loader
Foto

Имомга иқтидо қилган кишининг қироат қилиши

Ҳозирги кунда сохта салафийлар томонида қўзғаладиган мавзулардан яна бири, намозда имомга иқтидо қилган киши Фотиҳа сурасини қироат қилиш масаласидир. Салафийларга кўра хоҳ жаҳрий ўқиладиган намоз бўлсин, хоҳ махфий бўлсин имомга иқтидо қилган киши Фотиҳа сурасини ўзи ичида ўқиши фарз, дейдилар. Улар бунга Имом Бухорий ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг:

Яъни: “Фотиҳани ўқимаган кишининг намози намоз бўлмайди" деган ҳадисларини далил қиладилар (Ибн Бознинг "Фатволари мажмуаси", 11-жуз, 221-бет).

Аслида эса, ҳанафий мазҳабига кўра имом қироат қилаётган пайтда унга иқтидо қилган киши ҳам ичида қироат қилиши макруҳи таҳримий амал саналади. Хусусан, имом жаҳрий қироат қилганда иқтидо қилган киши уни тинглаши вожибдир. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Аъроф сурасида:

Яъни: «Қуръон ўқилганда унга қулоқ тутинг ва жим бўлинг. Шунда раҳм қилинурсиз», - деган (204-оят).

Ибн Жарир, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Мардавайҳ ва Ибн Асокирлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ушбу оят саҳобалар намозда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларида туриб, овоз чиқариб қироат қилишганда нозил бўлганини ривоят қилишган. Демак, бундан намозда имом қироат қилганида унга иқтидо қилган киши имомнинг қироатини тинглаши ва жим туриши лозимлиги келиб чиқади.

Салафийлар томонидан юқорида келтирилган Фотиҳа сурасини ўқиш лозимлигига далолат қилувчи ҳадис ва ундан бошқа ривоятларга ҳанафий уламоларимиз "Ушбу ва ундан бошқа шу мазмундаги ҳадиси шарифлар ёлғиз намоз ўқувчи киши учун хосдир”, дейдилар. Чунки кўплаб ҳадиси шарифларда имомнинг қироати унга иқтидо қилган киши учун ҳам кифоя қилиши очиқ айтиб ўтилган. Масалан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

Яъни: "Илюмунга иқтидо қилиниши учун тайинлангандир. Шундай экан, у қироат қилганда сизлар жим туринглар" (Имом Абу Довуд ва Имом Насаий ривоят қилишган).

Ушбу ҳадисни машҳур муҳаддис Имом Муслим саҳиҳ ҳадис эканини таъкидлаганлар. Шунинг учун ҳам Аллома Синдий: "Сунани ибн Можанинг ҳошиясида, "Имом Муслим ва бир қанча муҳаддислар саҳиҳ деган ҳадисни бошқа биров заиф дейишининг эътибори йўқ”, деганлар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

Яъни: «Имомнинг қироати унга иқтидо қилганнинг қироатидир», - деганлар (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Баъзи олимлар томонидан ушбу ҳадиснинг санади заиф дейилган бўлсада, ҳадис матни Имом Абу Ҳанифа, Имом Аҳмад, Ибн Маниъ ва бошқа муҳҳаддислар томонидан мутлақо бошқа саҳиҳ санад билан ривоят қилинган. Камол ибн Ҳумом уларнинг саҳиҳлиги Имом Муслимнинг шартига тушишини таъкидлаган. Шунга кўра, мазкур ҳадис "саҳиҳ лиғойриҳи" даражасига кўтарилади ва ҳукмни ифодалашда ҳужжат бўла олади (“Фатҳул Қодир" китоби).

Ҳанафий мазҳаби уламолари далил қилган ҳадислардан яна бири Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган мана бу ҳадис:

"Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: "Ҳамма намозда қироат борми?" - деб сўради. У Зот: "Ҳа”, дедилар. Шунда қавм орасидан кимдир: "Вожиб бўлди" деди. Шунда: "Имом қироат қилгани етарли, деб биламан” дедилар” (Имом Насаий, Имом Ибн Можа, Имом Байҳақий ва Имом Таҳовийлар ривоят қилишган).

Ато ибн Ясордан ривоят қилинади: У Зайд ибн Собитдан имом билан (намозда) қироат қилиш ҳақида сўради. Шунда у: "Бирор нарсада имом билан қироат қилиш йўқ", деб жавоб берди (Имом Муслим ривоятлари).

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларини ичида энг илмли ва суннатга энг ҳарис саҳобалардан эдилар. Агар имом ортида Фотиҳа сураси бўлсин ёки бошқа сура бўлсин қироат қилиш вожиб бўлганида "Бирор нарсада имом билан қироат қилиш йўқ", демаган бўлардилар.

Ваҳб ибн Кайсондан ривоят қилинади: Мен Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг: "Ким бир ракат намоз ўқисаю, унда Уммул Қуръонни ўқимаса, демак намоз ўқимабди. Лекин Имом ортида бўлса, уни ўқимаса майли", деяётганини эшитдим (Имом Моликва Имом Термизий ривоят қилишган. Имом Термизий саҳиҳ, деганлар).

Саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Мадинада энг охири бўлиб вафот этган саҳоба ҳисобланадилар. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва барча хулафои рошидинларнинг амалига гувоҳ бўлган зот эдилар. Агар имом ортида ҳам Фотиҳа сурасини ўқиш ҳозирги салафийлар айтаётганидек фарз ҳисобланса, қандай қилиб Жобир ибн Абдуллоҳ бундан бехабар бўлиши мумкин?! Ушбу буюк саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига қарши чиқиши мумкинми?!

Шақийқ ибн Саламадан нақл қилинади: Бир киши Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб: "Эй Абу Абдурраҳмон, имомни ортида қироат қиламанми?", деб сўради. Шунда у зот: "(Имом ўқиётган) Қуръонга қулоқ тут. Чунки намозда сени машғул қиладиган нарса бор. Имомнинг ўзи сенга кифоя қилади", дедилар (Имом Абдурраззоқ ва Имом Ибн Абу Шайбалар ривоят қилишган).

Ушбу ривоятда ҳам машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу намозда иқтидо қилувчи киши ўзи қироат қилиб, намоз билан машғул бўлиши ва имомнинг қироатини тингламаслиги мақбул эмаслигини таъкидламоқдалар. Балки, унга имомнинг қироати кифоя эканини айтмоқдалар.

Умуман олганда бу каби жуда кўп ривоятларни келтириш мумкин. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг энг яқин устозларидан бири машҳур тобеин Имом Шаъбий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Мен Бадр ғазотида қатнашган саҳобаларнинг етмиштаси билан учрашдим. Уларнинг ҳаммаси имомга иқтидо қилувчини қироатдан қайтарар эдилар" ("Фатҳу бобил иноя" китоби).

Аллома Саййидаҳмад Таҳтовий "Мароқул фалаҳ" китобига ёзган ҳошияларида Камол ибн Ҳумомнинг сўзларини келтирадилар:

Яъни: "Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ ўз китобларида имомнинг ортида қироат қилиш йўқлигини очиқ айтганлар. У зот бу сўзларида Алқама ибн Қайс раҳимаҳуллоҳнинг жаҳрий ва махфий намозларда ҳеч қачон имомнинг ортидан қироат қилмаганларига суянган-лар. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ: "Мана шу сўзни оламиз. Ҳеч бир жаҳрий ёки махфий намозларда имомнинг ортидан қироат қилиш жоиз деб билмаймиз", деганлар".

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, юқоридаги оят ва ҳадислардан очиқ-ойдин кўриниб турибдики, имомнинг ортидаги иқтидо қилувчилар қироат қилмаслиги кўпчилик саҳобалар ва салафи солиҳларнинг тутган йўллари экан. Шунинг учун ҳам ҳанафий мазҳабимиз фуқаҳолари имом жаҳрий (овоз чиқариб) қироат қилганда ҳам махфий қироат қилганда ҳам унга иқтидо қилган киши қироат қилиши жоиз эмас, деганлар. Валлоҳу аълам.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,

Фатво маркази директорининг

"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан