loader

075. Қиёмат сураси

(Маккий сура, 40 оятдан иборат)

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

[1] Қиёмат куни билан қасам.

[2] Ва маломатчи нафс билан қасам.
Аллоҳ азза ва жалланинг мазкур ояти маъноси борасида ихтилоф қилинган. Баъзилар Аллоҳ таоло «қиёмат куни» билан қасам ичган, «маломатчи нафс»(Доимо маломат қиладиган нафс - киши.) билан қасам ичмаган, деганлар. Бу қавл Ҳасан (Басрий)дан ривоят қилинган. Шунга кўра, мазкур оятлар «қиёмат куни билан қасам ичаман. Маломатчи нафс билан эса қасам ичмайман», деган маънони англатади. Лекин Ҳасан Басрийдан ривоят қилинишича, у Аллоҳ таолонинг:
«Мана шу шаҳар билан қасам. Сиз муқим турган бу шаҳарла. Ва волид (ота) ва ундан тарқаган валадлар (болалар) билан қасам» (Балад сураси, 1-3-оятлар) ояти борасида «Шаҳар билан, ота, яъни Одам алайҳиссалом ва «боласи», яъни жумла фарзандлари билан(Мужоҳид, Қатода, Заҳҳок ҳамда Ҳасан Басрий таъкидлашларича, Балад сурасининг 3-оятидаги «ота»дан мурод, Одам алайҳиссалом, «болалар»дан мурод, у зотнинг барча фарзандлари, яъни бутун башар аҳлидир (Куртубий. «Ал-Жомиъ ли аукамил Қуръон». - 20-жуз. - 61-бет).) қасам ичилган», деган.
Ота ва фарзандларнинг барчаси билан қасам ичиш мумкин экан, фарзандларнинг замирига маломатчи нафс ҳам киради. Шундай экан, Ҳасан (Басрий) наздида маломатчи нафс билан ҳам қасам ичиш мумкин ва уни рад этишнинг ҳеч қандай маъноси йўқдир.
Аллоҳ азза ва жалланинг) [лаа уқсиму] оятидаги [лаа] сўзининг ўрни ва таъвили борасида [ал-кабаду] сўзи иштирок этган    [лаа уқсиму биҳазал балади] сурасида ҳам зикр қилинади.
Баъзилар ҳар иккиси (қиёмат куни ва маломатчи нафс) билан ҳам қасам ичилган, деганлар. Зеро, Аллоҳ таоло махлуқотларидан истагани билан қасам ичишга ҳақлидир.
Баъзи таъвил олимлари мазкур оятдаги қасам маъносини Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига боғлаганлар ва уни қасамнинг ўрни деб билганлар:
(Кофир) Инсон Бизни, унинг суякларини жамлай олмас. деб ўйларми?! (Қиёмат сураси, 3-оят)(Яъни Аллоҳ таоло қиёматга қасам ичиб, қиёматда суяклар жамланиб, қайта тирилиш бўлади деган мазмун келиб чиқади.).
Шундай бўлса, қуйидагича эътироз билдиришлари мумкин: «Қайта тирилтиришни ва суякларнинг жамланишини Аллох таоло қандай қилиб қиёматга қасам ичиш орқали таъкидлайди? Ахир, бу оят билан қаршисига ҳужжат келтирилаётган (мушрик) қавм қиёмат кунини инкор қилган-ку! Аллоҳ таоло гўё рад этилаётган нарса билан қасам ичаётгандек бўлиб қолади.
Бунга икки хил жавоб берилади:
Биринчиси, қасамнинг маъноси қайта тирилишни тақозо қиладиган ҳикматга йўйилади. Чунки биз бир неча ўринда «бу оламнинг яратилиши қайта тирилиш ҳикматига асосланади» деб баён қилдик. Ҳақиқатда ҳам, қайта тирилиш бўлмаса, оламнинг яратилиши беҳуда ва ботил бўлиб қолади. Бунга Аллох таолонинг қуйидаги ояти далолат қилади:
«Наҳотки Бизнинг сизни яратишимиз беҳуда бўлган ва сиз Бизга қайтарилмассиз, деб ҳисобласангиз?!» (Муъминун сураси, 115-оят). МазкуроятдаАллоҳтаологўё: «Қиёматнинг шундай бўлишига чақирувчи ҳикматим билан қасам ичаман», демокда.
Иккинчиси, аслида, чуқур тафаккур ва теран назар юритилса, қайта тирилиш бор деб айтишга ундайдиган ҳужжат ва далиллар билан қасам ичилаётган бўлиши ҳам мумкин. Тафаккур юритишнинг эҳтимоли бор экан, қиёмат кунига ҳам, маломатчи нафсга ҳам қасам ичиш дуруст бўлади. Чунки маломатчи нафс борасида тафаккур юритиш ва унга эътибор қаратиш қайта тирилиш ҳақ эканини тасдиқлашга олиб боради.
Одатда қасам (инсон) қалбида улуғ саналган нарсаларга ичилади. Шундан қалбларда қадри улуғ ва улкан аҳамиятли бўлга: нарсалар билан қасам ичиш одати жорий бўлган. Нарсаларнинг аҳамияти улканлиги икки жиҳат билан бўлади: биринчиси, ўта манфаатли бўлгани учун унинг аҳамияти маълум ва машҳур бўлади; иккинчиси, (очиқ) далил ва хабарлар билан ўта аҳамиятли экани маълум бўлади.
Осмонлар ва Ерни олинг. Одамлар улардан кўп фойдаланганликлари сабабли уларнинг қадрини кўриб биладилар. У иккисининг улкан қадрини улардан кўп фойдаланганлари сабабли ўз кўзлари билан кўриб-билганлар. Қиёмат кунининг улуғлиги унинг қалблардаги аҳамиятига боғликдир. Унинг ҳақлиги далиллар ва ҳужжатлар билан собит бўлади. Биз қайд қилдикки, Аллоҳ таоло борлиги маълум ва эътироф этиш вожиб бўлган нарсаларни таъкидлаш учун нарсалар билан қасам ичди. Қасам ичилмаса, улар ҳақида теран фикр юритилмас эди. Шу боис улар билан қасам ичиш тўғридир. Валлоҳу аълам!
Маломатчи нафс (кимлиги) борасида ихтилоф қилинган. Баъзилар: «Маломатчи нафс кофирнинг нафси бўлиб, рўзғордаги торлик сабабли Раббисини дунёда доимо маломат қилади. Аллоҳ таолонинг неъматлари ва хайр-эҳсони кўп бўлишига қарамай, у фақирлик ва рўзғордаги қийинчиликдан Раббисига шикоят қилади», деганлар.
Баъзилар унинг таъвилини ҳар қандай мўмин ва кофир нафсга боғлаганлар. У ўзидан бошқасини қандайдир нарсаларни олгани учун маломат қилади. Ҳолбуки, унинг ўзи ҳам у каби нарсаларни олган ва у билан имтиҳон қилинган бўлади, дейдилар. Аслида, ҳеч ким инисини у қилаётган иш билан маломат қилмаслиги керак. Зеро, ўзи ҳам ўша феълнинг айни ёки унга ўхшашини, албатта, қилади. Лекин у нафс ҳам худди бошқа нафслар каби маломатчи қилиб яратилган. Аллоҳ таоло бундай деган:
«Дарҳақиқат, инсон бетоқат қилиб яратилгандир. Қачонки, унга ёмонлик (камбағаллик ёки мусибат) етса, у ўта бесабрлик қилувчидир» (Маориж сураси, 19-20-оятлар).
Баъзилар таъкидлашича, бу охиратда бўлади. Кофир азобга, ўзига етадиган Аллоҳ таолонинг жазосига амин бўлганида, Аллоҳнинг ҳақларида йўл қўйган камчиликларига надомат қилади ва уни қаттиқ ҳасрат чулғайди. Айни шу вақтда, нафси уни маломат қилади.
Мўмин мукофотни кўзи билан кўрганида, нафсини «маъсиятдан тийилиб, тавба қилиб, меҳробда узоқ турганида», деб маломат қилади. Худди шунингдек, тоат-ибодатли инсонларнинг охирати гўзал бўлганини кўрса, навқирон ёшлик ва куч-қувватга тўла даврида ўзидан ўтган камчилик сабабли нафсини маломат қилиб: «Мўл-кўл савоб бўлиши учун нимага кўп амал қилмадим-а?» дейди.
Баъзилар эса охиратда фақат кофирларнинг нафси маломат қилади, деганлар. Бу энг тўғри қарашдир. Зеро, мусулмон ажру мукофотлар билан сийланса, унинг буларга шукри нафсни маломатдан чалғитади ва унга фурсати қолмайди. Чунки Аллох таоло уни бир неча баробар гўзал ҳасанотлар билан сийлайди ва амали билан ҳақли бўлган даражадан зиёдасини фазлу карами ила унга беради. Шундай экан, амалида қусурга йўл қўйгани учун у нафсини қандай маломат қилсин? Ахир, икромларнинг барчасига ўз амали билан эмас, Аллоҳнинг фазлу карами билан эришганини билади-ку! Валлоҳу аълам!

[3] Инсон Бизни унинг суякларини жамлаб олмас, деб ўиларми?

[4] Албатта, Биз унинг бармоқ учларини ҳам тиклашга қодирмиз.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Инсон... деб ўйларми?» иборас савол бўлиб кўринса-да, аслида савол эмас. Балки у инсондаги гумонни рўёбга чиқаришдир.
Инсонни гумон қилишга ундаган нарса ушбу ҳолат бўлнши мумкинки, «(илоҳий) Қудрат майдаланган ва йўқ бўлиб кетпн суякларни (яна пайдо этиб,) бир-бирига бириктириб, уларни жамлай олармиди...» Инсоннинг бундай гумони Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти билан бартараф этилади:
«Сиз: «Уларни илк марта йўқдан бор қилган Зот тирилтирур ва у ҳар бир яратилган нарсани яхши билгувчидир», деб айтинг» (Ёсин сураси, 79-оят).
Ким илк пайдо қилиниш ҳақида тафаккур юритса, Қудрат чириган суякларни жамлай олади ва (йўқдан) пайдо қилишга қодир бўлган Зот суяклари тарқалиб (йўқ бўлиб) кетганидан кейин ҳам уни яна жамлашга қодир деб билади.
Инсон: «Суяклар бир-биридан ажратилганидан кейин қайта жамланмайди», деб гумон қилган бўлиши мумкин. Чунки суяклар ҳар томонга сочилиб кетганидан кейин, яна қайта жамланадиган бўлса, яхлит турган у нарса бир-биридан ажратилмаган бўлар эди. Қаранг, киши қурган уйини қандай бўлса, ўшандай қайта тиклаш учун бузмайди. Мабодо кимдир бунга қўл урса, уни беҳудага бузган бўлади ва оқил ҳисобланмайди.
Ушбу маъно инсонни гумонга етаклаган бўлса, унга бундай деб жавоб берилади: «Дастлабки яратиш имтиҳон ва синов учун бўлган. Суяклар сочилиб кетганидан сўнг уларни қайтадан бир жойга жамлаш эса, (итоатсизларга) жазо ва (итоатлиларга) мукофот учун бўлади. Иккинчи жамлаш, яъни қайта тирилтириш дастлабки пайдо қилишдан бошқа мақсадда бўлса, у тўғри (ва ҳикматга асосланган) бўлади. Бордию иккинчи яратиш билан дастлабки пайдо қилишнинг мақсади ва сабаби бир бўлса, ҳикмат йўққа чиқади. Чунончи, бир киши қандайдир мақсадда қурган уйини бузиб, яна бир бошқа мақсадда уни қайта қурса, эътироз билдирилмайди.
Биз қайд қилган сўзларда ботинийларга раддия бор. Чунки улар жасад титилиб, йўқ бўлиб кетади ва қайта тирилтирилмайди. Қайта тирилиш руҳоний нафсга тегишли бўлади, деганлар. (Фаразан) улар ўйлагандек бўлса, Аллоҳ таолонинг: «(Кофир) инсон Бизни унинг суякларини жамлай олмас, деб ўйларми?» оятида ҳеч қандай маъно қолмайди. Чунки уларнинг сўзларига кўра, суяк чириганидан кейин қайта жамланмайди. Демак, иш (ўша) инсон ўйлагандек бўлиб чиқади. У ҳолда унга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти билан жавоб беришнинг ҳеч қандай маъноси қолмайди: «Ҳа, Биз унинг бармоқ учларини ҳам асл ҳолига келтиришга қодирмиз». Суяклар сочилиб кетганидан кейин яна жамланишини инкор этишга ундаган нарса бу (жамланиш)нинг воқеликда борлигини кўрмаганидир. Бордию иш ботинийлар ўйлаганидек бўлса, воқеликда руҳоний нафс вафот этганидан кейин қайта тирилтирилган тарзда топилса, (уларнинг) инкори асосли бўлади. (Бу асло мумкин эмас. чунки) Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
«Сиз: «Уларни илк марта йўқдан бор қилган Зот тирилтирур ва у ҳар бир яратилган нарсани яхши билгувчидир». деб айтинг» (Ёсин сураси, 79-оятп). Мазкур оятда Аллоҳ таолс дастлаб яратилган нафсларнинг айни ўзи қайта тирилтирилишини айтмоқда.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Ҳа, Биз унинг бармоқ учларинн ҳам асл ҳолига келтиришга қодирмиз» ояти таъвилида ихтилофлар бор. Баъзилар ушбу оятни янги гап деб, унда Аллох азза ва жалланинг: «(Кофир) инсон Бизни унинг суякларинн жамлай олмас, деб ўйларми?» оятидан кўзланган маънога жавоб йўқ, деб ўйлашган.
Яна баъзилар оятдаги [балаа] - «Ҳа» сўзи ўзидан олдинги «(Кофир) инсон Бизни унинг суякларини жамлай олмас, деб ўйларми?» оятига жавоб деганлар. Аллоҳ таоло аввал ўтган далиллар ва қайта тирилишга алоқадор ҳужжатларга кўра, «Ха» деган сўзнинг ўзи билан чекланди. Демак, «Ҳа» деган сўзнинг васл (аввалги жумлага боғлиқ) эканига биноан, юқорида ўттан далолатлар билан кифояланди.
Баъзилар Аллоҳ таолонинг: «Ҳа, Биз унинг бармоқ учларини ҳам асл ҳолига келтиришга қодирмиз» оятини ундан олдинги оят(Яъни Аллоҳ таоло қиёматга қасам ичиб, қиёматда суяклар жамланиб, қайта тирилиш бўлади деган мазмун келиб чиқади.) (саволи)га жавоб қилганлар.    [тасвиятул банаан] иборасининг маъноси «туя ва чорваларнинг туёқлари каби ажралмаган бир суяк шаклида яратиш» деб тушунилган. Чунки (маккаликлар) чорва ҳайвонларида тасвия (яхлит туёқ) мавжудлигини кўрганлар ва бу билан Аллоҳ таоло [тас-виятул банаан] - «бармоқларни яхлит шаклда қилиш»га қодир деб иқрор қилганлар. Шундай экан, [тасвиятул банаан] «бармоқларни яхлит шаклда қилиш»га нисбатан тарқоқ суякларни бир жойга жамлаш аниқроқ ва амалий жиҳатдан енгилрокдир. Зеро, бир киши воқеликда тарқоқ нарсаларни (бир-бирига) бириктиришга ва жамлашга қурби етадию, лекин аил [тасвиятул банаан] - «бармоқларни яхлит шаклда қилиш»га ожизлик қилади. Тарқоқ суякларни жамлашдан кўра, «тасвия»нинг юзага келиши қийин бўлса, бунинг устига улар Аллоҳ таолони «тасвиятул банаан»га қодир деб сифатлаб, (энди) қандай қилиб яратган Зотнинг тарқоқ суякларни жамлашга қодирлигини инкор қиладилар? Аллоҳ таоло золим кимсалар айтган (бундай) нарсалардан покдир!
Баъзилар: «Аллоҳ таоло инсонлар олиш, бериш, такдим қилиш, кечиктириш, қўлни очиш, юмиш ва бармоқларга хос бўлган манфаатларга, жумладан, чорва ҳайвонларини бўйсундириш кабиларга эришиш учун уларнинг бармоқлари орасини бирлаштирмади, (балки) ҳайвонларнинг туёқларини бирлаштирди(Бу ерда гап инсонлар билан ҳайвонларнинг қўл-оёқ ва туёкдарининг бир хил эмаслиги борасида кетмокда. Инсонларга бунча инъом ва имкониятни беришдан мақсад уларни синаш ва қиёматда шунга яраша ҳисоб-китоб қилиниши белгиланган.). Аллоҳ таоло чорвалар билан инсонлар орасини (бу тарзда) фарқлаш орқали қуйидагиларни билдирди: «Инсониятни имтиҳон қилиш мақсад қилинган. Аллоҳ таоло уларга (бирор нарсани) буюрмай ва уларни (бирор нарсадан) қайтармай, уларга берган инъомларига шукр келтиришларини талаб қилмай, ўз ҳолларига ташлаб қўйиши мумкин эмас. (Буйруқларга) Баъзилар бўйсунди ва баъзилар осийлик қилди. Демак, жазо (ёки мукофот) учун охират ҳовлиси бўлиши лозим», деганлар.
Бу борада фикр юритиш инсонни қайта тирилиш ва жазо борлигини қабул қилишга ундайди. Дастлаб (инсоният) яхлит шаклда яратилган, қайта тирилтирилганда эса сочилиб кетган суяклар яна жамланади. Ақл (ўз навбатида) қайта тирилишни дастлабки яхлит шаклда яратишдан кўра осонроқ эканини исботлайди. Дастлабки шаклда суякларни яратиш қийин бўлмаган Зотга қайта тирилтиришда сочилган суякларни жамлаш қандай ҳам қийин бўлсин, ваҳоланки, У дастлабки яратишда суякларни жамлаган-ку? Инсонлар бармоқлари яхлит қилиб яратилмаган экан, улар бунда ҳикмат борлигини англашлари керак. (Яна шуни ҳам ҳисобга олиш керакки) Мабодо улар (мушриклар) ўйлагандек қайта тирилиш бўлмаса, инсониятнинг яратилиши ҳикматсиз бўлиб қолади. Зикр қилинган нарсаларда қайта тирилишни асослаш ва Аллоҳ таоло майдаланиб, сочилиб кетган суякларни жамлашга қодир деб айтиш(га далил) бордир. Валлоҳу аълам!

[5] Балки инсон келажакда фисқу фужур қилишни хоҳлайдир.
Муфассирлар оят таъвилида: «(Инсон) гуноҳни қилиб, тавбани кечиктиради. Инсон ўзига-ўзи: «Яқинда тавба қилиб оламанда», дейдию, лекин маъсият ботқоғида турганида ажали келади (ва тавба қилишга улгурмайди)», деганлар.
Биз ушбу оятни икки кўринишда таъвил қиламиз: биринчиси, мазкур оятдаги «ирода» сўзи «феъл» (бажариш)дан киноя бўлиб, ўзининг ҳақиқий маъносида қўлланмаган. Лекин ким бир ишни қилса, у ўз иродаси ва ихтиёри билан қилган бўлади. Демак, оятдаги «ирода» сўзи «феъл»дан киноядир. Зеро, «ирода» воқеликда «феъл» билан ҳамоҳанг, яқин юзага келади. Шу боис оятдаги «ирода» сўзидан «феъл» тушунилган. Бу маънони Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти тасдиқлайди:
«Биз осмону Ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни беҳуда яратганимиз йўқ. Бу куфр келтирганларнинг гумонидир» (Сод сураси, 27-оят). Кофирлардан бирортаси Ер ва осмонлар беҳуда яратилган, демаган. Бироқ у иккисининг яратилиши қайта тирилиш, жазо (ва мукофот) ҳикматига асосланади. Қайта тирилиш борасидаги сўзни қабул қилмасликда Еру осмонлар беҳуда яратилган, деб васфлаш бордир ва шу (инсонни гумон)га олиб боради. Демак, кофирлар гўё: «Еру осмон беҳудага яратилган», дедилар ва шундай гумон қилдилар. Шунга биноан (оятда кофирлар ўйлаган) иш, аслида улар қилмаган бўлсаларда гумон (маъноси)га бурилди. Худди шунингдек, фожирлар феъли каби ишга қўл уришса ва уларнинг феъллари ирода ҳамда ихтиёрга асосланган бўлса, гўё улар келажакда гуноҳ қилишни хоҳлаган бўладилар. Лекин ҳали улардан ирода ва қасд рўёбга чиқмаган бўлади.
Иккинчиси, оятдаги «ирода» сўзи ҳақиқий маънода қўлланилган бўлиши мумкин. Бундай бўлишига сабаб шуки, ёмон ва гуноҳ ишлар учун йўллар бор. Ким уларни тутса, йўллари уни фожирлик номига ҳақли қилади. Киши у йўлни тутиши билан гуноҳ ва турли ёмонликка қўл уради ҳамда шу жиҳатдан ирода қилувчи бўлади. Шунингдек, яхшилик ва ҳидоят учун ҳам йўллар бор. Ким уларни тутса, кишини тақволи ва солиҳ сифатига ҳақли қилади.
Аллоҳ азза ва жалланинг «келажакда» сўзининг икки хил таъвили бор: биринчиси, «қолган умрида» деган маънони англатади. Чунки (кофир) ҳидоятни излаш ва тўғри йўлни талаб қилишни тарк этиб, нафси ўрганган залолат ҳамда разолат йўлида юришда давом этади. Иккинчиси шуки, оятдаги «келажакда» сўзи «қиёмат куни» деган маънони англатиши мумкин. Аллоҳ таоло оятда бундай деган:
«Ортларидаги оғир Кунни (қиёматни) эса қўюрлар» (Инсон сураси, 27-оят). Аллоҳ таоло қиёмат кунини [ал-амаам] - «олди» ва [ал-вароа] - «орқа» исмлари билан атади. Аллоҳ таолонинг [ал-вароа] сўзи «ўтган вақтларнинг орқаси» деган
маънони англатади. Демак, қиёмат куни ўтган вақтларга изофа бўлиш эътиборидан, вақтларнинг орқасида, осийга нисбатан эса, олди томонида бўлади. Чунки қиёмат куни гуноҳкорнинг келажагида юз беради. Шунинг учун ҳам қиёмат кунини [ал-амаам] ва [ал-вароа] сўзлари билан васфлаш тўғридир.
Келажакда фожирлик (исён) қилишни хоҳлаган инсон кофир бўлсада, Аллоҳ таоло фужур (фаҳш иш)ни айтиб, куфрни зикр қилмади. Чунки фужур атамаси айблаш ва таҳқирлаш маъноларида ишлатилади. Зеро, у сўз таҳқирлаш учун хосдир. «Кофир» сўзида таҳқирлаш маъноси йўқ. Чунки киши мўмин бўлсин. кофир бўлсин, у қайсидир нарсага мўмин ва қайсидир нарсага кофир бўлади. Демак, кофир киши ўзининг (кофир) исми эътиборидан жирканч кишига айланмайди, балки унинг маъносида қабиҳлик бордир. Демак, «фужур» сўзида «куфр» сўзига нисбатан таҳқирлаш маъноси кучлироқдир. Шу эътибордан Аллоҳ таоло (мазкур оятда кофирни) у (фожир сўзи) билан номлади. Валлоҳу аьлам!
Абу Бакр (Асом) Аллоҳнинг: «Балки инсон келгусида фужур қилишни истайдир» ояти қуйидаги маънони англатади деган: «Улар қиёмат кунини кўз билан кўришни ва у қачон юз бериши ҳақида маълумотга эга бўлишни хоҳлайдилар». Бу оятнинг тафсири ундан кейинги: «Қиёмат куни қачон ўзи?» - деб сўрайди» (Қиёмат сураси, 6-оят) оятидир. Киши ўзининг «Качон у?» деган саволи билан у (қиёмат куни қачон юз бериши)ни билишни хоҳлайди. Аллоҳ таоло: «Қачонки кўз даҳшатда лол қолса. Ва ой тутилса» (Қиёмат сураси, 7-8-оятлар) қиёмат қоим бўлади деб хабар берди. Валлоҳу аълам!

[6] У: «Қиёмат куни қачон?» деб сўрайди.
У (кофир)нинг бу саволи қайсарлик ва истеҳзодир. Олдин қайд қилганимиздек, қиёмат вақтини билишда қўрқитиш ва қизиқтириш маънолари йўқ. Лекин ўша кунда юз берадиган ҳодисаларни зикр қилишда қўрқитиш ва қизиқтириш маънолари бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло ўша кунда бўладиган ҳолатларни зикр қилиб, ўша вақт қачон бўлиши ҳақида хабар бермади. Зеро, унинг вақтини билишда кўп фойда йўқ. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар каби эмас, балки ҳикматли инсонлардек жавоб берганлар.

[7] Қачонки кўз даҳшатда лол қолса,
(Унинг таъвили борасида:) «даҳшатга солиниб, ҳайратланса», дейилган. Шундан кейин бу оят таъвилида ихтилофлар кўпайган. Баъзилар мазкур оятни ўлим вақтидаги талваса билан изоҳласалар, яна баъзилар қиёмат кунида юз берадиган (даҳшатли) ҳолатлар билан шарҳлаганлар. Умуман олиб қаралса, мазкур икки таъвил ҳам тўғридир. Чунки қайта тирилишни инкор қилаётган шахс бошига Аллоҳ таолонинг жазоси тушиб, кулфатларга дуч келса, қайта тирилишга амин бўлади ва уни ҳақ деб билади.
Мазкур оятдан ўлим талвасаси ирода қилинса, Аллоҳ азза ва жалланинг: «Қачонки кўз даҳшатда лол қолса. Ва ой тутилса. Ва қуёш билан ой жамланса» ояти ҳақиқий маънода эмас, мажозий маънода бўлади. Чунки унинг кўзи даҳшатга ва саросимага тушиб қолса, зоҳирий (юздаги кўз) ва ботиний (қалб) кўзларидан фойдалана олмайди ва ой нурини илғамай қолади. Унинг нигоҳида гўё ой тутилган, қуёш билан ой яхлит шаклга ўхшаб қолади. (Бу ҳолатда) у қуёш нурини ҳам, ой нурини ҳам илғай олмайди. (Улим ҳолатида инсон) турли синов ва даҳшатлар билан машғул бўлиб қолгани учун унга кундуз бамисоли тун, тун эса бамисоли кундуз сифатида кўринади.
Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис далолат қилади: «Дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг жаннатидир». Охират эса мўминнинг жаннати, кофирнинг зиндонидир. Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ таолога йўлиҳишни яхши кўрса, Аллох ҳам у билан учрашишни яхши кўради. Ким Аллоҳ таолога йўлиҳишни ёмон кўрса, Аллоҳ ҳам у билан учрашишни ёмон кўради» деганлар. Бу икки хабарнинг таъвилини ҳам ўлим ҳолатига бурганлар. Бунга сабаб шуки, кофир кимса ваъда қилинган даҳшатли ва шиддатли нарсаларга ўлим вақтида дуч келади ва ўша шиддатларга ва қўрқувларга дуч келмаслик учун руҳи жасадидан чиқмаслигини хоҳлайди. Айни шу вазиятда дунё унга асло айрилишни истамагани - жаннат каби бўлади. Мўмин инсон ваъда қилинган хушхабар ва кароматларни кўзи билан кўрганида, ўзи учун тайёрлаб қўйилган нарсаларга эришиш учун дунёдан тезроқ риҳлат қилишга ошиқади. Айни шу пайтда дунё унга бамисоли зиндон каби бўлади. Буларнинг барчаси биз қайд қилганимиздек, зарбулмасалдир. Бордию хабарда айтилган нарсалар қиёматга тааллуқли бўлса, ҳақиқатда ой тутилиб. қуёш билан жамланган бўлади.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Кўз даҳшатда лол қолса» ояти борасида баъзилар бундай деган: «Қиёмат куни кўзлар чакирувчи томонга диққат билан боқади, чақирувчига эса (инсон кўзлари жуда синчковлик ила қарайди». Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига ўхшайди: «...кўзлар диққат билан боқадиган кун учун...» (Иброҳим сураси, 42-оят). Чунки у ўз бошига келган жазо Аллоҳ таолонинг дунёдаги чақириқларга жавоб бермагани учун эканини тушуниб етади. Бундай инсонлар қиёмат куни жарчининг чақириғига биринчилардан бўлиб «Лаббай деб жавоб бериш учун унга диққат билан қарашга шошилади

[8] Ва ой тутилса.
Яъни (ойнинг) нури ва ёғдуси кетса. Бу оятда ўша кунда оламнинг ўзгартирилиши баён этилмоқда. Бунга қуйидаги оятлар ҳам далолат қилади:
«Ер бошқа ерга ва осмонлар ҳам бошқа осмонларга алмаштириладиган...Кунда» (Иброҳим сураси, 48-оят).
«Тоғларни юргизадиган ва ерни яп-яланғоч кўрадиган кунда» (Каҳф сураси, 47-оят).
«Бас: «Раббим уларни мутлақо совуриб юборажак. Сўнг уларни теп-текис ҳолга келтирур» (Тоҳо сураси, 105-106-оятлар).

[9] Ва қуёш билан ой жамланса.
Оятда «иккисининг султонлиги кетиб, ўз вазифаларини адо этолмай қолади» деган маъно бор. Баъзи инсонлар қуёш билан ой бир-бирига яқин икки туя ёки икки ҳўкиз каби жамланади ва дўзахга иккиси улоқтирилади ҳамда у билан азобланади, деб талқин қилганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу таъвилни рад этиб, у иккисини ҳам Аллоҳ таолога итоатли махлуқ деб, қуйидаги оятни далил қилган:
«(У) доимо фаолият кўрсатиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизларга бўйсундирди» (Иброҳим сураси, 33-оят). У иккиси Аллоҳ таолонинг тоатида бардавом бўлади. Бундай сифатга эга махлуқотлар азобланиши мумкин эмас. Бизнинг фикримизга кўра, иккиси дўзахга ташланган такдирда ҳам, у иккиси билан бошқа (мушрик)ларга азоб берилади. Чунки улар Аллоҳ таолони қўйиб, қуёш билан ойга ибодат қилдилар. Бунга Аллох таолонинг қуйидаги ояти далил бўлади:
«(Эй мушриклар,) сизлар ва Аллоҳни қўйиб сиғинаётган (бут) ларингиз ҳам жаҳаннам ўтинларидир» (Анбиё сураси, 98-оят). Маълумки, Аллоҳ таолодан ўзга ибодат қилинган бут-санамлар дўзах азобига гирифтор бўлмайди. Лекин уларга ибодат қилганларга азоб бериш мақсадида бут-санамлар жаҳаннам ўтини қилинади.
Аллоҳ таоло бундай деган:
«Биз фақат фаришталарни дўзах эгалари (қўриқчилари) қилдик» (Муддассир сураси, 31-оят). Фаришталарнинг азобланишлари мумкин эмас, балки улар азобловчидирлар. Шунга кўра, қуёш билан ой дўзахга ташланиши аниқ бўлса ҳам, у иккисига ибодат қилганлар улар билан азобланишлари учун улоктирилади ва у иккиси азобланмайди. Валлоҳу аълам!

[10] Ўшал кунда инсон: «Қочар жой қайда?» деб қолар.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Қочар жой қайда?» жумлас?: ҳийла излаш, яъни Аллоҳ таолонинг жазоси ва азобидан халос бўлиш учун кимга мурожаат қиламан ва қочиш учун қандай ҳийла ишлатаман, деган маънода бўлади.
Аллоҳ таолонинг: «Қочар жой қайда?» сўзи қуйидаги маънсони ифодалаши ҳам мумкин: «У қутулиши имконсиз эканига амин бўлгач: «Бошимга тушган нарсадан қочишга жой йўқ», деб айтади.
Демак, Аллоҳ азза ва жалланинг: «Ўшал кунда инсон, қочар жой қайда? деб қолар» оятидаги «қочар жой қайда?» жумласи: «Бошимга тушган нарсадан қочишга жой йўқ» ёки «Азобдан халос бўлиш учун қаерга қочаман ва кимга мурожаат қиламан?» каби маъноларни ифодалаши мумкин: Валлоҳу аълам!

[11] Йўқ! Қочадиган жой йўқ!
Аҳли таъвил [ал-вазару] сўзи ҳимяр лаҳжасида «тоғ» деган маънони англатади, деганлар. Ҳасан (Басрий) айтади: «Араблар бир-бирини қўрқитар ва бири иккинчисига қарши ҳужум қилар эди. Икки киши пиёда кетаётганда, отларнинг пешона сочини кўрмагунча ҳеч нарсани сезмас эдилар. (Уни кўрганидан кейин) бири шеригига: [ал-вазаро, ал-вазаро] - «Тоққа, тоққа!» дер эди. Гўё Аллоҳ таоло ушбу оятда (дўзахийларнинг қиёматдаги ҳолатини) баён қилиб: «Дунёда бошига келган кулфатларнинг айримларидан тоғни бошпана тутган киши тасалли олгани каби, ўша кунда у икки кишини қайғу-ташвишдан ҳеч нарса халос қилмайди», демокда. Бир ривоятга кўра [ал-вазару] сўзи «бошпана» деган маънони англатади.

[12] У кунда қўним топиш фақат Раббинг ҳузурида бўлади.
Уларнинг қароргоҳи дунёда уларга ваъда қилинган жойдир. Зеро, Аллоҳ таоло бундай деган:
«Менинг даргоҳимда (қилинган) сўз ўзгартирилмас» (Қоф сураси, 29-оят). Ёки уларнинг қароргоҳи ўша кунда Раббингиз хоҳлаган жой бўлади. Валлоҳу аълам!

[13] У кунда инсонга аввалу охир қилганининг хабари берилар.
Унинг таъвили: «Унга аввалги амалидан тортиб то охирги амалигача тўлиқ маълумот берилади». Аллоҳ таоло бундай деган:
«...на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб қўйибди» (Каҳф сураси, 49-оят).
Аҳли таъвилдан баъзилар таъкидлашича, кишига қилган тоат-ибодатлари ва пайсалга солинган Аллоҳнинг ҳақлари, яъни зиммасидаги мажбуриятлари борасида (қиёмат куни хабар берилади). Яна баъзи олимлар: «Ошкора ва махфий қилган нарсалари ҳақида (хабардор қилинади)», деганлар. Баъзилар: «Ҳаёти давомида қилган амаллари ва вафотидан кейин суннатга айланган ишлари ҳақида (маълумот берилади)», деганлар. Зикр қилдикки, Аллох таолонинг лутфу инояти билан киши қилган ва қилмаган амалларини охиратда билади ва уларни эслайди. Ҳатто китобга ёзилган нарсалар унга қарши ҳужжатга айланади. Аслида, киши бу дунёда бирор китоб ёзса ва қанчадир муддат ўтганидан кейин ўзи ёзган китобидаги нарсалар ҳақида сўралса, у уларнинг ҳаммасини эслай олмаслиги ва у ҳақда илмга эга бўлмаслиги мумкин.

[14] Ҳа, инсон ўз нафсига қарши ўзи шоҳиддир.

[15] Гарчи узр-маъзурларини тўкиб солса ҳам.
Бу оят икки хил маънони англатади: биринчиси, Аллоҳ таоло мазкур оятдан инсон қилган ишини қилмаганман деб, уни бошкалардан сир тутишга қанчалик ҳаракат қилмасин, у дунё ҳаётида ўзининг амалига дунёда гувоҳ эканини ирода қилган бўлиши мумкин. «Гарчи узр-маъзурларини тўкиб солса ҳам», яъни «қилган ишларига парда ташлаб олса ҳам». [ал-миъзору] сўзи «парда» деган маънони англатади. Иккинчиси, мазкур оят охиратга тегишли бўлиши мумкин. Унда оят икки хил маънони ифодалайди:
Биринчиси, инсон қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалланинг қуйи-даги оятлари билан узр сўрасада, тортишувда ноҳақ эканлигини кўра-била туриб, узр сифатида қасам ичишга ҳам журъат қилади:
«Раббимиз - Аллоҳга қасамки, (биз) мушрик бўлмаганмиз!» (Анъом сураси, 23-оят).
«У Кунда (Қиёматда) Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтирганида, улар худди сизларга қасам ичаётганларидек, У зотга ҳам қасам ичурлар» (Мужодала сураси, 18-оят).
Иккинчиси, оятдаги «басира» сўзи «гувоҳ» деган маънони англатади, яъни инсон қиёмат куни ўзининг ёмон қилмишига гувоҳ бўлади. «Гарчи узр-маъзурларини тўкиб солса ҳам». Яъни нафси айбларини яширса, аъзолари уларни ошкор қилиб қўяди. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари далил бўлади:
«Бу Кунда Биз уларнинг огизларини муҳрлаб қўюрмиз. Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида қўллари сўзлаб, оёқлари гувоҳлик берур» (Ёсин сураси, 65-оят).
«уларнинг қулоқлари, кўзлари... гувоҳлик берур» (Фуссилат сураси, 20-оят).
Бу ўринда: «Қиёмат сураси 14-оятда [басийратун] - «шоҳид, гувоҳ» сўзи билан «инсон» сифатланган. Ҳолбуки, «инсон» сўзи музаккар(Ўз жинсидаги маълум бир атокди отга хосланмаган ҳар бир бирликдаги от туркумига мансуб сўз араб тилида исми жинс деб номланади. Масалан, «китоб», «эркак», «аёл» каби сўзлар араб тилидаги исми жинс сўзлар ҳисобланади.) жинсда, «басийратун» сўзи эса муаннас жинсда-ку?» деб савол берилса, унинг жавоби бир неча хил бўлади: биринчиси, «инсон» сўзи исми жинс(Ўз жинсидаги маълум бир атоқли отга хосланмаган ҳар бир бирликдаги от туркумига мансуб сўз араб тилида «исми жинс» деб номланади. Масалан, «китоб», «эркак», «аёл» каби сўзлар араб тилидаги исми жинс сўзлар ҳисобланади ва улар атоқли от бўлмай, шу турдаги барча нарсаларни ўз ичига қамраб олади.) бўлиб, бу ўринда ундан бир шахс эмас, жамоат назарда тутилган. Бундай ҳолат Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида ҳам акс этган:
«Асрга қасамки, (ҳар бир) инсон зиён (бахтсизлик)дадир! Фақат имон келтирган ва солиҳ амаллар қилганлар (бундан мустаснодирлар)» (Аср сураси, 1-3-оятлар). Ушбу оятдаги «инсон зиёндадир!» жумласидан «имон келтирганлар» истисно қилинмоқда. Жамоат бир кишидан истисно қилинмаяпти (Бундан тушуниладики, инсон сўзи бу ерда жинс маъносида бўлиб, умумий жамоадан имон келтирганлар истисно қилинмоқда, акси эмас. Яъни бир шахсдан жамоа истисно қилинмаяпти). Бундан ташқари қуйидаги оятда ҳам имон келтирганлар «инсон» сўзидан истисно қилинмоқда:
«Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим (шаклда) яратдик. Сўнгра (қариган сари), уни асфаласофилинга (қомати хам бўлишга) қайтардик. Илло, имон келтирганлар...» (Тийн су-раси, 4-6-оятлар).
Ушбу оятда «инсон» сўзидан «имон келтирганлар» истисно қилинмоқда. Демак, «инсон» сўзи исми жинсдир. Жинс эса жамоат маъносини англатади. Демак, жамоат тушунчаси мазкур оят замиридан англанади. Яъни «инсон жамоаси ўзининг зарарига гувоҳлик берувчидир». Шунда оятдаги [басийратун] сўзи бир «инсон»га эмас, «жамоат»га тегишли бўлади. Валлоҳу аълам!
Иккинчи жавоб шуки, [басийратун] сўзи муболаға сийғасида бўлиб, у инсоннинг сифатидир. Яъни қилган қилмишларидан бирортаси унинг назаридан четда қолмайди, деган маънони англатади. Зеро, эркак кишига муболаға сийғасидаги сифат билан хитоб қилинганида, унинг охирига баъзан [та марбута] киритилади. Жумладан, [алломатун] - «моҳир олим», [нассабатун] - «моҳир насабшунос», [ровиятун лиш шеъри] - «ўта кўп шеър ривоят қилувчи», [болиғатун фин наҳв] - «наҳв фанида ўта моҳир» сўз ва иборалари каби.
Учинчиси, инсоннинг қўл, оёқ, қулоқ, кўз, бош ва бошқа барча аъзолари кўрган нарсасини айтиб беради. Инсонда нафси аммора, яъни ёмонликка ундовчи нафс бордир. Унинг барча тана аъзолари олдинги ва келгусидаги барча амалларига гувоҳ бўлади.
«Балки инсон ўзининг зарарига гувоҳлик берувчидир» оятида «инсон» сўзидан олдин «нафс» сўзи яширилган бўлиши мумкин. Шунда оятнинг маъноси: «Инсоннинг нафси унинг қилмишларига гувохдир», деб талқин қилинади.
Баъзи инсонлар тана аъзолари нафснинг кирдикорлари ҳақида маълумотга эга бўлишини таъкидлаб, улар қиёмат куни унга қарши гувоҳлик беради, дейдилар ва ушбу оятни далил қиладилар:
«(У кун) қилиб ўтган иш (бўҳтон)ларига уларнинг тиллари, қўл ва оёқлари уларнинг зарарларига гувоҳлик берадиган кундир» (Нур сураси, 24-оят). Шундан келиб чиқиб, тана аъзолари нафснинг қилмишларидан бехабар бўлса, албатта улар билмаган нарсасига гувоҳ бўла олмас эди, деб таъкидлайдилар. Биз бундай ўйламаймиз. Чунки тана аъзолари нафснинг қилмишларидан бохабар бўлса, унинг соҳиби, албатта, тана аъзолари орқали воқеликда маълумотга эга бўлар эди. Масалан, қалбни олиб қарайлик, унда маърифат бўлгани учун у орқали унинг соҳиби илмга эга бўлади. Шунингдек, қулоқ, у эшитишга масъул бўлгани учун унинг соҳиби у орқали эшитиладиган нарсалар ҳақида маълумотга эга бўлади. Кўз билан нарсаларни кўргани учун у орқали инсон кўриладиган нарсалар ҳақида маълумотга эга бўлади. Воқеликда қалбдан бошқа икки қўл, икки оёқ ва бошқа бирор тана аъзолари орқали илмга эга бўлинмас экан, улар (тана аъзолари)нинг маърифатга ҳеч қандай алоқаси йўқлиги маълум бўлади. Лекин (оятда) тана аъзолари Қиёматда ўз соҳибига гувоҳ ва ҳужжат қилинди. Улар ўз соҳибига қарши Аллоҳ таоло уларда пайдо қилган ишончли илм орқали гувоҳ бўлади. Бундан олдин улар гувоҳлик борасида илмга эга бўлмаган. Бу худди тана аъзолари ўша вақтда нотиқ қилинишига ўхшайди. Аслида, олдин уларда гапириш хусусияти мавжуд эмасди. Валлоҳу аълам!

[16] Сиз шошилиб, у (Қуръон) билан тилингизни қимирлатманг.
Ушбу оят алоҳида мавзунинг бошланишидир. Таъвил аҳли қайд қилишича, Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий олиб келса, Расулуллоҳ уни эсдан чиқариб қўйишдан хавфсираб, охирги оят тугагунча ваҳийнинг аввалини инсоннинг одатига кўра, такрорлаб турар эдилар. Чунки инсон бир гапни сингдириб, ёдлаб олишни хоҳласа, уни мустаҳкамлаб эсдан чиқармайдиган қилиш учун гапни тили билан такрорлайди. Шундан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унутиб қўйишда хавфсираб (нозил қилинаётган ваҳийни кўп) такрорлаб турар эдилар. Аллоҳ таолонинг: «Сиз шошилиб, у (Қуръон) билан тилингизни қимирлатманг» деган ояти билан (Расулуллоҳ) бу ишдан қайтарилдилар. Бу маъно қуйидаги оятда ҳам ўз аксини топган:
«Сизга ваҳийи битгунча Қуръон (тиловати)га ошиқманг» (Тоҳо сураси, 114-оят).
Бизнинг наздимизда, мутавотир хабарга асосланмай: «Мазкур оят нозил бўлишидан олдин Пайғамбаримиз ваҳийни унутиб қўйишдан қўрқиб, такрорлаб, эсларига солиб турар эдилар», деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши гувоҳлик беришимиз жоиз эмас. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши: «У зот бундай қилар эдилар», деб гувоҳлик беришда фақат мутавотир хабарга таяниш лозим бўлади. Бордию оҳод хабар билан собит бўлса, (Расулуллоҳга қарши гувоҳлик бериш) мумкин бўлмайди.
«У зот (тилларини) илгари қимирлатмаган бўлсалар, (оятдаги) қайтариқдан ҳеч қандай маъно қолмайди», деб айтилмайди. Чунки Аллоҳ таолонинг сўзида уларнинг даъволарини қўллаб-қувватлайдиган, таъвилларини асослайдиган, гувоҳликка имкон берадиган ҳеч қандай асос йўқ. Зеро, ишнинг аввалида, ҳали Расулуллоҳ ваҳий асносида уни унутиб қўйишдан қўрқиб, такрорлашга киришмай туриб, Аллоҳ таоло у зотни: «Сиз шошилиб, у (Қуръон) билан тилингизни қимирлатманг», деб қайтарган бўлиши мумкин. Демак, мазкур оят замирида уларнинг даъволарининг баёни йўқ.
Аллоҳ таолонинг: «Сиз шошилиб, у (Қуръон) билан тилингизни қимирлатманг» ва «Сизга (Қуръон) ваҳийси адосидан илгари қироат қилишга шошманг» оятлари наҳйи (қайтариқ) маъносини ифодаласа, юқорида айтганимиздай бўлади. У қандай бўлиши мумкин! Ахир оят наҳийдан бошқа маънони ҳам ифодалайдику. У Расулуллоҳни ёдлаш машаққатидан озод қилиш маъносида бўлиши ҳам мумкин. Инсонлар қаттиқ машаққатлар билан ёдлаган нарсани, сура у зотга тушиши билан қандай бўлса, шундайлигича ёдлаб қолишлари пайғамбарликнинг энг буюк белгиларидандир. Бундан Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёдлашга қодир қилиб қўйгани ва буни Узининг оятларидан бир оят қилгани билинади. Валлоҳу аълам!
Бу ердаги асл қоида шуки, кимдир бошқаларга узлуксиз нутқ сўзласа, у гапга қаралади, агар ундан кўзланган мақсад гапнинг айни ўзини ёдлаб қолиш бўлса, тингловчи нотиқнинг сўзи тугашини кутиб ўтирмай, нутқ сўзланган вақтдан бошлаб уни мустаҳкамлаш ва ёдлашга киришади. Бу худди бошқанинг олдида бир киши шеър айтса, бошқаси уни қандай бўлса, шундайлигича ёдлаб, уни ўзига сингдириб олишни хоҳлаган кишига ўхшайди. У шеър айтувчи кишининг шеърни тугатишини кутиб-ўтирмай, эшитишни бошлаган ониданоқ уни мустаҳкамлашга киришади. Чунки шеърлардан кўзланган мақсад унинг маъносини эмас, айни ўзини ёдлаб қолишдир. Қаранг, мабодо шеърдан бирорта сўз тушириб қолдирилса, у шеърлик хусусиятидан чиқиб кетади.
Сўзланган нутқцан мақсад, унинг айни ўзини ёдлаб қолиш эмас, балки маъносини тушуниш бўлса, одатда бу каби ўринларда нутқдан нима кўзланганини билиш ва маъносини тушуниш учун у охиригача тингланади. Масалан, бир киши кимгадир мактуб ёзса, уни қабул қилувчи шахс котибнинг мақсадини англаши учун мактубни бошидан то охиригача ўқиб чиқади. У мактубдаги сўзларни ёдлаш билан чалғимайди. Чунки мактубдан ундаги нарсаларни ёдлаш мақсад қилинмайди.
Қаранг, биз зикр қилган нарса нутқдан кўзланган мақсад бўлса, Қуръони Каримда мазкур ҳар икки жиҳат, яъни ҳарфлари ва назмларини (ёдда) сақлаб қолиш, маъноларини англаш эътиборга олинади. Чунки Қуръони Карим назми, лафзи ва маънолари билан ҳужжатга айланди. Гўёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай дейилган: «Маърузачи нутқ сўзлаганида, тингловчилар унинг сўзини эсда сақлашга ҳаракат қилганлари каби, тилингизни ҳаракатлантиришга шошилманг. Сиз нозил қилинаётган ваҳийнинг назми, ҳарфларини ёдлашга эҳтиёж сезсангиз, тилингизни қимирлатмасангиз ҳам, уни хотирангизга муҳрлаб қўйишга Биз кафилмиз».
Ваҳий охирига етишидан олдин уни ёдлашга уриниш ва ҳаракат қилишда ваҳийни келтирган Зотга нисбатан ҳурматсизлик бўлгани учун Расулуллоҳ оятда ундан қайтарилиб, унга қулоқ тутиш ҳамда охиригача эшитишга буюрилган бўлишлари ҳам мумкин. Зеро, бунда ваҳийни келтирган зотга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром маъноси бор.
Шарҳланаётган оят ботинийларнинг қарашларига раддия ҳисобланади: «Улар: «Қуръони Карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жумла, ибора тарзида нозил қилинмаган. Балки, у хаёл сифатида қалбга ташланган ва Расулуллоҳ уни қалбан тасаввур қилиб, бошқалар ожиз қоладиган тарзда ўз сўзлари билан ифодалаганлар», дейди.
Биз уларга қарши ўлароқ бундай деймиз: «Қуръони Карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жумла ва ибора тарзида нозил қилинган. Унинг жумлалари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга оид эмас. Бизнинг сўзимизни Аллоҳ таолонинг: «Сиз ... у (Қуръон) билан тилингизни қимирлатманг» ояти ҳам қўллаб-қувватлайди. Бордию фаразан ботинийларнинг сўзи тўғри деб олинса, Расулуллоҳ ваҳий тушаётганида уни хотирада сақлаб қолиш учун тилларини қимирлатмаган бўлардилар. Улар таъкидлаганларидек, Қуръони Карим хаёлий бўлганида, Расулуллоҳ (тил қимирлатиш ўрнига) уни тасаввур қилиш ундан кейин эса назмлар ва ибораларни тузишга муҳтож бўлар эдилар. Ваҳий тайёр ибора ва назмли тарзда нозил қилинган бўлсагина, «тилни қимирлатиш» рўёбга чиқади. Бундан маълум бўладики, ваҳий ботинийлар ўйлаганидек хаёлий эмас, балки у жумла ва иборалар тарзида нозил қилингандир».
Иккинчидан, қуйидаги оят кофирларнинг: «Бу Қуръон эмас, балки фалончи унга ўргатган нарсадир», деган гумонларини инкор этади:
«Батаҳқиқ, биламизқи, албатта, улар: «Унга фақат башар таълим бермоқда, холос», дерлар. Улар гумон қилаётганнинг тили ажамийдир. Бу эса очиқ-ойдин араб тилидадир» (Наҳл сураси, 103-оят).
Уша инсоннинг тили ажамий бўлган эди. Қуръони Карим эса соф араб тилидадир. Бу инсон қандай қилиб Расулуллоҳга Қуръони Каримни таълим бериши мумкин, ахир унинг тили бошқа-ку!
Қуръони Карим хаёлий тарзда нозил қилинган бўлса, унга эътироз бўлади. Чунки Расулуллоҳ уни араб тилида таълиф қилиб, жамлаган бўлиб қоладилар. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ажам тилини билсалар ҳам, араб тилидаги хаёлий нарсани назмга туширишга ва ибораларини тузишга қурблари етмас эди.

[17] Албатта, уни жамлаш ва ўқиб бериш Бизнинг зиммамиздадир.
Аллоҳ азза ва жалланинг [аълайнаа] сўзи уч хил маънони ифодалайди: биринчиси, ваъдамизга биноан Қуръони Каримни жамлашни ва тиловатини ўз зиммамизга олганмиз. Чунки аввалги китобларда Қуръони Каримни нозил қилишни ва ушбу Расулни юборишни ваъда қилган эдик. Энди ўша ваъдани амалга ошириш ва унга вафо қилиш зиммамиздадир.
Иккинчиси, ҳикматга кўра, уни жамлаш ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса рисолатни етказишга амр этилганлар, холос. Қуръон жамланганидан кейин Расулуллоҳда имконият юзага келди ва Уни халққа етказадилар. Зеро, Аллоҳ таоло Уз феълида ҳикматлидир. Унинг
феълидаги ҳикматни илғамасакда, албатта, Аллоҳ таолонинг феъли доимо ҳикмат билан васфланади.
Учинчидан, Аллоҳ таолонинг: «Уни жамлаш ва ўқиб бериш Бизнинг зиммамиздадир» ояти «бандаларга нисбатан раҳмат ва фазл» маъносида талқин этилади. У асло бандаларнинг Аллоҳ таолодаги ҳақи сифатида кўрилмайди. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далил бўлади:
«Агар хоҳласак, сизга ваҳий қилган нарсаларимизни кетказамиз... Магар Аллохдан марҳамат бўлсагина...» (Исро сураси, 86-87-оятлар). Ушбу оятда Аллоҳ таоло бандаларга раҳмат ва фазл бўлиши учун Қуръонни уларга қолдирганини баён қилди.
Аллоҳ азза ва жалланинг [ва Қуръаанаҳ] сўзи «қироати» деган маънони англатади. Унинг «Қуръон» деб аталиши худди Аллоҳ таолонинг «Қуръонни бўлиб-бўлиб нозил қилдик» ояти таъвилида айтилган сўз каби, яъни Уни ҳақ билан ноҳақни
ажратувчи қилдик, маъносидадир.

[18] Бас, Биз уни ўқисак, қироатига эргашинг!
Яъни «Уни қалбингизда жамладик» ёки «Унинг шаръий ҳукм ва буйруқларини ҳамда Унга қўйилган маъноларни жам-ладик» ёки «Бўлак-бўлак нозил қилганимиздан кейин Уни жам-ладик», деган маъноларни англатади. Аллоҳ азза ва жалланинг «эргашинг!» оятидаги эргашиш бир неча кўринишда бўлиши мумкин: Уни халққа етказиш, умматга таълим бериш, ҳалолга эргашиб, ҳаромидан сақланиш ва бошқалар.

[19] Сўнгра уни баён қилиб бериш ҳам Бизнинг зиммамиздадир.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «...уни баён қилиб бериш ҳам Бизнинг зиммамиздадир» ояти «Сизга мужмал тарзда нозил қилган ваҳийни баён қилиб бериш», деб изоҳланади. Унинг баёни - қатъий, жоиз ва гўзал ҳамда зийнатли амалларни таърифлаш билан бўлади. Чунки фарзларнинг шўбалари, рукнлари ва қўшимчалари бор. Ёки бундай деймиз: фарз ичида фарз, вожиб, одоб ва рукнлари бор». Шунга кўра, унда ҳукмни (фақат) оятнинг зоҳирига боғлашдан қайтариқ бордир. Чунки ҳукм оятнинг зоҳиридан олинганида, ҳеч қандай баёнга эҳтиёжсиз нозил қилинишнинг ўзи билан баён адо бўлар эди. Ва яна оятда баён ваҳийдан кейин бўлишига далолат бордир.
Аллоҳ таолонинг: «...уни баён қилиб бериш ҳам Бизнинг зиммамиздадир» оятидан «киноялар, уларнинг натижалари, усул ва фуруъси ҳамда бирламчи (ва иккиламчи) нарсаларнинг баёни» тушунилади. Яъни Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга усул (қонун-қоида) ва фуруъ (жузъий масалалар)нинг моҳиятини баён қилиб берди. Энди, Расулуллоҳ усул орқали фуруъ ва киноя орқали натижани билиб, Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилаётган кишиларга баён қилиб берадилар ва уларни шунга йўллайдилар. Аллоҳ таоло бундай деган:
«Бизнинг (йўлимиз)да жидду жаҳд қилганларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз» (Анкабут сураси, 69-оят).
Аллоҳ таолонинг: «Сўнгра уни баён қилиб бериш ҳам Бизнинг зиммамиздадир» ояти «Сизга нозил қилинган рисолатни халққа етказишга ва баён қилиб беришга имкон топишингиз учун сизни муҳофаза этиб, инсонлар (ёмонлиги)дан асраймиз», деган маънони ифодалаши мумкин. Валлоҳу аълам!
Оятни қуйидагича таъвил қилиш ҳам мумкин: Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат кунигача келадиган махлуқотларга пайғамбар этиб юборилганлар. Шундай экан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсониятга шахсан ўзлари рисолатни етказишлари керак. Лекин Аллоҳ таоло қиёматгача келадиган халойиққа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатини етказишни Уз зиммасига олди. Яъни уммат орасидан ровийларни, Қуръон ҳофизларини ва уламоларни танлаб олди. Улар ўзлари қабул қилиб олган таълимотни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номларидан бошқаларга етказадилар.
Аллоҳ таолонинг: «Сўнгра уни баён қилиб бериш ҳам Бизнинг зиммамиздадир» ояти «Аллоҳ таоло ҳақни ноҳакдан, дўстни душмандан қиёмат куни ажратади» деган маънони ифодалайди. Бу қиёмат кунида юз беради. Берилган ноз-неъматлар билан дўстлар (кимлар экани) таниб олинади. Бошларига тушган қаттиқ ҳисоб-китоб ва турли азоблар билан душманлар ва исёнкорлар намоён бўлади.

[20] Йўқ! Балки сизлар шошар дунёни яхши кўрасизлар.

[21] Ва охиратни тарк этасизлар.
Мазкур оятдаги [калла] - «йўқ» сўзи рад ҳарфи бўлиб, у ўзидан олдин ўтган жумлани инкор қилади. Аллоҳ азза ва жалланинг: «Балки сизлар шошар дунёни яхши кўрасизлар» оятида бундай маъно баёни бор: «Дунё ҳаётини яхши кўришлари уларни «суяклар қайта жамланмайди ва қайта тирилиш йўқ нарса» деб гумон қилишга ундади. Бундай бўлишига сабаб, улар дунёга шўнғиб, уни охиратга имон келтиришни унуттирадиган ёки ҳужжат ва далиллар устида тафаккур юритишдан тўсадиган даражада ўта қаттиқ яхши кўрдилар. Бордию улар мавжуд ҳужжат ва далиллар устида тафаккур юритганларида, албатта, (ҳужжат ва далиллар) қайта тирилишни эътироф этишга олиб борган бўларди. (Макка мушриклари дунёга бўлган муҳаббатлари таъсирида) ҳатто охиратни кутмайдиган бўлиб қолдилар. Бу ҳақда оятда бундай дейилган:
«Албатта, Биз ила мулоқот бўлишини умид қилмаганлар» (Юнус сураси, 7-оят).

[22] У Кунда баъзи юзлар яшновчи,

[23] Парвардигорларига боқиб турувчидир.

[24] Яна у Кунда баъзи юзлар бироз ўзгарган,

[25] ўзларига, албатта, нохушлик бўлишини ўйлаб (кутиб) турарлар.
Оятда Аллоҳ таолонинг тоатини тутган ва қайта тирилиш, ҳисоб-китобга имон келтирган кишиларнинг оқибати ва Унинг тоатидан юз ўгирган кишиларнинг фожиаси баён қилинган.
Аллоҳ таолонинг: «У Кунда баъзи юзлар яшновчи...» оятидаги «юзлар»дан ҳақиқий маънодаги «юзлар» ирода қилинган бўлиши мумкин. Ва яна ундан нафслар ирода қилинган бўлиши ҳам мумкин. Шунда оятдаги «вужуҳ» сўзи нафслардан киноя бўлади. Ундан юзлар эмас, нафслар ирода қилинганига Аллоҳ таолонинг: «Яна у Кунда баъзи юзлар буришган, ўзларига, албатта, нохушлик бўлишини ўйлаб (кутиб) турарлар» ояти далолат қилади. Чунки юзлар нохушликни ўйламайди ҳам, билмайди ҳам. Демак, оятдаги «вужуҳ» сўзи киноя экани собит бўлди, яъни ундан ҳақиқий маъно ирода қилинмаган. Бу таъвил сўзнинг зоҳири тақозо қилган нарсага жуда мос келади. «Вужуҳ» сўзини нафслардан киноя қилиш мумкин. Бундай бўлишига сабаб, нафс бирор ишдан лаззатланиб, унинг лаззатини туйса, бунинг сурури, албатта, юзида акс этади. Шунингдек, нафс бирор нарсадан азиятланиб, хафа бўлса, унинг маҳзунлиги ҳам, албатта, юзида акс этади.
Аллоҳ таолонинг: «У Кунда баъзи юзлар яшновчи...» оятида жаннатийлар васф қилинмоқда. Берилган ноз-неъмат ва икромлар туфайли уларнинг юзлари порлайди.
Улар ноз-неъматларга эришиб, турли лаззатлар билан сийланиши собит бўлса, Аллоҳ таолонинг «Парвардигорларига боқиб турувчи» ояти «Аллоҳ таолога қараб турувчи» деган ҳақиқий маънони ифодалайди. Демак, бу ўринда «Аллоҳ таолони кўриш» масаласининг исботи бордир.
Иккинчидан, одатда подшоҳлар халққа ўзини намойиш қилмай, фақат яқинларигагина кўринадилар. Улар қайсидир инсонга яқин бўлса, ўртадаги тўсиқни ундан олиб ташлайдилар. Подшохдарнинг ўртадаги тўсиқни олиб ташлаб, кимгадир кўриниш беришлари, унга берилган бошқа сийловлардан устундир. Аллоҳ таолонинг ўз дўстларини жамолини кўришга муяссар қилиш билан сийлаши ва унга шу билан фазл кўрсатиши мумкиндир.
Шунингдек, Аллоҳ таолонинг: «Парвардигорларига боқиб турувчи» оятини «ажр-савобни кутиш» маъносига таъвил қилиш ҳам мумкин. Чунончи, баъзи таъвил аҳллари бу ҳақда шундай деганлар: «Нафслар ўзларига келадиган туҳфа ва икромларни кутиб турадилар ва ҳатто юзлари порлоқ деб васф этиладилар».
Ушбу икромлардан кейин ҳали жаннатийларга такдим этилмаган бошқа туҳфа ва икромлар ҳам бўлиши мумкин. Чунончи, бу маънони Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти қўллаб-қувватлайди: «Яна у Кунда баъзи юзлар бироз ўзгарган, ўзларига, албатта, нохушлик бўлишини ўйлаб (кутиб) турарлар». Яъни оятдаги [ал-бусур] сўзи «бироз ўзгариш» деган маънони беради. Бутунлай ўзгарган юзга нисбатан [тасвадду] - «қораяди», [таклаҳу] - «ранги ўчади» феъллари ишлатилади. Дўзахийларга ваъда қилинган шиддатли азоб келмаганида, юз-лари бироз ўзгаради (азоб келганидан кейин эса юзлари бутунлай ўзгаради). Буларга ҳали ваъда қилинган энг даҳшатли азоб тушмаган экан, ноз-неъматлар ваъда қилинган жаннатийлар ҳам ҳали инъом-икромларининг ниҳоясига ва энг олийсига етмаган бўлишлари мумкин. Улар ўзларига ҳали ато этилмаган инъомларни кутган ҳолларида айрим неъматлар билан сийландилар.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Парвардигорларига боқиб турувчи» оятини бундай изоҳлаш ҳам мумкин: «Назарни ноз-неъматлардан Аллоҳ таолога бурамиз. Улар бу сийловни ўзларининг ҳаракатлари самараси деб билмайдилар. Бу дунёда эса киши қўлига киритган бойликни ўз меҳнатининг маҳсули сифатида кўради. Валлоҳу аълам!»
Аллоҳ таолонинг: «Парвардигорларига боқиб турувчи» оятини «Барча инъом ва ноз-неъматлар махсус бўлиб, назар уларнинг барчасини қамраб олувчи бўлмайди. Балки у неъматларнинг орқасида яна бошқа неъматлар ҳам мавжуддир» деб изоҳлаш ҳам мумкин. Демак, Аллоҳ таолонинг «Парвардигорларига боқиб турувчи» ояти юқорида айтилган маънога бурилади. Шунингдек, у оятни «Уз Раббисининг ишига қараб турувчи» деб таъвил қилиш мумкин.
Аллоҳ таолонинг: «Парвардигорларига боқиб турувчи» оятидан «Аллоҳ таолога боқиш» ва биз баён қилган «ноз-неъматлар»нинг эҳтимоли бўлса, ҳеч кимнинг «Аллоҳ таолони кўриш» маъносини тарк этиб, оятни «ноз-неъмат» маъносига буришга ҳаққи йўқдир. Лекин «Аллоҳ таолони кўриш» оятининг таъвили амримаҳол эканини исботлайдиган зоҳирий далил бўлса, у билан ушбу таъвил рад этилиши мумкин бўлади. «Аллоҳ таолони кўриш» муҳоллигига далил бўлмаса, бу таъвилни узил-кесил рад этиб, уни ноз-неъматларни кутиб туришга буриш мумкин эмас. Демак, мазкур оят Аллоҳ таолони кўриш вожиблигига эмас, лоақал кўриш мумкинлигига ҳужжат бўлади. Бу икки қараш ўртасидаги ихтилоф бир хилдир.
Оят «Аллоҳ таолони кўриш» маъносини англатмайди дейдиган (мўътазилий)лар ўзларининг сўзини қўллаб-қувватлаш маъносида қуйидагиларни ҳужжат қиладилар: «Аллоҳ таолонинг: «Яна у Кунда баъзи юзлар бироз ўзгарган» ояти У Зотнинг: «У Кунда баъзи юзлар яшновчи» сўзи муқобилидадир. «ўзларига, албатта, нохушлик бўлишини ўйлаб (кутиб) турарлар» ояти «Парвардигорларига боқиб турувчидир» сўзининг муқобилидадир. Сўнг Аллоҳ таолонинг: «ўзларига, албатта, нохушлик бўлишини ўйлаб (кутиб) турарлар» ояти «Аллоҳ таолони кўрмаслик» маъносини эмас, азобни ифодалайди. Улар сўзларида давом этиб, Аллоҳ таолонинг: «Парвардигорларига боқиб турувчидир» ояти «Аллоҳ таолони кўриш»ни эмас, ноз-неъматларга эришиш маъносини англатади, дейдилар.
Бунга икки хил жавоб берилади: биринчиси, азоб бериладиганларга дунё ҳаётида ваъда қилинган барча азоб ҳали тушмади. Чунки юқорида қайд қилганимиздек, барча азоб тушганида юзлар бутунлай қорайиб, ранги ўчиб кетади. Юзларнинг бироз ўзгаришида азобнинг ниҳояси акс этмайди. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг: «ўзларига, албатта, нохушлик бўлишини ўйлаб (кутиб) турарлар» ояти «азоб» маъносини англатиши тўғри бўлади. Жаннатийлар «юзлари яшновчи» деб васфланганлари туфайли, улар баланд даражалар ва кўплаб ноз-неъматларга эришадилар. Демак, Аллоҳ таолонинг: «Парвардигорларига боқиб турувчидир» оятини ноз-неъматларга бурмай, ҳақиқий маъно, яъни «Аллоҳ таолони кўриш» маъносида талқин қилиш тўғри бўлади.
Иккинчидан, Аллоҳ таолони кўриш энг катта ва юксак неъмат бўлиб, дўзахийлар арзимас неъматга ҳам лойиқ кўрилмадилар. Шундай экан, улар қандай қилиб улкан неъмат, яъни Аллоҳ таолони кўришни кутадилар! Жаннатийлар беҳисоб икром ва неъматларга ноил бўлганларидан кейин «Аллоҳ таолони кўриш» билан ҳам сийланишлари мумкинда!
Аслида, бизнинг наздимизда Аллоҳ таолони кўриш вожиб, Унга боқиш эса Аллоҳ таоло: «Токи Бизнинг амримиз келиб» (Ҳуд сураси, 40-оят) деб қайд қилганидек, далиллар билан собитдир. Ва яна бошқа хабарларда Аллоҳ таолога қараб туриш ривоят қилинган. Жумладан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дарҳақицат, сизлар, Раббингизни риёмат куни худди ўн тўрт кунлик ойни кўргандек кўрасизлар ва Уни кўришда шак қилмайсизлар», деганлар.
Тавҳид аҳли(Имом Мотуридий «Таъвилот ал-Қуръон» асарининг қайси ўрнида «тавҳид аҳли» деган бўлса, ундан аҳли сунна вал жамоани ирода қилган.) Аллоҳ таолони кўришни англатувчи ривоятларнинг саҳихдигида ихтилоф қилмаганлар. Аллоҳ таолони кўз билан кўришни инкор қиладиганлар бу мавзудаги ҳадисларни илм (Аллоҳ таолони билиш)га таъвил қилганлар. Бу икки жиҳатга кўра нотўғридир:
Биринчиси, Аллоҳ таолони кўриш башорати жаннатийларга хос бўлиб, бордию ундан илм кўзланса, хослик (яъни жаннатийларга хос хусусият) йўқолади. Чунки Аллоҳ таолони билишда жаннатий ҳам, дўзахий ҳам бир-бирига шерикдир. Зеро, ҳар икки тоифа ҳам охиратда Аллоҳ таоло ҳақида шак ва васвасадан холи маълумотга эга бўладилар. Кўз билан кўриш, мушоҳада қилиш шак ва шубҳадан холи билимни ифодалайди. Ақлий ва мантиқий далиллар эса шубҳали илмга олиб боради. Қолаверса, мўъжизалар ҳам башариятни ҳақиқий илмга етакламайди. Бу маъно Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларида исботини топган:
«Мабодо, Биз уларга фаришталарни туширсак ва ўликлар (тирилиб) уларга гапирса... (Аллоҳ хохдаганидан бошқалари имон келтирмаган бўлар эдилар)» (Анъом сураси, 111-оят).
«Сўнгра уларнинг фитнаси (узри) фақат: «Раббимиз Аллоҳга қасамки, (биз) мушрик бўлмаганмиз!» - дейишлари бўлур» (Анъом сураси, 23-оят).
«У Кунда (Қиёматда) Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтирганда, улар худди сизларга қасам ичаётганларидек, У Зотга ҳам қасам ичурлар ва ўзларига (қасамлари сабабли) бирор нарса (фойда) бўлади деб ҳисоблайдилар. Огох бўлингизким, албатта, улар айни ёлғончилардир!» (Мужодала сураси, 18-оят).
Юқорида келтирилган нарсалар ўз исботини топгач, мўътазилийлар қандай услубда Аллоҳни кўришни инкор этсалар, ўша йўл билан Уни кўришга амин бўладилар. «Аллоҳ таолони кўриш» масаласи шубҳали маъноларнинг барчасини Ундан рад этиш ила собит бўлди. Аллоҳ таолони кўришни кайфият билан васфламаймиз. Чунки кайфият суратга эга нарсаларга тегишлидир. Аллоҳ таоло эса кайфиятсиз кўрилади. Тавфиқ Аллоҳдандир!
Аллоҳ азза ва жалланинг: «...ўзларига, албатта, нохушлик бўлишини ўйлаб (кутиб) турарлар» оятидаги [зоннун] сўзи бу ўринда «билим» маъносини ифодалаши ҳам, ўзининг ҳақиқий «зон» (шубҳа-гумон) маъносини англатиши ҳам мумкин. Одатда, зон нарсалар ҳақида юзаки маълумотга эга бўлиш натижасида пайдо бўлади. Сабаблар кўпайиб, тўлиб-тошса, улар орқали «илм» юзага келади. Аксинча бўлса, яъни сабаблар кам бўлиб, махфий бўлса, улар билан илм ҳосил бўлмайди. Ёмонликнинг сабаблари уни ҳар томондан қуршаб олади ва ҳатто у нажот топишдан ноумид, ёмонликка дучор бўлишига ишониб қолган бўлиши мумкин.
Буни шундай таъвил қилиш ҳам мумкин: «Ҳали у ноумид ҳолатга тушмай, нажотни кутиб, бошига ёмонлик тушишига амин бўлмай, гумонда туради. Валлоҳу аълам!».
Оятдаги зтз [фақиротун] сўзи «ёмон, мункар, мусибат» маъноларини англатади. Айтилишича, [фақийрун] сўзи «бели синган» деганидир. [фақрун] сўзи эса «синиш» маъносини билдиради. [ал-фақору] сўзи эса «белдаги синдириладиган суяк»га нисбатан ишлатилади. Бел суяги охиратда синдирилади ва юзтубан ҳолатда дўзахга судралади.
(Абу Мансур Мотуридий) раҳматуллоҳи алайҳ: «Йўқ! (Эй Макка мушриклари,) балки сизлар нақд (дунё)ни яхши кўрасизлар. Охират (Куни)ни эса тарк этасизлар. У Кунда баъзи юзлар яшновчи, Парвардигорларига боқиб турувчидир» (Қиёмат сураси, 20-23-оятлар) оятларидан ташқари, суранинг аввалидан то охиригача кофирлардан бирининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан муомаласининг баёни ва у зотга муомала қилишда унга шерик бўлган кимсалар ҳам айни шу ҳукмга киришлари борасида нозил бўлган, дейди. Аллоҳ таоло Уз Пайғамбари алайҳиссаломни аҳмоқлар билан муомала қилишда ҳаким инсонга муносиб услубда у кофир билан муомала қилишга ва уни қаршилашга амр этиб, у билан аҳмоқларга қилинадигандек муомала қилишдан қайтарди.
Аллоҳ таоло дини равнақи йўлида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дуч келган азият ва синовларни уммати Муҳаммадияга билдириш учун Аллоҳ таоло ушбу сурада кофир билан муомала қилиш (машаққати)ни баён этди. Шу орқали улар Пайғамбаримизнинг қадри ва мартабасини англайдилар, ўзларига яратилган енгиллик ва кенгчиликни кўриб, Аллоҳнинг динини улуғлайдилар. Яна Аллоҳ таоло қуйидаги оятда гердайиб-кеккайганлар билан муомала қилингани каби Пайғамбаримизни у (кофир) билан ҳам (муносиб) муомала қилишга амр этди:
«Сўнгра гердайганича ўз аҳли томон кетди. (Эй кўрнамак инсон,) ҳолингга вой сенинг, яна вой!» (Қиёмат сураси, 33-34-оятлар).

[26] Дарҳақиқат, (жон) ҳалқумга етганида,
[калла] сўзи икки хил маънони англатади: Биринчиси, «ҳақиқатда», иккинчиси, «йўқ, бундай қилма». Яъни «Бундай қилма, акс ҳолда «(жон) ҳалқумга етган» пайтда пушаймон бўласан. Маккалик мушриклар қилмишларига қачон пушаймон қилишлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашганида, Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти билан уларга баён қилдилар: «(жон) ҳалқумга етганида».
Оятдаги [ат-тароқий] - «бўйиндаги жон томир». Бу оятнинг таъвили қуйидагича: «Руҳ ўз ўрнидан кўтарилиб, ҳалқумга етганида».

[27] (вафот этаётганга): «Дам солувчи киши борми?» - деб қолинганида,
Буни фаришталар айтишлари ҳам мумкин. Яъни фаришталар бир-бирларига: «Бунинг руҳини ким олади? Раҳмат фариштасими ёки азоб фариштасими?» дейдилар. Шунда у оятдаги [роқин] сўзи «кўтарилмоқ» маъносидаги ўрта ўзаги касрали [роқия, ярқо] феълидан олинган сифатдош бўлади. Ёки у: «Унинг руҳини ким қабз қилади?» деган маънони англатади.
Оятдаги маънони жон талвасасидаги кишининг аҳли айтган бўлиши ҳам мумкин. Яъни улар: «Бир киши бунга руқия ўқисаю, тузалиб қолса», дейдилар. Бу оятда жон таслим қилаётган киши ўта ночор ва кучсиз бўлганидан: «Менга руқиячини чақиринглар, шояд шифо топсам» дейишга ҳам қурби етмаслиги баён қилинмокда. Шу боис унинг аҳли бу (сўзлар)ни ўзаро бир-бирларига айтадилар.

[28] (жон таслим қилаётган кимсанинг) ўзи (бу дунёдан) ажралиш эканини англаганида,
Бу ўриндаги [зоннун] сўзи «амин бўлганида» деган маънони англатади. Чунки бундай ҳолатда унинг ҳаётдан умиди қолмайди. Шунинг учун ҳам Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан нақл қилинган қироатда мазкур оят бундай тиловат қилинган:
«(жон таслим қилаётган киши) ўзи (дунёни) тарк этаётганига амин бўлганида».
Мазкур оятдаги [зоннун] сўзи ўзининг ҳақиқий, яъни «гумон» маъносида бўлиши ҳам мумкин. Яъни жон таслим қилаётган киши ҳали ҳам ҳаётдан умид узолмагач, яна уни орзу қилади...

[29] (жон бериш қийинлигидан) оёқ оёққа чалишиб қолган пайтда,
Оятнинг таъвилида ихтилоф қилганлар. Айтишларича, унинг икки болдири бир-бирига худди дарахтлар бир-бирига киришиб кетганидек чалишиб кетади. Энди ундан чиқишга ва қочиб қутулишга имкон топа олмайди.
Бошқа бир қарашга кўра, қиёмат куни унинг икки болдири қўрқинчнинг кучлилигидан ўзини-ўзи кўтаролмай қолади. Айтишларича, оятдаги [ас-соқу] сўзи «шиддатли» деган маънони англатади. Уруш кескин тус олса, араблар [қоматил ҳарбу ъала соқин] дейди. Шунда оятнинг маъноси қуйидагича бўлади: «Ўлим талвасаси охират даҳшатига элтиб, дунё шиддати билан охират даҳшати бирлашади. Чунки унинг бошига ўлим талвасаси келиб, охират қўрқинчи эшик қоқди. Бу унинг дунёдаги энг охирги ва охиратдаги биринчи кунидир».
Айтилишича, ўлим исканжаси шиддатидан жон таслим қилаётган кишининг икки болдири, албатта, бир-бирига чалкашиб кетади. Баъзилар Аллоҳ таолонинг: «оёқ оёққа чалишиб қолган пайтда» оятининг маъносини бундай деганлар: «Фаришталар марҳумнинг руҳини ҳозирлашса, одамлар унинг баданини ҳозирлайдилар. Айни шу ҳолат араб тилида [валтаффатис соқу бис соқи] дейилади».

[30] У кунда ҳайдаб борилар жой фақат Раббингизгадир.
Яъни ўша куни ҳамма Раббингиз ваъда қилган томонга ҳайдалади. У яхши ёки ёмон томон бўлиши мумкин.

[31] Бас, у тасдиқламади ва намоз ўқимади.

Аллоҳ азза ва жалланинг: «у тасдиқламади» ояти шундай маънони ифодалайди: «На Аллоҳ таоло ҳузуридан келган хабарларни ва на Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тасдиқ этди». Оятдаги «намоз ўқимади» жумласидан айнан намоз ирода қилинган бўлиши мумкин. Чунки намоз барча нафсга маҳбуб қилингандир. Ҳатто ўзга дин вакиллари ҳам намозни яхши кўришларига гувоҳ бўласиз. Шунда Аллоҳ таолонинг: «у тасдиқламади ва намоз ўқимади» ояти банданинг аҳмоқлиги ва нодонлигини изохдайди. Ёки Аллоҳ таолонинг: «Намоз ўқимади» ояти «Узи учун раҳмат бўладиган нарсани келтирмади, яъни Аллоҳ таолога таслим бўлиб, бўйин эгмади», деган маънода бўлиши ҳам мумкин.

[32] Ва лекин ёлғонга чиқарди ва юз ўгирди.
Яъни Пайғамбаримиз олиб келган хабарларни ёлғонга чиқарди ва Аллоҳ таолога итоат этишдан бўйин товлаб «юз ўгирди».

[33] Сўнгра гердайганича ўз аҳли томон кетди.
Яъни кеккайиб, кибрланди. Одатда, бошқаларнинг қўлидан келмайдиган улкан ишларни бажарган кишига ғурурланиш ярашади. Масалан, улкан қўшинни мағлуб қилиш, қўрғонли минтақани фатҳ этиш каби (ишларни бажарган кишига ғурурланиш ярашади). Кеккайиши оятда тилга олинган киши Аллоҳ таолонинг оятларини ёлғонга чиқариш ва тоатидан юз ўгиришдан бошқа бирор нарса қилмаган. Одатда, телба ва аҳмоқларгина бундай «ишга» қўл урадилар. Бундайларга гердайишни ким қўйибди...

[34] (Эй кўрнамак инсон,) ҳолингга вой бўлсин, яна вой бўлсин!

[35] Сўнгра ҳолингга вой бўлсин, яна вой бўлсин!
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Ҳолингга вой бўлсин, яна вой бўлсин!» дейилган бўлиши мумкин ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари у (итоатсиз)га «ҳолингга вой бўлсин, яна вой бўлсин!» деган бўлишлари ҳам мумкин. Аллоҳ таоло буни оятда баён қилди.
Таъвил ахди таъкидлашича, бу ваъид устига ваъиддир, яъни сенга кетма-кет вайл бўлсин, сўнг яна такрор-такрор вайл бўлсин.
Қайд этилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у (Абу Жаҳл)нинг ёқасидан тутиб, шуни унга айтдилар. Бу пасткаш Расулуллоҳни ўзидан йироқ қилиш имконини тополмади. У (Абу Жаҳл) ўзини қўллаб-қувватлайдиган одамлар кўплигидан мағрурланиб юрар эди. У Маккадаги энг бой зодагонлардан эди. Аллоҳ таоло лутфу инояти билан уни ўта хор қилиб қўйди. Билагидаги кучи ва издошлари уни ботган ботқоқликдан халос қила олмади.
Аллоҳ таолонинг: «Ҳолингга вой бўлсин, яна вой бўлсин!» оятини «Сенга муносиб ва маъқул келадигани шу» деб таъвил қилиш ҳам мумкин. Лекин уни «вайл»га таъвил қилиб бўлмайди. Шунда Аллоҳ таолонинг: «Ҳолингга вой бўлсин, яна вой бўлсин!» ояти бундай таъвил қилинади: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарсага ҳам, ота-онанг эътиқод қилган таълимотга ҳам чуқур назар солсанг, тўғри йўл янглишидан, ҳақ ботилдан ажралади ва натижада тўғрисига эргашасан. Шу билан охират ҳамда дунё шарафини сақлаган бўласан. Зеро, у ўз шарафи ва азизлиги билан кибрланиб юрар эди. Эй сен! Шарафинг бардавом бўлишини хоҳласанг, биз айтган сўзларни мулоҳаза қилиб, тўғри йўлга эргаш».
Иккинчидан, араблар, одатда, қабиласи золим бўлса ҳам, золим бўлмаса ҳам, ўзаро тарафини олиб, ёрдам ва ҳимоя қилишга уринар эдилар. Расулуллоҳ лаънати Абу Жаҳлнинг қабиласидан бўлганлар. Бордию Расулуллоҳ Абу Жаҳл нигоҳида ноҳақ бўлсалар ҳам, арабларнинг урф-одатига кўра, у Расулуллоҳга ёрдам ва кўмак бериши керак эди. Расулуллоҳ ҳақ йўлда бўлсалар, ёрдам қўлини чўзиш энг муносиб (иш) бўлар эди. Абу Жаҳл эса муносиб бўлган нусрат ва ҳимояни тарк қилди. Валлоҳу аълам!

[36] Инсон ўзини бекор ташлаб қўйилади деб ўйлайдими?!
Бу инсон (Абу Жаҳл) даҳрий бўлиши ҳам мумкин. Шунда оятдаги «Инсон ...ўйлайдими?!» жумласидаги [яҳсабу] сўзи ўзининг ҳақиқий маъносида бўлади. Чунки у қайта тирилишни ҳам, ҳисоб-китобни ҳам йўқ деб билар эди. Чиндан ҳам Маккада даҳрийлик эътиқодидаги кишилар бўлган. Агар хитоб ун(Абу Жаҳл)дан бошқага қаратилган бўлса, Аллоҳ таолонинг «Инсон ўзини бекор ташлаб қўйилади деб ўйлайдими?!» оятидаги «ўйлайдими» сўзи ўзининг ҳақиқий маъносида бўлмай, «Ўзини бекор ташлаб қўйилади» деб ўйлайдиган кишининг феълига мос иш қиласанми?» деган маънода бўлади. Худди шу мазмунни Аллоҳ таолонинг «Балки инсон келажакда фисқу фужур қилишни хоҳлайдир» деган оятида ҳам баён қилган эдик. Яъни ҳақиқатда у киши фожир кимсалар каби бўлишни хохдамайди. Лекин у хатти-ҳаракати исённи келтириб чиқарадиган феълни қилади. Айни бундай маънога Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ҳам далолат қилади:
«Биз осмон ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (беҳуда яратилган деган гап) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир» (Сод сураси, 27-оят).
Мазкур оятдаги «гумон» ўзининг ҳақиқий маъносида эмас. Лекин у кимса қайта тирилишни рад этиб, унга имон келтирмаса, гўё у: «Еру осмонни беҳудага яратилган» деб васфлаган бўлади. Зикр қилинган бу феъл қайта тирилишга имон келтирмаслик ва рисолатни инкор қилиш натижасида юзага чиқади.
Савобли, хайрли иш қиладиганларга мукофот бўлганидек, исён қилувчиларга жазо ҳам ҳакдир. Бу дунё исёнкорга ҳам, итоаткорга ҳам бирдек ўтади. Шундай экан, ундан кейин итоаткорнинг мартабаси билан исёнкорнинг манзилини белгилаб берадиган охират ҳовлиси бўлиши лозимдир. Қайта тирилишга имон келтирмаган кимса яхшилик ва ёмонликларга мукофот ёки жазо бор деб билмайди. Бундай кимса итоаткор билан исёнкорнинг мартабасини тенг кўради. Ва бу беҳуда, ботил (қараш)дир.
Иккинчидан, ўзини шунчаки яратилган ва беҳудага ташлаб қўйилган деб билмайдиган киши (жаннатга) тарғиб этилиши, (дўзахдан) қўрқитилиши, (яхшиликка) буюрилиб, (ёмонликдан) қайтарилиши лозим. У буларни расул(нинг даъвати)сиз билиб ололмайди. Бундай вазиятда нималарни қилишлари, нималардан сақланишлари, нималарга рағбат қилишлари ва нималардан ҳазар қилишларини баён қиладиган расулга эҳтиёж бордир. Рисолатни инкор қилувчилар жаннат ва дўзахга, буйруқ ва қайтариқларга нисбатан бепарво бўладилар. Бу (яратилишни) беҳуда дегувчи кишиларнинг ҳолидир.

[37] Ахир, у (бачадонга) тўкиладиган манийдан иборат бир (ҳақир) нутфа эмасмиди?!

[38] Сўнгра лахта қон бўлди. Бас, (Аллоҳ уни) яратиб, тиклади.

[39] Сўнгра ундан жуфтлар - эркак ва аёлни (пайдо) қилди.
Оятнинг тафсири бундай: «Ҳар бир инсон ўзининг нутфа (сперма)дан яратилганини билади. Ушбу нутфа маълум бир жойга қўйилиб, Аллоҳ таоло қоронғи жойда ундан инсонларни яратгани каби спермадан тўрт мучаси соғ инсонни яратиш учун дунёдаги барча тиббиёт вакиллари бир жойга тўпланишса ҳам, асло мақсадларига эриша олмайдилар. Улар бу йўлда бор имкониятлари ва куч-ғайратларини сарфлашсада, бунинг уддасидан чиқолмайдилар.
Мутахассислар нима асосда нутфадан лахта қон, бир парча гўшт ва бутун бошли инсон пайдо бўлишининг моҳиятига асло ета олмайдилар. Шунда улар нутфадан инсонни яратишга Қодир Зот - ҳокимларнинг Ҳокими, яъни бутун оламларнинг Рабби, султони эканини биладилар. Кофирлар ўйлаганидай қайта тирилиш бўлмаганида, Аллоҳ таоло ҳокимларнинг Ҳокими эмас, ўйинчилардан бири бўлар эди. Зикр қилган нарсамиздан шу нарса аён бўладики, бунга қудрати етган Зот асло ожизлик билан васф этилмайди. Аллоҳ таолонинг қудрати қайта тирилтиришга етмайди, деб гумон қилишда Аллоҳ таолога ожизликни исбот қилиш бордир. Аллоҳ таоло мушрикларнинг иддаоларидан пок ва олийдир.

[40] Ана шу (Аллоҳ) ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?!
Аллоҳ азза ва жалланинг [а лайса] - «эмасми?» сўзи сўроқ кўринишида бўлса ҳам, аслида тингловчига «Аллоҳ ўликларни тирилтиришга қодир» деган маънони сингдиришга қаратилган. Юқорида қайд қилинганидек, Аллоҳ таоло томонидан савол кўринишида ифодаланган барча сўроқ жумлалар хитоб тақозо қилган жиҳатга бурилади. Масалан, кимдир бирор кишига: «Аллоҳ таоло ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?» деса, у: «Иўқ, У Зот тирилтиришга қодир», деб жавоб бериши керак. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур оятни тиловат қилганларида: «Парвардигорим Сени поклайман. Иўқ, Сен қайта тирилтирувчисан», дедилар. Аллоҳ таолонинг: «Ана шу (Аллоҳ) ...қодир эмасми?» ояти «У Зот ўликларни тирилтиришга қодир» деган маънони англатади. Тавфиқ Аллохдандир!

Орқага Олдинга