туяда кетаётганларида ваҳий тушиб қолса, оғирликдан туя ҳам юра олмай қолар экан.
“Асбабун-нузул” китобларида зикр қилинишича, яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Агар сен пайғамбар бўлсанг, худди Мусо Аллоҳ билан гаплашиб, Унга қараганидек, Аллоҳ билан гаплашиб, сен ҳам Унга қарамайсанми? Агар шундай қила олмас экансан, Биз сенга имон келтирмаймиз”, дейишди. Расулуллоҳ сол-лаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусо Аллоҳ билан гаплашганида Унга қарамаган (яъни Аллоҳни кўрмаган) эди”, дедилар ва кейин ушбу оят нозил қилинди”.

52. (Эй Муҳаммад), шундай қилиб, амримиз билан сизга Руҳни ваҳий қилдик. Олдин Китоб нима, имон нима, билмас эдингиз. Лекин уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан хоҳлаганимизни ҳидоят қилурмиз. Албатта, сиз тўғри йўлга бошлайсиз;
Ушбу ояти каримадан бошлаб Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзларига хитоб қилиб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий қандай ва нима учун юборилганини яна бир бор баён қилмоқда. Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбарларига, хусусан охирги Расули Муҳаммад алайҳиссаломга фаришта Жаброил алайҳиссалом воситасида ёки бошқа йўллар билан юборадиган диний кўрсатмалари, амр-фармонлари, хабарлари «ваҳий» дейилади. Пайғамбаримиз қирқ ёшга тўлганларида Рамазон ойида илк ваҳий туша бошлаган ва бу йигирма уч йил (ўн уч йил Маккада, ўн йил Мадинада) давом этган. У зот Хиро ғорида ибодат қилиб ўтирганларида Қуръони каримнинг Алақ сурасидаги дастлабки беш оят нозил бўлган. Ваҳийлар солиҳ туш, илоҳий илҳом, фаришта орқали, юзма-юз роз айтишиш, мушоҳадаи жамол каби йўллар билан юборилган. Ваҳийлар Макка ва Мадинада нозил бўлгани учун Қуръон суралари маккий ва маданийга бўлинган.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб айтяптики, аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек, сизга Ўз ихтиёримиз ва амримиз билан инсониятга маънавий руҳ-жон қилиб, Қуръонни нозил қилдик. Бу Китобни сиз ўзингиздан тўқимагансиз, балки у илоҳий ваҳийлар тўпламидир. Биз уни Ўз даргоҳимиздан бандаларга бир нур қилиб юборганмиз. Ўша нур воситасида бандаларимиздан хоҳлаганларимизни жаҳолат зулматидан ҳидоят нурафшонлигига олиб чиқамиз. Сиз, эй Пайғамбарим, Қуръонга амал қилиб ва уни умматингизга илоҳий дастур ўлароқ тақдим этиб, мусулмонларни тўғри йўлга бошлайсиз.
Аллоҳ таоло бу ояти каримада Қуръони каримни - Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали юборган сўнгги Китобини «руҳ», яъни «жон» деб атамоқда. Дарҳақиқат, Қуръони карим инсониятучун маънавий руҳдир. Фақату билангина инсоният маънавий жиҳатдан тирик бўла олади. Қуръон Аллоҳнинг каломидир. Уни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи ваҳий орқали нозил қилган. Кофир ва мушриклар даъво қилаётгандек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни ўзлари тўқиб олган эмаслар. Бундай бўлиши мумкин ҳам эмас эди. Чунки ваҳий келмасидан олдин у зотнинг ўзлари ҳам Китоб нималигини, имон нималигини, ваҳий нималигини билмас эдилар. Бу ҳолат ҳадиси шарифларда баён этилган: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган узун ҳадисда жумладан шундай дейилади: Ҳиро ғорида эканларида у зотга ҳақ келди. Фаришта келиб: «Ўқи!» деди. «Мен ўқигувчи эмасман», дедилар. (У зот) айтдилар: «Шунда мени тутди ва қисиб, қийнаб ҳам қўйди. Кейин қўйиб юбориб: «Ўқи!» деди. «Мен ўқигувчи эмасман», дедим. Сўнг мени иккинчи марта тутди ва қисиб, қийнаб ҳам қўйди. Кейин қўйиб юбориб: «Ўқи!» деди. «Мен ўқигувчи эмасман», дедим. Сўнг мени учинчи марта тутди ва қисди. Кейин қўйиб юбориб: «Яратган Парвардигоринг номи билан ўқи! У инсонни «алақа»дан яратди. Ўқи! Парвардигоринг энг карамлидир», деди» (Бухорий ривояти).

53. осмонлардаги ва Ердаги нарсалар Ўзиники бўлмиш Аллоҳнинг йўлига. Огоҳ бўлингки, ишлар Аллоҳгагина қайтади.
Яъни, «Эй Пайғамбарим, сиз одамларни Қуръон воситасида, уни ҳаётга татбиқ қилдириб, одамларни ҳидоят йўлига, Аллоҳнинг ҳақ йўлига чорлайсиз. Бу йўл осмонлардаги ва Ер юзидаги ҳамма нарсанинг ягона эгаси бўлган, қудратли ва ҳикматли Аллоҳнинг йўлидир. Сиз эса ана шу илоҳий Каломни инсонларга етказиб, унинг воситасида уларни адашув ва хатолардан холи бўлган тўғри йўлга йўллаб қўясиз”.
Эй Муҳаммад уммати, огоҳ бўлингларки, дунё ҳаёти қанчалар ширин ва гўзал кўринмасин, охират дунёси олдида у ҳеч нарсага арзимайди. Дунёдаги барча ишлар - улар солиҳ амаллар ва яхши ишлар бўладими ёки гуноҳ ва хатоликлар бўладими, ҳаммаси Аллоҳнинг ҳузурига қайтади. Қиёмат куни ҳар бир банда дунё ҳаётидаги қилган ишлари учун Парвардигори ҳузурида ҳисобга тортилади, солиҳ амал қилган мўминлар жаннатда, куфр ва ширк эгалари эса дўзахда бўлишади. Бунда уларга ҳеч қандай адолатсизлик қилинмайди, ҳар ким қилмишига яраша мукофот ёки жазо олади.
Убода ибн Сомит - у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Бадр жангида қатнашган, у зотнинг Ақаба кечасида бўлган саҳобаларидан - шундай хабар қилди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларида бир гуруҳ саҳобалари турганда шундай дедилар: «Келинглар, Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмасликка, ўғрилик қилмасликка, зино қилмасликка, фарзандларингизни ўлдирмасликка, ичингиздан бўҳтон тўқимасликка ҳамда маъруф ишда менга осий бўлмасликка менга байъат, яъни ваъда беринглар. Сизлардан ким вафо қилса, ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Ким булардан бирортасини қилиб қўйса-ю, дунёда жазосини олган бўлса, бу унинг учун каффоратдир. Ким булардан бирортасини қилиб қўйса-ю, Аллоҳ уни беркитган бўлса, иши Аллоҳга ҳавола: хоҳласа, уни жазолайди, хоҳласа, афв қилади». Мен ҳам мана шунга байъат бердим» (Бухорий ривояти).

Орқага Олдинга