«Кувайт ҳукмдори Амир Шайх таклифи асосида бугун оқшомдан бошлаб Саудия Арабистони Қироллиги ва Қатар Давлати ўртасида ҳаво макони, шунингдек, қуруқликдаги ва денгиздаги чегараларни очишга қарор қилинди», - деди Кувайт ташқи ишлар вазири Аҳмад Носир ас-Сабоҳ давлат телевидениеси эфирида.
Кувайт ташқи ишлар вазири ўз баёнотида Кувайт Амири Қатар Амири ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси билан суҳбатлашганини қўшимча қилди.
Томонлар «таъкидлашича, бирлашишдан барча манфаатдор» ва ал-Улада (Кўрфаз мамлакатлари Кенгаши саммити) «биродарлик муносабатларида ёрқин саҳифа очиш» учун тўпланади.
Эслатиб ўтамизки, 2017 йил июнда Саудия Арабистони, БАА, Бахрейн ва Миср Қатарни жумладан, терроризмни қўллаб-қувватлаш ва Эрон билан ҳаддан ташқари яқин муносабатда айблашди, бу эса иқтисодий ва дпломатик алоқалар узилишига олиб келди. Улар шунингдек, Қатарни денгиздан, қуруқликдан ва ҳаводан қамал қилдилар.
Қатар бир неча марта айбловларни рад қилди ва муносабатларни узиш учун «қонуний асослар йўқ» деб айтди».
Қувейт Қатар билан тўрт араб давлати ўртасида воситачи бўлди.
Ўтган ой ССЗ хабар қилишича, Қатар амири шайх Тамим бин Хамад ал-Тани Саудия Арабистонида сешанба куни бошланган блок саммитига таклиф қилинганини хабар қилди.
Душанба куни кечқурун Қатар ҳукуматининг алоқа бошқармас шайх Тамимнинг ал-Ула шимоли-ғарбида бўлиб ўтадиган саммитда иштирок этишини тасдиқлади. Бу 2017 йилда бошланган инқироздан бери биринчи марта Қатар ҳукмдори Саудия Арабистонига ташриф буюришидир.
Саудия Арабистони давлат ахборот агентлиги томонидан душанба куни эълон қилинган баёнотда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ССЗ саммити "инклюзив" бўлишини ва давлатларни "минтақамиз муаммоларини ҳал қилишда бирлашиш ва ҳамжиҳатлик" га олиб келишини айтди.
Орадан кўп ўтмай БАА ташқи ишлар вазири Анвар Гаргаш бўлажак саммитни "тарихий" деб атади.
Айни пайтда, Туркия ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Анқара чегарани қайта очиш қарорини "маъқуллаб", бу "низони ҳал қилиш йўлидаги муҳим қадам" эканини билдирди.
Трампнинг сўнгги иши
Саудия Арабистони ва Қатарга битимни имзолаш талаби билан Трамп маъмуриятига босим ўтказди. Иккала мамлакат ҳам бу қадамни Трампга қаратилган ишора, шунингдек, "столни тозалаш" ва Байден маъмуриятининг келишига тайёргарлик кўриш учун ҳаракатларининг бир қисми деб билади.
Трампнинг куёви Джаред Кушнер ҳам ал-Улада бўлиб ўтадиган Форс кўрфази мамлакатлари ҳамкорлик кенгаши саммитига ташриф буюради. Битим бўйича музокараларда иштирок этган Оқ уй вакили Ави Берковиц ва маслаҳатчи Брайан Хук сафар давомида Кушнерга қўшилишди.
Мутахассисларнинг айтишича, Джаред Кушнернинг Саудия Арабистони ва Қатарга сўнгги ташрифи чоғида бир неча ҳафта олдин Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ва Қатар амири Тамим билан учрашганида келишувга келинган. Кушнер иккала раҳбар билан ҳам яқин алоқада.
Ўшанда АҚШ расмийлари музокараларнинг боришини ёритиб берган. Айтишларича, валиаҳд шаҳзода билан учрашгач, Кушнер Хук билан Дохага борган, бироқ энг яқин ёрдамчилари Ави Берковиц ва Адам Болерни Саудия Арабистонида қолдирган. Квартет дастлабки келишувга эришилгунга қадар реал вақт режимида телефонда саудияликлар ва қатарликлар ўртасида воситачи сифатида ҳаракат қилган.
Сўнгги бир неча ҳафта ичида саудияликлар ва қатарликлар билан эришилган келишувларга содиқ қолиш учун якуний баҳслар бўлиб ўтди.
Оқ уй, шунингдек, битим бўйича қўшимча шартлари бўлган, Қатарга салбий қарайдиган ва қатарликларни самимий эмас деб ҳисоблайдиган БАА, Баҳрайн ва Мисрни лобби қилган.
Аноним манбаларни келтирган таҳлилчи Барак Равидга кўра, сўнгги дақиқада англашилмовчилик саудияликлар ва қатарликлар ўртасида янги кескинликлар яратгач, якшанба куни битим деярли барбод бўлган. Якшанба куни тушдан кейин кетишни режалаштирган Кушнер сафарни қолдирди. Манбаларда айтилишича, Кушнер якшанба тунининг ўрталарига қадар саудияликлар ва қатарликлар билан музокара олиб бориши керак эди. У душанба куни эрталаб Саудия Арабистонидан Вашингтонга учиб кетган.
Можаро якун топдими?
Деярли барча кузатувчиларнинг айтишича, Қатардан қамални олиб ташлаш ҳақида қарор олға қўйилган муҳим қадам бўлди. Зеро, қатарликларнинг шартларидан бири Қатар ноҳақ ва ноқонуний қамал остида эканида битимни муҳокама қилиш ёки имзолашдан ҳеч қандай маъно йўқлиги эди. Шу маънода, душанба кунги можарони ҳал қилиш учун йўл очгани учун муҳим аҳамият касб этади.
Шунга қарамай, айни кузатувчилар можаронинг ҳали тўла ҳал этилишдан узоқ эканини, аввало, инқирозга олиб келган барча туб фарқлар кучда қолаётганини таъкидламоқда. Бу, энг аввало, раҳбарлари ўртасидаги ёмон шахсий муносабатлар ҳамда Эрон, Туркия ва мусулмон-биродарлар* бўйича катта сиёсий қарама-қаршиликлардир*.
Бу ерда кўп кузатувчиларда савол туғилади – наҳотки можаро қамал уюштирган тўртта мамлакатлар тўлиқ таслим бўлиши, ва, шунга кўра, ҳозирча уларнинг биронта шартини бажармаган Қатарнинг ғалабаси билан ниҳоясига етади? Бунинг эҳтимоли паст кўринади. Баъзилар Қатар ҳали ён беради, ҳеч бўлмаса норасмий тарзда, деб тахмин қилмоқда. Улар муносабатларни нормаллаштириш сўнг, Қатар энди Туркиядан (у музокаралар жараёнида умуман иштирок этмайди) бундай яққол қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлмайди, лекин у Исроил билан муносабатларни осонликча нормаллаштириши мумкин, деб ҳисоблайди.
Бошқа томондан, бу битим аксинча, Туркия ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатлар яхшиланишига хизмат қилиши мумкин бўлиб, унинг аломатлари кўзга ташланмоқда. Буларнинг барчаси охир-оқибат Саудия Арабистони ва БАА ўртасида душманликка олиб келмайдими? Экспертлар бу вариантни ҳам истисно қилмаяпти, айниқса, иттифоқчилар ўртасида тушунмовчиликлар тўпланиб қолганини ҳисобга олиб.
Шу билан бирга, Қатарнинг ён беришни истамаслиги, шунингдек, қатарликларнинг тўртликка ишонмаслиги муносабатларнинг ҳақиқатда нормаллашувига тўсиқ бўлиб қолиши ҳам мумкин. Фақат можаро иштирокчиларининг прагматизми ва соғлом фикрлашига умид қилиш мумкин. нима бўлганда ҳам, қамалнинг олиниши олдинга ташланган катта қадам бўлди.