“Мен сизларнинг ташвишсиз бўлишингизни истайман. Уйланмаган одам Раббимни қандай рози қиламан, деб Унинг ишлари ҳақида қайғуради. ... Лекин ким ўз фикрида оғишмай қаттиқ турса ва эҳтиёж юзасидан қисилмай, ўз иродасига ҳоким бўлиб, бокирасининг иффатини сақлашга қарор қилган бўлса, у одам яхши иш қилган бўлади.”[1].
Ҳаворийлардан Бутрус (Петр) ва Филипп оилали бўлишган. Ҳаворий Павлуснинг эса оилали бўлгани ёки бўлмагани ҳақида турли хил ривоятлар юради. Искандариялик Климентанинг фикрига кўра, Павлус оилали бўлган:
“Ёки улар ҳам ҳаворий ҳисобланмайдиларми? Бутрус ва Филиппнинг фарзандлари бўлган: Филипп қизларини турмушга чиқарган. Павлус эса, ўзининг бир мактубида аёлига салом йўллашга уяламаган. Хизмат ишларини қийинлаштириб юбормаслик учун уни ўзи билан олиб юрмаган”.
Шундай қилиб Климент устозларининг барчалари целебатни зарурий шарт деб ҳисоблаган - Маркиондан бошлаб Манигача бўлган насроний-гностиклар[2] билан тортишади. Уларнинг фикрича, аёли ёки эри бор, ё никоҳдан ташқари жинсий алоқа қиладиганлар гностик насроний черковининг тўлақонли аъзоси бўла олмайди. Гарчи уларнинг мажлисларида иштирок этиш ва бирон-бир яхшиликларни тинглаб юрса ҳам.
Руҳонийлар целебати илк бора Элвир соборида[3] (IV аср бошлари) қоида сифатида қайд этилган. Унга кўра, аҳдни бузган епископ[4], пресвитер[5] ва диакон[6]лар черков билан алоқа-муносабатларини узиш ва ҳатто ўлаётган чоғида ҳам уларнинг гуноҳларини асло кечмаслик кўзда тутилган (18-қоида). (Насронийларнинг эътиқодига кўра, руҳоний ўлаётган одамни тавба қилишга чорлайди ва агар у шундай қилса, руҳоний уларнинг гуноҳларини кечиши мумкин)
Замонавий насронийликда
Православларда
Агар бирон бир шахс диакон ёки руҳонийлик рутбасини қабул қилиб олса православие, Шарқий Католик черковларида уларнинг никоҳларини тан олади. Православие никоҳга бўлган муносабатида, авваламбор бутун жаҳон VI соборининг қоидаларига суянади.
“Рим черковидаги қоидаларда айтилишича, кимда-ким диакон ёки пресвитер (черковнинг олий рутбадаги руҳонийларидан) бўлиш шарафига муяссар бўлса, улар ўз хотинлари билан алоқа килмаслиги керак бўлган. Черковдаги қоидалардан бирида; “Қадимги ҳаворийлар ҳаёти яшаш тарзи ва қоидаларга биноан ижозат берамизки, роҳиблар бундан кейин ҳам қонунга кўра турмуш тарзини бузмасдан хотинлари билан ажрашмасдан, черков ишларидан бўш бўлган вақтларида улар билан бирга бўлишларига ҳеч нарса тўсқинлик қилиши мумкин эмас. Иподиакон, диакон ёки пресвитер бўлмоқчи бўлганлар учун уларнинг оилали бўлишликлари ҳам тўсиқ бўла олмайди; Агар у ушбу рутбага тайинланган бўлса у билан ўзининг никоҳдаги аёли билан муносабатлардан воз кечишга мажбур қилинмайди, яъни бу билан Худо ва У унинг марҳамати ҳисобланган никоҳга қарши бориб қолмаслигимиз учун. Чунки, Инжилда: “Шунга кўра улар энди икки эмас, балки бир тан ҳисобланадилар. Худо бирга қўшганини бандаси ажратмасин” деб айтилган (Матто 19: 6). Ва Ҳаворий: “Никоҳ ҳамманинг кўзида эътиборда бўлсин, ётоғингиз беғубор бўлсин”. деб ўргатади (Иброний 13:4).
Шунга қарамай, епископларга намзодларни роҳибликнинг энг юқори даражаси, энг художўй роҳиблар ичидан, уйланмагани ёки беваларидан сайлашади. Замонавий Рус Православ черкови ва бошқа маҳалий православ черковларида роҳиб (монах) бўлмаганлар епископ бўла олмайди, яъни епископлар фақат архимандритлар[7] орасидан сайланади (одатда роҳиблик қиладиган юқори рутбали пресвитерлардан). Оилалик ёки уйланган оқ руҳонийлар (роҳиблар ҳаёт тарзи билан яшамайдиган) епископ бўла олмайди. Бошқача сўз билан айтганда, уйланган ва уйланмаган иерейлар, протоиерей ва протопресвитерлар ҳам епископ бўла олмайди, деганидир.
Истисно тариқасида оқ руҳонийлардан бўлган архирей уйланмаган ёки бева бўлган бўлса унвонда кўтарилиши мумкин, бироқ бунинг учун, у энг қуйи унвонга туширилиши ва кейин архимандритликка кўтарилиши мумкин. Патриарх Кирилл Рус православ черковининг каттаси бўлиб сайланганидан сўнг қавми билан ишлаш давомида номига доғ тушмаган, бева руҳонийлар ҳам епископликка сайлана бошланди. Булар орасида Смоленск ва Вязма епископи Пантелеимон (Шатов) ва бошқалар бор.
Католикларда
Ғарб черковида католик руҳонийларининг целибати папа Буюк Григорий (590—604) даврида қонунлаштирилди, бироқ дефакто у фақат XI асрга келиб тўлиқ кучга кирди (яъни, бошқа папа Григорий VII даврида).
Шарқ черкови эса целибатни Трулл соборида (691—692) инкор қилди, католиклар эса буни тан олганлари йўқ. Уйланмаслик аҳдига кўра иффатни сақлаш керак эмиш, ким бу аҳдни бузса бу шаккоклик ҳисобланган. Руҳонийларга оила қуриш тақиқланади.
Диаконлик рутбасидан бошлаб бошқа черков лавозимларини эгаллаган шахс агар никоҳ қурадиган бўлса, бундай никоҳ ҳақиқий бўлмаслиги эълон қилинди. Рухонийларнинг уйланмаслиги ҳақида пресвитерларнинг ҳаёти ва ҳизмати ҳақидаги иккинчи Ватикан соборининг декретида алоҳида боб бор[8].
Рим-католик черковининг расм-русмларига кўра, целибатга епископ ва руҳонийлар ҳамда аксар диаконлар ҳам амал қилишлари керак. Назарий жиҳатдан кичик рутбали руҳонийликка (ordines minores) уйланган, оилали шахсларни тайинланиш мумкин эди. Бу рутбалар кўп асардан буён руҳонийлик даражасига чиқиш учун энг қуйи пағона ҳисоблансада, амалда улар ҳам целибатга амал қилиб келишади. Руҳоний бўлмоқчи бўлганлар субдиакон рутбасига тайин қилинаётганда бўйдоқ яшашлари бўйича улардан аҳд олинар эди.
Папа Павел VI кичик рутбаларни бекор қилди (улар фақат анаъаначиларда сақланиб қолган), яъни бекор қилинган унвонларни аколита ва ўқийдиганларга алмаштирди, буларнинг эса рухонийлик билан алоқаси йўқ. У яна ўрта асрларда йўқ бўлиб кетган доимий диаконлар институтини қайта тиклади (яъни, руҳоний бўлишни истамайдиган диаконлар), улар 25 ёшдан катта бўлган эркаклар бўлиши мумкин (кўп мамлакатларда ёш чегарасини маҳаллий черковлар юқори кўтарган). Олдинлар англикан[9] ёки протестанларнинг бошқа оқимларидан ўтган ва ўтмишда руҳонийлик, пасторлик ва шунга ўхшаш ишларда хизмат қилган эркакларга католик черкови истисно шарти билан рухсат беришган.[10]
Ҳозирги пайтда целибатнинг зарурийлиги анча баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. АҚШ ва Ғарбий Европада баъзи католиклар “оқ руҳонийлар” учун (роҳиб бўлмаган) мажбурий целибатни бекор қилиш таклифи билан чиқишмоқда. Бироқ, Папа Иоанн Павел II бундай ислоҳатларни қилишга қарши эканини билдирди.
Протестантларда
Англиканлар ва деярли барча протестантларда уйланган рухонийлар кўп учрайди. Яъни улар целибатга амал қилишмайди.
Целебат бошқа динларда
Қадимги Римда Веста култига сиғинадиганлар уйланмаслик аҳдиини беришган. Аҳдни бузганларни ерга тириклай кўмишган.
Ҳиндуликда целибат вақтинча ёки бутун ҳаёти давомида ўзини-ўзи англаш ва трансцендентал[11] билимга эга бўлиш учун жинсий алоқа қилишдан воз кечиш тури ҳисобланади.
Буддавийлик роҳиблар маънавий камол топиши ва ўзини билиш учун (самопознания) уйланмасликка аҳд қиладилар.
Умуман олганда, Католик черкови целибатни жорий этиш билан ўзининг ерга бўлган эгалигини меросхўрлар ўртасида тақсимлашдан сақлашга интилган. Папа Павел VI 1967 йил “Руҳонийларнинг целибати ҳақида”ги энциклики билан целибатни ўзгармас деб тасдиқлади. Целибат кўплаб католик руҳонийларини унвонларидан воз кечишга сабаб бўлган.
Бугун целибатни бекор қилиш масаласи католик черкови учун жуда долзарб аҳамият касб этиб турибди. 2010 йил март ойида бу масала Ватикан мажлисларида кўриб чиқилди. Папанинг катта маслаҳатчиси, кардинал Кристоф Шенборннинг айтишига кўра, агар целибат бекор қилинса, сўнгги вақтларда католик черкови ҳодимлари орасида кўп учраб турган жинсий жиноятлар олди олиниши мумкин экан. Бироқ папа "муқаддас целибат"ни қаттиқ ҳимоя қилиб, ислоҳат қилишга қарши бўлди. Хусусан, Бенедикт XVI папа бўлиб турган вақтида ўндан ошиқ католик черковининг руҳонийлари унга целибатни бекор қилиш илтимоси билан мурожаат қилган эди. Уларнинг гапига кўра, бу одат ўрта асрларда ўйлаб топилган беъмани нарса экан. Бунга папа католик руҳонийларининг целибати Худонинг совғасидир ва у давр талаби баҳонасида қурбон қилинмаслиги керак, деб жавоб қилди.
Руҳонийларнинг аксар қисми Ватиканнинг оила қуришга рухсат беришини ва нормал ҳаёт тарзига қайтишларини умид билан кутиб келмоқда.
Бундан ташқари, насронийларнинг муқаддас китоблари Инжилда: "Худо Руҳи яққол айтяптики, охирги замонларда баъзи одамлар имондан қайтадилар. Улар йўлдан оздирувчи руҳларга, жин таълимотига қулоқ соладилар... Улар уйланишни ман этадилар...", деб ёзилган[12].
-------------
[1] (1Коринфлик. 7:32,37)
[2] ГНОСТИКЛАР (юнонча— билим соҳиби) сўнгги антик даврда вужудга келган диний-теософик ҳаракат намоёндалари. Кейинчалик «гностицизм» номини олган. Гностицизмнинг иудаизм, мажусийлик ҳамда христианлик билан боғлик кўринишлари мавжуд. Христиан гностицизми, ўз навбатида, оммавий (оддий) ва фалсафий йўналишларга (Валентин, Василид, Карпократ ва бошқалар) бўлинади. Гностиклар антик фалсафанинг, хусусан платонизм ҳамда стоицизм ғояларини шарқдаги диний тасаввурлар билан эклектик тарзда қориштириб юборганлар. Гностиклар ҳар жиҳатдан мукаммал бўлган худонинг мавжудлигини тан оладилар, у билан гуноҳкор моддий дунё ўртасида оралик мавжудотлар — эонлар бор деб билганлар. Исони ҳам шулар каторига қўшганлар. Икки бошланғич асос — яхшилик ва ёмонлик, ёруғлик ва зулматнинг дуалистик бирлигини эътироф этиш Гностиклар таълимотига хосдир; шунингдек, бу таълимотга атрофимизни ўраб олган дунёга ўта тушкунлик билан қараш, ўзларини худо томонидан танлаб олинган деб даъво килиш, худони билишнинг ва ўз-ўзини англашнинг мистик воситаларини кўкларга кўтариш, айни вақтда, ақлий билиш ҳамда оддий эътиқодга салбий муносабатда бўлиш характерлидир. Гностиклар таълимотининг Янги аҳд билан кўпгина умумий томонлари бўлсада, лекин ундан ўз ғояларининг нозиклиги, Кадимий аҳдни рад этиши, Исонинг халоскорлигини тан олган ҳолда гуноҳлардан куткариш миссиясини инкор этишлари билан фарқ килади. Гностиклар таълимоти монийликка ҳамда ўрта асрлардаги дуалистик руҳдаги бидъатлар (павелчилик, богомилчилик, катарлар ва бошқалар) га кучли таъсир кўрсатган.
[3] католицизм ва православиеда — епископларнинг черков ва диний ҳаётга дойр муҳим масалаларни муҳокама қиладиган йиғилиши (жаҳон соборлари ва православ черкови соборлари бўлади)
[4] епископ (христианларда: руҳонийларнинг олий унвони ва шу унвондаги руҳоний; архиерей
[5] Пресвитер (юн.— оқсоқол) —илк христианлик жамоаларида бошқарувчи, насронийлар черкови вужудга келгач — унвонли руҳоний. Протестантизмда пресвитер жамоа рахбари, пастор каби қавмлар орасидан сайланади.
[6] Диа́кон (юнонча - хизматчи) — руҳонийликнинг юнг қуйи пағонаси, бундан қуйи рутба иподяконлар ҳисобланади, бироқ булар руҳонийликка мансуб эмас.
[7] Архимандрит - монахларнинг олий унвони ва шу унвонга эга бўлган монах, одатда монастир бошлиғи).
[8] (16 боб)
[9] Англикан черкови — Англиядаги давлат черкови. 16-асрда Реформация даврида вужудга келган. Черковнинг нажоткорлик кучи хакидаги католик ақидаларини шахсий эътиқод орқали нажотга эришиш ҳқидаги протестант таълимоти билан бирлаштиради. Англикан черкови диний маросимлари ва ташкилий принципларига кўра, бошка протестант черковларига қараганда католик черковига якин туради. Англикан черковида католицизмнинг маросимлари деярли ислоҳ килинмаган, унда католицизмдагига ўхшаган иерархия тартиби хам сақланган. Бунга кўра, қирол Англикан черковининг бошлиғи ҳисобланади ва у епископларни тайинлайди. Англикан черковининг биринчи диний рахбари — Кентербери архиепископи ҳисобланади. Епископларнинг кўпчилик қисми лордлар палатасининг аъзоларидир. Англикан черкови олий руҳонийлари Англия молия олигархияси ва ер эгалари билан боғланган. Англикан черкови таркибида уч черков — мавжуд: олий черков — католицизмга якин туради, қуйи черков — пуританизм ва пиетизмга якин, барча христиан окимларни бирлаштиришга интилувчи ҳукмрон оқим — кенг черков деб юритилади. Шунингдек, Англикан черковидан расман ажралган черковлар Шотландия, Уэльс, Ирландия, АҚШ, Канада, Австралия ва бошқа мамлакатларда ҳам (ҳаммаси бўлиб 16 мамлакатда) мавжуд. 1867 йилдан Англикан черкови ўз мустақиллигини сақлаган ҳолда, Англикан черковлар иттифоқига бирлашган. Ламбет конференциялари Англикан черковида консультатив орган ҳисобланади.
[10] Католик черкови бошқа оқимларнинг руҳонийлигини тан олишмайди, бироқ улар католик черковига ўтса қайта руҳоний бўлиши мумкин.
[11] Ҳодисаларни тажриба билан эмас, балки фақат ақл-идрок билан тасаввур қилиш мумкин деб тушунади
[12] (1 Тим. 4:1,3)
Абу Муслим таржимаси