loader
Foto

Замонавий цивилизация нимадан ва қандай қилиб қутқаради?

Лойиҳалар назарияси қоидаларидан бирига кўра, одамлар онгли мавжудот сифатида ҳақиқатда янгилик бўлган ҳеч нарсани ихтиро қила олмайди. Бу дунёда яшаш учун зарур бўлган барча билимларга инсоният аллақачон эришиб бўлган. Лекин барибир, «кашфиёт» ва «ихтиролар» қачонлардир маълум бўлган ёки йўқотилган билимларнинг қайта тикланишидир, «ижодий» меҳнат маҳсули ҳақида эса гапирмасак ҳам бўлаверади. Айтишади-ку, ҳар бир янгилик яхшигина эсдан чиққан эски нарса деб. Инсон фикри қодир бўлган энг катта нарса бу –рационализаторлик, яъни инсониятнинг мавжуд техник, технологик ва ментал ривожланиш даражасидан келиб чиқиб, мавжуд билимлардан амалий фойдаланиш ҳисобланади.

Яъни инсон онгининг ҳар қандай «ижоди»да тарихан қандайдир базавий асосларга эга бўлган бошланғич йўналиш ётади. Оддий бир мисол – унинг «ихтиро» қилинишидан замонавий олимлар ва муҳандислар мағрурланадиган радар. Бунда у кўршапалаклар томонидан пайдо бўлган пайтидан бошлаб фойдаланиб келинган. Яъни технологиянинг ўзи аввалбошдан маълум бўлган, фақат одамлар уни тушуниб етган ва металлда намоён қилган. Бу тамойил инсон мавжудлигининг ҳар бир соҳасида амал қилади. Жумладан, «бадиий уйдирма» каби нозик соҳада ҳам.

Агар замонавий оммавий маданият ҳолатига диққат билан назар ташлайдиган бўлсак, ремейклар кўплигини оддий кўз билан ҳам кўриш мумкин. Такрорлашлар бирининг ортидан бошқаси кузатилмоқда, уларнинг чек-чагараси йўқдай гўё. Яъни анча тажрибали одам бадиий асарларнинг аксарияти уларнинг мотивлари асосида яратилган намуналарни қийналмасдан топиши мумкин.

Масалан, япон режиссери Акиро Куросаванинг фильмлари бошқа кўплаб фильмлар учун асос бўлиб хизмат қилган. Лекин бу Куросаванинг ўзи ҳақиқатда бир янгилик яратган эканлигини англатадими? Албатта, йўқ. Маълумки, у Шекспир ва Достоевскийнинг асарларидан илҳом олган. Унинг кўплаб фильмлари Шекспир пьесаларини воқеалар ривожини Англиядан Японияга кўчирган ҳолда кинематография тилига ўтказиш ҳисобланади, холос. Чунончи, 1985 йил Оскар мукофоти совриндори бўлган «Ран» Шекспир қаламига мансуб «Қирол Лир» асарининг эркин қайта ҳикоя қилиниши ва ҳ.к.

Куросава бу борада ёлғиз эмас. Келинг, кинематографдан яна бир нечта мисол, масалан, ҳозирги кунда жуда оммавий бўлган «суперқаҳрамонлар» мавзусини олайлик.

Жуда кўп сонли кино ва мультфильмлар бизга битта оддий сюжетни турли кўринишда тақдим этади. «Супермен», «Ўргимчак-одам», «Самовий жанглар», «Бэтмен», «Шрек», «Темир одам», «Қора пантера», «Икс-одамлар», Marvel ва DC, «Трансформерлар» ва бошқалар айнан шу сюжет атрофида суратга олинган.

Уларнинг ҳаммасида асосий жиҳат шуки, бош қаҳрамон – кўп нарсага қодир бўлмаган одамларга катта бир хавфга қаршилик кўрсатиш ёки дунёни қутқаришда ёрдам берадиган, инсон бўлмаган мавжудот (ёки вариант сифатида, тўлалигича инсон бўлмаган мавжудот). Бунда у кўпинча, ўзининг инсон эмаслиги сабабли, ғайритабиий қобилиятларга эга бўлади. Баъзи ҳолатларда қаҳрамон айрим ноёб техник мосламалардан фойдаланиш эвазига суперқаҳрамонга айланади. Шунингдек, сюжетда албатта қаҳрамоннинг ёрдамчилари: турли хил эшаклар, ғалати сеҳргарлар ва бошқа мавжудотлар иштирок этади.

Ваҳоланки, битта истисно мавжуд. Қаҳрамонлар орасида бир қарашда оддий одам бўлиб кўринадиганлар ҳам учраб туради. Лекин бунда улар ҳақиқий қаҳрамонликлар қилади ва оддий одамларга хос бўлмаган мўъжизалар кўрсатади. Бу албатта, аёллар бўлади. Нозик қоматли ва жиддий табассумли ёқимтой аёллар йўлида дуч келган ҳар ким ва ҳар нарсани, айниқса, девқомат эркакларни янчиб ташлайди. Буни кўриш учун «Блейд 3», «Mortal Combat» ёки Лара Крофтни томоша қилинг.

Келинг, кўриб чиқилаётган сюжетимизга қайтамиз. Хўш, у қанчалик янги ўзи? Агар уни пухтароқ таҳлил қиладиган бўлсак, аниқланадики, бу яхшигина қайта ишланган қадимий афсоналар экан. Бунинг натижасида Персей, Гильгамеш ва Георгий Победоносецлар Анакин Скайуокер, Шрек ва Гарри Поттерга айланди. Аввалги «маъбудлар» ва «ярим маъбудлар» ўрнини энди огрлар, ўзга сайёраликлар ва мутантлар эгаллади. Мана шунақа кескин ўзгаришлар.

Лекин кўзга яққол ташланиб турган таназзулга қарамай, ўтмишдаги қаҳрамонларнинг «илоҳий» келиб чиқиши ва ҳозирги киборглар ва мутантлар ўртасида катта фарқ йўқ. Улуғвор Гераклни қўрқинчли Шрек ва Халк билан фақат бир нарса бирлаштиради – уларнинг кучи инсон билан боғлиқ эмасди ва оқибатда оддий одамлардан бир неча баравар кучли эди.

Яъни ҳозирги кунда бизга инсониятнинг қандайдир инсонлардан юқори бўлган кучларга боғлиқлиги ҳақида эски бир ғоянинг янгича талқини таклиф қилинмоқда. Фақат у туфайлигина одамларда «бегоналар»нинг ёмон ниятлари ва хавф-хатарларга тўла бу оламда жон сақлашга имкон пайдо бўлди. Бунда илгари ушбу «кучлар»ни мужассам этган олийжаноб ва ажойиб қаҳрамонлар ҳозирда томошабинларда фақат ижобий ҳиссиётлар уйғотаётган хилма-хил маҳлуқлар билан муваффақиятли алмаштирилди. «Юзи даҳшатли, қалби эса гўзал».

Айтмоқчи, ушбу гўзалликни бадбашараликка алмаштириш жараёни фақат ғарб кинематографи учунгина хос эмас. Совет давридаги «санъат усталари» ҳам бу ишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган. Битта шалпангқулоқ Чебурашка билан тимсоҳ Генанинг ўзи нималарга арзимайди дейсиз. Мен ҳали совет мультфильмларидаги бир тўда жозибали «бегемотчилар» ҳақида гапирганим йўқ. Ахир насронийлар анъаналарига кўра, Бегемот бу – Жаҳаннамнинг энг қўрқинчли иблисларидан бирининг исмидир. Ҳақиқий бегемотлар ҳам одамларни, масалан, акулалардан кўра кўпроқ ўлдиради. Лекин совет кишилари бегемотни албатта ботқоқдан чиқариш лозим деган фикр билан ўсган. Энди эса одамлар каламуш бошчилигида канализациядан чиқиб келадиган нинзя-тошбақаларни кутади.

Шундай қилиб, замонамиз суперқаҳрамонлари одамларнинг кундалик ҳаётини ҳимоя қилган ҳолда ўтмиш қаҳрамонларининг миссиясини давом эттирмоқда. Балқи, ҳаммаси бу қадар ёмон эмасдир? Эҳтимол, одамларнинг ўзлари, канализациядан чиқадиган ёрдамчилардан умид қилмаган ҳолда, ўз тақдирини ҳал қилишга қодир бўлар?

Ҳозирги дунё мафкураси нуқтаи назаридан бу фикр, шубҳасизки, исёнчилик руҳида ҳисобланади. Ҳеч ким тўсатдан ўзини қутқаришни истаб қолмаслиги учун бизга бундай ҳаракатлар муваффақиятсизликка учрашининг турли вариантлари кўрсатилади. Бунга энг муваффақиятли «Юрадиган мурдалар» сериали ёрқин мисол бўла олади. Мана ўн мавсумки, бир гуруҳ одамларнинг зомби-апокалипсис орасида нормал ҳаётни йўлга қўйишга қаратилган ҳаракатлар беҳуда бўлмоқда.

Ҳаммаси шундан бошланганки, бош қаҳрамон, авариядан кейин кома ҳолатига тушиб қолган провинциал шериф Рик Граймс умуман бошқа бир воқеликда ўзига келади. Олдинги дунё ҳалок бўлган, кўчалар қонхўр зомбиларга тўлиб кетган, оила тақдири номаълум, нима қилиш, қандай жон сақлаш мумкин – ҳеч нарса маълум эмас. Собиқ шериф хотини ва ўғлини қидиришга тушади. Уларни топгач, ўтмишни қайтаришга ҳаракат қилади, лекин тез орада маълум бўлишича, ортга йўл йўқ экан. Дунё абадий ўзгарган, зомбига айланишдан қутилиб қолган одамлар фақат жон сақлашга мажбур бўлади, холос. Ва улар жон сақлашга ҳаракат қиладилар.

Сериал жуда сифатли олинган. Ўта даҳшатли ҳолатлар йўқ, мультфильм қаҳрамони кўринишидаги зомбилар сайёрамиздаги ҳалокат ўртасида қолиб кетган одамлар гуруҳи ичидаги ўзаро муносабатлар ва кечинмаларга нисбатан яққол иккинчи даражали бўлиб кўринади.

Яна савол туғилади: бу ерда биронта янгилик борми? Йўқ, мавзу жуда эски ва кўпчиликка маълум. Қаҳрамон ўлиш ва қайта тирилиш маросимидан ўтади, сўнгра жаҳаннамга тушади. Бутун фильмни тушуниш учун битта оддий нарсани тушуниш кифоя. Ҳамма гап шундаки, юрадиган мурдалар – ташландиқ шаҳарлар кўчаларини тўлдириб юрадиган антуражли тулумлар эмас.

Жасур шериф ва унинг оиласи, унинг яқин-атрофидаги бошқа персонажлар – мана шулар ҳақиқий Юрадиган Мурдалардир. Айнан улар иблислар қуршовида жаҳаннамнинг жин кўчалари бўйлаб дайдиб юрадиган ва қутулиб чиқишга интиладиган ўлик жонлардир. Ҳаётга қайтиш, қайта тирилиш маъносида. Замонавий бутпарастлар дунёси тасаввурида жаҳаннамнинг сурати ман шундай. Абадий ҳаёт ва доимий ҳокимлик қилиш ҳақида орзу, бу абадий алдаш уларни ушбу жаҳаннам бўйлаб етаклаб боради. Лекин ташқаридан кўрсатиладиган ёрдамсиз уларнинг қўлидан хеч нарса келмайди. Бундай бўлиши мумкин ҳам эмас.

Бундай ҳолатлар учун замонавий маданият бизга бошқача ечим, бошқача йўл таклиф этади. Бу «бегона» бош қаҳрамон ролини Брендон Ли ижро этган машҳур «Қарға» фильмида яққол намойиш этилган. Бу таъсир ўз вақтида шу қадар юқори эдики, у нафақат кўп сонли ремейклар яратди, балки бутун бошли ёшлар субмаданиятини, «готлар» ҳаракатини вужудга келтирди. «Қарға» символизмини бевосита унинг номидан бошлаб узоқ кўриб чиқиш мумкин. Лекин бу ушбу мақоланинг мақсади эмас ва шу сабабдан бир нечта жиҳатни ажратиб кўрсатамиз, холос:

1. Ҳалок бўлган Эрик Дрейвен ғайриинсоний моҳиятга эга бўлган янги кўринишда қайта тирилади.

2. Эрик унинг хоҳиш-истаклари сўралмасдан қайтарилади.

3. У жиноятчиларни ўта шафқатсизлик билан жазолайди. Бироқ фильм шу қадар тўғри олинганки, ҳатто бу шафқатсизлик ҳам ўринли бўлиб кўринади.

4. Бош жиноятчи ўзининг бор кўриниши ва хулқ-атвори билан қандайдир тарзда Шарқ билан боғлиқ бўлган Европалик аристократдир.

5. Воқеа рўй берган жойга нисбатан «лаънатланган» сифатидан фойдаланилади. Шунингдек, у ерда доимо ёмғир ёғиб туради.

Пировардида қуйидаги сюжетга эга бўламиз: Лаънатланган шаҳарда ҳамма нарсани бош жиноятчи бошқаради. Шаҳарликлар ҳаёти маъносиз ва ҳузур-ҳаловатсиздир. Яхши Йигитнинг ёрдам кўрсатиш борасидаги ваъдасини олган Нурли Аёл вазиятни яхши томонга ўзгартиришга ҳаракат қилади. Бош жиноятчига бу ёқмайди ва у аёлнинг олдига ёмон йигитларни юборади. Бу йигитлар уларнинг иккаласини ҳам ўлдиради. Ёвузлик ғалаба қозонади. Бироқ Олий Ҳокимлар яхши йигитни ўликлар дунёсидан тириклар дунёсига қайтаради. Ғайритабиий қобилиятларга эга бўлган ҳолда у бирин-кетин ёмон йигитларнинг ҳаммасини бир ёқли қилади. Охир-оқибатда яхши йигит бош жиноятчига ҳам етиб боради ва яккама-якка олишувда унинг устидан ғолиб чиқади. Шундан кейин лаънатланган шаҳарда кескин ўзгаришлар рўй беради. Ёмғир ёғишдан тўхтайди, булутлар ортидан қуёш кўринади, она қизининг ёнига қайтади, ҳамма чекишни ташлайди. Нурли аёл яхши йигитни ўзи билан осмонларга олиб кетади. Хэппи-энд.

Яна такрор кўриб турибмизки, фақат ғайритабиий, мўъжизавий кучларгина инсониятни зимистонда мақсадсиз ҳаёт кечиришдан қутқариши мумкин. Фақат ўлим ва қайта тирилиш орқали ўтган танлангангина бу дунёда ниманидир ўзгартиришга қодир бўлади. фақат угина ёвузликни енга олади. Оддий одамлар эса тартиб вакили бўлган Муқаддас Руҳ қачон ғолиб чиқишини ва Жаҳаннам куни келиб осойишталикка айланишини кутишлари мумкин, холос. Шундагина тинчилик ва хотиржамлик қарор топади.

Ушбу сюжетда бирон-бир янгилик борми? Бош қаҳрамон вақти-вақти билан чаладиган электрогитарани ҳисобга олмаганда, ҳеч қандай янгилик йўқ. «Қарға» бу – Қаҳрамоннинг азобда ўлиши, Жаҳаннамга тушиши, Жаҳаннам Посбони устидан ғолиб чиқиши, жаҳаннам деворлари ичра азобдан қийналаётган руҳларни қуткариши ва уларни Ҳаётга қайтариши классик тарихидир. Бу Халоскор тарихи, Орфей, Митра, Один, Саошьянт тарихи. Лаънатланган Шаҳар эса – Данте Жаҳаннамининг «ёмғир шариллаб ёғадиган» учинчи доираси.

Шундай қилиб, барча кўриб чиқиладиган сюжетларда бизга шу нарса очиқ-ойдин тушунтиришга ҳаракат қилинадики, бу гўштқиймалагичда  нормал Homo Sapiens асосий вазифаси кимнингдир ёвуз ниятлари асосида ёки англашилмовчилик туфайли бизнинг уйимизга айланган – бу оддийгина жон сақлаш, омон қолишдир. Одамлар яшаши, сўнгги паллада узоқ кутилган Халоскор ўз дўстлари билан келишини кутиши ва умид қилиши лозим. Бундан бошқа имконият йўқ ҳам.

Лекин бизга кимни кутиш таклиф қилинмоқда? Ким ўзи у, Эрик Дрейвен ва бошқа кўп сонли кўринишлари унинг рамзи саналган ўша «қаҳрамон» ким? Унинг тарихи – Ўлиш, Қайта тирилиш ва Юксалиш азобли йўли бўлган қаҳрамон. Қадимий афсоналар ва замонавий фильмларга мувофиқ, одамларни ёлғончи дунёнинг ёвуз илоҳий кучи яратган даҳшатлардан ким қутқара олади.

БУ ИБЛИС. ЁЛҒОНЧИ ВА ЁЛҒОНЧИНИНГ ОТАСИ.

Тимур Шангареев

Абу Муслим таржимаси