loader
Foto

Парижни кўриш ва ёниш?

Қадимги юнон файласуфи Гераклит оловда борлиқнинг бош асосларини кўрди, қуйидаги фикр айнан унга тегишли: «Дунё оловдан пайдо бўлган ва яна бир аср давомида маълум даврларда ёнади; бу қисматга мувофиқ амалга ошади». Демак, одамлар тақдир эртами-кечми маъносиз бир кулга айлантирадиган бир кунлик парвона каби экан-да.

Замонамиз ёзувчиларидан бири Виктор Пелевин ўзининг Generation «П» романида ўқувчиларга асарнинг бош қаҳрамони хаёлида бўлиб ўтадиган қизиқ бир диалог келтириб ўтади:

«- Инсон бу ҳаётда ўз identity (шахсияти) ахлатини ёқишда иштирок этади. Оловда тириклайин ёниб кетгандан кўра унинг атрофида исиниб ўтирган маъқул, шундай эмасми?

— Агар унда ҳаёти ёниб кетадиган бўлса, одам оловга қарашининг нима кераги бор?

— Сиз барибир бу ҳаётлар билан нима қилишни билмайсиз. Қаёққа қараманг, барибир унда сизнинг ҳаётингиз ёниб кул бўладиган оловга қарайсиз. Раҳмдиллик шундаки, крематорий ўрнини телевизор ва супермаркетлар эгаллаган. Лекин ҳақиқат шундаки, уларнинг функцияси битта. Кейин, олов бу – оддийгина истиора. Сен уни кўргансан, чунки ахлат ёқиш станциясига рухсатномани еб қўйгансан. Кўпчилик ўз олдида шунчаки телеэкран кўради, холос».

Худони бир деб билувчилар оловнинг фундаментал метафизикасини тан олади. Иблис, Қуръонга кўра, оловдан яратилган. У Аллоҳга одамни ҳар томондан ўраб олишни, ўзи уларга қарши кучсиз бўлган бир неча танланган гуруҳлардан ташқари одамларни йўлдан уришни ваъда қилди. Иблиснинг васвасасига қарши турар экан, одам унга оғриқ шаклида таъсир қиладиган тоза олов билан тўқнашувга журъат қилади. Ҳайдар Жамол бу фикрни ўзининг асарларидан бирида ажойиб тарзда ифодалади: «Оғриқ бу борлиқнинг инсон зотига бевосита таъсирининг намоён бўлишидир. Бу таъсир доимо куйдирадиган олов сифатида намоён бўлади. Борлиқ олов билан танани ҳам, руҳни ҳам ёндиради. Шунинг учун, жисмоний оғриқ ва руҳий оғриқ бир хил умумий хусусиятга эга: ҳалокатли аланганинг максимал экзистенсиал таъсири ҳис қилинади».

Миллионлаб одамлар Париждаги ёнаётган Нотр-Дам соборини томоша қилдилар. Эстетика нуқтаи назаридан, гўзаллик бўйича бу манзара солиштириш мумкин бўлган нарсалар кўп эмас. Нопок мешчанлик ахлоқи дунёсида, бемаза кундалик ҳаёт шароитларида бу воқеа вилоят музейидаги шоҳ асарга ўхшаб кетади. Агар бино шунчаки қулаб тушганида эди, бунда ҳеч қандай жозибали нарса бўлмасди – эски бино барибир куни келиб йиқилиб тушиши керак эди. Агар архетипик элемент киритилса, оддий воқеа ҳам фавқулодда кўринишга эга бўлиши мумкин.

Мен бу ҳодисани насронийлик таълимоти нотўғри эканлигининг белгиси деб аташни истамаган бўлардим. Қайсидир маънода, бизнинг атрофимиздаги ҳамма нарса, Яратгувчининг аломатлари бўлиб, У баъзи одамларга кўришга имкон беради. Лекин айнан шу ерда мен таъкидлашни истардимки, агар бу ҳодисани шундай талқин қилсангиз, бу белги реал воқеликдан бир неча аср ортда қолиб кетиши мумкин, чунки Европада насронийлик анчадан бери мавжуд эмас. Бундан ташқари, агар сиз бу фикрни давом эттирсангиз, Исломга ҳам у ёки бу масжиддаги ёнғиндан кейин худди шундай далилларни тақдим этиш мантиқан тўғри бўларди. Бироқ, биз суннатдан биламизки, Қиёмат соатининг белгиларидан бири Каъбанинг вайрон бўлиши ҳисобланади. Гап шундаки, бу дунёда мутлақо ҳамма нарса ёнади (ҳам жисмоний, ҳам шартли, ўлим шаклида), чунки Қуръонда Аллоҳ айтадики: «Албатта, Биз унинг юзидаги нарсаларни қуп-қуруқ тупроққа айлантиргувчимиз» (18:8).

Кейин савол туғилади: ҳамма нарсани қамраб оладиган дунё ёнғинига қарши туриш керакми ёки аксинча, унга ўт ташлаш керакми? Ёки ҳар қандай фаолиятни маъносиз деб рад этиш керакми? Аслида, йўқолиб кетишга мойил бўлмаган тамойил мавжуд. Ушбу тамойил борлиқдан ташқари табиатга эга бўлиб, абадиятга мурожаат қилади. Инсон Аллоҳга хизмат қилиш орқали унга алоқадор бўлиши мумкин. Бутун дунё алангаси ичида сақланиб қолиш, ундан ҳеч бўлмаганда, Қиёмат кунида нажот кафолати бўлиши мумкин бўлган Худони рози қиладиган, савобли ишлар ва Аллоҳга ишончдан бошқа нарса олиш мумкин эмас. Илоҳий режани амалга ошириш йўлида ҳаракатлантирувчи куч сифатида исломий лойиҳага фойда келтирадиган нарса абадий бўлиб қолади. Вақтинчалик қимматга эга бўлган ёки сохта маъно ташкил этувчи объектлар у ёки бу тарзда йўқ бўлиб кетади. Бу «Нотр-Дам» собори ёки буюк шайхнинг қабри бўладими, ҳамма нарса бир хил ёниб кетади. Бир асрдан кейин энг буюк ибодатхонанинг куллари ёниб битган ахлатнинг кулларидан фарқ қилмайдиган бўлиб қолади.

Шомил КАЗАЛИЕВ

Абу Муслим таржимаси