Далилларга таянмасдан, тақлид билан имон келтирган кишининг имони дурустдир. Мўътазилалар шубҳани даф этиш мумкин бўладиган даражада ҳар масалани ақл далолати билан билмагунича киши мўмин бўлолмайди, дейишади.
Абу Ҳасан Рустоғний ва Абу Абдуллоҳ Ҳалимий бундай дейишади: “Мўмин барча масалаларни ақлий далил билан билиши шарт эмас. Аллоҳ таолони таниганидан сўнг эътиқодини Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганларига асосласа, эътиқоди тўғридир. Мўминнинг имони дуруст бўлиши учун шу етарлидир. Чунки имон тасдиқ ва иқрордан иборатдир”.
Бу масаланинг ҳақиқати будир: Пайғамбаримиз (с.а.в.) ким у зотнинг пайғамбарликларига имон келтириб, Аллоҳ таоло тарафидан келтирган ҳукмларни тасдиқ этса, у кишини мўмин санаганлар.
Имом Абу Ҳанифанинг
"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан