Мутахассислар алкоголга мойил бўлган 91 беморни кузатдилар. Улар спиртли ичимликларни рад этишнинг дастлабки ҳафталарида кўнгиллиларнинг миясида нима бўлганлиги ва қанча вақтгача дастлабки даражасига қайтарилгани билан қизиқишди. Назорат гуруҳида 36 киши алкоголга қарам эмасди, деб ёзади "Российская газета" 17 сентябрь, сешанба куни.
Кўнгиллилар магнит-резонанс томографиядан (МРТ) ўтдилар, бу абстинент синдромда миянинг оқ моддаси микроструктураси ўзгариш жараёнини кўрсатди. Ҳатто олти ҳафта ичкиликбозликдан тийилиб туришдан кейин ҳам дегенератив ўзгаришлар кузатилди – боз устига, улар аввалгидан ҳам кучлироқ эди.
Олимларнинг фикрича, бунинг сабаби – спиртли ичимликларни истеъмол қилиш оқибатида ҳамда абстиненция вақтида ривожланадиган яллиғланиш реакциясидир. Буни лаборатория каламушларида ўтказилган тажрибалар ҳам тасдиқлади.
Шу сабабли, тадқиқотчилар узоқ вақт ичкиликбозликдан тийилиб туришни, шу жумладан фақат вақти-вақти билан ичадиганлар учун ҳам тавсия қиладилар.
Август ойида спиртли ичимликларни ортиқча истеъмол қилиш саратон хавфига олиб келиши маълум бўлди. Олдинги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, кунига 1-2 стакан вино ичадиганлар юрак ишемик касаллиги ривожланиш хавфини 35 фоизга камайтиради. Аммо, ҳозирда бу тадқиқотлар қайта кўриб чиқилмоқда.