loader

004. Нисо сураси

Мадинада нозил бўлган, 176 оятдан иборат
"Нисо" сўзи луратда "аёллар" дегани. Нисо Қуръони каримнинг тўртинчи сурасидир, у Мадинада нозил қилинган, 176 оятдан иборат. Сурада мусулмонларнинг ички ва ташқи иш фаолиятларига доир шариат аҳкомлари, аёл, уй, оила, давлат ва жамиятга алоқадор муҳим масалалар, эр хотин ўртасидаги муносабатлар, уларнинг ҳуҳуҳ ва бурчлари, мерос, етимлар ҳаҳҳи кабилар ҳамраб олинган. Бу сурада кўпроҳ аёлларга оид шариат аҳкомлари баён этилгани учун у шу ном билан аталган.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. Эй инсонлар, сизларни бир жондан яратган, ундан жуфтини яратиб, икковидан кўплаб эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқинглар! Савол-жавобларингизда номи ишлатиладиган Аллоҳдан ва қариндошчиликни узишдан қўрқинглар. Аллоҳ албатта устингиздан кузатиб турувчидир.
"Бир жон"дан мурод, Одам алайҳиссаломдир, Аллоҳ таоло у кишининг чап қовурғасидан Ҳавво онамизни яратган, Кейин ҳар икковларидан жамики эркак-аёлларни яратиб, дунёнинг турли жойларига тарқатган. Аллоҳ таоло бир ота (Одам алайҳиссалом) ва бир онадан (Момо Хавво) тарқаган бутун инсониятга хитобан айтяптики, сизларни яратган Холиқингиз ва Парвардигорингиздан ҳамиша қўрқинглар, Унинг ҳукмларига қарши чиқишдан ниҳоятда сақланинглар. Буюк Аллоҳ сизларни йўқ ердан бор қилган, итоатсизлигингиз учун жазо беришга ҳам қодир. Сизлар ҳамиша, ҳар қандай ҳолатда Унга муҳтожсизлар. Ҳатто ўрталарингиздаги савол-жавобларда ҳам Унинг номини тилга оласизлар, раҳбарларингизни ишонтириш учун Унинг номи билан қасам ичасизлар. Аллоҳ таолодан қўрқиш баробарида силаи раҳмни (қариндошлик алоқаларини) узманглар, қариндош уруғларга меҳрибонлик кўрсатинглар. Аллоҳ таоло қилмишларимиздан бехабар, деган хаёлга борманглар, яхши билингларки, Парвардигор сизларни ҳар лаҳзада кузатиб туради.
Инсонларнинг бир-бирларига яхшилик қилишлари инсонийлик жиҳатидан шарт бўлса, қариндошларнинг ўзаро яхшилик кўрсатишлари қариндошлик ҳаққидир. Қариндошлик алоқалари боғланиб, яхшилангани сайин қалблар ҳам бир-бирига яқинлашади, меҳрга тўлади. Меҳр йўқ қалбда эса ҳасад ва адоват бош кўтаради. Аллоҳ таоло юқоридаги ояти каримада буюряптики, энг аввал Аллохдан қўрқинглар, сўнг қариндошлик алоқаларини узишдан қўрқинглар! Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан бир неча ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) бундай деганлар: "Қариндошликни узган жаннатга кирмайди" (Имом Бухорий ва Муслим ривояти); "Аллоҳ таолонинг раҳмати ораларида қариндошликни узган кимса бор қавмга насиб этмайди" (Табароний ривояти). Фуқаҳолар айтишади: "Қариндошлардан бири нимагадир муҳтож бўлиб келганида унинг ҳожатини чиқармаслик қариндошчиликни узиш ҳисобланади. Амаки, ака ва тоға — ота ўрнида, хола, амма, опа — она ўрнида кўрилади. Қариндошларга салом ё ҳадя йўллаш ила боғланиб туриш вожибдир".

2. Етимларга молларини беринглар, нопокни пок нарсага алмаштирманглар. Уларнинг молларини ўзингизникига аралаштириб еманглар, бу катта гуноҳдир.
Муқотил ва Калбий айтади: "Бу оят ғатафонлик бир киши ҳақида нозил бўлган. Унинг қарамоғида бир етим, яъни акасининг ўғли бўлиб, унинг моли кўп эди. Етим балоғатга етгач, амакисидан молини сўради. Амакиси эса бермади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига боришганда ушбу оят нозил бўлди. Амакиси бу оятни эшитиб, "Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоат этдик. Гуноҳ иш қилиб қўйишдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман", деди-да, етим жиянининг молини қайтариб берди. Шунда Расулуллоҳ: "Ким нафсининг бахиллигидан сақланса ва мана шундай қилиб уни қайтарса, у одам ҳовлисига (яъни, жаннатга) кирибди", дедилар".
Отаси вафот этган етимларга валий (вакил) бўлган кишиларга ҳукм шуки, етимлар балоғатга етганида молларини ўзларининг қўлларига топшириш керак. Балоғатга етгунича етимларнинг яхши-яхши молларини олиб қолиб, ўрнига ўзларининг ёмон, ярамас молларини қўйиб қўйишмасин ёки уларнинг молларини ўзлариникига қўшиб ишлатишмасин, истеъмол қилишмасин. Валийга етим билан ўзининг таомини бир хил қилишга ижозат бор, лекин бунда шарт шуки, етимга зарар етмасин, шерикликни баҳона қилиб, етим моли ўзлаштириб юборилмасин. Чунки бундай қилиш энг оғир гуноҳлардан саналади.

3. Агар етималарга адолатли бўла олмасликдан қўрқсанглар, ўзингизга ёққан аёллардан икки, уч, тўрттасини никоҳларингга олаверинглар. Бордию одиллик қилолмасликдан қўрқсанглар, у ҳолда биттаси ёки қўл остингиздагилар кифоя. Мана шунда жабр қилинмаслиги аниқроқ.
"Қўл остингиздагилар" деганда урушда асир олинган чўрилар назарда тутилади. Исломда тўрттагача хотин олишга ижозат берилган, лекин улар ўртасида адолат қила олмасликдан хавфда бўлинганда битта хотин билан ёки қўл остидаги мулки ҳисобланган чўри билан кифояланиш зарур, шундагина жабр-зулмнинг олди олинади.
Пайғамбаримиз ҳадисларида ривоят қилинишича, етим қизларнинг молларига вакил бўлган айрим кишилар қизнинг ўзига ва молига қизиқиб, озгина маҳр билан уни никоҳларига олишар эди. Ўзи ёқмасаю лекин моли кўп бўлса, бунда ҳам уни бошқага узатмай сақлаб туришарди. Лекин бундай ҳаёт қизнинг турмушини уқубатга айлантирар эди. Худди шу масалада юқоридаги ояти карима тушди. Вакилларга буюриляптики, сизлар етимларни никоҳга олганда адолат қилолмаймиз, деб қўрқсанглар, шариатга мувофиқ бирдан тўрттагача бошқа хотинларга уйланаверинглар, токи етимларга зарар етмасин. Озод мусулмонга тўрттагача, қул одамга иккита хотинга ижозат бор, бу нарса ҳадисларда ҳам келган, жамики олимларнинг якдил қарори ҳам шундай. Бу ҳукм бутун Ислом умматигадир, фақат Сарвари олам бундан мустаснолар, у зотга бундан ҳам зиёдасига ижозат берилган.
Лекин адолат қила олмаслик хавфи бўлса, бир хотин билан кифояланиш ҳар бир мусулмонга зарурдир. Бирдан ортиқ хотин олганларга уларнинг емак ичмаги, маскани, ётоғи ва бошқа эҳтиёжларини таъминлашда баробар тутиш вожиб. Баробар тутмаганлар қиёмат куни азобга мубтало бўлишади. Хотинлар ўртасида адолат қилишнинг қийинлиги улардан тутилган фарзандларнинг ҳасад туфайли бир-бирларига адоват қилишларида ҳам намоён бўлади. Қайси хотин эрни қайси йўл билан бўлса ҳам ўзига қаратиб олган бўлса, унинг фарзанди ҳам ота наздида эркароқ, суюклироқ бўлади. Оқибатда бошқа фарзандларда ана шу суюмли фарзандга ҳасад ва душманлик кучаяди. Бунга Қуръони каримдаги Юсуф ва унинг акалари қиссаси яхши мисолдир. Шу боис, Аллоҳ таоло хотинлар ўртасида адолат қилишга кўзи етмаган эркакларни бир хотин билан кифояланишга буюрмокда.

4. Хотинларингизга маҳрларини хурсандчилик билан беринглар. Агар ундан бир миқдорини чин дилдан кечишса, бемалол фойдаланаверинглар.
Никоҳ эрнинг зиммасига бўлажак хотинига маҳр бериш мажбуриятини юклайди. Маҳр эр томонидан бўлғуси турмуш ўртоғига унинг никоҳига киргани учун бериладиган, кейин ҳам қайтариб олинмайдиган совғадир. Маҳр хотиннинг шахсий мулки саналади ва унга на эр, на хотиннинг яқинлари дахл қила олишади. Ҳанафий мазҳабига биноан маҳрнинг энг ози миқдори ўн дирҳамдан кам бўлмаслиги керак. Аммо ундан кўп бўлиши келин-куёвнинг ўзаро келишувига боғлиқ. Хотин кишининг маҳри хурсандчилик билан, чин дилдан берилиши керак. Агар хотин маҳрининг бир қисмини қайтариб берса, эр уни хушвақтлик билан қабул қилиб ишлатаверсин.
 
5. Аллоҳ сизларга турмуш сабаби қилган молларингизни эсипастларга берманглар, уларни бу моллардан едириб-кийинтиринглар ва уларга яхши гапиринглар.
Молни асраш лозим ишлардан саналади. Мол-мулкка енгилтаклик, масъулиятсизлик билан муносабатда бўладиганларга уни топшириб қўйиш молнинг йўқ қилинишига олиб келгани учун Ислом шариатига кўра, бундай ҳолдаги етимларга вакил кишилар молни улар қўлига бермай, ўзлари едириб-кийинтиришлари, уларга яхши муомалада бўлишлари керак. Мусулмонлар қўлидаги мол мулк улар жамоасининг жавобгарлигида бўлгани учун етимлардан ташқари уни тасарруф қила олмайдиган бошқа кишиларга (масалан, ҳисоб-китобни билмайдиган) ҳам берилмайди.

6. Етимларни то балоғатга етгунларича синаб туринглар, агар эс-ҳушлари жойида эканини билсанглар, молларини ўзларига топширинглар. Уларнинг молларини исроф қилманглар ва шошилиб ишлатиб қўйманглар. Ким ўзига тўқ бўлса, ундан парҳез қилсин, ким муҳтож бўлса, инсоф билан олсин. Уларга молларини гувоҳлар иштирокида топширинглар, ҳисоб-китобга Аллоҳ кифоядир.
Етимлар молига масъул вакиллар уларнинг улғайиб қолишидан қўрқиб молни тезда ишлатиб юборишмасин ёки уларни кераксиз ўринларга йўллаб исроф қилишмасин. Агар етимни тарбиялаётган киши муҳтож бўлса, ҳар ойда хизматига яраша ҳақини олади, лекин бадавлат киши бўлса, етим молидан олиши дуруст бўлмайди. Улар улғайгач, молларини ўзларига топширишда гувоҳларни чақириш зарур. Бу оят Собит ибн Рифоаъ ва унинг амакиси ҳақида нозил бўлган. Отаси Рифоаъ ўлгач, Собит етим қолди. Шунда Собитнинг амакиси Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бориб: ' Акамнинг ўғли менинг қарамоғимда. Унинг молидан нималар ҳалол бўлади ва молини қачон қайтараман?" деб сўраганида Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.

7. Отаоналари ва қариндошлари қолдириб кетганида эркакларга улуш бор, отаоналари ва қариндошлари қолдириб кетганида аёлларга улуш бор. Бу оз бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам, фарз қилинган улушлардир.
Муфассирлар айтишади: "Авс ибн Собит Ансорий вафот этиб, унинг хотини Умму Кажжа тул қолди. Унинг Авсдан уч қизи бор эди. Авснинг амакисида Сувайд ва Урфажа исмли икки ўғил бўлиб, ўзларини унинг васийлари ҳисоблашиб, мол-мулкига эга чиқишди ва унинг хотини билан қизларига меросдан ҳеч нарса беришмади. Чунки жоҳилият даврида аёллар ва кичик ёшдаги болаларга мерос берилмасди. Улуш кўпроқ от устида жанг қила оладиган ва ўлжани қўлга кирита оладиган кишиларга бериларди. Шунда Умму Кажжа Набий алайҳиссаломга бориб: "Эй Аллоҳнинг Расули, Авс вафот этиб, менга қизларини қолдириб кетди. Мен аёл кишиман, уларни боқишга қурбим етмайди. Ундан анчагина мол қолди. Лекин мол-мулк Сувайд билан Урфажанинг қўлида. Улар менга ҳам, болаларимга ҳам ҳеч нарса беришмади. Моллар меникида бўлса ҳам, на бирор егулик, на ичимлик беришяпти, на болаларга қарашяпти", деди. Расулуллоҳ уларни чақиртирдилар. Улар: "Эй Аллоҳнинг элчиси, бу аёлнинг болалари от минолмайди, оғир иш қилолмайди, душманни енголмайди", дейишди. Расулуллоҳ: "Аллоҳ менга сизлар ҳақингизда бирор нарса билдиргунича кутинглар”, дедилар. Кейин Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди".

8. Тақсимотда қариндошлар, етимлар ва муҳтожлар бўлишса, уларни ҳам баҳраманд қилинглар ва уларга яхши гапиринглар.
Яъни, бир киши вафот этиб, ундан мол-мулк мерос қоладиган бўлса, уни тақсимлашда эҳтиёт бўлинглар, меросга ҳақдорларнинг улушини беринглар. Мерос тақсимотида қариндошлар, етимлар ва муҳтож кишиларни ҳам ундан баҳраманд қилинглар. Бордию улар ҳақларини талаб қилишса ёки меросдан сўрашса, уларга қўпол гапириб, дилларини оғритманглар.

9. Ўзларидан ёш болаларни қолдириб, бундан хавфда бўлганлар каби қўрқишсин. Улар Аллоҳдан қўрқишсин ва тўғри сўзлашсин.
Етимлар молига васий бўлганлар худди ўзлари ҳам вафот этиб, ёш болаларини қолдириб кетганда бошқаларнинг уларга васийлик пайтида қўрқиб тургани каби етимлар молига хиёнат қилишдан қўрқишлари керак. Бу ҳукм вафоти олдидан васият қилаётганлар ҳузуридаги гувоҳларга ҳам тааллуқлидир.
 
10. Етимлар молини зулм билан еганлар қоринларига оловни еган бўлишади ва албатта дўзахга киришади.
Ислом келмасидан олдин ёшидан қатъи назар, қиз болаларга умуман мерос берилмас, балоғатга етмаган ўғил болаларга ҳам меросдан улуш тегмас эди. Юқоридаги ояти карималар ҳукми билан бу ботил одатлар йўққа чиқарилди, уларнинг ҳаммасига меросдан ҳисса ажратиш ҳукми кучга кирди. Меросни тақсимлаш пайтида ўша хонадон одамларидан етимлар ва муҳтожлар келиб қолишса, уларга ҳам улуш берилсин. Агар қолдирилган мол етимларнинг нарсаси бўлса ва ўлган киши ўзи васият қилмаган бўлса, бу ҳолда яхши гапириб, уларга узр айтилсин. Етимлар молини турли зулм йўллари билан еганлар қоринларига дўзах оловини еган каби бўлади ва албатта дўзахга тушади.

11. Аллоҳ фарзандларингиз борасида бир ўғилга икки қиз улушини беришга буюрди. Агар қизлар иккитадан кўп бўлса, мероснинг учдан иккиси, қиз битта бўлса, унга унинг ярми, агар марҳумнинг фарзанди бўлса, унинг ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир улуш берилади. Агар фарзанди бўлмай, фақат ота она меросхўр бўлишса, қилган васияти ва қарзлари берилганидан сўнг онасига учдан бири, ака-укалари бўлса, олтидан бири тегади. Ота-онангиз ва фарзандларингиздан қай бири сизларга манфаатлироқ эканини билмайсизлар, буларни Аллоҳ фарз қилган. Аллоҳ албатта билимли ва ҳикматлидир.
Жобир розийаллоҳу анҳу айтади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Абу Бакр мени кўргани Бани Салама маҳалласига яёв келишганида мен беҳуш ётган эдим. Расулуллоҳ таҳорат қилиб, сувидан менга сепгач, ўзимга келдим ва: "Эй Аллоҳнинг элчиси, мол-мулкимни нима қиламан?" дедим. Шунда ушбу оят нозил бўлди" (Имом Бухорий ва Муслим). Яна Жобир ибн Абдуллоҳ айтади: "Бир аёл икки қизини олиб келиб: "Эй Аллоҳнинг элчиси, булар Собит ибн Қайснинг қизлари (ёки Саъд ибн Робиъники, деди). У Уҳудда шаҳид бўлган. Қизларнинг амакиси эримнинг моли ва меросига эга чиқди. Қизларимга ҳеч нарса бермади. Шунга нима дейсиз? Аллоҳга қасамки, мол мулклари бўлсагина қизларим эрга тегишлари мумкин", деди. Шунда Нисо сурасининг юқоридаги оятлари нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: "Аёл билан ҳамроҳларини чақириб кел", дедилар. Қизларнинг амакисига: "Иккала қизга мероснинг учдан икки қисмини, онасига саккиздан бирини бер, қолгани сенга", дедилар".
 
12. Агар фарзандлари бўлмаса, сизларга хотинларингиз қолдирган мероснинг улар васиятини ёки қарзларини адо этгандан кейин қолган ярми, агар фарзанди бўлса, чораги тегади. Агар болангиз бўлмаса, қилган васиятингиз ёки қарзларингиз адо қилинганидан кейин хотинларингизга меросингизнинг тўртдан бири, агар фарзандларингиз бўлса, саккиздан бир улуши тегади. Агар калола эр ва хотин мерос қолдирса, уларнинг қилган васиятлари ва қарзлари адо қилинганидан кейин иниси ёки опа~ сингили мероснинг олтидан бирига, улар бирдан кўпроқ бўлишса, учдан бирига шерикдирлар. Булар Аллоҳнинг васияти, Аллоҳ албатта билимли ва ҳикматлидир.
Араб тилида "калола" сўзи вафот этган чоғида бола-чақаси, невара-чевараси, ота-онаси, бобо-бувиси бўлмаган, сўққабош одам маъносини билдиради,
Хотин киши вафот этсаю, фарзанди бўлмаса, ундан қолган мероснинг аёл қилган васияти ва қарзи узилганидан кейин қолганининг ярми эрига берилади. Агар хоҳ шу эридан, хоҳ бошқа эридан фарзанди бўлса, эрга тўртдан бир улуш тегади. Эр вафот этсаю фарзанди бўлмаса, хотинига меросининг васият ва қарзлар адо қилинганидан қолганининг тўртдан бири, агар фарзанди бўлса, саккиздан бири берилади (хотини бир ё ундан кўп бўлса ҳам улушда баробардирлар). Хотиннинг маҳри меросдан ташқаридадир. Агар эр ёки хотин марҳумнинг меросхўри онабир ака-ука ёки опа-сингил бўлса, уларга марҳум васияти ва қарзи адо этилганидан кейин мероснинг олтидан бири, агар ини- сингиллар бирдан кўп бўлишса, ҳаммаларига учдан бири тегади.

13. Булар Аллоҳ чегараларидир. Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоатда бўлса, У остидан анҳорлар оқиб турувчи, унда абадий қолинадиган жаннатига киритади. Бу эса буюк саодатдир.
Меросга эгалик қилишда ва уни тақсимлашда ниҳоятда эҳтиёт бўлинглар, ҳакдорларнинг улушига тажовуз қилманглар. Чунки бу нарсалар Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоатда бўлиб, меросхўрларнинг ҳаққини чиройли суратда адо этса, Аллоҳ таоло бундай кишиларни остидан анҳорлар оқиб турувчи ва унда абадий роҳат-фароғатда яшаладиган жаннатига киритади. Инсон учун дунё ва охиратда бундан ҳам улуғ бахт-саодат бўлиши мумкинми?

14. Ким Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарига исён ва чегараларига тажовуз қилса, У абадий қолинадиган дўзахига киритади ва унда хорловчи азоблар бордир.
Аллоҳ ман қилган-қайтарган ҳаром нарсалар Аллоҳ азза ва жалланинг чегараларидир. Қуръони каримда бундай марҳамат этилган: "Булар Аллоҳнинг чегараларидир, бас, уларга яқинлашманглар!" (Бақара, 187). Юқоридаги ояти каримада Парвардигор Ўзининг чегараларини бузувчи, Аллоҳга, унинг Пайғамбарига исён қилувчи кимсаларни абадий азоб-қийноқ жойи бўлмиш дўзахдан огоҳлантирмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сизларни нимадан қайтарсам, ундан сақланинглар, нима нарсага буюрсам, уни қодир бўлганингизча бажаринглар", деганлар (Имом Муслим ривояти). Аллоҳ ман этган ва ҳаром ҳисобланган нарсалар баёни Қуръони каримда келган. Булардан айримлари — Аллоҳнинг шериги бор деб Унга ширк келтириш, ота-онага осийлик, хамр, чўчқа гўшти, ўлакса, қон, Аллоҳдан бошқага атаб сўйилган ҳайвонлар гўшти, фолбинлик, никоҳи ҳаром қилинганларга уйланиш, зино, судхўрлик ва бошқалардир. Ким ман этилган нарсани Аллоҳ учун тарк этса, эвазига Аллоҳ ундан ҳам яхши- сини беради ва қалбида имон лаззатини туяди. Нифоқ аҳли ўткинчи роҳатни деб ҳаромга қадам қўйгани учун дўзахдаги абадий аламли ва хорловчи азобга дучор бўлади.
 
15. Хотинларингиздан фоҳишалик қилганига ўзларингиздан тўрт кишини гувоҳ қилинглар. Агар гувоҳлик беришса, ўлим келгунича ёки Аллоҳ бирор йўл кўрсатгунича уйларингизда сақлаб туринглар.
Қай бир киши хотинининг зино (никоҳсиз жинсий алоқа) қилганини билса, буни аниқлашга эс-ҳушли, балоғатга етган, ҳур эркак мусулмонлардан тўрт кишини гувоҳ қилиши керак бўлади. Агар барчалари баробар бу ишга гувоҳлик беришса, ўша хотинни ташқарига чиқармай, бошқалар билан мулоқотга ижозат бермай, уйга қамаб қўйилади. Ушбу ҳукм келганида зинокор хотинга сазо (жазо) тайин қилинмаган эди, кейинчалик Нур сурасидаги ҳукмга кўра бокирага юз қамчи уриш, жувон хотинни тошбўрон қилиш жазоси тайин қилинди. Шундан кейин юқоридаги оятнинг ҳукми мансух (бекор) бўлди.

16. Сизлардан ўша ишни қилган икки эркакнинг таъ зирини беринглар. Агар иккови тавба қилса ва тузалса, тек қўйинглар. Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва меҳрибондир.
Бу ояти каримадаги "ўша иш", яъни фаҳш ишдан кўзда тутилган нарса баъзи уламолар наздида бесоқолбозлик, баъзиларига кўра зино бўлган, айримлари эса ҳар иккисига тааллуқли, дейишган. Бундай жиноятга йўл қўйган кимсаларга мусулмон жамоаси томонидан таъзир берилади, агар иккови тавба қилиб, ўзларини ўнглашса, уларга тегилмайди.
 
17. Нодонликдан ёмон ишга қўл уриб, сўнгра тезда тавба қилганларнинг тавбасини қабул қилиш Аллоҳгадир. Аллоҳ бундайларнинг тавбасини қабул қилади. Аллоҳ билимли ва ҳикматлидир.
Бундай фаҳш ишларни билмасдан қилиб қўйган ва қилган гуноҳини сезган заҳоти тавба қилиб, қилмишларига қайтмасликка ваъда берган кишиларнинг тавбасини қабул қилиш Аллоҳга ҳавола этилади. Аллоҳ таоло бундайларнинг тавбасини қабул қилади. Парвардигорингиз ўта билимли ва ҳар бир ишнинг ҳикматини билувчи Зотдир.

18. Гуноҳларни мунтазам қилиб юриб, ўлим келганида: "энди тавба қилдим" дейдиганлар ва кофир ҳолларида ўлганларнинг тавбаси қабул бўлмайди. Уларга қий~ ноқли азоблар тайёрлаб қўйганмиз.
Аммо инсонлар ичида шунақа тоифалари ҳам борки, улар умр бўйи гуноҳ ва фаҳш ишлардан бўшамайди, буларнинг оғир жиноят эканини тушунтирганларнинг сўзини назарга илмайди. Энди ўлим соати яқинлашиб, жони ҳалқумига келганида "энди тавба қилдим" деб тазарру қилишга ўтади. Ёки инсонларнинг бошқа бир тоифаси ҳатто ўлим келиб турганини сезиб ҳам куфрини тарк этолмай, кофирлигича ўлиб кетади. Аллоҳ таоло бундай кимсаларнинг тавбасини асло қабул қилмайди. Чунки Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор: "Унга (Фиръавнга) ғарқ бўлиш соати етиб келганида айтди: "Имон келтирдимки, Бани Исроил имон келтирган Зотдан ўзга илоҳ йўқдир. Мен ҳам мусулмонларданман". (Аллоҳ деди): "Эндими?! Ахир, сен илгари итоатсизлик килган ва бузғунчилардан эдинг-ку!" (Юнус, 90-91).

19. Эй имон келтирганлар, хотинларни зўрлик билан мерос қилиб олиш сизларга ҳалол эмас. Агар очиқ фаҳш иш қилишмаган бўлса, берган маҳрларингизнинг бир
қисмини олиш учун уларни мажбуран ушлаб турманглар. Агар уларни ёқтирмасангиз ҳам муносиб умр кечиринглар, зеро, сиз ёқтирмаган нарсада Аллоҳ кўп яхши~ ликларни бериши мумкин.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу айтади: "Бир киши ўлса, қариндошлари унинг хотинига ҳакди бўлишарди. Бирортаси хоҳласа унга уйланар, хоҳламаса уйланмас эди. Улар ўша аёлга ўзининг аҳлидан кўра ҳақлироқ саналарди. Ушбу оят шу ҳакда нозил бўлган" (Имом Бухорий).
Муфассирлар айтишади: "Жоҳилият пайтида ва Исломнинг илк даврларида мадиналиклар одатига кўра, бир киши ўлиб хотини тул қолса, унинг бошқа хотинидан бўлган ўғли ёки бирор қариндоши келиб, кийимини бева қолган аёлнинг устига ташларди. Шу тариқа ўша киши бу хотинга ҳаммадан кўра, ҳатто аёлнинг ўзидан ҳам кўра ҳақлироқ бўларди. Агар унга уйланишни хоҳласа, маҳр бермай уйланаверарди. Ўлган эрининг маҳри уйланишга кифоя қиларди. Хоҳласа, уни бошқа эрга узатиб, маҳрини ўзи олар, аёлга бермас эди. Хоҳласа, эрдан қолган меросга эга бўлиш учун аёлга ўзи ҳам уйланмай, бировга ҳам узатмай қийнар, меросни беришга мажбурлар эди. Ўша аёл ўлганидан кейин мерос унга қолар эди... Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди".

20. Агар бир хотин ўрнига бошқасини олмоқчи бўлсанглар, биринчисига ҳисобсиз мол берган бўлсанглар ҳам ҳеч нарсани қайтариб олманглар. Буни бўҳтон ва очиқ гуноҳ билан оласизларми?
Агар эр киши биринчи хотини ўрнига иккинчисига уйланмоқчи бўлса, биринчисига маҳр сифатида қинтор-қинтор (кўп микдорда) олтин берган бўлса ҳам бунинг ҳаммасини ёки бир қисмини қайтариб олиши Ислом таълимотига тўғри келмайди. Чунки баъзи эркаклар берган маҳрини қайтариб олиш учун биринчи хотинини бузуқлик ёки зинода айблаб, бўҳтон қилиши ва шу туфайли унга туҳмат қилиб, очиқ-ойдин гуноҳга қўл уриши мумкин.
 
21. Ахир қандай ҳам оласизлар, ахир бир-бирингизга қовушиб, улар сиздан қатъий аҳд олишган-ку!
Аллоҳ айтяптики, ахир биринчи хотинга уйланаётганда унга чин дилдан берган маҳрингизни энди қайси юз билан қайтариб ҳам оласиз? Никоҳ акди билан хотинга маҳрни берган эдингиз, хотинингиз билан қовушаётганингизда у маҳрни қайтариб олмаслик ҳақида сиз билан аҳдлашган эди-ку!
 
22. Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманглар, аммо аввалда ўтган бўлса, зарари йўқ. Бу албатта хунук ва жирканч иш, ёмон бир йўлдир.
Исломдан олдинги жоҳилият даврининг энг ёмон одатларидан бири ўғилнинг ота ўлиб кетганидан кейин у уйланган аёлларини, яъни ўтай оналарини никоҳига олиши эди. Бу оят нозил бўлишига Ҳисн ибн Абу Қайснинг отасининг хотини Кабиша бинти Маънга уйланиши сабаб бўлган. Ўшанда Саффон ибн Умайя ибн Халаф ҳам отасининг хотини Фохира бинти Асвад ибн Муттолибга, Мансур ибн Мозан отасининг хотини Малика бинти Хорижага уйланган. Оятнинг асосий мақсади шунга қаратилган. Ашъас ибн Сивар айтади: "Ансорларнинг солиҳларидан бўлган Абу Қайс ўлиб, ўғли отасидан қолган хотинни никоҳига олмоқчи бўлди. У: "Мен сени ўғлим деб биламан. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳукм сўрайман", деди. Шунда ушбу оят нозил бўлди".
 
23. Оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, акаукаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган "она"ларингиз, эмишган "опа-сингил"ларингиз, қайноналарингиз, қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари сизларга ҳаром қилинган. Агар улар билан қовушмаган бўлсанглар, гуноҳи йўқ. Яна пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари, икки сингилни бир никоҳда жамлаш ҳам ҳаром қилинди, аммо бу аввалда ўтган бўлса, зарари йўқ. Аллоҳ албатта кечирувчи ва раҳмлидир.
Ушбу ояти каримада кишининг маҳрамлари, яъни унинг уйланиши ҳаром бўлган тоифалар зикр этилмокда. Насаб жиҳатидан никоҳланиш ҳаром бўлган тоифалар еттита: оналар, қизлар, опа-сингиллар, аммалар, холалар, ака ука ва опа-сингилларнинг қизлари, сут эмишган эмикдошлар. Никоҳланиш жиҳатидан ҳамиша ҳаром бўлганлар хотиннинг онаси ва қизидир. Пушти камаридан бўлган ўғилларининг хотинларига, икки опа-сингилга бир вақтда уйланиш ҳам ҳаромдир. Агар бу иш оятлар нозил бўлмасдан аввалда ўтган бўлса, Аллоҳ таолонинг афви ва мағфиратидан умид қилинади, Аллоҳ таоло кечирувчи ва ниҳоятда раҳмли Зотдир.

24. Эрли хотинлар ҳам сизларга ҳаром, фақат қўлингизга мулк бўлиб тушган чўрилар мустасно. Булар Аллоҳнинг қонунидир. Булардаи бошқа аёлларни ўзларингизни сақлаган, зино аралаштирмаган ҳолда молларингиз билан талаб этишингиз ҳалол қилинди. Улардан ҳузурланганингиз учун маҳрларини беринг, маҳр белгиланганидан кейин ўзаро келишсанглар, гуноҳи йўқ. Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир.
Шаръий никоҳлари ҳаром бўлган хотинлар баён қилинганидан кейин энди яна бир тоифанинг ҳаромлиги зикр қилинмоқда. Яъни, бошқа бир кишининг никоҳида турган эрли аёлни то уни эри талоқ қилиб ёки вафот этиб, аёл иддаси чиқмагунича бошқа одам никоҳига олиши ҳаромдир, Фақат кофирлар юртига Ислом лашкарлари кирганида асир олинган аёл бир кишига мулк сифатида ўтиб иддаси чиққан бўлса, ана шу чўрилар бундан мустасно.
Бир хотинни никоҳига олиб, ундан бир оз нафланган бўлса, яъни бирор марта жинсий алоқа қилса, бу хотиннинг маҳри эрнинг зиммасига тўла тушади, хотин ўзи кечмаса, ҳаргиз эрдан соқит бўлмайди. Агар маҳр тайин қилинганидан кейин эр ва хотин бирор нарсага келишишса, яъни хотин маҳрнинг бир қисмидан кечса ёки эр маҳрни бир микдор кўпайтирса, ҳеч қиси йўқ. Лекин хотиннинг белгиланган маҳрдан ортиғини талаб қилиши ёки эрнинг тайин этилган маҳрни тўла бермаслиги ножоиздир (мумкин эмас).
Юқорида баён қилинган аёллардан бошқа барча хотинлар қуйидаги тўрт шарт билан ҳалолдирлар: 1) талаб, яъни тил билан "ижоб ва қабул" қилинса; 2) мол, яъни маҳр бериш қабул этилса; 3) ҳамиша ўз муҳофазасида асраш мақсади бўлса, уч-тўрт кун шаҳватини қондириб, кейин қўйиб юбориш нияти бўлмаса; 4) икки эркак ёки энг камида бир эркак ва икки хотин гувоҳлигида никоҳ қилинса. Агар икки гувоҳсиз "ижоб ва қабул" қилинса, никоҳга ўтмайди, балки зино ҳисобланади. Бу охирги шарт ҳақида бошқа оятларда ҳам зикр қилинган.

25. Сизлардан ким ҳур мўминаларни никоҳига олишга қодир бўлмаса, қўлларингизда мулк бўлган мўмина чўрилардан бирига уйланаверсин. Аллоҳ имонларингизни яхши билади. Сизлар ўзаро бир жинсдирсиз. Улардан ўзини сақлаган, зино қилмаган ва махфий ўйнаш тутмаганларини эгаларининг ижозати билан никоҳингизга олинг ва муносиб маҳрларини беринг. Эрга теккач, фаҳш ишлар қилишса, уларга ҳур хотинларга бериладиган жазонинг ярми тайинланади. Бу бузилиб кетишдан қўрққанлар учундир, сабрли бўлишингиз ўзингизга яхшироқдир. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир.
Ҳур-озод хотин олишга маблағи етмаган ё нафақа (боқиш) жиҳатидан қодир бўлмаган эркак бирор мўмина чўри билан никоҳланиши мумкин, чунки уларнинг маҳрлари кам, нафақалари оз бўлади. Ҳур хотин олишга қодир бўлган одамнинг чўри билан никоҳланиши имом Шофеъий мазҳабларида ҳаром, имом Абу Ҳанифа мазҳабларида эса макруҳи танзиҳийдир, яъни қилинишидан қатъий қайтарилмаган, аммо қилинмаслиги аълороқ бўлган амалдир. Ҳур хотини бўлган эрнинг чўри билан никоҳ қилиниши барча мазҳабларда ҳаромдир. Зино хавфи бўлганида сабр қилинса яхши. Зино қилган қул ва чўрига ҳур мусулмонларга бериладиган жазонинг ярми тайин қилинади, яъни эллик дарра урилади.
 
26. Аллоҳ сизларга тушунтиришни, олдингиларнинг йўлларига ҳидоят қилишни ва тавбаларингизни қабул этишни истайди. Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир.
Эй инсонлар, Аллоҳ таоло сизларга Ўзининг ҳикматини, илми ва иродасини тушунтиришни истайди. У ҳар бирингизни ана шу ҳикмат ва илоҳий ирода ҳақида фикр юритиш, ваҳийларни чин ихлос билан қабул қилиб, ҳаётингизга татбиқ этишга буюради. Чунки Яратувчингиз сизларни асл ҳидоят йўлларида юришингизни ва гуноҳлардан қилган тавбаларингизни қабул этишни хоҳлайди. Аллоҳ ҳамма нарсани, ҳатто бандаларининг барча яширин ва ошкора ишларигача яхши биладиган ҳикматли Зотдир.
 
27. Аллоҳ сизларни кечиришни истайди, шаҳватига қул бўлганлар эса бутунлай йўлдан чиқиб кетишингизни хоҳлашади.
Аллоҳ таоло бирор бандасига зулм қилишни истамайди, уларга машаққат етишини хоҳламайди. Бордию улар гуноҳга қўлуришсаю дарров бундан пушаймон бўлган ҳолда тавба ва истигфорга шошилишса, раҳмли ва меҳрибон Парвардигорлари уларни кечиради. Аммо шаҳватига қул бўлган, шайтонни ошно тутганлар эса инсонларни бутунлай йўлдан уришни, уларни ўзларининг қабиҳ йўлларига бошлашни исташади. Бундай душманлар бутун ҳам мўмин-мусулмонларни ҳақ йўлларидан, асл динларидан чалғитишга, уларни яна залолат чангалзорларига бошлашга уринишмокда. Дунёни ўз тўрига ўраб-чирмаб бораётган оммавий "маданият", фаҳш ва ахлоқсизликлар, ширк ва шайтоний васвасалар инсониятни зулмат ва шайтон салтанатига чорламокда. Аллоҳ ва Унинг Расулига итоатда бўлишни ор санаётганлар эса уларнинг тўрига осонгина илинишмокда.

28. Аллоҳ сизларга енгиллатишни истайди, чунки инсон заиф яратилган.
Аллоҳ азза ва жалла инсонни жуда ожиз қилиб яратган. Инсон шайтон ва нафсининг сўзига осонгина киради, озгина манфаат йўлида ҳатто эътиқодидан ҳам воз кечишга тайёр туради. Бойлик, мансаб ёки шуҳрат илинжида дини, миллати, ватанига ҳам хиёнат қилишдан қўрқмайди. Аллоҳ таоло Ўз бандаларини ана шундай ожиз яратганини билгани учун ҳам уларни ҳамиша иллат ва қабиҳликлардан четда бўлиш, Ўз ваҳийлари ва пайғамбарлари орқали етказган амрларига бўйсуниш, гуноҳлардан четланишга буюради.
 
29. Эй имон келтирганлар, ўзаро розилик билан қилинган савдодан ташқари бир-бирларингизнинг молларингизни ноҳақ еманглар. Ўзларингизни ўлдирманглар, Аллоҳ албатта сизларга меҳрибондир.
Савдо-тижорат Ислом динида рухсат этилган амалдир, мол-дунёга эга бўлишнинг асосий шартларидандир. Аммо тижорат билан шуғулланмоқчи бўлганлар унинг илмини яхши ўзлаштирган, бундаги динимиз талабларидан яхши хабардор бўлган ҳолда унга қўл уришлари керак. Ҳалол савдонинг шарти шуки, сотувчи ҳам, олувчи ҳам ўзаро рози бўлган, келишган ҳолда олди-сотди қилишлари, хиёнат ва ёлғон аралаштирмасликлари, омонатдор бўлишлари лозим. Харидорни алдаш, ўлчовдан уриб қолиш, молнинг айбини яшириб сотиш, зўравонлик билан бировнинг молини тортиб олиш ёки омонатга берилган молни эгасига қайтармаслик кабилар ноҳақ йўл билан мол ейишга киради. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни бу ёмон ишдан қайтармоқда ва буни ўз жонига қасд қилиш билан тенглаштирмокда.
Муфассирлар оятдаги "ўзларингизни ўлдирманглар" жумласини бир неча хил тафсир қилишган. Зикр қилинадики, Амр ибн Осс совуқ кечада жунуб бўлиб (булғаниб) қолиб, таяммум қилди ва ушбу оятни ўқиди. Кейин буни Набий алайҳиссаломга айтган эди, уни койимадилар (Имом Бухорий). Купчилик муфассирлар буни нўз жонингизга ўзларинг қасд қилманглар" деб тафсир қилишган. Турмуш қийинчиликларига бардош беролмай ёки бирор киши билан қасдлашиб ёхуд қандайдир бошқа бир сабаблар билан ўз жонига қасд қилиш динимизда қаттиқ қораланган. Жундуб ибн Абдуллоҳ (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: "Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши жароҳатланди. Сабрсизлик қилиб, қўл томирини кесди. Кўп ўтмай қон йўқотиб вафот этди. Аллоҳ таоло: "Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни ҳаром қилдим", деди" (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Демак, қандай йўл билан бўлмасин, ўзини ўзи ўлдириш, турмуш қийинчиликлари ва муросасизлик туфайли аёлларимизнинг ўз жонларига қасд қилишлари, динни ниқоб қилиб олган айрим террорчиларнинг ўзларини портлатишлари каби ишлар Аллоҳга ва У белгилаган такдирга исён қилишдир, тоқатимиз ва сабримизни синаш учун берилган имтиҳондан ўта олмасликдир.
 
30. Ким ҳаддидан ошиб адоват ва зулм қилса, уни албатта дўзахда куйдирамиз, бу Аллоҳга осондир.
Инсонни ожиз, заиф қилиб яратган Парвардигор банда бажаришда қийналиб сабрсизлик кўрсатмаслиги учун унинг ҳолига яраша осон ва енгил ҳукмларни жорий қилган. Ҳикмати ва қудрати улуғ Аллоҳ таоло барча мусулмонларга бир-бирларининг молларини ноҳақ йўллар ва зулм билан емасликни, фақат ўзаро розиликка асосланган шаръий сав-до-сотиқ йўли билан ҳалоллаб ейишни, бир-бирларининг қонини тўкмасликни буюрмокда. Бу ҳикматни эшитиб-билиб ҳам Парвардигорининг амр-фармонларига зид иш қилган итоатсиз ва исёнкор бандаларни Аллоҳ таоло дўзах оловида куйдиради, бу иш Унга асло қийин эмас. Мен мусулмон бўлсам, нега дўзахга тушаман, деб ўйлайдиган мағрур кимсалар ушбу оятнинг маъносини яхшилаб тушуниб олишсин.

31. Агар қайтарилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансанглар, кичикларини кечириб, яхши манзилга киритамиз.
Яъни, Аллоҳ таоло улкан гуноҳлардан (гуноҳи кабиралардан) бирортасини билмай қилишдан сақлансанглар, кичик гуноҳларингизни кечириб, олий манзил бўлмиш жаннатга киритамиз, деяпти. Нажм сурасида ушбу оят билан бир хил маънода: "Жаннатийлар улкан гуноҳлардан ва бузуқликлардан йироқ бўладиган зотлардир" (32-оят), деган ояти карима ҳам бор. Масалан, бир киши зинога қадам қўяди: ё кўзи билан назар солади, ё тили билан бузуқликларни ҳикоя қилади, ё бу ишни орзу қилади, ё таносил аъзоси билан буни бажаради. Агар ўша мўмин киши кўриб туриб, нафси хоҳлаб туриб Аллохдан қўрққанидан шу ишни қилишдан тийилса, бунинг баракотидан Аллоҳ таоло ушбу ояти мазмунига кўра кўзи, тили, нафси гуноҳларини кечиради. Чунки бу одам зино қилганида назари алоҳида, сўзи алоҳида, хоҳиши алоҳида зинога ҳисоб қилинар эди.

32. Аллоҳ баъзингизни баъзингиздан бирор неъмат билан ортиқ этган бўлса, сизлар у нарсаларни орзу қилманглар. Эркакларга ўз касбларидан, хотинларга ҳам ўз касбларидан насиба бор. Аллоҳнинг фазлини сўранглар, Аллоҳ албатта ҳамма нарсани билувчидир.
Яъни, Аллоҳ таоло бир кишини фазилат, шарофат, илм ёки бойликда бошқалардан устун, ортиқ қилиб қўйган бўлса, ўзгалар буни ҳирс, орзу қилмаслиги керак. Чунки бундан ҳасад ва душманлик туғилади, Аллоҳнинг яратиш ҳикматига хилоф иш қилинган бўлади. Ҳасаднинг ўрнига яхши амалларни қилишга интилиш керак. Эркакларга ҳам, аёлларга ҳам яхши амаллари, касблари учун охиратда насиба (ажр-мукофотлар) бор.
Ислом ҳам моддий, ҳам маънавий поклик дини бўлгани учун у ҳар қандай разолат ва ёмон иллатларга қаршидир. Бу иллатларнинг энг ёмони, шубҳасиз, ҳасаддир. Инсонлар қиёфада, хулқда, бой-фақирликда ҳар хилдирлар. Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган бандаларига кенг-мўл ризқ ато этиб, кўп нарсага эриштириб синаган бўлса, бошқаларини фақирлик, йўқчилик билан имтиҳон қилади. Бу илоҳий ҳикматдир, иродадир, низомдир. Аллоҳ таолонинг бу низомига кўнмаслик, берганига рози бўлмасликдан ҳасад келиб чиқади. Ҳасад эса, улкан ахлоқий разолатдир, яхши амалларнинг кушандасидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Бир-бирингизни ёмон кўрманглар, бир-бирингларга ҳасад қилманглар", деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Яна бундай ҳадис бор: "Хасадлан четланинглар. Чунки олов ўтин ёки хашакни еганидек, ҳасад ҳам яхши амалларни еб битиради" (Абу Довуд ривояти). Бошқа бир ҳадисда: "Аччиқ сабур (алоэ) асални бузгани каби ҳасад ҳам имонни бузади", дейилган.
Хасадчининг иши маломат қилиш, фитна чиқаришдир. Ҳасадгўй омади чопган қўшниси, биродари, ҳамкасби ёки бошлиғини обрўсизлантириш, ўрнини эгаллаш, мартабасига доғ тушириш учун ҳар қандай номаъқулчиликдан қайтмайди. Инсон учун ҳасаддан зарарлироқ нарса йўқ. Ҳасад қилувчига ушбу беш уқубат етади: туганмас ғам, сабабсиз мусибат, мазаммат (қораланиш), Аллоҳнинг ғазаби, тавфиқ эшикларининг беркилиши. Нодон, калтабин кимсалар заковатли, иқтидорли кишиларга, жоҳиллар олимларга, фақирлар бойларга, беморлар соғларга, хунуклар чиройлиларга ҳасад қилишади.
Ҳасаддан қандай қутулса бўлади ? Ҳасаддан қутулиш учун ўзига етган барча яхшилик ва атоларга шукр, машаққат-кулфатларга сабр қилиш, ўзидан ночорроқ кишиларга ўз аҳволини солиштириш лозим. Агар кишининг қалбида имон бўлса, у ҳасадни қувиб чиқаради. Имон келтириш дегани — бошқаларга ҳасад қилмайди, деганидир. Ҳасад бора-бора кишини имонидан айириши ҳам мумкин. Пайғамбар алай-ҳиссалом: "Бирингиз мол-мулкда ва ахлокда ўзидан устун турадиган кишини кўрса, дарҳол шу нарсаларда ўзидан пастроқ турадиган кишиларга назар солсин", — деганлар.

33. Ҳар бир киши учун ота-она ва қариндошлар қолдириб кетган нарсадан меросхўрларни пайдо қилдик. Аҳд-паймон билан боғланганларнинг улушини беринглар, Аллоҳ албатта ҳар бир нарсага гувоҳдир.
"Ахд-паймон билан боғланганлар"дан мурод, Исломдан олдинги пайтларда ўрталарида қариндош-уруғчилик бўлмаганлар ҳам ўзаро ахд-паймон қилишиб дўст бўлишгач, бир-бирларидан мерос олишарди. Бу одатга Исломнинг илк даврларида ҳам амал қилинган. Кейинчалик бошқа ояти карима ҳукми билан бу ҳукм бекор қилинди, яъни Қуръон оятларида белгилаб қўйилган қариндошлардан бошқа ҳеч ким мерос ололмайди.
 
34. Аллоҳ биридан бирини устун қилгани ва эрлар молларини сарфлашгани учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа, эрларига итоаткор ва улар йўқлигида молларини Аллоҳ муҳофазасида асровчи аёллар хотинларнинг яхшисидир. Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, олдин уларга насиҳат қилинглар, сўнгра ётоғини алоҳидаланглар ва сўнг уларни уринглар. Агар итоат қилишса, айблашга йўл изламанглар. Аллоҳ албатта олиймақом ва буюкдир.
Ислом динида аёл кишига алоҳида ҳурмат ва эҳтиром билан қаралади ҳамда эркакдан унинг ҳақларини адо этиш талаб этилади. Бу ҳакда Қуръони карим ва пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломнинг ҳадисларида очиқ-ойдин далиллар бор. Юқоридаги ояти каримада Аллоҳ таоло эркакларни аёллардан айрим жиҳатлардан (масалан, куч-қувватда, оила нафақасини қилишда) устун қилиб яратгани учун эркакларни аёлларга раҳбар этилгани зикр этилмокда. Бунинг алоҳида ҳикмати, сабаблари бор.
Оила жамиятнинг кичик бир қисмидир. Ислом таълимотлари бўйича, оила ҳар қандай жамиятга асос бўлувчи ғишт кабидир. Бир бошлиқ, раҳбари бўлмаса, у ҳам парокандаликка юз тутади. Шунга кўра Аллоҳ таоло эрни оилада бошлиқ — раҳбар этиб қўйган. Чунки эркак киши ҳам жисмонан, ҳам маънан шу мақомга лойикдир. Оиланинг барча нафақаси, сарф-харажати, уни ҳимоялаш эрнинг зиммасидадир. Аммо эркак оилани бошқаришда асло қўполлик, зулм қилиши мумкин эмас. Қолаверса, эрнинг раҳбар қилиниши мутлақо аёлни камситиш эмас. Айрим ғанимлар даъво қилаётганидай унинг ҳуқуқларини чеклаш ҳам эмас, балки оила-рўзғорнинг ташвиш-машаққатларидан фитран нозик яратилган аёлни озод қилиб қўйиш, турмуш оғирликларини табиатан бақувват эркакка юклашдир. Қолаверса, эрнинг раҳбарликка маънавий ҳуқуқи ҳам бор. Чунки у аёлга нисбатан эҳтироси ва ҳаяжонини жиловлай оладиган бўлгани учун ҳам оила тотувлигининг гарови саналади. Аллоҳ таоло юқорида келган ояти карима орқали ана шу оила раҳбарига оиланинг бир аъзоси бўлган аёлни муҳофаза қилиш, уни итоатга чорлаш йўлларидан таълим бермокда.
Бир ҳадиси шарифда: "Ад-дуня матаъун ва хойру матаъиҳа ал-маръатус-солиҳату", яъни "Дунёнинг ўзи бир фойда бўлса, солиҳа хотин унинг энг яхшисидир", дейилган. Бундан маълум бўладики, диндор, хушахлоқ ва вафодор аёл дунёнинг энг улуғ неъматларидандир. Аммо хотин ёмон хулқли, динга бепарво, бевафо бўлса, эрлар учун ундан ёмонроқ фитна ва мусибат топилмай қолади.
Аёл кишида эрига нисбатан ҳурматсизлик, итоатсизлик пайдо бўлса, аввал ваъз-насиҳат тавсия этилади. У фойда бермаса, бир хонада жойни бошқа қилиб ётиш лозим. У ҳам таъсир қилмаса, зарар етказмасдан, майиб қилмасдан уришгача рухсат этилган. Аммо уриш деганда, қаттиқ калтаклаш, аъзоларини синдириш, бирор жойини кўкартириш ёки бошқа йўллар билан жароҳат етказишни тушунмаслик керак. Утган аҳли солиҳ уламоларнинг биридан ушбу ояти каримада изн берилган уришнинг маъноси ҳақида сўралганида: мисвок ёки бирор бармоғи билан туртиш, деган эканлар. Эр-хотиннинг ораси бу билан ҳам тузалмаса, эрнинг қариндошларидан бир киши, хотиннинг қариндошларидан бир киши ҳакам этиб сайланади ва улар эр-хотинни яраштириш чораларини кўрадилар. Бу чора-тадбирларнинг ҳеч бири фойда бермай, эр-хотиннинг бирга яшаши икковларига ҳам чексиз азоб- уқубатга айланиб қолгандагина талоққа рухсат берилади.
Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни беҳикмат қилмайди. Жумладан, эркак киши оила раҳбари бўлса ва у ўз раҳбарлигини шариатда кўрсатилгандек адо этса, бундай оилалар бахт-саодатга эришмоқда. Бу кўрсатмаларга юрмаган оилалар эса, бахтсизликка учрамокда. Шундай оилалардан ташкил топган жамиятлар ҳам кулфат ва бебахтликка дучор бўлмокда. Аслида, бу раҳбарлик масъулиятдир. Масъулият бўлганида ҳам, улкан масъулиятдир. Ушбу масъулиятга биноан, эркак киши оиланинг, жумладан, аёлнинг ҳомийлигини, боқувини, муҳофазасини адо этмоғи лозим.
Мазкур ояти каримадаги ' эрларига итоаткорлари ва улар йўқлигида молларини Аллоҳ муҳофазасида асровчилари хотинларнинг яхшисидир" деган жумлалар аёлларнинг энг яхшиларига берилган илоҳий тавсифдир. Яъни, мўмина, солиҳа аёлларнинг табиатида эрига итоаткорлик бордир. Бу ўринда ’ итоаткорлик" деб таржима қилаётган сўз ояти каримада "қонитатун" лафзи билан келган. Бу сўз ўз иродаси, рағбати ва муҳаббати билан итоат қилиш маъносини англатади. Демак, мўмина, солиҳа аёлларнинг эрларига итоати ўз масъулиятини тушунган ҳолдан келиб чиққан бўлади. Қўрққанидан, мажбурлашдан ёки бошқа бирор босим-тазйиқдан эмас. Бу итоат ўзини тушунган, ҳаётдаги ўрнини, вазифаси ва масъулиятини ҳис этган гўзал инсоннинг итоатидир.
Ато ибн Омир (розийаллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: "Бир хотин Пайғамбар алайҳиссалом олдиларига келиб сўради: "Эй Аллоҳнинг Расули, зрнинг хотин устидаги ҳаққи нима?" Набий алайҳиссалом: "Агар эр туянинг устида туриб уни хоҳласа, эътироз билдирмаслиги, рамазондан ташқари ҳар қандай нафл рўзани фақат эрининг изни билан тутиши. Агар шундай қилмаса, эрга ажр бор, хотинга гуноҳ. Яна эрининг рухсатисиз кўчага чиқмаслиги. Агар чиқса, то қайтгунича раҳмат ва азоб фаришталари унга лаънат ўқишади", дедилар".
Имом ибн Жарир Табарий ва Ибн Аби Ҳотимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: "Аёлларнинг яхшиси назар солсанг — хурсанд қиладиган, амр қилсанг — итоат этадиган ва ғойиб бўлсанг — сени ўз нафсида ва молингда муҳофаза қиладиганидир", деганлар. Имом Аҳмад Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: "Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: "Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер", дейилади".
Лекин беш қўл ҳам баробар эмас: баъзи аёллар солиҳалик мақомига доғ тушириб қўйишади. Мақомларида турмай, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик кўрсатишади. Шундай ҳолларда нима қилиш керак? Итоатсизлик аломатлари кўриниб, эрни беҳурмат қила бошлаганларида уларга юқоридаги ояти карима буюрганидай, ваъз-насиҳат қилинади. Ваъз-насиҳат кор қилиб, муносабатлар изга тушиб кетса, яхши. Аммо бу чора фойда бермаса, хотиннинг итоатсизлиги, исёни давом этаверса, бошқаси, яъни бирга ётмаслик, гаплашмаслик қўлланади. Эрларининг уларга эътиборсизлиги, гаплашмай қўйгани кўзларини каттароқ очишга мажбур этади. Аммо бу чора ҳам таъсир қилмаса, аёл буткул инсофини ютиб, итоатсизликда, исёнда давом этаверса, бу унинг яхшилик билан йўлга кирмаслиги аломати. Энди унга нисбатан янада таъсирчанроқ чора, ўзини билмаганларга қилинадиган муомала қўлланилади, яъни, урилади.
Аёл киши табиатан аччиғи тез чиқадиган, таъсирчан, шошқалоқ бўлади Сал нарса баҳонасида эрига нисбатан итоатсизлик ва беодоблик қилиб қўйиши мумкин. Аммо кейин ўзига келиб, итоатга қайтса, уларга қарши чора кўришга зарурат қолмайди. Юқорида саналган чора-тадбирларни ҳам қўллаш шарт бўлмайди. "Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг". Бу нарса оилани мустаҳкамлашга омил бўладиган ишдир. Чунки бир-бирига нисбатан кечиримли бўлиш доимо яхшилик омилидир.

35. Эр-хотиннинг ораси бузилишидан қўрқсанглар, эр хонадонидан бир ҳакам, хотин хонадонидан бир ҳакам чақиринглар. Агар улар яраштиришни хоҳлашса, Аллоҳ эрхотин ўртасига тотувлик солади. Аллоҳ албатта билувчи ва хабардордир.
Мазкур чораларни қўллаш билан оилавий муаммолар батамом ҳал бўлиб қолмайди. Баъзида булар ҳам наф бермаслиги мумкин. Ундай ҳолатда нима қилиш кераклиги ушбу ояти каримада баён этиб бериляпти. Гап келишмовчилик ҳам эр, ҳам хотин томонидан чиққан пайтда кўриладиган чора ҳақида кетмоқда. Бу ҳолатда оиланинг сирини ташқарига чиқармасдан ҳал этишнинг иложи қолмаган бўлади. Энди бошқалар аралашиб бўлса ҳам оилани сақлаб қолишга ҳаракат қилинади. Шунда эр хонадонидан ҳам, хотин хонадонидан ҳам биттадан ҳакам чақирилади. Бу ҳакамларга эр ҳам, хотин ҳам рози бўлиши керак, бу розилик кейинчалик ҳакамлар чиқарган ҳукмга ҳам кўнишлари учун керак бўлади. Албатта, ҳакамлар ақлли, тажрибали, турмушнинг пасту баландидан хабардор кишилар бўлиши лозим. Табиийки, икковлари ҳам Аллоҳдан қўрққан ҳолда, адолатли ҳукм чиқаришга ҳаракат қилишлари керак. Ҳакамларнинг асосий вазифаси эру хотин орасини ўнглаб, уларни яраштиришдир. Худди шу тушун чадан келиб чиқиб баъзи уламолар: "Ҳакамларга фақат яраштириш — ислоҳ ҳуқуқи берилган", дейдилар. Бошқалари эса, ҳолатни ўргангач, ислоҳ қилишнинг иложи йўқлигига амин бўлишса, эру хотинни ажратиб қўйсалар ҳам ҳақлари бор, шунингдек, уларга тегишли жазо чораларини, молу мулкка оид масалаларни ҳам ҳал қилишади, дейдилар.
Ҳазрати Усмон ибн Аффон вақтларида худди шу ояти каримага амал қилиб иш юритилгани тафсир китобларимизда нақл қилинади: "Ақийл ибн Абу Толиб Фотима бинти Утба ибн Робиъага уйланган эди. Аёл: "Сен менга сабр қилсанг, мен сенга нафақа бераман", деган эди. Эри кўчадан келса: "Утба ибн Робиъа ва Шайба ибн Робиъалар қаерда?" деб сўрарди. Бир куни эри: "Дўзахга кирсанг, сенинг чап томонингда бўлишади", деб жавоб қилди. Хотин кийимларини кийиб, халифа ҳазрати Усмон ҳузурига бориб, бўлган воқеани айтди. Ҳазрати Усмон кулдилар-да, Абдуллоҳ ибн Аббос билан Муовия ибн Абу Суфёнларни чақириб ҳакам этиб тайинладилар ва уларга: "Агар яраштиришни истасангиз — яраштиринг, ажратишни истасангиз — ажратинглар", дедилар.
 
36. Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар. Ота-оналарга, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнда бўлганларга, мусофирларга ва қўл остингиздагиларга яхшилик қилинглар. Аллоҳ мутакаббир ва мақтанчоқларни яхши кўрмайди;
Яъни, Аллоҳ таоло бандаларини фақат Ўзига ибодат қилишга, Унга ҳеч нарсани, қандайдир бут-санамларни, ўзлари каби махлуқотларни шерик қилмасликка чақирмокда. Мусулмонликнинг, мўминликнинг асоси ҳам шудир. Оят давомида Аллоҳ азза ва жалла яна бир неча амалларни ҳам зикр этмокдаки, буларнинг бир оятда ёнма-ён келтирилиши ушбу амалларнинг Парвардигор наздида нечоғли аҳамиятли, эътиборга молик эканини англатади.
Энг аввало, ота-оналарга яхшилик қилиш лозим. Чунки Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳга ибодат қилиш билан бирга зикр этилади, яъни бу иш ибодатга тенглаштирилади. Бу шунинг учунки, ота-оналар фарзанд ҳали дунёга келмасидан туриб унинг ҳақида қайғурадиган, бош қотирадиган, туғилган заҳоти буюк бир меҳр, ғамхўрлик ва фидойилик билан қуршаб оладиган, фарзанди учун молинию жонини қурбон қилиб юборадиган олийҳиммат зотлардир. Аллоҳ таоло бандаларини ота-оналарига яхшилик қилишга буюрган. Ота-онага яхшилик қилиш фарздир, уларни ранжитиш эса улкан гунохдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Улкан гуноҳларнинг энг каттаси Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлишдир", деганлар (Имом Бухорий ривояти). Шунинг учун ҳам уларга ҳар қанча яхшилик, хизмат қилинса ҳам камлик қилади. Шу жумладан, қариндошларга, атрофингиздаги муҳтож, ночор кишиларга ҳам меҳрибонлик кўрсатиб, яхшиликлар қилиш мўминликнинг чин хислатларидандир.
Ояти каримада "яқин қўшниларга" ҳам, "ён қўшниларга" ҳам яхшилик қилиш бежизга ажратиб кўрсатилмаяпти. Исломда қўшниларнинг ҳаққи жуда улур. Ҳазрати Оишадан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилинган ҳадисда Фахри коинот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: "Ҳазрати Жаброил қўшни ҳаққига риоя қилиш ҳақида менга шу қадар кўп васият қилдиларки, мен қўшнини ҳатто молимга меросхўр қилиб қўйсалар керак, деб ўйладим" (Имом Бухорий ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким қўшниси оч бўлатуриб ўзи тўқ бўлса, имони комил эмасдир", деганлар (Табароний ривояти, "Кабир", 1/751).
Шариатимизга кўра қуйидагилар қўшничиликнинг асосий ҳақлари ҳисобланади: қўшни қарз ёки бирор нарса сўраса, берилади; чақириб келса, жавоб қилинади; касал бўлса, кириб кўрилади; муҳтож бўлса, қўлдан келганича ёрдам берилади; бошига бирор мусибат тушса, ғамига шерик бўлиб, кўнглини кўтарилади; сафарга кетса, уй-жойи ва оила аъзоларини ҳимоя қилинади; ўзи рухсат бермаса иморатни қўшниникидан баланд қилиб қурилмайди; диний ва дунёвий масалаларда билмаганлари ўргатилади; қўшнига тил, қўл билан зарар етказилмайди ва ҳоказолар.
Шундан кейинги яхшилик қилиниши шарт бўлган тоифалар сафардаги ҳамроҳлар, юртидан узоқдаги мусофирлар ва қўл остингиздаги аҳли-аёлингиз, фарзандларингиз ва ходимларингиздир. Оятдаги "ёнда бўлганлар" жумласи ҳақида саҳобаларнинг турли фикрлари бор: Ҳазрати Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) бунда "аёл" назарда тутилган дейди, Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳам шу фикрда бўлган, Абдуллоҳ ибн Аббос эса, "ёнда бўлган" сафардаги ҳамроҳдир, деган.
"Аҳлига яхшилик — эҳсон қилиш" Исломда буюрилгани каби оила аъзолари ва яқинларига чиройли муомала қилиш, ҳақларини адо этиш билан бўлади. "Ходимларга яхшилик" хизматингизни қилган одамга тўккан тери қуримай туриб ҳақини бериш, тоқатидан ортиқ ишга буюрмаслик ва уни камситмаслик билан бўлади. Буларнинг ҳаммаси яхшилик қилинишга муносиб кишилардир. Сиз уларга яхшилик қилиш орқали Аллоҳ таоло ваъда қилган жаннат мукофотига эришасиз.

37. чунки улар ўзлари бахиллик қилишади, бошқа кишиларни ҳам бахилликка чақиришади, Аллоҳ фазли билан берганларини яширишади. Биз кофирларга хорловчи азобларни тайёрлаб қўйганмиз;
Аллоҳ таолонинг мақтанчоқ ва мутакаббир кимсаларнинг ёмон кўриши уларнинг бахиллиги сабабидан ҳамдир. Бахил кимсалар ўзлари бахиллик қилибгина қолмай, ҳатто бошқаларни ҳам бахил бўлишга чақирар, Аллоҳ таоло Ўзининг фазли билан уларга ато этиб қўйган мол-дунёсини бошқалар кўзидан яширишга уринар экан. Нима бўлса ҳам молидан бошқаларга улуш тегиб қолмаса, ўзгалар ундан фойдаланмаса бўлди. Бахилликнинг нақадар ёмон хулқ экани ҳақида бир неча хабарлар келган: "Мўминда икки хислат: бахиллик ва ёмон хулқ бирга жам бўлмайди"; "Хасислик ва имон банда қалбида асло бирга жам бўлмайди"; "Эй Аллоҳим, Сенинг номинг ила қўрқоқлик ва бахилликдан паноҳ тилайман".
Хаттобий айтади: "Рад этишдаги хасислик бахилликдан қаттиқрокдир". Салмон Форсийнинг айтишича, "Агар сахий киши вафот этса, ер ҳам, одамларнинг номаи аъмолларини битувчи фаришталар ҳам бундай дейишади: "Эй Раббим, бандангнинг бу дунёда қилган гуноқларини афв эт!". Агар вафот этган кимса бахил бўлса, улар: "Эй Аллоҳим, бу бандани жаннатдан тўсгил, чунки у бандаларингни Сен унинг қўлига берган мол-дунёлардан тўсган эди", дейишади. Баъзи ҳукамолар: "Ким бахил бўлса, мол-мулкини унинг душмани мерос қилиб олади", дейишган.

38. чунки улар молларини хўжакўрсинга сарфлашади ва улар Аллоҳга ҳам, қиёмат кунига ҳам ишонишмайди. Кимнинг дўсти шайтон бўлса, у қандайин ёмон дўстдир.
Аллоҳ таоло бандаларидан баъзиларига кўпроқ, бошқасига озроқ мол-дунё ато этиб, ҳар икки гуруҳни ҳам имтиҳон қилади. Аллоҳ берган неъматларни ҳақ йўлда, Аллоҳ буюрган ўринларга сарфлаганлар, молларидан эҳсон қилганлар, муҳтожлар ҳолидан хабардор бўлганлар ана шу имтиҳондан яхши ўтган бўлишади. Аммо бу борада бахиллик қиладиган, Аллоҳ берган неъматларни босиб-кўпайтиришга интиладиганлар эса Парвардигор синовидан ўта олишмайди, Аллоҳ бундайларни яхши кўрмайди. Айниқса, мазкур амалларни хўжакўрсинга қилишдан заррача фойда йўқ. Риё қилиш, ўзини катта олиш, берганини миннат қилиш, бирор нарса бергудай бўлса, бошқаларга овоза қилиш каби иллатлар мусулмонга хос бўлмаган ишлардандир.
Қатода (розийаллоҳу анҳу) айтади: "Банда қачон риё билан (хўжакўрсинга) амал қилса, Аллоҳ таоло: "Бандам Мени масхара қилаётганини кўринглар!" дейди". Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам риё, кибр, манманлик каби иллатларни кичик ширкка ўхшатганлар. Шайтон кибри ва манманлиги туфайли лаънатга учраб, қувғин қилинган. Эҳсонини, амалини бошқалар кўриши учун, риёкорлик билан қилувчилар ҳам шайтон йўлидан юрган ҳисобланишади. Чунки улар Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонишмагани учун шайтоний васвасага учишади. Шайтон эса мўминларнинг очиқ-ойдин душманидир, у фақат ёмонликка чорлайди. Унинг сўзига кирганлар эса жаннат лаззатларидан маҳрум бўлишади.

39. Агар Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонишса, Аллоҳ берганларини эҳсон қилишса, нима зарар бўларди? Ахир Аллоҳ уларни яхши билади-ку!
Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонган ҳар бир инсон Аллоҳ таоло ўзига ато этган нарсалардан бошқаларга ҳам эҳсон қилиши зарур. Ислом дини таълимотларида хайр-эҳсон, садақа қилиш, кишиларга меҳр-мурувват кўрсатиш, муҳтожлар ҳолидан хабардор бўлиш, ночор ва фақир кишиларга ҳамиша ёрдам кўрсатиш каби чиройли ва солиҳ амаллар қилишга доир кўрсатма ва йўл-йўриқлар мавжуд. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган, қуйида булардан айримларини кўриб чиқамиз:
Ибн Масъуддан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Икки кишига ҳасад (ҳавас) қилиш жоиз. Биринчиси: Аллоҳ таоло бир кишига мол-дунё берсаю, у киши ўша мол-дунёни ҳақ йўлда инфоқ-эҳсон қилса. Иккинчиси: Аллоҳ таоло бир кишига ҳикмат (илм) ато этсаю, у киши ўша илм билан ҳукм қилиб, илмидан одамларга таълим берса", дедилар" (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Хурмонинг ярмини инфоқ қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар", деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: "Тонг оттирганида банда ҳузурига икки фаришта тушади. Улардан бири: "Аллоҳим, инфоқ (нафақа-эҳсон) қилувчиларга ўрнини қоплайдиган нарса ато эт", дейди. Иккинчиси: "Аллоҳим, хасис, зиқналарга талафот бер", дейди" (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
 
40. Шубҳасиз, Аллоҳ заррача ҳам зулм қилмайди, яхшиликни бўлса икки баравар кўпайтириб беради ва Ўз ҳузуридан улуғ мукофотларни ато қилади.
Аллоҳ таоло ҳеч кимга зулм қилмайди, энг олий адолат Парвардигорнинг ҳузуридадир. Агар Аллоҳ зулм қилганида кофирга ризқ бермай қўярди, гуноҳ қилганни дарҳол жазоларди ёки тавбасини қабул қилмасди. Аллоҳ азза ва жалла бандасининг қилган яхшилигини эса икки ҳисса кўпайтириб беради. Ўз ҳузуридан улуғ мукофотларни, жаннат неъматларию абадий роҳат-фароғат диёрини, энг олий неъмат бўлмиш Ўз жамолига мушаррафликни ато этади. Абу Зарр Ғифорийдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган қудсий ҳадисда келишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади: "Эй бандаларим, Мен ситамни Ўзимга ҳаром қилдим. Уни сизларнинг орангизда ҳам ҳаром қилдим. Бир- бирларингизга ситам қилманглар!.. Эй бандаларим, амалларингизни ҳисоблаб қўяман. Сўнг уларнинг эвазини (мукофоти ёки жазосини) тўлиқ қилиб бераман. Ким яхшиликка эргашса, Аллоҳ таолога ҳамд айтсин. Ким ёмонликка йўлиқса, ўзидан бошқани айбламасин!" (Имом Муслим ва Термизий ривояти). Аллоҳ таоло ситамни, зулмни бан- даларига ҳам ҳаром қилган. Зеро, ситам бор жойда адолат бўлмайди. Адолат бўлмаган жойда парокандалик, бузғунчилик, бошбошдоқлик авж олади, осойишталик йўқолади. Шу боис Аллоҳ азза ва жалла бандаларини зулм, ситам қилишдан қайтармоқда.
 
41. Ҳар бир умматдан гувоҳ чақириб, сични (эй Муҳаммад), уларга гувоҳ қилганимизда нима бўлади?
Яъни, қиёмат куни ҳар бир уммат ёки қавмдан уларнинг аҳволларини баён қилиш учун уларнинг пайғамбарлари ё солиҳ кишиларидан гувоҳлар чақирилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом аввалги ва охирги барча умматларга гувоҳлик берадилар. Ўша куни кофирларнинг аҳволи ниҳоятда ёмонлаптади, улар ҳатто тупроқ каби ер билан битта бўлиб кетишга рози бўлишади.

42. Ўша куни кофирлар ва Пайғамбарга итоатсизлик қилганлар ерга кириб кетишни орзу қилишади ва улар бирор гапни Аллоҳдан яшира олишмайди.
Охиратдаги ҳисоб-китоб ва дўзах азобининг даҳшатларини курган кимсалар ўлганидан сўнг тупроққа аралашиб кетадиган ҳайвонлар каби бўлишни, ер қаърига кириб кетишни орзу қилишади. Аммо улар қилмишларини, куфрларини Аллоҳдан яшира олишмайди. Аллоҳ таоло уларнинг дуне ҳаётидаги барча кофирликлари учун Ўзи ваъда қилган жазоси энди рўёбга чиқади. Аллоҳ таоло айтади: "(Эй Муҳаммад), уларни барча иш битирилган ҳасрат кунидан кўрқитинг! Улар бугун ғафлатдадирлар, улар имон келтирмайдилар" (Марям, 39).
 
43. Эй имон келтирганлар, маст ҳолатингизда гапингизни англайдиган бўлмагунингизча, сафарда бўлмасанглар жунуб ҳолингизда то ғусл қилмагунингизча намозга яқинлашманглар. Агар бетоб ё сафарда бўлсанглар ёки бирортангиз халодан келса ёхуд хотинларингизга яқинлик қилсанглар-да, сув топа олмай қолсанглар, тоза тупроқни юзингиз ва қўлларингизга суртиб таяммум қилинглар. Аллоҳ мағфират қилиб кечирувчидир.
Яъни, Аллоҳ таоло айтяпти: эй мўминлар, маст ҳолда бўлсангиз, гапга тушунадиган бўлгунча, жунуб бўлсангизу (сафарда бўлмаган ҳолатингизда) то ғусл қилмагунча намозга яқин келманглар, яъни намоз ўқиманглар. Исломда инсонни сархуш (маст) этадиган ичимликларни ичиш бирданига эмас, тадрижий (аста-секин) равишда ман қилинган. Ичкилик ҳақида Қуръони каримда даражама-даража келган тўртта оят бор. Илк оят Маккада нозил бўлди: "Сизлар маст қилувчи (ароқни) ҳам, гўзал ҳалол ризқ(нинг ўзини) ҳам хурмо ва узумларнинг меваларидан олурсизлар" (Наҳл, 67). Бу пайтда ҳали ароқ ман қилинмаган эди. Мусулмонлар жоҳилият давридан қолган одатларига кўра маст қилувчи ичкилик ичишар, қимор ўйнашар, лекин Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом буларга ҳеч нима демас эдилар. Чунки у зотга бу ҳақда ҳали кўрсатма келмаган эди. Бу аҳвол ҳижратдан сўнг Мадинада ҳам давом этди. Ўша вақтда ичкилик ичиш Мадинада жуда авж олган эди. Қазрати Умар, Муоз ибн Жабал ва бошқа саҳобийлар Пайғамбар алайҳиссаломга: "Эй Аллоҳнинг Расули, ичкилик ҳақида бизга бирор йўл кўрсатинг, хамр (ароқ) одамларнинг ақлини кетказаётир", деб мурожаат қилишди. Шу аснода ҳижрий 4 йилнинг шаввол ойида иккинчи оят (бу Мадинадаги илк оят эди) нозил бўлди: "Сиздан арок, (ичкилик) ва ҳимор ҳаҳида сўрайдилар. Айтинг: "Буларда катта гуноҳ ва одамлар учун фойдалар бор. Буларнинг гуноҳи фойдасидан каттарокдир" (Бақара, 219). Бу ароқни ҳаром қилган илк оят эди. Бу оятдан кейин "гуноҳи фойдасидан каттарокдир", деб ароқни ташлаганлар ҳам бўлди. Бироқ "фойдаси ҳам бор-ку", деб ичишда давом этганлар ҳам бўлди. Шундан бир оз вақт ўтгач, обрўли саҳобийлардан бири зиёфат берди. Меҳмонлар ейишди, ичишди ва маст бўлишди. Маст ҳолларида намоз ўқишга туришди. Шом намозини жамоат бўлиб ўқишди. Ривоятга кўра, имомлик қилаётган машҳур саҳобий Кофирун сурасини нотўғри ўқиганида учинчи оят нозил бўлди: "Эй мўминлар, маст ҳолатингизда гапингизни англайдиган бўлмагунингизча намозга яқинлашманглар!" (Нисо, 43).
Бу — ичкиликни тақиқлаган иккинчи оят эди. Оят фақат намоз вақтларида ичкиликни ман қилаётган эди. Саҳобаларнинг бир қисми бу оятдан кейин ичкилик ичишни ташлашди. Орадан яна бирмунча вақт ўтди. Мадиналик ансорлардан бири зиёфат дастурхони ҳозирлади. Зиёфатда ароқ ҳам бор эди. У ердагилар яхшигина сархуш бўлишди. Меҳмонлар орасидаги маккалик машҳур саҳобий қасида ўқиди. Қавмидан, келиб чиқишидан мақтаниб гапирди. Гап орасида ансорларнинг (мадиналикларнинг) иззатига тегадиган гап қилди. Шунда ансорлардан бири ғазаб билан ўрнидан турди ва унинг устига бориб, бошини ёрди. У эса Пайғамбар алайҳиссаломга шикоят қилди. Ана шу пайтда ичкилик (ароқ) ҳақидаги тўртинчи, сўнгги оят келди: "Эй мўминлар, ароҳ (маст қиладиган ичкилик ичиш), ҳимор (ўйнаш), бутлар (га сиғиниш) ва чўплар (билан фолбинлик ҳилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоҳ бўлингиз!" (Моида, 90).
Ушбу ояти каримада Ислом динининг қоидаларидан бири зарардан ҳимояланиш ҳам баён этилган: "Агар бетоб ё сафарда бўлсанглар ёки бирортангиз халодан келса ёхуд хотинларингизга яқинлик қилсанглар-да, сув топа олмай қолсанглар, тоза тупроқни юзингиз ва қўлларингизга суртиб таяммум қилинглар". Бу оятда Аллоҳ таоло бемор киши ёки сафардаги мусофирга, ҳожатхонадан чиққан ёки хотинларига яқинлашган одамга қийин бўлмаслиги, унинг соғлигини ҳимоя қилиш учун унга сув ишлатишдан тупроққа ўтишига рухсат бермоқда. Бу эса ҳар қандай ички ва ташқи зарарлардан ҳимояланишга ишорадир.
 
44. (Эй Муҳаммад), Китобдан улуш берилганларнинг гумроҳликни сотиб олганларини ва сизларнинг тўғри йўлдан адашишингизни истаётганларини кўрмаяпсизми?
Рифоаъ ибн Зайд ибн ат-Тобут яҳудийларнинг улуғларидан эди. Қачон Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) гапирсалар, у тилини буриб: "Бизга қулоқ сол, эй Муҳаммад, сенга тушунтириб қўямиз", дер, сўнг Исломга таъна қилиб, бу динни айблар эди. Аллоҳ таоло ушбу ояти орқали ўзларига китобдан улуш берилган китобийларнинг бу каби гумроҳликлари ва мусулмонларни йўлдан урмоқчи бўлаётганлари ҳақида огоҳлантиради
 
45. Аллоҳ душманларингизни яхши билади ва ҳомийликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя, мададкорликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя!
Эй мўминлар, сизларга ким душману ким дўст, буни Парвардигорингиз жуда яхши билади. Шунинг учун танг аҳволда қолсангиз ёки зулм кўрсангиз, фақат Аллоҳ таолонинг паноҳини сўранг, Ундангина ёрдам кутинг. Ҳомийликка ҳам, мадад ва зафар беришга ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзи кифоя!
 
46. Яҳудийлар орасида калималарнинг жойини ўзгартирувчилари ҳам бор. Улар тилларини буриб ва динга зарба бериш учун: "Эшитдик ва итоат қилмадик", 'Эшит, эй эшитмай қолгур", "Роина" дейишади. Агар улар "Эшитдик ва итоат қилдик", "Сиз эшиттиринг" ва "Бизга назар солинг" дейишганида ўзларига яхши ва дуруст бўлар эди. Лекин куфрлари сабабли Аллоҳ уларни лаънатлади, энди уларнинг жуда ози имон келтиради.
Меҳрибон Парвардигор ушбу ояти карима орқали яҳудийларнинг қабиҳликларидан мусулмонларни огоҳлантирмокда ва уларга ўхшашдан қайтармокда. Улар Тавротни тиловат қилишса-да, унга амал қилишдан маҳрумдирлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг буйруқларини тушунтирганларида улар ташларида "қабул қилдик" дейишса ҳам, ичларида "қабул қилмадик" дейишади. Ўзлари Пайғамбар алайҳиссаломга мурожаат қилишганида "Исмаъ ғойра мусмаъин" (эшитишга амр қила олмасак ҳам эшитинг) демоқчи бўлиб, аслида "эшит, эй эшитмай қолгур", яъни кар бўлгур маъносида гап қилишар эди. Яна улар "Роина"ни ҳам бузиб талаффуз қилишади, "Бизлар ҳам эътиборингиздан, назарингиздан четда қолмайлик" демоқчи бўлиб, лекин уни "руъунот" (енгилтаклик) шаклида ишлатишади. Бу ҳакда Бақара сурасининг 104-ояти шарҳида ҳам сўз борган.
 
47. Эй китоб берилганлар, бир қанча юзларни текислаб, орқасига бурмасимиздан олдин ёки уларни ҳам шанба куни эгалари каби лаънатламасимиздан аввал сизлардаги нарсани тасдиқловчи қилиб туширганимизга имон келтиринглар. Аллоҳнинг ҳукми албатта ижро этилади.
"Юзни текислаш" деганда ундаги кўз, бурун, оғизларни йўк, қилиб, тахта каби силлиқлаб ташлаш, "орқасига буриш" деганда юзни бутунлай орқа тарафга ўтириб юбориш назарда тутилган. Аъроф сурасида "Асҳобу сабт" (шанба куни эгалари) воқеаси зикри келган. Аллоҳ таоло китобийларга буюряптики, сизларни жазоламасимиздан олдин ёки шанба куни эгалари каби лаънатимизга дучор бўлмай туриб сизларга туширилган китобларимизни тасдиқловчи этиб нозил қилганимиз (Қуръон) оятларига имон келтиринглар. Акс ҳолда, сизларни Аллоҳнинг оғир жазоси кутиб турибди, чунки Парвардигорнинг бирор ҳукми илоҳийси ижро этилмай қолмайди.

48. Аллоҳ Ўзига бошқани шерик қилганни асло кечирмайди, хоҳлаган бандасининг ширкдан бошқа гуноҳини албатта кечиради. Ким Аллоҳга ширк келтирса, гуноҳнинг улканини қилган бўлади.
Аллоҳ ман этган ҳаром нарсаларнинг, қайтарилган гуноҳларнинг энг каттаси, шубҳасиз, Аллоҳ таолога ширк келтиришдир, яъни Унинг бирор шериги бор, дея итпонишдир. Аллоҳ таоло инсонларни бундай огоҳлантиради: "...Ким Аллоҳга бирор нарсани шерик қилса, Аллоҳ унга жаннатга киришни ман этади. Унинг борар жойи дўзахдир. Зулм (зўравонлик) қилувчиларга бирор мададкор бўлмайди" (Моида, 72). Абу Бакр Сиддиқ (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: "Сизларга энг катта гуноҳ нималигини айтайми?" деб уч маротаба сўрадилар. Саҳобалар: "Ҳа, айтинг, эй Аллоҳнинг Расули", дейишди. Шунда Расулуллоҳ: "Аллоҳга ширк келтириш..." дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Аллоҳ таоло ширкдан бошқа барча гуноҳларни кечириши мумкин, аммо ширкни мутлақо кечирмайди. Шунинг учун юқоридаги ояти карима ҳукмига кўра, Аллоҳ хоҳлаган бандасининг ширкдан бошқа гуноҳини кечиради. Аллоҳ яратган бандалардан талаб-ҳожатини сўраш, қабрларга сиғиниб, уларни тавоф қилиш, бут-санамларга сиғиниш, Аллохдан бошқага назр қилиш ва қурбонликлар сўйиш кабилар ширкнинг турларидандир.
Катта ширклар мўминни Ислом миллатидан чиқаради, уни қилган одам агар шу ҳолатида ўлса, абадий дўзахда қолади. Имом Мотуридий: "Бизнинг наздимизда, Аллоҳ таоло мўминларга ширкдан бошқа гуноҳларнинг кечирилиши мумкинлигига умид берган. Ихтиёр Аллоҳ азза ва жалланинг ўзида: хоҳласа — кечиради, хоҳласа — азоблайди. Шу боис ширкдан бошқа гуноҳлар учун мағфиратдан умидвор бўлиш ақлан жоиздир", дейди. Уламолар: агар банда чин тавба қилиб, гуноҳлардан тийилса,
Аллоҳ таоло унинг ширкдан бошқа барча гуноҳларини кечиради, деб ижмоъ қилишган.

49. (Эй Муҳаммад), ўзларини покдомон қилиб кўрсатаётганларни кўрмаяпсизми? Йўқ, Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани поклайди ва уларга қилча ҳам зулм қилинмайди.
Калбий айтади: "Бу оят яҳудийлар ҳақида нозил бўлган. Улар Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) болаларини олиб бориб: "Эй Муҳаммад, шу болаларимизда бирор гуноҳ борми?" дейишди. У киши: "Йўқ", дедилар. Улар: "Биз қасам ичадиган Зотга қасам ичамизки, биз ҳам худди шу болалардекмиз. Кундузи бирор гуноҳ қилсак, кечаси кечирилади. Кечаси бирор гуноҳ қилсак, кундузи кечирилади", дейишди. Аллоҳ айтган 'Ўзларини покдомон қилиб кўрсатиш" мана шудир".

50. Уларнинг Аллоҳга туҳмат қилишаётганини кўринг, шунинг ўзи уларнинг очиқ гуноҳкорлигига кифоядир.
Яҳудийлар шунча расволикларни қилиб ҳам ўзларини покиза бир жамоа деб ҳисоблашади. Ҳатто ўзларига "абнауллоҳ ва аҳбабуллоҳ", яъни, биз Аллоҳнинг болаларимиз ва дўстларимиз, деган нисбатни ҳам беришади. Бу даъволари Аллоҳ ҳақида йўқ нарсани ёлғонлаб, Унга туҳмат қилишдан бошқа нарса эмас. Бу жамоанинг очиқ итоатсиз ва осий эканига шунинг ўзи кифоя.
 
51. Китобдан насибадор бўлганларнинг бутга ва шайтонга имон келтирганларини ва кофирларни: "Булар ҳидоятдаги имон келтирганлардан кўра ортиқроқ" дейишларини кўрмаяпсизми?
Икрима айтади: "Яҳудий Ҳай ибн Аҳтоб билан Каъб ибн Ашраф Маккага келишди. Маккалик мушриклар уларга: "Сизлар китоб аҳлисиз, қадимги илмларни биласиз. Муҳаммад билан бизнинг қайсимиз тўғри йўлдалигимизни айтиб беринглар", дейишди. Улар: "Сизлар нима амал қиласизлару Муҳаммад нима қиляпти?" дейишди. Маккаликлар: "Биз жонлиқ сўямиз, чанқаганларга сув ўрнига сут тутамиз, қийналганларга ёрдам берамиз, қариндошлар билан алоқада бўламиз, ҳожиларни сийлаймиз. Бизнинг динимиз қадимги ота-боболаримизнинг дини, Муҳаммадники эса янги чиққан диндир", дедилар. Шунда улар: "Сиз Муҳаммаддан яхшироқ ва тўғрироқ йўлдасиз", дейишди. Шунда Аллоҳ юқоридаги ва қуйидаги икки оятни нозил қилди".

52. Ана шуларни Аллоҳ лаънатлаган, кимни Аллоҳ лаънатласа, унга мадакор тополмайсиз.
Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломга адоватлари кучайган яҳудийлар Маккага бориб, у ердаги мушриклар билан иттифоқ тузишди, уларнинг риоясини қилиб, бутларини тавоф қилишди, шайтонни мамнун этиб: "Мушрикларнинг динлари мусулмонлар динидан яхширокдир", дейишди. Бу кўролмаслик ва адоват уларнинг Исломга ҳасадлари туфайли эди. Шу қабоҳатлари учун Аллоҳ таоло уларни лаънатга дучор қилди. Энди уларга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бирор ёрдам, мададкор бўлмайди.
 
53. Ёки уларнинг салтанатда улуши борми, шундай бўлганда ҳам одамларга қилча нарса беришсин-чи!
Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссалом наслига, яъни Юсуф, Довуд, Сулаймон (алайҳимуссалом) каби пайғамбарларга китоб, ҳикмат ато этиш билан бирга, уларга яна буюк мулк, салтанат, ҳукмронлик ҳам ато этган эди. Китобийлар ҳам ўзларини ана шу салтанатда ҳиссадор деб билишяптими? Бордию агар уларга ушбу салтанатдан бир улуш текканида ҳам бахилликлари, дунёга ўчликлари туфайли одамларга заррача нарсани бермаган бўлишарди.

54. Ёки Аллоҳ фазли билан одамларга берган нарсаларга ҳасад қилишяптими? Ахир Иброҳим авлодига Китоб ҳам, ҳикмат ҳам, улуғ салтанатни ҳам берганмиз-ку!
Аллоҳ Ўз фазлидан бир бандасига кўпроқ насиба берган бўлса, унга нисбатан бошқаларнинг ҳасад қилиши энг оғир гуноҳлардандир. Ҳасад барча ёмонликларнинг бошидир. У кишилар орасига душманлик уруғини сочади, одамларнинг яхши амалларини йўқ қилади, жамиятда ихтилоф ва нотинчликни кучайтиради. Шунинг учун ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларини бошқаларга ҳасад қилишдан қайтармокда. Бошқаларнинг мулки, обрўси, илми ва бошқа афзалликларига ҳасад қилиш ундаги ана шу нарсаларнинг йўқ бўлишини орзу қилишдир. Бу эса ўша мусулмоннинг ҳаққига зулм саналади. Ҳасад балосидан сақланиш учун Аллоҳ таоло Ўзига сиғиниб, Ўзидан паноҳ сўрашни таълим берган: "Ҳамда қасадчининг ҳасади ёвузлигидан (паноҳ сўраб илтижо қилурман)" (Фалақ, 5). Ҳадислардан бирида бундай марҳамат этилади: "Олдинги умматлардан сизларга етиб келган касаллик ҳасад ва ғиллу ғашликдир. Ҳасад қирувчидир, у сочни қирмайди, балки кишининг динини қиради. Муҳаммаднинг жони измида бўлган Зотга қасамки, то мўмин бўлмагунингизча жаннатга киролмайсиз, бир-бирингизга ўзаро муҳаббатли бўлмагунингизча (комил) мўмин бўлолмайсиз" (Имом Термизий ривояти). Аллоҳ таоло Иброҳим авлодларига Китоб ҳам, ҳикмат (илм) ҳам, улуғ салтанатларни ҳам ато этиб қўйган бўлса, улар яна нимага ҳасад қилишади? Улар ўзгаларга ҳасад қилиш ўрнига Парвардигорлари берган неъматларга шукр қилишса бўлмайдими ?!
 
55. Шунда баъзилари бунга имон келтиришди, баъзилари юз ўгиришди ва уларга дўзах ўти кифоядир.
Ўзларига китоб берилганларнинг баъзилари имонга келиб, абадий саодатга мушарраф бўлишган эса-да, уларнинг кўпчилиги Аллоҳнинг ваҳийларидан юз ўгиришди, уларни инкор қилишди, Аллоҳнинг пайғамбарларини ёлғончига чиқариб, хорлашди. Бундай кимсаларга охиратда ҳеч қандай насиба йўкдир, уларнинг эришадигани фақатгина дўзах ўти ва абадий азоб-қийноқлардир.

56. Оятларимизга куфр келтирганларни албатта дўзахда куйдирамиз. Терилари куйиб битгач, азобни кучайтириш учун териларини янгилаймиз. Аллоҳ албатта қудратли ва ҳакимдир.
Қуръони карим нозил бўлганидан ўн беш аср ўтиб, ушбу ояти кариманинг бошқа оятлар каби ақлларни лол қолдириши, инсонларни ҳайратга солиши маълум бўлди. Замонавий тиббиет мутахассислари инсон терисининг усти куйганидан сўнг унинг ички қисми ҳеч қандай оғриқни сезмай қолишини аниқлашди. Буни санчқи (укол) олаётганда ҳам сезиш мумкин, игна терининг уст қисмига санчилганида оғрийди, кейин ичкарига ўтиши билан оғриқ сусаяди. Бу соҳада жиддий тадқиқотлар олиб борган Канада университетининг одам анатомияси бўйича фан доктори профессор Кейс Моор "Фанда инсон тўқималарига оид кашфиётларга Қуръон ва Суннатда баён қилинган ишораларнинг боғлиқлик даражаси" номи билан алоҳида рисола ҳам ёзди. Куйган-битган терининг сезиш қобили- ятини йўқотиши ҳақидаги қуръоний далилларга дуч келган Тайланддаги "Шайнж май" институти тиббиёт куллиётининг мудири профессор Тажатат Тажасун "Тиббиёт янгиликлари ва Қуръон мўъжизаси" халқаро анжуманида иштирок этаётганида Нисо сурасининг юқоридаги оятини ўқиб беришади. Шунда олим ўзлари эндигина кашф этган илмий далил бундан ўн беш аср олдин инсониятга туширилган Қуръони каримда аллақачон баён этиб қўйилганидан ҳайратга тушиб, мусулмон бўлди. Демак, Аллоҳ таоло Ўз оятларига куфр келтирганларни дўзахда қаттик, азобга гирифтор қилиш, қийноқларни янада оғирлаштириш учун ҳар гал териси куйиб бўлганидан кейин дўзахийнинг терисини қайтадан янгилар экан.
 
57. Имон келтириб, яхши амалларни килганларни Биз остларидан анҳорлар оқувчи ва абадий қолинадиган жаннатларга киритамиз. Унда уларга покиза хотинлар бор ва уларни қалин сояларга киритамиз.
Инсоннинг дунёга келишидан, унда умргузаронлик қилиб ўтишидан асосий мақсад Аллоҳга имон келтириш, солиҳ амаллар қилиш, Парвардигорига тоат-ибодатда бўлиб, Унинг розилигини топиш бўлиши керак. Агар у ана шу мақсад йўлида саъй-ҳаракат қилса, шунга интилса, охират дунёсида Аллоҳ таолонинг юксак мукофотига — остидан анҳорлар оқиб турадиган, абадий ҳаёт кечириладиган жаннатига сазовор бўлади. Бу жаннатда жаннатийларни покиза ва бокира хотинлар, соялари қалин дарахтзорлар кутиб турибди. Ояти каримада "қалин соялар"нинг зикр этилиши бежизга эмас. Қуръони карим нозил қилинган Арабистон жазираси асосан саҳро ва қумликлардан иборат. Бу ерда тиккайган бир дарахт, соя-салқин жой ёки оқин сувни топиш анқонинг уруғи. Оқар сувлар, қалин сояларнинг қадрини араблар жуда яхши билишади. Шу боис ояти карима уларнинг зеҳн- тасаввурига мана шу усул билан хитоб қилмокда.

58. Аллоҳ ҳақиқатан сизларга омонатни эгаларига етказишни, одамлар орасида ҳукм юритишда адолат билан қарор чиқаришни буюради. Аллоҳ сизларга қандайин гўзал насиҳат қиляпти, Аллоҳ албатта эшитувчи ва кўрувчидир.
Одамларнинг бир бирларига омонати уларнинг ҳақларга риоя этишларидир. Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда омонатга хиёнат қилмаслик ҳақида кўпгина огоҳлантиришлар келган. Аллоҳ таоло айтади: "...Агар бир-бирларингга ишонсаларинг, ишонч қозонган ўзидаги омонатни топширсин!" (Бақара, 283). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сизга ишонганга омонатини топширинг. Сизга хиёнат қилганга хиёнат қилманг", деганлар (Имом Аҳмад, Абу Довуд ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса: "Омонатдорлиги йўқнинг имони йўқ, вафоси йўқнинг дини йўқ", деганлар (Имом Аҳмад ривояти). Ҳадиси шарифда омонатга хиёнат қилиш мунофиқликнинг аломатларидан бири экани таъкидланган: "Мунофиқликнинг аломати учтадир: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса вафо қилмайди, омонат қўйилса, хиёнат этади" (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Барча жамиятларда кенг тарқалган иллатлардан бири омонатларни эгаларига қайтармаслик, омонатга хиёнат қилиш, одамлар ўртасида ҳукм юритганда адолат билан иш тутмасликдир. Оддийгина мисол: ҳозирги пайтда айрим одамлар бировдан қарз оладию уни қайтаришни пайсалга солади ёки умуман уни қайтаришдан воз кечиб юборади. Баъзилар зарурат юзасидан эмас, балки бойлигини янада кўпайтириш, дунёнинг фоний матоларини тўплаб, бошқалардан қолишмай яшаш, серчиқим тўйлар қилиш, ҳашаматли уйлар қуриш учун қарз олади. Мана шундай одамларнинг бири икки бўлмайди, ҳамиша қарзга ботиб, танг аҳволда юради. Имкон бўлиши билан қарзини узмай, уни тўлашни чўзиш ё қайтаришдан умуман бош тортиш оқибатида қарздор хор-зор бўлади. Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар: "Ким одамлардан қарз олганида уни узиш, қайтариб бериш нияти билан олса, Аллоҳ унга ёрдам беради. Аммо ким йўқ қилиш (еб кетиш) нияти билан олса, Аллоҳ уни (қарздорни) ҳам йўқ қилиб юборади". Қарздорлик жуда оғирдир. Қарзидан бу дунёда қутулмаган кимса қиёматда уни савоблари билан тўлайди. Улуғ фазилатлар, улкан савоблар ва олий мартабаларга эришганлар ҳам қарзнинг савол-жавобидан қутула олишмайди.
Омонатга хиёнатнинг турлари кўп: эгаси ишлатишга рухсат бермаган нарсаларни ишлатиш (масалан, кийимини кийиш, уловини миниш каби); қўйилган омонатдан тониш; мол-мулкдаги фойдани кетказиш; ҳақ ва мулклардаги хиёнат ва бошқалар. Бировнинг ҳатто сирини очиш, "айтманг" деган гапини бошқаларга етказиш ҳам бундаги хиёнатга киради.
Яҳудийлар одатларига кўра бошқаларнинг омонатларига хиёнат қилишар, одамлар ўртасида бирор ишни ҳал қилмоқчи бўлишса, пора берган тарафга мойил бўлиб, ҳақиқатга тескари йўл тутишар эди. Аллоҳ таоло Қуръони карим оятлари воситасида мусулмонларни ана шу ёмон иллатлардан қайтаради. Ушбу ояти кариманинг тушишига сабаб бўлган воқеа бундай: Макка фатҳ қилинган (эгалланган) куни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Каъба ичига кирмоқчи бўлдилар. Усмон ибн Талҳа калитдор эди, лекин у калитни бермади. Шунда Ҳазрати Али калитни тортиб олиб, эшикни очиб бердилар. Сарвари олам ичкарига кириб-чиққанларидан кейин амакилари калитни ўзларига топширишни илтимос қилдилар. Шу воқеа устида юқоридаги ояти карима тушди, унинг ҳукмига кўра Пайғамбаримиз омонатга хиёнат қилмай, калитни Усмон ибн Талҳага топширдилар.

59. Эй имон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинглар, Пайгамбарга ва ўзларингиздан бўлган раҳбарларга итоат қилинглар. Агар Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлсанглар, бирор нарсада тортишиб қолганингизда уни Аллоҳга ва Пайғамбарига ҳавола қилинглар. Ана шу яхши ва оқибати хайрлидир.
Аввалги оятда раҳбар ҳокимларга одамлар орасида адолат билан ҳукм чиқариш буюрилган эди. Ушбу оятда эса одамларга ўзларидан сайланган ва ҳақ йўлда бўлган раҳбарларга итоатда бўлитп амр қилинмокда. Агар одамлар ва раҳбарлар ўртасида келишмовчилик чиқиб қолса, Аллоҳнинг Китобига ва Пайғамбар алайҳиссалом суннатларига мурожаат этилади. Агар раҳбарларнинг ҳукмлари ҳақиқатдан Китоб ва Суннатга мувофиқ бўлса, унга бўйсунилади ва тортишув бас қилинади. "Ақидатут-Таховия"да бундай ёзилган: "Подшоҳларимиз ва раҳбарларимизга қарши, гарчи зулм қилсалар ҳам, хуруж қилмаймиз, уларни дуоибад ҳам этмаймиз. Итоатидан бош тортмаймиз. Уларга итоат этишни Аллоҳга итоат этиш жумласидан, яъни фарз деб биламиз. Гуноҳ ишларга буюрсаларгина итоат этмаймиз. Уларнинг ҳаққига яхши дуолар қилиб турамиз" ("Ақоид" матнлари, шайх Абдулазиз Мансур таржимаси). Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва саллам: "Ким менга итоат қилса, батахлиқ, Аллоҳга итоат қилибди. Ким менга исён қилса, батахдиқ, Аллоҳга исён қилибди", деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

60. (Эй Муҳаммад), уларнинг сизга нозил қилинган Китобга ва сиздан олдин туширилганларга имон келтирганликни даъво қилишларини, тоғутдан ҳукм сўрашни исташларини кўрмадингизми? Ҳолбуки унга ишонмаслик буюрилган, шайтон сизларни ҳамиша йўлдан оздиришни хоҳлайди.
Тоғут — шайтон исмларидан бири, кенгроқ маънода "шайтоний йўл", демакдир. Тоғутдан ҳукм сўраш Аллоҳнинг ҳукмига зид, Унинг изнисиз бўлган ҳукмни сўрашдир. Ахди китоблар ўзларига туширидган китобларга ва кейин нозил қилинган Қуръони каримга имон келтирганлари даъвосида бўлишса ҳам, улар аслида шайтоний йўлни танлашган ва тоғутдан ҳукм сўрашни истаб туришади.
 
61. Уларга: "Аллоҳ нозил қилганига ва Пайғамбарга мурожаат қилинглар", дейилса, мунофиқларнинг сиздан дарҳол юз ўгирганларини кўрасиз.
Мадинада бир яҳудий ва мунофиқ ўртасида низо пайдо бўлганида яҳудий ҳақ бўлгани учун ажрим чиқариш мақсадида Расулуллоҳ (алайҳиссалом) олдиларига борайлик, деди. Мунофиқ эса яҳудийларнинг олими ва раҳбари бўлган Каъб ибн Ашраф олдига борамиз, деди. Охири икковлари Сарвари олам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига боришди. Жаноб Пайғамбар яҳудий фойдасига ҳукм қилдилар. Мунофиқ бундан рози бўлмай, Ҳазрати Умар олдиларига бориб шикоят қилди. Ҳазрати Умар воқеанинг тафсилоти билан тинглаб, Расулуллоҳ ҳукмларига рози бўлмаган мунофиқни ўша ерда ўлдирдилар. Сўнг унинг ворислари Ҳазрати Умардан хун даъво қилишди. Шу воқеа устида бир неча оятлар нозил бўлди ва Ҳазрати Умарга "Форуқ" (ҳақ ва ботилни фарқловчи) унвони берилди.
 
62. Қилмишлари туфайли уларга мусибат етганида ҳузурингизга келгач, Аллоҳ номи билан қасам ичиб: "Биз фақат яхшиликни ва муросани хоҳлаган эдик", дейишлари қандай бўлди?
Яъни, эй Пайғамбарим, ана шундай кимсаларнинг мусибат етиб, яъни сафдошлари ўлдирилганидан кейин ҳузурингизга келгач, Аллоҳ номи билан қасам ичганлари, ўз қилмишлари билан фақат яхшиликни ва муросани истаганлари ҳақидаги сўзларига нима дейсиз?

63. Аллоҳ бундайларнинг кўнгилларидагини билади, шунинг учун уларнинг қилмишларидан кўз юминг, дилларига етиб борадиган сўзлар билан насиҳат қилинг.
Бу ояти каримада ҳам юқоридаги воқеаларнинг давоми баён қилиняпти. Яъни, мунофиқнинг Ҳазрати Умар қўлларида ўлим топиши унинг исёни ва иккиюзламачилиги жазоси эди. Энди бу ҳодиса туфайли уларнинг ички аҳволи очила бошлади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, Аллоҳ таоло номи билан қасам ичган ҳолда: "Биз Ҳазрати Умар олдиларига Расулуллоҳ ҳукмларидан норози бўлиб бормадик, балки у жаноб бизни яраштириб қўядилар, деган яхши ниятда боргандик", дейишди. Аллоҳ таоло марҳамат қиляптики, бу жамоанинг барча сир-асрорлари Менга яхши маълум, сиз уларнинг қилмишлари учун таъқибга олманг, дилларига етиб борадиган яхши сўзлар билан насиҳат қилаверинг, тавба эшиклари ҳамиша очиқ, Аллоҳга қайтиш ҳеч қачон кечикмайди.

64. Қай бир пайғамбарни юборган бўлсак, Аллоҳ изни билан унга итоат қилинсин деб юборганмиз. Агар ўзларига жабр қилганларида ҳузурингизга келиб Аллоҳга истиғфор айтишганида ва Пайғамбар ҳам улар учун мағфират тилаганида Аллоҳнинг албатта кечирувчи ва раҳмли эканини билишарди.
Аллоҳ таоло Ўз изни билан бандаларининг ўзларига юборилган пайғамбарларга итоат этишларини ирода қилган. Мунофиқлар эса пайғамбарларни ёлғончига чиқариб, уларга итоат этмасликлари билан ўз жонларига жабр қилишяпти. Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), агар улар ўзларига жабр қилиб қўйгач, ҳузурингизга келиб, Аллоҳга истиғфор айтишганида, сиз ҳам улар учун мағфират тилаганингизда эди, Аллоҳнинг тавбаларни қабул қилувчи, гуноҳларни мағфират этувчи ўта меҳрибон ва раҳмли Зот эканини билган бўлишар эди.

65. Йўқ, (эй Муҳаммад), Парвардигорингизга қасамки, улар то ораларидаги келишмовчиликларга сизни ҳакам қилмагунларича, сизнинг ҳукмингизга чин дилдан бутунлай рози бўлмагунларича ҳаргиз мўмин бўла олишмайди.
Урва ибн Зубайр отасидан ривоят қилади: "Зубайр билан бир ансорий ариқ устида тортишиб қолиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга боришди. Иккови ҳам пгу ариқдан экин суғоришарди. Ансорий Бадр аҳлидан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зубайрга: "Суғоргин-да, кейин сувни қўшнингга очиб юбор", дедилар. Бундан ансорий ғазабланиб: "Эй Расулаллоҳ, аммангизнинг ўғли бўлгани учун шундай қилдингиз!" деди, Бу гапдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари қизариб кетди ва Зубайрга: "Ўзинг суғор-да, сўнг сувни тамбалаб қўй, қонгунича нариги тарафга ўтмасин", — дедилар. Натижада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зубайрнинг ҳақини тўлиқ қилиб бердилар. Бундан олдин Зубайр учун ҳам, ансорий учун ҳам қулай бир ҳукм қилган эдилар. Ансорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғашларини келтирганидан кейин очиқ-ойдин ҳукм билан Зубайрнинг ҳақини тўлиқ қилиб бердилар" (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

66. Агар уларга: "Ўзларингизни ўлдиринглар ёки диёрларингиздан чиқинглар!" деб буюрганимизда эди, бунга озчилик бўйсунарди. Улар ўзларига қилинган насиҳатларга амал қилишганида ўзларига яхши бўларди ва бу уларни саботлироқ қиларди.
Агар Аллоҳ таоло инсонларга қўлларидан келмайдиган ишларни, масалан, ўзларини ўлдиришни ёки юртни ташлаб чиқиб кетишни буюрганида, бунга жуда озчилик бўйсунган бўларди. Аммо У бандаларига оғир ва машаққатли вазифаларни амр этаётгани йўқ. Фақат Ўзига ва инсониятга юборган пайғамбарларига ишонишни, уларга итоатда бўлишни буюрмоқда, холос. Агар улар ўзларига нозил этилаётган ваҳийларга амал қилиб, пайғамбарларга бўйсунишганида ўзларига яхши бўлур эди.

67. У ҳолда ҳузуримиздан улуғ мукофотлар берган бўлур эдик.
Ана шундай йўлни тутган, ҳидоят йўлларига юз бурган кишиларга Аллоҳ азза ва жалла Ўз ҳузуридан улуғ савобларни, олий мукофотларни, абадий роҳат ва фароғат маскани бўлмиш жаннат боғларини ваъда қилаётир.

68. Ва уларни тўғри йўлга йўллар эдик.
Энг асосийси, Аллоҳ таоло итоаткор бундай зотларни Ўзининг фазли ва марҳамати билан куфр, залолат исканжасидан қутқариб, нажот йўли бўлмиш ҳидоятга йўллаб қўйган бўлур эди.

69. Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилса, Аллоҳ инъом ато этган пайғамбарлар, сиддиқлар,
шаҳидлар, солиҳлар билан биргадир. Улар энг яхши сафдошдирлар.
Пайғамбарлар Аллоҳ таоло томонидан танлаб олинган, Аллоҳ томонидан фаришталар орқали ваҳий юбориб турилган саодатманд зотлардир. Сиддиқлар эса пайғамбарларга келган ваҳий ва ҳукмларга чин дилдан, ҳеч қандай шак-шубҳасиз ва далилсиз ишонган севимли инсонлардир. Шаҳидлар эса Аллоҳ таоло йўлида, унинг дини олий бўлиши учун жон фидо қилувчилардир. Солиҳлар — яхшилик учун яратилганлар, улар нафслари ва вужудларини барча ёмонлик ва ифлосликлардан тозалашган. Бу тўрт гуруҳ барча мусулмонларнинг жавоҳирлари, Аллоҳ таоло фазли ва неъматларига сазовор бахтиёр инсонлардир. Аллоҳ таолога, Унинг Пайғамбарига итоатда бўлган ҳар бир киши қиёматда улар билан бирга бўлади, мунофиқлар эса улар билан сафдош бўлиш бахтидан маҳрумдирлар.

70. Бу Аллоҳнинг марҳаматидир ва Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир.
Аллоҳга ва Унинг Расулига итоатда бўлиб, Унинг йўлида ҳаракат қилувчиларга Аллоҳнинг буюк марҳамати ва фазли насиб этади. Бундай бандалар қиёмат куни Парвардигорларининг розилиги ва улкан мукофотларига сазовор бўлишади. Чунки Аллоҳ азза ва жалла бандаларининг ҳар бир яхши-ёмон ишлари, ҳатто ўй-хаёлларигача жуда яхши билиб турувчи Зотдир.
 
71. Эй имон келтирганлар, эҳтиёткор бўлинглар, гуруҳларга бўлиниб ёки ҳаммангиз бирлашиб чиқинглар.
Эй мўминлар, ҳамиша душманларингизнинг макр ва ҳийлаларидан, фитналаридан огоҳ бўлиб, уларнинг қўққисдан қиладиган ҳужумларига доимо шай туринглар. Уларнинг фитнасига алданиб ёки алдовларига учиб Ислом биродарлигига рахна солманглар, уларнинг қаршисига гуруҳ-гуруҳ бўлиб ёки бутун бир қўшин сифатида чиқинглар.

72. Ораларингизда чиқмай қоладиганлар ҳам бор. Агар сизларга мусибат етса у: "Менга Аллоҳнинг инъоми бўлди, яхшиямки улар билан бирга эмасдим", дейди.
Ораларингизда сизлар билан бирга жангга чиқмай, яшириниб қолувчи ёки турли баҳоналарни рўкач қилиб урушдан бўйин товловчи кимсалар ҳам бор. Уларга нисбатан ҳушёр бўлинглар. Сабаби, агар сизларга жангда бирор талафот етиб, мағлубиятга учрайдиган бўлсанглар, улар: "Яхшиямки жангга чиқмаганим, бошқалар унда ҳалок бўлди, мен эса Аллоҳнинг фазли-инояти билан ўлимдан қолдим", дейишади.

73. Агар Аллоҳ сизларга фазлмарҳамаг қилса, гўё ҳеч нима бўлмагандай: "Қанийди, улар билан бирга бўлсайдим, улуғ зафарга эришардим", дейди.
Эй мўминлар, агар Аллоҳ сизларга фазли ва марҳаматини кўрсатиб, нусрат-ғалабасини берса, улар гўё ҳеч нарса бўлмагандай, "Қанийди, улар сафида бўлганимда Аллоҳнинг фазли-марҳаматидан қуруқ қолмаган бўлардим", дейди.

74. Дунё ҳаётига охиратни сотиб оладиганлар Аллоҳ йўлида жанг қилишсин. Ким Аллоҳ йўлида жанг қилиб ўлдирилса ё ғалаба қилса, Биз унга улуғ мукофотлар берамиз.
Эй мўминлар, агар ораларингда қўрқоқлиги туфайли ёки имони заифлиги ёхуд иродаси бўшлиги сабабли жангдан бўйин товлайдиганлар чиқиб қолса, улар дунё ҳаёти эвазига охират мукофотларини сотиб олишсин ва Аллоҳнинг дини равнақи йўлида ҳаракат қилишсин. Бундайлар қаршисида икки йўл бор: ким Аллоҳ динининг ғолиблиги йўлида ҳалок бўлса ёки душманга қарши жангда ғалабага эришса, ҳар икки ҳолатда ҳам уларга Парвардигорларининг улуғ мукофотлари, абадий роҳат-фароғат жойи бўлмиш жаннати ва Аллоҳ азза ва жалланинг розилиги ваъда қилинган.

75. (Эй Мўминлар) сизларга нима бўлдики, Аллоҳ йўлида ҳамда пйрннрдигоро, ойзлнрни аҳли золи.м бўлган бу шаҳардан чиқар, ҳузурингдан бизларни ҳимоя қилувчи ва ёрдам берувчи бир дўст юбор" деяётган ночор эрлар, хотинлар ва болалар ҳаққи-ҳурмати жанг қилмайсизлар?!
Яъни, эй мўминлар, дин душманлари зулми остида эзилиб ётган, қутулишга на бир дўст, на бир ёрдамчи топа олаётган узрли, ночор эркаклар, аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш ва уларни зулмдан қутқариш учун нега жангга чиқмаяпсизлар?!
 
76. Мўминлар Аллоҳ йўлида урушишади, кофирлар тоғут йўлида жанг қилишади. Шайтон дўстларига қарши урушинглар, албатта шайтоннинг макрҳийлалари кучсиздир.
Аллоҳ таоло буюряптики, шайтоннинг дўстларига қарши жанг қилинглар. Шайтонлар ташида ҳар нарсага қодирдай кўринса ҳам, аслида унинг макр-ҳийлалари, васвасалари жуда заифдир. Шайтон инсонни йўлдан оздиришда жуда маҳоратли. Лекин шунга қарамай, у хоҳлаган кишисини куфр ва хиёнатга бошлай олмайди. Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) истаган кишиларини ҳидоятга бошлаш салоҳияти берилмаганидек, иблиси лаъинга ҳам хоҳлаган кишисини гуноҳга ботириш имконияти берилмаган. Шунинг учун ҳам одам боласи ўзини "Шайтон мени йўлдан оздирди" деган баҳонанинг ҳимоясига олиши нот ўғридир. Чунки инсон чиркин ишлари билан шайтонни ўзига чорлайди. Гуноҳлар билан шайтонни хурсанд қилади. У билан дўстлашиб, Аллоҳнинг исёнкор бандасига ай- ланади. Тоғут (иблис) худди шу вақтда инсонни ўз домига илинтиради, измига солади.
Лекин тақволи мўмин тоат-ибодатда турганида шайтон унинг бир тукига ҳам тега олмайди, зарар етказа олмайди. Мўмин киши шайтоннинг ҳар қандай васвасасига ирода билан бардош бериб, шайтонга алданиб қолишдан сақланиши, бунинг учун Аллоҳни кўп-кўп зикр қилиши лозим. Намозда васваса келган пайтда фикрини бир ерга жамлаб, фақатгина ўқиётган сураси мазмунини ўйлаши, бошқа пайтларда шайтон васвасасига қалқон бўлувчи Фалақ, Нос суралари маъносини англаган ҳолда тез-тез ўқиб туриши керак бўлади.

77. (Эй Муҳаммад), "Ўзларингизни тийиб, намозларингизни адо қилиб, закотни бериб туринглар" дейилганларни кўрмайсизми? Уларга жанг фарз қилинганида бир гуруҳи одамлардан Аллоҳдан қўрққанидан ҳам қаттиқроқ қўрқишди ва: "Эй Парвардигор, бизларга нега жангни фарз қилдинг, бир оз кейинга сурсанг бўлмасмиди?!" дейишди. Уларга: "Дунёнинг фойдаси оз, тақводорларга охират яхшидир ва қилча ҳам зулм қилинмайди", денг.
Маккаи мукаррамада ҳижратдан аввал кофирлар мусулмонларни кўп қийнашган ва уларга чексиз зулм кўрсатишган. Шунда мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб шикоят қилишган, кофирларга қарши урушга чиқиб, улардан ўч олишга ижозат сўрашган. Лекин Расули акрам уларни тинчлантириб: "Парвардигорим томонидан менга урушиш ҳақида ҳукм келмади, балки сабр ва кутишга буюрилганмиз. Ҳозирча сизлар намозларингизни адо этиш, закотни бериш билан машғул бўлинглар", дедилар.
Мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилишганидан (кўчишганидан) кейин Аллоҳ мусулмонларнинг ўзлари талаб қилган жиҳодни фарз қилди. Шунда имони заиф баъзи мусулмонлар кофирларга қарши урушдан шунчалик қўрқиб кетишдики, ҳатто Аллоҳ таолодан ҳам бунчалик қўрқишмаганди. Улар: "Эй Парвардигор, нимага бизга бу урушни буюрдинг, агар уни орқага суриб турганингда яна анча ҳаёт кечирар эдик", дейишди. Аллоҳ таоло Ўз Ҳабибига (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтяптики, дунё роҳатлари арзимас ва тез ўтиб кетувчидир, охират роҳат-фароғатлари эса ҳақиқий ва туганмас лаззатдир. Лекин бу фақат Аллоҳдан қўрқувчилар, Унинг буйруқларини бажарувчилар учундир. Аллоҳ таоло ҳузурида сизларга хурмо данаги ипичалик ҳам зулм қилинмайди, заррача амалингиз савоби ҳам зое кетмайди.
Абу Мансур Мотуридий (раҳимаҳуллоҳ) ушбу оят тафсирида бундай деганлар: "Мусулмонларнинг жангга чиқишдан қўрқиб, бу сўзларни айтишлари динга шак келтириш ёки ундан воз кечиш ниятида эмас, балки инсон табиатига хос жон талвасаси туфайли бўлиб, буни Аллоҳнинг ҳукмини қабул қилмаслик деб тушунмаслик керак. Зеро, уларнинг эътиқодлари бутун эди".

78. Қаерда бўлсанглар ҳам, ҳатто мустаҳкам қалъаларда ҳам ўлим сизларни топади. Агар улар фойда кўришса, "бу Аллоҳдан", дейишади, бирор зарар етса, бунга сизни сабабчи дейишади. Уларга: "Бари Аллоҳдан", денг. Нега бу қавм ҳеч гапни тушунмайди?!
Эй инсонлар, белгиланган ажалдан қутулиб қоламан, деб хомтама бўлманглар. Қаерда бўлсанглар ҳам, ҳатто мустаҳкам қалъаларнинг ичига яшириниб олсанглар ҳам ўлим барибир сизларни излаб топади. Мунофиқлар эса, фойдага эришишса, "Бу Аллоҳдан" дейишадию, аммо ўзларига бирор зарар етгудай бўлса, дарров Пайғамбарни айблашади. Эй Муҳаммад, уларга: "Буларнинг бари Аллоҳдан", денг.
Абу Солиҳ Ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳумо) ривоят қилади: "Уҳуд куни Аллоҳ мусулмонлардан шаҳидларни ажратиб олгач, жангга бормай қолган баъзи мунофиқлар: "Ўлдирилган биродарларимиз бизнинг олдимизда бўлишганида ўлмаган ва ўлдирилмаган бўлишар эди", дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди".
 
79. (Эй инсон), сенга етган яхшилик Аллоҳдандир, ҳар қандай ёмонлик эса ўзингдандир. (Эй Муҳаммад), Биз сизни инсонларга пайғамбар этиб юбордик ва гувоҳликка Аллоҳ кифоядир.
Ҳақиқат шуки, барча яхшиликлар ва ёмонликларни пайдо қилувчи Аллоҳ таолодир. Лекин бандалар яхшиликни Аллоҳ таолонинг фазли-карами ва марҳаматидан деб, ёмонликни эса ўзларининг қилмишлари ва шумликларидан деб билишсин ҳамда буни Пайғамбар алайҳиссалом зиммаларига юклашмасин.
 
80. Ким Пайғамбарга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлади, ким юз угирса, энди Биз сизни уларга соқчи қилиб юбормаганмиз.
Яъни, ким Пайғамбарга итоат қилса, Аллоҳга ҳам итоат қилган бўлади. Чунки Пайғамбар мўминларни Аллоҳ амр этган нарсаларга буюради, Аллоҳ қайтарган нарсалардан четда бўлишга чақиради. Аллоҳнинг элчисига итоат Парвардигорнинг Ўзига итоат қилишдир. Ким Бизнинг ваҳийларимиздан юз ўгирса, бу — унинг иши. Эй Пайғамбарим, Биз сизни хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборганмиз, холос. Улар устидан назорат қилиш, уларни ҳидоятга бошлаш сизнинг вазифангиз эмас, буларнинг бари Бизнинг иродамизга боғлиқ.

81. Улар: "Итоатдамиз", дейишадию ҳузурингиздан чиққач айримлари айтганингизнинг тескарисига хуфёна тил бириктиришади. Аллоҳ эса уларнинг яширинча келишувларини ёзиб қўяди. Улардан юз ўгиринг ва Аллоҳга таваккал қилинг, ҳомийликка Аллоҳ кифоядир.
Иккиланувчилар ва мунофиқларнинг "Биз ҳам Аллоҳга ва Унинг Расулига итоатдамиз" деган гапларига ишонманг. Улар сиздан ажралганлари заҳоти сизнинг зиддингизга тил бириктириб, пинҳона сизга қарши хусуматни бошлайди. Улардан юз ўгириб, фақат Парвардигорингизга таваккал қилинг, чунки ҳомийликка ва сизни қўллашга фақат Унинг Ўзи кифоядир.
 
82. Қуръон ҳақида фикр юритишмайдими? Агар у Аллоҳдан бошқанинг томонидан бўлганида эди, унда кўп қарама-қаршиликлар топган бўлишарди.
Қуръони каримнинг илоҳий Калом эканига далиллардан бири шуки, унда ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ. Чунки инсонларнинг энг сўзамоллари ва донолари нақадар маҳорат ва фасоҳат соҳиби бўлишмасин, уларнинг фикр-ёзувларида албатта қандайдир ноқислик, қарама-қаршилик келиб чиқади. Чунки уларнинг баъзи жумлалари ишонарли бўлса, баъзиси ишонарсиз бўлади, баъзиси рост бўлса, бошқаси ёлғон чиқади. Лекин Қуръони карим Аллоҳ таолонинг муқаддас каломи бўлгани учун ундан бундай қусурларни топа олмайсиз.

83. Уларга тинчлик ёки хавф-хатар хабари келганида буни тарқатиб юборишади. Агар уни Пайғамбарга ё ўз раҳбарларига ҳавола қилишганида улар бу иш моҳиятини тушунган бўлишарди. Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида кўпчилигингиз шайтонга эргашиб кетардингиз.
Ояти каримада зикр этилган мунофиқлар ва содда мусулмонлардан етадиган зарарлардан бири шуки, улар омонлик ёки хавф хабари (масалан, душман фалон ерга тўпланяпти, мусулмонларга фалон ерда шикаст етди кабилар) етиб келиши билан уларни текшириб ҳам кўрмай, ҳақиқатини аниқламай тезда халққа ёйиб юборишар эди. Мунофиқлар буни билатуриб, зарар етказиш мақсадида қилишса, мусулмонлар соддалик билан билмасдан қилишарди. Агар улар бундай хабарни эшитган заҳоти Пайғамбар алайҳис-саломга ёки ўзларининг бошлиқларига ҳавола қилишганида, улар бунинг асл моҳиятига етиб, сўнгра ҳақиқатини айтишар эди. Бу тариқа танбеҳ ва тўғри йўлга йўллаш Аллоҳ таолонинг фазл ва раҳматидир. Агар шундай қилмаганида мусулмонларнинг кўпчилиги йўлдан озиб, шайтонга эргашиб кетар эди.
 
84. (Эй Муҳаммад), Аллоҳ йўлида жанг қилинг! Ўзингиздан бошқага масъул эмассиз, мўминларни қизиқтиринг. Шояд, Аллоҳ кофирларнинг шиддатини даф қилса! Аллоҳ барчадан шиддатли ва азоби қаттиқдир.
Ушбу ояти карима тушганида Пайғамбар алайҳиссалом: бирорта сафдошсиз ёлғиз ўзим қолсам ҳам барибир жиҳодга чиқаман, деган эдилар. Кейин у зотга етмиш саҳоба эргашиб, Катта Бадр урушига чиқишди ва Аллоҳ таоло кофирларнинг дилига хавф солиб, улар урушишга ҳад қила олишмади. Пайғамбар алайҳиссалом бу урушда талафот кўрмай, ғолиб бўлиб қайтдилар.

85. Ким чиройли шафоат қилса, ўзига ҳам савобдан насиба тегади, ким ёмон шафоат қилса, унга ҳам "насиба" тегади ва Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
Араб тилида "шафоат" сўзи бировни қўллаш, ёрлақаш маъноларидан ташқари бировни бошқалар олдида оқлаш учун қилинган ҳаракатлар, гап-сўзлар ҳам, уни қоралаш учун қилинган шундай ишлар ҳам шафоат ҳисобланади,

86. Сизларга бир ибора билан салом берилса, ундан яхшироқ сўзлар билан алик олинглар ёки ўзини қайтаринглар. Аллоҳ албатта ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчидир.
Мусулмонларга салом бериш ё уларни дуо қилиш ҳақиқатда яхши фазилат саналади. Аллоҳ таоло таълим беряптики, бир мусулмон сизларга салом берса ё дуо қилса, сизлар ўша калиманинг ўзи билан ёки ундан яхшироқ, тўлароқ сўзлар билан жавоб қайтаришингиз зарур бўлади. Масалан, "Ассалому алайкум", дейилса, "Ваалайкум ассалом" дейсиз, агар кўпроқ савобга эришай десангиз, "ва роҳматуллоҳи" сўзини қўшинг. Бордию салом берувчи буни ҳам қўшган бўлса, "ва баракотуҳ" сўзини қўшиб алик олинг. Мукаммал салом берилган бўлса, сизлар ҳам мукаммал жавоб қайтаринглар, чунки Аллоҳ таоло ҳузурида ҳар бир нарсанинг ҳисоби сақланади. Яхши сўз бир калима бўлса ҳам, унга яраша савобга эришилади.
Оятдаги "таҳият" сўзини уламолар "салом" дея тафсир қилишган. Аллоҳ таоло саломлашишни мусулмонлар орасида белги ва шиор қилиб қўйган. Бу муборак сўз билан инсонлар бир-бирларига ёмонлик қилишдан Аллоҳ таолонинг паноҳ беришини сўрашади. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Бир киши Расулуллохдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Исломда қайси амал яхши?" деб сўради. "Камбағалларга таом улашишинг, таниган ва танимаганга салом беришинг", дедилар". У зот алайҳиссалом яна: "Ораларингда саломни ёйинглар", деганлар (Имом Муслим ривояти).
 
87. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У сизларни қиёмат куни тўплашига асло шубҳа йўқ. Аллоҳдан ҳам рост сўзловчи бормиди?
Аллоҳ ягонадир. Барча махлуқларни яратишда ҳам, уларга ҳаёт ва ўлимни ато этишда ҳам, уларни қиёмат куни Ўз ҳузурида, яъни Маҳшаргохда тўплашида ҳам Унга ҳеч бир зот шериклик қила олмайди. У барча бандаларини қилган амаллари бўйича қиёмат куни ҳисобга тортади, уларга мукофот ёки жазо белгилайди, дунё ҳаётида бу ҳакда бандаларини огоҳлантиргани учун қиёмат куни Ўз ваъдасини бажаради. Солиҳ, мўмин бандаларини жаннатга, кофир ва мушрикларни эса дўзахга киритади. Аллоҳ ҳамиша рост сўзлайди, Унинг ваъдаси ҳакдир! Бунга асло шубҳа бўлиши мумкин эмас.

88. (Эй мўминлар), нега сизлар мунофиқлар хусусида иккига бўлиниб турибсизлар? Ҳолбуки Аллоҳ қилмишлари учун уларни расво қилган-ку! Аллоҳ
адаштирганларни тўғри йўлга бошламоқчимисизлар? Аллоҳ кимни адаштирган бўлса, унга йўл тополмайсизлар!
Эй мўминлар, нега сизлар мунофиқларнинг алдовларига ишониб турибсиз? Улар ўзларини мусулмон қилиб кўрсатгани билан ҳеч қачон имонга келмайди, куфридан воз кечолмайди. Улар мўминми ёки кофирми, бир оз муҳлат берайликми, улар ҳидоятга юрармикин ёки бир умр залолатда ўтиб кетадими, деган масалаларда асло икки жамоага бўлиниб турманг. Улар ҳақ йўлни топа олмай, Аллоҳ ваҳийларини инкор этгани учун Парвардигорингиз уларни батамом адаштириб қўйган ва энди уларни тўғри йўлга йўллаш қўлингиздан мутлақо келмайди.
Абдуллоҳ ибн Язид ибн Собит айтади: "Бир қавм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Уҳудга қараб йўлга чиқди, сўнг (ҳали жанг майдонига етмай) қайтди. Мусулмонлар улар ҳақида ихтилоф қилишди. Баъзилар "ўлдириш керак", дейишса, баъзилари "ўлдирмаймиз" дейишди. Шунда ушбу оят нозил бўлди" (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
 
89. Ўзлари кофир бўлишгани каби сизларнинг ҳам уларга ўхшаб куфр келтиришингизни исташади. Энди то Аллоҳ йўлида ҳижрат қилишмагунича уларни дўст тутманглар. Агар улар бундан юз ўгиришса, уларни тутган ерингизда ўлдиринглар. Уларни дўст ҳам, ёрдамчи ҳам қилманглар.
Эй мўминлар, мунофиқлар очиқ адашувда бўлишгани ва Парвардигор ғазабига учрашгани учун энди сизларни ҳам адаштириш ва ўз йўлларига чорлаб, ўзлари каби куфр келтиришингизни исташади. Энди улар то Аллоҳ йўлида курашга ёки ҳижратга чиқмагунларича улар билан дўстлашманглар, улар билан ҳамкорлик қилманглар, уларга асло ёрдам кўрсатманглар. Агар улар душманларингиз томонга ўтиб олиб, мунофиқлик йўлини тутишса, уларга қарши уруш очинглар.
 
90. Аммо ораларингизда аҳд паймон бўлган қавмга қўшилган ёки сизлар билан ҳам, қавми билан ҳам урушиш жонига тегиб олдингизга келганлар бундан мустасно. Аллоҳ хоҳлаганида уларни сизлардан устун қиларди ва улар сизларга уруш очишарди. Агар улар урушишдан четланиб, сулҳ таклиф қилишса, Аллоҳ уларга қарши чиқишга йўл бермайди.
Яна бир тоифа мунофиқлар бор эдики, мусулмонлар билан очиқ алоқада бўлиб, уларни севишларини билдириб туришар эди. Асл мақсадлари мусулмонлар уларнинг қавмларига қарши уруш бошлашса, жамоалари ва молларини омонда сақлаб қолиш эди. Уларнинг асл мақсади аён бўлиб қолгач, баъзи мусулмонлар улар билан алоқани узмоқчи бўлишди, баъзилари эса шояд мусулмон бўлишса деб, муносабатларни давом этгиришди. Ушбу оятларда шу хусусда баён этиладики, улар то ватанларидан чиқиб, олдингизга келмагунларича уларни дўст санаманглар, ҳеч бир ишда уларга ишонманглар. Агар имон ва ҳижратни қабул қилишмаса, уларни асир олинглар ёки тутган ерларингизда ўлдиринглар. Аммо сизлар билан сулҳ тузган жамоадан паноҳ сўраган ёки урушлар жонига тегиб сизларга сулҳ таклифи билан келганларга тегманглар, уларга қарши урушишга Аллоҳ таоло йўл бермайди.

91. Сизлардан ҳам, қавмидан ҳам омонда бўлишни истайдиган бошқаларни ҳам албатта кўрасизлар. Қачон уларни куфрга чақиришса, унга ўзларини отишади. Агар сизлардан ўзларини тортишмаса, сулҳ таклиф қилишмаса, сизларга қарши қўл кўтаришса, уларни тутган ерингизда ўлдираверинглар. Биз бундайларга қарши сизларга ошкора ҳуқуқ бердик.
Яъни, мунофиқлар орасида шундайлари ҳам борки, улар мусулмонларнинг ҳам, кофирларнинг ҳам ишончига кириб, жонларини омонда сақлаб қолишни истайдиганлар. Аслида улар ҳар икки томон вакиллари билан ҳам яқинлашишни хоҳламайди. Агар уларни куфрга таклиф қилишса, жон-жон деб унга рози бўлишади. Улар абадий адашувда: куфр ва имондан қай бирини танлаш муаммосига дуч келишса, ҳамиша иккиланади ва иккиюзламачилик қилишдан уялмайди. Бундай мунофиқлар энг маккор душманларингиздан ҳам хавфлидир. Шунинг учун Аллоҳ таоло агар улар сиздан четда бўлишмаса ёки сулҳ таклиф этишмаса, уларни тутган ерингизда ўлдираверишни буюрмоқда. Бундай ошкора ҳуқуқ берилишининг сабаби шуки, дин душманлари ўзларининг хусуматларини очиқ билдиришади, мунофиқлар эса асл ниятларини яшириб, иккиюзламачилик қилишади ва мусулмонларга энг қабиҳ душманликларни раво кўришади.

92. Мўмин мўминни ўлдирмайди, фақат билмасдан қилиши мумкин. Ким мўминни билмай ўлдириб қўйса, бир мусулмон қулни озод қилсин ва ўлдирилганнинг ворислари кечишмаса, хунини тўласин. Агар мўмин душманингиз томондан бўлса, бир мусулмон қулни озод қилиш шарт бўлади. Агар у сизлар билан сулҳ тузган қавмдан бўлса, унинг ворисларига хун тўланади ва бир мусулмон қул озод қилинади. Агар мусулмон қул тополмаса, икки ой пайдар-пай рўза тутиб беради. Бу Аллоҳ томонидан кечириш ўрнидадир. Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир.
Бир мўмин-мусулмон кишини ўлдириш ниҳоятда катта гуноҳ, аммо билмай, бехосдан ўлдириб қўйса, бандачиликдир. Билмай, хато қилиб ўлдириб қўйишнинг бир неча кўринишлари бор: мусулмон кишини ов деб гумон қилиб отиб қўйиши мумкин ёки отган ўқи унга бехос тегиши мумкин ёки мусулмон тасодифан кофирлар орасида турганида билмай уни кофир деб ўйлаб отиб қўйиш мумкин. Бундай ҳоллар ҳаётда, айниқса, жанг пайтларида учраб тургани учун зикр этиляпти. Ушбу ояти каримада хато учун икки ҳукм баён қилинмоқда: биринчиси, бир мусулмон хатосига каффорот сифатида қул ёки чўрини озод қилади, агар бунга қодир бўлмаса, икки ой пайдар-пай рўза тутади.
Иккинчиси, ўлдирилган кишининг меросхўрларига хун тўлайди, чунки бу уларнинг ҳақларидир, агар кечиб юборишса, тўланмайди, лекин бир кишининг кечиши билан бу соқит бўлмайди.
Одам ўлдирганлик учун хун тўлашнинг уч хил кўриниши бор: 1. Ўлдирилган киши мусулмон жамиятида яшайдиган мўмин киши; 2. У душман қавмидан, аммо ўзи мўмин киши; 3. Ўлдирилган шахснинг ўзи мўмин, қавми мўмин бўлмасада, мусулмонлар билан тузилган сулҳ шартномалари бор. Булардан биринчи ва учинчи ҳолатда хун берилади, аммо иккинчи ҳолатда хун тўланмайди. Битта ўлдирилган озод кишининг дияси, яъни хуни ҳанафий мазҳаби бўйича юзта туя ёки минг динор тилла ёки ўн минг дирҳам кумушдир.

93. Ким бир мусулмонни атайлаб ўлдирса, унинг жазоси абадий қолинадиган дўзах бўлади. У Аллоҳнинг ғазабига, лаънатига ва унга тайёрлаб қўйган қаттиқ азобига гирифтор бўлади.
Мўмин кишини қасдд,ан ўлдириш қул озод қилиш билан ҳам, хун тўлаш билан ҳам ювиб бўлмайдиган катта жиноят ва улкан гунохдир. Бундай ёвуз ишни қилганларнинг жазоси абадий қолинадиган дўзахда оғир қийноқларга мубтало бўлишдир. Бундан ташқари, мўминни қасддан ўлдирганлар Аллоҳнинг ғазабига, лаънатига, У тайёрлаб қўйган қаттиқ азобга учрайди. Мўмин мўминни қасддан ўлдириши бир айбсиз жон билан бирга имондек улуғ неъмат туфайли вужудга келган ақида қардошлигини ҳам мавҳ этишдир. Шунинг учун ҳам бу оятда мўминни ўлдирганга бошқа ҳеч кимга тайин этилмаган олий жазолар — жаҳаннамда абадий қолиш, Аллоҳнинг ғазабига ва лаънатига дучор бўлиш ва У Зот тайёрлаб қўйган улкан азоблар ваъда қилинмокда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида: "Бир мусулмоннинг ўлдирилиши Аллоҳнинг ҳузурида дунёнинг ҳалокатидан ҳам оғирроқдир", деганлар.

94. Эй имон келтирганлар, Аллоҳ йўлида урушга чиқсанглар, душманни аниқ таниб олинглар. Дунё фойдасини кўзлаб, салом берувчига: “Сен мусулмон эмассан!" деманглар. Аллоҳ ҳузурида ўлжалар кўп. Авваллари ҳам шундай эдинглар, кейин Аллоҳ сизларни неъматлантирди. Аниқ билиб олинглар, Аллоҳ қилмипг ларингиздан хабардордир.
Пайғамбар алайҳиссалом бир гуруҳ лашкарни бир қавмга қарши жиҳодга юбордилар. Ўша қавм ичида бир киши мусулмон эди, у мол-ҳолини, рўзғор ашёларини олиб, қавмидан алоҳида бўлиб ажралиб турган эди. Мусулмонларни кўриб: "Ассалому алайкум!" деди. Мусулмонлар бу одам ўзи кофир бўлса керак, моли ва жонини асраб қолиш учун ўзини мусулмон қилиб кўрсатяпти, деган гумонга бориб, уни ўлдиришди, ашё ва молларини ўлжа қилиб олишди. Шу воқеа муносабати билан юқоридаги ояти карима тушди ва Аллоҳ таоло мусулмонларга бундай қилмасликни, душманларини аниқлаб олгандан кейингина уларга қарши чиқишни буюрди. Авваллари мусулмонларнинг ўзлари ҳам тиллари билангина иқрор бўлишганида бирор кимса уларни маломат қилмаган эди-ку!
 
95. Мўминларнинг узрсиз бўлатуриб уйда қолганлари билан Аллоҳ йўлида мол ва жони ила жиҳод қилувчилари баробар эмаслар. Аллоҳ ҳаммаларига чиройли ваъда қилган. Мол ва жонлари билан жиҳод қилувчилар даражасини уйида қолганларникидан ортиқ қилган. Уйида қолганлардан улуғ қилди.
Зайд ибн Собит айтади: "Мана шу оят нозил бўлганида мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдим. Ўшанда дастлаб Аллоҳ "узрсиз бўлатуриб" жумласини зикр қилмаган эди. Ибн Умму Мактум: "Бу қанақаси бўлди, мен ҳеч нарсани кўрмайдиган кўр бўлсам?" деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўтирган жойларида ваҳий келди. У киши менинг сонимга суянган эдилар. Жоним қўлида бўлган Зотга қасам, шундай оғирлик тушдики, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сонимни синдириб юборсалар керак, деб қўркдим. Кейин ўзларига келдилар ва: "узрсиз бўлатуриб уйда қолганлари..." деб ёз, дедилар. Мен уни ёздим" (Имом Бухорий ривояти).

96. Уларга Ўзи тарафидан даражалар, мағфират ва раҳмат бор. Аллоҳ мағфиратли, раҳмлидир.
Мусулмонларнинг жангда қатнашмайдиган узрли тоифалари кўзи ожизлар, майиб-чўлоқлар, хасталар ва аёллардир. Булардан бошқа барча кишилар иккига: ҳамиша дин хизматида курашга бел боғлаган мужоҳидларга ва бу вазифадан холи мусулмонларга бўлинишади. Ҳар икки табақа ҳам жаннатий бўлишса да, биринчи тоифа иккинчисидан даражада ортиқдир, чунки Аллоҳ таоло мужоҳидлар даражасини бошқалардан ортиқ қилган ҳамда уларга Ўзининг раҳмат ва мағфиратини зиёда қилиб берган.

97. Фаришталар ўз жонига зулм қилганларнинг жони ни олишаётганда: "Қандай яшадинглар?" деб сўрашади. Улар: "Ер юзида чорасиз эдик", деб жавоб беришади. "Ҳижрат қилсанглар Аллоҳнинг Ери кенг эди-ку!" дейишади. Ана шуларнинг жойи дўзахдир ва у энг ёмон макондир.
Шундай мусулмонлар борки, улар ўз даъволарига кўра му- сулмонлардир. Лекин улар кофир салтанатга қарамлар, дин ишларини, ибодатларини очиқ-эркин қила олишмайди, кофир султонга қарши кураша ҳам олишмайди. Бундай мусулмонларга яшаб турган жойларини ташлаб, бошқа юртларга кўчиш фарздир. Бу ўринда шу масала баён қилинмокда. Ояти каримага кура, ўз жонларига жабр қилиб, кофирлар ўлкасида яшаганлар вафот этишаётганида фаришталар: "Сизлар қайси динда эдинглар?" деб сўрашади. Улар: "Мусулмонлармиз, аммо ночорликдан айта олмасдик", дейишади.
 
98. Чиқиб кетиш учун тадбир ва йўл тополмаган ночор эркаклар, аёллар ва болалар бундан мустасно.
Яъни, ҳижрат қилишдан бўйин товлаганларнинг ҳаммаси ҳам бир хил эмас. Улар орасида бошқа юртларга чиқиб кетишга бирор имкон, улов ёки бошқа сафар анжомлари топа олмаётган, бемор ёки сафар қилишга яроқсиз кишилар, аёллар ва ёш болалар бор, улар бундан мустасно. Яъни, улар чорасизликлари учун дўзахий бўлишмайди.

99. Уларни Аллоҳ кечиришига умид бор, Аллоҳ кечирувчи ва мағфиратлидир.
Ҳижрат қилишдан ночор қолган бундай кишилар Аллоҳнинг мағфиратидан умид қилишсин. Балки Аллоҳ уларнинг бу ишларини кечириб юборар, чунки Аллоҳ азза ва жалла кечирувчи, меҳрибон Зотдир.

100. Ким Аллоҳ йўлида ҳижрат қилса, Ер юзида кенг жой ва паноҳ топади. Ким уйидан Аллоҳга ва Расулига ҳижрат қилиб чиқиб, йўлда ўлим топса, бунинг мукофоти Аллоҳ зиммасидадир ва Аллоҳ мағфиратли, раҳмлидир.
Ушбу ояти карима ким Аллоҳ йўлида ҳижрат қилса (ватанидан кўчса), унга яшаш ва истиқоматда бўлиш учун Ер юзида жой етарли, унинг ризқи ва маишати фаровон бўлаверади, деб мусулмонларга тасалли беради. Ҳижрат қилувчилар қай ерларга борамиз, у ерларда тирикчилигимиз нима бўлади, мабодо йўлда ўлиб кетсак аҳволимиз қандай кечади, деб қўрқишмасин. Чунки бу ҳолатларда ҳам ҳижратнинг савобига эришишаверади. Ниятлари Аллоҳга маълум, меҳнат ва ҳаракатлари асло бесамар кетмайди, Аллоҳ мукофотини беради.

101. (Эй мўминлар), сафарда юрганингизда кофирлардан хавфда бўлсанглар намозларингизни қаср қилиб ўқишингизнинг гуноҳи йўқ. Кофирлар ҳақиқатан сизларга очиқ душмандир.
Сизлар ҳаж ёки бошқа муҳим мақсадлар билан сафарга чиқсанглар ва душманнинг ҳужум қилиш хавфини сезсанглар, бу ҳолатларда намозларингизни қаср қилиб (қисқартириб), яъни тўрт ракатлисини икки ракат қилиб ўқинглар (Ҳанафий мазҳабида қисқа намоз учун уч кунлик сафар бўлиши лозим, бундан кам бўлса, қаср қилиш дуруст эмас). Бошда кофирлар хавфи шарт қилинган бўлса-да, кейинчалик Расули акрам бехатар сафарларда ҳам намозларни қисқартириб ўқиганлар, саҳобаларга ҳам бу ҳақда таъкидлаганлар. Энди мусулмонлар қачон сафарга чиқишса, намозни қисқартириш (душман хавфи бўлсин-бўлмасин) шаръий ҳукм бўлди. Буни Аллоҳ тарафидан фарз ва эҳсон сифатида қабул этиб, шукрини қилиш лозим.
Пиёда ўртача юрганда уч кечаю уч кундузли йўл юриб етиладиган жойга сафарга чиққан киши яшайдиган жойи ҳудудидан чиқиши билан қайтиб келгунча мусофир (сафардаги одам) ҳисобланади (бу ҳанафий мазҳабида тўқсон олти километрга тенг). Ана шу масофадаги ерга машинада, поездда, самолётда йўлга чиққанлар ҳам мусофир ҳисобланади. У жойда ўн беш кундан камроқ муддат туришни ният қилган бўлса-ю, ойлаб-йиллаб қолиб кетса ҳам, мусофир саналаверади. Агар борган жойида ўн беш кун ёки бундан кўп муддат туришни ният қилса, етиб боргач мусофир ҳисобланмайди.
Мусофир киши тўрт ракатли фарз намозларини икки ракатга қисқартириб (қаср қилиб) ўқийди; суннат намозларини қаср қилмайди; вақт тиғиз, шароитда қийинчиликлар бўлса, суннат намозлар адо этилмаслиги мумкин, лекин ётоқхона ёки бориб тушилган ўринларда ўқилади; мусофир таҳорат олгач, маҳсисига уч кечаю уч кундуз масҳ этиши мумкин. Мусофир қасддан тўрт ракатли намозни тўла ўқиса, гуноҳкор бўлади. У тўрт ракатли намознинг иккинчи ракатида ўтирган бўлса, икки ракатдан зиёдаси нафл намозига ҳисоб бўлади, ўтирмаган бўлса, намози дуруст бўлмайди, қайта ўқийди. Мусофир кишига
муқим имом бўлса, мусофир имом билан намозини тула адо қилаверади. Аммо намознинг вақти ўтгандан кейин мусофирнинг муқимга иқтидо қилиши мумкин эмас. Агар мусофир муқимга имом бўлса, муқим киши намозини комил қилади, мусофир эса намозини қаср қилиб ўқийди. Унинг намоз охирида "Намозларингни комил қилинглар.

102. (Эй Муҳаммад), мўминлар орасида турганингизда уларга имом бўлиб намоз ўқимоқчи бўлсангиз, уларнинг бир қисми қуролланган ҳолда сиз билан намозда бўлсин, улар сажда қилганларидан кейин намоз ўқимаган иккинчи қисми сиз билан намоз ўқисин, улар ҳам эҳтиёт юзасидан қуролларидан ажрашмасин. Кофирлар қурол-анжомларингиздан ғафлатда бўлганингизда қўққисдан ҳужум қилишни хоҳлашади. Агар ёмғирдан азият етса ёки бемор бўлсанглар, қуролларингизни ечишда гуноҳ йўқ. Лекин ҳушёр бўлинглар. Аллоҳ албатта кофирларга хорловчи азоб тайёрлаб қўйган.
Ушбу ояти каримада хавф намози баён қилинмоқда. Кофирларга қарши жанг қилинаётганда мусулмонлар икки гуруҳга бўлинишади: бир гуруҳ имом билан намознинг ярмини ўқиб, кейин душман қаршисига боради. Кейин иккинчи гуруҳ келиб, имом билан қолган ярим намозни ўқийди. Имом салом берганидан кейин ҳар икки гуруҳ ҳам ярим қолган намозларини алоҳида-алоҳида ўқиб олади. Шом намозида эса биринчи гуруҳ имом билан икки ракат, иккинчи гуруҳ эса бир ракат ўқийди. Намоз ичида туриб борди-келди қилишлари кечирилади. Шу ҳолларда ҳам қурол-яроғларини ерга қўйишмайди, чунки душман вақт топиб бирдан ҳужумга ўтиб қолиши мумкин.
Бордию ёғингарчилик, хасталик ёки ожизлик туфайли қурол кўтариб юриш қийин бўлса, қуролларни ерга қўйиб намоз ўқишга ижозат бор. Лекин барибир эҳтиёт чораларини кўриш лозим. Агар душман хавфи бу ҳолатларда ҳам жамоат бўлишга имкон бермаса, ерда якка-якка ўқишсин. Бунга ҳам илож бўлмаса, уловларида туриб ишора билан ўқишсин. Бошқа илож қолмаганида намозларини қазо қилишади.
Мужоҳид Абу Иёш Зарқийдан айтади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан пешин намозини ўқидик. Шунда мушриклар: "Уларга тўсатдан ҳужум қилиб, бир боплайдиган пайт бўлди-да", дейишди. Шунда баъзилари: "Уларнинг яна бир намозлари вақти келади. Бу улар учун оталаридан ҳам севимлирокдир", дейишди. Бу аср намози эди. Шунда пешин билан аср орасида Жаброил алайҳиссалом ушбу оятни олиб тушди. Улар Асафон деган жойда эдилар. Мушриклар қўшинига Холид ибн Валид бошчилик қиларди. Улар биз билан қибла орасида эди. Бу намоз "хавф намози" дея зикр этилди".
 
103. Намозни тугатгач, турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолда ҳам Аллоҳни зикр этинглар. Хотиржамликда намозни мукаммал адо қилинглар. Намоз ҳақиқатан мўминларга вақти белгиланган фарздир.
Яъни, хавф намозини тугатгач, ўтирган ҳолда ҳам, бунга кучингиз етмаса ёнбошлаб бўлса ҳам, ҳатто улов устида ҳам Аллоҳнинг зикрини кўп қилинглар, тилингиз тамҳид, тасбеҳ, такбирдан бўшамасин. Чунки Аллоҳ таоло Ўз номини кўп зикр қилувчиларни севади. Душман билан жанглар тўхтагач, хотиржам ҳолатингизда эса намозни тўкис, барча арконларига риоя этган ҳолда мукаммал қилиб адо этинглар. Намоз энг улуғ ибодатдир, мўминнинг меърожидир, уни кофирлар ва мунофиқлардан ажратиб турувчи белгидир, қиёмат куни энг биринчи сўраладиган муҳим фарздир. Намоз вақтида фарздир, уни кечиктириш, эринчоқлик билан вақтини ўтказиб юбориш, шарт ва арконларини тўлиқ қилмаслик унинг комиллигига путур етказади. Аллоҳ таоло айтади: "(Эй Муҳаммад), улар айтаётган сўзларга сабр ҳилинг ва ҳуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Роббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг (намоз ўҳинг). Кечаси ҳам, кундузи ҳам тасбеҳ айтинг (намоз ўҳинг), шунда шояд розиликка эришсангиз" (Тоҳо, 130).
 
104. Душманни қувишда бўшашманглар. Агар азоб чекаётган бўлсанглар, улар ҳам худди сизлардек азоб чекишяпти. Улар Аллоҳдан умид қилмаган нарсани сизлар умид қиляпсизлар. Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир.
Эй мўминлар, жангларда душманни қувишда сусткашликка борманглар, тўла зафарга эришмай туриб, уларни ўз ҳолига хотиржам ташлаб қўйманглар. Уларнинг ҳийлаларига, ширин сузларига, алдовларига учманглар. Душман маккордир, сизларнинг ҳар бир эътиборсизлигингиздан фойдаланмоқчи, турли фитна ва алдовлар билан сизларни енгмоқчи бўлади. Сизлар улардан қанчалик аламзада бўлсанглар, улар ҳам бу борада сизлардан кам эмас. Ислом душманлари Аллохдан умид қилмаган нарсаларга шаҳидлик мақоми ва жаннат неъматлари киради.
 
105. (Эй Муҳаммад), ҳақиқатан ҳақ Китобни одамлар орасида Аллоҳ кўрсатганидай ҳукм қилишингиз учун сизга туширдик. Хоинларнинг ёнини олувчи бўлманг.
Ибн Касир (раҳимаҳуллоҳ) бундай дейдилар: "Агар ким "Энг гўзал тафсир йўли қайси?" деб сўраса, "Қуръони карим билан тафсир қилиш" деб жавоб берган бўлардим. Қуръоннинг бир жойида қисқа айтиб ўтилган бир масала бошқа жойида албатта муфассал баён этилади... Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтганидек, "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нимаики ҳукм чиқарган эканлар, буни Қуръондан фаҳмлагандирлар". Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: "Одамларга нозил бўлган нарсаларни (яъни шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб сизга бу эслатмани — Қуръонни нозил қилдик" (Наҳл, 44). Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Огоҳ бўлинг, менга Қуръон ва унинг мисли (суннат) берилди". Ислом уламолари бирор ҳукм чиқариш учун энг биринчи навбатда Қуръонга мурожаат қилишади, агар ундан топилмаса, суннатдан излашади.

106. Аллоҳга истиғфор айтинг, Аллоҳ албатта мағфиратли, раҳмлидир.
Инсон хатокордир, у инсонлигига бориб ҳамиша, ҳар қадамда билиб-билмай хатога, гуноҳга йўл қўяди. Ҳаёти давомида турли қийинчиликларга, иғво ва чалғишларга учрайди. Баъзи вақтларда заифлиги тутиб, ҳавою нафсининг сўзига кириб қўяди. Бундай пайтда тақводор киши дарҳол ўзига келиб, шошилинч Аллоҳни эслайди, истиғфор айтади. Бу хато ва гуноҳларидан эса Парвардигори буюрганидай, У зот таълим берганидай гуноҳларига тавба қилиш, истиғфор айтиш, тазарру ила ёлбориш орқалигина халос бўлиши мумкин.
"Истиғфор", яъни гуноҳнинг кечирилишини сўраш — барча мавжудот ва махлуқотларнинг ягона яратувчиси  
Аллоҳ таологагина қилинади. Дуо, тавба ва бошқа тоатлар ила "Астағфируллоҳ" ва шу каби маънодаги калималарни айтиб, кўнгилдан тасдиқлаш истиғфордир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп ўринларидаги каби ушбу оятда ҳам гуноҳга йўл қўйган бандаларини дарҳол Ўзидан кечирим сўрашга, истиғфор айтишга буюрмоқда. Аллоҳ мағфиратли, кечирувчи, раҳмли Зот бўлгани учун сизнинг хатоларингиз денгиз кўпигича кўп бўлса ҳам албатта афв этади, мағфират қилади. Гуноҳ содир этмаган банда бўлиши мумкин эмас. Ожиз банда доимо гуноҳ қилиш эҳтимоли остида яшайди. Шунинг учун у доимий равишда истиғфор айтиб туриши лозим. Ана шунда банданинг дил синиқлиги ва Аллоҳ таолонинг афв-мағфирати намоён бўлади. Гуноҳ содир бўлганидан кейин истиғфор айтиш вожиб бўлади. Аммо кофирларга (улар яқин қариндоши бўлса ҳам) истиғфор айтиш тақиқланган, бу нарса шариатда ҳаром ҳисобланади. Истиғфор айтишнинг кўринишлари кўп. Энг машҳури "Астағфируллоҳ" дейишдир. Истиғфорнинг "Аллоҳум-мағфирли", "Роббиғфирли" каби кўринишлари ҳам бор. Истиғфорнинг энг афзал кўринишларидан бири "Астағфируллоҳал азим аллази ла илаҳа илла ҳувал Ҳаййул Қайюм ва атубу илайҳ"дир.
Ҳасан Басрийнинг олдиларига бир одам келиб, қурғоқчиликдан шикоят қилди. У киши: "Истиғфор айт!" дедилар. Яна бир одам келиб, фақирлигидан арз қилди. Унга ҳам: "Истиғфор айт!" дедилар. Бошқа бир одам келиб, фарзанди йўқлигини айтди ва маслаҳат сўради. Унга ҳам истиғфор айтишни буюрдилар. Одамлар нега бундай қилганлари сабабини сўрашганида ушбу оятни ўқидилар: "Мен дедим: Роббингизга исшиғфор айшинг, У Ғаффордир, сизларга осмондан шаррос ёмғирлар ёғдиради, молу дунё ва зурриётлар билан сизларни кувватлантиради, сизларга боғу роғлар, дарёлар ато қилади" (Нуҳ сураси, 10—12-оятлар).
 
107. Ўз жонига хиёнат қилувчиларнинг ёнини олманг. Аллоҳ албатта хиёнатчи гуноҳкорларни ёмон кўради.
Саодат асрида (Пайғамбаримиз ҳаётлик чоғларида) мунофиқлар ва эътиқоди суст баъзи мусулмонларда бирор ёмон иш қилиб қўйилганда жазодан ва бадномликдан қўрқиб, ҳийла ахтариш одати бор эди. Пайғамбаримиз ҳузурларига келганда ўзларини бегуноҳ қилиб кўрсатиш учун бўлган иш хусусида бошқача айтишарди. Бундан мақсадлари, жиноятни бошқа бир бегуноҳ одам зиммасига юклаб, ҳақиқий гуноҳкорни пок кўрсатиш эди. Бундай ҳолларда бир қанча киши тўпланар, ўзаро маслаҳатлашиб, ғалати баҳоналарни айтишарди. Бир гал мусулмон киши ўз биродарининг совутини ўғирлаб, бир яҳудийни гуноҳкор қилмоқчи бўлди ва кўплашиб қасам ҳам ичишди. Шунда Аллоҳ таоло бир неча оят тушириб, асл воқеани Пайғамбар алайҳиссаломга билдирди ва у зотни уларнинг ёнини олишдан қайтарди.
 
108. Инсонлардан яширишса-да, Аллоҳдан яшира олишмайди. Ҳолбуки, У Ўзи рози бўлмаган гапга хуфёна келишаётганларида ҳам улар билан бирга эди ва Аллоҳ уларнинг қилмишларини қамраб ўраб олувчидир.
Суранинг 105— 116 оятлари Бани Зуфар қабиласидан бир киши билан бир яҳудий ўртасидаги бир можаро хусусида тушган бўлиб, мусулмонлар ўз қавмларининг аъзосини шармандаликдан қутқариб қолиш учун айбсиз бир яҳудийни ўғриликда айбламоқчи бўлишади ва бунга ҳатто Пайғамбарни (алайҳиссалом) ҳам ишонтирмоқчи бўлишади. Аммо Аллоҳ таолонинг иродаси бошқача эди. Шунинг учун Аллоҳ огоҳлантиряптики, инсонлар ўз айбларини яширишга қанчалик уринишмасин, қандай ҳийлаларни ўйлаб топишмасин, Аллоҳ таоло уларнинг ҳар бир қилмишини кўриб туради. Шунинг учун, эй Пайғамбар (алайҳиссалом), умматга меҳр-шафқатингиз зиёдалигидан хоин ва хатокорларнинг ёнини олиб, Аллоҳ таоло билан савол-жавоб қилиб юрманг. Аллоҳ бундай хатокорларни ёмон кўради, уларни ҳамма томондан, қочиб қутулишга заррача имкон қолдирмай, ўраб-қамраб олади.
 
109. Сизлар-ку дунё ҳаётида уларнинг ёнини оляпсизлар, қиёмат куни Аллоҳ олдида ким уларнинг ёнини олади ёки ким уларга ҳомий бўлади?
Бани Зуфар ибн Ҳорис уруғидан Тоъма ибн Убайриқ исмли ансорий қўшниси Қатода ибн Нўъмоннинг совутини ўғирлади. Совут ун солинган халтанинг ичида эди. Халтадаги тешикдан ун тўкилиб, то ўғрининг ҳовлисигача борди. Кейин у совутни Зайд ибн Самир исмли яҳудийникига яширди. Совутнинг эгаси Тоъманинг ҳовлисига излаб келди. Лекин тополмади. У: "Аллоҳга қасамки, мен уни олмадим, билмайман ҳам", деб қасам ичди. Совутнинг эгалари: "Йўқ, Аллоҳга қасам, тунда бориб олган. Унинг изидан ҳовлисигача келдик. У ерда ун излари бор эканини кўрдик", дейишди. У қасам ичгач, ишониб кетишди ва ун изидан яҳудийнинг манзилига боришди. У ердан совут топилди. Яҳудий эса: "Менга уни Тоъма ибн Убайриқ берди", деди. Бир неча яҳудий бунга гувоҳ бўлишди. Шунда Тоъманинг қавми, яъни Бани Зуфар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бориб воқеани айтишди ва у кишидан Тоъманинг ёнини олишни сўрашди: "Агар унинг ёнини олмасангиз, соҳибимиз ҳалок бўлади, шармандаликка учрайди, яҳудий эса қутулиб қолади". Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилмоқчи ҳам бўлдилар. У кишининг истаклари ҳам уларники билан бир хил бўлиб, яҳудийни жазолаш эди. Шунда Аллоҳ ушбу оятларни нозил қилди".
 
110. Ким ёмонлик ёки ўзига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, у Аллоҳнинг кечирувчи ва меҳрибон эканини кўради.
Бошқаларга туҳмат, ҳаққига хиёнат ёки бошқа гуноҳ иш билан зарар етказган киши ҳам ёки бирор гуноҳ иш билан ўзига зулм қилган киши ҳам Аллоҳ таолодан гуноҳлари кечирилишини сўраса, бандаларига меҳрибон, фазли-карами кенг Парвардигор унинг катта-кичик гуноҳларини албатта кечиради, Ҳар қандай гуноҳнинг иложи тавба ва истиғфордир.

111. Ким гуноҳ қилса, фақат ўз зарарига бўлади. Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир.
Кўплар гуноҳ ишларга қўл урар экан, бу қилмишимни ҳеч ким кўрмаяпти, билмаяпти, деб ўйлайди. Ваҳоланки, ҳар ерда ҳозиру нозир, ҳамма нарсани кўриб-билиб турувчи Зот бўлмиш Аллоҳ таолонинг жазосидан ҳеч бир гуноҳкор қочиб қутула олмайди. Аллоҳнинг чарчоқ билмас котиб фаришталари (кироман котибин) бандаларнинг бирор ишини қолдирмай, энг майда-чуйдасигача ёзиб боришади. Банда олдида биргина йўл: қилган гуноҳларига Парвардигорига тезда тавба қилиб, Унинг мағфиратини сўрашгина қолади.

112. Ким хато ё гуноҳ қилсаю уни бегуноҳга ағдарса, катта бўҳтон ва очиқ гуноҳни бўйнига олибди.
Кимдир ўзи бир гуноҳ ишга қўл урадию, ўзини оқлаш учун буни бошқа бировга тўнкашга, ағдаришга уринади. Масалан, ўғри бировнинг молини ўғирлайдию, жазодан қутулиб қолиш учун бошқа бировга ағдариб, ўзини оқламоқчи бўлади. Эҳтимол, у одамлар назарида ўзини оқлаган бўлиб чиқар? Аммо ҳамма нарсани кўриб-билиб турувчи Зот наздида унинг гуноҳи икки баравар ортади, олдин ўғрилик қилган бўлса, кейин буни яшириш учун бегуноҳ бир кишига қарши бўҳтон уюштирди.

113. Агар Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида, уларнинг бир тоифаси сизни адаштиришга уриниб қолган эди. Улар ўзларидан бошқани адаштира олишмайди ва сизга зарар етказа олмайди. Аллоҳ сизга Китоб ҳамда ҳикматни туширган, билмаганларингизни ўргатган ва сизга Аллоҳнинг фазли буюкдир.
Ушбу хитоб Коинот фахри Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга қаратилган бўлиб, у зотга хоинларнинг хиёнатлари изҳор этиляпти. Душманлар бу зотни йўлдан уришга ҳаракат қилишса ҳам, Аллоҳнинг фазли карами туфайли бунга эриша олмайдилар, зарар етказиш ҳам қўлларидан келмайди. Чунки Расули акрамга Аллоҳ Ўзининг Каломини дастуруламал қилиб туширган, билмаган нарсаларини ўргатган.
 
114. Садақага, яхшилик қилишга ва одамлар орасини тузатишга буюришмаса, уларнинг махфий сўзлашувларида яхшилик йўқ. Бу ишларни Аллоҳ розилиги учун қилганларга албатта улуғ мукофотлар берамиз.
Эй Пайғамбар, ана шу кишилар атрофларидагиларни хайр-эҳсон қилишга, барчага бирдай яхшилик қилишга, одамлар орасини тузатишга, аразлашганларни яраштиришга буюришмас экан, уларнинг бир четда пичир-пичир қилишларининг фойдаси йўқ. Яъни, кишиларнинг мажлисларда бир-бирлари билан хуфёна сухбат қуришлари аксари ҳолларда фойдасиздир. Яхши ишни махфий қилишдан кўра ошкора қилган маъқулроқ. Баъзи ҳолатлардагина махфий сўзлашишнинг зарари йўқ. Масалан, хайр-эҳсон учун бирор кимсани далолат қилмоқчи бўлса ё бирор киши нодонлиги туфайли баъзи номуносиб ишни яхши деб эътиқод қилиб турган бўлсаю унинг хатосини билдириб, тўғри йўлга йўлламоқчи бўлса, ё икки киши уришиб қолган бўлса, ораларини тузатиш учун махфий гапирса бўлади. Чунки бу ҳолатларда ошкора сўз қилиш ноқулай, ҳатто фитнага сабаб бўлиши мумкин. Барча ишларда бўлгани каби буларда ҳам Аллоҳ таолонинг розилиги кўзланмас экан, мақсадга эришиб бўлмайди. Аллоҳ розилиги йўлида қилинган яхшиликларга эса Парвардигор мукофотини тўлиқ қилиб беради.

 
115. Ким тўғри йўл аниқ бўлганидан кейин ҳам Пайғамбарга ихтилоф қилиб, мўминларнинг йўлидан чекинса, юрган томонига йўллаб қўямиз ва дўзахга киритамиз. У жуда ҳам ёмон жой!
Ким тўғри йўл, яъни ҳидоят ва имон йўли аниқ бўлиб, Аллоҳнинг Пайгамбари илоҳий ваҳийлар орқали ҳақ йўлни кўрсатиб қўйганидан кейин ҳам адашувда қолса, охирзамон Пайғамбари келтирган хабарларга ихтилоф қилиб, мўминларнинг йўлидан чекиниб кетса, Аллоҳ таоло бундайларни ўзлари танлаган адашув ва залолат йўлларида қолдиради ва дўзах билан жазолайди. Дўзах кофир ва адашган кимсаларнинг азоб ва жазо жойидир.

116. Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини асло кечирмайди. Аммо Ўзи хоҳлаганнинг бундан бошқа барча гуноҳларини кечиради. Ким Аллоҳга ширк келтирса, ҳақиқатан қаттиқ адашибди.
Ислом душманларига аламли азоблар тайёрлаб қўйилган. Аллоҳ таолога ширк келтирган, яъни унга қандайдир бут-санамларни ёки махлуқларни шерик қилганларни Аллоҳ азза ва жалла мутлақо кечирмайди. Чунки ширк улкан гуноҳларнинг энг оғиридир. Аммо Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган бандаларининг ширкдан бошқа барча гуноҳларини кечиради. Ким Парвардигорига ширк келтирса, ҳақиқатан қаттиқ адашибди, икки дунёсини бой берибди. Охиратда эса уни бундан ҳам қаттиқ қийноқ-жазолар, дўзах азоби кутиб турибди.

117. Улар Ўзини қўйиб бут санамларга ва саркаш шайтонларга сиғинишади.
Ширк келтирувчилар Аллоҳни қўйиб, Аллоҳнинг қизлари деб ўзлари ясаб олган Лот, Манот, Уззо каби бутларга сиғиниб юришади, жин ва шайтонлардан паноҳ сўрашади, Аллоҳдан қўрқиш ўрнига У яратган махлуқлардан қўрқиб юришади. Яккаю ягона Аллоҳга сиғиниш ўрнига қандайдир қўлидан ҳеч нарса келмайдиган санам ва шайтонларга сиғиниш ёки Аллоҳни учта дейиш, Унга фарзанд нисбат бериш ширкнинг энг ёмон кўринишларидир. Бундай ширк келтирганларни охиратда аламли азоблар кутиб турибди.
 
118. Аллоҳ шайтонни лаънатлади, у зса: "Қасамки, бандаларингдан албатта тегишли улушимни оламан;
Аллоҳ таоло саркаш ва осийлиги учун шайтонни абадул-абад лаънатлади ва уни Ўз даргоҳидан қувди. У эса ҳаддидан ошиб, Аллоҳнинг бандаларидан қиёматгача ўз улушини олиш, яъни уларни ҳақ йўлдан оздириш, нафс васвасасига солиш, адаштириш ва улар орасида зулм ва ҳақсизликни ёйиш ваъдасини берган. Шайтон ва унинг малайлари қиёматгача бандаларни йўлдан уриш пайидан бўлишади.

119. ва уларни йўлдан оздираман, ҳою ҳавасга мубтало қиламан, уларга буюрсам чорваларининг қулоғини кесишади, уларга буюрсам, Аллоҳ яратганини ўзгартиришади", деди. Ким Аллоҳ ўрнига шайтонни дўст тутса, аниқ зиёнга учрайди.
Исломгача бўлган жаҳолат асрида ва илк Ислом пайтида инсонлар аёллар номига қўйилган Лот, Уззо, Урбано, Манот, Ноила каби бутларга сиғинишарди. Лекин улар аслида шайтонга сиғинишар, унинг иғвоси ва фитнаси билан бутпарастлик қилишар эди. Ҳолбуки шайтон лаънатланган ва рад этилган ҳолида илоҳий даргоҳдан қувилган эди. У Одам алайҳиссаломга сажда қилишдан бош тортиб, Аллоҳ таолонинг лаънатига учраганидан кейин: "Эй Парвардигор, даргоҳингдан қувилдим, энди бандаларингдан ўзимга маълум улуш оламан, ҳар соҳада уларни ўзимга бўйсундираман, дунёга мубтало қилиб, охиратни унуттираман, чорва ҳайвонларининг қулоғини кесиб ё нишон қилиб, бутлар номига атаб қўйиб юборишга, Аллоҳ яратган аъзоларни ўзгартиришга (масалан, юзларга тамға босиш, ясама хол қўйиш, эркакларни бичиш, эрлик ва аёллик жинсларини, шакл ва қиёфаларини ўзгартириш, улама соч тақиш каби) буюраман", деди.
 
120. Шайтон уларга ваъдалар беради, хаёлларини чалғитади ва у ёлғондан бошқасини ваъда қилмайди.
Шайтон инсонларнинг энг катта ва энг маккор душманидир. У уларга лаззат ва шаҳватларни ваъда қилади, уларни гуноҳ ва ёвузликларга бошлайди. Хаёлларини чалғитиб, имон, эътиқод, ҳидоят йўлларидан куфр, ширк ва залолат йўлларига буриб юборади. Инсонлар унинг макри ва ёлғонларига учиб, дунё ва охиратларини бой беришади, икки дунё саодатидан маҳрум бўлишади. Чунки шайтон инсонларни қиёматгача алдаш, фақат ёлғон ваъдалар бериб, уларни ҳақ йўлдан тойдиришнигина истайди.

121. Ана шуларнинг жойи дўзахдир ва ундан қутулишга жой топишолмайди.
Шайтон алдовига учиб, унинг ёлғонларига учган кимсаларнинг ҳолига вой: уларнинг борар жойи дўзахдир. Аллоҳнинг жазосидан қутулишга ундан бошқа жой топа олишмайди ҳам. Улар дунё ҳаётида ишониб, алданиб юрган шайтон уларга ёрдам бериш у ёкда турсин, уларга қайрилиб ҳам қарамайди.

122. Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларни остидан анҳорлар оқиб турувчи ва абадий қолинадиган жаннатларга киритамиз. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир, Аллоҳдан кўра ростгўйроқ ким бор?
Аҳли сунна вал жамоа ақидасига кўра, амал имоннинг шарти ҳисобланмайди. Адашган фирқалардан мўътазилийлар эса, амални имон шартларидан бири деб ҳисоблашади. Абу Баракот Насафийнинг "Тафсир' ида бундай дейилади: "Оятда "имон келтирганлар" ва "солиҳ амал қилганлар" жумлалари "ва" боғловчиси билан келган. Араб тили қоидасига кўра, мазкур тартибда келган сўзлар бир-биридан мустақил саналади. Демак, солиҳ амал бошқа, имон бошқа нарса экан. Шу ўринда таъкидлаш керакки, киши фақат имон келтириб, солиҳ амал қилмаса ҳам жаннатга кирар экан, деб ўйламаслик керак. Чунки Аллоҳ таоло ушбу оятда жаннатга киришга солиҳ амал бўлишини ҳам шарт қилган". Оятдан маълум бўляптики, банда имон келтириб, солиҳ амаллар қилсагина остидан анҳорлар оқиб турувчи, мангу фароғат жойи бўлган жаннатга киради. Аллоҳнинг ушбу ваъдаси ҳақ бўлгани, У ҳамиша ростни айтгани учун Унинг ваздасига асло шак-шубҳа бўлмаслиги керак.

123. (Эй мусулмонлар), сизларнинг ҳам, Аҳли китобларнинг ҳам хомхаёллари нажот бермайди. Ким ёмонлик қилса, жазосини олади ва у Аллоҳдан бошқа дўст ҳам, мададкор ҳам топа олмайди.
Китобийларда "Биз ҳар қанча хато ва гуноҳ ишлар қилсак ҳам зарари йўқ, чунки пайғамбаримиз ва улуғларимиз бизларни Аллоҳ таолонинг азобидан қутқариб олишади" деган хомхаёллар бор эди. Мана шундай фикрлар айрим нодон мусулмонларда ҳам бор. Парвардигор: "Эй мусулмонлар, на сизларнинг, на китобийларнинг хом хаёллари иш бермайди, ким ёмонлик, гуноҳ қилса, унинг жазосини албатта тортади. Уни ҳеч ким, на бирор дўст, на бирор ёрдамчи Аллоҳ таолонинг азобидан қутқариб қола олмайди", деб хитоб қиляпти.
Ушбу оятнинг нозил бўлиши (тушиши) ҳақида бир неча ривоятлар бор. Абу Солиҳ: "Аҳли китоблар ва бошқа дин вакиллари ўтиришган эди. Ҳар бир дин соҳиби бошқасига: "Биз сизлардан ҳам яхшироқмиз", деди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди", деган.
 
124. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, ким мўмин ҳолида солиҳ ишлар қилса, ўша жаннатга киритилади ва унга заррача ҳам зулм қилинмайди.
Масруқ ва Қатоданинг айтишларича, Аллоҳ таоло ушбу ояти билан мўминларнинг ҳужжатларини бошқа дин аҳллари устидан ғолиб қилди. Эркак ёки аёл бўлишидан қатъи назар, ҳар бир инсон мўмин ҳолида савобли солиҳ ишлар, яхшиликлар қилса, у албатта жаннат билан мукофотланади. Унга хурмо данагига ёпишган ипча ҳам, яъни заррача ҳам зулм кўрсатилмайди.
Бошқаларга яхшилик қилиш мўминнинг энг афзал хислатидир, Аллоҳ розилигини топишининг осон йўлидир. Яхшилик Аллоҳнинг бандага раҳматидир. Яхшилик қилганларни Аллоҳ таолонинг ўзи мукофотлайди. Унинг ваъдасига кўра яхшилик қилувчи мўминлар жаннат неъматларидадирлар. Аллоҳ таоло айтади: "Тақволи зотларга: "Раббингиз (Ўз Пайғамбарига) нимани нозил қилди?" дейилганида улар: "Яхшиликни", дейишади. Бу дунёда яхшилик қилганлар учун чиройли мукофот бўлур" (Наҳл, 30). Яхшиликнинг катта-кичиги, ози-кўпи бўлмайди. Абу Зарр Ғифорийдан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: "Яхшиликлардан бирортасини паст санамагин, агар у биродарингга очиқ юз билан қараш бўлса ҳам", деганлар (Имом Муслим ривояти). Фахри коинот яна бундай марҳамат қилганлар: "Эй муслималар, бир аёл бошқасига қўйнинг туёғини беришдаги яхшиликни ҳам паст санамасин" (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Яна бир ҳадиси шарифда "Ҳар бир яхшилик садақадир", дейилган (Имом Бухорий ривояти).
Яхшилик ва ҳилм дарахтини эккан омонлик ва хотиржамлик мевасини териб олади. Ёвузлик уруғини сепган пушаймонлик-надомат ҳосилини йиғиб олади. Ҳақиқий комил инсон ёмон хислатлардан, номаъқул ва номарғуб хулқ-атвордан пок бўлади. Гўзал сифат ва ахлоқ билан ўзини ораста қилади. Ёмонлардан четланади ва ҳеч кимга озор етказмайди. Ким қилган яхшилиги ёки амали билан мақтанса, унинг барча яхшиликлари бекор бўлади.

125. Яхшилик қилиш йўлида Аллоҳга юзланган ва Иброҳимнинг ҳаниф динига эргашганнинг динидан ҳам яхшироқ дин борми? Аллоҳ Иброҳимни дўст тутган.
Аллоҳ таолонинг амрига кўра ўзгаларга яхшилик қилган ва Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳаниф (соф) динига эргашган инсондан ҳам яхшироқ диндор йўкдир. Чунки Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломни дўст тутган. Парвардигори уни нима учун дўст тутгани ҳақида эса уламолар бир неча хил фикрларни айтишган. Умар ибн Хаттоб (розийаллоҳу анҳу) бундай деган: "Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Эй Жаброил, Аллоҳ Иброҳимни нима учун Ўзига дўст қилиб олди?" дедилар. Жаброил: "Таом едиргани учун", деди. Яъни, Иброҳим алайҳиссалом меҳмоннавозликлари билан ҳам машҳурлар, у кишининг хонадони бирор кун ҳам меҳмонсиз бўлмаган. Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Базий айтади: "Иброҳим манзилига кирди. Шунда ўлим фариштаси унга нотаниш бир йигит кўрини- шида келди. Иброҳим унга: "Кимнинг изни билан кирдинг?" дедилар. У: "Манзилнинг Робби изни билан", деди. Иброҳим алайҳиссалом уни танидилар. Ўлим фариштаси у кишига: "Роббинг бандаларидан бирини дўст тутди", деди. Иброҳим: "У ким экан?" деб сўрадилар. Ўлим фариштаси: "Бу сенга нима учун керак?" деб сўраганида: "Ўлгунимча унинг хизматини қиламан", дедилар. Фаришта: "Бу сенсан", деди".
Қосим ибн Умома бундай дейди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳ Иброҳимни дўст тутганидек, мени ҳам дўст тутди", дедилар". Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Аллоҳ Иброҳимни дўст қилиб олди, Мусони нажий (муножот қилувчи сирдош) қилиб олди, мени эса ҳабиб қилиб олди. Кейин эса: "Иззатимга қасамки, Ҳабибимни халилим ва нажийимдан афзал кўрдим", деди".
 
126. Осмонлару Ердаги жамики нарса Аллоҳникидир ва Аллоҳ ҳар бир нарсани қамраб олган.
Осмонлару Ер ҳамда улар орасидаги ҳамма нарса Аллоҳникидир. Агар инсон озгина ақлини ишлатса, бир оз тафаккур қилса, бунинг ҳақлигига дарров имон келтиради. Инсон, аввало, ақл-заковати билан бошқа махлуқотлардан афзал қилинди. Ақл неъмати сабабли инсонга буюк масъулият юкланди. Инсонлар ақл, фаҳм-фаросат ёрдамида Аллоҳ таоло яратган ҳамма нарсада Унинг буюк яратувчилик қудратини кўради, ҳар бир унсур ва ҳолатдан ҳикмат ахтаради. Ҳар бир ақлли инсон Коинот ва заминга боқиб, уларнинг ҳар бир унсурида, ҳар бир заррасида Аллоҳ таолонинг буюк яратувчилик санъатига далил-ишораларни кўради. Катталиги Ердан бир неча баробар катта саиёра ва юлдузларнинг самода муаллақ ҳолда хатосиз ҳаракати, кеча билан кундузнинг қатъий низом асосида алмашиниб туриши, инсоният, ҳайвонот ва наботот оламидаги ақл бовар қилмас мўъжизалар, буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг қудрати ва ҳикматига далилдир. Бу улкан оламларнинг ҳукмронлиги, уларнинг мураккаб ва тартибли низоми Аллоҳ таолонинг илоҳий қудрати ила бехато бошқарилади. Ҳеч бир махлуқ буни ўзгартиришга ёки Аллоҳ таолонинг ҳукмига қарши боришга қодир эмас. Хоҳ инсон, хоҳ ҳайвон, хоҳ жин ёки фаришта каби бирор махлуқ бу илоҳий фармонга қарши чиқа олганида эди, бу оламлар низоми аллақачон барҳам топиб, дунё ағдар-тўнтар бўлиб кетар эди.
 
127. (Эй Муҳаммад), сиздан аёллар ҳақида фатво сўрашади. Сиз: "Аллоҳ улар ҳақида Китобда тиловат қилинаётган ҳукм билан: сизлар ҳақларини бермасдан никоҳингизга олишга рағбат кўрсатган етим аёллар ҳақида, шунингдек, ночор-нотавон болалар ва етимларга адолат қилишингиз ҳақида фатво беради", денг. Аллоҳ ҳар бир яхшилигингизни билади.
Ушбу сура бошида агар етим қизнинг валийи (вакили), масалан, амакисининг ўғли бу қизни никоҳига олса, унинг ҳаққини бошқа хотинлари каби адо этолмасликдан қўрқса, у ҳолда никоҳига олмай бошқага узатсин, деб буюрилган эди. Бу ҳукмдан сўнг одамлар қўрқиб, бу усулда никоҳланишдан қочишган эди. Кейин бир оз тажриба ҳосил қилинганида маълум бўлдики, бегонадан кўра яна ўз валийлари яхши экан. Одамлар Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб фатво сўрашганида юқоридаги ояти карима тушди ва етим қизлар ҳақига нуқсон етадиган бўлса, никоҳ ман қилинди, агар бундай бўлмаса, ижозат берилди.
Оиша (розийаллоҳу анҳо) айтадилар: "Одамлар келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан фатво сўрашди. Шунда Аллоҳ таоло: "Сиздан аёллар ҳақида фатво сўрашади...” оятини нозил қилди. "Китобда тиловат қилинаётган ҳукм"дан мурод, олдинги "Агар етимларга адолатсизлик қилишдан қўрқсангиз..." оятидир, Аллоҳ таоло оятда "уларни никоҳингизга олишга қизиқасиз", деди. Яъни, сизлар қарамоғингиздаги етим қизнинг агар моли кам, ўзи хунукроқ бўлса, ундан юз ўгириб, маҳр бермасдан уйланишга ёки ундан бойроғига уйланишга интиласиз, дейди. Шунга кўра, уларни моли ва жамолига рағбат қилган аёлларга уйланишдан қайтардилар" (Имом Муслим ривояти).
 
128. Агар аёл эрининг кўнгилсиз бўлиши ва ташлаб кетишидан қўрқса, иккови ўзаро сулҳга келишларининг гуноҳи йўқ. Сулҳ яхши, нафс эса қизғанишга мойил. Агар чиройли муомала қилсанглар ва Аллоҳдан қўрқсанглар, Аллоҳ ҳар бир амалингиздан хабардордир.
Талоқ эр ва хотиннинг бирга яшашидан кўра ажралиши яхшироқ бўлиб қолгандагина кўриладиган охирги шаръий чорадир. Ҳолбуки, оилани мустаҳкамлаш, бирор қалтис вазият туғилиб, эр-хотин ўртасига совуқчилик тушганида йўлини топиб, яхши изга солишнинг фойдали ва тўғрилиги боис Қуръони карим уларни сулҳга, келишишга чақиради. Чунки эр-хотиннинг ажрашиб кетганидан кўра, уларнинг ўзаро келишиши, сулҳга келиши мақбул экан.
Дарҳақиқат, нафслар қизғанишга мойилдир. Нафсининг айтганига юрадиган киши учун умр йўлдошининг қилдай хатоси филдай кўриниши, арзимас турли баҳоналар билан ундан кўнгилсиз бўлишига йўл очиб бериши мумкин. Демак, нафсни жиловлаш, унга ҳукмрон бўлиш, ақл ва тадбир билан иш юритиш лозим. Айниқса, эрлар ояти кариманинг: "Агар чиройли муомала қилсанглар ва Аллоҳдан қўрқсанглар, Аллоҳ ҳар бир амалингиздан хабардордир" деган чақириғини унутмай, унга амал қилса, оилалардаги қанчадан-қанча жанжал-можароларнинг олди олинган, қанчалаб оилалар бузилиб кетишдан асралган бўлур эди. Буни ёш оила қурганларга тушунтиришимиз, тажрибасиз, ҳали турмуш синовларига дуч келмаган, ҳаёт қадрига етмаган жуфтларга англатишимиз даркор. Нотинч оилаларни яхшилик билан ислоҳ қилиб, ота-оналар, қуда-андаларни маҳалла оқсоқоллари, имомларимиз, жамоатчилик вакиллари ёрдамида ўзаро келиштириш, оилавий бахт-иқбол учун ҳаракат қилиш ҳар биримизнинг мўминлик бурчимиздир.
Ибн Мусайяб айтади: "Муҳаммад ибн Масламанинг қизи Рофиъ ибн Субайҳнинг хотини эди. У аёлнинг кибриними ё бошқа бирор айбини ёқтирмади. Натижада уни талоқ қилмоқчи бўлди. Шунда аёл: "Мени талоқ қилма, ўзингда олиб қол. Сеники бўлган нарсани мен билан баҳам кўр", деди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди".

129. Ҳар қанча уринсанглар ҳам хотинларингизга бир хил адолатли бўла олмайсизлар. Бирига оғиб кетиб, иккинчисини ташлаб қўймаиглар. Агар ўнгланиб, Аллоҳдан қўрқсанглар, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир.
Агар бир киши бир неча хотинни никоҳига олган бўлса, ҳаммасини муҳаббатда, ҳар бир ишда баравар кўролмайди, чунки бу мумкин эмас. Лекин бир хотинга оғиб кетиб, бошқасини ташлаб қўйиш ҳам ярамайди, чунки бу зулмдир. Агар эр сулҳга бориб, зулмдан сақланса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳини кечиради.

130. Агар улар ажралишса, Аллоҳ фазли билан бадавлат қилади. Аллоҳ карами кенг, ҳикматлидир.
Агар улар ажрашиб кетадиган бўлишса, нафақасиз қолиб турмушда қийналишдан қўрқишмасин. Чунки Ер юзида қимирлаган жон борки, унга ризқ бериш Аллоҳ таолонинг зиммасидадир. У хоҳлаган кишисини фазли ва инояти билан бадавлат қилиб қўяди. Хоҳлаган кишисининг ризқини эса танг, тор қилиб қўяди. Шунинг учун барча ишларингизда Аллоҳ таолонинг Ўзига суянинг, таваккул қилинг, ҳожатингизни фақат Ундан сўранг. Аллоҳ карами кенг, ҳар бир ишни ўта ҳикмат билан қилувчидир.

131. Осмонлару Ердаги ҳамма нарса Аллоҳникидир. Биз сизлардан олдин китоб берилганларга ва сизларга Аллоҳдан қўрқишни буюрдик. Агар куфр келтирсанглар ҳам осмонлару Ердаги ҳамма нарса Аллоҳникидир ва Аллоҳ беҳожат, мақтовга сазовордир.
Ислом дини доимо ақлнинг қийматига, тутган ўрни ва аҳамиятига чуқур эътибор қаратган. Агар инсон ақлини ишлатса, Аллохдан қўрқуви кучаяди, тафаккур қилса, ҳар бир нарсадан ҳикмат қидиради. Айтилишича, "Ақл туфайли ишларнинг моҳияти англанади, яхшилик ва ёмонлик ораси ажратилади". Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ақл ҳақ билан ботилни ажратадиган қалбдаги нурдир", деганлар. Омир ибн Абдулқайс: "Ақлинг сени нолойиқ нарсадан қайтара олса, сен ақллисан", деган. Анас ибн Моликдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида бир кишини "яхши" деб мақташди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Унинг ақли қандай?" дедилар. Саҳобалар: "Эй Аллоҳнинг Расули, унинг ибодати, хулқи, фазилати ва одоби..." дея санай бошлашди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна: "Унинг ақли қандай?" деб сўрадилар. Улар: "Эй Аллоҳнинг Расули, биз унинг ибодати ва бошқа фазилатларини мақтасак, сиз унинг ақли хусусида сўраяпсиз?" дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Албатта, обидларнинг аҳмоғи нодонлиги туфайли фожирдан кўра кўпроқ зарар етказади. Одамларнинг Роббиларига қурбатлари (яқинликлари) ақллари даражасига қараб бўлади", дедилар" ("Адабуд-дунё вад-дин"дан).

132. Осмонлару Ердаги ҳамма нарса Аллоҳникидир. Ҳомийликка Аллоҳ кифоядир.
Эй инсонлар, Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилишга, У Зотга ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилишга қандайин ҳаддингиз сиғяпти? Унинг охиратда ҳисобга тортиши, гуноҳларингиз эвазига аламли азоблар билан жазолаши ҳақидаги огоҳлантиришларга нега бунчалик бепарвосиз? Ёки Унинг жазо ва ғазабидан Ер остига кириб кетиб ёки осмонга учиб кетиб қутулиб қоламиз, деган хаёлга боряпсизларми? Ахир, осмонларнинг ҳам, Ер ва ундаги нарсаларнинг ҳам эгаси ёлғиз Аллоҳ-ку! Борлиқнинг бирор жойида сизлар Аллоҳдан ўзга бирор зотдан паноҳ ва нажот топа олмайсизлар! Ҳомийликка, нажот беришга, сизларни мағфират қилишга Аллоҳнинг Ўзи кифоядир.

133. Агар У хоҳласа, эй инсонлар, сизларни кетказиб, бошқаларни келтиради ва Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
Агар Аллоҳ таоло хоҳлаганида Ер юзида ҳаёт кечириб, гуноҳ ишлардан тийилмаётган барча халқларни бир зумда ҳалок қилиб, улар ўрнига тамоман янги халқларни келтиришга қодир-ку! Қуръон қиссаларини эсламайсизларми, улар ҳақида озгина тафаккур қилмайсизларми? Нуҳ алай-ҳиссалом қавмини кучли тўфонга ғарқ қилиб, ер юзидан йўқ қилиб юборди. Од ва Самуд қавми бошига кўз кўриб, қулоқ эшитмаган балоларини юбориб, батамом ҳалок қилди. Лут алайҳиссалом қавми устига тош ёғдирди, яшнаб турган шаҳарларини ер билан яксон қилди. Наҳот ана шу воқеалардан ҳам ибрат олмайсизлар? Ҳозирги пайтда ҳам битта тўфон ёки зилзила билан қанча жойларни вайрон, қанча одамни бежон қилиб юборишга қодирлигини кўриб-билиб турибсизлар-ку!

134. Ким дунё савобини истаса, ҳам дунё, ҳам охират савоби Аллоҳ ҳузуридадир ва Аллоҳ эшитувчи, кўрувчидир.
Инсон имон келтирганидан сўнг охиратда нажот топиш учун бу дунёдан кечмайди, балки иккисини ҳам қозонишга интилади. Дунё савоби ҳам, охират савоби ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузуридадир. Инсон Аллоҳга бўлган имони, Унга қилган ибодати ва У қайтарган нарсадан сақланиши билан ҳеч зиён кўрмайди, балки Парвардигорига келтирган имони туфайли ҳидоятланиб, Холиққа итоати сабабли махлуққа қуллик қилишдан озод бўлади. Ҳаром қилинган нарсадан ўзини асраши билан нафсининг тубан истак-хоҳишларидан юксакликка кўтарилади. Имонли киши Аллоҳ тарафидан неъмат келганида ҳам, мусибат билан синов қилинганида ҳам фойда кўрувчидир. Чунки у неъмат келганида шукр билан, мусибат пайтида чиройли сабр билан савобга эришади. Зеро, гўзал оқибат тақводорларникидир.

135. Эй имон келтирганлар, адолатли бўлинглар, ўзингиз, отаонапгиз, қариндошларингиз зарарига бўлса ҳам Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик беринглар. Бой бўлсин, камбағал бўлсин, Аллоҳ уларга хайрихоҳдир. Ҳавойи нафсга эргашиб адолатсизлик қилманглар. Гувоҳликни нотўғри берсанглар ёки ундан бош тортсанглар, Аллоҳ қилмиш- ларингиздан хабардордир.
Яъни, эй мўмин-мусулмонлар, ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни қўлдан берманглар, гувоҳликни Аллоҳ учун қилинглар. Ҳақиқатни ва ростни баён қилишда ҳатто яқинларингиз зиддига бўлса ҳам тўғри гувоҳлик беринглар. Бойларга хушомад, камбағалларга раҳм қилиб ўтирманглар, чунки Аллоҳ таоло уларга сиздан зиёда яқин, хайри- хоҳдир. Нафс сўзига кириб, адолатнинг зиддига иш қилманглар. Агар гувоҳлик бераётганингизда ҳақиқатни хас-пўшлаб ё нотўғри сўз қилсанглар, айни воқеани тўла гапирмай мужмал қолдирсанглар, Аллоҳ таоло барча қилмишларингиздан хабардордир.
Суддий айтади: "Бу оят Набий алайҳиссалом ҳақларида нозил бўлган. Бир бой одам билан бир камбағал киши у зотнинг ҳузурларига хусуматлашиб келишди. У зот камбағал тарафида бўлдилар. Камбағал киши бойга зулм қилмайди, деб ўйладилар. Лекин Аллоҳ бой ва камбағал ўртасида адолатни барпо этишга буюриб, ушбу оятни нозил қилди".

136. Эй имон келтирганлар, Аллоҳга, Унинг Расулига, Расулига нозил қилган Китобга, аввал туширган китобга иймон келтиринглар. Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига ишонмаса, у аниқ адашган бўлади.
Аллоҳ таоло мўминларга буюряптики, сизлар Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига, Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига ва ундан олдинги пайғамбарларга туширган китобларга, фаришталарга, қиёмат кунига имон келтиринглар. Акс ҳолда адашганлардан бўлиб қоласиз,
Аллоҳ таолога имон келтириш мусулмон киши эътиқодининг, имонининг асосий шартидир. Киши ҳамма нарсани ёлғиз Аллоҳ таоло яратганини, Ундан ўзгага сиғиниб бўлмаслигини, У комил сифатлар билан сифатланганини, айб-нуқсондан поклигини қалби билан тасдиқлаб, тили билан иқрор бўлсагина Аллоҳ таолога имон келтирган бўлади. Мўмин-мусулмон киши Аллоҳ таоло зоти ва сифатларида ягона экани, У ҳамма нарсага қодирлиги, Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатларида ўхшаши, акси, тенги йўқлиги, ҳамма нарса Аллоҳ таолонинг хоҳиши, ҳукми ва тақдири билан бўлиши ҳақида имон келтириши шарт. Шундагина унинг имони комил бўлади.
Пайғамбарларнинг саййиди ва охиргиси, сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссаломга имон келтириш ҳам киши имонининг асосий шартларидан саналади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатлари боқийдир. У зотдан сўнг ҳеч бир пайғамбар бўлмайди. Бу зот бутун инсониятга ва жинларга расул этиб юборилганлар.
Фаришта (малак)лар борлигига ҳамда Қуръони карим ва Пайғамбаримиз ҳадисларида баён этилган уларнинг сифатлари ва вазифаларига ишониш имон шартларидан бўлиб, инсон уларга имон келтирмагунича мўмин бўлмайди. Фаришталар Аллоҳ таолонинг махлуқи, бандасидир. Улар куфр ва гуноҳлардан покдир. Улар доимо Аллоҳ таолога тоат-ибодатда бўлишади. Улар эрлик ва аеллик сифатлари билан сифатланмайди. Фаришталар инсонлар каби еб-ичишмайди, ухлашмайди, уларда шаҳват йўқ, Фаришталар Аллоҳ таолонинг изни билан турли шаклларда кўрина олишади. Аллоҳ таоло фаришталарни кўп қанотли қилиб яратган. Уларнинг баъзиларида иккитадан, айримларида учтадан, баъзиларида тўрттадан, айримларида эса бундан ҳам кўп қанот бор. Фаришталар Аллоҳ таолонинг ҳукмини бандаларга етказиш, Аршни кўтариб туриш, жаннат ва дўзах ишларини бажариш, одамларнинг ишларини кузатиб, амалларини ёзиб юриш, инсонни доимий муҳофаза қилиш, руҳларни қабз қилиш ва бошқа вазифаларга мукаллаф этилган. Жаброил, Микоил, Исрофил, Азроил алай-ҳимуссалом фаришталарнинг улуғларидир Жаброил алайҳиссалом ваҳий етказишга, Микоил алайҳиссалом Аллоҳ берган ризқларни тасарруф қилишга, Исрофил алайҳиссалом қиёматдан огоҳ этувчи сурни чалишга, Азроил алайҳиссалом инсонлар жонини қабз қилишга мукаллаф (вазифадор)дирлар.
Киши имонининг яна бир шарти Аллоҳ таолонинг расуллари ва набийларига нозил қилган китобларига ишонишдир. Аллоҳ таолонинг ҳамма китоблари Унинг каломи (сўзи) ва ваҳийдир, махлуқ эмасдир. Уларнинг ҳаммаси бир каломдир, назм, ўқиш ва эшитиш жиҳатидан бир нечтадир. Бу эътибордан нозил бўлган китобларнинг энг афзали Таврот, Инжил, Забур ва Қуръони каримдир. Бу тўрт китобнинг энг улуғи Қуръони каримдир. Қуръони карим нозил бўлгач, қолган барча китобларни ўқиш ва ёзиш бекор бўлган. Чунки улардаги ҳукмлар муайян халққа йўлланган эди. Қуръони карим ҳукмлари эса бутун инсониятга қаратилган. Таврот Мусо алайҳиссаломга, Забур Довуд алайҳиссаломга, Инжил Исо алайҳиссаломга, Қуръони карим эса Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга юборилган. Қуръони карим ҳукмлари қиёматгача ўзгармайди, бирор ҳарфи зиёда ёки кам бўлмайди, тилларда ва дилларда сақланиб боради. Қуръони каримни ўқиш ибодат ҳисобланади.
Яна мўмин-мусулмонлар қиёмат кунига, охиратга ҳам имон келтиришлари шарт. Охират Қуръони каримда бир неча номлар билан, жумладан, Қиёмат, Соат, Явмул-ҳисоб, Охира, Томма, Сохха, Ҳаққо, Воқеа ва бошқа номлар билан аталган. Охиратга, яъни қиёматга ишониш имоннинг яна бир шартидир. Охиратга ишониш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда охират ҳақида келган барча нарсаларга: қабрда икки фариштанинг савол қилишига, қабр азоби ва неъматига, охират куни олдидан бўладиган аломатларга, қайта тирилишга ва ҳамманинг тўпланишига (ҳашрга), номаи аъмолларнинг берилишига, кишининг савоб ва гуноҳлари ҳисоб қилинишига, мезон (тарозу)га, ҳавзга, сиротга, шафоатга, жаннат ва дўзахга, уларнинг аҳлларига ҳозирлан- ган неъмат ва азобларга ишониш, демакдир. Қиёмат Исрофил алайҳиссаломнинг биринчи сур тортишлари билан бошланади ва шунда дунё ҳаёти тугайди.

137. Имон келтирганларидан кейин куфрга кетган, сўнгра имон келтиргач яна кофир бўлган, ҳатто куфри ортиб кетганларни Аллоҳ асло кечирмайди ва тўғри йўлга йўлламайди.
Бу ояти карима мунофиқлар ҳақида тушган. Баъзи уламолар унда яҳудийлар назарда тутилган, дейишади. Улар бошда Мусо алайҳиссаломга имон келтиришди, кейин бузоққа сиғиниб, кофир бўлишди. Сўнг яна тавба қилиб, имонга келишди. Кейинчалик Исо алайҳиссаломни инкор этиб, яна куфрга кетишди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) келганларида у зотни ҳам инкор қилиб, куфрлари янада зиёдалашди.

138. Мунофиқларга қаттиқ азоб хабарини беринг.
Эй Пайғамбарим, мунофиқларга қиёматда уларни қаттиқ азоб ва қийноқлар, абадий дўзахда ёниш даҳшатлари кутиб турганининг хабарини беринг. Токи улар ўзларини ўнглашсин, мўминлар ва уларнинг душманлари ўртасида иккиюзламачилик билан Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига хиёнат қилишмасин.

139. Улар мўминлар ўрнига кофирлар билан дўстлашишади. Иззат ва қудратни улардан кутишяптими? Иззат ва қудратнинг бари Аллоҳ ҳузуридадир.
Мунофиқларнинг энг қаттиқ хатоси шуки, улар мўминлар билан дўстлашиш, улар юрган йўлни танлаш ўрнига кофирларни дўст ва ҳамкор қилиб олишади. Наҳотки улар Аллохдан эмас, балки У яратган ва Унга куфр келтириб, Парвардигор ғазабига учраган кофирлардан иззат ва қудрат излашаётган бўлса?! Иззат ва қудрат фақат Аллоҳ ҳузуридадир ва ким Ундан ўзгадан паноҳ ва нажот кутаётган бўлса, қаттиқ адашувдадир!
 
140. Ахир У сизларга Китобда: "Аллоҳ оятларини инкор ё масхара қилаётганлар билан то бошқа гапга ўтма гунларича бирга ўтирманглар!" деб буюрган эди-ку! Шундай қилсангиз, улар кабидирсизлар. Аллоҳ мунофиқ ва кофирларни дўзахда тўпловчидир.
Эй мўминлар, ахир Аллоҳ таоло Ўзининг китобида Аллоҳ оятларини инкор қилиб, уларни масхара қилаётганлар билан улар гапларини ўзгартирмагунларича бирга ўтирмасликни буюрган эди-ку! Агар илоҳий огоҳлантиришлардан кейин ҳам улар билан алоқани узмасангиз, улар билан ҳамкорлик қилсангиз, сизлар ҳам улар каби саналасиз. Огоҳ бўлинг, Аллоҳ азза ва жалла охиратда уларнинг барини дўзахда тўплайди.
 
141. Сизларга кўз тикиб турган мунофиқлар Аллоҳ томонидан фатҳ келиб қолса: "Сизлар билан эмасмидик?" дейишади. Агар кофирларга насиб қилса: "Мусулмонлардан ҳимоя қилишда ёрдам бермаганмидик?" дейишади. Аллоҳ қиёмат куни ўртада ҳакамлик қилади ва Аллоҳ кофирларни мўминлар устидан ҳаргиз ғолиб қилмайди.
Мунофиқларнинг иккиюзламачилиги, Аллоҳнинг динига хиёнати шунчалар равшанки, улар мўминларнинг ҳаётига кўз тикиб турганида Аллоҳ томонидан уларга зафар келиб қолса, дарров уларнинг ёнига кириб: "Биз ҳамиша сизлар билан биргамиз", дея ялтоқланишади. Бордию Аллоҳнинг иродаси билан кофирларнинг қўли баланд келиб қолса, энди уларга тилёғламалик қилишга ўтиб: "Мусулмонлардан ҳимоя қилишда сизларга ёрдам бермаганмидик?" дейишади. Уларнинг алдамчилиги узоқ давом этмайди: Аллоҳ қиёмат куни улар ўртасида ҳакамлик қилиб, асл ҳақиқатни очади. Мунофиқлар билишмайдики, Аллоҳ кофирлар нинг ҳаргиз мусулмонлар устидан ғалаба қозонишига йўл қўймайди.

142. Ҳақиқатан мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўлишади( ҳолбуки Аллоҳ уларнинг ўзларини "алдаб" қўювчидир. Улар намозга эриниб туришади, хўжакўрсинга ўқишади ва Аллоҳни камдан-кам эсга олишади.
Мунофиқ, иккиюзламачи кимсалар мусулмонлар ҳузурида ўзларини художўй, намозхон одамлар каби тутишади. Ўзлари холи қолишганида ёки шайтонлари билан бўлишганида Исломнинг ашаддий душмани эканларини яширишмайди, ҳар қадамда мусулмонларга бирор зарар етказиш пайида бўлишади. Бу билан улар гўё Аллоҳни алдамоқчи бўлишади. Ваҳоланки, Аллоҳ уларнинг макр-ҳийлаларидан жуда баландда, олийликда! Аллоҳ уларнинг ўзини "алдаб" қўйиши мумкин.
Мунофикдарни энг фош қиладиган сифатларидан бири уларнинг намоз ўқишга эринишларидир. Хўжакўрсинга, бошқаларга яхши кўриниш учун ибодат қилишга уринишларидир. Улар ибодатларида яратган Парвардигорни камдан-кам эсга олишади, неъматларига шукр қилишмайди, имонларини сайқаллашмайди. Ҳолбуки, имонни озиқлантириб, куч бериб, янгилаб турадиган нарса намоздир, Аллоҳ зикридир. Намозсиз имон ташқи ҳимоя қўрғонидан ажралиб, душман қаршисида яланғочланиб қолган нишонга ўхшайди — ҳар дақиқада маккор душман (шайтон, нафс) бу нишонга ҳужум қилиши, енгиб қўйиши мумкин. Намоз мўминга нажот ва паноҳ бўлса, мунофиққа вақтини олувчи, юрагини қисувчи ортиқча машғулотдир.
Барча солиҳ амаллар риёдан (одамлар кўриши учун бўлишидан) холи ва суннатга мувофиқ бўлиши шарт. Ибодатни инсонлар кўрсин деб адо этган киши кичик ширк қилган бўлади ва бу амал ҳисобга ўтмайди. Инсонлар кўрсин деб намоз ўқиш, садақалар бериш риёдир. Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳумо) Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) ривоят қилган ҳадисда бундай дейилган: "Ким бир амални одамлар эшитсин деб қилса, Аллоҳ уни шарманда қилади, ким риёкорлик кўрсатса, Аллоҳ уни жазолайди" (Имом Муслим ривояти).

143. Улар аросатда қолишган: на у тарафга ва на бу тарафга қўшила олишади. Аллоҳ кимни адаштирган бўлса, унга асло йўл топиб беролмайсизлар.
Абу Ахвас Абдуллоҳ ибн Масъуднинг (розийаллоҳу анҳу) ушбу оят шарҳида келтирган қуйидаги мисолини ҳикоя қилади: "Мўмин, мунофиқ ва кофирнинг мисоли бир водийга келиб қолган уч кишига ўхшайди. Улардан бири ҳаракат қилиб-интилиб водийдан ўтиб олди. Яна бири урина-урина водийнинг ўртасига келиб тўхтаб қолди.
Водийнинг чеккасида қолган бошқаси: "Аҳволингга қара, қаерга кетяпсан, ҳалокатгами?" деб ўртадагига нидо қиляпти. Водийдан ўтиб олган киши эса унга: "Нажотга кел, нажотга кел!" деб ўзи томон чорлаяпти. Ўртадаги эса дам унга, дам бунга қараб довдирайди, иккиланади. Шу аснода катта сел келиб, уни ғарқ қилди! Водийдан ўтган киши мўминдир. Ғарқ бўлган киши мунофиқдир. Водийнинг лабида қолган кигпи эса, кофирдир" (Абдусатгор аш-Шайх. "Абдуллоҳ ибн Масъуд", Тошкент, 2003 йил).

144. Эй имон келтирганлар, мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутманглар! Аллоҳ ҳузурида ўз зарарингизга аниқ ҳужжат бўлишини истайсизларми?
Баъзи мўмин-мусулмонлар борки, улар имонли кишиларни эмас, эътиқодсиз, кофир кимсаларни дўст тутиб олишади, улар билан ҳамкорлик қилишади, чуқур иқтисодий ва маънавий муносабатлар ўрнатишади. Ҳар бир нарсани кўриб-билиб турувчи Зот буларнинг баридан хабардор бўлгани учун мўминларнинг бу қилмишлари охиратда ўз зарарларига, азобга қолишларига ҳужжат бўлади. Шунинг учун Аллоҳ таоло буюряптики: эй мўминлар, куфр эгалари билан асло дўстлашманглар. Агар шундай қилсанглар, сизларнинг ҳам мунофиқлардан ҳеч қандай фарқингиз қолмайди ва қиёматда Аллоҳ уларга ваъда қилган жазога сизлар ҳам гирифтор бўласизлар.

145. Мунофиқлар албатта дўзахнинг энг тубидадирлар ва уларга ҳеч қачон ёрдамчи тополмайсиз.
Қиёматда дўзахнинг энг тубан жойи мунофиқларга ажратилади. Ҳеч ким уларнинг азобдан қутулишида ёрдам бера олмайди. Фақат гуноқларига тавба қилиб, қилмишларини тузатган, нопок амалларини тарк этиб, динларини холис ушлаганларгина мўминлар қаторидан жой олишади. Мўминларга насиб бўлган илоҳий карам ва иноятга улар ҳам сазовор бўлишади. Аллоҳ таоло яхши амалларнигина қабул қилади, бандаларнинг нима қилаётганини яхши билади. Аллоҳ таоло буюрганларини тасдиқлаган ва мамнуният билан қабул қилган бандаларга Парвардигор адолатли ва раҳмлидир.

146. Фақат тавба қилиб, ўзини тузатган ва Аллоҳга боғланиб, динларини холис Аллоҳ учун ушлаганлар мўминлар билан бирга бўлишади. Аллоҳ албатта мўминларга улкан мукофотлар беради.
Инсонларни бошқа барча мавжудотдан азизу мукаррам қилиб яратган, бандаларига ниҳоятда меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ таоло уларга бу хатоларни тузатиш, гуноҳлардан фориғ бўлишнинг йўлини ҳам белгилаб берган. Бунинг бирдан-бир чораси гуноҳ-хатолардан афсусланиш ва надомат чекиш, уларга чин дилдан тавба қилишдир. Ҳатто инсоният отаси Одам алайҳиссалом ҳам хатога йўл қўйгач, тавба-тазарру орқали Аллоҳ таолонинг жазосидан қутулган. Бобомиз Одам алайҳиссалом тавбага муҳтож бўлган эканлар, қай бир банда мен тавбадан холиман, деб айта олади? Шу боис тавбага юзланиш, гуноҳларга истиғфор айтиш инсон наслига фарз қилинган азалий ҳукмдир.
Кишининг гуноҳлардан қайтиши, ёмон ишларини ташлаб, яхшиликлар қилишга ўтиши тавбадир. Тавба холис Аллоҳ таоло учун бўлади. Шубҳалардан холи бўлсагина, банда амалларида гуноҳлардан очиқ ва яширин асар қолмасагина унинг тавбаси чин, холис тавба (Қуръонда зикр этилган "тавбаи носуҳо") бўлади. Пайғамбар алайҳиссалом: Туноҳларидан холис тавба қилган киши ҳеч бир гуноҳ қилмаган киши кабидир", деганлар. Уламолар оят ва ҳадисларда зикр этилган тавбадан мурод шудир, дейишган. Гуноҳлар қотирган қалбни тавбагина юмшатади. Тавба қалб шифоси, унга роҳат бағишловчи улкан неъматдир. Мўмин киши гуноҳларини кичик санамай, дарров тавбага шошилиши, гуноҳларидан фориғ бўлишни, Парвардигори ваъда қилган жаннат мукофотини қўлга киритишни ўйлаши лозим. Тавба жаннат ва дўзах ўртасига қўйилган бир тўсиқ кабидир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Эй имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба ҳилинглар, шояд Раббингиз сизларнинг гуноқларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!" (Таҳрим, 8).
Гуноҳдан сўнг дарҳол тавба қилиш вожибдир. Чунки гуноҳларни ҳис қилмаслик, ўнгланишни ўйламаслик, фақат ёмонликка берилиш шайтоний феъллардан саналади, ёмонликдан тезда яхшиликка қайтиш эса инсоний заруратдир. Тавбани кечиктириш мумкин эмаслигини англаган киши дарҳол яхши амалга ўтади, ўзини ёмон ишлардан тия бошлайди. Ҳатто Пайғамбардай (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) гуноҳ-хатолари Аллоҳ таоло томонидан кечирилган маъсум, юксак ахлоқ соҳиби бўлган зот ҳам ҳар куни бир неча бор тавба қилганлар ва умматни ҳам шунга чақирганлар: "Эй инсонлар, Аллоҳга тавба қилинглар ва Ундан доимо гуноҳларингни кечиришини сўранглар! Мен Аллоҳга ҳар куни юз марта тавба қиламан", деганлар (Имом Муслим ривояти).
 
147. Агар шукр қилсанглар ва имонга келсанглар, Аллоҳ сизларни азоблармиди?! Аллоҳ шукрни қадрловчи ва билувчидир.
Буюк Яратувчи бандасига имон, илм, ибодат, ихлос, ҳидоят, яхши хулқ каби беҳисоб неъматларни бериб қўйган. Аллоҳ таоло ва Унинг Пайғамбарига имон келтирган, У Зот ато этган неъматларга шукр этган бандалар чин мўминлардир. Аллоҳ азза ва жалла бундай бандаларини ҳаргиз жазоламайди. Шукр эса бу неъматларни Аллоҳнинг Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган жойларга ишлатишдир. Баъзилар эса жаҳолат ва ғафлатда бўлганидан неъмат шукрини айтишдан узокда, бунинг ҳикматини билишдан маҳрум. Аллоҳ таоло шукрни қадрлайди, кимнинг қанча ва қандай шукр қилишини билиб туради. Ривоят этилишича, бир кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп нафл намози ўқидилар, ҳатто муборак оёқлари шишиб кетди. Шунда ҳазрати Оиша: "Ахир Аллоҳ таоло сизнинг олдингию охирги гунохдарингизни кечирмаганми?" дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Шукр этувчи банда бўлмайинми?" дедилар (Имом Муслим ривояти). Аммо неъматга шукр этилмаса, у албатта заволга учрайди. Фузайл (розийаллоҳу анҳу) айтган: "Сизларга неъматлар учун ҳамиша шукр айтмоғингиз вожибдир. Қавмдан кетган бир неъматнинг яна қайтиб келиши жуда мушкул".

148. Аллоҳ мазлумникидан бошқа бирор ёмон сўзнинг ошкор айтилишини яхши кўрмайди ва Аллоҳ эшитувчи, билувчидир.
Бу ояти каримадан маълум бўладики, бир инсондаги диний ё дунёвий айбни бошқаларга ошкор қилиш дуруст эмас. Лекин мазлум киши золим устидан шикоят қилса бўлади. Аслида мазлумнинг ҳам ўзига зулм қилганни кечириб юбориши ҳурматга сазовордир, Мужоҳид айтади: "Бир қавмга меҳмон келди. Улар меҳмоннинг ҳурматини жойига қўймай, ёмон муносабатда бўлишди. Меҳмон уларга бундан шикоят қилди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни индирди ва шикоят қилишга рухсат бўлди".

149. Яхшиликни ошкор ва яширин қилсанглар ҳам ёки ёмонликни кечирсанглар ҳам Аллоҳ албатта қодир бўлатуриб кечирувчидир.
Ўзгаларга яхшилик қилиш мўминнинг энг афзал хислатидир, Аллоҳ розилигини топишининг осон йўлидир. Яхшилик Аллоҳнинг бандага раҳматидир. Яхшилик қилганларни Аллоҳ таолонинг ўзи мукофотлайди. Унинг ваъдасига кўра яхшилик қилувчи мўминлар жаннат неъматларидадирлар. Аллоҳ таоло айтади: "Такроли зошларга: "Раббингиз (Ўз Пайғамбарига) нимани нозил қилди?" дейилганида улар: "Яхшиликни", дейишади. Бу дунёда яхшилик қилганлар учун чиройли мукофот бўлур" (Наҳл, 30). Яхшилик ошкор ёки пинҳона қилинса ҳам барибир уни Аллоҳ кўриб туради. Бировдан ёмонлик кўрилганда буни кечириб юбориш ҳам яхшилик саналади.
Яхшилик қилишга ҳамиша шошилиш керак, чунки Пайғамбар алайҳиссаломнинг: "Кимга яхшилик қилиш эшиги очилса, фойдаланиб қолсин, зеро, унинг қачон ёпилишини билмайди"; "Ҳар бир яхшилик садақадир, дўстингга очиқ юз билан муомала қилишинг яхшиликдир, унинг челагига ўз челагингдан сув қуйиб беришинг ҳам яхшиликдандир", " деган насиҳатлари бор.
 
150. Ҳақиқатан Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига куфр келгирувчилар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарлари орасини ажратишни ва: "Баъзиларига ишониб, баъзиларига ишонмаймиз" деб ора йўлни тутишни исташади.
Пайғамбарларнинг баъзисини тан олиб, бошқаларини тан олмаган кимсаларни Аллоҳ таоло қаттиқ итобга (қийин-қистовга) олади. Улар Аллоҳга ҳам, Унинг пайғамбарларига ҳам ишонмагани учун ана шундай ора йўл тутмоқчи бўлишади. Имон шартларидан бири Аллоҳ таолонинг ҳамма пайғамбарларига истисносиз ишонишдир. Пайғамбарларнинг барчаси ўз қавмларини фақат Аллоҳ таолога ибодат қилишга, Унинг улуҳиятига, рубубиятига, исм ва сифатларига ширк келтирмасликка чақиришган. Қуръонда зикри келган барча пайғамбарларга сўзсиз ишониш Аҳли суннат вал жамоа ақидасининг муҳим қисмидир. Чунки Аллоҳ таоло: "Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоятига мушарраф бўлган зотлардир. Бас, уларнинг йўлига иктидо қилинг!" (Анъом, 90) деб буюрган.
 
151. Ана шулар ҳақиқий кофирлардир ва кофирларга хорловчи азоб тайёрлаб қўйганмиз.
Пайғамбарлардан бирини инкор қилиш ҳаммаларини инкор қилганга тенглаштирилади. Яҳудийлар Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни тан олмай кофир бўлишди. Аллоҳ таоло ушбу ояти карима воситасида уларни ҳақиқий кофирлар, деб эълон этди, Ислом билан куфр ўртасида янги йўл чиқарувчилар, деб қарор қилди. Бундайларга Аллоҳ таоло томонидан қиёматда хорловчи, аламли азоблар тайёрлаб қўйилган.
 
152. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига ишонса, улардан бирортасини ажратмаса, мукофотини албатта беради ва Аллоҳ кечирувчи, раҳмлидир.
Мўминликнинг асосий шарти Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига имон келтириш, улар келтирган илоҳий ваҳийларни дастуриламал қилиб олиб, ҳаётга татбиқ этишдир. Чин мўминлар Аллоҳнинг барча пайғамбарларига уларни ажратмай, бирдай ишонишади. Аллоҳ таоло бундай мўминларнинг дунё ва охиратдаги савоб-мукофотларини тўлиқ қилиб беради. Агар улар билиб-билмай хато-гуноҳларга йўл қўйишса, Аллоҳ Ўз фазли-мағфирати билан уларни кечиради. Чунки У имон келтирганларга ўта меҳрибон ва раҳмли Зотдир.

153. (Эй Муҳаммад), Аҳли китоблар осмондан китоб тушириб беришингизни сўрашади. Мусодан бундан каттароғини сўрашган ва: "Бизга Аллоҳни очиқ кўрсат", дейишган. Шунда зулмлари туфайли уларни чақмоқ урди. Аниқ далиллар келганидан кейин ҳам улар бузоқни илоҳ қилиб олишди. Шунда ҳам кечирдик ва Мусога аниқ ҳужжат бердик.
Эй Муҳаммад алайҳиссалом, яҳудийлар сиздан шу каби беҳуда нарсаларни сўрашса, ҳайрон бўлманг. Чунки улар ўз пайғамбарларидан бундан ҳам ножоиз нарсани талаб қилишган, яъни Аллоҳни ўз кўзлари билан кўрмоқчи бўлишган. Мана шу шаккокликлари учун бирдан чақмоқ тушиб, ҳаммаларини ҳалок қилди. Мусо алайҳиссаломнинг  
дуолари сабабидан яна тирилдилар. Бу мўъжизани кўриб туриб ҳам улар энди бир кимса томонидан ясалган бузоққа сажда қилиптди. Охири етмиш минг одам қатл қилинди, бу Мусо алайҳиссаломнинг ғалабалари эди.
Бу оят яҳудийлар ҳақида нозил қилинган. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: "Агар пайғамбар бўлсанг, худди Мусо келтирганидек бизга осмондан яхши бир китоб келтир-чи!" дейишганида ушбу оят нозил бўлган.
 
154. Ваъдаларига мувофиқ устларига Турни кўтардик ва уларга: "Дарвозадан сажда қилиб киринглар" ҳамда "Шанба хусусида ҳаддан ошманглар", дедик ва улардан қатъий аҳднома олдик.
Саркашликда, итоатсизликда, исёнда ном чиқарган яҳудийлар Парвардигорларига берган ваъдаларига доимо хилоф иш қилишди, Унинг амрларини бажаришдан бош тортишди. Аллоҳ таоло уларнинг ваъдасига кўра тепаларига Тур тоғини кўтариб қўйди, аммо улар берган ваъдаларини дарров унутиб, ширкка кетишди. Байтул-Макдисга шаҳар дарвозасидан сажда қилган ҳолда, "афв эт" деб киришни буюрган эди, шунда ҳам ҳаддан ошиб, бу сўзни бошқасига алмаштиришди. Аллоҳ таоло яҳудийларга шанба куни балиқ овлашни ман этган эди, балиқлар шу куни дарёда ҳар қачонгидан кўп кўринар эди. Яҳудийлар бунда ҳам ҳийлага ўтишди: дарё яқинига бир ҳовуз ковлашди, шанба куни дарёдаги кўп балиқлар шу ҳовузга кириб қолар, улар ҳовузни тўсиб олиб, эртасига ундаги балиқларни тутиб олишар эди. Аллоҳ таоло ана шу фириблари учун уларни маймун суратига киритиб қўйди.

155. Аҳдномани бузганлари, Аллоҳнинг оятларини инкор қилганлари, пайғамбарларни ноҳақ ўлдирганлари, "дилларимиз ёпиқ" деганлари сабабли уларни жазоладик. Йўқ, Аллоҳ уларнинг дилларини муҳрлаб қўйган, шунинг учун айримларигина имон келтиришади.
Яҳудийлар, худди олдинги пайғамбарларни ноҳақ қатл қилганларидек, Исони ҳам қатл этганмиз, деб даъво қилишади. Уларнинг бу даъвоси ҳақ ва ҳақиқатга хилоф, ботил даъводир. Аллоҳ таоло Ўз бандаси ва пайғамбари Исони яҳудийлар ўлдирмоқчи бўлишганида осмонга кўтарди ва уларнинг зулмидан қутқарди. Исо алайҳиссалом изидан келганлар у кишини тутиб бермоқчи бўлган Шамъун Юдо исмли кишини Исо деб ўйлаб, уни хочга осдилар.
Ушбу оятларда Аллоҳ таоло яҳудийларнинг лаънатланишини ва уларга бериладиган қаттиқ азобларнинг сабабларини баён қилмокда. Сабаблар эса қуйидагича: 1) яҳудийлар Аллоҳга: "Сенинг амрингга амал қиламиз, қайтарганингдан қайтамиз", деб берган мустаҳкам аҳддарини бузишди. Бу ваъдани улар Мусо пайғамбар даврида беришган эди; 2) улар Аллоҳнинг оятлари ва пайғамбарларига берган мўъжизаларига куфр келтиришди; 3) яҳудийлар куфр келтириш билан кифояланиб қолмай, бунинг устига Закариё, Яҳё ва бошқа пайғамбарларни ноҳақ ўлдиришди. Буни уларнинг пайғамбарликлари очиқ далиллар билан собит бўлганидан кейин қилишди;
4) яҳудийлар "дилларимиз ёпиқ", дейишди, яъни, "қалбларимизни тўсиқ ва парда босган, унга эслатма ёки даъват етмайди", дейишди. Аслида эса улар кофирликда бардавом бўлганлари учун Аллоҳ уларнинг қалбларига муҳр босган эди, улардан имонга келадиганлари жуда оздир; 5) яҳудийлар ҳар нарсага қодир Аллоҳнинг қудратига куфр келтиришди: Исони отасиз яратганида унинг онасига катта бўҳтон қилишди, уни зинокор дейишди. Ҳолбуки, туғиш вақтида Марямнинг бўҳтон, зинодан пок эканини исботловчи мўъжизалар аён бўлган эди; 6) яҳудийлар: "Биз Исо ибн Марямни, Аллоҳнинг расулини қатл қилдик", дейишди. Бу гап ҳам ҳақиқатга ва воқеликка хилоф эди. Улар Масиҳни ўлдирмаган ҳам, осмаган ҳам эдилар. Уларга шундай туюлган эди.
Бунинг тафсилотини имом Табароний Ваҳб ибн Мунаббаҳдан шундай ривоят қиладилар: "Исо ўзининг ўн етти ҳаворийи билан турганида яҳудийлар унинг ёнига келишди ва уларни ўраб олишди. Аллоҳ таоло ҳаворийларни Исо суратига киритди. Яҳудийлар: "Бизни сеҳрлаб қўйдингиз", дейишди. Аслида ҳеч қандай сеҳр йўқ эди. Бу иш Аллоҳнинг қудрати ва иродаси билан бўлган эди. Яҳудийлар: "Исони ажратиб чиқармасангиз, ҳаммангизни ўлдирамиз", дейишди. Ҳаворийлардан бири шерикларига: "Бугун ким ўз жони эвазига жаннатни сотиб олади?", деди. Улардан бир киши: "Мен", деди ва яҳудийлар қаршисига чиқиб: "Мен Исоман", деди. Аллоҳ таоло уни Исо сувратига киритди. Яҳудийлар уни тутиб ўлдиришди ва осишди. Шунинг учун ҳам улар Исони ўлдирдик, деб гумон қилишди. Аслида эса Аллоҳ Исони осмонга кўтарган эди" (Ибн Касир тафсири, 1-жуз, 548-саҳифа).

156. Ва куфрлари ҳамда Марямга улкан бўҳтон қилганлари учун;
Марямнинг Исо алайҳиссаломни туғиши чоғида Аллоҳ таоло яҳудийларга бир неча мўъжизаларни кўрсатиб қўйса ҳам, улар бокира ва покиза Марямга қуруқ туҳмат қилишди, уни зинода айблашди. Аллоҳ таолонинг яратиш қудратини тан олмай, Исони эрсиз туғдинг, дея улкан бўҳтон қилишди. Уларнинг ана шу қилмишлари учун ҳам Аллоҳ азза ва жалла жазолади.

157. "Биз Аллоҳнинг пайғамбари Исо Масиҳ ибн Марямни ўлдирдик", дейишгани учун жазоладик. Ваҳоланки, уни ўлдиришмаган ҳам, осишмаган ҳам, уларга шундай туюлди. Талашиб тортишганлар унинг тўғрисида шубҳада қолишган. Бу ҳақда маълумотлари йўқ, фақат гумонга суянишади. Уни ўлдирмаганлари аниқ!
Ибн Касир ушбу оятнинг тафсирида шундай деганлар: "Аллоҳ таоло Исо ибн Марямни яҳудийларга очиқ-ойдин мўъжизалар ва насиҳатлар билан юборди. Бироқ улар Аллоҳ таоло у зотга ато этган пайғамбарликка, ғаройиб мўъжизаларга, у зотнинг Аллоҳнинг изни билан кўр ва моховларни даволашига, ўликларни тирилтиришига ҳасад қилдилар. Бир куни у киши лойдан қуш ясаб, унга жон киритди. Одамлар бир парча лойнинг тирик қушга айланиб, Улуғ ва Қодир Аллоҳнинг изни билан осмонга учганини кўрдилар. Бироқ барибир улар Исо ибн Марямни ёлғончига чиқардилар, қаршилик қилдилар, қўлларидан келганча у зотга зарар етказишга ҳаракат қилдилар, Охир-оқибат Исо алайҳиссалом шаҳарларда улар билан бирга яшамай қўйди ва онаси билан сафарга отланди.
Бироқ одамларга бу камлик қилди, улар Исо алайҳиссаломга туҳмат уюштириб, ўша пайтдаги Дамашқ ҳукмдори, сайёраларга сиғинувчи бутпараст юнон подшоҳга арз қилдилар. Яҳудийлар бор гапни ҳукмдорга Қуддуси шарифда бир киши пайдо бўлиб, одамлар орасида фитна қўзғаяпти, уларни залолатга бошлаяпти, ўз халқини ҳукуматга қарши гиж-гижлаяпти, деб етказдилар. Ҳукмдор ғоятда ғазабланиб, ўзининг Қуддусдаги волийига хат юборди. Ўша кишини тутиб, хочга михлашни, бошига тикандан чамбарак кийдиришни буюрди. Қуддус волийи хатни олиб, дарҳол бир гуруҳ яҳудийлар билан Исо алайҳиссалом кирган уйга етиб борди. Исо алайҳиссалом ўзларининг ҳаворийлари билан ўтирган здилар. Улар ўн икки ёки ўн уч киши эди.
Айтишларича, ўша куни жума бўлиб, кун ботарга яқин, шанбага ўтар кеча эди. Душман уйни ўраб олди, шунда Исо алайҳиссалом уларнинг эшикни бузиб киришлари муқаррарлигини сезиб, ўз ҳаворийларига шундай дедилар: "Ким менга ўхшашни ва жаннатда менинг ҳамроҳим бўлишни истайди?". Бир ўспирин йигит дарҳол ўрнидан турди, бироқ Исо алайҳиссалом унинг ҳали жуда ёшлигини айтиб, рад қилдилар. У зот юқоридаги саволларини иккинчи ва учинчи марта такрорласалар ҳам, ҳар сафар ўша йигитча ўрнидан тураверди. Шундай Исо алайҳиссалом "Сен ўша бўласан!" дедилар ва Аллоҳ таоло йигитчанинг қиёфасини Исо алайҳиссаломнинг қиёфаларига ўхшатиб қўйди. Улар эгизаклардек бир хил бўлиб қолдилар. Сўнгра уйнинг томидан тешик очилди ва Исо алайҳиссаломни мудроқ босди. У зот шу аҳволларида осмонга кўтарилдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилган: "Эй Исо, албатта Мен сени ердан бус-бутун (яъни, ҳеч қандай зарар етказмасдан) олувчи ва Ўз ҳузуримга кўтарувчиман" (Оли Имрон, 55). Исо алайҳиссалом кўтарилгач, ҳаворийлар уйдан чиқдилар. Яҳудийлар бояги йигитчани кўриб, уни Исо алайҳиссалом деб ўйлаб, ҳибсга олдилар ва шу тунда хочга михлаб, бошига тикандан чамбарак кийдириб қўйдилар. Яҳудийлар ҳаммага бу ҳақда гапириб, мақтаниб юришди. Бир гуруҳ насронийлар жоҳилликлари ва калтафаҳмликлари туфайли бунга ишондилар. Ўша куни ўша уйда Исо Масиҳ билан бирга бўлганлар ва у зотнинг осмонга кўтарилишларига гувоҳ бўлганларгина қолишди".

158. Балки Аллоҳ уни ҳузурига кўтарган, Аллоҳ буюк ва ҳикматлидир.
Аҳли китобларнинг аксарияти ҳозиргача Исо алайҳиссаломни яҳудийлар хочга михлаб ўлдирган, деган эътиқодда юришади. Ваҳоланки, пайғамбарини Аллоҳ таоло омонда сақлаб, Ўз ҳузурига кўтарган эди. Қиёмат яқинлашганида Дажжол Ер юзини фитна-фасодга тўлдириб турган бир пайтда Исо алайҳиссалом осмондан тушади ва Дажжолни ўлдиради. Исо алайҳиссалом осмондан тушганидан сўнг Ислом шариати билан ҳукм қилади. Унут бўлган ҳукмларни қайта тиклайди. Ер юзида Аллоҳ таоло хоҳлаган муддат яшаб, вафот этади. Мусулмонлар у кишига жаноза ўқиб, дафн этишади. Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай ҳадислари бор: "Аллоҳ таолога қасамки, яқинда орангизга Исо ибн Марям одил ҳукм билан тушади. Хочни синдиради, тўнғизларни ўлдиради, жизяни бекор қилади. Мол-дунё кўпаяди, ҳатто ҳеч ким садақа олмай қўяди. Бир марта сажда қилиш дунё ва ундаги бор нарсалардан яхшироқ бўлиб қолади" (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

159. Улимидан олдин унга имон келтирмаидиган Оирор Адли китоб қолмайди. У эса қиёмат куни уларга қарши гувоҳ бўлади.
Аллоҳ таоло Ўз китоби Қуръони каримда башариятга Исо алайҳиссаломнинг охир замонда тушишини ва Ахди китобларнинг унга имон келтириши хабарини берган. "Аҳли китоблардан", яъни яҳудий ва насронийлардан Исо алайҳиссалом осмондан тушганида ҳаётда бўлганлари ичида "унга имон келтирмагани бўлмайди" (яъни Исога "ўлимидан аввал", яъни Исо алайҳиссалом ўлимидан олдин имон келтирадилар). Албатта улар Исо алайҳиссаломга у Аллоҳнинг бандаси ва юборган пайғамбари, Марямга илқо қилган калимаси, Ундан бўлган руҳ, деб имон келтирадилар. Шу орқали ҳақиқат зоҳир бўлиб, ботил йўқ бўлади. Дунёдаги миллатларнинг барчаси бир миллатга, яъни Ислом миллатига айланади. Ҳа, ушбу оят ана шунга далолат қилади.
Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган юқоридаги (158-оят шарҳида келган) ҳадисни муҳаддислар қуйидагича шарҳлашган: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, Ибн Марям сизларнинг ичингизга одил ҳакам бўлиб тушади. Хочни синдиради (яъни христианликни бекор қилади) ва чўчқани ўлдиради (яъни Ислом ҳукми ила унинг гўштини ҳаром қилади ва уни ўлдиришни мубоҳ қилади) ва жизяни бекор қилади (яъни яҳудий ва насронийлардан жизяни қабул қилмайди. Улардан фақат Исломни қабул қилади, чунки Ислом диёнатининг ҳақиқати дунёдаги барча халқларга зоҳир бўлади. Бу эса, ўз навбатида маданиятнинг ўсиши, башарият ҳаётида тўғри илмнинг ривожланиши, ботилга йўл қолмайдиган даражада ҳақнинг зоҳир бўлиши билан юзага келади) ва мол-дунё тўлиб-тошади (яъни кўпайганидан тошиб кетганга ўхшайди. Одамларнинг унга рағбати озаяди. Ундан юз ўгирадилар) ҳатто бир сажда қилиш дунё ва ундаги ҳамма нарсадан яхши бўлади" (бу одамларнинг камоли ҳушёрликлари ва Аллоҳнинг тоат-ибодатига мойилликлари кучайганидан содир бўлади). "Сўнгра Абу Ҳурайра: "Агар истасангиз, "Аҳли китобларнинг унга ўлимидан олдин имон келтирмайдигани бўлмайди" деган оятни ўқинглар", деди. Оятнинг охирида Аллоҳ таоло: "Ва қиёмат кунида улар ҳақида гувоҳлик беради", дейди. Яъни, яҳудийларга қарши: "мени ёлғончи, дейишди, менга озор беришди" деб, насронийларга қарши: "мени Аллоҳнинг ўғли" дейишди, мен ва онам ҳақида ноҳақ эътиқод қилишди", деб гувоҳлик беради.

160. Яҳудийларнинг золимликлари ҳамда кўпларни Аллоҳ йўлидан қайтарганлари учун аввал уларга ҳалол бўлган нарсаларни ҳаром қилдик.
Яҳудийлар бутун тарихлари давомида адолатсизлик ва зулмга боришди, ваҳий келтирган пайғамбарларни хорлашди, ўзларига Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ҳаром қилиб олишди. Улар мана шу саркашликлари ва осийликлари туфайли ҳақ йўлдан ҳам тойиб кетишди ва бошқаларни ҳам Аллоҳнинг ҳақ йўлидан қайтаришга ўтиб кетишди.

161. Ман этилган фоизни олганлари ва одамлар молини ноҳақ еганлари учун уларнинг кофирларига аламли азоб тайёрлаб қўйдик.
Аллоҳ судхўрликни, яъни фоиз ейишни ман қилгани ҳолда улар одамларга пул беришса, устига фоиз билан қайтаришни талаб этиб, рибохўрлик қилишади. Улар ўзгаларнинг мол-мулкини ноҳақ ўзлаштиришади. Аллоҳ таоло уларнинг бу қилмишлари учун аламли азоблар тайёрлаб қўйган. Улар дунё ҳаётида ҳам Аллоҳнинг жазосидан қочиб қутула олишмайди. Судхўр кимса ўлган вақтидан то қиёмат кунигача қонли дарёда сузиб, тошбўрон билан "сийланади". Бу азоб барзахда, қабрда бўлади. Бундан таптқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам судхўрни (фоиз еювчини), олдирувчини, (буни ёзган) котибини ва гувоҳ бўлувчининг барчасини (гуноҳда) баробардир, деганлар (Имом Муслим ривояти). Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қайси қавм орасида зино ва судхўрлик авж олса, улар ўзларига Аллоҳнинг азобини ҳалоллаб олган бўлишади", деганлар (Абу Яъло ривояти).

162. Лекин уларнинг чуқур билимлилари, сизга (эй Муҳаммад) ва сиздан олдин туширилганларга имон келтирадиган мўминлари, намозга қоимлари, закот берувчилари, Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларига албатта улкан мукофотларни берамиз.
Аммо, эй суюкли Пайғамбарим, чуқур билимга ва соф эътиқодга эга бўлган яҳудийлар орасида сиздан олдин нозил қилинган китоб ва саҳифаларга имон келтиришган мўминлари, намозларни ихлос билан адо этувчилари, закотларини берувчилари, Аллоҳга ва охират кунига ишонганлари ҳам бор. Аллоҳ уларга ҳам охират дунёсида улкан мукофотларини, жаннат боғларини тайёрлаб қўйган.

163. Нуҳ ва ундан кейинги пайғамба рларга юборганимиз каби сизга ҳам ваҳий юбордик. Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва авлодларига, Исо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонга ҳам ваҳий юбордик, Довудга эса Забурни бердик.
Яъни, эй Пайғамбарим, Нуҳ ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳийларимизни юборганмиз, уларни қавмларини Ҳақ йўлга даъват этишга буюрганмиз. Нуҳдан кейин ўтган бошқа кўплаб пайғамбарларга ҳам ваҳийларимизни юбориб, инсонларни ҳидоят йўлига
бошлашни, имон ва куфр, яхши ва ёмонни ажратиб беришни амр этдик. Худди улар каби сизга ҳам ваҳийни (Қуръони каримни) нозил этдик. У билан одамларни ҳидоятга бошланг, солиҳ амаллар қилиб, Менинг розилигимни топишга чорланг, қиёматдаги азоб ва қийноқлардан қўрқитинг.
Ояти каримада яна "Довудга Забурни бердик" дея марҳамат қилинмокда. Забур Ғарб манбаларида "Псалтир" ҳам дейилади. "Забур"нинг луғавий маъноси "мактуб, ёзилган, ақл, ман этииГдир, иброний тилида эса "санолар" дегани. Аллоҳ таолонинг пайғамбар Довуд алайҳиссаломга қирқ ёшида нозил қилган илоҳий китоби шу ном билан аталади. Милоддан олдинги 1050—900 йиллари китоб ҳолига келтирилган. Забур тўрт илоҳий китобнинг бири бўлиб, унда мавъизалар, ибратлар, кўнгилни юмшатадиган ва зикр қилинадиган 73 та псалом (сано) бўлган. Довуд алайҳиссалом Забурни ширали, ёқимли овозда муножот тарзида тиловат қилганларида қушлар ҳам учмай тўхтаб қолар экан. Ҳозирда Забур ахди қолмаган. Мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таоло Забур номли китобни Довуд алайҳиссаломга юборганиға жазм билан имон келтиришлари лозим.

164. Ва қиссалари аввал сизга айтиб берилган, айтиб берилмаган пайғамбарларни юбордик ва Аллоҳ Мусо билан роз айтишди.
Аллоҳ таоло инсонларни яратиш баробарида уларни тавҳидга, имонга, ахлоққа чорлаш учун пайғамбарларини ҳам юборган. Инсоният тарихида Одам наслига бир юз йигирма тўрт минг пайғамбар юборилгани ривоят қилинади, шулардан йигирма беш нафарининг зикри Қуръони каримда келган. Аллоҳнинг китобида Аллоҳ пайғам- барларини кўп ўринда зикр қилиниши бежизга змас. Аллоҳ таоло пайғамбарлари қиссасини инсонларга тушунтириш орқали булардан ибрат олиш, итоатсиз қавмларнинг бошига тушган кулфатлардан огоҳ бўлиш, пайғамбарларига сўзсиз бўйсуниш ва эргашиш, бу билан Ўзининг розилигини топишга чақиради. Қуръони каримда бундай марҳа- мат этилади: "Ўша пайғамбарларнинг баъзиларидан баъзиларини афзал этдик. Улар ичида (Мусо каби) Аллоҳ роз айтишгани (гаплашгани) ва (Муҳаммад каби) даражасини (бошҳа пайғамбарлардан) юқори ҳилгани ҳам бор. Исо ибн Марямга мўъжизалар бердик ва уни Руҳул-ҳудс билан қувватладик. Агар Аллоҳ хоҳлаганида эди, пайғамбарлардан кейин, уларга ҳужжат келгач, (одамлар ўзаро) урушишмаган бўлур эди. Аммо улар ихтилоф ҳилишди. Улар орасида имон келтирганлари ҳам, куфрга кетганлари ҳам бор. Агар Аллоҳ хоҳлаганида, урушишмаган бўлур эди. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни ҳилур" (Бақара, 253).
 
165. Пайғамбарлардан кейин одамларда Аллоҳга нисбатан ҳужжат қолмаслиги учун хушхабар берувчи ва қўрқитувчи пайғамбарларни юбордик. Аллоҳ буюк ва ҳикматлидир.
Яъни, Аллоҳ таолонинг инсониятга юборган пайғамбарлари одамларга уларнинг ўзлигини танитишади, яхшилик билан ёмонлик, ҳалол билан ҳаромнинг чегарасини аниқлаб беришади, уларнинг ҳар бир ҳаракати ва қилмиши Аллоҳнинг назаридан четда турмаслигини, яхшиликка мукофот, ёмонликка жазо муқаррар эканини англатишади. Аллоҳ таоло охиратда бирор бандасини сабабсиз ва беайб жазоламайди, Ўзининг мавжудлиги ва ягоналигини билдирмай туриб: "Мени нега танимадинг, Менга нега итоат ва ибодат қилмадинг?" дея қаҳр қилмайди. Бу ҳакда Қуръони карим- да ушбу оят бор: "То пайғамбар юбормагунимизча (бирор кимсани) азобловчи бўлмадик" (Исро, 15).

166. Лекин Аллоҳ сизга нозил қилган нарсага Ўзи гувоҳлик беради, уни илми билан нозил қилган, фаришталар ҳам гувоҳдир, лекин гувоҳликка Аллоҳ етарлидир.
Бу ўринда Саййиди олам Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари Нуҳ алайҳиссалом ва ундан кейинги пайғамбарларнинг рисолатларига ўхшатилиши шу нарсага ишора қиладики, агар Макка мушриклари Расули акрамга туширилган ваҳийларни инкор қилишда давом этишаверса, аввалги пайғамбарларнинг умматлари бошига келган турли азоб-балолар уларга ҳам тушади. Қуръони карим ҳақлигига Парвардигор ва фаришталар гувоҳдир. Агар шунда ҳам кофирлар инкор қилишса, бу уларнинг бадбахтликлари нишонасидир.
Калбий айтади: "Макка аҳлининг бошлиқлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: "Сен ҳақингда яҳудлардан сўрадик, улар сени танимасликларини айтишди. Сени Аллоҳ бизга пайғамбар қилиб юборганига гувоҳ бўлувчи бирор кишини бошлаб кел-чи!" дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди".

167. Кофирлар ва Аллоҳ йўлидан тўсувчилар қаттиқ адашишади.
Кофирлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига ишонмайдиган, Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қиладиган, шунингдек, Аллоҳ таолонинг динидан ва Унинг йўлидан қайтармоқчи бўладиган, икки дунё саодатидан маҳрум, адашган ва бахтсиз кимсалардир. "Кофир" сўзининг луғатда "куфр келтирувчи, кўмувчи" маънолари бор. Истилоҳий маънода эса энг олий ҳақиқатни — Аллоҳнинг борлигини ва амрларини инкор қилувчи динсиз кимса "кофир" дейилади. Яъни, у куфр йўлини тутиб, ҳеч яшириб бўлмайдиган ҳақиқатни кўмадиган, яширадиган кимсадир. Кофирлик — энг қаттиқ ва улкан гуноҳ. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда кофирлар қаттиқ қораланган, уларга қиёматда дўзах азоблари, чидаб бўлмас қийноқлар, Аллоҳнинг ғазаб-иқоби бўлиши ҳақида қайта-қайта огоҳлантирилган. Мўмин киши катта кичик гуноҳи учун уларни ҳалол санамаса, кофир бўлиб қолмаганидек, кофир ҳар қанча эзгу, хайрли ишларни қилса ҳам то имонга келмагунича унга фойдаси бўлмайди. Аҳли қиблани эса, кофирликда айблаш мумкин эмас.
 
168. Ҳақиқатан кофир ва золимлик қилганларни Аллоҳ асло кечирмайди ва тўғри йўлга солмайди.
Куфр йўлини тутган кимсалар ва бошқаларга жабру зулм ўтказадиганлар Аллоҳнинг ғазабига ва жазосига мубтало бўлишлари ҳақ. Бундайларни Аллоҳ асло кечирмайди ҳам, тўғри йўлга, ҳидоятга бошламайди ҳам. Шаръий ҳукмларни инкор этувчи кимса "кофир", унинг қилмишлари эса "куфр", "кофирлик" дейилади. Аллоҳнинг борлигини ва бирлигини, Муҳаммад алайҳиссалом етказган хабарларни инкор, рад этганлар кофир саналади. Бундан ташқари, Аллоҳни инкор этмаса да, имон келтириш зарур бўлган хабар ва фарзларни рад қилса, шаръий муқаддасотлар ҳурматини топтаса, шаръий ҳукмларни масхара қилса ҳам кофир бўлади.
Куфр бир неча хил бўлади: 1. Инкор куфри — дилида ҳам, тилида ҳам ўз кофирлигини иқрор этувчилар куфри, булар ҳақиқий кофирлардир. Бундайларни Аллоҳнинг тавҳидини (ягоналигини) инкор қилганлар, дейишади, Қўрқитсанг ҳам, қўрқитмасанг ҳам уларнинг имон келтирмасликлари Қуръони каримда баён қилинган. 2. Инодий куфр — Аллоҳнинг ҳақлигини, Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақиқий пайғамбарликларини била- туриб, қайсарлик ва арзимас сабаб кўрсатиб имон келтирмайдиганлар куфри, бунга малъун шайтоннинг ва Абу Толибнинг куфри мисол бўлади. 3. Ҳукмий куфр — яъни ҳақиқий бўлмаган, балки шариатга хилоф баъзи ишлар- ни қилган ёки билиб-билмай куфр сўзларни гапириб қўйган кимсанинг қилмишини куфрга ҳукм этиш. Масалан, бир киши мусулмончиликнинг ҳамма кўрсатмала- рини бажараётган бўлса-да аммо Қуръонни тепса, ша- риатни масхара қилса, намозни фарз эмас, деса кофирга ҳукм қилинади. 4. Нифоқ куфри — куфр эгасининг қалбида имони йўқ бўлса да, тилида имонни даъво қилади.
Аммо бировни кофир деб ҳукм чиқариш ҳуқуқи ҳаммага ҳам берилмаган. Бу тўғрида ҳукм ва фатволар чиқариш шу мақомга лойиқ бўлган эътиборли алломалар, муфтий ва қозилар ҳаққидир. Ҳар бир имонли инсон тил офатларидан сақланиш учун махсус китоблардан куфр сўз ё ибораларни билиб олиши зарурдир. Дилида ҳам, тилида ҳам ўзининг кофирлигини иқрор этадиган одамлар ҳақиқий кофирлардир. Имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳукмларича, аҳли қибладан бўлган ҳеч бир кишини куфрда айблаб бўлмайди. Аллоҳ таоло: "Кофир бўлган ва оятларимизни ёлғонга чиқарган (куфр келтирган)лар — айнан ўшалар дўзах ахдидирлар. Улар ўша ерда абадий қолувчидирлар", деб Қуръони каримда баён қилган (Бақара, 39). Куфрнинг ёмонлиги Қуръони каримда уч юздан ортиқ оятда ва кўплаб ҳадиси шарифларда зикр қилинган.
Бировни кофир деб ҳукм чиқарилса ва ўзи шундай бўлса, ортидан ўта хатарли оқибатлар келиб чиқади. Булар: у билан хотини ўртасидаги никоҳ бузилади; болалари унинг қарамоғидан чиқади; жамият аъзолигидан маҳрум бўлади; уни маҳкамага бериб, "муртад" деган ҳукм чиқарилади; у ўлса, ювилмайди, кафанланмайди, жанозаси ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди ва меросдан маҳрум бўлади; ўша ҳолида ўлса, дўзахий бўлади. Бордию одам адашиб шундай ҳолатга тушиб қолса, унга яхши насиҳат этиб, тавба қилиши ва никоҳини янгидан ўқитиб олиши тавсия этилади. Шунингдек, ақидадаги бидъат ҳам куфрга олиб бориши мумкин.
Куфр икки хил маънода ишлатилади: биринчиси — имоннинг зидди. Мисол учун, Аллоҳга имон келтирмади ва бут- санамларга куфр келтирди. Иккинчиси — шукрнинг зидди. Мисол учун, "фалончи куфрони неъмат қилди". Яъни, ўзига берилган неъматга шукр келтирмади. Имоннинг зидди бўлган куфр жаҳаннамга олиб борувчи гунохдир. Шукрнинг зидди бўлган куфрни Ибн Ҳажар катта гуноҳлардан санаган. Имоннинг зидди бўлган куфрга мубтало бўлганлар бу дунёда аҳли китоб, сохта динга эргашувчи, динсиз, муртад ва бошқалардан бўлиши мумкин. Имоннинг зидди бўлган куфр асосий ҳисобланади ва унинг таърифларидан бири қуйидагича: "Куфр Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсани ёки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсадан динда билиш зарур бўлганларидан баъзисини қасддан инкор қилишдир. Мана шу Аҳли суннат вал жамоа бардавом бўлган ҳакдир. Ундан бошқаси ботилдир".
 
169. Фақат абадий қолинадиган дўзахга йўллайди, бу Аллоҳга осондир.
Кофирнинг жойи дўзаҳдадир. Кофирлар у ерда абадий қолиб, мангу қийноқ-азобларга мубтало бўлишади. Улар дунё ҳаётида Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига итоат қилишмаган эди, охиратда эса бунинг асло иложи йўқ. Чунки буюк Парвардигор уларнинг куфри ва ширкини бўйнига қўйиб, уларни дўзах билан "мукофотлайди". Бу Аллоҳ учун ҳеч қандай машаққат туғдирмайди. Қуръони каримда бундай зикр этилган: "Кофир кимсалар гуруҳ-гуруҳ ҳилиниб, жаҳаннамга ҳайдалади. Улар (жаҳаннамга) келганларида, унинг дарвозалари очилади ва унинг ҳўриҳчилари кофирларга: "Сизларга ўзларингиздан бўлган пайғамбарлар Роббингиз оятларини сизларга тиловат ҳилиб, сизларни мана шу кунингиздаги мулоҳотдан огоҳлантириш учун келишмаганмиди?" деганларида, улар: "Ҳа, аммо кофирлар бўйича (Аллоҳнинг) азоб лафзи ҳаҳ бўлиб чиҳди", дейдилар. (Шунда уларга) айтилади: "Жаҳаннам дарвозаларидан кирингиз! Сизлар ўша жойда мангу ҳолурсиз!" Бас, кибрли кимсаларнинг жойлари наҳадар ёмон!" (Зумар, 71— 72).

170. Эй инсонлар, Пайғамбар Парвардигорингиздан Ҳақни олиб келди, уига ишонинглар, ўзингизга яхши бўлади. Агар инкор қилсанглар, осмонлару Ердаги нарсалар албатта Аллоҳникидир. Аллоҳ билувчи, ҳикматлидир.
Яъни, эй инсонлар, охирзамон пайғамбари, барча пайғамбарларнинг хотималовчиси Муҳаммад алайҳиссалом сизларга Парвардигорингиз ҳузуридан Ҳақни, яъни Қуръони каримни, Ислом динини олиб келдилар. У зотга ишонсанглар, даъватларига "лаббай" деб жавоб берсанглар, у зот келтирган ваҳийларга имон келтириб, уларни ҳаётларингда дастур қилиб олсанглар, ўзларингга фақат яхшилик бўлади. Қиёмат куни барча инсонлар қўрқув ва даҳшат ичра нима қилишни билмай турганида сизлар Аллоҳнинг жаннат билан мукофотлашини хотиржам ва ташвишсиз кутиб турган бўласизлар. Агар буларни инкор қилсанглар, осмонлару Ердаги ҳамма нарсаларнинг эгаси бўлган Парвардигорингиз жазосидан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайсиз. Осмонга учмоқчи бўлсангиз, унинг эгаси Аллоҳдир. Ер қаърига кириб кетмоқчи бўлсангиз, унинг эгаси ҳам Аллоҳдир. Демак, Унинг жазосидан қочиб қутулишнинг мутлақо имкони, иложи йўқ бўлгач, яхшиси Унинг амр-фармонларига итоат этиб қўяқолинг. Аллоҳ таоло қилган яхши ишларингизни ҳам, гуноҳ ва хатоларингизни ҳам яхши билиб туради ва фақат Ўзи биладиган ҳикматига кўра барча инсонлар ўртасида адолатли ҳукм чиқаради.
 

171. Эй Аҳли кигоблар, динингизда ҳаддан ошманглар, Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқасини айтманглар. Масиҳ Исо ибни Марям албатта Аллоҳнинг пайғамбари, Унинг Марямга туширган калимаси ва У томондан бир руҳдир. Аллоҳга, Унинг пайғамбарларига имон келтиринглар, Уни "учта" деманглар. Тийилсанглар, ўзларингизга яхши бўлади. Албатта, Аллоҳ ягона илоҳдир, фарзандли бўлишдан покдир. Осмонлару Ердаги нарсалар Уникидир. Ҳомийликка Аллоҳнинг Ўзи кифоядир.
Маълумки, Бани Одам, шу жумладан, Исо Масиҳ ҳам бирон зарар ёки манфаат етказишса, бу фақат Аллоҳнинг изни ва имкон бериши орқали бўлади, холос. Демак, Масиҳ ҳам ҳеч нарсага қодир эмас. Бу эса Исо Масиҳ тангри бўла олмаслигига қатъий далилдир. Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири ҳар нарсага қодирликдир. Осмонлару Ердаги бирор нарса Унинг қудратидан чиқа олмайди. Исо Масиҳни тангри қилиб олиб, унга ибодат қилишларингиз- ни ва айтаётган ботил сўзларингизни Аллоҳ эшитади ва билади, Аллоҳдан қўрқмайсизларми?
Китобийларнинг бир фирқаси Исо алайҳиссаломни "Худонинг ўғли" деб эътиқод қилади ва ҳазрати Исони, унинг онаси Марямни Худога шерик қилиб, учта худо бор, деган бузуқ ақидани даъво қилади. Бу нарсаларнинг ҳаммаси уларнинг динларида ҳаддан ошишлари ва ширкка муккадан кетишлари оқибатидир. Аллоҳ фарзандли бўлишдан пок ягона илохдир. Аллоҳ таоло адашганларни бу ақидадан қайтариб тавҳидга — ягона Аллоҳга ишонишга чақиради.
Насронийлар Исонинг мартабасини кўтаришда ҳаддан ошиб, муболаға қилиб "У Аллоҳнинг ўғлидир", дейишганида, Аллоҳ таоло уларга илоҳий хитоб қилиб: "Эй ахди китоблар, динларингизда ҳаддан ошманг", яъни ғулувга кетманг, "Аллоҳ тўғрисида ҳакдан бошқани айтманг", яъни унинг шериги бор, боласи бор, деган гаплардан покланинг, "Исо Марямнинг ўғлидан бошқа кимса эмас", яъни у Аллоҳнинг ўғли эмас. У "Аллоҳнинг пайғамбари ва илқо қилган калимасидир". Мазкур калима Аллоҳ таолонинг Исога хитоб қилиб "Бўл!" деганидир, шунда у отасиз инсон бўлиб туғилди. "У томондан бир рухдир", яъни Исо яратилишда ва пайдо бўлишда бир руҳ эди, уни Жаброил Марямнинг ёқасидан пуфлаган ва у ҳомиладор бўлган. Бу Аллоҳнинг қудратини изҳор қилиш учун қилинди. "Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига имон келтиринглар", Унга ширк келтирманглар. Аллоҳнинг пайғамбарлари ичида Исо ва Муҳаммад алайҳиссаломлар ҳам бор. "Ва Уни "учта" деманглар", яъни Исо ва Марямни Аллоҳга шерик қилиб, Аллоҳни учта деманглар. Бундай асоссиз гаплардан тийилсанглар, ўзингизга яхши бўлади. "Албатта, Аллоҳ ягона илохдир", яъни унинг шериги ёки ўхшаши-тенги йўқ; "У фарзандли бўлишдан покдир", "Осмонлару Ердаги нарсалар Уникидир", яъни осмонлару ерда нима бўлса, жумладан, Исо ва Марям ҳам унинг мулки ва махлуқидир; "Ҳомийликка Аллоҳнинг Ўзи кифоядир", яъни осмонлару Ердаги нарсаларни муҳофаза ва тадбир қилишда Аллоҳнинг ўзи кифоя қилади, унинг кўмак берадиган болага ёки ёрдам берадиган шерикка ҳожати йўкдир". Оятнинг мазмуни ҳақида фикр юритган одам унинг ақл ва мантиққа мувофиқ эканини англаб етади. Бу эса ўз навбатида ушбу ҳақиқатни тортишувсиз қабул этишни ва унга шубҳасиз имон келтиришни тақозо этади.
Ушбу ояти каримада тавҳид шиори ҳам баён этилмокда: "Албатта, Аллоҳ ягона илохдир". "Ла илаҳа иллаллоҳ" Ислом динининг энг биринчи асоси, тавҳид шиоридир. Бу сўз билан инсонлар Аллоҳ таолонинг ягоналигини, У ҳамма нарсанинг танҳо яратувчиси эканини, У бутун коинот ва жамиятдаги ҳамма нарсани кузатиб-бошқариб туришини, фақат Унинг Ўзигагина сиғинилиши, шукр ва ибодат қилиниши, амр-фармонларига итоатда бўлиниши лозимлигини англайдилар. Тавҳид маъносини англаш шунчалар муҳимки, "Ла илаҳа иллаллоҳ" калимасини мусулмонлар намозларида ўн марталаб қайтаришади, зикр ва дуоларида қайта-қайта эслашади. Янги туғилган чақалоқ қулоғига азон ва иқомат шаклида етказишади. Мусулмон кишининг умри тугаб, бу дунёни тарк этаётганида ҳам унинг дўстлари ва қариндошлари "Ла илаҳа иллаллоҳ" калимасини айтиб сўнгги йўлга кузатишади. Шу тариқа мусулмон киши шу калима билан дунёга келиб, шу калима билан дунёдан кетади. Бунинг оралиғидаги вазифаси эса умр бўйи ушбу калимани кўнгилга жойлаб, унга муносиб яшашдан иборат бўлиши керак.
Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Имон етмиш неча ҳам қисмдир. Унинг энг афзали "Ла илаҳа иллаллоҳ" калимаси, энг қуйиси азият берадиган нарсани йўлдан олиб ташлашдир ва ҳаё имондандир", деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти, "Мишкатул-масобиҳ"). Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Зикрларнинг афзали "Ла илаҳа иллаллоҳ"дир. (Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти). Муоз ибн Жабалдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Мен эшакда Расулуллоҳнинг (сол лаллоҳу алайҳи ва саллам) ортларида мингашиб олган эдим. У киши билан орамизда фақат эгарнинг орқа қисми бор эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Эй Муоз, Аллоҳнинг бандалардаги ҳаққини ва бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққини биласанми?" дедилар. Мен: "Аллоҳ ва Расули билувчидир", дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Аллоҳнинг бандалардаги хаққи, уларнинг Аллоҳга бандалик қилишлари, Унга бирор нарсани шерик қилмас- ликларидир. Бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи эса, Ўзига бирор нарсани шерик қилмаган кишини азобламаслигидир", дедилар. Мен: "Эй Расулуллоҳ, одамларга буни айтаверайми?" дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Уларга айтма, бунга суяниб қолишади", дедилар" (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

172. Масиҳ ҳам, яқин фаришталар ҳам Аллоҳга бандаликдан асло ор қилишмайди. Ким Унга бандаликдан ор қилиб, кибрга борса, уларнинг барини Ўз ҳузурига тўплайди.
Яъни, Исо алайҳиссалом ҳам, Аллоҳга муқарраб (яқин) фаришталар ҳам Аллоҳга бандаликдан ор қилишмайди. Исо алайҳиссалом буни бир неча бор такрорлаган ҳам. Парвардигорига бандаликдан ор қилиб, кибрга борувчи кимсаларни Аллоҳ таоло охиратда албатта Ўз ҳузурига туплаб, аламли азоблари билан "мукофотлайди".
Калбий айтади: "Нажрон элчилари Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларига келганда: "Эй Муҳаммад, сен бизнинг соҳибимизни айблаяпсан", дейишди. У зот: "Соҳибингиз ким?" дедилар. Улар: "Исо", дейишди. "У ҳакд,а нима дебман?" дедилар. Улар: "Уни Аллоҳнинг бандаси ва расули, деб айтяпсан", дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: "Исо учун Аллоҳга банда бўлиш ор эмасдир", дедилар. Улар: "Йўқ, (ордир)", дейишганида ушбу оят нозил бўлди".

173. Ўшанда иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларнинг мукофотини тўлиқ беради, Ўз фазлидан зиёда ҳам қилади. Аммо ор қилиб, кибрга кетганларни аламли азоб билан жазолайди. Улар ўзларига Аллоҳдан бошқа дўст ҳам, мададкор ҳам топа олишмайди.
Аллоҳ таоло чин мўминларнинг фазилатларини зикр қилиб, улар Аллоҳга ва Унинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом келтирган ваҳийларга имон келтирувчи, намозларини тўкис, барча арконларига риоя этиб адо этувчи, уларга Ўзи ризқ қилиб берган нарсалардан садақа-эҳсон қилувчи саодатманд кишилар экани хабарини беради. Бундай имонли ва солиҳ амал қилувчиларнинг мукофоти нақд: Аллоҳ таоло охиратда уларнинг ажр-савобларини тўлигича беради, ҳатто бир неча марта кўпайтириб ҳам беради Аммо ор қилиб, кибр ва куфри туфайли имон келтирмайдиган кимсаларга эса аламли азобларини тайёрлаб қўйган. Бундайлар қиёматда ўзларини оғир қийноқлар ва чидаб бўлмас азоблардан қутқариб қоладиган бирор дўст ёки мададкор ахтариб ҳар томонга зир югуришади, аммо уларга ҳеч бир жон ёрдамга келмайди, бунга қодир ҳам эмас. Аллоҳ таоло бандаларини бундай огоҳлантиради: "Парвардигоридан ғойибона қўрқадиган зошлар учун эса, (охиратда) мағфират ва катта мукофот бордир" (Мулк, 12); "Парвардигорларига кофир бўлган кимсалар учун жаҳаннам азоби бордир. Нақадар ёмон оқибат бу!" (Мулк, 6).
 
174. Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиздан аниқ ҳужжат келди ва сизларга равшан нурни ҳам туширдик.
Мусулмонларга келган "аниқ ҳужжат" Пайғамбар алайҳиссалом ва у зотга берилган мўъжизалар, "равшан нур" эса Қуръони каримдир. "Китоб", "ҳужжат" деганда, энг аввало Қуръони карим тушунилади, чунки Исломнинг биринчи асл манбаи Қуръондир. Қуръони мажид Ислом динининг тамал китоби, мусулмонларнинг дастуриламали, Аллоҳ таолонинг бутун амр ва наҳйиларини жамлаган Китоби Мубийндир, Исломдаги барча шаръий ҳукмларга жавоб топиш учун энг аввал Китобга мурожаат қилинади, кейин бошқа манбаларга ўтилади. Шунинг учун уни тафсир қилиш, маъноларини араб тилидан бошқа тилларта ўгириш жорий этилган. Бироқ маъно таржималари Қуръон эмас, улардан ҳукм чиқариш ҳаром ва оғир гуноҳдир. Исломда Қуръони каримни яхши тушунадиган ва ҳукмлари билан тушунтира оладиган чуқур билимли олимларга суянилади. Уни маҳкам тутиб, ундаги Аллоҳнинг ҳукмларига амал қилувчиларни Аллоҳ фазли-марҳамати билан сийлайди ва улар албатта тўғри йўлдадирлар.

175. Аллоҳга имон келтирган ва Унга маҳкам боғланганларни Ўзининг фазли ва марҳаматига сазовор қилади ҳамда тўғри йўлга йўллайди.
Аллоҳ таолога имон келтириш, яъни Унинг танҳо- ягоналигига, ҳеч қандай тенги ёки шериги йўқлигига, ҳамма нарсани яратганига, дунё ва охиратнинг ёлғиз эгаси эканига ишониш мўмин-мусулмонликнинг энг биринчи шартидир. Киши ҳамма нарсани ёлғиз Аллоҳ таоло яратганини, Ундан ўзгага сиғиниб бўлмаслигини, У комил сифатлар билан сифатланганини, айб-нуқсондан поклигини қалби билан тасдиқлаб, тили билан иқрор бўлсагина Аллоҳ таолога имон келтирган бўлади.
Аллоҳ таоло зоти ва сифатларида ягонадир, қадимдир (мавжудлигининг аввали йўқ), доимдир (мавжудлигининг ниҳояси йўқ), тирикдир, билувчидир, қодирдир, ихтиёрлидир (истаганини қилади), сўзлагувчидир, эшитувчидир, кўрувчидир. Аллоҳ таоло жисм ҳам, жавҳар (яъни модда) ҳам, араз (ранг, ҳид каби) ҳам эмас. Унинг сурати ва шакли йўқ. Аллоҳ таоло бирор томонда ва маконда эмас. Аллоҳ таолонинг борлиги замон билан белгиланмайди. Аллоҳ таоло исмлари, зотий ва феълий сифатлари билан ҳамиша бўлган ва бўлади. Аллоҳ таолонинг бирорта исми ва сифати янги пайдо бўлмаган. Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатларида ўхшаши йўқ, акси йўқ, тенги йўқ. Аллоҳ таоло ҳеч бир нарсага муҳтож эмас. Аллоҳ таоло охиратда мўмин ларга кўринади. Ҳамма нарса Аллоҳ таолонинг хоҳиши, ҳукми ва такдири билан бўлади. Аллоҳ таоло барча нарсани билади, ҳамма нарсага қодирдир.

176. (Эй Муҳаммад), сиздан фатво сўрашса, айтингки: "Аллоҳ сизларга калоланинг ҳукмини баён қилади: агар бир киши ўлсаю ўзи фарзандсиз, фақат синглиси бўлса, унга марҳум қолдирганининг ярми берилади. Агар сингилнинг фарзанди бўлмаса, ака меросининг ҳаммасини олади. Агар сингил иккита бўлса, ака қолдирганининг учдан иккиси тегади. Агар меросхўрлар ака сингил бўлишса, бир эркакка икки аёл ҳиссаси берилади". Аллоҳ адашмасликларингиз учун баён қиляпти, Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир.
Жобир ибн Абдуллоҳ (розийаллоҳу анҳу) айтади: "Касал бўлиб қолганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимта кирдилар. Еттита синглим бор эди. У киши юзимга пуфлаган эдилар, ўзимга келдим ва: "Эй Расулуллоҳ, сингилларимга молнинг учдан икки қисмини васият қилсам бўладими?" дедим. У киши мени ўтиришга буюриб: "Йўқ", дедилар. "Ярмисини-чи?" деб сўраганимда мени яна ўтиришга буториб чиқиб кетдилар. Кейин олдимга қайтиб кириб: "Эй Жобир, мен сени касаллик билан ўласан, деб ўйламайман. Аллоҳ оят нозил қилиб, сингилларинг учун учдан икки қисми эканини баён этди", дедилар". Жобир розийаллоҳу анҳу ушбу оят ўзи ҳақида нозил бўлган деб юрарди.
"Калола” сўзи ҳақида уламоларимиз анчагина баҳс юритишган. Тилимизда "калола" сўзини айнан ифода этадиган алоҳида ибора йўқ. Шунингдек, араб тилида ҳам бу сўзнинг бошқа маънодоши (синоними) йўқ. Одамлар ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан калола ҳақида сўрашганида: "У ҳақда ўз фикримни айтаман, тўғри бўлса — Аллохдан, хато бўлса — мендан ва шайтондан, яъни Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг бунга алоқаси йўқ. Калола — зурриёт ва аждодлардан бошқа меросхўрлардир", дедилар. Вафот этганида орқасидан бола-чақаси, невара-чеваралари ҳам, ота-она, бобо-момолари ҳам бўлмай, фақат ака-ука, опа-синглиси меросхўр бўлиб қолган одам калоладир. Ушбу ояти каримада калоланинг ҳукми, унинг ортидан қоладиганлар оладиган мерос улуши баён этиб берилмокда.

Орқага Олдинга