Аллоҳ таоло Лут алайҳиссаломга тонг пайтида бузуқ қавмнинг томири қирқилиши, яъни уларнинг ҳалок этилиши хабарини ваҳий орқали етказди. Лут қавми ҳозирги Иордания(Урдун) нинг ўша пайтдаги Садум деб номланган ерларида яшаб ўтган бўлиб, дунёдаги энг фожир ва кофир қавмлардан бири ҳисобланади. Улар инсоният тарихида мисли кўрилмаган катта гунодни бошлаган кишилардир. Уларнинг бу қабиҳ бузуқликлари бесоқолбозлик - эркак кишиларнинг бир-бирлари билан жинсий алоқа қилишлари эди. Улар бу фаҳш ишлари билан фахрланар, бу ишни йиғилишларида ҳам очиқ-ойдин қилишар эди. Аллоҳ таоло уларни бу мункар ишдан қайтариш, ҳидоятга бошлаш учун Лут алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Аммо жинояткор қавм Аллоҳнинг элчисини ёлғончига чиқарди ва ўз диёридан чиқариб юборишга ҳаракат қилди...
Эркак киши билан эркак кишининг жинсий алоқада бўлиши ливота» дейилади. Бу иш энг ёмон гуноҳлардан экани Қуръони каримда бир неча бор такрорланган. Лут алайҳиссалом пайғамбар бўлиб борган қавм ушбу амалга ўч бўлган, Аллоҳ таоло улар устига оғир азоб юбориб, батамом ҳалок қилган. Чиндан ҳам бесоқолбозлик энг ёмон фаҳш иш ҳисобланади, чунки бу билан шуғулланганлар инсонлик табиатидан чиқиб кетган бўлишади. Эркак билан аёлнинг қўшилишидан ҳаёт давом этади, эркак билан эркак қўшилса эса, бунинг тескариси бўлади. Инсон насли кўпайиш ўрнига йўқолишга қараб кетади. Хуллас, бу иш таърифга сиғмайдиган даражада ярамаслик, ифлосликдир. Шунинг учун хам барча шариатлар бу ишни ҳаром қилган. Пок инсоний табиат бу нарсани ҳеч қачон қабул қила олмайди. Шунинг учун ҳам Лут қавми ер юзидан бутунлай йўқ қилиб юборилган. Ҳозирги кунда инсониятга оммавий қирғин даҳшатини солиб турган, инсонда касалликларга қарши курашиш қобилиятининг йўқолиши касаллиги (ОИТС) ҳам эркакларнинг эркаклар билан қўшилишидан келиб чиққани, шу иш билан машғул бўлувчилар орасида тез тарқалиши бежизга эмас. Айни чоғда ўзини дунёда энг маданиятли, энг ривож топган давлатлар деб даъво қилаётган Америкада ва айрим Европа мамлакатларида икки эркак кишининг ўзаро никоҳдан ўтиши қонун йўли билан жорий қилинаётгани ҳам аҳволнинг нақадар ташвишли эканидан дарак беради.
Муфтий Усмонхон Алимов
Тафсири Ирфон китобидан