loader
Foto

Янги Араб баҳорини кутяпмизми?

Яқин Шарқ минтақасида инқироз тенденциялари кучаймоқда ва кучларнинг янги қайта гуруҳланиши режалаштирилмоқда. Араб дунёси кўп қийинчиликларга дуч келмоқда. Коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида вазият оғирлашмоқда.

2021 йилнинг июл ойи ўрталарида Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Яқин Шарқдаги бир неча мамлакатларда Delta коронавируси штаммининг тарқалиши ва вакцинанинг камлиги натижасида пандемиянинг авж олиши даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айтди. ЖССТ маълумотларига кўра, айрим мамлакатларда ўлим сони камайгач, жумладан Ливия, Эрон, Ироқ, Тунис, Ливан ва Марокашда касалликлар сони сезиларли даражада кўпайган. Яқинда мусулмонлар Ҳайит байрамини нишонлади. Байрам тадбирларида миллионлаб инсонлар иштирок этди, бу эса пандемиядаги бугунги шиддат ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Минтақада коронавирус касалликлари бўйича рўйхатга олинган ҳолатлар сони 11,4 миллиондан ошди.

Ҳозирги шароитда минтақани модернизация қилиш талаби янада кучайди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, сезиларли ривожланишга қарамай - араб минтақасида саводхонлик даражаси 1983 йил 43%дан 2019 йил 79%гача кўтарилди - 50 миллиондан ортиқ катта ёшдагилар ҳамон саводсиз, бу эса жамиятнинг фаол аъзолари сифатида уларнинг ролини жиддий чеклайди. Бу рақамлар тўқнашувлар ва қашшоқлик туфайли 6 миллион бола мактабни ташлашга мажбур бўлгани билан янада чуқурлашди.

Сўнгги 10 йил ичида озиқ-овқат нархи кескин кўтарилди. Бу эса илгари ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни бошдан кечирган Яқин Шарқ давлатларига жиддий таъсир кўрсатди. Иқлим ўзгариши минтақада ҳароратнинг ошишига олиб келди. Бу йил бешта мамлакат чидаб бўлмайдиган даражада иссиқ бўлган "50° C" клубига қўшилди.

Минтақанинг озиқ-овқат хавфсизлигига можаролар, беқарорлик, иқтисодий муаммолар, қашшоқликни ошириш, тез урбанизация ва чўлланиш туфайли ҳайдаладиган ерларнинг камайиши таҳдид солмоқда. Чучук сув манбалари тез камаймоқда. БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, аҳолининг деярли 10% и тўйиб овқатланмайди.

Деярли барча давлатлар у ёки бу кўринишда инқирозли ҳолатларга дуч келмоқда. Айниқса, Яман, Ливан ва Жанубий Судан мураккаб вазиятга тушиб қолган. Ироқ ва Ливиядаги вазият ҳам барқарорликдан анча узоқ.

Пандемия ҳатто Форс кўрфази ҳудудида ҳам кўплаб иқтисодий муаммоларни кескинлаштирди. Май ойида Уммонда иш йўқлигидан норозилик билдирган ёшлар намойишлари кузатилди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, ёшлар ўртасидаги ишсизлик даражаси бу ерда 49% га етган. Уммоннинг молиявий аҳволи заифлиги Форс кўрфазининг бошқа давлатлари учун ташвишли кўрсаткичдир. Саудия Қироллигида ёшлар учун иш ўринлари яратиш ҳам долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Мамлакат аҳолисининг ярми 20 ёшгача, ишсизларнинг деярли 60% еса 30 ёшга етмаган. Ўн йилликнинг охирига келиб Саудия Арабистони 4,5 миллион иш ўрни яратиши керак бўлади.

Бир томондан Эфиопия, бошқа томондан эса Миср ва Судан ўртасидаги зиддият Нилда тўғон қурилиши туфайли тобора кескин шаклларни олмоқда. Сув таъминоти муаммосининг қанчалик жиддийлашиб бораётганлигини кўрсатади. Келажакда сув билан боғлиқ низолар янги зиддиятларга чизиқларга олиб келиши мумкин: Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида сув манбалари бўйича юз берган тўқнашувлар минтақада ўсиб бораётган тенденцияни кўрсатмоқда.

Яқин Шарқдаги умумий вазиятда АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши ва «Толибон»нинг бу мамлакатдаги позицияларини жадал мустаҳкамлаши ҳамда АҚШ ва Эрон ўртасида ядро дастури борасида битим тузиш имконияти мутлақо янги жиҳатлар ҳисобланади.

Яқин Шарқдаги аксар кузатувчилар яқин келажакда Эрон ядро масаласи бўйича келишувга эришилишига ишончи комил: Венада "олтилик" давлатлари ва Теҳрон ўртасидаги музокаралар жадал давом этмоқда. Форс кўрфази давлатлари янги ҳақиқатларни, хусусан, Вашингтоннинг Эрон билан келишувларга эришишга қаратилган йўналишини эътиборсиз қолдира олмайди. Май ойида Ироқ Президенти Барҳам Солиҳ Саудия Арабистони ва Эрон Бағдодда икки томонлама музокаралар ўтказганини тасдиқлаб, кескинликни юмшатишга ҳаракат қилган эди. Июл ойи бошида эса Эрон ҳукуматининг расмий вакили Саудия Қироллиги билан музокараларда "яхши тараққиёт" ни эълон қилди.

Саудия Арабистонининг ярим расмий «Араб Ньюс» газетаси шу йилнинг 14 июнида «вазият ва географик яқинлик араблар ва эронликлар, айниқса, эронликлар, ҳамкорлик ва ўзаро тушуниш фойдасига танлов қилиши ва душманлик риторикасидан воз кечишини талаб қилади» деб ёзди. Саудияликларнинг Теҳронга қарши доимий танқидий ўқларини ҳисобга олсак, бу мақола Форс кўрфази давлатлари ўртасидаги муносабатларда янги босқични бошлаш имкониятини аниқ англатади.

Июннинг бошида AFP хабар қилганидек, Саудия Арабистони президент Башар Асад ҳукумати билан дипломатик муносабатларни нормаллаштириш ҳақида битимга эришишга яқин. Сурия можаросининг илк кунларидан бошлаб Саудия Арабистони Асадни ағдариш учун курашаётган кучларни қўллаб-қувватлашда асосий ўйинчи бўлди. Ар-Риёд уларни қурол-яроғ билан таъминлаган, молиявий ёрдам кўрсатган. Гап моҳиятан Суриянинг араб оиласига қайтиши ҳақида кетяпти. Саудияликлар ва БАА стратегик ҳарбий ресурслар, биринчи навбатда, ракета қуролларини камайтириш мақсадида сурияликлар орқали Эронга босим ўтказмоқчи.

Яманда чўзилган можарога барҳам бериш ҳаракатлари ҳам худди шу йўналишда. BBC таъкидлаганидек, 2015 йилда Саудия Арабистони Ямандаги фуқаролар урушига ҳарбий аралашувни бошлаган, бироқ бу кампания олти йилдан кейин ҳам давом этишини кутмаган эди. Саудия бюджети учун унинг қиймати 100 миллиард долларга баҳоланмоқда. Можаро қатнашчиларининг ҳокимиятни бўлиб олиш ҳақида битим тузиши эҳтимоли бор ва бунда БАА муҳим роль ўйнаши мумкин. Бирлашган Араб Амирликларининг инновация сиёсатидаги фаоллиги билан ажралиб турадиган янги ролини алоҳида таъкидлаш зарур. Бу уларнинг минтақавий сиёсатдаги таъсирини мустаҳкамлашда ҳам ўз аксини топмоқда.

Жорий йилнинг май ойида Ғазодаги 11 кунлик ҳарбий тўқнашув Фаластин масаласини яна бир бор жаҳон сиёсатидаги устуворликлар тоифасига қайтарди. Қўшма Штатлар ва Ғарбий Европада Исроилнинг зўравонлик ҳаракатларига танқид кучайди. Исроилнинг ўзида "сиёсий зилзила" юз берди. Ўтган 12 йил давомида бош вазир вазифасини бажарган Бенямин Нетаняху четлатилиб, янги ҳукумат тузилди. Янги коалицияда илк бор араб партияси вакиллари иштирок этаётгани, агар яхши умид бўлса, араблар ва яҳудийлар конструктив ёндашув борасида келиша олишларини кўрсатади.

Бу воқеа минтақада ва ундан ташқарида Фаластинда икки давлат ҳақида БМТ қарорини амалга ошириш имконияти қатъий туриб ҳимоя қилаётган оптимистлар мавқеини мустаҳкамлайди. Бу борада Мисрнинг исроилликлар ва фаластинликлар ўртасидаги келишувларга эришишдаги ролини фаоллаштириш, хусусан Ғазо секторини қайта қуриш учун 500 млн долар ажратилиши жуда диққатга сазовордир.  Кузатувчилар Қоҳиранинг араб сиёсати жадаллашгани, бу нафақат Мисрнинг минтақа ишларидаги ролини ошириш истаги билан, балки Эфиопия билан Нил суви устида бораётган можарода араблар сафини бирлаштириш истаги билан ҳам боғлиқ эканини қайд этмоқда. Президент Сисийнинг Ироққа узоқ йиллардан бери илк ташрифи ҳам юқорида қайд этилган тенденсиянинг аксидир. Бу фикрларнинг барчаси Яқин Шарқда кучларнинг жиддий қайта гуруҳланиши режалаштирилганлигини кўрсатади ва бу жараён янги низоли вазиятларнинг пайдо бўлиши шароитида рўй бериши эҳтимолдан холи эмас.

Абу Муслим тайёрлади