loader
Foto

Ахлоқсиз, ўғрилик билан шуғулланадиган кимсалар ва жиноятларга бериладиган жазолар

Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ айтади: Эй мўминлар амири, сен ахлоқсиз, бузуҳ ва ўғри кимсалар бирор жиноят қилиб, қамоққа олинса, қамоқда уларга озиқ-овқат бериладими ва у йиғиладиган солиқ ҳисобиданми ёки бошқа маблағданми, умуман бу борада нима қилиш кераклиги ҳақида сўраган эдинг.

Агар шу каби ҳолатдаги кишининг ейишга бирор нарсаси, мол-мулки ва ўзини таъминлаш учун ҳеч нимаси йўқ бўлса, у солиқ ёки давлат хазинаси ҳисобидан таъминланади. Мазкур икки йўлдан қайси бирини танлашинг, сенинг ихтиёрингда. Мен уларнинг ҳар бирининг озиқ-овқати давлат хазинаси томонидан таъминланиши афзал ҳамда бундан бошқача йўл тутиш тўғри эмас, деб ҳисоблайман.

Мушриклардан асир олинган кишига токи у ҳақда ҳукм чиқарилмагунича таом берилиб, яхши муомала қилинади. Шундай экан, қандай қилиб мусулмон киши хато ёки гуноҳ қилса, уни очликдан ўлгунча ташлаб қўйиш мумкин?! У бу ишга тақдир тақозоси ва жоҳилликдан қўл урган. Эй мўминлар амири, халифалар қамоқдагиларни таом, зираворлар, қишки ва ёзги кийимлар билан таъминлаб турганлар. Бу ишни биринчи бўлиб Ироқда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу амалга оширган, сўнгра Шомда Муовия ибн Абу Суфён ва ундан кейинги халифалар амалга оширган.

Исмоил ибн Иброҳим ибн Муҳожир Абдумалик ибн Умайрдан ривоят қилади: “Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бирор қабила ёки қавмда жиноятчи киши бўлса, уни қамоққа олар эди. Агар ўша жиноятчининг мол-мулки бўлса, нафақасини унинг молидан тўлар, агар мол-мулки бўлмаса, унга мусулмонларнинг давлат хазинасидан нафақа тўлар эди”. Бу ҳақда Али розияллоҳу анҳу: “Жиноятчининг ёмонлигини мусулмонлардан тўсиб, нафақасини уларнинг давлат хазинасидан тўлаймиз”, деган.

Шайхларимиздан бири Жаъфар ибн Бурқондан ривоят қилади: “Умар ибн Абдулазиз бизларга шундай мактуб ёзди: “Қамоқхоналарингиздаги мусулмонлардан ҳеч бирини туриб намоз ўқолмайдиган даражада занжирбанд қилманглар. Шунингдек, кечаси ҳам занжирбанд қилманглар, фақат қотил кимсалар бундан мустасно. Солиқ ҳисобидан уларнинг таом ва зираворларига етадиган маблағ билан таъминланглар. Сизларга салом бўлсин!”

(Эй мўминлар амири), маҳбусларни озиқ-овқат билан таъминлашда қанча таом ва зиравор кетишини аниқлашни ва уни дирҳамда ҳисоблаб, ҳар ойда уларга етказилишини буюр. Агар уларга нон етказиб берсанг, қамоқхона бошлиқлари, назоратчилар ва миршаблар уни ўзларига оладилар. Бу ишни солиҳ кишилардан бирига топшир, у қамоқхонадаги солиқ ҳисобидан нафақа бериладиганларнинг исмларини ёзиб чиқсин ва бу рўйхат унинг ўзида турсин. Уларнинг нафақаларини ойма-ой бериб борсин ва ўтириб уларнинг ҳар бирини номма-ном чақириб, ўз қўлига берсин. Агар маҳбуслардан бирортаси озод қилиниб, қўйиб юборилган бўлса, унга ажратилган нафақа (давлат хазинасига) қайтарилади. Маҳбусларнинг ҳар бирига ойига ўн дирҳам нафақа ажратилади. Лекин маҳбусларнинг ҳаммаси ҳам унга ажратиладиган нафақага муҳтож эмас. Маҳбусларнинг қишки либослари кўйлак ва устки кийим, ёзги либослари кўйлак ва изордан иборат. Аёл маҳбусларга ёпинчиқ ҳам қўшиб берилади.

Маҳбуслар занжирбанд ҳолида кўчага чиқиб тиланчилик қилиб юришларига йўл қўйма. Мусулмонлар орасида гуноҳ ва хато қилган кишиларнинг бўлиши жуда ёмон ҳолат бўлиб, бу Аллоҳнинг тақдиридир. Улар қамоққа олинганларидан сўнг занжирбанд ҳолларида садақа сўраб юришлари яхши эмас. Мен мушриклар ўз қўлларидаги мусулмон асирларга бундай муомала қиладилар деб ўйламайман. Қандай қилиб мусулмонларга шундай муомала қилиш мумкин?! Агар занжирбанд ҳолларида чиқиб тиланчилик қилсалар, бу ишни фақат очликнинг зўридан қиладилар ҳамда баъзан ейишга нарса топсалар, баъзан топа олмасликлари мумкин. Албатта, одам боласи гуноҳдан холи эмас! (Эй мўминлар амири), сен маҳбусларнинг ишини кўриб чиқ ва улар борасида мен сенга тушунтирганимдек йўл тут!

Маҳбуслардан бирортаси вафот этиб, унинг валийси ва қариндошлари бўлмаса, у ювилиб, давлат хазинаси ҳисобидан кафанланади ва унга жаноза намози ўқилиб, дафн қилинади. Ишончли кишиларнинг менга хабар беришича, бошқа ерлик бўлган маҳбуслардан бири вафот этса, қамоқхона бошлиғидан уни дафн қилишга рухсат сўрагунларича ва ўз ёнларидан маблағ ажратиб, уни қабрга олиб борадиган кишини ёллагунларича қамоқда бир-икки кун қолиб кетади ва ҳатто ювилмасдан, кафанланмасдан ва унга жаноза намози ўқилмасдан дафн этилади. Бу ислом аҳли учун нақадар катта гуноҳ!

Агар сен ҳад(Ҳад - шариатда жиноят учун белгиланган жазо.) ларни қўллашга буйруқ берганингда, қамоқларда маҳбуслар камаяр, фосиқ ва жиноятчи кишилар жазодан қўрқиб, қилаётган жиноятларини тўхтатар эдилар. (Қамоқхоналарда) маҳбусларнинг кўпайиб кетишига сабаб, уларнинг ишлари кам ўрганилади. Жиноятчи ҳибсга олинади, лекин унинг иши кўриб чиқилмайди. Сен волийларингга маҳбусларнинг ишини ҳар куни кўриб чиқишни, улардан кимга жазо белгиланган бўлса, жазосини бериб, озод қилишни, жинояти тасдиқланмаганларни эса қўйиб юборишни буюр. Шунингдек, уларга жазо беришда ҳаддан ошиб, шариатга тўғри келмайдиган ишларни қилмасинлар. Эшитишимча, улар жиноятда гумон қилинган кишини ҳам уч юз ва икки юз, бундан ҳам кўп ёки кам дарра урадилар. Бундай қилиш шариатга зид ва мумкин эмас. Мўминнинг танасининг орқа тарафи ҳимояланган бўлиб, фақатгина бузуқлик, туҳмат, ичкилик ичгани учун белгиланган ҳадлар ва ҳад белгиланмаган жиноятлар учун таъзир(Таъзир - ибратли жазо тури. Таъзир жиноят турига қараб қамчи билан уриш, қамаб қўйиш ёки жамоатчилик олдида насиҳат қилиб, тартибга чақириш кўринишида амалга оширилиши мумкин.) берилиши бундан мустасно. Мазкур ҳолатларда ҳам белгилангандан ортиқча дарра уриш мумкин эмас. Менга етиб келишича, сенинг волийларинг шундай қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқийдиганларни уришдан қайтарганлар.

Шайхларимиздан бири Ҳавд ибн Атодан, у Анасдан ривоят қилади: “Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқийдиганларни уришдан қайтарганлар”, деди.

Бизнинг фикримизча, бу ҳадиснинг маъноси - албатта, Аллоҳ билгувчироқ - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу қайтариқлари дарра урилмайдиган жазо турларига нисбатан айтилган.

Лекин менга етиб келган маълумотларга кўра, сенинг волийларинг бу ишни ҳеч қандай ҳукмсиз ва жиноятга қандай жазо белгиланганига қарамасдан қилаверадилар. Жиноятнинг кичик ёки катталигидан қатъий назар жиноятчига нисбатан бундай қилиш мумкин эмас. Маҳбуслардан ким қасос(Қасос - бировга қандай жароҳат етказган бўлса, худди шундай жароҳат билан жазоланадиган жазо тури.), ҳад ёки таъзир каби жазо турлари белгиланган жиноят қилган бўлса, ўша жазо тури билан жазоланади. Ким бировга жароҳат етказган бўлса, ҳудди шундай жароҳат билан қасос амалга оширилади. Яъни гувоҳлар ёрдамида у етказган жароҳат аниқланиб, унга ҳам худди шундай жароҳат етказилади. Агар жароҳатланган киши уни афв этса, ундан қасос олинмайди. Агар худди шундай жароҳат етказиш имкони бўлмаса, жиноятчига арш(Арш - жондан бошқа нарсага, яъни тана аъзоларига етказилган жароҳатларда тўланадиган товон тури.) тўлаш белгиланади ва у жазонланиб, тавба қилмагунича узоқ муддатга қамалади. Шундан кейин озод қилинади. Шунингдек, ким қўл кесилиш жазоси белгиланган ўғриликни амалга оширса, унинг қўли кесилади. Белгиланган ҳадларни амалга оширишнинг (у дунёда) ажри катта ва ер аҳолисига фойдаси кўпдир.

Баъзи машойихларимиз Жарир ибн Язиддан ривоят қилади: “Абу Зуръа ибн Амр ибн Жарир Абу Ҳурайра шундай деганини эшитган экан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ер юзида ҳадга амал қилиниши, унинг аҳолиси учун 30 кун эрталаб ёмғир ёғишидан яхширокдир”, деганлар”.

Имом ҳадни амалга оширишда ҳеч кимнинг тарафини олиши ва бировнинг ҳимояси билан (жиноятчини) ҳаддан озод қилиши мумкин эмас. Имом ҳадни амалга оширишда маломатчининг маломатидан қўрқмаслиги керак. Лекин ҳадни амалга оширишда шубҳали жиҳатлар мавжуд бўлиши бундан мустасно. Бу ҳолатда имом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ва тобеъинлардан келган ривоятлар асосида ҳадни бекор қилади. Уларда айтилишича: “Шубҳали ўринларда қўлингиздан келганча ҳадларни бекор қилинглар. Зеро, кечиришда хатога йўл қўйиш, жазо беришда хатога йўл қўйишдан яхшидир”.

Ҳад белгиланмаган жиноятчига ҳад қўлланиши, шунингдек, ҳад белгиланган жиноятчига шубҳадан холи ҳолатларда уни қўлламаслик мумкин эмас. Мусулмон киши имомдан белгиланган ва аниқ бўлган ҳадни бекор қилишни сўраши мумкин эмас. Агар иш ҳали имомга етиб бормаган бўлса, аксарият фақиҳлар шафоатга рухсат беришган. Лекин билишимизча, иш имомга етиб боргандан кейин шафоат қилиниши мумкин эмаслиги борасида фақиҳлар ихтилоф қилмаганлар. Албатта, Аллоҳ билгувчироқ!

Ҳишом ибн Урва Фурофиса Ҳанафийдан ривоят қилади: “Зубайрнинг олдидан бир ўғрини олиб ўтишди, шунда Зубайр унга раҳм қилишни сўради. Зубайрга: “Ҳад борасида раҳм қилишни сўраяпсанми?” дейишди. Зубайр: “Ҳа, модомики у имомнинг олдига олиб борилмаган экан (уни шафоат қилиш мумкин). Имомнинг олдига олиб борилгандан кейин, имом ўғрини кечирса, Аллоҳ имомни кечирмайди”, деди.

Ҳишом ибн Саъд Абу Ҳозимдан ривоят қилади: “Али розияллоҳу анҳу ўғрини кечиришларини сўради. Унга: “Наҳотки, ўғрини кечиришни сўраяпсан?”, - дейишди. Али розияллоҳу анҳу: “Ҳа, у хали имомнинг олдига олиб борилмади. Имомнинг олдига олиб борилгандан кейин, имом ўғрини кечирса, Аллоҳ имомни кечирмайди”, деди”.

Аъмаш Иброҳимдан ривоят қилади: “Қўлингиздан келганча, Аллоҳнинг бандаларидан ҳадларни бекор қилинглар”.

Абу Юсуф айтади: “Мен кўпгина фақиҳларимиз ҳад борасида шафоатни қатъий қоралаганларини ва бундай қилишдан эҳтиёт бўлганларини кўрганман. Улар бу борада ибн Умарнинг қуйидаги: “Ким ўз шафоати билан Аллоҳ белгилаган ҳадлардан бирига тўсқинлик қилса, Аллоҳга Унинг яратганлари борасида қарши чиққан бўлади”, деган сўзини далил қиладилар”.

Муҳаммад ибн Исҳоқ Муҳаммад ибн Талҳадан, у онаси Оиша бинти Масъуддан, у отасидан ривоят қилади: “Қурайшлик бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларидан ипакдан тўқилган мато ўғирлади. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қўлини кесмоқчи эканлари ҳақида гапириб, буни оғир жазо деб ҳисобладилар. Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига у зот билан гаплашгани келиб: “Биз у аёл учун 40 уқия кумуш товон тўлаймиз”, дедик. У зот: “(Гуноҳдан) покланиш у аёл учун яхши”, дедилар. Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юмшоқ сўзлаганларини кўриб, Усомани олдига бордик ва: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан (бу борада) гаплаш”, дедик. Усома у зот билан гаплашди, шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрниларидан туриб: “Менга Аллоҳнинг чўриларидан бири жазоланиши керак бўлган Аллоҳнинг ҳадларидан бири ҳақида намунча кўп гапирмасангиз?! Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима у аёл қилган ишни қилганида, Муҳаммад, албатта, унинг қўлини кесган бўларди”, дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Усома, ҳад борасида шафоат сўрама!” дедилар”.

Мансур Иброҳимдан ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Шубҳали ҳолатларда ҳадларни бекор қилишим, шундай ҳолатларда уларни амалга оширишимдан яхшидир”, деган”.

Баъзи машойихларимиз Зуҳрийдан, у Урвадан, у Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: “(Шубҳали ҳолатларда) қўлингиздан келганча мусулмонлардан ҳадларни бекор қилинглар. Агар мусулмон киши учун чиқиш (жазодан қутулиш) йўлини топсангиз, уни ўз ҳолига қўйинг. Имомнинг кечиришда хатога йўл қўйиши, унинг учун жазо беришда хатога йўл қўйишидан яхшидир”.

Баъзи машойихларимиз Абдумалик ибн Майсарадан, у Наззол ибн Сабрадан ривоят қилади: “Биз Умар розияллоҳу анҳу билан Минода эканлигимизда бир тўладан келган аёл эшакда йиғлаб кетаёганини кўрдик. Одамлар унинг устига бостириб келиб ўлдириб қўяй деяётган ва у аёлга: “Сен зино қилдинг, сен зино қилдинг”, дер эдилар. У аёл Умар розияллоҳу анҳунинг олдига келганда, ундан: “Сенга нима бўлди? Одатда аёлларни зўрлашади”, деди. У аёл: “Мен тортинчоқ аёл эдим. Аллоҳ менга тунда намоз ўқиш неъматини берган эди. Бир куни тунда намоз ўқидим ва ухлаб қолдим. Аллоҳга қасамки, мени бир кишининг менга ташлангани уйғотиб юборди. Мен ётган жойимда унга қарадим, лекин у Аллоҳнинг қандай махлуқи эканини билмадим”, деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Агар бу аёл қатл қилинганида, икки Ахшаб(Икки Ахшаб - Макка атрофидаги икки тоғ, бири Абу Қубайс, иккинчиси Аҳмар. Бу ерда Макка аҳолиси ўт ичида қолиши мумкинлиги назарда тутилган.) ўт ичида қоларди деб қўрқаман”, деди. Сўнгра шаҳарлар амирларига унинг рухсатисиз ҳеч ким қатл қилинмаслиги ҳақида мактуб ёзди”.

Муғира Атодан ривоят қилади: “Жума намозини ўқиш, закот ва ҳадлар борасидаги масалалар султонга ҳавола қилинади”.

Имом Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим Куфийнинг

"Китоб ал-Харож" китобидан

А. Маннапова таржимаси