loader
Foto

Исломий тафаккур: иймонсизлик ва экстремизм ўртасида (2)

Мантиқ ҳақидаги фан олимлари айтадилар-ки: «Бирор нарса ҳақида ҳукм юргизиш у ҳақида тасаввурдан келиб чиқади, шу сабабли номаълум нарса ҳақида мухокама қилиш ва бирор нарса ҳақида унинг моҳиятини аниқ таърифламай туриб муҳокама қилиш мумкин эмас».

Шу сабабли биз энг аввалида «диний экстремизм» тушунчасининг мазмунини очиб беришимиз лозим.

«Экстремизм» сўзи «четда, ўртадан узоқда туриш» маъносини англатади.

Экстремизмнинг асосий хусусияти шундан иборатки, у доимо салбий оқибатлар билан хавф солади, тинчлик-хотиржамлик ва хавфсизликка яширин таҳдид солади.

Бу ҳақида шоир қуйидаги сўзларни ёзиб қолдирган:

«У токи бошига кулфат тушгунга қадар, ҳимояланган ўрталиқ эди,

Мана энди сўнгги чекка айланди».

Исломнинг мўътадилликка даъват қилиши ва экстремизмдан огоҳлантириши

Ислом ҳамма нарсада: эътиқодда, ибодат ва маросимларда, ахлоқда ва хулқ-атворда, қонунчиликда, жамоатчилик билан алоқаларда мўътадиллик йўлидир. Аллоҳ бу йўлни "тўғри йўл" деб атади, бу йўл ортиқчалик ва ҳаддан ташқариликдан холи бўлмаган, "ғазабга дучор бўлган" ва "адашган" бошқа динлар ва фалсафий мактабларнинг йўлларидан фарқ қилади

Мўътадиллик – исломнинг асосий хислатларидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло у орқали умматни бошқалардан ажратиб кўрсатган: «сизларни одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта миллат қилдик» (Бақара сураси, 143). Бу адолат ва мўътадиллик уммати одамларнинг тўғри йўлдан оғишидан гувоҳлик беради.

Шариат матнларида экстремизм ҳақида ғулув, ҳаддан ошиш сифатида гапирилади. Шариат матнлари мўътадилликка чақиради ва ҳаддан ташқари нарсалардан огоҳлантиради, уларни "ҳаддан ташқарилик", "ғулувга кетиш", "дарғазаблик" каби сўзлар билан атайди.



Ғулувга кетишнинг қандай қаттиқ тақиқланганлигини тушуниш учун қуйидаги муқаддас ҳадисларни ўқиш кифоя қилади:

1. Имом Аҳмад ўз тўпламида келтирган бир ҳадис Насаий, Ибн Можа ва Ҳаким тўпламларида ҳам келтирилган.

Ибн   Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Сизлардан олдингиларни динда ғулувга кетишдан бошқа нарса ҳалок қилган эмас», деганлар.

Ибн Таймийя бу ҳадисни саҳиҳ деб айтган.

Бизнинг ўтмишдошларимиз деганда қадимий динлар вакиллари, айниқса, насронийлар кўзда тутилган. Қуръони каримда уларга қуйидаги сўзлар билан мурожаат қилинади: «Сен: «Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошиб, ноҳақлик қилманг. Ва олдин ўзлари адашиб ва кўпчиликни адаштириб, тўғри йўлдан умуман чиққанларнинг ҳавои нафсларига эргашманг», деб айт» (Моида сураси, 77).

Бундай ҳадислар пайдо бўлишининг сабаби бизнинг эътиборимизни бир жиҳатга қаратади: ҳаддан ошиш кичик нарсадан бошаланади, кейин эса кенгаяди ва авж олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида Муздалифга келганларида ибн Аббосга айтганлар: “Отишим учун тош териб бер”, дедилар. Мен у кишига майда тошлардан териб бердим. У зот тошларни қўлларига олар эканлар: “Ҳа, мана шуларга ўхшаганидан отинглар”, деб уч марта такрорладилар ва: “Сизлар динда ғулувга кетишдан сақланинглар, зеро сизлардан олдин ўтган қавмларни айнан динда ғулувга кетишлари ҳалок қилди”, дедилар (яъни, кичикк тошлар ўрнига катта тошларни отиш афзал, дейиш каби ғулувга кетманглар).

Имом Ибн Таймия айтади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг: «Динда ғулувга кетишдан сақланинглар», дегани ақийда ва амаллардаги барча ғулувларга тегишли, ҳаддан ошиш бу чегаралардан ўтишдир.

Насронийлар дин-эътиқод ва ҳатти-ҳаракатларда керагидан ортиқликка бошқалардан кўра кўпроқ берилиб кетарди ва Аллоҳ таоло Қуръони каримда уларга буни тақиқлаб қўйди: «Динингизда ҳаддан ошманг» (Нисо сураси, 171).

2. Имом Муслим «Саҳиҳ»да ривоят қилган ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғулувга кетганлар ҳалок бўлдилар», дедилар. Уч марта айтдилар», дейилган.

Имоми Нававий айтади: “Яъни, ҳуддан ошиқ чуқур кетиш ва сўз ва амалларидан ҳаддан ошишликдир”, деган. Бу ҳадислардан кўриниб турибдики, ҳаддан ошиш ва ғулув динда ва ҳаётда ҳалокатга олиб келади.

3. Имом Абу Довуддан ривоят қилинадиган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингизга ўзингиз қийин қилманг. Аллоҳ сизга қийин қилиб қўяди. Бир қавм ўзига ўзи қийин қилганда, Аллоҳ уларга қийин қилиб қўйган. Ана, уларнинг қолдиқлари, кулбалар ва монастирларда. Роҳибликни ўзлари чиқариб олдилар», деганлар. Ибн Касир «Ҳадид» сурасига ёзган тафсирларида ҳам шу маънодаги ҳадис зикр қилинган.

Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тақводорликда ҳар қандай ҳаддан ошишларга қаршилик қилганлар, моддият ва маънавиятни, дунёвий ҳаёт ва динни тенглаштириб келган исломга хос мўътадилликдан чиққанларни, ибодат ва таркидунёчиликда ҳаддан ошганларни қоралаганлар.

Ислом руҳни поклаш, маънавий ва моддий ривожланиш учун мажбурий ибодатни қонунийлаштирди, биродарлик ва бирдамлик асосида ижтимоий муносабатлар тамойилларини жорий қилди, лекин буларнинг барчаси мусулмоннинг шахсий ҳаётига зиён етказмайди ва ҳатто унинг жамият билан алоқасини мустаҳкамлайди. Ислом одамдан дунёвий ҳаёт ва унинг неъматларидан воз кечишни талаб қиладиган роҳибликни қонунлаштирмади. Шариат бутун ер юзини мўмин учун ибодатхона қилди, агар унинг ниятлари пок бўлса ва Аллоҳ белгилаган чегараларни бузмаса, бу ердаги ишлари ибодат ва жиҳод ҳисобланади.

Ислом бошқа динларнинг руҳий (диний) ҳаёт учун дунёвий ҳаётдан воз кечишга ва руҳни поклаш учун танани қийноққа солишга, охират учун бу ҳаётдан воз кечишга бўлган чақириқларини тан олмайди. Ислом буларнинг барчасини мувозанатлаштирди: «Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин» (Бақара сураси, 201).

Эй Аллоҳ ! Менинг ишларим сақловчиси бўлган динимни ислоҳ қил, яшаш жойим бўлмиш дунёйимни ислоҳ қил, ва қайтажак жойим бўлмиш охиратимни обод қил.  (Муслим)

“Албатта, танангни ҳам сенда ҳаққи бор...” (Бухорий, Муслим).

Қуръони карим Аллоҳ томонидан ўз бандаларига берилган неъматлар ва ажойиботларни тақиқлайдиганларни қаттиқ қоралайди. Маккада нозил қилинган оятда марҳамат қилинадики: «Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31).

Мадинада нозил қилинган оятда диндорлар гуруҳига мурожаат бор: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилмангиз. Ҳаддингиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмас. Ва Аллоҳ сизгаризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар. Ўзингиз ишонган Аллоҳга тақво қилинг» (Моида сураси, 87-88).

Бу муқаддас оятлар исломнинг дунёвий неъматлардан баҳра олишга, айрим динларда мавжуд бўлган ҳаддан ошиш ва ҳаддан ташқариликка қарши курашга бўлган ёндашувини тушунтириб беради.

Ушбу оятнинг нозил қилиниши ҳақида изоҳ берар экан, олимлар айрим одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қуйидаги сўзларни айтганлиги ҳақидаги воқеани келтирадилар: “Биз жинсий аъзоларимизни кесамиз ва дунёвий қизиқишларни тарк қиламиз, ва роҳиблар каби дунёни кезамиз”. Шунда ушбу оятлар нозил бўлди.

Икрима ибни Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га келиб: «Агар мен гўшт есам, аёлларга берилиб қоламан. Мен ўзимга гўштни ҳаром қилдим», деди. Шундан кейин қуйидаги оят нозил бўлди: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилмангиз. Ҳаддингиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмас. Бу воқеа ҳақида Ибн Касир ўзининг Қуръон тафсирида айтиб ўтган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилади: Баъзи саҳобийлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳараларидан У зотнинг сир амаллари ҳақида сўрадилар. Сўнгра, уни оз деб билдилар. Улардан бири, гўшт емайман, деди. Бошқа бири, аёлларга уйланмайман, деди. Яна бири, кўрпамда ухламайман, деди. Бу нарса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етганида, у зот: «Одамларга нима бўлдики, бундоқ, бундоқ, дейдилар?! Лекин мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам юраман, ухлайман ва бедор ҳам бўламан, гўшт ҳам ейман. Аёлларга уйланаман ҳам. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», дедилар. (Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Суннати – бу уларнинг динни тушунишга ва ҳаётга татбиқ этишга бўлган ёндашувлари, Аллоҳ таоло билан, ўзлари ва атрофдагилар билан муносабатларидир.

Ҳаддан ташқари тақводорликдан келиб чиқадиган офатлар ва иллатлар

Агар бу офат ва иллатларга олиб келмаганида, ақидапарастлик ва динда ҳаддан ошиш ҳақида огоҳлантириш бўлмасди.

Ҳаддан ошишнинг биринчи камчилиги шундаки, бу одамлар учун қийин ва уларни диндан узоқлаштиради. Оддий одам бунга дош беролмайди, ваҳоланки, шариат барча одамларга мурожаат қилади, жамиятнинг алоҳида қисмларига эмас. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда имом бўлганида ва намозни ҳаддан ташқари узоқ вақт ўқиб, ҳатто одамлардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилганида яқин дўсти Муоздан ғазабланган. Шунда у дўсти Муозга: «Сен фитначимисан, эй, Муоз?!» дейди ва бу сўзларни уч марта такрорлайди (Бухорий ривоят қилади).

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам: «Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, мен фалончининг бизга (намозни) чўзиб юборганидан бомдод намозидан орқада қоламан», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша кунидек шиддатли ғазабланганларини кўрмадим. У зот: «Албатта, сизларда нафрат қилдирувчилар бор. Қай бирингиз одамларга намоз ўқиб берса, енгил ўтказсин. Албатта, уларнинг ичида заифи, каттаси ва ҳожатлиси бор. Қачон ўзи намоз ўқиса, хоҳлаганича чўзсин», дедилар». (Бухорий, Муслим)

Шу сабабли, Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобалардан Муоз ибн Жабал ва Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳумоларни Яманга юбораётиб: «Башоратли сўзлар айтинглар, нафрат қўзғатадиганини айтманглар, енгиллаштиринглар, қийинлаштирманглар», деганлар.

Умар розиаллоҳу анҳу шундай дедилар:

«Бандаларга Аллоҳнинг ғазабини келтирманглар: бирингиз имом бўлиб, намозда узоқ туриб, одамларга малол келтириб қўймасин».

Иккинчи камчилик шундан иборатки, бу ҳаддан ошишларнинг умри қисқа ва одам ундан роҳиблик ва диндаги бошқа ҳаддан ошишларни талаб қиладиган маҳрумликларга узоқ чидай олмайди. Ўзининг заифлиги туфайли одам ҳаддан ташқариликдан бепарволик ва эътиборсизликка ўтиб кетиши мумкин.

Бир вақтлар ўзларининг ақидапарастлиги ва ҳаддан ташқари диндорлиги билан танилган, аммо кейин улар Исломни бутунлай тарк этган (Аллоҳ сақласин) ёки ҳаддан ташқари тийилиш азобидан ҳолдан тойган қанча одамларни биламан.

Шу сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги ўгитларни берганлар:  “Бас! Сизлар тоқатингиз етадиган нарсани лозим тутинглар. Аллоҳга қасамки, сиз малол олмагунингизча, Аллоҳга малол келмайди. Диннинг Аллоҳга маҳбуби – соҳиби унда бардавом бўлганидир», дедилар».

Ибн Аббос айтадики: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам завжаларидан бири кундузи рўза тутиб, тунларни ибодат билан ўтказарди. Одамлар унга ҳайрон бўлиб ўтишди: «У кундузи рўза тутиб, тунда ибодат қиларкан!» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб берди: «Дарҳақиқат, ҳар бир амалда ғайрат, қунт бўлади, лекин ҳар қандай ғайрат кунлардан бир кун заифлашади. Менинг суннатимда ғайрат кўрсатадиган киши тўғри йўлдан боради, бошқа нарсада қунт қиладиган киши эса адашган бўлади».

Аҳмаднинг тўпламида Абдуллоҳ ибн Амрдан бир ҳадис ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказдиларки, саҳобаларнинг айримлари ибодат қилишда жуда катта ғайрат кўрсатар экан, бунга у жавоб берди: «Бу исломдаги ғайрат, бироқ, ҳар қандай ғайрат вақти келиб заифлашади... Қуръон ва Суннатга кўра яшашга интилишда ғайрат кўрсатадиган кимса – ишончли асос топади ва тўғри йўлдан боради. Аллоҳга итоат қилмасликда ғайрат кўрсатадиганлар эса – ўзини ҳалок қилган саналади».Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча издошларига умумий панд-насиҳатлари қандай ажойиб: собитқадам ва мўътадил бўлишга, динда ҳаддан ошмасликка маслаҳат, чунки бу уларни йўқ қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, дин осондир. Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин унга ғолиб келади. Бас, тўғри амалда бўлинглар, яқинлашиб юринглар, яхшилик башоратини беринглар. Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг», дедилар». (Бухорий ва Насаий ривояти).

Олим ал-Мунавий ушбу ҳадисга ўз шарҳида айтадики: «Яъни ҳеч ким роҳиблар каби динга чуқур кириб кетмаслиги ва жамиятни тарк этмаслиги лозим, акс ҳолда у ҳолдан тояди ва мағлуб бўлади. "Тўғриланг" тўғриликка роия қилишни англатади, бу эса ҳаддан ошиш ва бепарволиксиз мўътадиллик демакдир. «Яқинлашинг» агарда сиз ҳамма нарсани идеал тарзда бажара олмасангиз, ҳеч бўлмаса шунга яқинлашишга уриниш кераклигини англатади. «Башоратини беринг» дегани доимий эзгуликлар учун кичик миқдорда бўлса мукофотни англатади».

Учинчи камчилик атрофдагилар ҳуқуқларининг бузилишидан иборат. Бир бонишманд ҳақ гапни айтган: «қанча кўп ҳаддан ошишларни кўрган бўлсам, албатта уларнинг олдида доимо ҳуқуқларнинг бузилиши мавжуд бўлган».

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Менга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга хабар берилишича, сен кечани бедор ўтказиб, кундузнинг рўзасини тутар эмишсан?» дедилар. Мен:

«Албатта, мен ўшандоқ қилурман», дедим.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 «Агар сен шундоқ қиладиган бўлсанг, кўзинг заифлашади, нафсинг малол олади. Албатта, сенда нафсингнинг ҳам ҳаққи бор, аҳлингнинг ҳам ҳаққи бор. Бас, рўза ҳам тут. Оғзинг очиқ ҳам юр. Бедор ҳам бўл. Ухлаб ҳам ёт», дедилар». (Бухорий ва Муслим ривоят қилган)

Саҳоба Салмон Форсий ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни биродар, деб эълон қилган ва уларнинг қалбларида кучли дўстлик ўрнатган диндош биродари Абу Дардога худди шу гапларни айтади.

Имом Бухорий Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Салмон билан Абу Дардони биродар қилиб қўйдилар. Бас, Салмон Абу Дардони зиёрат қилди ва Умму Дардони бир аҳволда кўрди ва:

«Сенга нима бўлди?»–деди.

«Биродаринг Абу Дардонинг дунёга ҳожати йўқ», — деди.

Абу Дардо келиб унинг олдига таом қўйди ва: «Егин, мен рўзаман», – деди.

«Сен емагунингча, мен ҳам емайман!»–деди.

Шунда, у ҳам еди. Кечаси бўлганда Абу Дардо туриб намоз ўқий бошлади. Бас, Салмон: «Ухла»,– деди. У ухлади. Сўнгра, яна туриб намоз ўқий бошлади. Ул: «Ухла», – деди. Ухлади. Кеча охирлаб қолганда Салмон: «Энди тур», – деди. Икковлари намоз ўқидилар. Кейин Салмон унга:

«Албатта, Роббингнинг сенда ҳаққи бордир, нафсингнинг сенда ҳаққи бордир ва аҳлингнинг сенда ҳаққи бордир. Ҳар бир ҳақдорнинг ҳаққини бергин!»–деди.

У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб ҳалиги гапни зикр қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Салмон тўғри айтибди», дедилар».

Ибн Сааднинг ривоятига кўра: «Салмон илмга тўла», дейилган.

Барибир, "диний экстремизм" тушунчаси нимани англатади? Унинг аломатлари қандай ва кимни экстремист деб аташ мумкин?

Шайх Юсуф Қарозовий

«Исломий тафаккур: иймонсизлик ва экстремизм ўртасида» китобидан

Абу Муслим таржимаси