26 октябрда Канада парламентида Исломофобияга қарши қонун тасдиқдан ўтганлиги ҳақида маълумотни интернетда топиш амри маҳол бўлиши мумкин-ку, лекин 6 октябрда етарлича овоз тўпламаганлиги сабаб айнан шу қонун лойиҳаси тасдиқланмаганлиги ҳақида бир қанча янгиликлар топишингиз аниқ.
Сал кам бир ой олдинги овоз бериш жараёнини эсга олайлик. Парламент аъзоларининг аксари бу қонунга қарши овоз берди. “Одамлар орасида тинчлик ўрнатиш, нафратни камайтириши кўзда тутилган қонунга қандай қилиб қарши овоз бериш мумкинлиги ақлга сиғмайди. Бу ҳам нафратнинг бир тури, бунга қарши курашиш керак”, - дейди кўплаб депутатларнинг қароридан ажабланган бошқа бир депутат Томас Маклейр. Либераллар партиясидан Умар Алгабра ҳам ҳудди шу фикрда: - “Бу (депутатларнинг қарори) жуда ҳавотирли. Бу жуда рамзий ва ижобий лойиҳа эди”.
Бир томондан олиб қараганда, депутатларнинг 6 октябр куни қабул қилган қарорининг ўзи ҳам исломофобиянинг бир кўриниши эди. Луғавий тарифи бўйича Исломофобия – бу “Ислом ёки мусулмонларга, айниқса “сиёсий куч” сифатида қарши бўлиш, ёмон кўриш ва бошқаларга нисбатан ўзгача муомала қилиш”дир.
6 октябрдаги омадсиз уринишдан сўнг, Канада Мусулмонлари Миллий Кенгаши аъзоси Амира Алгавабий ўзининг мақоласида 6 октябрдан кейинги бир ҳафтанинг ўзида исломофоблар ҳаракатга тушиб қолишганига мисоллар келтирган – масжид ойналари синдирилиши, Қуръони Каримни ёқиш, Калгари кампусида анти-исломий чиқишлар ва ҳ.к.
Агар канадалик депутатлар Исломофобия муаммоси аҳамиятга эга эмас деб ҳисоблашса, бу мавзу устида яна бош қотириб кўришса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Яқиндагина Калифорния Давлат Университети томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, АҚШ сиёсат арбобларининг Исломга қарши қилган нутқлари ва у ерда бўлаётган Исломга қарши жиноятлар ўртасида узвий боғлиқлик бор.
Канада Мусулмонлари Форуми президенти Самир Мажзубнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қайта овозга қўйилишига қисман 22 октябр кунги мудҳиш воқеа сабаб бўлган. Ўша куни Септ-Илес масжидига 2013 йилдан бери учинчи марта ҳужум уюштирилган. Шунингдек, Мажзуб Исломофобияга қарши парламентар петиция ташкил қилган ва 70,000га яқин имзо тўплаган. Натижада, бу ҳаракат ҳам лойиҳанинг 26-октябрда қайта овозга қўйилишига туртки бўлган.
Мажзуб шунча ишдан кейин ҳам ўз мамнуниятини яшириб ўтирмади. Бир овоздан ёқланиб муваффақиятли тасдиқдан ўтган янги қонун учун у барча партияларга сидқидилдан миннатдор эканлигини изҳор этди. Нашрга берган интервюсида, у бу лойиҳа муаммо атрофидаги янги мунозалар ва янги қонун ҳужжатларига сабаб бўлишига умид боғлашини айтиб ўтди.