loader
Foto

Ҳақиқатларни ва илмларни исботлаш ҳақида

Илмнинг таърифи ва ҳақиқати маълум бўлгач, айтамизки, барча оқил кишилар илмнинг ва нарсалар ҳақиқатларининг мавжуд эканлигига ижмо қилганлар. Фақат ўзларини жоҳилликка олган ва ҳайвонлар ҳам ҳазар қиладиган бир рутбани ўзларига раво кўрган аввалгилар: «Бирор нарсанинг ҳақиқати ҳам, бирор нарса ҳақида билим ҳам йўқ, улар фақат тахмин ва гумонлардир», деб ўйладилар.

Оқил кишилар ижмо қилиб айтганларки, бизлар билан бу гапни айтганлар орасида мунозара бўлмайди. Зеро, мунозаранинг мақсади далиллар орқали бир қарашнинг тўғрилигини ва бошқа бир қарашнинг ботил эканлигини исботлашдир. Далилларни кўриб чиқишдан ҳосил бўладиган билим -қувватлилик жиҳатидан юқори даражага етиб борса ҳам - унинг йўли ҳислардан ва зарурий (элементар)ликдан бўлган билим йўлидан кўра, яширинроқдир.

Аҳмоқлик ваўжарликда ҳислар орқали ва зарурий (элементар)лик орқали аниқланган билим ва ҳақиқатларни инкор этишдан тап тортмайдиган даражага етиб борган кишининг далиллар билан исботлаш орқали аниқланган билимни қабул қилиши кутилмайди. Шунингдек, мунозара аслида ораларида бири мусбат, иккинчиси манфий ҳукмда қабул қилинган асосларда, ушбу асосларнинг иккала турига ҳам қайсидир жиҳатдан ўхшаш бўлган фаръ (янги ҳолат) юзага келган икки киши орасида бўлади. Улар буни икки асосдан қайсинисига боғлаш авло эканлиги, ўхшашлик қайсинисига сабаб жиҳатидан, қайсинисига борлиқ жиҳатидан бўлгани борасида ихтилоф қиладилар. Бу билан асосда мавжуд бўлган ҳукмнинг сабаби (иллати) борлиги эмас, тасодифан юзага келган ҳолат кўзда тутилади. Улар тасодифан юзага келган борлиқдан сабаб (иллат)ни кўрсатиб, уни ўзида бор бўлган ҳукм иллатининг сифати билан муштарак асосга қўшиш мақсадида мунозара қиладилар.

Ўзларини жоҳилликка солиб юрган ушбу кишилар учун эътироф этилган бирор асос топилмагач, улар билан мунозара қилишни тасаввур этиш қийин. Фақат уларни аъзоларини кесиш, яралайдиган қилиб уриш, овқат ва сув бермай, жазолаш керак. Агар улар ёрдам сўрасалар, жонлари оғриса ҳамда овқат ва сув сўрасалар, уларга то ўжарликларини ташлаб, ҳақиқатлар (мавжудлиги)га иқрор бўлмагунларича «Кесиш, уриш, очлик ва чанқоқнинг ҳақиқати йўқ (яъни ҳақиқий эмас). Буларнинг барчаси сизларнинг хаёлингиз ва тахминингиздир. Ҳақиқатда эса бу ҳол сизларни роҳатлантириш ва сизларга инъомдир», дейиш керак.

Улар билимлар ва ҳақиқатларни инкор этар экан, ўзларининг гаплари ва қарашларининг ҳақиқати йўқ эканлигини ҳамда ўз қарашлари тўғрилигини ва рақибларининг қарашлари ботиллигини билмасликларини тан оладилар. Ўз қарашининг ботил эканлигини тан олишнинг ўзи рақибининг у билан мужодала ва мунозара қилишига катта ёрдам бўлади. Шунингдек, унинг шунча муддат тирик қолишининг ўзи унинг ҳақиқатларни билишини кўрсатади. Зеро, агар у тирик қолиш сабабларини билиб, ўзига жалб қилмаганида ва нобуд бўлиш сабабларини билиб, улардан сақланмаганида тирик қолмаган бўлар, балки қисқа муддатда йўқолиб кетган бўлар эди. Чунки ким озиқланмайдиган, иссиқ ва совуқнинг зараридан ҳимоялайдиган кийимни киймайдиган, ёниб турган оловга ўзини отиш ва баланд жойдан ўзини ташлаш, чақадиган илонлар ва заҳарли чаёнлардан сақланмайдиган бўлса, ўша заҳоти нобуд бўлади. Демак, уларнинг шу пайтгача тирик қолишлари нарсаларнинг ҳақиқатларини билишларини кўрсатади.

Шунингдек, «Нарсаларнинг ҳақиқати йўқ (яъни ҳақиқий эмас)» деган гаплари улар томонидан ҳақиқатларни инкор этишнинг ҳақиқат сифатида қабул қилинишидир. Демак, улар гапларини ўз гаплари билан инкор этмоқдалар.

Уларнинг шубҳалари бундай: «Сизларга кўра, билим манбаларининг энг юқориси бу беш сезгидир. Ваҳоланки, улар билим манбаи бўла омайди. Чунки уларнинг ҳукмлари бир-бирига зиддир. Масалан, сафро касаллигига чалинган киши асални ҳам аччиқ деб билади, ваҳоланки, бошқаси уни ширин деб билади. Кўзи ғилай киши бир нарсани иккита кўради, ваҳоланки, бошқаси уни битта кўради. Буларнинг барчаси сезгининг ишидир. Ҳукмлари бу шаклда бир-бирига зид бўлган нарса тақозо қиладиган сабаб бўлиш тугул, бирор нарсанинг далили ҳам бўла олмайди».

Бу шубҳа уларнинг ҳақиқатларни билиб, уларни тан олишларини, фақат уларнинг ўжарлик қилаётганларини кўрсатади. Зеро, улар агар сезгиларнинг нима эканлигини, уларнинг ҳукмлари бир-бирига зид эканлигини, ҳукмлари бир-бирига зид бўлган нарсанинг далил бўла олмаслигини, ҳукм нима эканлигини, далил нима эканлигини, асал нима эканлигини, сафро касаллигига чалинган кишининг қандай бўлишини, аччиқ қандай эканлигини, сафро касаллигига чалинган кишининг асални аччиқ деб билишини, кўзи ғилай кишининг ким эканлигини, кўриш нима эканлигини, кўзи ғилай кишининг битта нарсани иккита кўришини, битта нима эканини ва иккита нима эканини билмаганларида ваушбу нарсаларнинг ҳақиқатларини билмаганларида ушбу шубҳаларни келтирмаган бўлар эдилар. Улар далил келтирган нарсаларнинг ўзи уларнинг гапларининг ботиллигини кўрсатмоқда.

Бизлар билан улар ўртасидаги сезгилар борасидаги ихтилоф улар соғлом бўлган ҳолат борасидадир. Сезгилар саломат бўлганда ва уларда нуқсонлик бўлмаганида уларнинг ҳукмларида қарама-қаршилик бўлмайди. Нуқсонлик бўлгандагина уларнинг сезишида халал юзага келиши мумкин. Бундай ҳолатда (хато бўлиши мумкинлиги борасида) бирор (эътирозли) гап йўқ.

Ўзларини жоҳилликка солиб юрган ушбу кишиларнинг бир гуруҳи ҳақиқатларни инкор этадиган гапни айтмайдилар. Балки улар: «Нарсаларнинг ҳақиқати борми ёки йўқми, билмаймиз», дейдилар. Улар шубҳачилардир. Уларга: «Билмасликларингизни биласизларми?» дейиш керак. Агар «Ҳа» десалар, ўзларининг билишларини тан олган бўладилар. Бу эса ўзларининг қарашларини бекор қилишларидир. Агар «Билмаслигимизни билмаймиз» десалар, улардан билимларини билмасликлари ҳақида яна сўралади. Кейин учинчи, тўртинчи марта, чексизликкача сўралади. Улар бу билан ўз қарашларини билмаслигини тан олар экан, ўз қарашларини инкор этган бўлади. Сўнг уларнинг аъзолари кесилади ва юқорида зикр қилинган ишлар қилинади. Уларнинг жонлари оғриган пайтда уларнинг билишлари ўзларига намоён этилади. Яна уларнинг тирик қолишлари ҳам улар-нинг ҳақиқатларни билишларини, аммо қайсарлик қилаётганларини кўрсатади.

Уларнинг бошқа бир гуруҳи нарсаларнинг ҳақиқатлари эътиқод қилувчиларнинг эътиқодларига боғлиқ, деб ўйлайдилар. Улардан: «Бизлар нарсаларнинг ҳақиқатлари эътиқод қилувчиларнинг эътиқодига боглиқ эмас, деб эътиқод қиламиз. Энди ҳақиқатлар эътиқодимизга боғлиқ ҳолда эътиқод қилувчиларнинг эътиқодларига боғлиқ бўлишдан чиқадими?» деб сўраш керак. Агар улар: «Ҳа» десалар, ўз қарашларининг ботил эканлигини тан олган бўладилар. Агар «Йўқ» десалар, эътиқод қилинган нарсанинг эътиқодга боғлиқ эмаслигини тан олган бўладилар.

Кейин улар оғриқли уриш ва аъзоларни кесиш билан қийналиши керак. Агар қийналсалар ва бақириб ёрдам сўрасалар, уларга: «Сизларга қилинаётган нарсаларни ўзларингизга лаззат, инъом ва роҳат бериш деб эътиқод қилинглар, шунда булар эътиқодингизга боғлиқ ҳолда шундай бўлиб қолади», дейиш керак. Шунда уларнинг (гумроҳлик) пардалари йиртилади ва уларнинг ўжарликлари ва кибрлари кўринади. Ушбу фирқа вакиллари «софистлар» деб аталади. Аллоҳ тавфиқ берувчидир.

Абу Муин Насафийнинг

"Табсиратул адила фи усулид дин" китобидан

Убайдулла Уватов таржимаси

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР