loader
Foto

Нуҳ алайҳиссаломдан самарадорлик ҳақида бир нечта дарс

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Муфлис кимлигини биласизларми?» деб сўрадилар. «Бизнингча, муфлис – на дирҳами, на бирон матоси бўлмаган одам», деб жавоб беришди. «Менинг умматимдаги муфлис шундай одамки, қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келади, бироқ кимнидир сўккан, кимгадир туҳмат қилган, кимнингдир молини еган, кимнидир қонини тўккан, кимнидир урган ҳолда келади. Шунда савобларидан унга-бунга олиб берилади, савоблари зиммасидаги ҳақлардан қутулишга етмаса, уларнинг гуноҳларидан олиб, бунга юкланади, сўнг дўзахга отилади», дедилар (Муслим ривояти).

Худди шундай, кимнидир самарадор деб ҳисоблашимиз учун одатда унинг ҳаракатлари натижаларига кўпроқ назар соламиз.

Масалан, биз биров ҳақида гапирганимизда, у қўшнисидан кўра кўпроқ муваффақиятга эга экани, чунки деярли бир хил шароитда қўшнисидан анча ўтиб кетганини айтамиз, яъни муваффақиятимизни, кўпинча, натижага қараб белгилаймиз.

Аҳмад ортиқча вазндан халос бўла бошлади, чунки у парҳез қолиб, жисмоний тарбия билан шуғулланди. Ширин эса ўртоқлари телевизор томоша қилиб ўтирганида кўп дарслар қилиб, аъло баҳоларни олди. Шундай қилиб, Аҳмад ва Ширин юқори самарадорликни кўрсатди, бунга улар эришган натижалар далилдир.

Агар Аҳмад қилиниши лозим бўлган нарсаларни қилгани билан барибир ортиқча вазндан халос бўлмаганида-чи? Агар Ширин қанчалик кўп дарс қилгани билан аъло баҳоларни олмаганда-чи?

Шундай бўлса ҳам биз уларни юқори самарадорликка эришган дея оламизми?

Ким Аллоҳнинг ҳудудларига риоя қилса, Аллоҳ таоло у билан бирга бўлади, уни қўллаб-қувватлайди, ҳимоя қилади, ўнглайди ва яхшиликка муваффақ этади. Зулмат қанчалик қуюқлашмасин, аҳвол нечоғлик оғир ва мураккаб бўлмасин, Аллоҳнинг ҳақиқий тақводор бандалари ўзларининг Ҳомийлари, Қўриқчилари ва Мададкорлари билан биргадирлар. “Зотан Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилувчи зотлар билан биргадир”. (Наҳл сураси, 128-оят). Қатода айтадилар: “Ким Аллоҳдан тақво қилса, Аллоҳ у билан бирга бўлади. Ким билан Аллоҳ бирга бўлса, демак у билан енгилмас гуруҳ, мудроқ босмас қўриқчи ва ҳеч адашмайдиган йўлбошчи бирга экан”.

Аллоҳ таолонинг нусрати Унинг буйруқларга бўйсуниш ва мункар ишлардан тийилиш билан чамбарчас боғлиқдир. Ким Аллоҳга итоат этса, Парвардигори уни ғолибу азиз қилади. Ким Яратганга осий бўлса, хорлик ботқоғига ботади. “Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз, У Зот ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит қилур”. (Муҳаммад сураси, 7-оят). “Агар сизларга Аллоҳ ёр бўлса, ҳеч ким сизлардан ғолиб бўлмас. Ва агар сизларни ёрдамсиз қўйса, Ундан ўзга ҳеч бир зот ёрдамчи бўлмас. Иймон келтирган зотлар Аллоҳнинг Ўзигагина суянсинлар!” (Оли Имрон сураси, 160-оят).

Ислом бизга муваффақият ва мағлубият бизнинг ҳаракатларимиз туфайли эмас, балки Аллоҳ таоло тарафидан ато қилинади, дея таълим беради.

Биздан талаб қилинадигани ўз ишимизга тўлиқ берилиб, қўлдан келган барча имкониятларимизни ишга солишдир, натижаси Аллоҳ таолога боғлиқ. Шундай қилиб, бизнинг эришган самарадорлигимиз эришилган натижага боғлиқ эмас, балки у Аллоҳ таолонинг иродасига қанчалик таслим бўлганимиз, меҳнат қилганимиз ва сабрли бўлганимиз билан белгиланади.

Нуҳ алайҳиссалом ҳаётлари мисолида буларни яққол кўришимиз мумкин.

Нуҳ алайҳиссалом юз йиллар давомида Аллоҳ таолонинг рисолатларини даъват қилган пайғамбар эдилар. Шундай бўлишига қарамасдан тўфон вақтигача унга эргашганлар жуда кам эди. Буюк меҳнат бўлишига қарамай, шундай оз натижа! Нима бўлганда ҳам Нуҳ алайҳиссалом дунёда яшаб ўтган энг буюк беш одамнинг биридир. Унинг мисолида биз самарадорлик ҳақида жуда кўп нарсаларни билиб олишимиз мумкин. Ислом самарадорлик тушунчаси билан нимани ифода қилишини ёдда тутган ҳолда  Нуҳ алайҳиссалом ҳаётларидан қандай ибратли дарслар олишимиз мумкин?



Қийинлаштирмаслик

Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг рисолатларини оддий ва аниқ сўзлар билан тушунтириб бердилар, шу тарзда тавҳид ҳақидаги таълим тушуниш учун осон бўлди. У халқига гуноҳ нималиги (бутларга сиғиниш) ҳамда гуноҳдан қутилиш учун нима қилиш керак эканини ўргатди, яъни фақат Аллоҳ таолога сиғиниш кераклигини тушунтирди.

Сўнг, Аллоҳ таолога иймон келтириш фойдаси (жаннат ва бу дунёдаги баракалар) ҳақида ва Аллоҳ таоло рисолатларидан юз ўгириш оқибатларини (абадий жаҳаннам) тушунтириб бердилар.



Турли йўллардан фойдаланиш

Нуҳ алайҳиссаллом ўз фаолиятида мумкин қадар муваффақиятга эришиш учун турли хил услубларни қўллаб кўрди, чунки айнан қайси услуб самара беришини у олдиндан билмас эди.

У жамоат йиғилган мажлисларда ҳам, якка қолганда ҳам дуо қиларди, шунингдек, умумхалқ байрамларида ва хонадонларда ҳам алоҳида даъват қилди. Унинг даъвати куну тун тўхтамас эди.



Пешволарга таъсир қилиш

Маълумки, одамлар пешволар ёки бошқа машҳур шахсларга эргашишга мойил бўладилар. Бугунги кунимизда ҳам пешволар ёки “юлдузлар”га эргашиш одат тусига айланди.

Нуҳ алайҳиссалом ҳам ўз халқининг пешволарига даъват қилган, чунки улар даъватни қабул қилишса, одамларнинг ҳам уларга эргашиш эҳтимоли бор эди. Бу услубни пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассалом ҳам қўллаганлар. Бу услуб Маккада фойда бермаган бўлса ҳам, Мадинада фойдали бўлди.



Диққатни бир мақсадга йўналтириш

Нуҳ алайҳиссалом узоқ вақт давом этган муваффақиятсизликларга қарамай, даъват қилишдан тўхтамади. Унинг даъватидан мақсад тавҳидни тушунтириш бўлиб, бу йўлдан бир зум бўлса ҳам чекингани йўқ. Бу солиҳ банда унинг иши Аллоҳ таолонинг амри бўлгани учун ҳам ўз рисолатларига давъат қилиш ва уни тарқатиши лозим эканини жуда яхши билар эди.



Тўхташ керак бўлган вақтни билиш

Бир вақт келиб, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломга одамлар илоҳий рисолатга иймон келтирмасликларини билдирди. Нуҳ алайҳиссалом фойдаси бўлмайдиган даъватдан тўхтаб, дарҳол диққатини кейинги мақсадга, яъни Аллоҳ таолонинг амри бўлмиш тўфон ва кема ясашга йўналтирди.



Ушбу бешта дарс Нуҳ алайҳиссалом ҳаётларидан олинган дарс бўлиб, бошқа мўмин-мусулмонларга фойдаси кўпдир. У чарчамай-толмай ўз мақсади сари юрди ва бунинг учун барча имкониятлардан кенг фойдаланди. Бу борада мақсадга етиш учун барча имкониятлардан фойдаланса ҳам бирор натижага эришиш Аллоҳ таолодан эканини яхши биларди. У катта сабр билан Роббисининг измига тўлиқ таслим бўлишга ҳам эришди.

Productive Muslim материаллари асосида

Абу Муслим тайёрлади