loader
Foto

Очиқ юзли ва гўзал хулқли бўлиш

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Яхшиликдан ҳеч бирини арзимаган, деб билмагин, гарчи биродаринг билан очиқ юз билан кўришишинг бўлса ҳам”, дедилар”. (Имом Муслим ривояти)

Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки кишини бир-бири билан мамнун ҳолда кўришишини яхшилик деб баҳоламоқдалар. Шу билан бирга, ҳеч қайси яхшиликни арзимас, деб билмасликни уқтирмоқдалар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни мўмин банданинг тарозисида яхши хулқдан кўра оғирроқ бирор нарса бўлмас. Чунки, Аллоҳ таоло фаҳш ҳамда беҳуда сўзловчига қаттиқ ғазаб қилади”. (Имом Термизий ривояти)

Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиарни жаннатга олиб кирувчи энг афзал амал ҳақида сўралдилар. У зот: “Аллоҳга тақво қилиш ва гўзал хулқ”, деб жавоб бердилар”. Шунингдек, инсонларни дўзахга олиб кирувчи энг ёмон амал ҳақида ҳам сўралдилар. У зот: “Икки тешик, яъни оғиз билан фарж”, - деб жавоб бердилар”. (Имом Термизий ривояти)

Бошқа ривоятда шундай дейилган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминлар ичида имони энг комиллари, ахлоқи гўзалларидир...”, дедилар”. (Имом Термизий ривояти)

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин ўзининг чиройли хулқи ила рўзадор ва доим тунлари намоз ўқувчи (яъни кўп нафл рўза тутувчи ва намоз ўқувчи) кишининг даражасига эришади”, дедилар”. (Абу Довуд ривояти)

Бошқа бир ривоятда шундай дейилади:

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан менга энг маҳбубингиз ва қиёмат куни жойи энг яқинингиз хулқи яхшиларингиздир”, дедилар”. (Имом Термизий ривояти)

Юқорида келган барча ҳадисларда яхши хулқнинг фазилати баён қилинган. Бу кенг маънодаги тушунча бўлса-да, ўзгалар билан табассум килган ҳолда кўришиш унинг бир бўлагидир. Шу сабабли, ана шу табассум учун ҳам гўзал хулқнинг фазилати берилади.

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг

"Енгил амаллар" китобидан