Акром Имамўғлу (тур. Ekrem İmamoğlu; тўғилган санаси: 1970 йил 4 июн, Жевизли, Трабзон) — турк давлат ва сиёсий арбоби, 2019 йил март ойидан буён Истанбул шаҳар мэри лавозимида ишлаб келмоқда. У мазкур лавозимга “Миллат альянси” — Яхши партия ва Республика халқ партиясининг иттифоқидан номзод бўлиб сайланган. Номзод танлови пайтида Имамўғлу ҳатто бу альянсдан аввал президентликка номзод бўлган Мухаррам Инжени ҳам ортда қолдирган. У аввалроқ, 2014 йил 30 мартдан 2019 йил 31 мартгача Бейликдюзю туман ҳокими бўлиб ишлаган.
У Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақибларидан бири ҳисобланади. Қатор жиноят ишларининг фигуранти бўлган ва 2025 йил 19 март куни қўлга олинган.
Биографияси
Имамўғлунинг оиласи деҳқончилик ва савдо билан шуғулланган. Онаси чорвачилик ва уй-рўзғор ишлари билан, отаси эса қурилиш компанияси асосчиси бўлган. Болалигида маълум муддат Шимолий Кипрда яшаб, Гирнедаги Американ университетининг алоқа факультетини тамомлаган. Ёшлигида футболчи бўлишни орзу қилган, ота-онасининг фирмасига ёрдам берган, маҳаллий “Трабзонспор” спорт жамиятининг футбол ва баскетбол клубларида менежер бўлиб ишлаган.
1987 йилда Истанбулга кўчиб ўтган, 1991 йилдан Бейликдюзюда доимий яшай бошлаган. Истанбул университетининг бизнес бошқаруви факультетини битирган. 1992 йилда оилавий фирмада иш бошлаган, вақт ўтиши билан кузатув кенгаши раисигача кўтарилган. 2008 йилдан Республика халқ партияси аъзоси, 2009 йилда партиянинг маҳаллий бўлимига раҳбарлик қилган. 2014–2019 йилларда Бейликдюзю мэри бўлган.
Имамўғлу уйланган, уч нафар фарзанди бор.
У туркча, курдча ва инглиз тилларини билади.
2019 йилги Истанбул шаҳар ҳокимлиги сайлови
2019 йил 31 мартда бўлиб ўтган Истанбул шаҳар ҳокимлиги сайловида номзод бўлиб қатнашди. Овозларни охирги ҳисоб-китобидан сўнг унинг ғалабаси эълон қилинди. Сайловнинг 80% натижасига кўра, аввалроқ ракиби — ҳокимиятдаги Адолат ва тараққиёт партияси номзоди Бинали Йилдирим етакчилик қилаётган эди. Илк фарқ 23 минг овозни ташкил этган, кейин ҳукумат ташаббуси билан ўтказилган қайта ҳисоб-китоблардан сўнг фарқ 13 минггача тушган.
2019 йил 3 апрелда Туркия Олий сайлов комиссияси Истанбулнинг 18 туманида овозларни қайта ҳисоблашга қарор қилган. 8 апрелда Президент Эрдўған сайловда қонуний бузилишлар бўлганини айтди ва натижаларни бекор қилишга чақирди. Оппозиция эса Имамўғлуга шаҳар мэрлиги мандатини дарҳол топширишни талаб қилди. 17 апрелда барча ҳисоб-китоблардан сўнг, Имамўғлу мэр сифатида тан олинди ва расман қасамёд қилди.
Аммо 6 май куни Туркиянинг Марказий сайлов комиссияси (7 овоз — "ҳа", 4 овоз — "йўқ") натижаларни бекор қилди ва 23 июнга янги сайлов тайинланди. 23 июндаги такрорий сайловда Имамўғлу яна ғалаба қозонди — бу сафар у 54,22% овоз билан катта фарқ билан ютиб чиқди. Эрдўған ва Йилдирим ҳам шу куни кечқурун уни табриклади. Имамўғлу эса Эрдўған билан ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.
Жиноят ишлари
2019 йилги сайловдаги ғалабасидан сўнг, Имамўғлу сайлов натижалари бекор қилинганини “аҳмоқлик” деб атаган. Бу сўзлари орқали у Туркия Олий сайлов комиссияси аъзоларини ҳақорат қилганликда айбланди. 2022 йил декабрида уни 2 йил 7 ой 15 кун қамоқ жазоси ва сиёсий фаолият билан шуғулланиш тақиқ билан жазолашди. Имамўғлу эса бу сўзларини ИИШ вазири Сулеймон Сойлунинг “аҳмоқ” деган сўзларига жавоб сифатида айтганини таъкидлади. АҚШ Давлат департаменти суд қарори “чуқур ташвиш ва нохушлик” уйғотганини маълум қилди.
Қўлга олиниши (2025)
2025 йил 19 март куни Акром Имамўғлу Туркия полицияси томонидан пора олиш ва Курдистон ишчи партияси (PKK) билан алоқада бўлиш айблови билан қўлга олинди. Шунингдек, Истанбул шаҳар ҳокимлиги ходимлари тендерлар вақтидаги коррупцияда айбланмоқда. Мэрнинг матбуот котиби Мурат Онгун ҳам ҳибсга олинди. Тергов ҳужжатларида Имамўғлу “ташкил этилган жиноий гуруҳ раҳбари” сифатида қайд этилган.
Абу Муслим тайёрлади