loader
Foto

Муқаллиднинг имони ҳақида

Имон бу Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг гапига кўра, ишонишдир. «Ал-Олим вал-мутаъаллим» китобида шундай зикр қилинган. Бу Абу Мансур Мотуридий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг танлаган қарашидир. Абулҳасан Ашъарий ва бир гуруҳ мутакаллимлар шундай деганлар. У умумий қилиб айтганда, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Аллоҳ ҳузуридан олиб келган нарсаларига ишонишдир. Зеро, мана шуларда ишонилиши лозим бўлган нарсаларга ишониш мавжуд бўлади. Чунки унда Аллоҳ таолога, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига ва тафсилий шаклда имон келтирилиши лозим бўлган нарсаларга имон келтириш бор. Ҳар бир расулга нисбатан умматининг қиладиган иши ҳам шундай.

Ишониш ёлғонга чиқариш ва тараддуд қилишнинг зиддидир. Зеро, тараддудда иккиланиш маъноси бор. Иккиланган киши ишонган бўлмайди. Ёлғонга чиқарган киши ҳам шундай.

Ишониш ёлғонга чиқариш ва тараддуддан холи бўлган ҳолда тўлиғича мавжуд бўлса, бундай ишончга эга бўлган киши ишонувчи бўлади. Ишониш луғатда имон келтиришдир. Бу ишонч далил асосида юзага келган бўлса ҳам, далилсиз ғайб ҳолида юзага келган бўлса ҳам ёки ғайбни кузатиш орқали юзага келган бўлса ҳам, ишонган киши имон келтирган ҳисобланади. Шу сабабли ҳам Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)дан: «Имон келтирган киши дўзахга киради, дейдиган кишилар ҳақида нима дейсиз?» деб сўрашганида, у киши: «Дўзахга фақат имон келтирган кишиларгина киради», деган. «Кофирлар-чи?» деб сўрашганида: «Улар ўша куни имон келтирган бўлишади», деб жавоб берган. «Ал-Фиқҳ ал-акбар»да шундай зикр қилинган. Охиратда кофирларда имон рукнларига имон бўлгани учун уларни имон келтирганлар, деган. Зеро, имоннинг ҳақиқати ишониш бўлиб, у юзага келган.

Шунга кўра, муқаллидда имон рукнларига нисбатан барча ҳақиқатлари билан имон ҳосил бўлгани сабабли у имон келтирган ҳисобланади.

Мусибат (ўлим) пайтида, азобни кўрганида (Фиръавн каби) ёки охиратда имон келтирган кишига имонининг нафи бўлмайди. Яъни, у имон келтириш савобига ноил бўлмайди ва шу сабабли ундан куфр жазоси соқит бўлмайди. Олимларнинг: «Азобни кўрган пайтдаги имон тўғри эмас», яъни бефойда, деган гапларидан кўзланган маъно ҳам шу. Лекин унда имон ҳақиқатига кўра, мавжуддир. Зеро, ҳақиқатлар ҳолатларга қараб ўзгармайди. Ўзгарадигани муносабат, ҳукмлар ва имонга алоқадор бўлган нарсалардир.

Мусибат (ўлим) пайтида - азобни кўрганида юзага келган имоннинг нима учун нафи бўлмаслиги борасида уламолар ихтилоф қилганлар. Шайх Абу Мансур Мотуридий (раҳматуллоҳи алайҳ) Аллоҳ таолонинг: «Раббингиз белгиларидан баъзиси келган куни эса олдин имон келтирмаган ёки имонида яхшилик орттирмаган жонга (бу) имони фойда бермайди»(Анъом, 158.) мазмунли оятининг таъвили борасида айтади: «Бу вақт - азоб келган пайт. Бу масалада гапи маърифат ва билимдан келиб чиққан гап бўлиши учун кўриниб турган нарсани кўринмайдиган нарсага далил қилишга қодир бўлмайди. Шунга кўра, ишонч далилдан келиб чиққан бўлиши лозим. Агар муқаллиднинг ишончи далилга асосланмаган бўлса, бефойда бўлади. Чунки савоб банданинг йўлиққан машаққати эвазига берилади. Имоннинг ўзини ҳосил қилишда машаққат йўқ. Балки машаққат асослаш ва юзага келган шубҳаларни, шубҳалар билан ҳужжатларни ажратиб олиш учун давомли фикр-мулоҳаза қилиш орқали бартараф этиш билан унга етишиш-да бўлади».



Зукко киши ғайратини мулоҳаза қилиш, тафаккур қилиш, қалби ва онгини изланиш, текшириш ва фикр юритишга тўғри эътибор билан йўналтирса, фикр юритиш шартларига тўлиқ риоя қилса ҳамда Аллоҳ таолонинг зотида ва Унинг розилигини топиш йўлида ушбу машаққатга йўлиқса ва ушбу қийинчиликларни ўз зиммасига олса, савобга ноил бўлади ваунга имонининг манфаати тегади. Агар ғайратини фақат мавжуд лаззатларга етишишга йўналтирса ва нафсини дунё матоҳларидан фойдаланишга буткул қўйиб берса, бирор машаққатга йўлиқмасдан ва на бирор меҳнату оғирликни кўрмасдан имон келтирса, азобни кўрган пайтда имон келтирган киши - ўзи томонидан асослаш ҳаракати содир бўлмагани боис - имонидан наф кўрмаганидек, бу кишининг имонининг нафи бўлмайди, унга савоб берилмайди.

Имоннинг олам жисмлари ҳақида мулоҳаза қилиб ва фикр юритиб, уларнинг пайдо бўлганлиги, уларнинг Яратувчиси борлиги, Унинг бирлигини билиш, сифатларининг ва элчиларни юборишининг ҳақлигини билиш билан ёки расулларнинг буюклари ва уларнинг мўъжизалари ҳақида машаққатга йўлиқиб, нафсини жиловлаб ва мунтазам мулоҳаза қилиш орқали юзага келиши ўртасида фарқ йўқ. Олам жисмлари ва бўлаклари ҳақида фикр юритмаса ҳам, банда расулларнинг буюклари ҳақида фикр юритиш натижасида ҳосил бўлган имон савобига ноил бўлади. Шайх Абулҳасан Рустуғфаний (раҳматуллоҳи алайҳ) шундай фикр билдирган. Шайх Абу Мансур Мотуридий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг «Раббингиз белгиларидан баъзиси келган куни эса олдин имон келтирмаган ёки имонида яхшилик орттирмаган жонга (бу) имони фойда бермайди»(Анъом, 158.) оятига берган икки таъвилнинг бири ҳам шунга ишора қилмоқда. Аллоҳ тавфиқ берувчидир.

(Айрим олимларнинг) айтишларича, азоб келган ва мусибат етган пайтда имон келтирган киши имонининг савоби бўлмаслиги ва унга имоннинг нафи ҳам тегмаслигининг сабаби шуки, у ҳақиқий имон эмас, балки жазони бартараф этиш мақсадида айтилган сўз бўлиб, азобни кетказиш мақсадида бўлгани боис инобатга олинмайди. Ёки (қиёматда) ўзига азоб етган пайтдаги имон сингари деб баҳоланади ёки охират азобининг бошланиши бўлган дунёвий азоб етган ҳисобланади. Зеро, дунё азоби сабабли ўлиб, охират азобига ўтганда ўз ихтиёрини қўлдан чиқарган бўлади. Зеро, бундан сўнг ўзини бошқариш ва дунёдан фойдаланиш имкониятига эга бўлмайди.

Ушбу ҳолатлардан бирортаси муқаллидда мавжуд эмас. Зеро, унинг имони ўзига йўналтирилган ва ўзига келиб турган азобни бартараф этиш мақсадида эмас, балки Аллоҳ таолога яқинлик (қурбат) ҳосил қилиш ва Унинг розилигини олиш йўлида қилинган. Зеро, унга йўналтирилган ва унга келиб турган бирор азоб йўқ. Шунингдек, мажбур бўлишга олиб келадиган сабаб ҳам мавжуд бўлмагани боис, мажбурликдан ҳам имон келтираётгани йўқ. Шунингдек, ихтиёри ўз қўлида, измидан чиқмаган бўлади. Шу сабабли ҳам ундан (тўғри) имон содир бўлган ҳисобланади.

Аллоҳ таоло имон учун савоб ваъда қилган. Савобга эса фақат Аллоҳнинг (бандаларга берган) фазли ва ваъдаси билангина ноил бўлинади. Демак, агар Аллоҳ бирор ишга савоб (бериш)ни ваъда қилган бўлса, уни қилган киши машаққатга йўлиққан бўлса ҳам, йўлиққан бўлмаса ҳам, савобга ноил бўлади. Шунга кўра, муқаллид (имон асосларини ўрганишда) машаққатга йўлиқмаган бўлса ҳам, унинг имонининг савоби йўқ бўлмайди. Чунки (Аллоҳ таоло берган) ваъдадаги умумийлик уни ҳам ўз ичига олади. Аммо азобни ўзидан бартараф этиш учун имон келтириб, шундай қилишга мажбур бўлган ёки ихтиёри ўз қўлидан кетган кишининг имонига келсак, нассда бундай имоннинг нафи тегмаслиги баён қилинган. Шунга кўра, биз ҳам уни бефойда, деймиз. Ушбу насс муқаллидга тегишли эмас. Имонга қилинган ваъдадаги умумийлик ўз ҳолича қолади. Шайх Абу Мансур Мотуридий (раҳматуллоҳи алайҳ) азобни кўрган пайтда имон келтирган кишига имоннинг нафидан маҳрум бўладиган учта ҳолатни баён қилган. Шунга кўра, бу муқаллиднинг имон нафидан маҳрум бўлмаслигига ишорадир. Зеро, унда ушбу ҳолатлар мавжуд эмас. Аллоҳ тавфиқ берувчидир.

Бу мазҳаб (сифатида қабул қилинган қараш) бундай: Далили бўлмаган муқаллид мўминдир. Унга мусулмонлик ҳукмини бериш лозим. У фикр юритиш ва асослашни тарк қилиш билан осий бўлса ҳам, ўз эътиқоди ва бошқа тоатлари билан Аллоҳ талога итоат қилувчидир. Унинг ҳукми - бошқа фосиқ мусулмонларнинг ҳукми сингари - мағфират қилиниши ёки гуноҳига яраша азобланиши мумкин. Шу билан бирга, унинг оқибати сўзсиз жаннат бўлади.

Бу гап Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ), Саврий, Молик, Авзоъий, Шофиъий, Аҳмад ибн Ҳанбал ва аҳли зоҳирлар (раҳматуллоҳи алайҳм)дан, мутакаллимлардан Абдуллоҳ ибн Саъид Қаттон, Ҳорис ибн Асад ва Абдулазиз ибн Яҳё Маккийдан ҳам нақл қилинган. Абу Ҳанифа ва асҳобимиз (раҳматуллоҳи алайҳим) қарашларининг хулосаси баён қилганим шаклдадир. Аллоҳ тавфиқ берувчидир.

Мутакаллимларнинг кўпчилиги имон келтирганлиги собит бўлиши ёки унинг нафи тегадиган бўлиши учун, (муқаллидда) эътиқоди таянадиган бирор далил бўлиши лозим, деган фикрни билдирганлар. Фақат имом Абу Мансур Мотуридийнинг шогирди шайх Абулҳасан Рустуғфаний (раҳматуллоҳи алайҳ): «Эътиқодини ҳар бир масалада ақлий далил билан асослаши шарт эмас. Балки агар эътиқодини Расулнинг гапи билан асосласа ва унинг расул эканлигини, ундан мўъжизалар содир бўлганини билиб, сўнг у зотнинг оламнинг яратилганлиги, Яратувчининг борлиги ва Унинг бирлиги ҳақидаги гапини қабул қилса, буларнинг барчаси тўғрилигини бирор ақлий далил орқали билмаса ҳам, (шунинг ўзи) етарли», деган.

Шунингдек, диёримиздаги аҳли ҳадисларнинг охирги даврдаги олимларидан Абу Абдуллоҳ Ҳалимий ҳам ушбу қарашга мойил. Айрим аҳли ҳадислар ишониш билан бирга бўладиган ушбу далилнинг ижмо қилинган (далил) бўлишини етарли деб билганлар. Аҳли ҳадис мутакаллимларидан бўлган Абу Мансур ибн Айюб шундан келиб чиқиб: «Шунга қиёслайдиган бўлсак, эътиқодини насс ёки суннатга асосласа ҳам, етарли бўлиши лозим. Чунки буларнинг ҳар бири далилдир», деган.

Абулҳасан Ашъарийнинг машҳур қараши шуки, киши усул (эътиқод)нинг ҳар бир масаласига ақлий далил билан ишонмас экан, у мўмин бўлмайди. Фақат буларни қалби билан билиши шарт, тили билан айтиши шарт эмас. Шунингдек, рақиблар билан мунозара қилиш салоҳиятига эга, дуч келган чигалликларни бартараф қилишга ва ўзига йўналтирилган шубҳаларни бекор қилишга қодир бўлиши лозим. Абдулқоҳир Бағдодий бундай киши Ашъарийга кўра, умумий ҳолда, мўмин бўлмаса ҳам, унга кўра, кофир ҳам ҳисобланмайди. Чунки ушбу кишидан куфр ва ширкнинг зидди бўлган ҳолат - ишониш юзага келган. У фикр юритиш ва асослашни тарк қилгани боис гуноҳкор ҳисобланади. У ҳақида ҳукмни Аллоҳ таоло чиқаради: истаса, уни афв қилиб, жаннатга киргизади, истаса, гуноҳи миқдоричаунга азоб беради. Оқибатда осий мусулмонлар сингари сўзсиз жаннатга тушади.

Муътазилийлар далилга асосланмаган ҳолда имон келтирган киши борасида турли қарашни билдирганлар. Кўпчилиги бундай кишини мўмин эмас, деганлар. Улардан бири Абу Ҳошим уни кофир деган. Абдулқоҳир Бағдодий уларнинг қарашларини шу шаклда баён қилган: «Бундай кишини кофир деган гапнинг Абу Ҳошимга нисбат берилиши ундан бошқа муътазилийларга кўра, бундай киши кофир ҳам, мўмин ҳам эмас, балки у икки даража ўртасидаги бир даражада ҳисобланишини кўрсатади».

Барча муътазилийларга кўра, киши ишонган нарсаларини рақиблар билан низолаша оладиган ва ўзига дуч келган муаммоли масалаларни ҳал қила оладиган даражада далили билан билгандагина имон келтирган деб ҳисобланади. Агар булардан бирортасини қилишга қодир бўлмаса, мусулмон ҳисобланмайди.

Муътазилийлар ўртасида ушбу ихтилофнинг келиб чиқиш сабаби шуки, далилга таянмасдан ишонган киши асослашни тарк қилгани сабабли осий ҳисобланади. Асослашни тарк этиш эса (муътазилийларга кўра) катта гуноҳ бўлиб, имон масаласида юзага келган катта гуноҳ уни қилган кишининг имондан чиқишига олиб келади. (Катта гуноҳ имон билан) биргаликда бўл-ганида, имонга киришга монелик қилади.

Абу Ҳошимга кўра, кофир ва бошқа кишининг куфр ва гуноҳ ишдан тавба қилиб, бошқа гуноҳ ишда бардавом бўлиши тўғри эмас. Агар куфрдан тавба қилган бўлиб, ўзи содир этган (ўзгага тегишли) бирор мулкни ўзлаштириш ва шунга ўхшаш бирор катта гуноҳдан тавба қилмаган бўлса, куфрда қолган ҳисобланади. Агар гуноҳ ишдан тавба қилган бўлиб, бошқа катта гуноҳдан тавба қилмаган бўлса, гунохда қолган ҳисобланади.

Агар ихтилоф шундан келиб чиққан бўлса, ушбу масаладаги ихтилоф иккиламчи масаладир.

Катта гуноҳ қилган киши масаласида барча муътазилийлар билан, бир катта гуноҳдан тавба қилиб, бошқа катта гуноҳда бардавом бўлиш масаласида Абу Ҳошим билан баҳслашамиз.

Агар улар: «Ушбу ишончнинг ўзи имон эмас» ёки «У имон, фақат у далилдан келиб чиқмас экан, нафи тегмайди», дейдиган бўлсалар, масаланинг асоси борасида биз билан улар орасида баҳс юзага келади.

Эътиқод ва ишонишнинг нафи тегиши учун далилдан келиб чиққан бўлишини шарт қиладиганлар: «Бундай имоннинг нафи тегмаслигининг сабаби - (банда) машаққатга йўлиқмаганидир. Савоб эса Аллоҳ таолонинг ризолигини истаган ҳолда машаққатга йўлиқиш ва ўзи хушламайдиган ишни қилиш эвазига берилади. Ишонишнинг ўзида машаққат бўлмайди. Балки машаққат далил ҳақида мулоҳаза қилиб, билимга эга бўлиш орқали ишончга етишда бўлади. Шу сабабли ҳам, ўлим пайтида ва охиратда юзага келган ишонишнинг нафи бўлмайди», деб ўйлайдиган бўлсалар, фақиҳларнинг ва аҳли сунна вал жамоа мутакаллимларининг барчалари билан улар ўртасидаги баҳс -юқорида айтилганидек - савобга етишиш Аллоҳ таолонинг марҳамати билан, ваъдаси билан бўлади. Демак, ўзи белгилаб берган қаршилик эвазига бўлади. Имоннинг нафи эса ишониш эвазига деб белгиланган, демак, шундай бўлади. Фақат азобни кўрган ёки мажбур бўлган кишининг имони каби ундан истисно қилинган ҳолатларда айтиб ўтганимизга кўра, имоннинг нафи бўлмайди.

«Далилнинг ишониш билан бўлишини эътиқод далилдан келиб чиққан ҳолатда имон бўлиши учун шарт қилдик», дейдиганларга келсак, улар билан баҳслашиш лозим.

Бизлар бундай деймиз: Улар: «Ишониш билан бирга далил бўлмаса, далилдан келиб чиқмаган бир эътиқоднинг ўзи бўлади», деб айтишади. Бундай эътиқод билим эмас. Зеро, пайдо бўлган билимнинг - зарурий бўлсин ёки асосланадиган бўлсин - бирор сабаби бўлиши лозим. Ушбу эътиқоднинг сабаби йўқ. Демак, у билим бўлмайди. Шунингдек, пайдо бўлган билим икки хил бўлади: зарурий ва асосланадиган. Учинчиси бўлмайди. Бу эътиқод заруратдан келиб чиқмаган. Демак, у зарурий эмас. Бирор далил асосида ҳам келиб чиқмаган. Демак, у асосланадиган ҳам эмас. Хулоса шуки, у билим эмас.

Оламларнинг пайдо қилинганлиги, Яратувчининг борлиги, бирлиги ва рисолатнинг бўлганлигини билмайдиган кишида имоннинг бўлиши амримаҳол. Бунинг сабаби шуки, унда ишониш мавжуд бўлса ҳам, аммо умумий ишониш имон бўлавермайди. Балки имон бу - далилдан келиб чиққанлик билан боғлиқ ҳолдаги ишонишдир. Бунинг сабаби шуки, «имон»нинг луғатдаги ҳақиқий маъноси «ишониш» эмас, балки «ўзини тинчлик (омонлик)ка олиб кириш»дир. (Шу маънода) (ўтирғизган эди, у ҳам ўтирди) дейилгани сингари (хавфсизлигини таъминлаган эди, у ҳам тинч (омон) бўлди) деб айтилади. Демак, бир киши бирор хабарни эшитгач, далил ҳақида мулоҳаза қилиб, ушбу далил орқали унинг тўғрилигини билиб, унга ишонса, унинг тўғрилиги ҳақидаги далиллар ҳақида мулоҳаза қилиб, ушбу хабар ҳақида ёлғондан, алданишдан ёки чалкаштирилишдан ўзини омон сақлагани учун (унга имон келтирди), яъни «унга ишонди», деб айтилади. Ҳолат шундай экан, далилсиз бўлган ишониш имон бўлмаслиги равшандир.

Булар маълум бўлгач, бу (гаплар)дан сўнг Абулҳасан Ашъарий ва муътазилийлар айтадиларки, далил ақлий бўлиши лозим. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг гапини оламнинг пайдо бўлганлиги ва Яратувчининг борлигига далил қилишига асос бўлмайди. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)-нинг гапи у зотнинг расул эканлиги исботланмагунича ҳужжат бўлмайди. У зотнинг расуллигини айтиш эса у зотни жўнатган Зот танилмагунича тўғри бўлмайди. Расулни жўнатган Зотни танишга эса оламнинг пайдо бўлгани ҳақида билим ҳосил бўлганидан сўнггина ўтиш мумкин.

Агар шундай бўлса, оламнинг пайдо бўлганлиги ва Яратувчининг мавжудлиги ҳақидаги билимнинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг гапи билан ҳосил бўлишини тасаввур қилишнинг имкони йўқ. Чунки у зотнинг гапи тўғрилигини далиллаш оламнинг пайдо бўлганлиги ва уни Яратувчиси мавжудлиги ҳақидаги билимга боғлиқ.

Оқил киши оламнинг Яратувчисини ҳикматли Зот деб билса, аҳмоқлик оқибати яхши бўлмаган иш деб биладиганларга кўра, ёлғончи пайғамбардан мўъжиза содир бўлади, деб билмайди. Ёки оламнинг Яратувчиси тўлиқ қудратга эга деб билса - аҳмоқлик қайтарилган нарса деб биладиганларга кўра - унда ожизлик бўлмайди, деб билади. Ёлғончи пайғамбар қўлидан мўъжизанинг содир бўлиши Яратувчи динларнинг ҳақиқийсини кўрсатишдан ва ҳақни ботилдан ажратиб беришдан ожиз қолганини кўрсатади. Бу эса амримаҳолдир.

Ҳолат шундай экан, оламнинг пайдо бўлганлиги, Яратувчининг мавжудлиги, тўлиқ ҳикмат ва қудратга эга эканлиги ҳақидаги билимнинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг гапи билан ҳосил бўлишини тасаввур қилиш имкони йўқ. Чунки у зотнинг гапи ҳужжат эканлиги ҳақидаги билим юқорида айтилган билимларга боғлиқ.

Ушбу билимлар - билимлар зарурий эмас - ишониш билан бирга бўладиган далил бўлишга ярамас экан, унга ақлий бир далил келтириш лозимлигини айтиш керак бўлади. Фақат Ашъарий: «Шубҳани бартараф этишга қодир бўлмаса ҳам, шубҳага дуч келганида ақидасида гумонга бормайдиган, уни бекор қиладиган бошқа бир ҳужжат ва динга ёрдам бериб, уни ҳимоя қиладиган олимлар ичида ушбу шубҳаларни бартараф қиладиганлари борлигини билса, эътиқодини ақлий далилга таянтирса, етарли бўлади», деб айтади.

Абу Муин Насафийнинг

"Табсиратул адила фи усулид дин" китобидан

Убайдулла Уватов таржимаси