Шайх Абулҳасан Надавий раҳматуллоҳи алайҳи бу борада қуйидагиларни айтади: «...Шундай қилиб, ўша вақтдан бошлаб Ислом тўғонида ҳозирга қадар ямалмаган ёриқлар пайдо бўлди ва исломий ҳаётни бузиб кўрсатишлар содир бўлди.
Ҳукумат арбобларидаги жоҳилона ҳолатлар
Ҳукумат арбоблари, ҳатто халифалар ҳам дин ва ахлоқнинг етук тимсоллари эмас эдилар. Аксинча, улардан кўпларининг томирларида жоҳилиятнинг илдизчалари ва хусусиятлари бор эди. Шунинг учун ҳам улардаги маънавият ва шахсият омма ҳаётига ва жамиятга сингиб кетди. Улар одамларнинг ахлоқ-одоблари, одатлари ва майлларида ўрнак бўлиб, дин ва ахлоқнинг назорати зойил бўлди. Ҳисба - назорат кўтарилди. Амри маъруф ва наҳйи мункар ишлари у таянадиган куч ва уни ҳимоя қиладиган ҳукумат бўлмагани боис ўз кучини йўқотди. Бундай ишлар билан ўзларида куч-қудрат ҳам, жазо ҳам мавжуд бўлмаган ихтиёрий шахслар шуғулланар эдилар, холос. Ҳолбуки, одамларни уларнинг хилофига ундайдиган омиллар мўл-кўл ва кучли эди. Шундай қилиб, Ислом ўлкаларида жоҳилият бош кўтариб қолди. Одамлар дабдаба ва роҳатга, кўнгил-хушлик ва ўйин-кулгига берилиб кетдилар. Лаззатлар ва шаҳватлар ичига шўнғиб, ниҳоятда ахлоқсиз бўлиб кетди-лар. «Ал-Ағоний» ҳамда Жоҳизнинг «Ал-Ҳайвон» китобига бир назар солсангиз, ўша пайтда лағвга қанчалик рағбат бўлганини, ўйин-кулги ва лаззатларга интилиш қанчалик кучайганини, дунё ҳаётига ва ундаги қулайликларга очкўз-ликларини билиб олсангиз бўлади. Ана шундай ҳаёт тарзи ва ана шундай тубан ахлоққа эга бўлган, ўйин-кулгига бу даражада берилган ҳеч бир уммат Исломнинг вазифасини адо этишга, дунёда анбиёларнинг ўринбосарлари мақомида бўлишга, одамларга Аллоҳни ва охиратни эслатишга ҳамда тақво ва диёнатга даъват этишга, ўз ахлокдари билан одамларга ўрнак бўлишга қодир бўлмайди.
Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида шундай марҳамат килади:
«Илгари ўтганлар ҳақида Аллоҳ тутган йўл ҳам шудир. Аллохнинг йўлига ҳеч бадал топа олмассан» (62-оят).
Улар Исломни бузиб кўрсатишди
Ана шу кимсалар ўзлари қилган ва қилмаган барча ишларда фақатгина ўзларининг ва ўзлари олиб бораётган сиёсатнинг намояндалари эдилар. Жуда ҳам кам ҳолатларни ҳисобга олмаганда, улар Исломнинг ҳам, унинг шариат билан боғлиқ сиёсатининг ҳам, ҳарбий қонунларининг ҳам, унинг маданий низоми-ю, ахлок-одобга доир таълимотларининг ҳам намояндалари эмас эдилар. Шунинг учун ҳам Ислом дини ўзининг мусулмон эмасларнинг қалбларидаги таъсирини ҳам, кучини ҳам йўқотиб, ўзига бўлган ишончларини кучсиз қилиб қўйди. Европалик тарихчининг ибораси билан айтганда, Ислом таназзулга юз тута бошлаган эди. Чунки башарият янги дин намояндаларининг сўзлари рост эканига шубха билан қарайдиган бўлиб қолган эди.
Фойдали амалий фанларга эътиборсизлик
Ҳақиқатда, мутафаккир уламолар тажрибий - табиий ва фойдали амалий фанларга юнонлардан қабул қилиб олганлари - илоҳий фалсафа ҳамда метафизикага берганчалик эътибор бермадилар. У фанлар эса ўз тилларида таржима қилинган, юнонларнинг маҳаллий мажусийликларидан бошқа нарса эмас эди. Улар унга шунчаки фаннинг либосини кийгизган эдилар. Уларнинг барчаси гумонлар, тахминлар ва маъноси ҳам, ҳақиқати ҳам мавжуд бўлмаган лафзий тилсимлардан бошқа нарса эмас эди. Аллоҳ ушбу баҳс ва изланишда, Аллоҳнинг зоти ва сифатлари, улар билан алоқадор бўлган нарсалар ҳақидаги масалаларда Ўзи нозил қилган ҳидоят ва фурқондан иборат баёнотлари билан мусулмонларни кимёвий таҳлилга ўхшаб таҳлил қилишдан ва жузларга ажратишдан беҳожат қилиб қўйган хамда уларни Узи ато этган нурли йўлга йўллаб қўйган эди. Бироқ мусулмонлар ана шу буюк неъматга ношукрлик қилдилар. Узоқ асрлар давомида ана шу кераксиз нарсалар ва изланишларида жидду жахд кўрсатишда давом этдилар. Улар ўз заковатларини манфаат бермайдиган ва ҳеч бир самараси бўлмаган, дунёда ҳам, охиратда ҳам кераги бўлмаган фалсафий ва каломий баҳсларга ишлатиб, зое қилдилар. Ўша кераксиз нарсалар билан машғул бўлиб, уларни Исломнинг манфаати учун ишлатишга, Исломнинг моддий ва маъна-вий ҳукмронлигини бутун оламга тарқатишга имкон берадиган илмлар ва тажрибалардан тўсилиб қолдилар.
Шунингдек, улар руҳ, шарқ фалсафаси ва вахдатул вужуд масалаларига оид илмий баҳслар билан машғул бўлиб қолиб, вақтлари, меҳнатлари ва заковатларининг каттагина қисмини беҳуда сарфлаб юбордилар.
Табиий ва тажрибий фанлар борасида мусулмонлар қўлга киритган ютуқлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, гарчи у ютуқлар ўтган асрлардагидан кўра юксакроқ, илм ва тажриба борасида сермаҳсулроқ бўлган бўлса-да, бироқ улар мусулмонларнинг бошқа илмий доиралардаги кенгқамровли ютуқларига мутаносиб эмас эди.
Мусулмонлар қолдирган табиат, коинот ва илмий тажрибаларга оид китоблардан, гарчи европаликлар ўзлари-нинг уйғонишларида фойдаланган ва у китобларнинг қадр-қийматларини эътироф этган бўлишса-да, улар фақатгина XVII-XVIII асрларда европаликлар яратган улкан ва бой кутубхона олдида жуда ҳам оз эдилар. Биз Андалус уламолари ва шарқ ҳакимларининг асарлари билан ҳар қанча фахрлансак-да, улар илм, ҳикмат, тажриба ва синовлар борасида Ғарбнинг улкан ютуқлари каршисида ҳеч нарса бўлмай қолади. Микдор жиҳатидан ҳам, сифат жихдтидан ҳам, ихтирода ҳам, ташаббусда ҳам. Шунингдек, илмий тадқиқотда ва техник мустаҳкамликда ҳам. Сиз мусулмон шарқининг маънавий жиҳатга бўлган эътибори ва илмий ҳамда тажрибий жиҳатларга мансублиги қанчалик эканини билмоқчимисиз? У ҳолда мисол учун, шайх Ибн Арабийнинг «Ал-Футуҳотул-Маккия» китоби билан табиат ва ҳикматга доир энг буюк китобни солиштириб кўринг. Шунда фаннинг юксаклиги, мавзуга эътибор ва унинг йўлидаги жидду жахдлар ўртасида катта фарқ борлигини кўрасиз, шарқнинг ундан қанчалар завқланганини билиб оласиз.
Бидъатлар ва залолатлар
Исломдаги соф тавҳидни ширк, жаҳолат ва залолатнинг пардалари тўсиб бораёзган эди. Диний тузумга мусулмонларнинг ҳаётларидан каттагина ўринни эгаллаб бўлган бидъатлар аралашиб кетган ва улар мусулмонларни тўғри дин ва дунёдан тўсиб қолган эди. Мусулмонларнинг ер юзидаги бошқа халқлардан фарқли тарафлари ва устунликлари, шубҳасиз, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин туфайлидир. Ушбу диннинг афзаллиги ва мўъжизакорлиги унинг тўғрилиги ва муҳофазасидадир. Чунки у Аллоҳнинг ваҳийси, шариати, ожиз қолдирувчи қонуни ва ҳикматли қоидаси экани билан фарқланиб туради.
Аллох, таоло Фуссилат сурасида шундай марҳамат қилади:
«У ҳикматли, мақталган Зот томонидан нозил қилингандир» (42-оят).
Қуръон ҳаким Зот бўлмиш Аллоҳ таолонинг нозил қилган Китобидир. Шунинг учун у ҳикматга тўла Китобдир. Унинг оятлари ҳикматли, кўрсатмалари ҳикматли, амрлари ҳикматли, қонун-қоидалари ҳикматли - ҳамма-ҳаммаси ҳикматлидир.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг
"Олам ва одам, дин ва илм" китобидан