loader
Foto

Қасос

Оммавий маданият жодугарининг домига тортилмоқдалар. Мақола муаллифи мусулмон бўлмасада, лекин ўзининг инсофли эканлигини, тарихий жараёнларга холис баҳо бериши билан кўрсатади. Албатта мақоладаги таҳлиллар исломий дунёқараш дея талқин қилинмаслиги лозим, лекин тарихий далиллар бугунги дунёда етакчиликни даъво қилаётганларнинг асл нусхаси қандай эканлигини кўрсатади. Мақолани ўқинг ва мулоҳазаларингизни билдиринг.

Қасос

Бугун қасос мавзуси ҳар қачонгидан ҳам жуда долзарб бўлиб турибди. Бутун дунё бўйлаб Американинг “чексиз адолат” деб номланган тадбири амалга оширилмоқда. У 11 сентябрь учун “қасос” сифатида тақдим қилинмоқда. Бироқ, террорчилар бунинг аксини айтишмоқда. Яъни, 11 сентябрь куни бутун Шарқ, Жануб, Учинчи дунё Америкадан қасос олди, дейишмоқда. Шу боис мазлумлар қасоси учун АҚШнинг қасос олишга ҳаққи йўқ экан. Бу орада “Улар бизлардан нега бунчалик нафратланишади?”, дейилган мавзу бўйича Америкада қизғин баҳслар ҳам бўлиб ўтди.



Воқеалар қуйидагича тақдим қилинмоқда: "Бечора, қашшоқлар, мутаасиб бўлган маҳлуқлар билимсизлиги, қандай яшашни ва пул қилишни билмаслиги туфайли омадли, ақлли ҳамда бой америкаликларга ҳасад қилишмоқда. Ўқиш, бойиш ва хурофатлардан халос бўлиш ўрнига, улар ҳасадга тўлиб, “қўшниларининг уйларига ўт қўйишмоқда”. Ҳамиша бузиш бунёд қилишдан кўра осон бўлган. Қашшоқ мутаассиблар доим енгил йўлдан боришади, бироқ бу боши берк кўчадир..."



Асли эса оддий, яъни, тарихдан озгина хабари бор одам “нега биздан бунчалик нафратланади?”, дейилган саволга осонгина жавоб топиб олади. Чунки нафратланишга кўплаб сабаблар бор. Америкаликлар тарих соҳасида анча саёз бўлиб, улар иккинчи жаҳон уруши, Вьетнамдаги уруш ва Саддам Ҳусайн устидан қозонилган ғалабанигина билишади ва шулар билангина фахрланишади. Америкаликлар айнан шундай қисқа хотиралари билан ўз келажакларига қарашади. Ницша маслаҳатига кўра, улар ўз ўтмишларига маломат назари билан боқишмайди. АҚШдан бутун бошли тарихлари учун қасос олинаётган бўлса-да, улар фақат сўнгги ой воқеалари учунгина қасос олишади.



Шарқ, Жануб ва айниқса кичик Осиё одатда ер юзининг энг бой жойларидан ҳисобланган. Ривоятларга кўра, Библияда зикр қилинган маскан (насронийларга кўра, жаннат) ҳам шу ерда жойлашган экан, цивилизация ҳам айнан Осиёдан бошланган. Бу қитъада илм, санъат, касб-ҳунар, жаҳон динлари ўз ривожини топган (бу гаплар, аслида ким цивилизациялашган ким эса йўқ, деб савол берувчилар учун). Англия ва Шимолий Атлантика минтақасида эса поклик нималигини билмайдиган ифлос, жоҳил варварлар яшашган. Уларни ҳам аста-секинлик билан цивилизацияга ўргатишган (масалан, мелодий йил бошланиш даврларида уларга ҳам насронийликни ўргатишган). Қадимги Хитой тарихига назар соламиз, анатомия санъати мелодий аср бошида XVI аср Европаси даражасида бўлган. Давлат имтихончиси талабига кўра, ҳар қандай мансабдор шахс шеър тўқиб бера олган. Қоғоз, порох, ипак ва фарфорларни ҳам бир эслаб кўринг-а... Фалсафий тизимлар билан танилган Ҳиндистонни, Эрон (турли хил динлари билан), Бобил (астрономия, тиббиёт, математика), Миср (математика), Юнонистон (фалсафа, илм-фан, санъат, техника, тиббиёт), Рум (сиёсат ва ҳуқуқ) диёрларини бир эслаб кўринг. Биз ҳеч қачон қадимги Англия, Франция ва Олмония тарихини ўрганган эмасмиз.



Милодий асрнинг бошланиш даврларида ривожланган Ислом (Шарқ-Жануб) ва насронийлик (Шимол-Ғарб) инсониятнинг яшаш шаклларини асло ўзгартирмаган, балки улар янада мазкур ҳолатни кучайишига сабаб бўлган. (Ислом тарқалган ерлар энг маданиятли ва энг цивилизациялашган жойлардан ҳисобланган) Европада ҳатто қироллар ҳам саводсиз бўлган. Уларнинг саройларида бургаларни босадиган ликопчалар турган. “Олий табақа” сарой йўлакларида ҳожатларини чиқариб кетаверишган (хусусан, Версал саройида ҳам). Италия ва Юнонистон инқирозда бўлиб (ҳа, айтганча, варварлар ҳужумидан сўнг), буюк аждодлари қолдирган меросдан бебаҳра эдилар. Варварлар мағлуб бўлганларнинг маданиятини қабул қилишмади (Ўз вақтида Рим қадимги юнонлар маданиятини қабул қилгани каби), балки уларни вайрон, яксон қилишди.



Араблар эса бошқа гап – илм ва санъат уларда нафақат сақланиб қолди, балки гуллаб-яшнади. Шарқнинг ҳикмати ва бойлиги ҳақида турли афсоналаргина эмас, балки иқтисодий ҳисоб-китоблар ҳам мавжуд эди. II минг йиллик бошланишида иқтисодий ривожланиш даражаси бўйича Шарқ мамлакатлари Европа мамлакатларидан 1,5-2 карра устун эди. Албатта, бу жойларда ҳосилдор ерлар, денгизлар борлиги тушунарлидир. Бироқ бунда субъектив сабаблар ҳам бўлган, яъни, ўз жоҳиллиги билан фахрланадиган шимолийлардан маданият бўйича устунликка эришишга бўлган интилиши ҳам бор эди. Шарқ аҳолисининг саводхонлиги ғарб мамлакатларининг аҳолисидан 8-20 марта устун бўлган. Ўшанда Лондон сассиқ бир қишлоқ бўлиб, талончилик ва ичкиликлар авжида бўлиб турганида, Араб Қуртубаси (Кордова) университетда талабалар давр талаби цивилизацияси асосида таълим олишарди. Бунга ўхшаш ҳақиқатлар жуда кўп.



Шу масалада Шимолий Атлантлар бой ва “ақлли” қўшинларига нисбатан ҳасадлари қўзғаб, ўйнаб кетади. “Салбчилар юриши” – “қашшоқ мутааасибларнинг” маданият, цивилизацияга қарши юриши бўлган эмасми? Биринчи “Бин Лодин” ўз қўшинларига барча разил кимсалар ва диний экстремистларни жам қилган Ричард Шер юрак эди. Урушлар узоқ давом этди ва натижада араблар ғолиб бўлди. Улар қурол кучи билан эмас, балки маданият кучи билан ғолиб бўлишди. Қашшоқ мутаассибларга нисбатан уларнинг стратегияси фақат уларга билим бериш, цивилизацияни ўргатиш бўлган. Улар бунинг уддасидан аъло даражада чиқишган, европаликлар араблардан ювинишни (покликни) ўрганганлар (бунгача эса, машҳур рицарлар бир икки ойлаб ювиниш нималигини билишмаган, либосларида ухлайверганлар, улар дайди уйсизлар (бомж) каби сасиб юришаверган). Араблардан математикани ўрганишган (арабча сонлар) ва улардан унутилган фалсафани ўзлаштирган (Арасту, файласуфлар матнлари, санъат ва шеърхонлик асосларини ўрганишган). Араблар таъсирида “ўрта аср билимлиги” ривожланган, илм даргоҳлари пайдо бўла бошлаган. Уйғониш даври ҳам бир нечта босқичда араблар туфайли содир бўлди. Протестанизм (ҳозирги Англия ва АҚШ динлари) ҳам араблар таъсирида туғилди. Диншунослар ислом ва протестанизм ўхшашлиги ҳақида бир неча марта таъкидлашган. Бунга ўхшаш фикрни бошқа йўл билан ижтимоий фанлар олими М.Вебер ҳам келтирган эди. Унинг таъкидлашича, протестанизм “капитазим руҳи”ни ташкил қилган.



Протестанизм вируси жуда хавфли бўлди. Уйғониш давридаги жодугар таъқиби натижасида Европа аҳолисининг ярмига тенг келадиган одамлар қатл қилинди. Битта Варфоломей кечасининг ўзида, Парижда 4000га яқин одам ўлдирилди.

Европаликлар ўз ораларидаги тўқнашувларга чек қўйиб, бошқа ерларни босиб олишга киришиб кетишди (Шарқ ўша вақтлар ҳали қудратли эди, фақат XVII асрга келиб Европа иқтисодий таррақиёт борасида Шарқдан ўзиб кетди. Ниманинг эвазига эканини қуйида кўриб чиқамиз). Инглизларнинг аждодлари Америка туб аҳолисини бутунлай қириб ташлади (испанларнинг аждодлари бундай қилмаган). Қатл қилинганлар қанча миллион эди? Буларнинг олдида Сталиннинг миллионлаб одамларни қатл қилгани ва 3-5 миллион инсонларни репрессия қилгани ҳам ҳолва бўлиб колди. Бироқ, бу уларга оз кўринди. Кейинги қитъа Африка бўлди. (Иштаҳаларига қаранг!) Бу ерда айтилган статистикада фарқлар мавжуд. Бироқ 10 миллиондан 25 миллионгача одамлар Америкага олиб ўтиш жараёнида ҳалок бўлишган. Либерализм назариясининг отаси сифатида танилган Жон Локкнинг қулчилик билан шуғулланадиган компанияда шерикчилик улуши бўлган (либерализм чала одамларга алоқаси йўқ бўлса керак-да). Колонияларни талаган, талон-тарож қилган барча Европа мамлакатлари ўз иқтисодлари ривожланиши учун яхшигина бошланиш сармояларига эга бўлишган.



Яхши технология ғоясига эга бўлган фирма, ўз кучи билан мазкур ғояни юз йил ичида бўлса ҳам ривожлантира олиши иқтисодчиларга яхши маълумдир. Бозорни дарҳол босиб олиш учун эса сармоя киритиш керак. Аммо сармоялар ихтиёрий ва мажбурий бўлади. Уруш ҳамда колонияларни эксплуатация қилиш бу ўша мажбурий инвистициялардир.



Энди Шарқ ҳақида. Ҳиндистон, Хитой, Жанубий-Шарқий Осиёнинг барчаси европаликларнинг оёғи остида қолди. Колониялардан таланган сармоя ғарб иқтисодининг ривожланишига туртки бўлди ва ишлаб чиқаришни модернизациялашга имкон яратди. Шундан сўнггина Европа моллари рақобатбардош бўла олди. Европа экспорти Шарқни бўға бошлади ва у натижада қашшоқлашиб борди. XVIII аср Ҳиндистоннинг минг йиллик тарихида илк бор очарчилик бўлиб ўтди. Бунинг оқибатида ўн миллионга яқин одам ўлиб кетди! XIX асрда Англиядан Ҳиндистонга пахта ипидан қилинган газламалар экспорти 100 фоизга ошиб кетди (олдин буларнинг акси эди). Ҳиндистоннинг эса ҳом ашё экспорти ошиб борарди ва ҳакозо.



Шундай экан, бой ва истеъдодли Ғарб билан қашшоқ ва телба Шарқ ҳақида эртакларни айтишни бас қилинг. Ғарб сўнги 300 йил ичида бойиб кетди, Шарқ эса қашшоқлашди. Бутун тарих мабойинида Ғарб Шарқни йўқ қилиш учун бир марта имконга эга бўлди (бунгача эса, Шарқ Ғарбни 1000 марталаб йўқ қилиб ташласа бўлар эди). Ғарб бу имкониятидан унумли фойдаланди. Хитойда опиум урушлари, деурбанизицияга учраган Африка, Жанубий-Шарқий ва Кичик Осиёнинг консервацияси...



Ниҳоят, XX аср озодлик ҳаракатлари даври бўлди. Озодлик ҳаракатларининг пешволари ҳам дунё тарихини айнан биз юқорида баён қилганимиздек кўришди (масалан, Ж. Нерунинг тарих бўйича мактубларига қаранг). Ҳа, бу озодлик ҳаракатлари экстремистик ва шавфқатсиз бўлгани билан, улар қасос олиши керак бўлган нарсалар бор эди (Гандига ўхшаш “юввош” халоскорлар ҳамма жойда ҳам топилавермаган-да). Олдинлари бой бўлган ёки бойишга тўла имкониятлари бўлган, уларнинг мамлакатлари ғарбнинг тажовузкор ҳарбийлари, экспорт ва қарзлар билан ўраб олинди, боғланиб ташланди ва қул қилинди.



Бироқ, Ғарб ҳам қаршилик кўрсатди. Мана иккинчи жаҳон урушдан кейинги даврдан бир мисол: Жазоир мустақиллиги учун уруш. Франциянинг бўлажак президенти Прокурор Миттеран бомбардимон ва оммавий қатлларга буйруқлар бериб, унинг санкциялари асосида миллионга яқин жазоирликлар ҳалок бўлди. Бу ҳалок бўлган одамарнинг ягона мақсади озод ва хур бўлиш эди. Бу ГУЛАГ ишлаб турган бутун вақти мобайинида отилишга ҳукм қилинганлар сонидан ҳам бир мунча кўпдир. Сўнг Миттеран “инсон ҳуқуқлари” ҳақида одамларга ўзича алламабалоларни гапириб, ўргатиб юрган...



Албатта, буларнинг барчаси террор ҳуружларини асло оқламайди. Ўзаро қасос ва айбловлар тарихга шунчалик чуқур сингиб кетганидан уларнинг бугунги вазияти яна ҳам кучли бўлганини кўрсатиш учун бу тарихий чекиниш атайлаб қилинган. АҚШ ҳақидаги “эзгулик” салтанати ва ёвузликнинг акси бўлган “халқаро терроризм” каби гап-сўзлар нафақат гўлликни ифода қилади, балки муаммони яширади ҳам. Барча бандлар бўйича АҚШни “ёвузлик салтанати” дейилишга асос бор. Чунки бугунги халқаро сиёсат ва иқтисодий тартиб адолатдан анча узоқдир (халқаро қарзлар (кредит) тизимизни эслаб кўринг, унга кўра ривожланаётган мамлакатлар йил сайин тиришқоқлик билан қарзларини тўлаб келаётган бўлса ҳам уларнинг қарзлари йил сайин ошиб бормоқда). Шундай қилиб, қасос. Ҳар қалай, 90 фоиз кинолар ҳам турли хил йўл билан қасос мавзусидан фойдаланиб келишини ҳамма билади. Аслида, қасос субъектни (шахсни) ўзидан чиқариш учун, уни ҳатто ахлоқий ва ҳуқуқий меъёрлардан чиқариб бўлсада фаол ҳаракат қилдиришга қўлланиладиган оз воситаларнинг бири экани сир эмас. Ҳадя олган шахс ҳадяни қайтаришга мажбур бўлганидан фарқли ўлароқ, қасосда субъект бирон нарсадан маҳрум қилиниши билан қандайдир ҳаракатларни қилишга мажбур бўлади. “Қонга қон, жонга жон” – қадимги қонун. Ҳозирги замонавий адлия тизими ана шунинг устига қурилган (жиноят ва жазо муаммолари). Биз бу ерда дарров фундаментал фалсафий муаммолар тугунига дуч келамиз (қасос қонуни ва насронийлар сабри, гуноҳ ва тавба муносабатлари, жиноят ва жазо муаммолари). Ҳозир буларни муҳакома қилишга имкон йўқ, ҳатто қисқача улар ҳақида тўхтала олмаймиз. Сўнгги асрнинг барча буюк мутафаккирлари ушбу муаммони диққат билан ўрганини айтиш кифоя (Достоевский “Жиноят ва Жазо”, Ницше «Заратустра»сида унинг учун энг катта умид – инсониятни қасос хис-туйғусидан халос қилишдир, дейди: ХХ асрнинг буюк файласуфи М.Хайдеггер ўзининг сўнги нашр қилган “Тафаккур дегани нима?” номлик китобида “қасос” тушунчасини атрофлича таҳлил қилади.) Биз учун ўта муҳим бўлган нарса – субъектнинг (шахснинг) доимий қасос олувчи махлуққа айланишидир. Бу аслида, абадий двигателнинг (доимий ҳаракатга солувчи кучнинг) пайдо бўлиши, “ижтимоий ёқилғи”нинг текин манбаси, ижтимоий энергетика демакдир. Манипуляция буларни бир нечта техника ёрдамида амалга оширади. Уларнинг бири, энг оддийси ҳар қандай “етишмовчиликни”, ҳар қандай маҳрумликни, талаб ёки инкорни қандайдир маъсул, айбдор шахс иши қилиб кўрсатишдир. Яъни ҳаммасига маълум бир шахсни айбдор қилиб, кўрсатиш, барча нарсани унга тўнкашдир. Бу амалдаги ҳукумат, ўтган ҳукумат, қандайдир душманлар, табиат ва ниҳоят Худо ёки шайтон ҳам бўлиши мумкин (сўнги икки тушунчадан кўпинча тоталатир секталар жуда кўп фойдаланишади). Бироқ, барча ёмонликлар-у, маҳрумликларни ва омадсизликларни кимгадир тўнкаб қўйишга имконият бўлиши учун ҳаётга, дунёга бўлган муносабатларни ҳам шунга кўра шакллантириш лозим бўлади. Унга кўра, бўлган ва бўлаётган барча нарсалардан бошқачароқ бўлиши ҳам мумкинлигидир. Бошқачагина эмас, балки бундан ҳам яхшироқ, тўлиқроқ, яъни, хатосиз, камчиликсиз, азоб уқубатсиз бўлиши мумкин. “Қасос аслида, - деб ёзади Ницше, - вақтга нисбатан ва унинг “бу бўлган”, талпинаётган истаклари ва бирор нарсани ўзгартириш, қайтариш ва тўғрилашнинг имконияти йўқлигига ирода нафратидир”. Инсон албатта хато қилиши мумкин. Бу тўғри. Бироқ, у қандайдир масалада хато қилмаслиги мумкин эканлиги ҳам тўғридир. Бошқаси янада тўғрироқдир: у умуман хато қилмаслиги (дунёда яхшилик қанчалик кўп бўлса, ёмонлик ҳам шунча кўп бўлади) ва қилинган хато тўғирланса бўлади.



Бироқ, мафкура бизга унисини ҳам, бунисини ҳам сингдиришга уринмоқда:

1) ёвузликсиз жамият бўлиши мумкин

2) хатоларни тўғирлаш мумкин.

Умуман олганда “революция” сўзи “қайтариш” деган маънони беради. Яъни, босиб ўтган йўлни янги қандайдир янги услуб билан қайта босиб ўтиш. Маркс бекорга барча инқилоблар “ўтмиш шарпаларидан” озиқланади ва ўликларга ўз ўликларини дафн қилишларига чақиради, демаган. У қилинажак инқилобни келажакдан озиқланадиган, яъни, реал тарихий эксперимент бўлиши кераклигини айтади. Бироқ, бундай шиор сиёсат майдонига ташланганида авантюризм, дея баҳоланган бўлар эди. Шунинг учун ҳам кейинги марксчилар ва бошқа инқилобчилар эски текширилган услубни афзал билиб келишади. Унга кўра, тарихнинг Х нуқтасига (хато қилинган жойга) қайтайлик ва ҳаммасини бошидан бошлайлик. Бу қайта қурувчилар пафоси эди. Унга кўра, Россия 70 йилдан бери тўғри йўлдан адашган, бугунги сўлчилар эса “нотўғри йўл” “қайта қуриш” давридан бошлангани ҳақида айтишади. Бошқа мафкурачилар Хрущевни айтишади, учинчилари эса, Петр биринчи деб айтади ва ҳакозо. “Нима бўлиши мумкин эди” мавзусидаги “таассуб” улар мафкурасининг асосини ташкил қилади. Мутаассиблик қанчалик кучли ва қанчалик кўп одамлар бунга аралашаган бўлса, ижтимоий портлаш энергияси ҳам шунчалик кучли бўлади. Инқилобларни кимлардир қилади, самарасидан эса бошқалар фойда кўради.

Олег Матвейчев,

“Уши машут ослом. Сумма политтехнологий” китобининг “Қасос” боби

Абу Муслим таржимаси

Хулоса ўрнида "Бўри билан қўзичоқ" масали ёдга тушади. Қуч золим қўлида бўлса, қиладиган зулми учун адолатни рўкач қилади, турли дабдабали шиорлар орқали барчага ўзини ҳалоскор қилиб кўрсатмоқчи бўлади. Сунъий золимларни ўйлаб чиқиб, уларни кашф этади ва ушбу кашфиётларни рўкач қилиб барчага "адолатли" зулмни беандиша қилаверади. Соддалар мазлумнинг қасос олишга ҳаққи борда, деб ўйлашади. Аслида буларнинг барчаси ўйин эканлигини вақт ўтгач билишади. Албатта, мақоладаги муаллиф ҳулосалари шахсий дунёқарашдир. Лекин мақоладаги ушбу фикрлар Ғарбнинг муросиз эканлигини, Шарқнинг эса (тўғрироғи Исломнинг) толерант эканлигини кўрсатади: "Шундай экан, бой ва истеъдодли Ғарб билан қашшоқ ва телба Шарқ ҳақида эртакларни айтишни бас қилинг. Ғарб бойиб кетди, Шарқ эса сўнги 300 йил ичида қашшоқлашди. Бутун тарих мабойинида Ғарб Шарқни йўқ қилиш учун бир марта имконга эга бўлди (бунгача эса, Шарқ Ғарбни 1000 марталаб йўқ қилиб ташласа бўлар эди). Ғарб бу имкониятидан унумли фойдаланди. Хитойда опиум урушлари, деурбанизицияга учраган Африка, Жанубий-Шарқий ва Кичик Осиёнинг консервацияси" яна ушбу жумлаларга хам эътибор бериш лозим: " Албатта, буларнинг барчаси террор ҳуружларини асло оқламайди. Ўзаро қасос ва айбловлар тарихга шунчалик чуқур сингиб кетганидан уларнинг бугунги вазияти яна ҳам кучли бўлганини кўрсатиш учун бу тарихий чекиниш атайлаб қилинган. АҚШ ҳақидаги “эзгулик” салтанати ва ёвузликнинг акси бўлган “халқаро терроризм” каби гап-сўзлар нафақат гўлликни ифода қилади, балки муаммони яширади ҳам. Барча бандлар бўйича АҚШни “ёвузлик салтанати” дейилишга асос бор. Чунки бугунги халқаро сиёсат ва иқтисодий тартиб адолатдан анча узоқдир (халқаро қарзлар (кредит) тизимизни эслаб кўринг, унга кўра ривожланаётган мамлакатлар йил сайин тиришқоқлик билан қарзларини тўлаб келаётган бўлса ҳам уларнинг қарзлари йил сайин ошиб бормоқда..."