loader
Foto

Кароҳият китоби

Бу китоб кароҳият деб аталади. Кароҳият деганда макруҳ, яъни «ёмон кўрилган нарсалар» тушунилади ва ушбу китобда макруҳамаллар зикр қилинади ва баъзи амаллар-нинг макруҳ эмаслиги, яъни мубоҳлиги қайд қилинади. Макруҳнинг ўзи икки қисмга бўлиниб улар:

1. Макруҳи таҳримий.

2. Макруҳи танзиҳий.

Макруҳи таҳримий деб аталган нарсалар Имом Муҳаммад наздида ҳаромдир. Имом Аъзам ва Абу Юсуф наздларида эса ҳаромга яқинроқдир.

Макруҳи танзиҳий деб аталган нарсалар ҳалолга яқинроқдир.

Очликдан ўлмаслик учун таом ейиш фарздир. Намозни тик туриб адо этишга ва рўза тутишга имкон берадиган даражада ейиш ажру савоблидир. Қувват кўпайиши учун ейиш эса мубоҳдир, яъни, бунга савоб ҳам, гуноҳ ҳам йўқ. Тўйгандан кейин ейиш ҳаромдир. Фақатгина эртанги рўзага қувват бўлиши ёки меҳмон уялиб овқатдан қўл тортмаслиги учун бўлса, бўлаверади.

Кумуш қадалган нарсадан унинг кумуш жойларидан сақланган ҳолда фойдаланиш ва қимматбаҳо тошлардан фойдаланиш ҳалолдир.

Эркакларга олтин ва кумушдан ясалган нарсадан фойдаланиш ҳалол эмас. Фақатгина кумуш узук, кумуш камар ва кумуш билан зийнатланган қилич тақишга рухсат берилган.

Эркак киши ипакдан бўлган кийим киймайди. Бироқ ямоқ солиш, белги қўйиш кабилар учун тўрт бармоқ миқдоричасига рухсат бор. Остига тўшаб ёки ёстиқ қилиб ётиш ҳам мумкин.

Газламанинг арқоғи ипакдан, ўриши бошқа нарсадан бўлса, ундан эркак кишининг ҳам фойдаланишига рухсат бор. Агар аксинча бўлса, ипак салобатли ва пишиқ бўлгани учун фақат урушда фойдаланишга рухсат берилган.

Ёш ўғил болага тилла тақиш ва ипак кийим кийдириш макруҳдир. Гуноҳи шу ишни қилган одамга бўлади. Ёш бола мукаллаф эмас, шунинг учун унинг устида шариат ҳукмлари жорий қилинмайди.

Эркак эркакнинг, аёл киши эса аёл ва эркакнинг киндиги билан тиззаси орасидан бошқа ёғига назар солса бўлади. Эркак киши ўзига маҳрам бўлган аёлларнинг ва ўзгалар чўрисининг танасининг орқа ва қорин тарафи ҳамда сонидан бошқа ерига назар солиши мумкин. Бунга юз, қўл, соч, томоқ, оёқ, билак ва болдир киради. Эркак киши, шаҳват хавфи бўлмаса, бегона аёлнинг юзига ва икки кафтига назар солиши мумкин. Қозиликка, гувоҳлик беришга оид ишларда ва турмуш қуриш, шунингдек, чўри сотиб олиш мақсадида эркакнинг бегона аёлга қарашига шаҳват хавфи бўлса ҳам, рухсат берилади. Шифокор беморнинг назар солиш мумкин бўлмаган ерига даволаш учун зарур бўлган миқдорда қараши мумкин. Бичилган эркак ҳам яқинлик қила олгани учун росмана эркак ҳукмидадир.

Эр-хотин бир-бирларининг барча аъзоларига қарашлари мумкин. Қараш мумкин бўлган аъзоларни эса ушлаш ҳам ҳалолдир.

Эркакнинг эркакни ўпмоғи, кўйлаксиз фақат иштонда бўлса, қучоқлашмоғи макруҳдир.

Ҳайвонни бичиш мумкин. Чунки бу билан ҳайвон семиради ва гўшти мазали бўлади.

Эркак эшакни отга қўшса (урчитса) бўлаверади, лекин афзали бу ишни тарк қилиш.

Чўри хоҳ хожасидан бола кўрган бўлсин, хоҳ бўлмасин, сафарга маҳрамсиз чиқиши мумкин.

Баққолга қарз бериб қўйиб кейин шу қарз эвазига ундан исталган нарсани олиб туриш макруҳдир. Чунки бу судхўрликка ўхшаб кетади.

Нард, шахмат ўйнаш, қўшиқ ва барча беҳуда нарсалар макруҳдир.

Бир юртда унинг аҳолисига зарар келтирадиган даражада инсон ва ҳайвон озуқасини нарх ошганда сотиш учун сақлаб туриш ҳаром.

Имом Абу Юсуф, «бу ҳукм оммага зарар етказадиган барча нарсага тегишли», дейдилар.

Бироқ ўз ерининг маҳсулотини сақлаб туриш ҳаром эмас.

Ҳокимнинг сотиладиган нарсалар нархини қатъи белгилаб қўйиши макруҳ. Аммо сотувчилар нархни ҳаддан ташқари ошириб юборсалар, нархларни қатъи тарзда белгилаб қўйилади. Одамларнинг ўрталаридаги тирикчилик ва дунёвий ишларда бир кишининг сўзи, ким бўлишидан қатъи назар, қабул қилинаверади. Масалан, мусулмон бўлмаган одам, «гўштни мусулмондан сотиб олдим» деса, унинг сўзига ишониб, ўша гўштдан еса бўлади.

Аллоҳ ва инсон ўртасидаги ишларда эса (намоз, рўза, ҳаж каби) фақатгина мусулмон ва тақволи кишининг сўзи қабул қилинади. Масалан, таҳорат қилмоқчи бўлган сувнинг нажас эканини айтган одам мусулмон ва тақволи бўлса, сўзини қабул қиламиз, ундай бўлмаса, қабул қилмаймиз.

Гуноҳ ишларга аралашиб юрадиган ва тақвоси ҳақида маълумотимиз йўқ одамнинг сўзи эса текшириб кўрил-гач, қабул қилинади.

"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Кароҳиятлар