loader
Foto

Коҳинларнинг хабарларига ишониш

Коҳинларнинг ғайбдан берган хабарларига ишониш куфрдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

«Айтинг: “Осмонлар ва ердаги бирор кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур)”» (Намл сураси, 65-оят).

“Бир кимса коҳинга бориб, унинг сўзларини тасдиқ этса, Муҳаммадга нозил бўлганларни инкор этган бўлади”.

Коҳин келажакда бўладиган ҳодисалардан хабар беришни, сирларни билишини иддао этадиган кишидир. Мунажжим келажакка оид ҳодисаларни билишини иддао этса, у ҳам коҳин кабидир. Коҳин, фолбинларга пул бериш,улар олган пул ҳаромдир.

“Мадорик” номли китобда бундай зикр этилган: фол ва қимор насс билан ҳаром қилинганидир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Сизларга ўлакса, қон, тўнғиз гўшти, Аллоҳдан бошқа бировнинг йўлида сўйилган нарса, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, баланд жойдан қулаб ўлган, (бошқа бирон ҳайвон билан) сузишиб ўлган ва йиртқич ҳайвон тишлаб ўлдирилган жониворлар ҳаром қилинди. Магар (бу жониворларни жони чиқмасдан туриб) сўйиб юборишга улгуриб қолган бўлсангиз, ҳалолдир. Яна бутларга атаб сўйилган ҳайвонлар (гўштини истеъмол қилиш) ва (фол) чўплардан қисматингизни сўрашингиз (ҳам сизларга ҳаром қилинди). Зотан, бу ишларингиз итоатсизликдир” (Моида сураси, 3-оят).

“Ақидатут таҳовия” шориҳи бундай деган: “Ҳокимлар, куч-қудрати етган ҳар бир киши мунажжим ва коҳинлар, аррофлар, фол очадиганларни йўқотишга киришиши, дўконлар олдида, йўл устида ўтиришларини тақиқлашлари лозим. Хонадонларни бу ҳақда огоҳлантиришлари керак. Имкони етгани ҳолда уларга тўсқинлик қилмаслик оқибати хатарлидир, бало тушишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“(Яна улар) қилиб юрган мункар (ношаръий) ишлардан бир-бирларини қайтармас эдилар. Қилиб юрган ишлари нақадар ёмон!” (Моида сураси, 79-оят).

Жинлардан ёрдам сўраш мумкин эмас. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Инсонлардан бўлмиш (айрим) кишилар жинлардан бўлмиш кимсалардан паноҳ тилашар, уларга эса янада ҳаддан ошишни зиёда қилур эдилар” (Жин сураси, 6-оят).

«Уларнинг барчаларини тўплайдиган кунда: “Эй жин-лар жамоаси, инсонлардан жуда кўпини (адаштирдингиз”, дер). Шунда у жинларнинг инсонлардан бўлган дўстлари: “Парвардигоро, бизлар бир-биримиздан фойдаландик ва Ўзинг биз учун белгилаб қўйган ажалимизга етиб келдик” деганларида, Аллоҳ айтур: “Жойингиз дўзахдир! Унда абадий қолурсиз, магар Аллоҳ таолонинг хоҳиши билангина (чиқишингиз мумкин)”» (Анъом сураси, 128-оятп).

Бу мавзу билан боғлиқ латифалардан бирида бундай ҳикоя этилади: «Бир мунажжим осилади. Унга осилишидан олдин: “Буни ҳам юлдузингда кўрдингми?” дейилганда: “Бир юксаклик кўрдим, фақат бир тахтанинг устида бўлишини билолмадим”, деб жавоб берган».

Имом Абу Ҳанифанинг

"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан