loader
Foto

Рим Папаси: «Насронийлик дунёси бошқа мавжуд эмас». Ислом-чи?

«Насронийлик дунёси бошқа мавжуд эмас. Бугунги кунда биз маданиятни илгари суришда ёлғиз эмасмиз, бу ишда биринчи ҳам эмасмиз ва бизга қулоқ солишмаяпти ҳам … Насронийлик, айниқса Европада, лекин шунингдек, Ғарбнинг катта қисмида ҳам, бизнинг умумий ҳаётимизни белгилаб берувчи асос бўлмай қўйди, у кўпроқ инкор қилиняпти, маргиналлашяпти ёки мазах қилиняпти», – деди понтифик.

Папанинг таъкидлашича, мегаполислар аҳолиси «янги Евангелизация»га муҳтож бўлиб, у ўз навбатида, «ностандарт ёндашувлар» талаб қилади. У кардиналларни ушбу янги ёндашувларни ишлаб чиқиш, диний ҳаётда ўзгаришлар ва янгиликлардан қўрқмасликка чақирди.

Рим Папасининг нутқи ўйланишга мажбур қилади: қандай қилиб шундай рўй бердики, бирон-бир мамлакатида масалан, собиқ СССР каби давлат атеизм сиёсати юритилмаган Ғарбда дин ижтимоий ҳаётда бир четга суриб қўйилди ва халқ орасида оммавийлигини йўқотди?

Ҳа, Ғарбдаги барча давлатлар дунёвий давлатлар ҳисобланади, лекин улар ҳеч қачон динга қарши коммунистлар каби курашмаган. Лекин, парадокс – коммунистлар Худога ишонишни узил-кесил йўқ қила олмадилар, ғарб секуляр тамаддуни эса шундай қилдики, унинг ўртача бир вакили динга эҳтиёж сезмай қўйди.

Ислом дунёсида вазият умуман бошқача. Бу ерда дин-эътиқод ва у билан боғлиқ диний дунёқарашлар миллионлаб одамлар учун ҳал қилувчи омил ҳисобланади ва буни мусулмон мамлакатларда ҳам, номусулмон мамлакатларда ҳам ҳукмрон доиралар ҳисобга олишга мажбурлар. АҚШ президентлари бирон-бир мусулмон мамлакат ҳудудида навбатдаги ҳарбий операция бошланишидан олдин уруш исломга қарши эмас, балки «террор»га қарши олиб борилишини алоҳида таъкидлаши ҳам бежизга эмас.

Ислом дунёси мамлакатларидаги, ҳаттоки вестернлаштирилган ва секуляр мамлакатлардаги вазият исломий қадриятлар жамиятдаги муҳитни ва сиёсий кун тартибини ўзгартириб юбориши мумкинлигини намойиш этмокда. Ислом динининг ахлоқий асослари кўп жиҳатдан мусулмон мамлакатларидаги хатти-ҳаракатларни белгилайди. Бу мамлакатлардаги сиёсий раҳбарларнинг боронтаси бир жинс вакиллари ўртасидаги никоҳ ҳақида ижобий гапириши ёки масалан, содомияни қонунийлаштиришга чақириши мумкин эмас. Бундан ташқари, исломий ғоялар йилдан-йилга оммалашиб бормоқда. Ва бу ерда МДҲ мамлакатларида рўй бераётган диннинг тикланиши жараёни ўрнак бўлиши мумкин.

Ғарбда асрлар давомида жамиятни секуляризация қилиш, биринчи навбатда, католик черкови ва унинг папалик институтини барчага, истисносиз, жамиятнинг барча томонларига таъсирини чеклаш вазифасини қўйди. Бу биринчи навбатда, ҳалол меҳнат ғояси, бой ва муваффақиятлиларнинг "Худо томонидан танлангани" билан протестантизмнинг пайдо бўлиши, кейин инсон ҳаёти энг юқори қадрият бўлган, барча моддий ва номоддий ресурслар ушбу ҳаётни имкон қадар қулай ва хавфсиз қилишга қаратилган гуманизм мафкураси пайдо бўлишига олиб келди.

"Маърифатли" ва "ривожланган" мамлакатларда "қолоқ ва мутаассиб" деб ном олган ислом дунёси ҳанузгача бунинг учун одам кўпинча ўзининг "мен"идан устун келиши керак бўлган диний тамойилларни биринчи ўринга қўйишда давом этмоқда.

Албатта, Ғарб элиталари тушунганидек, "умумбашарий инсоний қадриятларни" жорий этиш ишлари мусулмон мамлакатларида ҳам ҳарбий куч орқали, ҳам дунёвийлик, айниқса таълимни кучайтириш орқали амалга оширилмоқда. Бироқ, бу тескари натижани бермоқда: халқ оммаси ўзларига бегона бўлган ғояларни рад этмоқда ва ота-боболардан мерос қолган қадриятларга таянмоқда.