loader
Foto

Ахлоқнинг мартабалари ва илмнинг фазли ҳақида

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мингашиб кетаётган эдим, у зот дедилар: «Сенга улар билан Аллоҳ манфаат берадиган хислатларни ўргатайми?» «Ҳа, эй Аллоҳнинг набийи», дедим. «Илмни лозим тут! Зотан, илм мўминнинг халилидир, ҳилм вазиридир, ақл далилидир, амал тиргагидир, меҳр отасидир, юмпюқлик биродаридир ва сабр лашкарбошисидир», дедилар».(Байхақий, Дайламий ва бошқалар бошқа лафз ва санад билан ривоят қилган.)

Абу Абдуллоҳ деди: Иймоннинг қароргоҳи қалбдадир. Унинг нури кўксда порлайдир. Қачон ишлар бўйича фикр пайдо бўлса, барча нарсанинг ҳайъатини тасаввур қилади. Бас, яхшиликни порлоқлиги ва гўзаллигини кўради. Ёмонликни хунуклиги ва кўримсизликда кўради. Уни илм дейилиши иймоннинг аломатлари бўлгани учундир. Батаҳқиқ, у қалбнинг ичидаги нарсани кўксда юзага чиқаради. У эгасининг халилидир. Чунки ўша уни иймонга қўшгандир. Илм юзага чиққанда, у ҳидоятланди ва ўзи иймон келтирган Зотга Унинг амрини адо этиш учун, қайтарганларидан қайтиш мойил бўлди.

Луғатда халил сўзи қўшилиш маъносини билдиради. Ушбу халил кийимдир дейилади.

У сифатлари ила унга ўхшагани учун ўзига қўшиб олди дейди араблар. Шунингдек, мўминнинг кўксида ўхшашлик содир бўлганда уни ўзига жамлаб олади. Токим аъзолари унинг шаҳватлари ва ҳавосида тарқалиб кетмаслиги учун.

Ҳилм вазиридир. Ҳилм бағри кенглиги ва нафс яхшилигидир. Қачон кўкс кенг бўлса, нур ила кенгаяди, нафс тўғри ва нотўғрини кўради ва яхши ёмоннинг оқибатларини ажратади ҳамда яхшиланади. Нафснинг яхшилиги фақатгина кўкснинг кенглигидандир. Кўкснинг кенглиги эса, Аллоҳнинг ҳузуридан келувчи нурнинг кириши билангинадир. Бу У Зот таолонинг қуйидаги қавлидир:

«Аллоҳ кўксини Исломга кенг қилиб очиб, ўз Роббидан бўлган пурда бўлган киши(қалби муҳрланиб, қотган каби бўлур)ми?!»(Зумар сураси, 22-оят.)

Қачон нур кирса нафснинг таслим бўлиши осонлашади, қийинлиги ва қуруқлиги кетади. Туз таомни яхшилайди, ҳилм нафсни яхшилайди.

Абдуллоҳ ибн Жародрозияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўзи кўр бўлган одам кўр эмас, балки, қалби кўр бўлган одам кўрдир», дедилар».(Байҳақий, Дайламий, Аскарий, Муновий ва бошқалар бошқа санад билан ривоят қилган.)

Аллоҳ таоло карим танзилида демиш:

«Зеро, албатта, кўзлар кўр бўлмас, кўкслардаги қалблар кўр бўлур».(Ҳаж сураси, 46-оят.)

Бас, нафс яхшилиги яқийннинг руҳидандир. У эса энг буюк неъматлардандир.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бойликнинг тақво қилган кимсага ҳечқиси йўқ. Тақво қилган кимса учун соғлик бойликдан яхшидир. Нафс яхшилиги неъматлардандир», дедилар».(Бухорий «Адаб»да, Аҳмад, Ибн Можа, Байхақий, Ҳоким, Бағавий, Табароний ва бошқалар бошқа санад билан ривоят килган.)

Тақвосиз бойлик ҳалокатдир. Уни ноҳакдан жамлайди ва ноҳаққа ишлатади. Агар унинг эгасида тақво бўлса, батаҳқиқ, ёмонлик кетиб, яхшилик келади.

Муҳаммад ибн Каъбдан нақл қилинади: Агар бой тақводор бўлса, унинг ажри икки марта берилади деди ва ушбу (оят)ни тиловат қилди:

«На молу дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизни Бизнинг ҳузуримизга яқин қила олмас. Аммо ким иймон келтирган ва солиҳ амал қилган бўлса, ана ўшаларгагина қилган амаллари туфайли кўпайтирилган мукофот бордир. Улар (жаннат) болохоналарида омонликдадирлар».(Сабаъ сураси, 37-оят.)

Имтиҳон қилинган имтиҳон қилинмаганга ўхшамас. У Зот аҳли китобнинг мўминлари ҳақида демиш:

«Ана ўшаларга сабр қилганлари учун ажрлари икки марта берилур».(Қасас сураси, 54-оят.)

Бойнинг сабри камбағалнинг сабридан кўра қийиндир. Худди қўйиб юборилган шерга қарши курашмоғинг боғлаб қўйилган шерга қарши курашмоғингдан кўра қийин бўлгани кабидир.

Молик ибн Динор раҳматуллоҳи алайҳи деди: «Одамлар, қандай қилиб зоҳид бўлдинг дейишади. Ахир ҳеч нарсаси бўлмаса, зоҳид бўлмай нима қилсин?! Ҳақиқий зоҳид Умар ибн Абдулазиз бўлган. У халифа бўлганидан кейин жанда(Дарвеш ва қаландарларнинг улоқ-қуроқ жундан тўқилган тўни.) кийган».

Нафснинг яхшилиги неъматлардандир дейилиши эса, батаҳқиқ, у қалбдаги руҳнинг яқийнидан эканини зикр қилдик. У ворид бўлган (ғайбдан келган) нур бўлиб, кўксда порлаган ва қалбни ҳамда нафсни зулматдан ва торликдан роҳатлантиргандир. Зотан, нафс ўз шаҳватлари ила зулматдадир. Қалбни эса ўша зулматлар ўраб олгандир. Чақирилган жойга зулматда юриб борувчининг юриши қийин бўлади. Йўлда учрайдиган хавф-хатар ва жарликлардан қўрқиб кўкси сиқилади. Қачон унга субҳ зиёсини сочиб, қоронғилик ёрилса ва йўл равшанлашса, қўқрув йўқолади. Ислом шариатида қалби билан Аллоҳ таоло томон юрувчининг ҳоли ҳам худди шунга ўхшайди. Қачон қалби шаҳватлари ва ҳавоси зулматларида бўлса, у ушбу сифатда бўлади. Қачон кўксида яқийн нури порласа, қалби роҳатланади. Ушбу ҳилм сифатидир. Бас, у мўминнинг вазиридир. Унга Аллоҳ таолонинг амри бўйича ёрдам беради. Қачон ҳилм бўлмаса, нафс сиқилади ва қалб вазирсиз ёлғиз қолади.

Ақл унинг далилидир. Уни яхши ишларга далолат қиладир. Унга ўша ишларнинг алдовини кўрсатади. Уларнинг яхшиларига ҳидоят қилади ва ёмонликларидан қайтаради. Аллоҳ азза ва жалла яратганда унга, Иззатим билан қасамки, Узимга сенда кўра маҳбуброқ нарсани яратмадим, сен туфайли сўраб суриштираман, сен туфайли бераман, сен учун танбеҳ бераман, савоб сен учундир, иқоб сен учундир деган.

Хабарларда ривоят қилинишича: Аллоҳ таоло: «Эй Мусо, албатта, одамларга ақлларига қараб савоб ва жазо бераман», деган.

Амал қадр-қийматдир. Қадр-қийматнинг хусусияти сенга аҳамияти ишларингда етарли ёрдам беришдир.

Солиҳ амал унга яшашида яхши ҳаёт кечиришни муҳайё қиладир.

Аллоҳ таоло демиш:

«Эркакми, аёлми, ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, уни пок, гўзал ҳаёг кечиртирамиз ва, албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз».(Наҳл сураси, 97-оят.)

Гўзал ҳаёт бу дунёдадир. Мукофот эса охиратдадир.

У Зот таоло айтади: «Унга хуш каломлар юксалур ва солиҳ амал кўтарур уни».(Фотир сураси, 10-оят.)

Меҳр отасидир. Ота меҳр-шафқат кўрсатиб тарбия қилади. У боланинг барча ҳолатларини ўз инояти ила қамрайди ва унга турли касбларни жамлайди.

Меҳр худди ишларнинг чегараси кабидир. У билан ишлар юришади. У билан улар бир-бирига боғланади. У билан тарқалиб кетганлар жамланади ва нафратлашганлар улфат бўлади ва ажраганлар ўз ўрнига қайтади. У мўминнинг аҳволини яхшилик билан ўрайди ва унга турли яхшиликлар ва тоатларни жамлайди.

Юмшоқлик унинг биродаридир. Биродар кишининг халқ қилинганлардан бўлган .... ва суянчидир. Қачон чарчаса, дам олиш манбасидир ва ҳориса унга суянади ва роҳатланади. Юмшоқлик ҳам шунга ўхшайди. У мўминнинг роҳатланиш манбасидир. Нафси тинчланади. Қалби хотиржам бўлади. Аъзолари роҳат олади. Унинг тезлиги, шиддати ва ғазаби баданига чарчоқцир, нафсига азобдир ва қалбига ҳоришдир. Унинг қалби фақатгина нафсининг тинчланиши билангина юмшайди. Нафси эса фақатгина шаҳватларининг ўлиши билангина тинчланади. Нафсининг шаҳватлари фақатгина унинг қалби Аллоҳ таолонинг жалоли ва азаматидан бўлган яқийннинг нури ила сабрлангандагина ўлади ва юмшоқликда худди мойга ўхшаб қолади. Кимнинг қалби қўполлашса, қаттиқ ва шиддатли бўлса, қасоватдан ўлади. Қалбнинг қасовати эса фақатгина Аллоҳ таолодан ғофилликдан бўлади. Қалб фақатгина Аллоҳ таолонинг зикри билан хўл бўлгандагина юмшайди. Луғатда аъса, аъта ва қасо сўзларининг маъноси бир-бирига яқин бўлиб, қуриди, зид бўлди каби маъноларни англатади.

Аллоҳ таоло демиш:

«Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар».(Оли Имрон сураси, 159-оят.)

Қўполлик ва қалб қаттиқлиги жамланганни тарқатади ва улфат бўлганни тирқиратади. Латофат ва юмшок қалблик тарқалганни жамлайди ва тирқираганни улфат қилади. Албатта, қалб нур туфайли латофатли ва юмшоқ бўлади. Бунинг сабаби раҳматдир. Унинг қаттиқ ва қўпол бўлиши эса, шаҳватларнинг ҳарорати, ғизо ва қоннинг қувватидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам то кабз қилингунларича ҳижоматда -қон олдиришда бардавом бўлганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир фаришталар тўпи олдидан ўтсам, мени ҳижоматга - қон олдиришга буюрдилар»...

Бизнинг фикримизга бунинг маъноси қуйидагича. Зотан, улар умматлар ичида аҳли яқийн бўлганлари учундир. Қачон қалбда яқийн нури шўъла сочса ва у билан бирга қоннинг ҳарорати бўлса, қалбга зарар ва таъбга етади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сочлари оқармаган бўлсалар ҳам бошларини хиналар эдилар. Бўямаганлар ҳам. У зотга ваҳий келганда бошлари оғригани учун хиналаганлар. Бошларини хина билан муолажа қилишларининг сабаби бошларидаги ҳароратни енгиллатиш эди. Сабр лашкарбошисидир. Сабр қалбнинг азми қарорида собит туришидир. Қачон амир собит турса, лашкар ҳам душманга карши урушда собит туради. Қачон нафс ўз шаҳватлари ила келиб қалбдан ғолиб чиқиб аъзоларни қайтарилган нарсаларга ишлатса, сабр кетади. Бу эса азму қарорнинг кетишидир. Шунда қалб нафснинг асири бўлиб қолади. Нафс қалбни эгаллаб олади. Шунда ақл, ҳилм, илм, меҳр, юмшоқлик ва унинг барча лашкарлари енгиладилар.

Ҳаким Термизийнинг

"Нодир асллар" китобидан