loader
Foto

Қироат одоблари

Ниятни тўғри қилиш. Бу одобларнинг энг аввалгиси бўлиб, юқорида айтиб ўтганимиздек, қори холис ниятли бўлиши керак. Қуръон ўқиш чоғида қалбан Аллоҳ таоло билан суҳбат қилаётганини ҳис этиши ва Аллоҳни кўриб тургандек, йўқса, Аллоҳ мени кўриб турибди, деган эътиқод билан тиловат қилиши лозим.

Қироатдан аввал мисвок ишлатиш. Қуръон ўқувчи оғзини мисвок ёки шу каби нарсалар билан тозаламоғи керак. Мисвок Арок дарахтидан бўлгани яхши. Лекин оғизни ҳозирги замонавий тозалайдиган воситалар, қаттиқ мато ва ишқор каби нарсалар билан ҳам поклаш жоиз. Мисвок тишнинг ўнг тарафидан кўндаланг ҳолатда суннатни адо қилиш нияти билан ишлатилади.

Баъзи уламолар мисвок ишлатиш чоғида бундай дуо қилади дейишган: “Ё Аллоҳ! Эй раҳимлиларнинг Раҳимлиси! Бу мисвокни мен учун баракали қилгин”. Уламолар мисвок новдаси ўта қуруқ ёки нам бўлмаслиги, балки ўрта ҳолатда бўлиши керак, деганлар. Агар у куриб қолса, сув билан намланади.

Таҳорат билан тиловат қилиш. Қуръонни таҳорат ила ўқиш мустаҳабдир. Аммо таҳоратсиз қироат қилиш ҳам барча уламолар ижмоси билан жоиз. Бу борада жуда кўп ҳадис ворид бўлган. Имомул ҳарамайн бундай дейди: “Таҳоратсиз қироат қилган инсонга макруҳ амални қилди, дейилмайди. Балки афзал ишни тарк қилди, дейилади”. Агар сув топилмаса, таяммум билан қироат қилади.

Жунуб ҳамда ҳайз кўрган аёл Қуръонни талаффуз этмай қалбан тиловат қилишлари, Мусҳафга назар солишлари мумкин. Мусулмон уммати жунуб ва ҳайз кўрган аёлнинг тасбеҳ, таҳлил, ҳамд, такбир ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтишлари жоиз эканига ижмо қилишган.

Шунингдек, бир инсон (жунуб ёки ҳайз кўрган аёл):

“Эй Яҳё!, Китобни (яъни Тавротни) жиддийлик билан қўлга ол!” (Марям, 12) деб, ёки шу каби оятларни тиловат мақсадида эмас, балки сўзлашиш учун айтса, жоиз. Яна улар мусибат етганда:

“Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”

(Бақара, 156), десалар бўлади.

Баъзи уламолар, уловга минганда:

“Бизларга бу (улов)ни бўйсундириб қўйган Зотга тасбеҳ айтамиз. Бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик” (Зухруф, 13) деб;

Дуо қилаётганда эса:

“Раббимиз, бизга дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан сақлагин” (Бақара, 201) деб қироатни мақсад қилмай дуо маъносида ўқиса, жоиз деганлар.

Имоми Ҳарамайн: “Жунуб одамни қироат мақсадида айтса, гуноҳкор бўлади. Зикр маъносида айтса ёки ҳеч нарсани мақсад қилмаса, гуноҳкор саналмайди. Жунуб одам ёки ҳайз кўрган аёл қироати насх қилинган каби оятларни тиловат қилишлари мумкин”, деб айтади.

Жунуб киши ёки ҳайз кўрган аёл покланиш учун сув топа олмасалар, таяммум қиладилар. Шунда уларнинг Қуръон ва намоз ўқишлари жоиз. Мабодо таҳорат кетса, намоз ўқиш жоиз бўлмайди. Қироат қилиш, масжидда ўтириш каби таҳоратсиз ҳолда бажариш мумкин ишлар ҳаром ҳисобланмайди.

Жалолиддин Ҳамроқуов

"Тиловат одоблари" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР