loader
Foto

Le Point (Франция): 2030 йил Путин ҳамон Кремлда бўладими?

Вашингтонда жойлашган «Свободная Россия» фонди 170 саҳифадан иборат маърузани чоп этди, унда Россиянинг ўн йилдан кейинги қиёфасини тасвирлаб беришга ҳаракат қилинди. Кўриб чиқилаётган тахминлар орасида ҳозирги Кремлда ўтириш муддати 2024 йилгача давом этадиган собиқ КГБ офицерининг ҳокимият тепасида қолиши ҳам бор.

Конституция Путиннинг кетма-кет уч марта сайланишига йўл қўймагани учун, у яна бир бор тарафдорларидан бири билан ўрин алмашганидан кейин яна юқори лавозимга қайтади. 2012 йил шундай ҳолат кузатилганди, у ҳозирги бош вазир Дмитрий Медведевдан президент лавозимини қайтариб олган. Кейинги сафар у 78 ёшда бўлади, яъни Леонид Брежнев ўлган пайтдаги ёшидан икки ёш каттароқ. Нима бўлишидан қатъий назар, 2020 йил АҚШ президенти лавозими учун курашмоқчи бўлаётган демократ Жо Байден (Joe Biden) ҳозир айнан шу ёшда.

"Гарчи ёш муҳим рол ўйнаса-да, бундай тахминдан воз кечиш мумкин эмас", дейилади ҳисоботда. Ҳукумат доиралари томонидан бўйсунишга тайёрлик ҳам тахминни кучайтиради. "Ҳозирги элита 20 йил олдингидан анча заиф ва молиявий жиҳатдан Путинга боғлиқ". Шундай қилиб, режим ўзгариши эҳтимоли, афтидан, истисно қилинади. Маъруза муаллифларининг фикрига кўра, фақат иккита институт: армия ва миллий гвардия (400 минг киши) тўнтариш ташаббуси билан чиқиши мумкин. Аммо улар Путиннинг яқинлари томонидан бошқарилади ва махсус хизматлар уларга чуқур кириб боради. Маъмуриятдаги мавжуд ва ислоҳотлар учун очиқ "либераллар"га келсак, улар мунтазам равишда "тозалаш"га дуч келадилар. "Уларнинг изоляциясини ҳисобга олган ҳолда, улар ҳокимиятни ағдаришга қодир эканликларини тасаввур қилиш қийин".

Хитойга боғлиқлик?

Агар Путин ҳокимят тепасида қоладиган бўлса, у заифлашган иқтисодиётни бошқаради. Федерал бюджетда углеводородлар улушининг 2000 йилдаги 25%дан 2017 йил 40%гача ўсганлигини ҳисобга олиб, унинг нефть ва газ экспортига қарамлиги ўсди. Ёмон янгилик: ғазнани тўлдириш учун айни муддао бўладиган нархларнинг кескин кўтарилишидан ҳеч нарса далолат бермайди. Мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсишини фақат бир баррел нефть учун 100 доллардан юқори нархларни сақлаб қолиши мумкин. Ҳозирги пасайиш нима билан боғлиқ? Биринчи навбатда, АҚШ сланец нефти «бум»и муносабати билан таъминот кенгайиши билан. Вазият шунга бориб етдики, АҚШ экспорти 2023 йилга келиб, Россия экспортидан ўзиб кетиши керак. Кейинчалик қайта тикланадиган энергия ва электромобиллар юксалишини таъкидлаш лозим. Ниҳоят, Россия структурали муаммолардан азият чекади: Ғарбий Сибирда ишлаб чиқаришнинг камайиши шароитида Арктика, Шарқий Сибир ва қитъа шельфи каби қийин ҳудудларда хом ашё ишлаб чиқаришга катта миқдорда сармоя киритиш талаб этилади. Вазият бошқа ресурснинг истиқболига путур этказади: кўмир ҳозирда камаймоқда ва Россия дунёдаги учинчи экспортчи ҳисобланади.

Бунинг устига, Россиянинг геосиёсий профили 2030 йилга келиб ўзгаришларга дуч келиши мумкин. Бунга қўшни Хитой билан яқинликнинг ўсиб бораётганлиги сабаб бўлади. Ҳисобот "Хитойга катта қарамлик ва унга бўйсунувчи шерикнинг аниқ мақоми"дан башорат қилади. Аслида, икки давлатнинг иқтисодий ҳамкорлиги биринчи навбатда Пекин учун фойдали. Ўн йил ичида Россияда Хитой инвестициялари ўн баробар ошди. Экспорт 1996 йилдан буён 22 марта ўсди. Москва жавоб сифатида углеводород картасини ишга солади. Россия нефтини етказиб беришда Хитойнинг улуши 2025 йилга келиб 23% 35% гача оширилиши мумкин. Буларнинг барчаси мамлакатнинг Хитой бозорига боғланиб қолишини кучайтиради.

Яна бир савол бор: Россиянинг ҳарбий режалари қандай ўзгаради? Ҳисобот стереотипларга қарши чиқади: мамлакат мудофаа харажатлари келгуси йилларда камаяди ва ЯИМ 3%идан паст бўлади, бу эса 2016 йилдаги 4,7% дан анча камдир. Бундай молиявий чекловлар шароитида "Путиннинг жиддий халқаро можарога олиб келиши мумкин бўлган сценарий эҳтимоли жуда паст кўринади", дейилади ҳисоботда. Шу билан бирга, Россия раҳбари кўлами ва фаолияти бўйича чекланган миқдордаги аралашувлар учун маблағга эга.

Потенциал мақсадлар орасида собиқ СССР Республикаси, Москва томонидан катта миқдорда субсидияланадиган Белоруссия бор. Таъкидлаш жоизки, унинг Президенти рейтинги тушиб кетмоқда. Россия икки мамлакатни бирлаштириш учун биринчи йил овоз бераётгани йўқ. Бундан ташқари, Қозоғистон ҳам нишон остида бўлиши мумкин. Россия ҳукумати майдони бўйича Франциядан 5 марта катта бўлган бу давлатдаги мерос урушларини диққат билан кузатиб боради. Агар янги ҳукумат Россиядан юз ўгиришга қарор қилса, "Путин радикал ечимларни танлаши мумкин, чунки у Ғарбга йўл бериб, яна бир иттифоқчисини йўқотишга тайёр эмас".

Абу Муслим таржимаси