Анонимлаштириш ва шифрлаш воситалари «инсон рақамли асрда ўз фикрларини ифодалашда эркин бўлиши учун зарур бўлган» воситалар сифатида тавсифланди. Ҳужжатда қайд этилича, гарчи бундай воситалар ёвуз ниятли одамлар томонидан жиноят содир этиш учун фойдаланилиши мумкин бўлсада, худди ўша оддий телефондан жиноятни режалаштириш учун ҳам, полицияга хабар бериш учун ҳам фойдаланиш мумкин.
Агар шифрлаш ва анонимликни тақиқлаш маргинал озчилик – террористлар ва суиқасдчиларга қарши курашадиганлар фойдасига қабул қилинадиган бўлса, анча кўпроқ одамларнинг ҳуқуқлари бузилади. Журналистлар, жамоат ташкилотлари, этник ва диний ташкилотлар аъзолари, фаоллар, талабалар, рассомлар ҳамда асоссиз таъқиб ва сиқувларга олиниши мумкин бўлган бошқа одамлар жуда қалтис ҳолатга тушиб қолиши мумкин. Оддий фуқаролар ҳам уларнинг маълумотлари хавфсизликда бўлиши, улар ёзган хатларни эса бевосита адресатлардан бошқа ҳеч ким ўқимаслигига ишончи комил бўлишни истайди.
Турли агентликлар ва давлатлар раҳбарлари бир неча марта замонавий шифрлаш воситалари террористларга ва жиноятчиларга жавобгарликдан қочиб қолишга имкон беради ва махсус хизматлар ишини қийинлаштиради деган маънода баёнот берган.
Бироқ, кўриниб турибдики, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш жиноятчилар оз бўлгани туфайли кўпчиликнинг ҳуқуқларини чегаралаш мумкин эмас деб қарор қилган. Шубҳасизки, фақат “хизмат мақсадларида фойдаланиш” учун мўлжалланган шифрлашни айланиб ўтиш усуллари ва воситаларини жорий қилиш бу шифрлашнинг заифлашувига олиб келган бўларди.
Шуниси қизиқки, қайси мамлакатлар ва ҳукуматлар БМТ комиссияси хулосаларига қулоқ солар экан?
Анонимликка қарши энг машҳур курашчи Хитой ҳисобланади. У ерда VPN, Tor ва бошқа ахборот воситалари тақиқланиб, интернетда ҳар қандай фаоллик учун ўз шахсини очиб бериш талаб этилади. Россияда бу воситалар ҳозирча расман тақиқланмаган. Бироқ Роскомнадзор анонимайзерларни тақиқлаш ғоясини қўллаб-қувватлади ва блокировка қилинган сайтларни айланиб ўтиш усуллари ҳақида ахборотлар тарқалишини тўхтатишга уринилмоқда.
Абу Муслим
Интернет маълумотлари асосида