loader
Foto

Исломда инсон ҳуқуқлари (1)

 БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ғарб тамаддуни, янги давр ислоҳотчилари ва мутафаккирлар саъй-ҳаракатларининг юксак чўққиси ҳисобланади. Ушбу декларация Иккинчи жаҳон уруши якунланганидан сўнг, инсониятнинг шафқатсиз уруш азоб-уқубатларини бошидан кечирган халқаро жамиятда инсон ҳуқуқларини тушуниш борасида ҳамжиҳатликка интилишининг ифодаси сифатида қабул қилинди.

Декларацияда кўрсатилишича, Инсон ҳуқуқларини менсимаслик ва оёқ-ости қилиш одамзод виждонини ўртаётган ваҳшийларча қилмишларга олиб келган.

Мана шу сабабдан Декларация преамбуласида ҳар бир инсон ва жамиятнинг ҳар бир ташкилоти ҳамиша ана шу декларацияни назарда тутиб маърифат ва илм йўли билан ушбу ҳуқуқлар ва эркинликларнинг ҳурмат қилинишига ёрдам беришга интилишлари ҳамда миллий ва халқаро тараққийпарвар тадбирлар йўли билан ҳам, ушбу ҳуқуқлар ва эркинликларнинг Ташкилотга аъзо бўлган давлатлар халқлари ўртасида ва мазкур давлатларнинг юрисдикциясидаги ҳудудларда яшаётган халқлар ўртасида ялписига ва самарали тан олишга чақирилган.

Юқорида айтиб ўтилганидек, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси кўплаб Ғарб файласуфлари ва мутафаккирларининг саъй-ҳаракатлари юксак чўққисини ифодалайди. Бу ҳаракатлар тарихи XIII асрларга бориб тақалади, шунда 1215 йил Англияда Магна Карта – Эркинликлар буюк хартияси қабул қилинган бўлиб, унга мувофиқ инглиз халқи ўша пайтлардаги мамлакат ҳукмдорлари томонидан молиявий ситамлардан ўзини олиб қочиш ҳуқуқини қўлган киритган.

АҚШнинг 1776 йил мустақиллик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатида ҳаёт, эркинлик ва тенглик ҳуқуқлари тасдиқланган инсон ҳуқуқларига доир қоидалар мавжуд бўлган.

1789 йил 26 августда Француз инқилоби инсон ҳуқуқларини эълон қилган ва бу ҳуқуқлар декларацияси сифатида кўриб чиқиладиган ҳужжат қабул қилди.

Европалик донишмандлар ва файласуфларнинг асрлар давомдаги саъй-ҳаракатлари ўлароқ қабул қилинган муҳим ва ҳал қилувчи қадам саналган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинишидан олдинги хартиялар мана шудай бўлган. Бу ҳаракатларнинг мақсади халқларни улар Европада жаҳолатпарастлик асрлари давомида ва Европада Уйғониш даврининг бошларида диний ва дунёвий ҳукмрон доиралардан кўриб келган азоб-уқубатлар ва жабр-ситамдан ҳимоя қилиш бўлган.

Бундай азоб-уқубатлар сабаби феодаллар ва руҳонийларнинг зўравонлиги, шунингдек, черковнинг инсон онги ва руҳини озод қилиш мақсадини кўзлаган ғоявий оқимларга қарши кураш олиб боришга интилиши ҳисобланган.

Исломда эса – унинг ақидалари, маданияти ва шариатда буларнинг биронтаси ўринга эга бўлмаган.

Бу ерда шуни таъкидлаш жоизки, Европа қитъасида вужудга келган инсон ҳуқуқлари ғоясининг ўзи Европа ҳукмдорлари ва руҳонийларининг истибдодидан озод қилиш учун фойдаланилган, лекин нафақат замонавий даврда Европа мустамлакачилиги жабр-зулми остида қолган, балки инсон ҳуқуқлари тамойилларига умуман зид келадиган зўравонлик ва ситамларни бошидан кечирган бутун бошли халқларни асло ҳимоя қилмаган.

Айримлар БМТ Устави билан боғлайдиган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси асосий эътиборни халқаро даражада инсон ҳуқуқларини тушунишга қаратади.

Бу муаммо миллий суверенитет нуқтаи назаридан қабул қилинмаган, аксинча, бу ҳуқуқларнинг тан олиниши ва амалга оширилиши халқаро характерга эга бўлиб, бунда давлатнинг алоҳида шахс билан муносабатлари халқаро ҳуқуқ доирасидан чиқмайди ва ички қонунчилик субъекти бўлмай қўяди.

Боз устига, айтиб ўтлиган муаммо имтиёзли халқаро характерга эга бўлди, бу эса инсон ҳуқуқлари масаласининг замон ва макон доирасидан четга чиқишига хизмат қилди. Бу айниқса, инсон қадр-қимматини пастга урадиган фашистлар, марксистлар ва бошқа тоталитар режимлар, шунингдек, замонавий даврда уларнинг ҳукмронлиги остида бўлган халқларга нисбатан адолатсиз ва ғайриинсоний муносабатда бўлган империалистик давлатлар томонидан қўлланган.

Инсон ҳуқуқлари масаласининг халқаро характерини ҳисобга олган ҳолда бу масалага эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак. Инсон ҳуқуқлари мавзуси мураккаб ва чалкаш мавзуга айланди, мафкурани эса бу ерда манфаатдор томонлар позицияларидан ажратиб бўлмайди. Бу мавзу айни дамда бутун дунёни хавотирга солмоқда ва, эҳтимол, кейинги ўн йилликларда ҳам шундай бўлиб қолаверади.

Ҳозирги пайтда инсон ҳуқуқлари масаласи буюк давлатлар ташқи сиёсати қуролларидан бирига айланган ва бу айниқса, кучли давлатларнинг фикрига кўра,  инсон ҳуқуқлари бузилаётган ёки инсон ҳуқуқлари бузилишида айбланаётган мамлакатларга халқаро ёрдам бериш рад этилиб, ривожланаётган мамлакатларга халқаро ёрдам тақдим этишда мезон сифатида фойдаланишда намоён бўлмоқда.

БМТда ҳаттоки инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши устидан назорат қилиш учун инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар лавозими таъсис этиш ғояси ҳам пайдо бўлди.

Сир эмаски, унинг мавжудлиги ҳақида ўп йиллар олдин айтилган янгича дунё тартибидаги мураккаб шароитларда бу функцияларни бажаришда муаммолар вужудга келмоқда. Шу билан бирга, унинг асосий йўналишлари, қадриятлари ва мезонлари ҳалигача шаклланмаган, бу эса инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш баҳонаси остида давлатларнинг ички ишларига асоссиз равишда аралашиш учун имкон қолдиради.

Бошқа томонидан, турли мамлакатларда фаолият кўрсатадиган нодавлат ва ноҳукумат ташкилотлари ўз мақсадлари ва фаолият характери бўйича ушбу масалага бевосита муносабатда бўлмоқда.

Ноҳукумат ташкилотлари ҳижрий 1414 йил зулҳижжа ойининг 24 санасидан муҳаррам ойининг 5 санасигача, яъни 1993 йилн 14-25 июнь кунлари Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири амир Саид Фейсал бошчилигидаги САҚ делегацияси иштирок этган Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена конференцияида муҳим роль ўйнади.

Конференцияда ноҳукумат ташкилотлари иши давлатлар ва ҳукуматлар фаолиятидан асло фарқ қилмади, бу эса асосий инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши устидан ғамхўрлик баҳонаси остида давлатлар ва нодавлат ташкилотлари томонидан асосий инсон ҳуқуқларининг бузилишида айбланган мамлакатлар ишига халқаро аралашуви қонунийлиги ҳақидаги фикрлар тўғрилигига яна бир бор ишонтиради. Ноҳукумат ташкилотлари орасида ўз фаолиятини тўлалигича айнан шу муаммога бағишлаган ташкилотлар ҳам бор. Улар халқларнинг ижтимоий, маданий, диний ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олмасдан, ягона намуна сифатида ғарб модели танлаб олинган, бўҳтонлардан холи бўлмаган маърузаларни ифодалайди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ғарб мактабининг танқиди

Сиёсий маънода инсон ҳуқуқлари бўйича дастлабки Европа мактаби XVIII асрда пайдо бўлган. Бу мактаб раҳбарлари ва мутафаккирлари жамиятда умумий эркинликларни тасдиқлаш ва уларни ҳукумат бунинг учун қонун олдида жавоб бермаган ҳолда буза олмайдиган қилишга уринган. Шу сабабга кўра, Европада инсон ҳуқуқлари конституцияда эълон қилинадиган умумий эркинликлар масаласи билан боғланарди. Бу фикрга рози бўлмасдан бўлмайди, чунки сиёсий режимлар бир хил бўлмаган, бу эса инсон ҳуқуқлари ғоясининг кучсизлашувига, унга нисбий характер берилиши ҳамда умумий ҳуқуқ ва эркинликларнинг гўёки ҳукуматга қарши йўналтирилгани ва унга қарамасдан мавжудлигига олиб келган.

"Умумий эркинликлар" тушунчасини "инсон ҳуқуқлари" атамасидан узоқ вақт давомида ажратиб бўлмаган, чунки умумий эркинликлар тасдиқланиши, ҳукумат билан ўзаро муносабатларда шахснинг бу ҳуқуқларни қўлга киритиш тамойилининг мустаҳкамланиши ўша даврдаги мутафаккирлар ва айниқса, ҳуқуқшуносларнинг жуда кўп вақтини оларди.

Гап шундаки, умумий эркинкларнинг айримлари, масалан, сўз ва фикр эркинлиги ҳукумат ва ҳукмронлик қилувчи сиёсий режим билан чамбарчас боғлиқ бўлган, шу сабабли конституцияга бу эркинликлар ва уларга риоя қилинишининг кафолатларини белгилайдиган матнлар киритилган. Буни шу билан изоҳлаш мумкинки, Европа давлатлари халқлари руҳонийлар зўравонлиги ва ҳукуматлар истибдодидан азият чекарди.

Инсон ҳуқуқлари борасида Европа мактаби ривожланган ва ҳақиқат ғоясига етиб келган. Ушбу ғояга кўра, инсон ҳуқуқлари деб шахснинг у инсон эканлиги учунгина эга бўлиши лозим бўлган ҳуқуқларга айтилади. Бунда уларнинг қонун билан ҳимоя қилиниши асосланмайди, балки ҳукумат томонидан берилмайдиган ва ҳимоя қилинмайдиган инсон ҳуқуқлари саналиши муҳим ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқлари концепциясининг бундай ривожланиши ҳақиқат ғоясига бориб тақалади, бу эса юқорида айтиб ўтилганидек, Европа инсон ҳуқуқлари мактаби ундан вужудга келган бошқа асос саналади. Унинг моҳияти шундан иборат эдики, инсон ҳуқуқлари ҳукуматга қарши йўналтирилган умумий эркиниклардир. Бундай қарашлар ҳеч қандай танқидга бардош бермайди, чунки айрим ҳуқуқларни қандайдир эркинликлардан бири деб ҳисоблаш мумкин эмас, масалан, ижтимоий таъминот ҳуқуқи – чунки буни «эркинлик» деб ҳисоблаб бўмайди.

Ислом нуқтаи назаридан, айтиб ўтилган ҳуқуқлар умумий бўлиши лозим ва шахс улардан нафақат ҳукумат билан, балки бошқа одамлар билан ўзаро муносабатларда ҳам фойдаланади. Хусусан, инсон қадр-қиммати Ислом нуқтаи назаридан ўз-ўзидан қимматга эга ва инсон нафақат ҳукумат билан, балки ҳамма билан ўзаро муносабатларда ўз қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Боз устига, Ислом инсонни унинг эркин ихтиёри ички ва ташқи намоён бўлишларидан тийиб туради, бу ҳақида қуйироқда гапирилади.

Замонавий Европа мактабида инсон ҳуқуқлари ғоясининг ривожланиши, эҳтимол, бу ҳуқуқлар инсонга шундайлигича берилиши ҳамда бу ҳуқуқларнинг мавжудлиги ёки йўқлиги қонун уларни белгилаб бермаслиги сабабли қонун билан белгиланишига боғлиқ эмаслигини Исломий тушунишга мос келади.

Агар позитив ҳуқуққа асосланган қарашлар инсон ҳуқуқлари манбаси деб жамоатчилик онгини ҳисоблайдиган бўлса, мусулмонлар фикрига кўра, улар Аллоҳнинг амри билан, Унинг ҳакимлиги, Унинг қонуни ва У одамларни ўзининг бошқа яратган мавжудотларидан афзал кўриши сабабли алоҳида ҳуқуқларга эга бўлган одамлар эканлиги туфайли маълум бир ҳуқуқларга эга бўлади.

Ижобий ҳуқуққа асосланган, инсон ҳуқуқлари манбаси жамоатчилик онги ҳисобланиши ҳақида қарашлар пайдо бўлишининг сабаби бу ҳуқуқлар манбаси деб динни ҳисоблашни истамаслик билан асосланади.

Айнан шу сабабли жамоатчилик онги инсон ҳуқуқларининг асл манбаси – Аллоҳ Таоло ва Унинг дини қонунига яқинлашмасдан, бу ҳуқуқлар манбаларини ошириш истагини ифодаловчи сифатида тақдим этилган.

Европача қараш инсон ҳуқуқлари манбасининг кўтарилиши ва унинг Аллоҳ билан боғланишида умумжаҳон амалиёти ва муроса кафолатини кўрадиган юз миллионлаб кишиларнинг фикрларига мос келмайди.

Шариатда инсон ҳуқуқлари одамларнинг ихтиёридан, замон ва макон тоифаларидан, турли доктриналардан, яъни ўз тартиби ва қонунларига эга бўлган турли мамлакатлардаги турли амалиёт мезонларидан қатъи назар ниятдан келиб чиқади. Қисқача айтганда, бу ҳуқуқлар Аллоҳнинг ўз каломида ва шариатнинг умумий асосларида изоҳлаб берган, ҳамманинг ва ҳар бир кишининг – ҳукмдор ва фуқаронинг, давлат ва халқларнинг бажариши учун мажбур қилиб қўйган бандаларига кўрсатган марҳаматлари қаторига киради. Шариат ҳукуматнинг қўлида қурол ёки одамларнинг жамият ё ҳукмдорларга қарши чиқиши учун далил ҳисобланмайди. Замон ва макон тоифалари билан боғлиқ бўлмаган Ислом дунёқарашларига кўра, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш уларга риоя қилинишининг энг ишончли кафолати уларнинг манбаси эканлигидан келиб чиқиб кафолатланади.

Европача тушунишда инсон ҳуқуқлари асосида ётадиган қадриятлар, масалан, эркинлик ва тенглик мутлақ характерга эга ва жамият ҳолати, замон ва макондан қатъи назар ўзгармайди деб таъкидлаш хато бўларди.

Гап шундаки, "инсон ҳуқуқлари" тушунчаси баҳолаш нуқтаи назаридан замон, макон ва шароитлардан қатъи назар барча жамиятлар учун умумий мезонларга бўйсунадиган илмий тушунча деб ҳисобланиши мумкин эмас. Масалан, бизнинг кунларда асосий инсон ҳуқуқлари саналган эркинлик, адолат ва тенглик ҳуқуқлари турли жамиятларда турлича баҳоланади ва уларга бир хил аҳамият берилмайди.

Айрим давлатлар эркинликка яққол сиёсий маъно бахш этади, бошқалар –ижтимоий, учинчи давлатлар – маданий, тўртинчи давлатлар – индивидуал ва ҳаттоки буни жинсий эркинлик деб атайди, ваҳоланки аслида бундай эркинлик ҳақиқий анархия ҳисобланади. Олий қиммат сифатида кўриб чиқиладиган одамлар орасидаги тенглик моддий манфаатлар ва ижтимоий доктриналарга бўйсунади. Адолатлилик кўпинча турли манфаатлар ва инжиқликларга қараб талқин қилинади.

Кўриниб турибдики, "қадриятлар" тушунчаси ўзгарувчан ва нисбий характерга эга. Демак, эркинлик ва тенгликни бир хилда тушунишга, шунингдек, уларнинг тўғрилиги ва амалий қўлланишини кафолатлайдиган меъёрларга келишнинг имкони йўқ, бу эса бизни олий инсоний қадриятларни аниқлашда замон ва макон нисбий тоифаларига таянмаслик керак.

Ишончимиз комилки, бунга фақат замон ва макон, одамлар қонунидан юқорироқ бўлган қонунчиликнинг олий манбасига, Аллоҳга ишонган киши эътиқодга асосан бўйсунадиган манбага таянган ҳолда эришиш мумкин. Шу сабабли инсон ҳуқуқлари масаласида нисбийликлан мусулмонларда унинг асослари ва матнларига киритилган илоҳий манбага эга бўлган Ислом шариати билан ифодаланган йўл билан эришиш мумкин.

Замонавий мактаб эришган инсон ҳуқуқларини тушуниш биз юқорида айтиб ўтган йўлдаги қадам эканлигини инкор қилиш мумкин эмас. Унга мувофиқ инсон ҳуқуқларининг манбаси ҳар қандай жамият маълум бир вақтда ўз қонунлари, урф-одатлари, анъаналари ва маданий мероси асосида белгилайдиган ижтимоий тузилма манбасидан олийроқдир.

Бироқ инсон ҳуқуқлари манбасини жамоатчилик онги билан бундай чегаралаш инсоният ва инсонлар тарихи ундайдиган универсалликка эришиш учун етарли эмас.

Буларнинг барчаси бизга шуни яққол кўрсатадики, жамоатчилик онги белгиланган вақтда ва белгиланган жойда шаклланади, бу эса ўз-ўзидан чидаб бўлмас ноҳақлик ҳисобланади ва инсон ҳуқуқлари ғоясининг ўзига зид келади.

Кўплаб жамиятларда, айниқса, қадимги империялар даврида ва ҳатто замонамизнинг айрим сиёсий режимларида ва айнан Европада, энг арзимас сабабларга кўра инсон ҳаёти қадр-қимматини назар-писанд қилмасдан муносабатда бўлган ҳолда инсоният онги Европа дини, ирқи ёки манфаатлари билан фарқ қиладиган бошқача жамиятда жабр-ситам ва азоб-уқубатларга муроса қилмаганми? Европалик мустамлакачиларнинг Африка ва Осиёдаги ҳаракатларига қисқача назар ташлаб чиқиш бунинг ёрқин далили бўлиб хизмат қилади.

Жамоатчилик онги, тахмин қилинганидек, бутун инсониятга нисбатан амал қилиши ва ҳар бир киши фойдаланиши лозим бўлган инсон ҳуқуқлари олий манбаси бўлиши мумкин эмас. Бундан ташқари, агар уларни аниқлаш, баҳолаш ва кафолатлаш жамоатчилик онгига боғлиқ бўлса, инсон ҳуқуқлари тушунчасига нисбий характер берилади.

Ҳаттоки инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш, тенглик ва ижтимоий таъминот каби асосий ҳуқуқлар билан боғлиқ тушунчалар ҳам уларга шак-шубҳасиз, белгиланган вақтда, белгиланган жойда ва турли шароитларда шаклланадиган жамоатчилик онги киритадиган мазмундан келиб чиқиб нисбий қимматга эга бўлиши хавфлидир.

«Жамоатчилик онги» иборасидан фойдаланиш замон ва макондан қатъи назар нормал инсон онги кўзда тутилган ҳолларда оқланган бўлади. Лекин бунда биз бу ерда гап инсонда аввалги ваҳийларни якунлаган ва бекор қилган Ислом, одамларга шариатга мувофиқ Аллоҳга сажда қилишни буюрадиган Ислом пайдо бўлгунга қадар бир-бирининг ортидан келган ваҳийлар орқали юқоридан тушган динлар қадриятлари инсонда шакллантирган онг ҳақида боради, деган хулосага келамиз.

1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон  декларацияси барча халқлар учун умумий намуна бўлиб хизмат қилиши лозим бўлиб, бу инсон ҳуқуқларига кўпроқ аҳамият қаратишга имкон берган бўларди.

У атиги биринчи қадам бўлиб, унинг ортидан ижро этилиши мажбурий бўлган инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонун ишлаб чиқиш келиши лозим.

БМТ Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон  декларациясидан ўрин олган бандларни халқаро конвенцияга айлантириш учун саъй-ҳаракат қилган, натижада ижтимоий-иқтисодий ва фуқаролик-сиёсий ҳуқуқлар бўйича икки конвенцияни ишлаб чиқиш якунланди. Бу конвенциялар 1966 йил 16 декабрда қабул қилинди, лекин ижро учун фақат 1976 йилга келибгина қабул қилинди.

Юқорида айтиб ўтилган иккита конвенциядан ташқари, инсон ҳуқуқлари масаласига қизиқиш бошқа бир қатор битимларда, масалан, ирқчиликни тугатиш ҳақида халқаро битимда, бола ҳуқуқлари ҳақида битимда, ишчи-муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида битимда ўз аксини топган. Бундан ташқари, халқаро даражада инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича ишлар турли ташкилотлар, энг аввало, БМТ Бош сессияси доирасида олиб борилди. Бу ишда минтақавий ташкилотлар, масалан, Араб мамлакатлари лигаси ва Ислом конференция ташкилоти ҳам иштирок этган.

Халқаро ташкилотлар ўз фаолиятида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларни тадқиқ этиш ва уларга турли мамлакатда риоя қилинишини назорат қилиш, мавзу бўйича тақдим этиладиган маъруза ва баёнотларни ўрганиш билан шуғулланадиган мутахассислар комиссиясига таянади.

Халқлар даражасида ушбу масалага қизиқиш бир қатор ноҳукумат ташкилотлари ўзини кўрсатишига имкон беради. Уларнинг айримлари ролига ортиқча баҳо бериб юборилган, масалан, «Халқаро амнистия» ташкилотининг маърузалари шахсий манфаат ва тарафкашликдан холи эмас. Бу ташкилотларнинг камчилиги Европадан ташқаридаги халқлар ва мусулмонларнинг диний ва маданий-ижтимоий хусусиятларини билмаслиги ҳисобланади.

Бу ерда Ислом қонунчилиги ва ижобий ҳуқуққа, яъни инсон белгилаган қонунларга асосланган, инсон ҳуқуқлари масаласи яққол намоён бўладиган барча қонунчилик тизимлари ўртасидаги асосий ва жиддий фарқни кўрсатиш зарур.

Маълумки, Ислом қонунчилигида шариат барча ҳуқуқлар манбаси сифатида кўриб чиқилади ва унинг (шариатнинг) кўрсатмалари ва унинг универсал негизи доирасидан чиқадиган инсон учун аниқ белгиланган ҳуқуқлар йўқ. Шу туфайли шариат ҳуқуқнинг асоси, унинг манбаси, таянчи, ушбу ҳуқуқнинг мавжудлиги ва жамиятда ижро этилиш кафолати ҳисобланади.

Бироқ ижобий ҳуқуққа асосланган тасаввурда биз қарама-қарши нарсани ҳам учратамиз. Бу ерда ҳуқуқ – қонуни ва қонунчиликнинг негизи ҳисобланади. Бу унинг моҳияти жамият ҳақиқий, тўғри деб ҳисоблайдиган, сўнгра унда қонун ва тизимга айланадиган ҳамма нарсанинг негизи ҳисобланади. Демак, ҳуқуқ бу ерда қонунийлик манбаси қандай бўлишидан қатъи назар, мавжуд ҳукумат томонидан белгиланадиган тизим ва қонуннинг асоси ҳисобланади. Ушбу ҳуқуқ манбаси илоҳий қонун-қоидалар эмас, балки одамлар маълум бир вақтда ва маълум бир жойда у ёки бу жамиятда тўғри деб ҳисоблайдиган нарсалар ҳисобланади. Бунда ҳамма одамлар эмас, бу кўпчиликнинг қандай бўлишидан қатъи назар, фақат аҳолининг кўпчилиги шундай деб ҳисоблайди.

Биз, мусулмонларга келадиган бўлсак, ҳуқуқларни белгилаш учун умумий ва оддий мезонга, чунончи, дин ва эътиқод асосидаги ҳамма нарсалар унга бўйсунадиган мезон саналган илоҳий қонунга эга бўламиз.

Ижобий ҳуқуққа асосланган тизимлардаги қоида умуман бошқача бўлиб кўринади, чунки унинг асосида ҳуқуқлар белгиланадиган мезон табиатан нисбий, замона ва макондан, турли диний ва маданий меросдан келиб чиқиб, турли ўзгаришлар таъсирига учрайди. Бу турдаги мезон ҳақида баҳслашиш, муҳокама қилиш, жамиятда мавжуд шароитлардан келиб чиққан ҳолда тасдиқлаш ёки инкор қилиш мумкин. У бир жамиятда асос сифатида қабул қилиниши, бошқа бир жамият эса уни маъқулламаслиги ёки худди шу жамият бошқа вақтда тасдиқламаслиги мумкин.

Одамлар томонидан яратиладиган тизимлар инсон ҳуқуқларини жамоатчилик онги билан боғлаган ҳолда бу нисбийликдан қочишга қанчалик ҳаракат қилмасин, бу онг исталган ҳолатда ҳам замон ва макондан келиб чиқиб шакллантирилади, айниқса, «жамоатчилик» сўзи бу маънода бутун инсоният жамиятига алоқадор бўлиши лозим бўлган бўлса, лекин реал воқеликда бундай қоида шу пайтгача мавжуд бўлган эмас.

Шу билан бир пайтда, инсонлар ҳамжиҳатлигининг ушбу тамойили асослари Қуръони каримда келтириган, деб таъкидланади Исломда. Аллоҳ таоло айтадики: “Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13)

Исломга мувофиқ, бутун инсоният битта руҳдан яратилган, бу ҳақида Аллоҳ таоло айтади: “Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар...” (Нисо сураси, 1)

Ислом қонунчилигида асос ва негизнинг соғлом ва тўғрилиги яққол кўзга ташланиб туради. Исталган пайтда ва исталган жойда одамлар учун мўлжалланган шариат, Аллоҳнинг қонуни ҳуқуқнинг асоси ва манбаси ҳисобланади, бу эса ҳуқуқ на вақт, на жой ва турли мамлакатлардаги турли шароитлар билан чекланмаган манбага эга эканлигини англатади.

Исломий нуқтаи назардан ҳукумат ўзини ундан ҳимоя қилиши лозим бўлган одамлар билан қарама-қаршиликда иштирок этувчи томон бўлмаган ҳолда одамлар манфаатлари ҳақида қайғурадиган кафил, ишончли шахс ҳолатини эгаллайди, чунки бу ҳукумат шариат асосида ётадиган тамойиллар ва қоидалар мажмуи билан чегараланади.

Бу ғоя, чунончи, ҳукумат ишончлилиги ва унинг одамлар олдида жавобгарлиги келиб чиқиши бўйича Исломий ҳисобланади ва унинг ўзи жамиятни ҳукумат билан ҳамкорлик қилишга мажбур этади.

Биз бу ерда шуни тасдиқлаймизки, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон  декларацияси шаклан ва мазмунан фақат ғарб тамаддуни  қадриятлари ва мафкурасини ифодалайди ва Декларацияда баҳолаш ва мулоҳазалар учун фойдаланиладиган асослар бу ҳолатни аниқлик билан топади. Масалан, "гуманизм" тамойилларига кўра, бу соҳада муҳим ҳисобланадики, ўлим жазоси кўринишидаги жазо инсон ҳуқуқларининг бузилиши сифатида кўриб чиқилади. Ушбу мезонга кўра, аёлнинг оила қуриш ҳуқуқи юз миллионлаб одамлар эътиқод қиладиган диний меъёрлар ва қоидалардан қатъи назар мутлақ характерга эга бўлиши лозим. Боз устига, жинсий бузуқликлр учун жазо ҳам инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳисобланади.

Сир эмаски, бундай мезонлар жаҳон миқёсида маъқулланиши ёки ҳурмат топиши мумкин эмас, ахир тамаддунлар, маданиятлар ва ижтимоий меърос хилма-хиллиги, юқоридан туширилган қонунлар ҳақида эса гапириб ҳам ўтирмаймиз, мезонлар ва концепциялар ҳам хилма-хил бўлишини қаттиқ туриб талаб қилади.

Эҳтимол, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон  декларацияси тамойиллари айримлар учун уларнинг олий қадриятлари нуқтаи назар мақбул келмайди. Бироқ, замонавий дунёда ижтимоий мерос шакллари ва маданияти хилма-хиллигини эътиборга олиб, доктриналар, баҳолаш мезонлари ва амалиёт меъёрлари нисбий бўлиши лозим, бу эса, ҳар бир давлатга ўзининг сиёсий тизимлари, унинг халқи манфаатларини, инсон қадр-қиммати борасида бу халқнинг маданий мероси ва қадриятларини ўз қонунлари ва қонунчилигини яратиш имкониятини бериш зарур демакдир, бу эса дунё халқлари тарихий ва ижтимоий мероси, маданияти, тамаддуни, динлар ўртасидаги фарқлар шароитларида инсон ҳуқуқларининг энг биринчи ва энг муҳим тамойилларидан ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, 1993 йил 14-25 июнь куни бўлиб ўтган Вена конференциясидаги мунозараларда кўплаб, айниқса инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий қадриятлар ва айрим тамойиллар иккинчи даражали бўлиб қолиши, кўплаб давлатларнинг сиёсий мақсадлари ва манфаатларига дуч келганда инсон ҳимоясини таъминламаслиги сабабли аниқлаш ва баҳолашдаги иккиюзламачи стандартлар ва доктриналар ҳар хиллиги қўрқитадиган ривожланаётган давлатлар соғлом мантиқига розилик намойиш этдилар. Бошқа томондан, бу тамойиллар ва қадриятлар буюк давлатларнинг сиёсий манфаатларига мос тушганда айрим давлатларга қарши қурол сифатида фойдаланилади. Бугунги кунда кўплаб Ислом муаммоларига, масалан, Босния ва Герцеговина, Кашмир, Фаластин муаммосига нисбатан мулоҳазалар ва амалиётда мезонлар иккиюзламалигини кузатиш мумкин. Мезонлар диний мутаасиблик, ирқчилик ва манфаатлардан келиб чиқиб фарқланади.

Шуниси афсусланарлики, жаҳон ҳамжамиятини даҳшатга солган инсон ҳуқуқларининг бузилиши буюк давлатлар томонидан адолатли баҳоланмади, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бу халқларга қарши тажовузкорликни бартараф этишги интилиш кузатилмади. Бунинг ажабланарли жойи ҳам йўқ, чунки бу давлатларнинг оммавий қирғинларга, одамларнинг ота-боболари яшаб келган жойлардан қувғин қилинишига, аёлларнинг зўрланишига нисбатан позицияси бу давлатларнинг сиёсий манфаатлари доирасидан чиқмаган.

Ҳатто «Халқаро амнистия» каби машҳур ноҳукумат ташкилотлари ҳам ноаниқ, тушунарсиз айблашлар билан чекланган ва худди Африка ёки Осиё давлатида бир рўй берган воқеага каби иштиёқ билан бу даҳшатли жиноятлар айбдорларини таъқиб қилишни рад қилдилар.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ислом мактабининг асослари

Дастлаб дин ва қонунчилик масалалари бўйича мутахассис бўлмаганларга нотаниш бўлган муҳим бир ҳақиқатни кўрсатиб ўтиш зарур. Боз устига, бу масалага ҳатто айрим мутахассислар, айниқса, ғарб фикри таъсири остида бўлган мутахассислар ҳам эътибор қаратмайди. Гап шундаки, ғарб мафкурасида дин, янги пайтдан бошлаб, аста-секинлик билан жамият ва шахслар ҳаётидан чиқиб кетмоқда, унинг ягона соҳаси фақат одамни унинг Худоси билан алоқаси эканлигига ишонч ўсмоқда ва унинг жамиятни тузатиш соҳасидаги таъсири иккинчи ўринга тушиб қолмоқда.

Ўрта асрлар Европасида юзага келган тарихий ва сиёсий шароитлар туфайли 1789 йил Француз инқилоби ғалабасидан сўнг черковни давлатдан ажратиш тамойили устунлик қилган. ХХ аср бошида, бу сафар марксизм томонидан жамиятни диндан ажратиш борасида жиддий ҳаракатлар амалга оширилди, лекин пировардида мафкура ва амалиётда муваффақиятсизликка учради.

Ғарб мафкурасининг динга муносабати динни таърифлашда яққол намоён бўлади. Ғарбда динни одамлар ҳаётидан чиқариб ташлаш ёки уни ғоявий жиҳатдан одамлар учун чалкаш ва тушунарсиз қилиб қўйишга интиладиган ҳар қандай фикрлар учун яроқли бўлган ўнлаб таърифлар фойдаланилади. Бундай ҳолат Исломда тушунарли ва деталлаштиришни талаб қилмайдиган сабабларга кўра мутлақ рад қилинади.

Саудия Арабистони уламолари Европанинг айрим йирик ҳуқуқшунослари билан учрашуви вақтида инсон ҳуқуқлари масаласида дин тушунчаси борасида фикрлар қарама-қаршилиги вужудга келди. Гап шундаки, йигирма йилдан ортиқ вақт давомида Европалик йирик қонуншунослар ва мафкурачилар Саудия Арабистонининг Париждаги элчихонаси орқали Исломда инсон ҳуқуқлари концепциясини чуқур кўриб чиқиш мақсадида Қироллик уламолари билан учрашиш истагини билдириб келган.

Ҳижрий 1392 йил сафар ойида (1972 йил март) Қироллик Адлия вазирлиги учта симпозиум ташкил қилиб, уларда Саудия Арабистони манфаатларни Адлия вазири, шунингдек, бир нечта уламо ва Қироллик университетлари ўқитувчилари ифодалаган. Европа томонидан тўрт нафар йирик ҳуқуқ профессори иштирок этган:

1.    Ирландия собиқ ташқи ишлар вазири, Европа қонунчилик комиссияси Бош котиби.

2.    Ислом тадқиқотлари билан шуғулланадиган шарқшунос ва профессорлардан бири.

3.    Умумий ҳуқуқ соҳасидаги профессорлардан бири ва Францияда чиқадиган, инсон ҳуқуқлари соҳасига ихтисослашган халқаро журнал ношири.

4.    Париж апелляция судининг бош адвокатларидан бири.

Форум ҳужжатларида айтилишича, Европа томони улар фикрига кўра нозик саналган бир нечта савол берган. Бироқ саудияликлар уларни олқишлаган ва жавоб беришга тайёрлигини айтган.



Бу саволларнинг қисқача мазмуни

1.    Саудия Арабистони Қуръони каримни Қироллик қонунларининг асоси ва конституциясининг негизи сифатида қабул қилган. Бироқ Қуръони карим бундан 14 аср олдин пайдо бўлган ва бу, европаликлар фикрига кўра, эътиборга олиниши лозим.

2.    Қуръонда ёдга олинадиган ўлим жазоси, қўл-оёқларни чопиб ташлаш ва дарра уриш каби жазолар.

3.    Аёллар масаласи.

4.    Касаба уюшмалар тақиқланганлиги ва конституция (бошқарув тизими) тузишни рад қилиш.

Меҳмонлар ҳозирги кунда қонуншунослар уларнинг мавжуд эмаслигига қарши чиқадиган апелляция судлари Қиролликда мавжудлиги ҳақида савол беришган.

Саудияликлар учун бу саволлар қўйилиши европалик олимларга асл Исломий тушунчалар моҳияти нимадан иборат эканлигини кўрсатиш учун имкон бўлди. Бу ажойиб ташвиқот акцияси бўлди, чунки кўплаб ғарб олимлари ва мафкурачилари Ислом ҳақида, унинг асослари, урф-одатлари, расм-русумлари, тушунчалари ва юқори мақсадлари ҳақида, айниқса, одамларни ҳақиқий илоҳий йўлдан ажралган ҳолда ишонтиришга интиладиган ғарб кучли жаҳон сезадиган масалаларда билимлар олади. Биз айтиб ўтганимиздек, бу одамлар инсон ҳуқуқлари масаласида дин учун жой қолдирмайди ва улардан тўлалигича юз ўгиради. Уларда инсон ҳуқуқларини инсон ўзи учун белгилаб олади. Шунда юзага келиши муқаррар бўлган қийин савол юзага келади, чунончи, ҳамма қонунчилик тизимлари ҳуқуқ инъом этадиган олий ҳукуматни белгилаб беради, бу ҳуқуқлар оладиган ва фойдаланадиган шахсларни белгилаб беради.

Юқорида кўрсатиб ўтилганидек, шунга асосланган ҳолда, бу ҳуқуқлар манбаси жамоатчилик онги ҳисобланади. "Онг" сўзи ноаниқ маънога эга, «жамоатчилик онги» иобрасига келадиган бўлсак, аслида унинг мавжудлиги ҳақида фақат тахмин қилинади, холос.

Учрашув давомида Қироллик уламолари мусулмонлар ва бошқа дин вакиллари, бир томондан, шариатда белгиланган доимий ва умумий тамойиллар, иккинчи томондан  эса хусусий қарорлар (маълум масалалар) ўртасида тафовутлар ўтказган ҳолда дин тушунчасига нималар киритишини тушунтириб бердилар. Билимдонларнинг тушунтиришича, шариатда белгиланган жиддий ва майда жиноятлар учун жазолар тизими одамлар ҳаёти, ор-номуси ва мулкига тажовузлар ва жиноятчилик даражасини минимал ҳолатга туширадиган жиноят ҳуқуқи соҳасида оқилона сиёсат ҳисобланади.

Юқори малакали уламолар ва дин тарғиботчилари томонидан Ислом дини асосларига, унинг шариати ва қадриятларига зид келадиган мафкурага қаршилик кўрсатиш мақсадида амалга оширилган бу ташвиқот акцияси европаликларни шариат ва унинг доирасида инсон ҳуқуқлари ҳақида эшитганидан қойил қолди.

Делегация раҳбари жаноб Мак-Брайт айтганидек: «Инсон ҳуқуқлари ҳақида айнан шу ердан, шу Ислом мамлакатидан баёнот бериш керак, бошқа жойдан эмас. Ислом олимлари жаҳон ҳамжамиятига маълум бўлмаган, уларни билмаслик Ислом, мусулмонлар ва Исломий бошқарувни бузиб кўрсатишнинг сабаби бўлган бу ҳуқуқлар ҳақида баёнот беришлари зарур».

Европа делегациясининг бошқа бир аъзоси айтдики: «Мен, насроний, маълум қиламанки, бу мамлакатда дарҳақиқат Худога сиғинишади ва мен жаноб илоҳиётчиларнинг инсон ҳуқуқларига оид Қуръон қоидалари, мен улар ҳақида эшитган ва уларнинг амалиётда қандай татбиқ этилишини кўргандан кейин, шубҳасизки, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясидан утунлик қилади деган фикрига тўлиқ қўшиламан».

Бундай симпозиумларда инсон ҳуқуқларига Исломий қарашлар ўзига хос характерининг жиҳатларидан бири ёрқин намоён бўлади.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ислом қонунчилигини бошқалардан ажратиб турадиган хусусиятлар

Биринчидан, Исломда инсоннинг ҳар қандай ҳуқуқи Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам суннатида ва Қуръонда қайд қилинган шариат меъёрларида карор топган нарсаларнинг натижаси ҳисобланади, инсон ҳуқуқлари билан ҳуқуқий ва ижтимоий-сиёсий соҳаларда тадқиқотларни узоқ муддатли ривожлантириш ва жадаллаштиришдан кейин ҳозирги босқичида танишган европача фикрлашда натижаси эмас.

Қуръони каримда одамларга иззат қилингани ҳақида оят бор. Аллоҳ Таоло айтдики: “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик” (Исро сураси, 70). Кўп асрлар ўтгач, худди шу ибора преамбуласи «инсонлар жамияти барча аъзоларининг қадр-қиммати» сўзларидан бошланадиган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон  декларациясига ҳам киритилди.

Иккинчидан, ўз-ўзидан ирқи ва танасининг рангига қараб ҳар қандай тафовутларни инкор қиладиган Одам Ато авлодларидан бўлган инсон ҳуқуқлари шариатда Ислом қонунчилик тизимининг бир қисми сифатида намоён бўлади ҳамда унинг диний таълимоти ва ахлоқий тамойиллари билан чамбарчас боғлиқ. Инсон ҳуқуқлари нафақат у ёки бу ҳуқуқ ва униг кафолатларини, балки уни бузгалик учун кўзда тутилган жазони ҳам кўзда тутадиган Қуръон ва Суннат қоидалари билан кафолатланади.

Шундан кейин, ҳаёт ҳуқуқи кафолатланади: “Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдирманг. Магар ҳақ ила бўлса, майли...”  (Анъом сураси, 151).

Бу ҳуқуқни бузганлик учун жазо қуйидаги тарзда белгиланади: “Эй иймон келтирганлар! Сизга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди...” (Бақара сураси, 178). Жазо фиқҳ бўйича китобларда батафсил баён қилинган ва жамиятнинг ҳам, алоҳида шахснинг ҳам ҳуқуқларини кафолатлайдиган шариатда аниқ белгилаб қўйилган шартларига мувофиқ амалга оширилади.

Худди шу тарзда жамиятда ўзаро ёрдам ҳақида Аллоҳ таоло каломида ҳам келтирилган: “Уларнинг молу мулкларида мвълум ҳақ бордир. Сўровчи ва бечоралар учундир” (Маъориж сураси, 24-25). Ислом арконларидан бири бўлган закот ҳақида кўрсатмалар Ислом жамиятида ижтимоий ўзаро ёрдам кўрсатишни амалга ошириш мақсадлари учун мўлжалланган маблағларни кўрсатади ва белгилаб беради. Қуръони каримда Аллоҳ таоло жамият бойлиги ҳисобига уларни маблағлар билан таъминлаш ҳуқуқига эга бўлган одамлар кўрсатилган: “Албатта, садақалар фақирларга, мискинларга, садақа ишида ишловчиларга, кўнгилларини улфат қилинадиганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлига ва йўл ўғлиларига берилиши Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир” ( Тавба сураси, 60).

Шариатда одамлар ўртасидаги тенглик ҳуқуқи ҳам белгилаб қўйилган, чунки Қуръони карим одамларнинг бир-биридан устунлик мезони этиб тақводорликни, яъни Аллоҳдан қўрқиш ва бунинг натижасида эзгу ишлар қилиш мажбурияти ётади. Аллоҳ таоло айтадики: “...Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир...” (Ҳужурот сураси, 13). Аллоҳ одамларни ирқий мансублиги ва танасининг ранги  бўйича бир-биридан афзал кўришни тақиқлайди. Кўзга кўринган саҳобалардан бири бошқасига қарата «Ҳой, қоратанли!» деб мурожаат қилганида Пағамбаримиз Муҳаммад сололлоҳу алайҳи васаллам бу иборани жоҳилият қолдиқлари, яъни фақат жамият қолоқлиги ва нодонлигига ботиб қолганлар учун яроқли бўлган Исломдан олдинги мезонлар ва қадриятлар сифатида тавсифлаган. Шунда саҳоба юзини ерга босиб, хафа қилган кишидан кечирим сўраган.

Учинчидан, Қуръон нозил бўлган пайтдан бошлаб инсон қадр-қиммати умумий шиор эмас, Ислом диний таълимоти ва ахлоқининг таркибий қисми ҳисобланган қонунчилик тизими бўлган. Ушбу тизимнинг муҳим ажратиб турадиган жиҳати шундаки, у жамият барпо этишда умумий назарияга таянади.

Инсон қадр-қиммати Исломда Аллоҳ яратган энг муносиб мавжудот сифатида кўриб чиқилиши энг муҳими ҳисобланган далиллар йиғиндисига таянадиган инсон ҳуқуқлари орасида аввалбошдан энг муҳими ҳисобланади. У Аллоҳ томонидан яратилиш бахтига муяссар бўлган. Аллоҳ Таоло айтадики: “Бас, қачонки уни тўғрилаб бўлганимда ва ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда, унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинг” (Хижр сураси, 29). Аллоҳ таоло Одам атони барча исмларга ўргатган: “Ва У зот одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилди. Кейин: "Агар ростгўйлардан бўлсангиз, анавиларнинг исмларини Менга айтиб беринг", деди.” (Бақара сураси, 31).

Қуръони карим оятлари шундан далолат берадики, инсон ташқи кўриниши ва шакли бўйича энг мукаммал ва яхши суратдаши мавжудот саналади: “Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик.” (Тийн сураси, 4). Жуссаси заиф бўлган бу одам бу дунёнинг ўзаги қилиб белгиланган: “Ва инсон заиф яратилгандир.” (Нисо сураси, 28). Инсон иродаси ва онги бор мавжудот бўлиб, Аллоҳ ердаги ва осмондаги ҳамма нарсани бўйсундириб қўйган: “Ва сизга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни—ҳаммасини Ўз томонидан бўйсундириб қўйди.” (Жосия сураси, 13)

Қуръони каримнинг кўплаб оятлари шуни кўрсатадики, қуруқлик, денгизлар, ўсимликлар ва ҳайвонлар, Коинот унинг ҳаракати ва тартиби билан, кундузи ва кечаси инсонга бўйунади; қуёшнинг, ойнинг, юлдузлар ва сайёраларнинг ўз орбитаси бўйлаб ҳаракати – буларнинг барчаси Аллоҳнинг инсонга марҳамати ва Унинг қудрати аломати ҳисобланади.

Шундай қилиб, Аллоҳ одамларга иззат кўрсатиши оддий бир шиор эмас, аввалбошдан Исломга хос бўлган ҳисобланади ва бунинг исботини Қуръони каримнинг ўнлаб оятларидан топиш мумкин бўлади.

Инсон туғилган пайтдан то унинг ўлимигача қадр-қимматга эга бўлади. Инсон туғилган пайтдан бошлаб ота-онаси учун Аллоҳнинг марҳаматига айланади ва шу сабабли у яшашга, инсонлар жамиятида барча ҳуқуқлардан фойдаланишга муносиб ҳисобланади. Инсон ўлгандан кейин ҳам унга ҳурмат бажо келтирилади: у ювилади, жанозаси ўқилади, одамлар Аллоҳдан марҳумга раҳм-шафқат қилиш ва унинг гуноҳларини кечиришни сўрайди. Ислом инсон танасига тегишни тақиқлайди, ҳаттоки у ўлган ва ҳеч нарсани ҳис қилмай қўйган ҳолда ҳам унинг танасига зиён етказишни тақиқлайди.

Инсон туғилган пайтдан бошлаб бутун ҳаёти давомида ва ўлганидан кейин ҳам Аллоҳ унга тақдим этган қадр-қиммат ҳурматига Пағамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам ўлган одамнинг суякларини майдалашни тақиқлаган.

Ислом – инсон қадр-қимматини илгари одамлар қабул қилган ҳужжатлардан аввал тасдиқлаган ягона диний таълимот ҳисобланади, ахир ҳар қандай хартиялар пайдо бўлишидан 14 аср муқаддам мусулмонлар инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш ҳуқуқидан фойдаланарди.

Аллоҳ ирқи, танасининг ранги ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, одамларнинг ҳаммасига иззат кўрсатилишини талаб қилган.

Шариат шунингдек, мусулмон мамлакатларда яшайдиган ғайридинлар ҳуқуқларини ҳам тартибга солади ва уларнинг яшаш ҳуқуқини, то улар Ислом жаиятидан ташқарида итнч ҳаёт кечирар экан ёки мусулмонлар жамиятида шартнома асосида яшар экан, уларнинг руҳи, танаси, ор-номуси ва мулки дахлсизлигини кафолатлайди.

Буларнинг барчаси Қуръони карим оятларида, суннат ва фиқҳ бўйича китобларда келтирилган изоҳларда баён қилинади.

(давоми бор, Инша Аллоҳ)

Абдуллоҳ ибн Абдулмуҳсин ат-Туркийнинг

"Исломда инсон ҳуқуқлари" китобидан

Абу Муслим таржимаси