loader
Foto

Расулуллоҳнинг Рамазон ойида тунларни ибодат билан ўтказишлари

Пайғамбаримизнинг Рамазондаги тунги ибодатлари ва таҳажжудлари ҳақида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Қуйида уларнинг энг машҳурлари билан танишиб чиқамиз:

Биринчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги намозларда ўн бир ёки ўн уч ракаатдан ортиқ намоз ўқимаганлар(Витр намози билан ўн уч ракаат бўлган). Оиша розияллоҳу анҳонинг қуйидаги ҳадиси бунга далил бўлади: “Расулуллоҳ Рамазон ва бошқа ойларда ўн бир ракаатдан ортиқ намоз ўқимаганлар” (Бухорий ривояти, 1147-ҳадис). Яна бир ҳадисда шундай деган: “Расулуллоҳ тунда ўн уч ракаат ўқир, сўнг бомдод намозининг азонини эшитганларида енгилгина икки ракаат намоз ўқир эдилар” (Бухорий ривояти, 1164-ҳадис).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тундаги ибодатлари кайфияти турлича келтирилган. Қайси бирини адо этсангиз, албатта, яхшиликка эришасиз. Суннатга мувофиқ нафл намозларини икки ракаатдан ўқиш афзал. Аллоҳ билгувчироқдир!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тундаги ибодатлари ва тунги намозларнинг ракаатлари сони ва кайфияти ҳақидаги ҳадислар шунга далолат қиладики, қироатни узун қилиш, қиёмда ҳушу ва тадаббур билан туриш, қалбни ҳозир қилган ҳолда дуо ва зикр қилиш, намознинг руку, сажда ва бошқа сўзларидаги маъноларни тафаккур қилиш у зотга эргашишнинг энг мукаммал йўли ва намоз ракаатларининг ададидан кўра афзалроқ саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Тунги намоз икки ракаат-икки ракаатдандир” (Бухорий ривояти, 990-ҳадис). Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ракаатлари сони ва кайфияти ҳақида бирор маълумот бермаганликлари юқоридаги сўзларимизнинг исботидир.

Ҳозирги кунимизга назар қилар эканмиз, биргина таровеҳ намози ракаатлари сони борасида ҳам одатий ихтилофларга гувоҳ бўламиз. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таълимотларини тафаккур қилсак, шу нарса аён бўладики, у зот биз уммат учун Рамазондаги тунги ибодатлар сонини аниқ қилиб баён қилмаганлар. Балки Рамазон тунларини ибодат билан ўтказишга тарғиб қилганлар, холос. Яъни, бу борада ҳар кимни ўз имкони даражасида ибодат қилишга чорлаганлар. Бу ерда мақсад намознинг ракаатлари сонида эмас, балки унинг хушуъ ва хузуъ билан адо этилишидадир. Аллоҳ билгувчироқдир!

Тунги намозларнинг ракаатлари сонига қаттиқ эътибор бериб, хушу ва хузуни унутадиганлар ажрдан маҳрум бўлиб қолишлари мумкин. Аллоҳ билгувчироқдир! Иккинчидан, Расулуллоҳ сол лаллоху алайҳи ва саллам туннинг барча қисмини намоз билан ўтказмаганлар, балки Қуръон қироати ва бошқа амалларни ҳам бажарганлар. Буни Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда ҳам кўришимиз мумкин: “Мен Расулуллоҳнинг тунда Куръоннинг ҳаммасини ўқиганларини, тундан то тонггача намоз ўқиганларини ва Рамазондан бошқа ойларда бир ой тўлик, рўза тутганларини билмайман” (Аҳмад ривояти, 24267-ҳадис. Исноди Бухорий ва Муслим шартларига кўра саҳиҳ).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: “Жаброил алайҳиссалом Рамазоннинг ҳар тунида шу ой тугагунича Расулуллоҳнинг ҳузурларига келар, Расулуллоҳ унга Қуръонни (бошидан охиригача) ўқиб берар эдилар” (Бухорий ривояти, 1902-ҳадис). Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туннинг барча қисмида намоз билан машғул бўлганларида Жаброил алайҳиссаломга Қуръонни ўқиб бера олмас эдилар. Аллоҳ билгувчироқдир! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу амалларида танага дам бериш, нафсни фаоллаштириш, оиланинг ҳақларига риоя қилиш, ибодатнинг доимийлигини таъминлаш ва нафсни ибодатдан бездирмаслик мавжуд. Зеро, оз бўлсада, доимий бўлган амал тўхтаб-тўхтаб қилинадиган амалдан Аллоҳнинг наздида афзалроқдир. Аллоҳ билгувчироқдир!

Учинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпинча ёлғиз ҳолларида намоз ўқиганлар. Чунки тунги нафл намоз уммати учун фарз бўлиб қолишидан қўрққанлар. Буни қуйидаги ҳадисдан ҳам билиб олишимиз мумкин: “Расулуллоҳ Рамазонда намоз ўқир эдилар. Мен бориб, у зотнинг ёнларига турдим. Яна бир киши келиб, у ҳам кушилди. Ҳатто бир жамоа бўлдик. Расулуллоҳ ёнида турганимни сезиб, намозни енгил ўқий бошладилар. Сўнг бошқа жойга бориб, бизсиз ёлғиз намоз ўқидилар. Тонг отгач, биз у зотдан: “Бу кеча бизга раҳм қилдингизми?”, дедик. У зот: “Ҳа, мени бу ишни қилишга мажбурлаган ҳам шу эди”, дедилар” (Муслим ривояти, 1104-ҳадис).

Оиша розияллоҳу анҳо шундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ тун ярмида чиқиб, масжидда намоз ўқидилар. Одамлар ҳам у зотнинг намозини ўқидилар ва буни ҳаммага гапириб юришди. Натижада кўп одам тўпланди. Расулуллоҳ иккинчи тунда ҳам чиқдилар. Одамлар у зотнинг намозини ўқишди ва ҳаммага гапириб юришди. Натижада учинчи тунда масжид аҳли кўпайиб кетди. У зот яна чиқдилар ва одамлар у зотнинг намозини ўқишди. Тўртинчи тунда эса, масжидга одам сиғмай кетди. Лекин Расулуллоҳ чиқмадилар. Баъзи одамлар “Намозга”, деб гапира бошлашди. Лекин у зот чиқмадилар ва бомдод намозига чиқиб, намоздан сўнг одамларга юзландилар ва ташаҳҳуд айтиб: “Аммо баъд! Бугун тундаги ҳолатингиз менга маълум. Лекин мен тунги нафл намоз сизларга фарз бўлиб, уни адо қилишда ожиз бўлиб қолишингиздан қўрқдим”, дедилар” (Бухорий ривояти, 1129-хадис.Бухорий“Бу Рамазондабўлган эди”деган жумлани қўшган. Муслим ривояти, 761-ҳадис. Ҳадис лафзи Муслимники).

Абу Зарр розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: “Биз Расулуллоҳ билан бирга рўза тутдик. У зот Рамазоннинг етти куни қолгунича биз билан бирга намоз ўқимадилар. Сўнг ўша (еттинчи куни) биз билан туннинг учдан бири ўтгунча намоз ўқидилар. Сўнг олтинчи куни биз билан намоз ўқимадилар. Бешинчи куни туннинг ярмигача биз билан намоз ўқидилар. Биз: “Ё Расулаллоҳ, шу туннинг қолган қисмида ҳам биз билан бирга нафл намоз ўқисангиз!”, дедик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Имом (намозни тугатиб) бурилиб кетгунича у билан бирга намоз ўқиса, унга бутун тунни намоз билан ўтказганлик савоби ёзилади”, дедилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойидан уч кун қолгунича биз билан намоз ўқимадилар. Учинчи куни биз билан намоз ўқидилар ва оиласини ҳамда аёлларини чақирдилар-да, биз билан бирга намоз ўқидилар. Ҳатто фалоҳдан қўрқдик”. Мен: “Фалоҳ нима?”, деб сўрадим. У: “Саҳар”, деди” (Термизий ривояти, 806-ҳадис. Бу саҳиҳ хадис).

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммат манфаати, уларга таълим бериш ва ибодатлари учун кўмаклашишда жуда муҳаббатли эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги нафл намозлар фарз бўлиб қолиши ва кўпчилик уни бажара олмай гуноҳкорга айланишидан қўрқдилар. Тўғри, саҳобалар ҳар қандай қийинчиликда ҳам ибодатларни тўлиқ бажаришга беҳад муҳаббатли бўлишган. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан кейинги ҳолатларни ўйлаб, биз умматларнинг ожизлигимиз ва дангасалигимизни олдиндан кўра билганлари учун шундай йўл тутганлар!

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бежизга шундай демаган:

“(Эй, Макка аҳли!) Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан (ҳидоят топишингиз билан) қизиқувчи, мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келди” (Тавба сураса, 128-оят).

Шунингдек, мазкур ҳадисларда таровиҳ намозининг фазилати ҳам баён қилинган. Таровиҳ намози масжидда жамоат билан ўқилиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан жорий қилинган, сўнг умматга фарз бўлиб қолишидан хавфсираб тарк этилган суннат саналади. Абдураҳмон ибн Абд Қорийдан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бнлан Рамазон кечаларннинг бирида масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб тарқоқ ҳолда: кимдир ёлғиз ўзи намоз ўқимоқда, кимдир намоз ўқнса, бир неча киши унга иқтидо қилмоқда. Шунда Умар: “Менимча, анавиларни бир қори (орти)га жамласам яхши бўлади”, деди. Сўнгра уларни Убай ибн Каъбнинг ортига жамлади. Кейин бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда одамлар қориларга иқтидо қилиб, намоз ўқишар эди. Умар: “Бу қандай яхши бидъат (янгилик). Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра, қоим бўлганлари афзал”, деди. Одамлар кечанинг аввалида қоим бўлишар эди” (Бухорий ривоят қилган).

Халифа Умар розияллоҳу анҳу Рамазони шариф кечаларида мусулмонларнинг тарқоқ ҳолда ибодат қилаётганини кўриб, ана шундай қарорга келган. Пайғамбар алайҳиссалом ҳаётлик чоғларида саҳобаларга ўзлари бош бўлиб, кечаларни бедор ўтказар эдилар. Лекин Рамазон кечасидаги ибодат бутун умматга фарз бўлиб қолиб, оғир келмасин дебгина кечаси жамоат билан намоз ўқишни доимий ташкил қилмаган эдилар.

Қолаверса, у зотнинг даврларида шариат ҳукмлари давомли равишда тўлдириб борилар эди. Бугун бир ҳукм жорий қилинса, эртага бошқаси ва ҳоказо. Ҳукмлар жорий бўлишига баъзи одамларнинг саволлари, гоҳида қилган ишлари, гоҳида яна бошқа нарсалар сабаб бўлар эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг ўзича тўпланиб, кечаси жамоат бўлиб намоз ўқишлари туфайли шу намоз фарз бўлиб қолишидан истиҳола қилган эдилар.

Агар Рамазон кечаларида ана шундай намоз фарз бўлиб қолса, баъзи кишиларга оғир келиб, қийналиб қолишлари мумкин эди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бирдан-бир мулоҳазалари шу эди. Бўлмаса, бошқа ҳеч бир нарса у зотни Рамазон кечаларида мусулмонлар билан жамоат бўлиб, нафл намоз ўқишдан тўсмас эди. У зотнинг ўзлари доимо бу намозни ўқир, саҳобаларни ҳам унга тарғиб қилар эдилар.

Энди бўлса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқул Аълога рихлат қилдилар. Шариат аҳкомлари мукаммал бўлди. У зотдан кейин Аллоҳ таоло ҳеч кимга ваҳий нозил қилмайди. Бирор ибодатнинг фарз ёки вожиб бўлиши мумкин эмас. Жумладан, энди мусулмонлар кечаси жамоат бўлиб, нафл намоз ўқисалар ҳам фарз ёки вожиб бўлиб қолиши асло мумкин эмас. Уларнинг ҳозиргига ўхшаб тарқоқ юрганларидан, Рамазон кечаларини турлича ўтказишларидан кўра жамоат бўлиб намоз ўқишлари яхши эмасми?

Ровий Абдураҳмон ибн Абд розияллоҳу анҳунинг айтишича, Умар розияллоҳу анҳунинг ўзи ҳам бундан хурсанд бўлган ва: “Бу қандай яхши бидаът. Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра, қоим бўлганлари афзал”, деганлар. Шу ерда бидъатнинг икки хил, яъни яхши ёки ёмон бўлиши мумкинлиги, буни Умардек улуғ зот таъкидлаганини алоҳида эслаб ўтишимиз лозим.

Ушбу ҳадислардан маълум бўладики, Пайғамбаримиз таровеҳ намозини ва уни жамоат бўлиб ўқишни саҳобаларга суннат қилиб қолдирдилар. Лекин улар билан йигирма ракъат ўқимадилар. Ваҳоланки, Ҳазрати Умар даврларидан ҳозирга қадар таровеҳ йигирма ракъат ўқиб келинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар гал масжидга чиқиб таровеҳни ўқиганларида, масжидда одам кўпаяверди. Учинчи бор чиққанларида масжидга одам сиғмай қолди. Шундан сўнг умматга таровеҳнинг фарз бўлиб қолишидан қўрқиб чиқмадилар. Бошқа бир ривоятларда шу хусусда ҳадислар келган.

Умар розияллоҳу анҳу ўзининг халифалик даврларида одамларни Рамазон кечаларида масжидга тўплаб, таровеҳни йигирма ракъат қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилди. Саҳобалардан бирор киши бу ишга қарши чиқмади.

Бу иш барча саҳобалар томонидан жуда яхши кутиб олинди ва ҳеч ким эътироз билдирмади. Ҳатто Али розияллоҳу анҳу бир оз ўтгандан сўнг Рамазон ойининг биринчи кечаси чиқиб, масжидда қандилларнинг нур сочаётгани ва Аллоҳнинг китоби тиловат қилинаётганини кўриб: “Сен масжидларни Қуръон билан нурлантирганингдек Аллоҳ ҳам сени қабрингда нурлантирсин, эй Умар!”, деди (Абу Дунёнинг“Фазоил ал-Қуръан асари”, 30-бет).

Ҳазрати Умардан кейинги Усмон ва Алийдек хулафои рошидинлар ҳам бу амални тўхтатишмади. Ваҳоланки,бу улуғлар диндаги бидъат амалларнинг қаршисида ҳаргиз сабр қилиб, томошабин бўлиб туришмаган, балки у бидъат бўлса, ўз ўрнида тўхтатишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилгандилар: “Менинг суннатимни ҳамда рошид ва маҳдий (яъни ҳидоят, тўғри йўл-дан юрувчи) халифаларимнинг суннатини лозим тупшнглар, уни ақл тишларинг билан маҳкам тишлаб қолинглар” (Абу Довуд ривоят қилган).



Таровеҳ намози витрдан ташқари йигирма ракъатдир. Унинг вақти хуфтон намозидан кейин кириб, бомдод вақти киргунча давом этади. Таровеҳ намозини витрдан олдин ҳам, кейин ҳам ўқиш дуруст бўлади. Лекин афзали таровеҳни витрдан олдин ўқишдир. Таровеҳ икки ракъатдан ўқилади, ҳар тўрт ракъат ўқилгач, истироҳат учун бир оз ўтирилади. Саҳобаи киромлар ҳам худди шундай қилишарди. Намозхон шу ўтиришда зикру тасбеҳга машғул бўлади ёки сукут сақлайди. Бизнинг диёрларда бу ўринда қуйидаги каби тасбеҳлар ўқиш одат бўлган:

“Субҳаана зил мулки вал малакуут, субҳаана зил ъиззати вал ъазомати вал қудроти вал кибриййааи вал жабаруут. Субҳаанал маликил ҳаййиллазий лаа ямуут. Суббууҳун қуддуусур Роббуна ва Роббул малааикати вар-рууҳ, Лаа илааҳа иллалоҳу настағфируллоҳ, нас-алукал жанната ва наъуузу бика минан наар”.

Маъноси: “Мулк ва малакут Эгасини поклаб ёд этаман! Иззат, буюклик, кудрат, улуғворлик ва ҳукмронлик Эгасини поклаб ёд этаман! Ҳаргиз ўлмайдиган Ҳаййни, Маликни поклаб ёд этаман! У Зот Суббуҳдир, Қуддусдир, бизнинг Роббимиздир, фаришталарнинг ва Руҳнинг Роббидир. Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ! Аллоҳдан мағфират сўраймиз. Сендан жаннат сўраймиз ва дўзахдан Ўзингдан паноҳ тилаймиз”.

Таровеҳ намозларида Қуръони каримни бир бора хатм қилиш ҳам Рамазон ойининг суннат амалларидандир. Имом жамоатнинг ҳолига риоя қилиб қироатни бир оз тезалатади, лекин шарт шуки, тезлик намозни бузадиган ёки намозхонлар англай олмай қоладиган даражада бўлмасин. Таровеҳ намозларида Қуръони Каримни хатм қилишдан қавм малолланса, имом уларнинг малолланишини эътиборга олмайди, балки суннатни адо қилади. Таровеҳда Фотиҳадан кейинги зам сурани битта узун оятдан ёки учта қисқа оятдан кам ўқиб қўйиш таҳримий макруҳ ҳисобланади, чунки бунда вожибни тарк қилиш бор. Таровеҳнинг ҳар икки ракъати мустақил намоз бўлиб, уларга алоҳида ният қилинади, такбири таҳримадан сўнг эса сано ва “Аъзуу...”, “Бисмиллаҳ...”лар ўқилади. Қаъдада ташаҳҳудга қўшимча салавот, дуоларни ҳам қўшилади ва ҳоказо.

Таровеҳ намозларини қиёмга қодир бўла туриб ўтириб ўқиш ҳам дуруст. Аммо қиёмда туриб ўқиса, ўтириб ўқигандан кўра афзалроқ бўлади. Имомга эргашувчи ўтирган ҳолида ҳам иқтидо қилса дуруст, аммо қиёмга қодир бўла туриб, то имом рукуъга боргунча қиёмни кечиктириш макруҳ ҳисобланади. Чунки бунда ибодатга дангасалик қилгани зоҳир бўлади.

Таровеҳ намозини масжидда адо қилган маъқул. Зеро, шариатга кўра, жамоат бўлиб адо қилинадиган ибодатларнинг афзалроғи масжидда бўлганидир. Таровеҳ намозининг вақти чиқиб кетса, қазоси ўқилмайди, чунки қазо фарз ва вожиб амалларгагина хосланган. Мабодо бирор киши таровеҳнинг қазосини ўқиса ҳам, у мутлақ нафл намозлар жумласига кириб кетади, барибир таровеҳнинг ўрнига ўтмайди. Таровеҳ намози рўзанинг суннати эмас, балки Рамазон ойидаги суннат амаллардан ҳисобланади. Шу сабабли таровеҳ намозини ўқиш мусофир учун, рўза тутмаган узрли касал учун ҳам суннат бўлади. Маълумки, бу кишиларга рўза тутиш шарт эмас эди. Шу билан бирга ҳайз ва нифос кўраётган аёллар ҳам агар куннинг охирида пок бўлишса, таровеҳни ўқишлари суннат ҳисобланади.

Ҳақиқий мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотнинг саҳобаларига эргашган инсондир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларига яна бир эътибор қаратинг: "... Бешинчи куни туннинг ярмигача биз билан намоз ўқидилар. Биз: “Ё Расулаллоҳ, шу туннинг қолган қисмида ҳам биз билан бирга нафл намоз ўқисангиз!”, дедик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Имом (намозни тугатиб) бурилиб кетгунича у билан бирга намоз ўкдса, унга бутун тунни намоз билан ўтказганлик савоби ёзилади”, дедилар ...” Бу ҳадис Рамазонда таровиҳ намозини имом билан бирга ўқишнинг афзаллигига далил бўлади. Аллоҳ билгувчироқдир!

Лекин баъзи ҳолларда бунга хилоф иш қилаётганларни ҳам учратиб қоламиз. Гап шундаки, таровиҳ намозининг ракаатлар сонида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишни ният қилган айрим кимсалар таровиҳ намозини имом бурилиб кетгунча, яъни тугатгунча ўқишмай, саккиз ёки ўн раккатдан сўнг масжиддан чиқиб кетишади. Тўғри, уларнинг ижтиҳоди ҳам бир жиҳатдан тўғри, лекин улар савобдан маҳрум бўлишади. Шу боис бу энг афзал ишни тарк қилиш саналади. Аммо узрли касал, қария ёки бетоб бўлса мустасно.

Яна бир ҳолат. Ҳозирда таровиҳ намозини масжиддан-масжидга кўчиб ўқиш ҳоллари кузатилмоқда. Яъни, бир киши масжидга келади, имом билан бир неча ракаат ўқиб, бошқа масжидга боради ва намозини шу ерда давом эттиради. Аслида, бунинг таъқиқланадиган жойи йўқ. Ҳар ким ўзига ёққан ва овози чиройли қорининг ортида намоз ўқишни истайди ва бу унга хушуъ ва тадаббур билан намоз ўқишига ёрдам беради. Лекин баъзи сабаблар бу ишнинг номақбул даражага олиб келиши мумкин:

Жумладан, уйдан намозга кечикиб чиқиш. Бундай вазиятда намозхон такбири таҳримани ва ҳатто баъзи ҳолларда хуфтон намозининг фарзини жамоат билан ўқиш имкониятини қўлдан чиқаради. Баъзан эса, таровиҳ намозларининг бир неча ракаатига ҳам улгурмай қолади. Буларнинг бари чиройли овозли қорини қидириш оқибатида келиб чиқади. Чунки боришни истаган масжид уйидан анча узоқда бўлади. Масжидга етиб боргунча аксарият ҳолатларда юқоридаги салбий ҳолатлар рўй беради. Натижада улкан савоблардан маҳрум бўлиб қолади. Шундан кейин ҳам баъзилар масжидда бир неча раккат ўқиб, бошқа масжидга йўл олишади. Уларнинг савоби янада камаяди. Чунки улар ҳадисга мувофиқ намозни имом билан бирга тугатишмайди.

Уларнинг асосий эътибори имомнинг хуш овозлигига қаратилган бўлади. Оятларни тафаккур қилиш, маъноларини тадаббур қилиш ва хузу йўқолади.

Бу вазиятлар ҳозирда жамоатга бориш имконияти мавжуд мусулмонларда учраб турган иллатлардан бири саналади. Агар саҳрода ёлғиз бўлса ёки жамоатга боришга бошқа бирор бир узри бўлса, ёлғиз ўқиш мумкин. Аллоҳ таоло унга жамоат ажрини беради, инша Аллоҳ! Чунки у қўлидан келганини бажармоқда. Аллоҳ таоло эса тоқатдан ташқари ишларга буюрмайди.

Файсал ибн Али Баъдонийнинг

"Расулуллоҳ алайҳиссалом Рамазонда" китобидан