Қуръондаги қуёшни билдирувчи арабча сўз шамс бўлиб, уни ифодалаб сирааж сўзи ишлатилган, бу «чироқ» маъносини билдиради, ёки «машъала» маъносидаги ваҳҳааж сўзи, ёки «зиё» маъносини билдирувчи дия сўзлари ишлатилади. Бу учала таърифнинг барчаси тўғри, зеро қуёш давомий иссиқлик ва ёруғликни ички ёнув орқали ҳосил қилади.
Ойни англатувчи арабча сўз қамар бўлиб, Қуръонда уни тасвирлаб муниир сўзи келади, бу «нур таратувчи», яъни «нурни акс эттирувчи», деган маънони билдиради. Яна бир бор Қуръоний ифода ойнинг табиий ҳолатига тўлалигича мувофиқ келмоқда, яъни ойнинг бевосита ўзи нур сочмаслиги, фақатгина қуёш нурини акс эттириши айтилмоқда. Қуръонда бирон жойда ойни ифодалаб сирааж, ваҳҳааж ёки дия сўзлари ёки қуёшни ифодалаб нур ёки муниир сўзлари келмаган. Бу шуни англатадики, Қуръонни нозил қилган Зот қуёш нури ҳамда ой нурининг бир-биридан фарқли эканини жуда яхши билган.
Қуйидаги оятлар қуёш ва ойдан келаётган нурнинг моҳиятига оид:
«У қуёшни зиё ва ойни нур қилган ҳамда сизлар йилларнинг ададини ва ҳисобини билишингиз учун унинг манзилларини ўлчовли қилган Зотдир» (Юнус сураси, 5-оят).
Ва яна бир оятда Аллоҳ таоло шундай дейди:
«Аллоҳ етти осмонни қандоқ қилиб табақама-табақа яратиб қўйганини кўрмадингизми? Ва улар ичида ойни нур ва қуёшни чироқ қилиб қўйганини кўрмадингизми?» (Нуҳ сураси, 15–16-оятлар).
Шундай қилиб, Қуръони Карим ва замонавий илм, қуёш нури ва ой нури ўртасидаги фарқ борасида ўзаро мувофиқ фикрда эканини билиб олдик.