Мазкур ислоҳотларнинг оқибати ҳалигача мусулмон дунёсида сезилиб турибди, энг аввало Туркиянинг ўзида жамият мафкура жиҳатидан ҳам фирқаланиши кузатилмоқда.
Усмонийлар салтанатидаги бундай катта ўзгаришлар қандай оқибатларга олиб келди? 1920-30 йилларда олиб борилган ислоҳотлар бошида Мустафо Камол Отатурк турган эди. Ҳозирги дунёвийлик асосидаги Туркия унинг ҳукмронлиги даврида туғилган ва айнан ўша даврда туркия жамиятининг ҳар бир соҳасидан Исломни сиқиб чиқаришга катта уринишлар бўлди.
Ҳукумат бошига келиши
Усмонийлар салтанатининг Биринчи Жаҳон урушига аралашиши жуда катта хато бўлган. Ҳукмрон пошолар Британия, Франция ва Россияга қарши Олмония тарафидан урушга кирганини эълон қилди. Уруш даврида эса, Усмонийларнинг жанубий ҳудудлари Британия тарафидан босиб олинди, шарқий тарафдан эса руслар бостириб кирди, ғарбдан эса юнонлар. 1918 йили уруш тугади. Катта салтанат иттифоқчи ғолиблар тарафидан бўлиб олинди. Турк тасарруфида эса, Анатолиянинг марказий қисмидаги ерларгина қолди.
Кейинчалик турклар учун миллий қаҳрамонга айланган Мустафо Камол айнан ўша ерларда туғилган. Усмонийлар армиясида зобит бўлиб хизмат қилган, жуда кўп жангларда жасорат кўрсатган, айниқса Галлиопал ярим оролида Истанбулни босиб олмоқчи бўлган инглиз-французлар билан бўлиб ўтган жангларда.
Урушдан сўнг, Камол давлатни равнақ топтиришга оид устувор қарашларини ўзи учун аниқ белгилаб олди. Миллат бирлигининг омили бўлмиш турк миллий ҳаракатини янада мустаҳкамлашни – ўз олдига қўйган асосий мақсад деб билди. Кўп миллатли ва ҳар хил маданиятли Усмонли турк империясидан фарқли ўлароқ, Турк миллий ғояси асосида кўтарилган бир жинсли миллий давлат қуриш Камолнинг орзусига айланди.
Камолнинг билдирган фикрига қараганда: «Турклар араблар динини (Исломни) қабул қилишдан олдин буюк миллат эди. Қабул қилинган Ислом дини араблар, форслар ва мисрликларни турклар билан ягона халқ сифатида бирлаштира олмади. Аксинча, ушбу дин турк халқини ўзаро боғлаб турган миллий ришталарни ҳам заифлаштириб юборди, унинг миллий ғурури барҳам топишига олиб келди. Бу табиий ҳол бўлган, албатта. Зеро, Муҳаммад томонидан жорий этилган бўлиб, миллат манфаатларидан устун қўйилган динни қабул қилдиришдан кўзланган мақсад – турли халқларни ўз комига тортадиган араб миллий сиёсатига жалб этиш бўлган» (Мустафо Камол, Medenî Bilgiler).
Мустафо Камолнинг Ислом тарихи бўйича бузилган дунёқараши асосида ўзи томонидан ишлаб чиқилган миллий дастурни тақдим қилишига олиб келди.
1920 йиллардаги Туркиянинг мустақиллик уруши даврида миллатни бирлаштирувчи шиорлар сифатида Миллий Ғоя ўртага ташланди. Унинг ёрдамида собиқ усмонийлар армияси зобитларини ўз қўл остида бирлаштира олди ва турк ерларидан юнон, инглиз ва француз босқинчиларини қувиб чиқаришга мувоффақ бўлди.
1922 йилга келиб Мустафо Камол бошчилигида Туркия босқинчилардан озод қилинди ва ушбу имкониятдан фойдаланган ҳолда Туркия Буюк Миллат Мажлиси (ТБММ) бошчилигида пойтахти Анқара дея Туркия Республика эълон қилинди. Янги турк ҳукуматини Миллий Мажлис тарафидан сайланган президент бошқарди. Табиийки биринчи президент этиб мустақиллик уруши қаҳрамони Мустафо Камол сайланди. Энди у ўзини Отатурк, яъни туркларнинг отаси деб атай бошлади.
Султонлик ва халифаликнинг бекор қилиниши
Аввал, янги турк хукумати усмонийлардан дунёда Исломни сақловчи вазифасини мерос қилиб олгандек туюлганди. ТБММ томонидан ишлаб чиқилган янги конституция, турк давлатининг расмий дини сифатида Исломни ва Шариат устиворлигини баралла эълон қилди (барча қонунлар ислом ҳуқуқи бўйича мутахассислар комиссияси томонидан тасдиқлангандан сўнг амалга киритилади). Аммо, бу янги бошқарув тизими ишлай олмасди, чунки айни вақтда Истанбулда султон бошчилигидаги муқобил хукумат мавжуд бўлган. Иккала режим ҳам Туркияни бошқаришга даъвогарлик қилар ва очиқ-ойдин қарама-карши мақсадларга эга бўлган. Отатурк бу муаммони ҳал қилди, зеро 1299 йилдан бери мавжуд бўлган “султонлик” институтини 1922 йил 1 ноябр куни тугатди ва барча ваколатни ТБММга расман топширди. Лекин у халифаликни бирданига бекор қилмади: халифалик қолдирилди, аммо у расмий хукуматдан тўлиқ мосуво бўлган ва шунчаки тантана-маросимларга оид бўлган ҳолатида.
Бундай чоралар аҳоли орасида норозиликлар уйғотишини билган Отатурк анъанавий исломий бошқарув турига ўтаётгани ҳақида гапириб юрди. Х – ХVI асрларда Аббосий халифалар асосан номигагина давлат раҳбари ҳисобланар эди, ҳақиқий иқтидор вазирлар ёки ҳарбий амирлар қўлида бўлар эди. Отатурк шу нарсаларни баҳона қилиб, халифани кучсиз ва заиф қилиб қўйганини оқлар эди.
Халифалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг Абу Бакр биринчи халифа этиб сайланганидан бери мавжуд эди.
Туркиядан ташқарида бўлган мусулмонлар томонидан Отатурк ҳаракатлари халифалик институтига катта хавф дея баҳоланди. Масалан, Ҳиндистондаги мусулмонлар Отатурк ҳаракатларидан ғазабга келиб, “Ҳалифалик ҳаракати”ни ташкил қилишди. Ташкилот халифаликни ташқи босқинчилардан ҳамда турк ҳукуматидан ҳимоя қилишни мақсад қилган эди.
Отатурк Туркиядан ташқаридаги мусулмонларнинг халифаликни қўллаб-қувватлашини мамлакат ички ишларига аралашиш деб баҳолади. 1924 йили 2 март куни чет эл аралашувларини баҳона қилиб, Отатурк ва ТБММси ҳалифаликни бекор қилиб, усмонийлар сулоласидан қолган барча аъзоларни мамлакатдан бадарға қилди.
Исломга қарши чоралар
Ўз йўлида ғов бўлиб турган халифаликни йўқ қилган туркия ҳукумати бошқа исломий институтларни ҳам таъқиб қилиш сиёсати эркинлигини қўлга киритди. “Исломни сиёсатдан чиқариш” ниқоби остида мавжуд таълим тизими тўлиқ йўқ қилинди: диний таълим масканлари ёпилди, ҳамда улар ўрнида дунёвийлари очилди.
Ислоҳотлар диний инфратузулмаларнинг бошқа соҳаларига ҳам кириб борди. Икки йил олдин очилган ва ТБММ тарафидан қабул қилинадиган қонунларни тасдиқлайдиган шариат кенгаши тарқатиб юборилди.
Отатуркнинг бошқа ўзгартиришларидан - вақф мулкларининг давлат назоратига ўтиши, дарвишлар орденларининг ёпилиши, барча қозиларнинг ишдан озод этилиши ва шаърий маҳкамаларнинг бекор қилиниши кабилар.
Отатуркнинг Исломга қарши чоралари давлат даражаси билангина чекланиб қолгани йўқ. Отатурк секуляр ғояларни туркларнинг кундалик ҳаётларига ҳам тиқиштиришга ҳаракат қилди:
- анъанавий исломий бош кийимлар ўрнига ғарбча шляпалар келди;
- аёллар рўмоли - ҳижоби масхара қилинди, давлат ташкилотларида тақиқланди;
- анъанавий бўлган ҳижрий тақвим григориан тақвимига алмаштирилди, яъни саналар Исо алайҳиссалом мавлидидан бошлаб ҳисобланадиган бўлган;
- 1932 йили араб тилида азон айтиш тақиқланди. Масжидларда турк тилида азон айтиладиган бўлди;
- жума куни ўрнига Ғарбдаги каби шанба ва якшанба дам олиш куни деб эълон қилинди.
Мазкур ислоҳотлардан сўнг, Туркия Буюк Миллат Мажлиси томонидан Конституциядаги - Ислом расмий давлат дини, деган параграфни бекор қилинди. Ислом Отатуркнинг секуляр мафкурасига алмаштирилди.
Тил ислоҳотлари
Отатурк агар турк халқи бирлашиб унга қарши курашса, секуляризацияга қаратилган "ислоҳот"лар самара бермаслигини яхши тушунарди. Янги тартибларга қарши энг катта таҳдид - Х асрдан бери Ислом билан пайвандланиб кетган турклар тарихи эди. Ўтмиш билан бўлган алоқаларни ўсиб келаётган авлоддан узиб қўйиш учун, Отатурк янги авлоднинг тарихий ёдгорлик ва манбааларини ўқиш имконидан маҳрум қилишга жазм этди.
Саводсизликка қарши кураш шиори остида (ҳақиқатдан ҳам, ХХ асрнинг 20-йилларида мамлакатда саводхонлик даражаси ўта қуйи даражада эди) Отатурк турк ёзувини араб алифбосидан лотин алифбосига алмаштирди. Х асрда Ислом туркларга етиб келгач, улар худди форслар каби араб алифбосидан фойдаланишга ўтган эдилар. Турк тили араб ёзувидан фойдалангани учун оддий турк ўқувчиси Қуръони Карим ва бошқа исломий манбааларни бемалол ўқий олар эди. Аммо Отатуркнинг наздида бу катта хавф туғдирувчи ҳолат эди.
Отатурк лотин алифбосини жорий қилишдан ташқари, араб ва форс калималарини туркчага алмаштириш бўйича комиссия ҳам ташкил қилди. Миллий давлат барпо қилиш йўлида, Отатурк турк тилида бошқа халқлардан ўтган сўзлар бўлмаслигини истарди. Бу араб истилоҳлари ўрнига усмонийлар даврида унутилган эски туркий сўзларни қайта тикланиши лозимлиги эди. Туркия мустақиллиги учун кураш олдинлари “Истиқлол харби” деб айтилган бўлса, энди у янгича “Қуртулуш саваши”, деб аталадиган бўлди, чунки “истиқлол” ва “харби” сўзлари арабчадан олинган эди.
Отатурк фикрича, тил бўйича олиб борилган ислоҳотлар мувоффақиятли бўлган. Бир неча ўн йил ичида усмонийлар туркчаси деярли ўлик тилга айланиб бўлди. Туркларнинг янги авлоди олдинги аждодларидан бутунлай узиб қўйилди, ҳатто улар орасида оддий суҳбат ҳам қийинлашиб кетди. Турк халқининг аксар қисми саводсиз бўлгани учун ҳам Турк ҳукумати уларга миллий ғоялар билан суғорилган тарихнинг янги талқинини сингдира олди.
Секуляр бўлган Туркия
Барча ислоҳотлар - оддий турклар ҳаётидан ҳам Исломни сиқиб чиқариш бўйича кучли ҳаракатларда бўлди. Диний туркларнинг қаршиликларига қарамай давлат тарафидан дунёвий ғояларни жорий қилиши жараёни жуда кучли эди. 80 йилдан ошиқ вақт давомида Туркия ҳукумати дунёвий курс бўйича ҳаракат қилди. Давлатда исломий қадриятларни тиклашга бўлган ҳаракатлар армия қаршилигига дучор бўлди. Улар ўзларини Отатурк ғояларининг ҳимоячилари деб ҳисоблашади.
1950 йили Аднан Мендерес демократик йўллар билан сайланган Бош Вазир бўлди, у ўзининг сайлов олди ташвиқотларида азонни араб тилида айтишга чақирди. Мувоффақият ила ҳукуматни бошқарган бўлса ҳам, у 1960 йили ҳарбийларнинг тўнтариши оқибатида қамоққа олинди ва бир йил ўтиб қатл қилинди.
Сўнгра, 1996 йили ўзини “исломий” деб очиқчасига айтадиган Нажмиддин Эрбокан Бош вазир этиб сайланди. Яна армия аралашди: у ҳукуматда бир йилгина бўлди, сўнг у четлаштирилди.
Бугунги Туркиянинг Ислом ва ўз тарихи билан мунсабатлари оддий эмас. Жамиятнинг бир қисми Отатурк мафкурасини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва Ислом жамият ҳаётида ҳеч қандай рол ўйнамаслиги керак дейди. Аҳолининг бошқа қисми эса Исломга асосланган жамият ва ҳукумат бўлишини ҳамда бошқа мусулмон мамлакатлари билан яқиндан алоқа қилишларини орзу қилади. Бу мафкуравий тўқнашувда ҳеч қайси тараф тинчликни ва муроса қилишни истамаётгани кузатувчини бироз чўчитади...
Манба: Lost Islamic History
Абу Муслим таржимаси