Минтақанинг аксарият таҳлилчилари, экспертлари ва оддий аҳолиси Франция президентининг Ливандаги хатти-ҳаракатлари ва баёнотларини танқид қилди.
6 август куни Ливан пойтахти аҳолиси билан ҳамжиҳатликда Байрутга келган Франция президенти Ливанга етказилган зарарни таъмирлаш ҳақида эмас, балки ўн йиллар давомида Париж мандати остида бўлган мамлакатнинг "сиёсий ва иқтисодий тизимини ислоҳ қилиш" зарурлиги ҳақида гапира бошлади.
Фаластинлик машҳур тарихчи ва эксперт Бешир Нафи бу борада Твиттерда шундай ёзган эди: "Франция узоқ вақт давомида бундай яққол империалистик мойилликларга эга президентни кўрмаганди."
Нафи Макроннинг Ливандаги "сиёсий ислоҳотлар" га даъвосидан далолат бериб, Парижнинг Байрут ишларига аралашишга қаратилган давом этаётган уринишларига эътибор қаратди.
"Макрон ҳамон Ливан тарихидаги янги сиёсий саҳифа ҳақида сурбетларча гапирмоқда. Фалокатдан азият чеккан Байрутда у Франциянинг муайян мустамлакаси бўлгандек ҳаракат қилади", - деб ёзади эксперт.
Яманлик фаоллардан бири Емани бин Ислом Ал-Салими ҳам дунёда мустамлакачилик тенденцияларини рад этишга чақирди.
Салимийнинг сўзларига кўра, Франция президенти Байрутда ўзини худди ўз мулкида юргандек тутган. "Биз 21-асрда яшаяпмиз. Замонавий дунё янада ривожланган ва кучли. Мустамлакачилик даври ортда қолди. Бу фикр Макронга ўхшашларнинг онгида яшайди-да", - дейди у.
Фаластинлик журналист Абдулқодир Файиз фикрича, Макрон Франциянинг ўзидаги инқирозли вазиятга ва муваффақиятсиз ташқи сиёсатга эътибор қаратиши керак эди.
"Франциянинг Яқин Шарқдаги таъсири минимал бўлиб, Макрон Байрутдаги фожиадан минтақага «қайтиш» учун фойдаланишга уринаётган бўлиши мумкин", - деб ҳисоблайди Файиз.
4 август куни Байрут порти яқинида содир бўлган катта портлаш 150 дан ортиқ одамнинг ўлимига ва камида олти минг кишининг жароҳатланишига сабаб бўлди.
Ливан Президенти Мишел Аунинг айтишича, портдаги омборхонада тонналаб портловчи аммиакли селитра сақланган.
Бош вазир Хасан Диаб 5 августни миллий мотам куни деб эълон қилди.