loader
Foto

Қозоғистондаги беш кунлик норозилик намойишларида ҳокимиятнинг риторикаси қандай ўзгарди

Қозоғистонни қамраб олган ва айрим шаҳарларда хавфсизлик кучлари билан тўқнашувларга айланган норозилик намойишлари 2 январ куни мамлакат ғарбидаги Манғистау вилоятининг Жанаўзен шаҳрида бошланди. Уларнинг пайдо бўлишига вилоятдаги автомобилларнинг аксарият қисми ушбу ёқилғида юрадиган суюлтирилган газ нархининг икки баравар ошиши сабаб бўлди. 1 январдан бошлаб ёқилғи нархи литри учун 50-60 тангадан 120 тангага кўтарилди. Жанаўзендаги намойишчилар мамлакатнинг бошқа шаҳар ва қишлоқларида ҳам қўллаб-қувватланди, митингларда сиёсий талаблар кўпроқ эшитилди. Намойишлар кенгайгани сари Қозоғистон расмийларининг бўлиб ўтган воқеалар ҳақида гапириш услуби ўзгарди. Бу қуйидагича рўй берди.



2 январ

Қозоғистон Энергетика вазирлигида норозиликларга сабаб бўлган нархларнинг ошиши бозордаги вазият ва суюлтирилган газга талабнинг ортиши билан изоҳланди. 1 январдан бошлаб ёқилғи савдоси тўлиқ электрон савдо майдончаларига ўтказилди, бу эса, бошқарма маълумотларига кўра, “газ нархини талаб ва таклифдан келиб чиқиб мувозанатлаши” керак эди.

Ўз навбатида, Манғистау вилояти ҳокимлиги газ нархини тартибга солишга алоқаси йўқлигини, чунки бу маҳсулот “рақобат муҳити”га тегишли эканлигини таъкидлади.

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев норозилик ҳаракати қатнашчиларини “намойишчилар” деб атади ва жамоат тартибини бузмасликка чақирди.



3 январ

Қозоғистон ҳукумати Тўқаев топшириғи билан Манғистау вилоятидаги “ижтимоий-иқтисодий вазиятни кўриб чиқиш” учун комиссия тузди, шунингдек, газ нархини тартибга солиш чораларини кўришга ваъда берди. Комиссия аъзоларидан бири, энергетика вазири Магзум Мирзағалиев норозиликларнинг эҳтимолий сабаби Қозоғистон ғарбидаги ёқилғи қуйиш шохобчалари эгаларининг тил бириктириши бўлган, деб ҳисоблайди. Уларга нисбатан Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги томонидан тергов ҳаракатлари бошланган.

Ҳукумат ҳозирча намойишчилар талабини қондира олмаслигини ва газ нархини литри учун аввалги 50 тенгегача тушира олмаслигини эълон қилди. Шу билан бирга, Манғистау вилоятидаги ёқилғи қуйиш шохобчалари эгалари “бизнеснинг ижтимоий масъулияти доирасида” ёқилғи нархини литри учун 85-90 тангагача тушириши маълум қилинди.



4 январ

Ҳукумат комиссияси аъзолари Актауда “Ынтымак” майдонида тинч митинг ўтказаётган намойишчилар билан учрашди. Улар суюлтирилган газ нархини литри учун 50 тангага туширишга ва намойишчиларни таъқиб қилмасликка ваъда беришди.

Бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари ҳукуматнинг истеъфосини ва катта ваколатларни сақлаб қолган Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг катта сиёсатдан кетишини талаб қила бошлади. Кечқурун Алматида тўқнашувлар бошлангани ва полиция махсус воситалар қўллагани ҳақида хабарлар келди.

Тўқаев ҳамон норозилик ҳаракати қатнашчиларини “намойишчилар” деб атаган, бироқ “жамиятимиз барқарорлиги ва бирлигини бузишдан манфаатдор бўлган бузғунчи шахслар”ни ҳам тилга олган. У мамлакат аҳолисига йўллаган видеомурожаатида “юртдошларимизни” “митинглар эйфорияси ва ҳар нарсага ижозат”га берилмасликка, ёшларни эса “ҳаётда уларнинг йўлларини бузмасликка” ва “яқинлар ҳаётини заҳарламасликка” чақирди.



5 январ

Мамлакат ҳукумати истеъфога чиқди. Тўқаев нархлар ошиши учун жавобгарликни Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклади ва ҳукумат инфляцияни жиловлай олмаганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бунда айниқса, Энергетика вазирлиги ва миллий нефт-газ компаниялари айбдор.

Алмати шаҳри, Манғистау ва Алмати вилоятларида, шунингдек, мамлакат пойтахти Нур-Султонда фавқулодда ҳолат жорий этилди. Тўқаев бу қарорини қатор ҳудудлардаги вазиятнинг “кескинлашгани” билан изоҳлади. Хусусан, президентнинг сўзларига кўра, Алматида “молиявий мақсадли” “бандит унсурлар тўдаси” ва “фитначилар” фаолият юритмоқда. У “иложи борича қаттиққўллик” қилишга ваъда берди ва Нурсултон Назарбоевни Хавфсизлик кенгаши раҳбари лавозимидан четлатиб, уни ўзи эгаллашини маълум қилди. У ҳозиргача норозилик намойишлари билан боғлиқ вазият ҳақида очиқчасига изоҳ бермаган.

Алматида намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида шиддатли тўқнашувлар бўлиб, бир неча соат давомида намойишчилар аэропортни эгаллаб олишди, ҳокимлик биноси ва президент қароргоҳини вайрон қилишди. Толдиқўрғон шаҳрида Назарбоев ҳайкали бузиб ташланди.

Тўқаев “террор таҳдиди”ни бартараф этишда ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилган. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда инфратузилма объектлари, жумладан, Алмати аэропортини эгаллаб олган “халқаро террор тўдалари” қозоқ ҳарбийларига қарши кураш олиб бормоқда.



6 январ

5 январдан 6 январга ўтар кечаси Алматида "аксилтеррор операцияси" режими эълон қилинди. Оммавий ахборот воситалари «мародер»лик (талончилик) ҳолатлари ҳақида хабар берди. Эрталаб Республика майдонида юзлаб ҳарбийлар ва қуролли намойишчилар ўртасидаги отишма ҳақида маълум бўлди. Полиция маъмурий бинолар ва Алмати полиция департаментига ҳужум қилган ўнлаб кишилар тунда "йўқ қилингани" ҳақида хабар берди.

Тўқаев мамлакат прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитасига намойишлар сабабларини ўрганиш, айбдорларни аниқлаш ҳамда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш билан шуғулланиши кўзда тутилган гуруҳ тузишни топширди.