loader
Foto

Фитрий имон

Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом зурриётини унинг пуштидан зарра шаклида чиқариб, уларни ақлли қилди ва уларга хитоб қилди, амр қилди ва қайтарди. Улар Аллоҳ таолонинг рубубиятга (молик, розиқ эканига) иқрор бўлишди. Бу уларнинг (ҳақиқий ё ҳукмий) имони бўлди. Улар ана шу фитратда (сифатда) туғилишади. Кейин ким кофир бўлса, у фитратни ўзгартирган бўлади. Ким имон келтирса ва тасдиқласа, у фитратда собит қолади ва давом этади.



Шарҳ: Жаноби Ҳақ бундай марҳамат этади: “Бас, (эй Муҳаммад!) Юзингиз (ўзингиз)ни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Инсонларни ўша асосда яратган Аллоҳнинг яратувчилигини (англангиз!)” (Рум сураси, 30-оят).

Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай деганлар: “Ҳар бир туғилган гўдак Ислом фитратида (имон билан) туғилади. Сўнг шукр этувчилардан ё куфр келтирувчилардан бўлганини тили билан очиқ айтгунича ота-онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилади” (Муслим, ж.IV, с. 2043, Ҳ №2657, К.Қодар, 5).

Ҳадиси шариф бу оятнинг маъносидир: “Дарҳақиқат, Биз уни (инсонни) хоҳ у шукр қилувчи (мусулмон) бўлсин ва хоҳ ношукр (кофир) бўлсин, йўлга йўлладик” (Инсон сураси, 3-оят).

Хулоса шуки, Мисоқ аҳди (ваъдаси) Китоб ва суннат билан собитдир. Аллоҳ таоло Одам фарзандини пайғамбарлар ва китоблар воситасида тўғри йўлга йўллаши билан бирга, уларга ақл ҳам бериб, Ўзининг рубубияти далилларини кўрсатди. Одам фарзанди Аллоҳ таоло уларга ато қилган ақл ва қалб билан Аллоҳ таолони, Унинг улуҳиятда, рубубиятда ва убудиятда ягоналигини тан олиш, билиш имконига эга. Жаноби Ҳақ бундай марҳамат этади:

“Раббингиз Одам ўғилларининг беллари дан (пушти камарларидан) зурриётларини (руҳларини) чиқариб олиб, уларни ўзларига гувоҳ қилиб туриб: «Мен Раббингиз эмасманми?» (деди). (Улар): «Йўғ-е! (Раббимизсан!) Гувоҳлик бердик», - дедилар. Қиёмат куни: «Биз бундан ғофил (бехабар) эдик...”, демасликларингиз учундир” (Аъроф сураси, 172-оят).

“Ал-Фиқҳ ул-акбар” китобини шарҳлаганлардан бири бундай дейди: “Бу масала ва унга боғлиқ бўлган далиллардан, мушрикларнинг болалари жаҳаннамда(га) бўлади (киради), деган сўз эътиборидан соқитдир. Нечун эътибордан соқит бўлмасин, ахир шариати ислом ўзининг даъвати етмагани боис Аллоҳ таолони танимаган болиғ (балоғатга етган) жоҳилни узрли ҳисоблайди-ку.

Ояти каримда бундай марҳамат қилинган: “Биз то бирор Пайғамбар юбормагунча (у орқали Ўзимизнинг амру фармонларимизни юбориб, унга итоат қилишдан бош тортмагунларича, бирор кимсани) азоблагувчи эмасмиз” (Исро сураси, 15-оят).

Фахрул Ислом Паздавий айтади: “Ислом даъвати етмаган кишини ақлли бўлса-да, мукаллаф эмас деймиз. Агар у имон нима, куфр нима эканини билмаса ва имонга зид, куфрга мувофиқ бўлган нарсага эътиқод қилмаса, узрли бўлади. Агар куфрни билиб, унга эътиқод қилса ёхуд куфрга эътиқод қилиб, уни билмаса, баён этолмаса ҳам узрли бўлмайди, жаҳаннам аҳлидан бўлади.

Мисоқ аҳдидан сўнг кофир бўлган кимса фитрий имонни касбий (ўзи истаган) куфрга алмаштирган бўлади. Ким имон келтирса, имонини изҳор қилса ва тасдиқласа (изҳор қилган имонини қалби тасдиқлаш) фитрий динида, аслий динида собит қолади ва унда давом этади.

Имом Абу Ҳанифанинг

"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан