loader
Foto

Аллоҳ учун яхши кўриш

Бунда, бир инсон бошқасини тақводор ёки парҳезкорлиги, диний илмларни яхши билгани, дин хизмати билан бандлиги ёки Аллоҳ таоло буюргани учунгина яхши кўради. Бунга, Аллоҳ таоло буюргани учун ота-онани яхши кўриш мисол бўлади. Ҳадисда ҳам бундай муҳаббат “Аллоҳ учун яхши кўриш”, деб таърифланган. Бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло қиёмат куни: “Менинг азаматимни эслаб ўзаро яхши кўрувчилар қаерда? Уларни бугун, яъни соямдан бошқа соя йўқ кунда Ўз соямга оламан”, деб айтади”, деганларини эшитганман”, деди”. (Имом Муслим ривояти)

Бошқа ҳадисда эса: Муъоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло деди: “Менинг улуғлигим йўлида ўзаро муҳаббат қилувчилар қиёмат куни нурдан бўлган минбар устида бўладилар. Уларга пайғамбарлар ва шаҳидлар ҳавас қилишади”, деганларини эшитганман”. (Имом Термизий ривояти)

Машҳур тобеин Абу Идрис Хавлонийдан бу ҳақида қуйидаги ривоят нақл қилинган:

Абу Идрис Хавлоний раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади:

“У айтади: “Дамашқ масжидига кирсам, олд тишлари ялтираган бир бола ўтирган экан. Ҳамма унинг олдида (тўпланиб ўтирар) эди. Бирор масала бўйича тортишиб қолишса, уни ўша болага айтишар ва унинг фикрига суянар эдилар. У ҳақида сўраган эдим: “Бу Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу”, деб жавоб берилди. Эртаси куни тонгдан борсам, у мендан аввалроқ келган ва намоз ўқиётган экан. Намозини тугатгунича кутиб турдим. Кейин, унинг юз томонидан келиб, салом бердим, сўнг: “Аллоҳга қасам-ки, мен сизни Аллоҳ учун яхши кўраман”, дедим. У: “Аллоҳга қасамми?”, деди. Мен: “Аллоҳга қасам”, дедим. У: “Аллоҳга қасамми?”, деди. Мен:

“Аллоҳга қасам”, дедим. У чакмонимнинг ўранадиган қисмидан тутиб, ўзига тортиб: “Хурсанд бўл! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ таоло айтади: “Менинг муҳаббатим (қуйидаги кишиларга) вожиб бўлади: Мен учун ўзаро бир-бирини яхши кўрувчилар, Мен учун ҳаммажлис бўлувчилар, Мен учун бири иккинчисини зиёрат қилувчилар ва Мен учун бири иккинчисига пул сарфловчилар”, деяётганларини эшитганман”, деди”. (Имом Молик саҳиҳ санад билан ривоят қилган)

Инсон Аллоҳ таолони яхши кўргани сабабли Унинг солиҳ бандаларини яхши кўради. Шунинг учун ҳам унга Аллоҳ таолога муҳаббат қилганлик ажри берилади ва бу муҳаббат баракотидан, ўша инсонга Яратганнинг маҳбуб бандалари билан бирга бўлиш насиб қилади.

Бир бадавий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло ва унинг Расулига муҳаббати борлигини айтганда, ул Зот шундай деганлар:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир бадавий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат қачон қоим бўлади?”, деди. “Шўринг қурғур, унга нима тайёрлаб қўйдинг?” дедилар. “Унга ҳеч нарса тайёрламадим, лекин Аллоҳ ва Унинг Расулини яхши кўраман”, деди. У зот: “Албатта, сен яхши кўрганларинг билан бирга бўласан”, дедилар. “Биз ҳам шундайми?” деб сўраганимизда, “Ҳа”, деб жавоб бердилар. Ўша куни ғоят хурсанд бўлдик...”.

Мазкур ҳадис ровийси Ҳазрати Анас: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларидан шундай хурсанд бўлдикки, бошқа бирор нарсадан бунчалик мамнун бўлмаган эдик. Сўнг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларга муҳаббатим бор. Гарчи, амалларим уларнинг амалларига ета олмасада, у муҳаббат сабабидан улар билан бирга бўлишимни умид қиламан”, деди”. (Имом Бухорий ривояти)

Юқоридаги мазмунни тасдиқловчи ҳадислар жуда кўпдир. Бундан маълум бўладики, Аллоҳ таолонинг розилигини истаб бирор кишини яхши кўриш серфазилат амалдир. Унинг баракоти сабабидан Аллоҳ таоло дунёда яхши амалларни бажаришга тавфиқ бериб, охиратда эса яхши кўрганларингиз билан бирга қилади.

Шу боис, Аллоҳ учун солиҳ бандаларни яхши кўриш ва “бу муҳаббат баракотидан яхши амал қилишим осон бўлсин ҳамда Аллоҳ таоло мендан рози бўлсин”, деган ниятда бўлиш даркор.

Ҳадисларда инсон дўстини яхши кўрса, буни унга билдириб қўйиши кераклиги ворид бўлган. Жумладан, Имом Абу Довуд келтирган ривоятда шундай дейилган:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоятп қилинади:

“Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эди. Шу пайт олдиларидан бир одам ўтиб қолди. Шунда у: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Мен уни яхши кўраман”, деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унга билдириб қўйганмисан?”, дедилар. У: “Йўқ”, деб жавоб берди. Ул зот: “Унга билдириб қўй”, дедилар. У ҳалиги кишига етиб олиб: “Мен сизни Аллоҳ учун яхши кўраман”, деди. У: “Унинг учун мени яхши кўрибсан, Аллоҳ ҳам сени яхши кўрсин”, деди”. (Абу Довуд саҳиҳ санад билан ривоят қилган)

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг "Енгил амаллар" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР