loader
Foto

Фарз намозларидан аввалги ва кейинги суннатлар

Бизнинг ўлкаларда фарз намозларидан аввал ва кейин ўқиладиган намозларни суннат, бошқа ихтиёрий намозларни эса нафл намозлар деб аталиши урфга кирган. Аслида фарз намозлардан аввал ва кейин ўқиладиган нафл намозларни суннати муаккада ҳисобланади. Таъкидланган суннатларни Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам доим ўқиб юрганлар, жуда кам ҳолатларда тарк қилганлар.

Суннати муаккаданинг хукми шуки, унга амал қилган одам савоб олади. Уни тарк этган киши эса маломат қилинади. Агар тарк этиш такрорланаверса, гуноҳкор бўлади ("Умдатур-риоя" китоби).

Мазкур суннатлар ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

Яъни: “Қайси бир мусулмон банда ҳар куни (фарздан ташқари)ўн икки ракат (суннат) намозўқиса, албатта, унга жаннатдан уй қурилади. Пешиндан олдин тўрт ва кейин икки ракат. Шомдан кейин икки ракат, Хуфтондан кейин икки ракат. Бомдоддан олдин икки ракат" (Имом Термизий ривоятлари).

Бу ҳадисни эшитган Умму Ҳабиба онамиз розияллоху анҳо: “Шундан кейин уларни доимо ўқиб келмоқдаман”, - деганлар.

Ҳанафий мазҳабимизда ушбу ривоятни, тўлиғича ҳаётга татбиқ қилинган. Ушбу ҳадисда фарз намозларига тобеъ суннатларни доимий равишда ўқиб боришга қаттиқ тарғиб ва улкан ваъда бор. Бу ваъда - жаннатда ушбу намозлар учун мукофот тариқасида Аллоҳ таоло томонидан қуриб бериладиган алоҳида уйдир. Фарз намозларга тобеъ суннат намозларини қўймай ўқиб юришга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Шунинг учун ҳам Умму Ҳабиба онамиз, ушбу ҳадисни эшитганларидан бошлаб, бу намозларни асло қолдирмай адо қилганлар. Биз ҳам уларга эргашсак, салафи солихларнинг йўлидан юрган бўламиз.

Ушбу суннатлар бир томондан фарзга, хушуъ ва хузуъга тайёргарлик бўлса, бошқа томондан фарз намозда баъзи қусур ва камчиликлар содир бўлса, ўрнини тўлдириш вазифасини ўтайди. Шунинг учун ҳам шариатда бу намозларни "мукаммилот" - тўлдирувчи намозлар деб аталади. Яна бир муҳим жиҳат ҳанафий мазҳабимизда фарздан кейинги суннатларни фарзнинг ортидан дарҳол ўқилади. Фақат ҳадиси шарифга мувофиқ уларнинг ўртаси қуйидаги калималар билан бўлинади. Савбон розияллоху анхудан ривоят қилинадики, Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам фарз намозни тугатганларида уч марта "Астағфируллоҳ” дер эдилар ва:

Яъни: “Эй, Аллоҳ, сен Салом (саломатлик берувчи) сан, салом (яъни, саломатлик) сендандир, сен мубораксан, эй,улуғлик ва карам соҳиби!" (Имом Муслим ривоятлари).

Ҳозирги кунда баъзи кишилар фарздан кейинги суннатларни ўқимасдан масжидни тарк қилишлари кузатилмоқда. Бу эса Ҳанафий мазҳабимиз кўрсатмаларига мос келмайди ва намозхонлар ичида ихтилоф чиқаради. Ихтилофнинг гуноҳи уйига бориб суннат ўқишининг савобини ювиб кетади. Юқорида айтиб ўтилган кўрсатмаларга амал қилиш - бу ихтилофнинг ечимидир. Валлоху аълам.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,

Фатво маркази директорининг

"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан