loader

101. Қориъа сураси

Маккада нозил бўлган. 11 оятдан иборат.
Бу сураи карима қиёмат куни ҳақида сўз юритиб, у кунни янги «Ал-Қориъату»–«шиддат билан қоқувчи» номи билан атайди. Бу номнинг ўзи даҳшатли, чунки қалбларни қўрқинчга тўлдирувчи маъноси бор. Ушбу сураи карима ана шу сўз билан бошлангани учун бу сўз унга исм бўлиб қолган.
Сура ниҳоясида яхши амал қилиб ўтганлар нажотга эришиши ва кофирлар азобу ҳасратда қолиши таъкидланади.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Ал-Қориъату.
Бу қиёматнинг исмларидан бири бўлиб, аввал айтиб ўтилганидек,  луғатда «шиддат билан қоқувчи» мауносини билдиради ва ўзи ҳам кишилар қалбини шиддатли зарба билан қоқади. Бирданига шу даҳшатли исмнинг келиши ҳам кишилар эътиборини тортади.
ал –Қориъату Қуръони Карим истилоҳда нимани англатишини келгуси оятларда баён қилинади.

2. Ал-Қориъату нима?
Бу савол ал-Қориъатунинг нақадар улкан нарса эканини билдириш учун билиб туриб қасддан берилган. Араб тили қоидаси шундай.

3. Ал-Қориъату қандоқ нарса эканлигини сенга нима билдирди?
Яъни, унинг ҳақиқатини билишга одамларнинг тасаввури етмайди. Сен ал–Қориъатунинг нима эканлигини каердан ҳам била олар эдинг, эй инсон.
Ал-Қориъату нима эканининг баёни энди келади.

4. У кунда одамлар тўзиб кетган капалакка ўхшаб қоларлар.
Маълумки, капалак жуда заиф нарса бўлиб, улар тўзитиб юборилса, ҳаммаси аралаш-қуралаш бўлиб, бир-бири билан иши йўқ, ўзини ҳар тарафга ура бошлайди. Одамлар ҳам қиёмат куни шунга ўхшаб қолишаркан.

5. Ва тоғлар титилган жунга ўхшаб қоларлар.
Қиёматнинг шиддатидан шундай улкан тоғлар ҳам титилиб ҳавода учиб юрган жунга ўхшаб қоларкан.
Келаси оятларда мазкур, даҳшатли қиёмат кунида одамларнинг бу дунёда қилган амаллари ўлчаниши ва уларнинг самарасига қараб ҳар бир инсон жазо ёки мукофот олиши ҳақида сўз кетади.

6. Кимнинг торозуси оғир келса...
7. Бас, у розилик ҳаётидадир.
Яъни, юқоридаги ояти карималарда васф қилинган қиёсат қоим бўлиб, одамлар тўзиб кетган капалакларга, тоғлар титилган жунга ўхшаб қолаган кунда, кишиларнинг бу дунёда қилган амаллари тарозуга солинади. Ўшанда кимнинг иймон ва амалидан ҳосил бўлган савоби оғир келиб қиёмат тарозуси палласини босса, у розилик ҳаётига–жаннати наъимга эришади.

8. Ва аммо кимнинг тарозуси енгил келса...
Кимнинг қиёмат тарозусига қўядиган амали солиҳи, тоат ибодати савоби бўлмай тарозусининг палласи енгил келиб қолса…

9. Бас, унинг онаси дўзахдир.
Одатда она доим паноҳ бўлган. Инсон айниқса оғир пайтларда онасига интилгандай, қиёматда ҳам онасини қўмсаганда жаҳаннам уларни она ўрнида кутиб оларкан. Меҳр-муҳаббат, шафқат излаб турганда, кони азобга, қийноққа, даҳшатли оловда ёнишга дуч келиши ниҳоятда катта бахтсизлик.
Ибн Жарир Ашъас ибн Абдуллоҳдан қилган ривоятларида айтилади: «Вафот этган мўминнинг руҳи мўминларнинг руҳларига қўшилар экан. Шунда улар янги келгандан, фалончи нима бўлди, деб сўрашганда у, вафот этган эди, олдиларингизга келмадими, деб айтар экан. Эски руҳлар, ундоқ бўлса «ҳавия» онасининг олдига кетибди, дер эканлар».

10. У (Ҳавия) қандоқ нарса эканлигини сенга нима билдирди?
11. У қаттиқ қизиган ўтдир.
Демак, кофир, мушрик, мунофиқ, фосиқ, фожир, осий ва гунҳкорларни қиёмат куни қаттиқ қизиган ўт–олов «она» бўлиб, қучоқ очиб, кутиб олар экан. Албатта, жаҳаннамнинг ўти бу дунёнинг ўтига асло ўхшамайди. У тамоман бошқача бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларидан бирида: «Сизлар ёқадиган олов жаҳаннам оловининг етмишдан бирига тўғри келади», деган эканлар. Яъни, иссиқлиги шунча экан. Аллоҳ Ўзи сақласин.


Орқага Олдинга