Мусулмонлар диндошларини жиҳодга даъват этган ҳолда мусулмонларни қирмоқда. Мана энди славянлар ҳам ҳеч қандай хижолат тортмасдан православ биродарларини ўққа тутмоқда. Сиёсатчилар ўз иззати-нафсини тинч фуқаролардан иборат жонли қалқонлар билан тўсмоқда. Ўлим ва зўравонликлар телевизорлар экранидан кечагина табассум қилиб, хотиржамликда фарзандларига тарбия бераётган одамларнинг уйларига кириб келмоқда.
Абсурд театри. Худди эшитилмас режиссер ва кўринмас оператор саҳналаштирган, реал вақт режимида олинаётган фильм, фақат қўғирчоқлар ўрнида турли томонларга жонли одамчалар ҳаракатланади. Ўйинчоқ бўлса ҳам майли эди, Аллоҳ томонидан жон ато этилган ҳақиқий одамлар. Ўйинда бу, солдатчани ўлдириш, кейин эса боланинг қўли билан кўтариб қўйиш ва у яна «югуриб» кетиши мумкин. Тирик одамлар биланчи? Уларнинг оилалари биланчи? Уларни ким кўтаради?
Орсиз янгилик ленталарида юзлаб ва ҳатто минглаб одамларнинг бошдан кечирган фожиаси хавфсизликни таъминлаш ва мудофаага ажратилган миллиардлаб бюджет харажатларини оқлайдиган қуруқ статистикага айланади. Янгиликларни бериш географик марказидан келиб чиқиб, турли рангларга бўялган ўзаро айбловлар янграйди. Бир томондан террорчилар, қуролланган бандитлар, хунта, жиноятчилар, исёнчилар, бошқа томондан эса – кўнгилли қўшин аскарлари, озодлик курашчилари, кўнгиллилар. Ҳаракатдаги армия (асло бошқача эмас) ва номунтазам қуролли тузилмалар каби иборалардан фойдаланилмоқда.
Парадокс? Нонсенс? Бу ҳам сайёрамиз миқёсидаги тўхтамас абсурд спектакли бўлса керак. Дунёни бўлиб олиш мақсадини овоз чиқармасдан маълум қилган қандайдир "фарс интернационали". Ушбу сценарий муаллифларининг минглаб оилалар барбод бўлиши ва асрлар давомида шаклланиб келган дўстона қўшничилик муносабатларининг сунъий равишда тугатилиши билан ҳеч қандай иши йўқ. Шу аснода дунё ривожланган жоҳиллик даврига ишонч билан қадам қўймоқда ва тўхталишга ҳаракат кузатилмаяпти ҳам. Бутун бошли жамиятлар тарқалиб кетиш ёки ҳатто тўлиқ йўқ бўлиб кетиш ёқасига келиб қолган гуманитар ҳалокат яққол кўзга ташланмоқда. Лекин гуманитар жиҳатдан энг ёмони бу – рўй бераётган воқеа-ҳодисаларнинг нафрат, тожовузкорлик ва ҳаёсизлик муҳитида ўсиб келаётган ёшларга кўрсатадиган таъсиридир.
Бу воқеага «хэппи-энд» керак. Голливуд сценаристлари, эҳтимол, ҳаёт давом этиши ҳақида баландпарвоз гаплар билан якунлаган бўларди. Лекин ҳамма учун эмас. Қурбонлар сони ўсиб бормоқда. Ҳақиқий фожиа тобора кўплаб одамларни қамраб олмоқда. Фаластин, Яман, Ироқ, Ливия, Сурия, Миср, Афғонистон. Навбатдагиси ким?