loader
Foto

Аллоҳ таолонинг зотий ва феълий сифатлари

Аллоҳ таоло Ўз исм, зотий ва феълий сифатлари билан доимо (азалда) бўлган ва (абадий) бўлади. Ҳаёт, илм, қудрат, калом самъ, басир, ирода Аллоҳ таолонинг зотий сифатлардир.

Тахлиқ, тарзиқ, иншо, ибдаъ, сунъ, иҳйо каби сифатлар Аллоҳ таолонинг феълий сифатларидир.

Шарҳ: Мотуридийлар Аллоҳ таолонинг барча сифатлари қадимдир, дейишади. Ашъарийлар эса Аллоҳ таолонинг феълий сифатлари ходисдир, дейди. Бу ердаги фарқ тадқиқотчилар айтишганидек лафзийдир, сўздадир.

Вожибул вужуд (борлиги ўзгага боғлиқ бўлмаган) Зот исм ва сифатлари билан вожибул вужуддир. Бунинг маъноси: Аллоҳ таолонинг янгидан бўлган сифати ёки ҳолати йўқдир. Зеро, Аллоҳ таолонинг Зоти араз (ранг, таъм каби кейин пайдо бўладиган)ларнинг ўрни эмас. Чунки Аллоҳ таоло ғаний, беҳожатдир. Ғаний, беҳожат бўлмаган бошқага муҳтож бўлади. Бошқага муҳтож бўлган ҳар бир нарсанинг борлиги ўзгага боғлиқ бўлади, ўзга тарафидан яратилган бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат этади:

“Эй инсонлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ албатта, Ғаний (беҳожат) ва Ҳамид (ҳамдга лойиқ Зот)дир” (Фотир сураси, 15-оят).

Яъни, Аллоҳ таоло Ўз зоти ва сифатларида, махлуқларини яратишга муҳтож эмасдир. Аллоҳ таоло исмлари ва сифатлари билан ҳамиддир, мақталгандир. Уни (Унга) махлуқотларидан бири хоҳ мақтасин (ҳамд айтсин), хоҳ мақтамасин (ҳамд айтмасин), У доимо ҳамиддир, мақталгандир. Аллоҳ таоло ўзгаришдан, бир ҳолдан бошқа ҳолга ўтишдан муназзаҳдир, покдир. Ўзининг феълий сифатлари билан доимо бўлади, йўқ бўлмайди, зотий сифатлари комилдир, яна комил бўлишга муҳтож эмасдир. Аллоҳ таолонинг сифатларига (масалан, ирода сифатига) боғлиқ нарсаларнинг пайдо бўлгани Аллоҳтаолонинг сифатлари (кейин) пайдо бўлганини билдирмайди.

Ҳаёт: Аллоҳ таолонинг сифатларидандир. Аллоҳ таоло ҳаётдир (тирикдир). Ҳаёт (тириклик) Унинг азалий , абадий сифатларидандир.

Кудрат: Аллоҳ таолонинг сифатларидандир. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло қодирдир. Қудрат Унинг азалий, абадий сифатларидандир. Аллоҳ таолонинг қудрати махлуқотлар қуввати каби ҳодис (кейин пайдо бўлган) эмасдир.

Аллоҳ таоло Ҳайй, Қоййумдир. Яъни, борлиги ўзгага боғлиқ эмасдир, махлуқотларни йўқдан бор этгувчидир, уларни ўлдирганидан сўнг яна тирилтиргувчидир. Аллоҳ таоло ҳар нарсага қодирдир. Махлуқотларни яратган, уларга ҳаёт, куч-қувват ва ризқ берган Аллоҳ таолодир.

Илм: Аллоҳтаолонинг азалий, абадий сифатларидандир. Аллоҳ таоло барча мавжудотларни, осмонлардаги ва ер қаъридаги ҳар бир заррани билади. Ҳеч бир зарра Унинг илмидан ташқари эмас. Аллоҳ таоло яширин ва ошкора барча нарсани, ҳамма ғайб (кўринмас) нарсаларни билади. Аллоҳ таоло барча бутун ва бўлинган нарсаларни, барча бор ва йўқ нарсаларни, барча мумкин ва мумкин бўлмаган нарсаларни билади. Аллоҳ таоло барча нарса ва сифатларнинг ҳар бирини билгувчи (Алим)дир.

Имом Шофиъийнинг сафдошларидан Имом Абдулазиз Маккий ўз рисоласида Халифа Маъмун ҳузурида Бишр Марисий билан мунозараси ҳақида бундай дейди: “Халифа Бишр Марисийдан Аллоҳ таолонинг илми ҳақида сўраганида, Бишр Марисий бундай жавоб берди: “У нодон эмас”. Маъмун саволни бир неча такрорлади. Шунда Имом Абдулазиз Маккий бундай деди: “Нодон эмас”, дейиш мақташ бўлмайди. Бу устун ҳам нодон эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда пайғамбарларни, фаришталарни ва мўминларни нодон эмас, демаган, балки уларни илмлари билан, илмли, деб мадҳ этган. Ким илми бор деса, нодон эмас, деган бўлади. Нодон эмас, дейиш илми бор дегани эмасдир. Аллоҳ таоло Ўзини қандай сифатлар билан сифатлаган бўлса, Уни фақат ана шундай сифатлар билан сифатлаш бандаларга вожибдир. Аллоҳ таолони, Ўзини сифатлаган сифатлардан бошқа сифатлар билан сифатлаш мумкин эмас! Аллоҳ таоло марҳамат этади:

“(Ахир) яратган Зот (Ўзи яратган нарсаларини) билмайдими?! У Латиф (лутфли) ва Хабир (хабардор Зот)дир” (Мулк сураси, 14-оят).

“Ғайб (яширин иш ва нарсалар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билур. Бирор япроқ (узилиб) тушса (ҳам) уни билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин, (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Анъом сураси, 59-оят)

Таҳовий айтади: “Аллоҳтаоло махлуқотларини яратмасидан уларнинг ҳар бирини, улар нима қилишларини билади. Аллоҳ таоло махлуқотларнинг биринчи ҳолати, аввали қандай бўлишини ва ниҳоялари қандай бўлажагини билади. Қуръони каримда бундай марҳамат этилади:

“Эй инсонлар! Роббингиздан қўрқингиз! Зеро, қиёмат зилзиласи улкан (даҳшатли) нарсадир” (Ҳаж сураси, 1-оят).

“Агар Аллоҳуларда яхшилик (бўлиши)ни билса эди, уларни эшитадиган қилиб қўяр эди. Эшитадиган қилганда ҳам (улар) бош тортиб, юз ўгирган бўлур эдилар” (Анфол сураси, 23-оят).

“Йўқ! Уларнинг олдиндан яшириб юрган (сир)лари уларга фош бўлиб қолди. Борди-ю, (дунёга) қайтарилсалар ҳам, (яна ўша) тақиқланган нарсаларга қайтган бўлур эдилар. Улар, ҳақиқатан, ёлғончилардир!” (Анъом сураси, 28-оят)

Мазкур ояти карималар рофизий ва қодирия тоифасидагилар эътиқоди хатолигини кўрсатади. Улар, Аллоҳ таоло нарсаларни яратмасидан олдин билмайди, дейишади.

Калом: Аллоҳ таолонинг азалий, абадий сифатлардандир. Аллоҳ таоло мутакаллимдир. Калом унинг азалий, абадий сифатлардандир. Аллоҳ таолонинг калом сифати араб тилида Қуръон, сурён тилида Забур ва Инжил, иброний тилда Таврот дейилади.

Бирор нарсани буюрувчи, (бирор нарсадан) қайтарувчи, хабар берувчи кўнглида (буйруқ) маъно (фикр) бўлади. Сўнг, у маънони ёзув, сўз, ишора билан билдиради. Калом, илм ҳам, ирода ҳам эмас. Зеро, инсон гоҳо билганининг тескарисини, яъни билмагани ҳақида хабар беради. Шунингдек, инсон гоҳо, ирода қилмаганини, хоҳламаганини буюриши мумкин. Масалан, киши хизматчисининг итоатсизлигини, буйруқларига бўйсунмаслигини кўрсатиш учун ўзи истамаган бир ишни унга буюради. Шу калом (кўнгилдаги маъно, фикр) нафсий калом дейилади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

«Яна ўзларича: “Айтаётган сўзимиз сабабли Аллоҳ бизларни азобламаса эди?!” - дерлар. Уларга ўзлари куядиган жаҳаннам бас келур. Нақадар ёмон оқибат бу!» (Мужодала сураси, 8-оят).

Шоир Аҳтол бир шеърида бундай дейди:



“Шубҳасиз, сўз қалбда, кўнгилдадир,

Тил фақат қалб сўзининг калитидир”.



Ҳазрат Умар (р.а.) бундай марҳамат этгандилар: “Мен кўнглимдаги бир сўзни айтмоқчи эдим”.

Аллоҳ таолонинг калом сифати борлигига мужтаҳидлар ижмоси (яхлдиллиги). Пайғамбарлар (алайҳимуссалом)дан уларга аҳкомлар (шариатлар) ваҳий қилингани тавотур (бизларгача узлуксиз) етказилгани далилдир. Аллоҳ таолонинг каломи ҳарф ва товушдан иборат эмас. Аллоҳ таоло мутакаллимдир (сўзлагучидир), амр этади, манъ этади, хабар беради. Аллоҳ таолонинг калом сифати биттадир. Калом сифати буйруқ, қайтариқ ва хабар бўлиши, унинг тааллуқларига (боғланганларига) кўрадир. Унга буюрилган нарса боғлиқ бўлса, амр, қайтарилган нарса боғлиқ бўлса қайтариқ, хабар берилган нарса боғлиқ бўлса хабардир. Калом сифати биттадир, азалийдир, кейин пайдо бўлмагандир.Унга боғлиқ нарсалар ҳодис (пайдо бўлган) дир. Биз тиловат қиладиганимиз, мусҳафларда битилган оятлар азалий (қадим) маънога далолат этгани учун Каломуллоҳ ва Қуръон дейилади.

Қунавий “Умда” шарҳида бундай дейди: аҳли суннат нарсаларнинг пайдо бўлиши Аллоҳ таолонинг “Кун!” (бўл) амрига боғлиқ эмас, балки Аллоҳ таолонинг таквин (яратиш) сифатига боғлиқ, дейишади. “Кун” (бўл) амри Аллоҳ таолонинг истагани, таквини (яратиши), камоли қудрати билан жуда тез бўлишига далолат қилади.

Ашъарийлар наздида эса нарсаларнинг пайдо бўлиши Аллоҳ таолонинг азалий каломига боғлиқ. “Тавилот” шарҳида шундай дейилган.

“Тафсирут-Тайсийр” тафсирида:

«(У) Еру осмонларнинг Яратувчисидир. Бирор ишни қиладиган бўлса, (фақатгина унга) “Бўл!” деса, бас, у бўлади» (Бацара сураси, 117-оят) ояти бундай тафсир қилинган: Аллоҳ таоло “бўл” деб хитоб қилиши у билан (бўлажак иш) бўлишини ирода қилмаган. Зеро, у хитоб билан бўлади, дейилса ё йўқ нарсага хитоб қилинган ва у (йўқ нарса) хитоб сабабли бор бўлган бўлади, ёхуд бор бўлган нарсага бор бўлганидан сўнг хитоб қилинган бўлади. “Кун” амри йўқ нарсага хитоб бўлиши жоиз эмас. Чунки йўқ нарсага қандай хитоб қилинади? Бор нарсага ҳам хитоб бўлиши мумкин эмас, чунки у аллақачон бордир. Унга қандай “бўл!” дейилади? Оятдаги “Кун” калимаси Аллоҳ таоло бирор нарсанинг бўлишини истаса, шу заҳоти (исташи билан) у нарса бўлишини билдиради, холос.

Агар дейилсаки: нарсалар Аллоҳ таолонинг таквини (яратилиши) билан пайдо бўлса бу “Бўл!” амрининг фойдаси нима? Деймизки: бу Аллоҳ таолонинг буюклиги ва қудратини кўрсатади. Масалан, Аллоҳ таоло қабрдаги ўликларни тирилтиради, лекин улуғлигини кўрсатиши учун сур тортиш билан тирилтиради. Ёхуд бундай дейилиши мумкин: ақлий далиллар, нарсалар Аллоҳ таолонинг таквини билан пайдо бўлишини далолат қилади. Аммо нарсалар шу амр (“кун”) билан пайдо бўлиши ҳақида қатъий, нақлий далиллар ворид бўлган. Шу сабаб, муташабиҳ оятлар таъвили билан машғул бўлмасдан уларга имон келтириш вожиб бўлгани каби, (кун) амрининг фойдасини излаш билан машғул бўлмасдан оятлар далолатига амал қилиш вожиб бўлади.

Аллоҳ таолонинг калом сифати бошқа сифатлари каби махлуқотларнинг сифатларига ўхшамайди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:

“Инсонга Аллоҳ (бевосита) хитоб қилиши мумкин эмас. Фақат ваҳий орқали ё парда ортидан ёки элчи (фаришта) юбориб, изни билан хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши мумкин. Албатта, У (шаъни) олий ва ҳикмат соҳибидир” (Шўро сураси, 51-оят)

Имом Абу Ҳанифанинг

"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан