loader
Foto

Ислом шариати

Воқеъликда «шариат» атамаси «қонунчилик» маъносида ишлатилади. Хусусан, Аллоҳ жорий қилган амалий ҳукмлар мажмуаси «шариат» дейилади. Шу маънода шариат фиқҳ маъносида ҳам тушунилади.

Самовий динларнинг барчаларидаги амалий қисм «шариат» деб аталади. Ислом шариати ҳукмлари Қуръон, Суннат, Ижмоъ ва Қиёсдан олинади.

Мусулмон уламолар «Шариат ҳукмлари барча макон ва замонларга мос бўлиш қобилиятига эга» деган ғояни олға сурадилар.

«Шариат ҳукмларининг умумий мақсади бу дунёда одамларнинг ҳаёти ва саодати учун керак бўлган барча нарсаларни юзага чиқаришдир», дейди усулул фиқҳ уламолари. Бу эса уларга манфаатни жалб қилиш ва улардан зарарни даф қилиш орқали юзага чиқади. Шариат ўша ҳақиқатни ўзига жо қилгандир.

Ислом динининг таълимотлари, қонун-қоидалари ва амалларидан бешта бош мақсад кўзда тутилгандир:

1. ИНСОН ҲАЁТИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

Инсон ҳаётини муҳофаза қилиш, деганда руҳни ва жасадни муҳофаза қилиш тушунилади. Бу маънода Ис-лом энг аввало, одам боласини, у ким бўлишидан қатъи назар, азиз ва мукаррам қилганини алоҳида таъкидлаш лозим бўлади.

Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида жумладан, қуйидаги чораларни кўрган:



1. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида одам боласини азиз ва мукаррам деб эълон қилган.



Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Исро» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам ‎қилиб ‎қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-‎ла) ‎кўтардик ҳамда уларни пок нарсалардан ‎‎ризқлантирдик ва уларни Ўзимиз яратган кўп ‎‎нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (70-оят).

Аллоҳ таоло борлиқдаги турли-туман мавжудотларни бир-биридан афзал қилиб яратган Зотдир. Ана ўша Зот ушбу ояти каримада одам боласини борлиқдаги нарса-лардан азизу мукаррам қилиб яратганининг хабарини бермоқда. Оятнинг тафсири билан аввалроқ танишиб ўтдик.

Одам бошқа махлуқотлардан мутлақо афзал саналади. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқ. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкордир.



2. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида инсонга Аллоҳнинг ердаги ўринбосари деб қарайди.



Аллоҳ таоло Ўзи яратган нарсаларининг гултожи бўлмиш инсонни азиз ва мукаррам этгани учун уни Ўзининг ер юзидаги ўринбосари ҳам қилиб қўйди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Бақара» сурасида марҳамат қилади:

«Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Мен ер юзида халифа қилмоқчиман», – деди». (30-оят)

Ушбу оятдан Аллоҳ таоло Одамнинг Ўзининг ер юзидаги ўринбосари – халифаси бўлишини ирода этгани маълум бўлмоқда. Демак, инсонга улкан ишонч билди-рилган ва у улуғ Аллоҳнинг халифаси бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган.



3. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида барча нарса Инсоннинг саодати учун эканини эълон қилган.



Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсонни азизу мукаррам қилиб яратганидан ва уни Ўзининг ердаги халифаси қилганидан сўнг унинг бу дунёдаги ҳаёти саодат ила қуршалган бўлиши учун Ўзи яратган барча нарсаларни инсон учун, унинг бахти-саодати учун беминнат хизмат-кор ҳам қилиб қўйган.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Жосия» сурасида бундай деб марҳамат қилади:

«Ва сизга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни – ҳаммасини Ўз томонидан бўйсундириб қўйди. Албатта, ана шунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-белгилар бордир» (13-оят).

Демак, осмонлардаги ҳамма нарса Аллоҳ томонидан инсон фойдаси учун бўйсундирилгандир.

Ердаги барча ашёлар Аллоҳ томонидан инсон фойдаси учун бўйсундирилгандир.

Бу улкан ҳақиқатни фақат тафаккур қилганлар тушуниб етадилар. Фақат ақл ишлатиш, тафаккур қилиш орқали борлиқдаги ҳамма нарсанинг инсон учун бўйсундирилгани англаб етилади ва улардан инсон учун фойда олинади. Бу ҳам инсоннинг бу дунёда бахтли яшаши учун Аллоҳ томонидан яратилган улкан шароит-дир.

Аллоҳ таоло инсонни йўқдан бор қилиб яратганидан, уни азизу мукаррам қилганидан, ўзининг ердаги ўринбосари қилганидан, осмонлару ердаги Ўзи яратган барча нарсаларни инсонга беминнат хизматкор қилганидан ва бахтли ҳаёт ҳаққини берганидан сўнг ўша ҳаётни муҳофаза қилишнинг барча чораларини ҳам кўрди.



4. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида одам ўлдиришни қатъиян ҳаром қилган.



Яъни бир одамнинг ҳаётини сақлаш учун бошқа бир одамни ўлдиришни қатъиян ман қилди. У зот «Моида» сурасида шундай дейди:

«Ким бир ‎жонни бирор жон сабабисиз ёки ер юзи-да ‎бузғунчилик қилмаса ҳам ўлдирса, худди ‎ҳамма ‎одамларни ўлдиргандекдир. Ким уни тирилтирса, ‎худди ҳамма одамларни тирилтиргандекдир» (32-оят).

‎Исломда ҳар бир жон ниҳоятда юқори баҳоланади. Зотан, ўлим жазоси ҳам бошқа яхши жонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун чиқарилади. Шу боис, бир беайб ин-сонни ўлдирган одам бутун бошли инсониятни ўлдириш каби жиноят қилган ҳисобланади. Чунки жонлар кўп бўлгани билан ҳаёт кечириш ҳаққи битта. Ҳар бир жон ҳаёт кечириш ҳаққига эга. Ана ўша жонлардан биттасини ўлдирган одам ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққига тажовуз этган бўлади. Аксинча, битта жоннинг ҳаётини сақлаб қолиш эса ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққини сақлаб қолган билан баробардир.

Ҳа, инсон бахти-саодати учун жорий бўлган дин – Ислом назарида, бир инсоннинг ҳаёт ҳаққига тажовуз қилиб, уни ўлдиришга журъат этган одам бутун инсони-ятни ўлдиргандек бўлади. Чунки у инсонлик ҳаққини ноҳақдан поймол этди. Аллоҳнинг ёлғиз Ўзидан бошқа ато эта олмайдиган, ато этиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хос бўлган улуғ неъматга тажовуз қилди.

Шунингдек, мазкур ҳақ улуғ неъмат экани боис ин-сон ҳаётини ҳимоя қилиш масаласи ҳам юқори баҳоланади.

Бирор одамнинг ўлимдан сақланиб, яшаб қолишига сабаб бўлган одам бутун инсониятнинг ҳаётини сақлаб қолишга сабаб бўлган кишидек тақдирланади.

Инсон ҳаёти улуғлиги сабабли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳомиланинг ўлимига сабаб бўлганларга ҳам жазо белгиланган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Лиҳёнлик бир аёлнинг ҳомиласида бир эркак ёки аёл қулни озод қилиш ҳақида ҳукм чиқардилар. Сўнгра у зот қул озод қилиши ҳақида ҳукм чиқарган аёл вафот этиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва-саллам «Унинг мероси болаларига ва эрига тегади, хунни эса у (жиноятчи) аёлнинг ота тарафдан эркак қариндошлари тўлайдилар», деб ҳукм чиқардилар». Бешовлари ривоят қилганлар.



5. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида ўзини ўзи ўлдиришни ҳаром қилган.



Ҳаёт Аллоҳ томонидан берилган ҳақ бўлгани учун уни ҳеч ким бировга миннат ҳам қила олмайди, ман ҳам қила олмайди. Инсоннинг ҳаётини фақат Аллоҳ таологи-на олишга ҳақли. Ҳаттоки ўша ҳаёт неъмати берилган шахснинг ўзи ҳам ўз ҳаётига суиқасд қила олмайди. Ис-ломда бировни ўлдириш қанчалик ёмон олинса, ўзини ўзи ўлдириш ҳам шунчалик ёмон олинади.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Ва ўзингизни ‎ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга ‎раҳмлидир. ‎Ким буни тажовузкорлик ва ‎зулм ила қилса, уни ‎албатта дўзахга киритурмиз. Бу эса ‎Аллоҳга осондир» (29-30-оятлар).

У Зот биз, мўмин-мусулмонларга раҳм қилгани учун ҳам ҳалокатга олиб борувчи ишлардан, жумладан, ўзини ўзи ўлдиришдан қайтариб, нажотга сабаб бўлувчи иш-ларга буюрмоқда. Бу ҳол Аллоҳнинг раҳматидир. Агар у раҳм қилиб, тўғри йўлни кўрсатиб бермаганида, нотўғрисидан қайтармаганида, инсон зоти катта машаққатда қолган бўлар эди.

Ўзини ўзи ўлдириш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам қаттиқ қораланган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким тоғдан ташлаб, ўзини ўзи ўлдирса, у жаҳаннам оташида абадул абад ўзини тоғдан ташлаб туради. Ким заҳар ичиб, ўзини ўзи ўлдирган бўлса, у жаҳаннам оташида заҳарини қўлида тутган ҳолида абадул абад заҳар ичиб туради. Ким ўзини ўзи темир нарса билан ўлдирган бўлса, жаҳаннам оташида ўша темирни қўлида тутган ҳолида абадул абад ўша те-мирни қорнига санчиб туради», – дедилар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифдан нафақат бошқа бировни, балки ўзини ўзи ўлдириш ҳам мумкин эмаслиги келиб чиқади. Исломда инсоннинг жони алоҳида қадр-қийматга эгадир. У жон қандай жон бўлишининг фарқи йўқ. Ҳар бир инсон яшаш ҳаққига эга. Инсонни бу ҳақдан ҳеч ким маҳрум эта олмайди.

Шу сабабли инсон ўзини ўзи ўлдириши ҳам мумкин эмас. Чунки ҳеч бир инсон бировга жон ато қила олмага-нидек, ўзига ўзи ҳам жон ато қила олмайди. Унга жонни фақат Аллоҳ таологина беради. Шунинг учун ундан жон-ни фақат Аллоҳ таологина олади. Бу табиий ҳолда ёки Аллоҳнинг шариатида кўрсатилган ҳукмга биноангина бўлиши мумкин.

Мусулмон инсон бошидан ҳар қанча қийинчилик ўтса ҳам, худди бировни ўлдириши мумкин бўлмаганидек, ўзини ўзи ўлдириши ҳам мумкин эмас. Бу ношукурлик ва Аллоҳга нисбатан одобсизлик бўлади. Шунинг учун ҳам бу дунёда ўзини ўзи ўлдирган одам у дунёда алоҳида қаттиқ азобларга дучор бўлади.

Ушбу ҳадиси шарифда ўша вақтдаги ўзини ўзи ўлдиришнинг уч тури ва қиёматда уларга бериладиган азоб васф қилинган.



1. Ўзини ўзи тоғдан ташлаб ўлдириш.

Ўзини баланд жойдан ташлаб ўлдириш доимо содир бўлиб келган. Ушбу номаъқул ишни қилган одам у дунё-да қилганига яраша алоҳида азобга дучор қилинар экан. Аввало, ўзини ўзи ўлдиргани учун дўзахга тушар экан. Қолаверса, бу дунёда ўзини тоғдан ташлаб ўлдиргани са-бабли у дунёда, дўзах қаърида ҳам доимий равишда ўзини тоғдан ташлаб, қийналиб турар экан. Ҳар сафар ташлаганда қийналиб ўлиш азобини янгидан тортиб ту-рар экан. Бу ғоятда оғир азобдир.



2. Заҳар ичиб, ўзини ўлдириш.

Бу ҳам ўзини ўзи ўлдиришнинг турларидан биридир. Бу ишни қилган одам ҳам охиратда жаҳаннамда доимий равишда заҳар ичиб ўлиб, яна қайта тирилиб, яна ўлиб, яна тирилиб қийналар экан. Бу ҳам ўзига хос азобдир.



3. Ўзини темир билан ўлдириш.

Бунга ўзини ўзи пичоқлаш, бошқа темир асбоблар билан ўлдиришлар киради. Ушбу ишни қилган одам ҳам қиёматда икки хил азоб – дўзах азоби ва дўзахда доимий равишда худди бу дунёдаги каби, ўзини ўзи қайта-қайта ўлдириб туриши билан азобланади. Аллоҳ Ўзи сақласин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини ўзи ўлдирганга жаноза намозини ўқимаганлар. Аллоҳ берган улуғ неъмат – ҳаёт неъматига, буюк инсоний ҳуқуқлардан саналмиш ҳаёт ҳаққига ношукур бўлган, уни оёқости қилган нобакор шахснинг жазоси шундай бўлади.



6. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида ўзига ўзи ўлим тилашни ҳаром қилган.



Исломда нафақат ўзини ўлдириш, балки ўзига ўзи ўлим тилаш ҳам ман қилинган. Ўзига ўлим тилаган Аб-бос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳуга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй амаки, ўлим тилама. Агар сен яхши бўлсанг, ўлиминг орқага сурилиб, яхшилигингга яхшилик зиёда бўлгани сен учун яхшидир. Агар ёмон бўлсанг, ўлиминг орқага сурилиб, ёмонлигингдан қайтсанг, сен учун яхшидир. Бас, ўлимни тилама», – деганлар. Аҳмад ривоят қилганлар.

Исломда ҳар қандай инсоннинг ҳаёти ўта қадрли бўлганлиги сабабли ҳам жон кирган ҳомилани олдириб ташлаш қотиллик ҳисобланади. Бу иш жоҳилият даври-даги болани тириклайин кўмиб ташлаш жиноятининг ки-чик кўриниши деб баҳоланади. Ўз роҳатини кўзлаб, жони бор ҳомиласини олдириб ташлаган аёл ўз боласининг қотили бўлади. Бу ишни бажарган одам ҳам шу жиноятга шерик бўлади.



7. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида қасосни жорий қилган.

Қолаверса, инсон ҳаётини сақлаш мақсадида ушбу ҳаётга тажовуз қилганлардан қасос олиш жорий қилинди.



Ҳа, ҳаёт ҳаққини инсонга Аллоҳ берган. Уни инсон-дан фақат Аллоҳгина олиши мумкин. Бу жараён табиий ҳолда кечиши ёки Аллоҳнинг ҳукмига биноан қатл жазо-сини ижро этиш билан бўлиши мумкин. Аллоҳ эса фақатгина кўпчиликнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида кўпчилик ҳаётига таҳдид солганларгагина ўлим жазосини белгилаган.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Бақара» сурасида бундай деб марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Сизга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди...» (178-оят).

Яъни қасддан одам ўлдирганлардан қасос олиш фарз қилинди. Араб тилида «қасос» сўзи бировнинг қилган ишига ўхшаш иш қилиш маъносини англатади. Хусусан, биров юриб ўтган йўлдан изма-из юриш маъносини анг-латади. Қасддан одам ўлдирганни ҳам ўзи қандай қилиб ўлдирган бўлса, шундай қилиб ўлдирилади.

Қасос олишнинг шариатга киритилишининг ҳикмати келаси оятда баён қилинади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло кейинги оятда шундай дейди:

«‎Қасос олишда сиз учун ҳаёт бор, эй ақл ‎эгалари! Шоядки, тақво қилсангиз» («Бақара» сураси, 179-оят).

‎Демак, қасос олишда кишилар учун ҳаёт бор экан. Қасос қалбдаги нафратни қондириш эмас, балки олий мақсад – ҳаётни сақлаш учун керак экан. Қасос олиш йўлга қўйилса, инсон ҳаётини сақлаб қолишда катта иш қилинган бўлади. Чунки ҳар бир одам агар бошқа биров-ни ўлдирса, қасоси учун ўзининг ҳам ўлдирилишини би-лади ва ҳеч қачон одам ўлдиришга қўл урмайди. Бир ки-шининг ҳаётига қасд қилиш, умуман, ҳаётга қасд қилиш билан баробардир. Агар жиноятчи бир кишининг ҳаётига қасд қилса, умуман, ҳаётга қасд қилган бўлади.

Шунинг учун ҳам қотилдан қасос олинади. Қасос олиш ҳақидаги ҳукмнинг ўзи жиноятчини ҳушига келти-риб қўяди. Оз сонли қотиллардан қасос олиш кўплаб бегуноҳ кишиларнинг ҳаётини сақлаб қолади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларида ушбу ҳукм жорий қилиниши билан одам ўлдириш тўхтаб қолгани ёки йўқ даражада камайиб кетгани ҳам шундан. Қаерда бу ҳукм жорий этилса, ўша ерда омонлик бўлади, кишиларнинг ҳаёти хотиржам кечади. Бу ҳукм жорий қилинмаган жой-да, ҳукумати қанчалик кучли бўлса ҳам, омонлик йўқ.

Шу ерда жиноятчидан қасос олиш ҳар кимнинг ўз иши эмас, ҳукумат йўлга қўядиган иш эканини ҳам таъкидлаш керак. Исломда ўзбошимчалик билан бировни жазолаш йўқ.



8. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида инсонга тан жароҳати етказишни ҳаром қилган.



Инсон ҳаётини муҳофаза қилиш деганда фақатгина уни ўлимдан сақлаш эмас, балки ҳаётининг бахтли-саодатли бўлишини таъминлаш ҳам кўзда тутилади. Шунинг учун ҳам Исломда фақат инсонни қатл қилишни ман қилиш билангина чегараланиб қолмасдан, унга тан жароҳати етказиш ҳам қатъий тарзда ман қилинган.

Эшитиш, кўриш, ҳидлаш, эслаш, ушлаш каби хусу-сиятларга футур етказиш ҳам инсон танасига етказилиши мумкин бўлган жароҳатлар жумласига киради.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Моида» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Ва унда уларга «жонга – жон, кўзга – кўз, ‎бурунга – бурун, қулоққа – қулоқ, тишга – тиш» ва ‎‎«‎жароҳатларда қасос» деб фарз қилдик» (45-оят).

Яъни «Жиноятчилардан қасос олишни вожиб деб ёз-дик. Жонга – жон, яъни одам ўлдирганнинг ўзи ҳам ўлдирилади. Кўзга – кўз, яъни бировнинг кўзини кўр қилгандан унинг ҳам кўзини кўр қилиш ила қасос олина-ди. Шунингдек, бурун, қулоқ, тиш ва бошқа аъзоларга етказилган жароҳатлар учун ҳам шунга ўхшаш қасос олинади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли Яманга юборган мактубларида:

«Ким бир мўминни қасддан ўлдирса ва бу собит бўлса, албатта, у ўлимга ҳайдаб борилади. Магар ўлдирилганнинг валийлари рози бўлсалар, ҳайдалмайди. Албатта, бир жон учун хун юзта туядир. Бурун учун, агар у таг-туги билан кўчирилган бўлса, (тўлиқ) хун, тил учун (тўлиқ) хун, икки лаб учун (тўлиқ) хун, икки мояк учун (тўлиқ) хун, закар учун (тўлиқ) хун, сулб учун (тўлиқ) хун, икки кўз учун ҳам (тўлиқ) хун. Бир оёқ учун ярим хун. Мия пўстлоғигача ёрилган бош учун хуннинг учдан бири. (Бошдаги) чуқур жароҳат учун хуннинг учдан бири. Суяккача шилинган тери учун ўн бешта туя. Қўл ва оёқнинг ҳар бир панжаси учун ўнтадан туя. Тиш учун бешта. Чуқур жароҳатланган аъзолар учун бешта. Аёл ки-шини ўлдирган эркак ҳам ўлдирилади. Олтин эгала-ри хунга минг динор берадилар», дейилган. Насаий ва унинг икки соҳиби ривоят қилганлар.



9. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида инсонни уриш ва азоблашни ман қилган.



Исломда фақат инсонни қатл қилишни, унга тан жароҳати етказишни ман қилиш билангина чегараланиб қолмасдан, уни уриш ва азоблаш ҳам қатъий тарзда ман қилинган.

Шариатимизда ушбу масала бўйича келган ҳужжат-далилларни ўрганадиган бўлсак, умумий назариётга боғлиқ маълумотлардан ташқари, амалий маъно айни воқеъликдан, ҳаётнинг мағзидан олингандир. Бу эса Ислом таълимотлари ҳаводан олинмаганлигига, балки улар ҳаёт тажрибалари билан йўғрилганлигига яна бир ёрқин далилдир. Ислом дини келган пайтларда хўжайинлар томонидан қул ва хизматчиларни азоблаш кенг тарқалган эди. Шунинг учун ҳам кўпгина ҳадислар айнан ана шу мавзуда ворид бўлгандир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким ўз ғуломига тарсаки туширса, бунинг каффора-ти уни озод қилишдир», деганларини эшитдим».

Аҳмад ривоят қилганлар.

Бу «Ўз қулини ноҳақдан бир тарсаки урган одамнинг гуноҳи фақат ўша қулни озод қилиш билангина ювила-ди» деганидир. Энди, ўз қулидан бошқани урган, тарсаки эмас, турли асбоблар билан урган, тепган, ҳушидан кет-казган, бошини ёрган, аъзосини майиб қилган, тирноғини суғуриб олган ва бошқа азобларга дучор қилган ваҳшийларнинг ҳоли нима бўлишини тушуниб олавери-шимиз мумкин.

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дои-мий равишда хизматларида турган, у зотнинг доимий ҳамроҳлари бўлган ҳазрати Анас розияллоҳу анҳунинг гувоҳлик беришларича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон ҳеч кимга, ходимларига ҳам бирор оғиз қаттиқ гап айтмаганлар, сўкиш ва уриш ҳақида эса гап-сўз бўлиши ҳам мукин эмас.

Шу билан бирга, Пайғамбар алайҳиссалом ўз саҳобаларининг ҳам бу ишни қилишларига йўл қўймаганлар. Биргина мисол келтирайлик.

Имом Муслим келтирган ривоятда саҳобалардан Абу Масъуд ал-Бадрий розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Бир ғуломимни қамчи билан ураётган эдим. Ортимдан «Эй Абу Масъуд, билгинки» деган овозни эшитдим. Ғазабнинг кучидан овозни танимадим. Овоз эгаси менга яқинлашганда қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. У зот:

«Эй Абу Масъуд, билгинки, албатта, Аллоҳ сенинг устингдан сен бу ғуломнинг устидан бўлганингдан кўра қодирроқдир», демоқда эканлар. Мен дарҳол:

«Бундан сўнг ҳеч қачон қулни урмайман, – дедим. У зотнинг ҳайбатларидан қўлимдаги қамчим тушиб кетди:

– Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг розилиги учун у ҳурдир», – дедим. У зот:

«Агар шундай қилмаганингда, дўзах юзингни куйдирган бўлар эди», – дедилар».

Шунингдек, давлат олдида айбдор ҳисобланганларни ҳам давлатнинг номидан азоблаб бўлмайди:

Урвадан ривоят қилинади: «Ҳишом ибн Ҳакийм ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу Шомда офтобга турғизиб қўйилиб, устиларидан ёғ қуйилаётган (ажам деҳқонларни) кўриб қолиб:

«Бу нимаси?» – деди.

«Харож (бермаганлари) учун азобланмоқдалар», – дейилди. Шунда у:

«Гувоҳлик бераманки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, бу дунёда одамларни азоблаганларни Аллоҳ азоблайди», деган-ларини эшитганман», – деди». Муслим ривоят қилганлар.

Ҳа, инсонларни ноҳақ азоблаганлар мабодо бу дунёда жазодан қутулиб қолсалар ҳам, у дунёда ҳеч қачон қутула олмайдилар.

Ислом ҳукми бўйича, инсонни ноҳақдан урган, озор берган шахснинг гуноҳи фақат мазлумнинг қасос олиши ёки кечириб юбориши билангина ювилиши мумкин.

Халифа Умар ибн Хаттоб одамларни урган ёки ур-дирган волийларнинг ўзларини урдирар эдилар.

Бир куни бир жангчи ўз амири Абу Мусо розияллоҳу анҳудан шикоят қилиб келди. У ўз улушининг тўлиқ бе-рилишини қаттиқ туриб талаб қилгани учун амир уни ур-ган ва сочини олдириб ташлаган эди.

Умар розияллоҳу анҳу амир Абу Мусога:

«Агар бу ишни кўпчилик ичида қилган бўлсанг, унга кўпчилик ичида ўзингдан қасос олишига имконият яра-тиб бер. Холи жойда қилган бўлсанг, унга холи жойда ўзингдан қасос олишига имконият яратиб бер. Бўлмаса, иш бошқачага айланади», деб мактуб юборди.

Амир Абу Мусо халифанинг амрига бўйсуниб, жангчига ўзидан қасос олиши учун имконият яратиб берди. Лекин жангчи уни афв этди.

Ислом тарихида бунга ўхшаш мисоллар тўлиб ётиб-ди. Ислом таълимотлари қуруқ гап эмаслиги эса ҳаммага маълум.



10. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида инсонни жисмоний толиқтириш мумкин эмаслигини эълон қилди.



Инсон бахти-саодати учун жорий бўлган Ислом фақатгина одамзодни ноҳақдан ўлдириш, унга тан жароҳати етказиш, уни калтаклаш ва азоблашни ман қилибгина қолмай, балки унга тоқатидан ташқари, жис-моний толиқишига сабаб бўладиган ишларни юклашни ҳам ман қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Қулга таоми ва кийими (берилади) ва тоқати ет-майдиган иш таклиф қилинмайди».

Аҳмад ривоят қилганлар.

Агар қулга унинг тоқати етмайдиган ишни буюриш мумкин бўлмаганидан кейин, ҳурга бундай ишни юклаш мутлақо мумкин эмаслигини ҳамма яхши билиши турган гап.

Инсонга жисмоний толиқишга сабаб бўладиган амал-ларни юклаш ибодатларда ҳам мумкин эмас.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида бундай деб марҳамат қилади: «Аллоҳ ҳеч бир жонга имкониятидан ташқари нарса ‎юкламас» (286-оят).

Ҳамма нарсани дақиқ нуқталаригача билувчи Аллоҳ таоло ҳар бир жонни, у нимага ярайди-ю, нимага ярамай-ди, яхши билади. Бандаларига меҳрибон бўлганлигидан, имкони ва ҳаққи бўлса ҳам, ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари ишга таклиф қилмайди:

«Аллоҳ ҳеч бир жонга имкониятидан ташқари нарса юкламас».

Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқлари банданинг имкон даражаси доирасида бўлади. Ана шу таклифга амал қилишига қараб, бошқа ҳеч бир нарсага қарамасдан, банданинг жазоси ёки мукофоти белгиланади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ осиш ва итоат қилиш ҳақида байъат қилсак, бизга:

«Тоқатларингиз етган нарсада», – дер эдилар».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Тоқатларингиз етган нарсада», дейишлари Ислом-нинг умумий қоидасига мувофиқ гапдир. Исломда ин-сондан унинг тоқатидан ташқари нарсани талаб қилиш йўқ.



11. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида ўзини ўзи қийнашни ман қилди.



Исломда инсонни жисмоний толиқтирмаслик фақат шариат ёки бошқа инсонлар томонидан эмас, балки ўзи тарафидан бўлишидан ҳам қайтарилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг олдиларига кирганларида, ҳузурларида бир аёл бор эди. У зот:

«Бу аёл ким?» – дедилар.

«Фалона. Намозидан гапирмоқда», – деди.

«Бас! Сизлар тоқатингиз етадиган нарсани лозим тутинглар. Аллоҳга қасамки, сиз малол олмагунин-гизча Аллоҳ малол олмайди. Диннинг Аллоҳга маҳбуби, соҳиби унда бардавом бўлганидир», – деди-лар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаганлар.

Бошқа ривоятлардан маълум бўлишича, у аёлнинг исми Хавла бинти Тувайт бўлган. Оиша онамиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саволларига:

«Бу Хавла бинти Тувайт, Мадина аҳли ичидаги энг ибодатли аёл. Туни билан ухламай, намоз ўқиб чиқади», деганлар.



12. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида инсоннинг соғлигини сақлаш борасида барча керакли чораларни кўрган.



Инсон бахту саодати учун жорий бўлган, мақсади инсон ҳаётини муҳофаза қилиш бўлган, Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини, қиёматгача боқий қолувчи, барча замонлар ва маконларда инсониятга икки дунё саодати кафолатини берувчи дини – Ислом инсоннинг саломатлигига катта эътибор берган. Зотан, тани сиҳатлик бўлмаса, одамнинг бу дунёда бахтли бўлишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.

Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида инсон соғлиғига кат-та эътибор берилган. Агар соғлиқни сақлаш бўйича ушбу икки манбада келган маълумотларни ўрганадиган бўлсак, улкан хазинани топган бўламиз.

Исломда сиҳат-саломатлик, тан соғлиги Аллоҳ таоло бандаларига берган энг улкан неъматлардан бири ҳисобланади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки неъмат борки, одамларнинг кўпчилиги уларда зиёндадирлар: соғлик ва хотиржамлик», – де-дилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.

Кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам соғлиқнинг бандага берилган неъмат эканини очиқ-ойдин қилиб айтмоқдалар.

Убайдуллоҳ ибн Миҳсандан, у отаси розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан ким хотири жам ва жасади офиятда тонг отдирса-ю, ҳузурида бир кунлик қути бўлса, гўё дунё унга мулк бўлибдир», – дедилар».

Термизий ҳасан санад ила ривоят қилганлар.

Инсон учун дунёни қўлга киритиш йўлида зарур бўладиган шартлардан энг аввалгиси саломатлик, деб эълон қилинишининг ўзи Исломда кишиларнинг сало-матлигига қанчалик эътибор берилишини кўрсатиб ту-рибди. Чунки ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинганидек, тинч-омонлик ва еб-ичгулик неъматлари бўлса ҳам, соғлиқ неъмати бўлмаса, кишига бошқа неъматлар тати-майди. Баъзи вақтларда инсон бутун бойлигини сарфлаб ҳам сиҳат-саломатликни топа олмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қиёмат куни бандадан энг аввал сўраладиган нарса – унга «Жисмингни соғлом қилган эмасмидим? Сени совуқ сув ила сероб қилмаганмидим?» дейили-шидир», – дедилар».

Термизий ривоят қилганлар.

Аллоҳ таоло Ўз бандасига берган неъматлар ичида энг аҳамиятлиларидан бири бўлгани учун ҳам соғлик неъмати ҳақида охиратда биринчи бўлиб сўралади. Шун-дай экан, банда бу неъматнинг қадрига етмоғи, шундай улуғ неъматни берган Зотга шукр қилмоғи керак. Неъматнинг шукри эса уни берувчи Зотга мақтов сўзлари айтиш ва неъматни уни берувчини рози қиладиган йўлда сарфлаш билан бўлади.

Соғлик-саломатлик неъмати муҳим бўлгани учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз умматларига ўша улуғ неъматни доимо Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраб туришни амр этганлар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳдан яқийнни ва мустаҳкам соғликни сўранглар. Зеро, одамларга яқийн ва мустаҳкам соғликдан кўра яхши нарса берилмаган», деганлари-ни эшитдим».

Термизий ривоят қилганлар.

«Яқийн» мустаҳкам иймондир. Демак, бандага Аллоҳ томонидан берилган неъматлар ичида энг биринчи ўринда мустаҳкам иймон турса, ундан кейинги, иккинчи ўринда соғлиқ турар экан.

Ислом соғлиқнинг Аллоҳ таоло томонидан бандага берилган улуғ неъмат эканини, банда унинг учун шукр қилиши лозимлигини таъкидлаш билангина кифояланиб қолмайди. Ислом соғлиқни сақлашнинг йўлларини ҳам ўргатади. Бу борада динимизда бадантарбияга, тозаликка риоя қилиш, соғлиққа зарар етказувчи ва атрофни ифлос қилувчи нарсалардан қайтариш, исрофни ва қизғанчиқликни ҳаром қилиш, жисмни толиқтиришдан қайтариш, соғлиқни сақлаш мақсадида енгиллик ва рух-сатлар берилиши каби бир қатор муҳим ишлар йўлга қўйилган.



2. ИНСОННИНГ АҚЛИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ



Араб тилидаги «ақл» сўзи аслида туяни кетиб қолишдан ман қилиб туриш учун боғлаб қўйиш деган маънони билдирувчи сўздир. Ақл ҳам ўз эгасини зарарли нарсалардан ман қилиб, ушлаб туради.

Ақлнинг таърифи турлича ифода этилади:

Биринчиси: «Ақл – нарсаларнинг ҳақиқатини идрок қилиш бўлиб, илмнинг суратидан иборат бўлади».

Иккинчиси: «Ақл – илмларни идрок этувчи билим-дир».

Учинчиси: «Ақл – илмни қабул қилиш учун тайёр-ланган қувватдир».

Тўртинчиси: «Ақл – Аллоҳ таоло инсонга ато қилган қувват ва табиий ҳис бўлиб, у ила инсон назарий ишлар-ни идрок қилади ва ҳайвондан ажралиб туради».

Бешинчиси: «Ақл – қалб ёки миядаги руҳоний нур бўлиб, унинг воситасида зарурий илмлар идрок этилади».

Олтинчиси: «Ақл – учраган нарсани тушуниб олиш қобилияти».

Қуръон барча ишларда ақлни ишлатишга чақиради, ақлни ишлатмаганларни қаттиқ танқид қилади. Қуръони Каримда ақлга тааллуқли сўзлар 50 марта ишлатилган. «Ақл эгалари» сўз бирикмаси эса 10 мартадан кўпроқ келган. Шунинг ўзи ҳам Қуръон ақлга катта эътибор бер-ганининг далилидир.

Қуръон ақлнинг улкан неъмат эканини баён қилади. Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Албатта, бунда ақл юритувчи қавмлар ‎учун оят-белгилар бордир‎» (4-оят).

Бошқа оятларда эса ақлни ишлатмаганларни айблай-ди. Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида шундай дейди:

«‎Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида жонзотларнинг энг ёмони – кару соқов бўлиб, ақл ‎‎юритмайдиганлардир» (22-оят).

Аллоҳ таоло «Фурқон» сурасида бундай деб марҳамат қилади:

«Ёки уларнинг кўплари тинглай олурлар ё ақл ‎юрита олурлар, деб ҳисоблайсанми? ‎Улар чорва ‎кабидирлар, холос. Балки улар яна ҳам йўлдан ‎адашганроқдирлар» (44-оят).

Бошқа бир оятда ақлни ишлатмаслик охират азобига сабаб бўлишини эслатади.

Аллоҳ таоло «Мулк» сурасида марҳамат қилади:

«Ва дерлар: «Агар қулоқ осганимизда ёки ақл ‎юритганимизда эди, дўзахийлар орасида ‎бўлмаган ‎бўлар эдик» (10-оят).

Ушбу оятларнинг барчаси Исломда ақлнинг нақадар улкан баҳоланишини кўрсатади.

Ақл улуғ неъмат бўлиб, инсонни бошқа жонзотлар-дан ажратиб турадиган ва инсондаги энг қимматли бўлган хоссадир.

Ақл Аллоҳ таолонинг инсонга берган сон-саноқсиз неъматлари ичида энг улуғидир.

Ақл ила инсон Роббини танийди, ўзига фойдани жалб қилиб, зарарни даф қилади.

Ақл сабабли инсон барча мавжудотлардан азиз, му-каррам ва афзал қилингандир.

Ақли бўлмаса, инсоннинг Аллоҳ таоло яратган бошқа ҳайвонлардан фарқи қолмайди.

Ақл сабабли инсонга шаръий таклифлар юклатилган-дир. Шунинг учун ҳам шариатда ақлсиз, эси паст одам ва ёш бола каби ақли тўлиқ бўлмаган шахсларга алоҳида ҳукмлар жорий қилинган.

Ақл жисм ва жонга бевосита боғлиқдир. Шунинг учун ҳам Ислом ҳаётни муҳофаза қилиш борасидаги чораларни ақлни муҳофаза қилиш борасидаги чоралар деб кўрган ҳолатлар мавжуд.

«Соғ танда соғлом ақл» деган қоида асосида инсон жисмининг соғ бўлиши ҳақида шариатда кўрилган барча чораларни ақлнинг муҳофазаси учун кўрилган чоралар ҳам дейиш мумкин.

Уламоларимиз шариатда ақлнинг муҳофазаси учун кўрилган чоралардан, жумладан, қуйидагиларни зикр қилганлар:



1. Ислом шариати ақлни муҳофаза қилиш мақсадида ақлга зарар етказадиган, уни заифлашти-радиган хамр ва гиёҳванд моддалар каби нарсаларни ҳаром қилган.

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, ‎‎‎бутлар ва (фол очадиган) чўплар шайтон ишидан ‎‎‎бўлмиш ифлосликдир. Бас, ундан четда бўлинг. ‎‎‎Шоядки, зафар топсангиз» (90-оят).

Араб тилида «хамр» сўзи «тўсиш», «беркитиш» деган маъноларни англатади. Тановул қилган кишининг ҳушига таъсир этадиган, унинг ақлини тўсадиган, берки-тадиган, бошқача қилиб айтганда, маст қиладиган ҳар бир нарса хамр дейилади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида «Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр ҳаромдир», дейилган.

Аллоҳ таоло ушбу оятда хамр тановул қилиш ва қимор ўйнаш каби амалий гуноҳларни бутга чўқиниш ва фолбинга ишониш каби куфр ва ширк саналган улкан маънавий жиноятларга тенглаштирмоқда.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчидан қайтардилар».

Имом Абу Довуд ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифга биноан, истеъмол қилганда ақлни, танани, аъзоларни, асабни ва бошқа жойларни бўшаштирувчи ҳар қандай нарса ҳаром бўлди. Худди ма-на шу ҳадиси шарифда айтилаётган «бўшаштирувчи»лик сифати ажнабий тилларда «наркотик» деб номланётган гиёҳвандлик моддаларининг алоҳида васфидир.



2. Ислом шариати ақлни муҳофаза қилиш мақсадида ақлга зарар етказадиган, уни заифлаштирадиган хамр ва гиёҳванд моддалар каби нарсаларни истеъмол қилганларга жазо белгилаган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васал-лам хамр учун хурмо шохи ва кавушлар билан ур-дирдилар.

Сўнгра Абу Бакр қирқ дарра урдирди.

Қачонки Умар бўлиб, одамлар қишлоқ-шаҳарларга яқинлашганларида, у:

«Хамр учун дарра уриш ҳақида нима дейсизлар?» – деди. Шунда Абдурроҳман ибн Авф:

«Мен уни энг енгил ҳадд каби қилсанг, дейман», – деди. Бас, Умар саксон дарра урдирди».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Бошқа бир ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига хамр ичиб олган киши келтирилган эди, уни икки хурмо шохи билан қирқ марта урдирдилар», дейилган.

Термизийнинг лафзида эса:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаддни икки кавуш билан қирқта урдирдилар», дейилган.



3. Ислом шариати ақлни муҳофаза қилиш мақсадида ақлни ўстиришни фарз қилган.

Бунинг учун Аллоҳ таоло барчага илм талаб қилишни фарз қилди.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Илм талаб қилиш ҳар бир муслимга фарздир», – дедилар». Тобароний ривоят қилганлар.



4. Ислом шариати ақлни муҳофаза қилиш мақсадида ақлни улуғлади ва ақл эгаларининг ҳурматини зиёда қилди.

Аллоҳ таоло «Зумар» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«...Бас, бир бандаларимга хушхабар берки...‎ улар гапни эшитиб, энг гўзалига ‎эргашарлар. ‎Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилганлардир. Ана ‎ўшалар, ҳа, ўшалар ақл ‎эгаларидир» (17-18-оятлар).



5. Ислом шариати ақлни муҳофаза қилиш мақсадида ақлни хурофот, зарарли хаёл ва фикрлардан озод этди.

Бу ҳақиқатни юзага чиқариш учун шариатда сеҳргарлик, фолбинлик, азойимхонлик кабилар ҳаром қилинди.

Сеҳрни ҳалол деб эътиқод қилган киши кофир бўлишига ҳамма фуқаҳолар иттифоқ қилганлар.

Ҳанафий, Моликий ва Ҳанбалий мазҳаблари фуқаҳолари «Сеҳрни ўрганиш ҳаром ва куфрдир», деганлар.



Мўминларнинг оналари розияллоҳу анҳуннанинг бир-ларидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким аррофга келиб, ундан бирор нарса ҳақида сўраса, унинг намози қирқ кечагача қабул бўлмас», – дедилар».

Муслим ва Аҳмадлар ривоят қилганлар. Аҳмаднинг лафзи:

«Ким аррофга ёки коҳинга келиб, унинг айтгани-ни тасдиқласа, батаҳқиқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсага куфр келти-рибди».

«Арроф» деб ғайб илмини даъво қиладиган мунаж-жимга айтилади.

Шунингдек, Исломда ғайбий – метафизик нарсаларда ақлни беҳуда овора қилмасликка чақирилган ва бундай нотўғри ишни қилиб, ақлга зарар етказадиганлар қаттиқ қораланган.

Аллоҳ таоло «Ғофир» сурасида бундай деб марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига ‎келган ҳужжат далилсиз талашиб-‎‎тортишадиганларнинг дилларида кибрдан ўзга ‎нарса йўқ. Улар бунга етишгувчи ‎эмаслар. Бас, ‎Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, Унинг Ўзи Самийъдир, ‎Басийрдир» (56-оят).

Бу олийжаноб мақсадни рўёбга чиқариш учун шариат яна бир қанча ҳукмларни жорий қилган. Биз юқорида зикр қилинганлари билан кифояланамиз.



3. ИНСОННИНГ ДИНИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ



Дин тўғрисида олиб борилган илмий ишлар натижа-сидан аён бўладики, диндорлик барча башариятнинг умумий сифати бўлиб, унда қадимгилар ҳам, ҳозиргилар ҳам баробардир.

Ҳеч бир халқ динсиз бўлмаган. Кўпчилик олимлар-нинг фикрича, Аллоҳ, дин каби тушунчалар инсоннинг асл табиатида мавжуд бўлиб, бу тушунчаларни уларга одатдан ташқари куч, яъни Аллоҳнинг Ўзи бергандир.

Агар биз миллионлаб ўта ақлли кишиларнинг Аллоҳга ишонишларининг сабабларини санайдиган бўлсак, саноғига ета олмаймиз. Лекин ана шу сабабларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг борлигига далолат қилувчи кучли далиллардир. Инсоннинг ақлини лол қолдирадиган ажойиботлардан бири шуки, юқорида зикр этилган ушбу ҳақиқатни Қуръон ўн беш аср муқаддам таъкидлаб ўтган.

Аллоҳ таоло «Рум» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Бас, ҳаққа мойил бўлиб, динга юз тут. (Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл ‎табиатдир. Аллоҳнинг ‎яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир. Лекин ‎одамларнинг кўплари билмаслар.‎ Унга ‎қайтгувчи бўлароқ, Унга тақво қилинг, намозни тўкис адо этинг ва ‎мушриклардан бўлманг» (30-31-оятлар).

‎Қуръони Карим дин инсоннинг асл табиатида бор нарса эканини таъкидламоқда. Аслида инсон борлиқнинг яратувчисига ва бу яратувчининг ягона эканига ишона-диган бўлиб туғилади. Агар инсон ўзи ёлғиз қолиб, ўйлаб кўрса, чуқур тафаккур қилса, шундай фикрга келиши шубҳасиз. Лекин Қуръони Каримда айтиб ўтилганидек, бу ҳақиқатни кўпчилик билмайди. Одамлар диндорлик инсоннинг асл табиатида борлигини тушуниб етмайди-лар. Фақат чуқур ўйлаганлар, илмий изланиш олиб бор-ганларгина бу нарсани тушуниб етишлари мумкин. Ҳеч ажабланарли жойи йўқ, бу Қуръони Каримнинг мўъжизасидир!

Пайғамбар алайҳиссалом ҳам шу маънода қуйидаги ҳадисни айтганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насро-ний ёки мажусий қилади», – дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилганлар.

Инсоннинг бахти, саодати учун жорий бўлган Ислом дини ҳар бир инсоннинг динини муҳофаза қилишни ўзининг бош мақсадларидан бири қилиб белгилаган, уш-бу мақсадга эришиш учун керакли чораларни кўрган.



1. Ислом шариати динни муҳофаза қилиш мақсадида инсонларга диндорлик таянчи бўлган ий-мон асосларини тарғиб қилди ва куфрни қоралади.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида бундай деб марҳамат қилади:



«Росул унга ўз Роббидан туширилган нарсага ‎иймон келтирди ва мўминлар ҳам. Ҳар ‎бирлари ‎Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, ‎Росулларига: «Унинг ‎Росулларининг бирорталарини ‎ажратмаймиз», дея иймон келтирдилар. Ва дедилар: ‎‎‎«Эшитдик ва итоат қилдик. Роббимиз! ‎Мағфиратингни сўраймиз ва сўнги қайтиш ‎‎Ўзинггадир» (285-оят).

Яна Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деб марҳамат қилади:



«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга, Унинг ‎Расулига, У Ўз Расулига нозил қилган китобга ва ‎илгари нозил қилган китобга иймон келтиринг. Ким ‎Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, ‎Росулларига ва охират кунига куфр келтирса, ‎батаҳқиқ, буткул залолатга кетибди» (136-оят).

Мусулмон одам Аллоҳга, Унинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирмоғи лозим. Бу иймон уни ўзини яратган холиқи, доим тарбияткунан-далик қилиб турувчи Робби билан боғлайди. Бу иймон уни ўз Робби томонидан юборилган ва уни ҳидоятга бошлайдиган йўлбошчи бўлмиш Пайғамбар ва унинг пайғамбарлиги билан боғлаб туради. Бу иймон уни ўз Робби томонидан ўз Пайғамбарига туширилган илоҳий дастур – Қуръони Карим билан боғлаб туради. Бу иймон уни Қуръондан олдин келган илоҳий китоблар билан боғлаб туради.

Иймоннинг асосий унсурларидан яна иккитаси оят-нинг иккинчи ярмида – манфий ҳолдаги зикрда, яъни ко-фирларнинг ҳоли васф қилинганда келган:

«Ким ‎Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобла-рига, ‎‎Росулларига ва охират кунига куфр келтирса, ‎‎батаҳқиқ, буткул залолатга кетибди‎».

Демак, бошқа асосий унсурларга куфр келтириш ка-би, фаришталарга ва охират кунига иймон келтирмас-ликнинг ҳам оқибати ёмон бўлади. Уламолар: «Бу икки унсурнинг айнан шу жойда зикр қилиниши улар кофир-ларга таҳдид солувчи, уларни қўрқитувчи нарсалар бўлгани учундир», дейишади. Иймоннинг мазкур асосий унсурларига ёки улардан бирортасига ишонмасликдан кўра, яъни куфр келтиришдан кўра қаттиқроқ адашиш йўқдир.



2. Ислом шариати динни муҳофаза қилиш мақсадида иймон-эътиқоднинг ақлий ва илмий ҳужжатлар асосида бўлишини таъминлади.

Қуръони Карим осмонлару ердаги ва Аллоҳ яратган бошқа нарсаларга назар солиб, иймонни мустаҳкамлашга чақиради.

Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида шундай деб марҳамат қилади.



«Осмонлару ернинг салтанатига, Аллоҳ яратган ‎нарсаларга ва, ажаб эмаски, муддатлари яқинлашиб ‎қолган бўлишига назар солмайдиларми? Бундан ‎кейин яна қайси гапга ишонадилар?!» (185-оят).

‎Атрофга зеҳн билан назар солган инсон учун Аллоҳнинг борлиги, ягоналиги ва қудратига далолат қилувчи далилларни топиш қийин эмас. Улар ҳар қадамда исталганича тўлиб ётибди. Осмонлару ердаги каттаю кичик ҳар бир нарса Аллоҳнинг қудратига дало-лат қилади.

Бутун борлиқни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. Энг кичик зарралар ҳам, ҳужайралар ҳам шунга гувоҳлик бе-ради. Фақат бу нарсаларга эътибор назари билан, инсоф назари билан, ўзининг инсон эканини тўла тушунган ҳолда қараш керак, холос. Энг муҳими, инсон эртага ўлишини, бу дунёга устун бўла олмаслини фикрлаши ло-зим.

Қуръони Карим атрофга ибрат назари билан қараб, илм асосида иймонга юзланмайдиганларни қаттиқ қоралайди.

Аллоҳ таоло «Юсуф» сурасида марҳамат қилади:



«Улар осмонлару ердаги қанчадан-қанча оят-‎белгилар қаршисидан юз ўгирган ҳолларида ‎ўтадилар» (105-оят).

Яъни уларга эътибор қилмайдилар. Улардан ибратла-ниб, ваъз-насиҳат олиб, иймонга келмайдилар. Инсон яшаб турган борлиқнинг ҳар бир қаричида Аллоҳнинг борлигига, бирлигига, қудратига, тадбирига, билувчили-гига ва бошқа комил сифатларига далолат қилувчи оят-белгилар, далил-ҳужжатлар мавжуд. Лекин одамлар ўша ҳужжатларга, оят-белгиларга эътибор билан қарамайдилар. Шунинг учун ҳам иймонга келмайдилар.

Қуръони Карим иймон-эътиқод масаласида ақл ва илмга эргашмасдан, кўр-кўрона тақлид қилишдан қайтаради.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида шундай дейди:



«Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага ‎эргашинглар», – дейилса: «Йўқ! Балки, биз ота-‎‎боболаримизни ниманинг устида топган бўлсак, ‎ўшанга эргашамиз», – дерлар. Агар ота-‎боболари ‎ҳеч нарсага ақли етмаган ва ҳидоятга юрмаган ‎бўлсалар ҳам-а?!‎» (170-оят)

Динсизлар Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашишдан бўйин товлаб, ота-боболаридан қолган нарсаларга эрга-шишни афзал биладилар. Бу ақлсизликдан бошқа нарса эмас. Аллоҳнинг амри турганда, ундан бошқа нарсага ҳам эргашиладими? Қолаверса, ота-боболари ким ўзи? Эҳтимол, улар ақлсизликлари оқибатида хато йўлларда юрган одамлар бўлгандир? Балки, ҳидоят топмай, зало-латда яшаб ўтгандир улар?



3. Ислом шариати динни муҳофаза қилиш мақсадида дин арконларига ва ибодатларга амал қилишни жорий қилди.

Динни муҳофаза қилиш эътиқодга оид масалаларга ишониб қўйиш билангина юзага чиқмайди, балки диннинг рукнлари бўлган фарз ибодатларни ва уларга зиёда тарзидаги нафл ибодатларни бажариш ила юзага чиқади. Шунинг учун Ислом шариатида намоз, рўза, закот ва ҳаж каби ибодатлар диннинг рукнлари – устунлари қилинган ва уларни бажариш фарз – мажбурий бўлган. Ушбу ибодатларни бажариш билан инсоннинг дини муҳофаза қилинади. Чунки мазкур ибодатлар бандани диннинг эгаси – Аллоҳ таолога доимий тарзда боғлаб туради ва у билан бўлган алоқани мустаҳкамлаб боради.

Фарз бўлмаган нафл ибодатлар эса бандани Роббига яна ҳам яқинлаштиради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деди-лар:

«Аллоҳ таоло айтади: «Ким Менинг валийимга душманлик қилса, батаҳқиқ, Мен унга уруш эълон қилурман. Бандам Менга Мен унга фарз қилган нарсаларим ила яқинлашгани каби Менга маҳбуб нарса ила яқинлаша олмас. Бандам Менга нафллари ила яқинлашишда бардавом бўлса, Мен унга муҳаббат қилурман. Қачон Мен унга муҳаббат қилсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўлурман. Агар Мендан сўраса, албатта унга берурман. Агар у Мендан паноҳ тиласа, Мен уни Ўз паноҳимга олурман. Ҳеч бир нарсада мўминнинг жони ҳақида иккиланганимдек иккиланган эмасман. У ўлимни ёқтирмайди. Мен эса унга ёмонлик қилишни истамайман».

Бухорий ва Аҳмадлар ривоят қилганлар.

Демак, Аллоҳ таолога яқин бўлиш учун банда аввало, ўзига фарз қилинган вазифаларни ўрнига қўйиб адо эта-диган бўлиши керак. Фарз амалларни бекаму кўст адо қилган банда Аллоҳ таолога яқин бўлар экан. Фарз амал-ларни қилмай туриб, Аллоҳ таолога яқин бўлиш ҳақида ўйлаб ўтириш ҳам мумкин эмас экан. Фарз амалларни тўлиқ адо этиб, Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилган бандалар У Зотга янада яқинроқ бўлиш имконига эга эканлар. Бунинг учун улар нафл ибодатлар билан машғул бўлмоқлари лозим экан.



4. Ислом шариати динни муҳофаза қилиш мақсадида диндорликка чақириб, динсизликдан қайтаришни йўлга қўйди.

Аллоҳ таоло «Юнус» сурасида бундай деб марҳамат қилади:



«Юзингни ҳаниф ҳолда динга тўғри тут ва ‎ҳаргиз мушриклардан бўлма!‎‏ ‏Аллоҳдан ‎ўзга сенга манфаат ҳам, зарар ҳам ‎бера олмайдиган нарсаларга илтижо қилма. Бас, ‎агар ‎‎(бундай) қилсанг, у ҳолда сен золим-лардан бўласан‎» (105-106-оятлар).

Яна Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида шундай дейди:

«Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ‎ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда ‎мужодала эт. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан ‎адашганларни билгувчироқдир ва У ҳидоят ‎топгувчиларни ҳам ях-ши билгувчироқдир» (125-оят).

Ҳақиқий иймон ўз эгасини яхши амалга – Аллоҳнинг айтганида юришга бошлайди. Шунинг учун ҳам Қуръони Каримда жаннат неъматларига эриштирувчи иймон ҳақида сўз кетганда, унинг ортидан солиҳ амал ҳам зикр этилади.

Ҳақиқий иймон ўз соҳибининг қалбидаги яхшилик булоқларининг отилиб чиқишига сабаб бўлади. Инсон Аллоҳ таолога бўлган иймони ва солиҳ амали эвазига гуноҳлари кечирилишига ва жаннатга кириш ҳуқуқига эга бўлади. Бундай бахтли кишилар жаннатга ҳам шун-чаки кирмайдилар, балки уларга жаннатда турли-туман ноз-неъматлар ва ҳузур-ҳаловатлар ато этилади.

Иймонсизлик эса тўғри йўлдан адашишдир. Тўғри йўлдан адашганлар ўз мақсадларига ҳеч қачон ета ол-майдилар. Аввало, бу дунёда мақсадларига эриша олмай-дилар. Чунки уларнинг иймони йўқ, энг тўғри йўлга ҳидоят қилувчи Қуръони йўқ. Шунингдек, улар охиратда ҳам мақсадга эриша олмайдилар. Бу ҳам иймонлари йўқлиги, энг тўғри йўлга ҳидоят қилувчи Қуръонлари йўқлигидандир. Натижада улар ўзларини турли йўлларга урадилар, ҳавойи нафслари айтган кўйларга тушадилар. Ўзлари учун нима фойда-ю, нима зарар эканини билмай, турли ёмон ҳолатларга гирифтор бўладилар. Шунинг учун ҳам Ислом инсон динини муҳофаза қилиш мақсадида уни динга чақиради ва динсизлик, иймонсиз-ликдан қайтаради.



5. Ислом шариати динни муҳофаза қилиш мақсадида инсонларга эътиқод ва диндорлик эркинлиги берилиши ва уларнинг ҳимоя қилинишини таъминлади.

Исломда эътиқод эркинлигини белгиловчи асосий қоида «Бақара» сурасидаги қуйидаги оятда баён қилинган:



«‎Динга мажбур қилиш йўқ. Батаҳқиқ, тўғрилик ‎эгриликдан ажради» (256-оят).

Бу қоидада инсоннинг ақли борлиги, Аллоҳ унга ҳидоят ва залолат йўлини аён қилиб қўйгани, ҳеч ким мажбур қилмасдан, ҳар ким ўзи хоҳлаган йўлни танлаб олиши баён қилинган. Ҳа, динга кириш маъносидаги Ис-ломий қоида шундан иборат. Хоҳлаган одам Исломга ки-риб, мусулмон бўлсин.

Дин танлашда мажбурлаш йўқ. Ҳар ким ўзи хоҳлаган динга кирсин.

Ҳа, Исломда мўмин ёки кофир бўлиш ҳар кимнинг ўз хоҳишига боғлиқ қилинган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Каҳф» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Айт: «Ҳақ Роббингиз томонидандир. Бас, ким ‎хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфр ‎‎келтирсин» (29-оят).



6. Ислом шариати дин муҳофазаси учун ватанни ҳам тарк қилишни жорий қилди.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида марҳамат қилади:



«Ким Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилса, ер юзида ‎кўпгина паноҳгоҳлар ва кенгчилик топадир. Ким ‎уйидан Аллоҳ ва Унинг Расулига ҳижрат қилиб ‎чиқса-ю, сўнгра унга ўлим етса, албатта, унинг ажри ‎Аллоҳ зиммасига тушадир. Ва Аллоҳ Ғофурдир, ‎Роҳиймдир» (100-оят).



7. Ислом шариати динни муҳофаза қилиш мақсадида уруш қилишни жорий қилди.

Аллоҳ таоло «Ҳаж» сурасида шундай деб марҳамат қилади:



«Ўзларига қарши уруш очилганларга зулм ‎‎қилинганликлари туфайли (урушга) изн берилди. Ал-‎батта, ‎Аллоҳ уларга нусрат беришга қодирдир‎» (39-оят).

Ушбу ояти карима ҳижратдан кейин нозил бўлган. У мусулмонларга кофирларга қарши уруш қилишга изн бе-рувчи биринчи оятдир. Бунгача, ҳатто ҳимоя учун ҳам кофирларга қарши жанг қилишга рухсат йўқ эди. Муш-риклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг саҳобаи киромларига истаганларича азоб, озор беришар, зулм қилишар эди. Саҳобаи киромлардан баъзилари калтакланган, ярадор бўлган ҳолларида келиб, бошларидан ўтган ноҳақлик ва зулмдан шикоят қилсалар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «Сабр қилинглар, менга уруш қилиш учун изн берилгани йўқ», – дер эдилар.

Ва ниҳоят, ушбу ояти карима нозил бўлди. Бу оятда мусулмонларга уруш қилишга рухсат мазлум бўлганлари, азоб-уқубатга қолганлари учун берилгани очиқ-ойдин айтилмоқда.



4. ИНСОННИНГ НАСЛИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ



Ислом инсон саодати учун бош омиллардан бири деб билган ва шариатнинг мақсадларидан бўлган катта маса-лалардан бири инсон наслини муҳоaфаза қилишдир. Ана шу мақсад юзасидан шариатда никоҳ, талоқ, идда ва шунга ўхшаш кўпгина ҳукмлар жорий қилинган.

Аллоҳ таоло инсонни эркак ва аёл жинсида яратди. Ҳар бирига ўзига хос аъзолар ва хусусиятлар берди. Жумладан, инсон насли бардавом бўлиши учун улардан ҳар бирини ўзига хос таносил аъзолари билан яратди. Инсон насли эркак ва аёлнинг қўшилиши натижасида пайдо бўладиган қилди. Бу қўшилишдан икковлари ҳам табиий лаззат оладиган бўлдилар. Бунинг учун уларда ўзига хос ҳис-туйғуни ҳамда зарур аъзолар, ҳужайралар ва шу каби анвойи моддаларни халқ қилди. Ушбу қўшилишдан ҳосил бўладиган лаззат ва рағбатга нисба-тан бўлган қизиқишни фарзанднинг ғоят қаттиқ азоб билан туғилиши, унинг тарбияси каби машаққатларни ҳам унутадиган даражада қудратли айлади.

Аллоҳ таоло инсон зотининг жинсий яқинлик йўли билан, яъни никоҳланган эркак ва аёлнинг қўшилиши орқали покиза йўл билан кўпайиб боришини ирода қилди ва буни ҳаётий заруратга айлантирди.

Агар Аллоҳ таоло инсон наслини кўпайишга қобилиятли қилиб қўймаса, нима бўларди? Ҳеч бир ин-сон на ўзини ўзи, на бошқа бир инсонни ярата олмас эди. Аллоҳ таолодан ўзга яратувчи зот йўқ! Инсон кўпайиб турмаса, унинг насли ҳам тезда йўқолиб кетади.

Қолаверса, ҳар бир банда ўзидан насл қолдириш йўлида жон беришга ҳам тайёр даражага етган. Кўп аёл-лар ўлимни бўйнига олиб, фарзанд кўришга қарор қиладилар. Умуман олганда, ҳар бир ҳомиладор аёлда бу журъат бордир.

Туғилган фарзандни тарбиялаб, ўстириш машаққатли, оғир ва тинимсиз меҳнатдан иборатдир. Хўш, ушбу омилни ҳар бир инсон табиатига ким солиб қўйган? Нима учун бу нарса минглаб йиллардан буён давом этиб, инсон наслининг ер юзида бардавом қолиши воситаси бўлиб келмоқда? Албатта, буларни фақатгина Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзигина қилиши мумкин.

Буларни жорий қилган Зот – Аллоҳ таолонинг Ўзи Ўзининг охирги ва мукаммал шариати бўлмиш Исломда инсон наслини муҳофаза қилишнинг барча чораларини ҳам кўриб қўйган. Бунинг учун шариатга бир қанча ҳукмларни киритган. Улардан баъзиларини қисқача эслаб ўтишга ижозат бергайсиз.



1. Ислом шариати инсон наслини муҳофаза қилиш мақсадида никоҳни жорий қилди.

Аллоҳ таоло «Нур» сурасида мўъмин-мусулмонларга амр қилиб айтади:

«Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу ‎чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. ‎Агар ‎фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан ‎бой қилур. Аллоҳ Восиъдир, Алиймдир» (32-оят).

Ушбу оятдаги биз «никоҳсиз» деб таржима қилган ибора араб тилида «аййим» дейилади. Бу сўздан кўпчилик тул эркак ва бева хотинни тушунади. Аслида эса бу нотўғри тушунчадир. «Аййим» сўзи хотини йўқ эркак ва эри йўқ аёлга нисбатан ишлатилади. Аввал оила қурганми, қурмаганми, фарқи йўқ.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло мусулмонлар жамоасига хи-тоб қилиб:

«Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу ‎‎чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг» деб буюрмоқда. Бинобарин, мусулмон жамияти аъзолари ўз ораларида никоҳсиз кишиларни қолдирмасликка ҳаракат қилишлари лозим бўлади. Ҳаттоки қул ва чўриларнинг, агар хожалари уларда аҳли солиҳлик сифатини топсалар, уйли-жойли бўлишларига ёрдам бермоқлари лозим. Шунинг учун ҳам ҳозиргача мусулмонлар орасида балоғатга етган ёшларни тезроқ уйлаб қўйишга ҳаракат қилиш, бирор сабаб билан оиласиз қолган эр-хотинларни никоҳли бўлишга ундаш жуда кучли. Мазкур ишлар ушбу ояти каримага ҳамда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Никоҳ менинг суннатимдир, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмасдир» деган ва бошқа кўпгина шунга ўхшаш ҳадисларига амал қилингани туфайли бажарилади. Никоҳ орқали эру хотиннинг боғланиши жинсий майлни қондириш, энг асосийси, насл қолдириш учун ягона табиий ва ҳалол йўлдир. Шунинг учун Исломда ҳалол никоҳ орқали оила қуриб яшашга қаттиқ тарғиб қилинади, оила қуриш йўлидаги тўсиқлар олинади ва барча керакли омиллар юзага келтирилади.

Баъзи одамлар турли баҳоналар қилиб, уйланиш, ои-лали бўлишни орқага сурадилар. Ушбу баҳоналарнинг энг каттаси камбағаллик бўлади. Шунинг учун ҳам оят-нинг давомида бунга ўхшаш баҳоналар билан никоҳни орқага суриш яхши эмаслиги таъкидланмоқда:

«Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур».

Яъни «Фақирликни баҳона қилиб, никоҳдан қочмасинлар, балки никоҳга рағбат қилсинлар. Аллоҳ таоло Ўзи билиб, керак бўлса, бой қилиб қўяди. Дарҳақиқат, кўпчилик одамларнинг оила қурганларидан кейин жиддийлашиб, рўзғор учун астойдил ҳаракат қилиб, иқтисодий ҳолатлари яхшиланиб кетгани кузатил-ган.

«Аллоҳ Восиъдир, Алиймдир».

Аллоҳ фазли кенг Зот, Ўз фазлидан хоҳлаган бандасини бой қилиб қўяди. Аммо Ўзи билиб, қилади. Нима қилишни эса ўта билувчилик сифати ила Ўзи яхши билади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни никоҳга амр қилар, никоҳсизликдан қаттиқ қайтарар эдилар ва:

«Серфарзанд бўладиган ва муҳаббатли кишилар билан оила қуринг, мен қиёмат куни сизларнинг кўплигингиз ила анбиёлар олдида фахрланаман», – дер эдилар».

Аҳмад ривоят қилган. Ибн Ҳиббон саҳиҳ деган. Абу Давуд ва Насаийлар буни қувватловчи ҳадис ривоят қилганлар.

Ислом эркак ва аёл ўртасидаги жинсий ҳаёт фақат оилавий ҳаёт чегарасида, ҳалол-пок, очиқ-ойдин, эълон қилинган, ҳаммага билдирилган никоҳ орқали бўлишини йўлга қўйган. Ана ўшанда ҳамма нарса жойида бўлади. Болалар ҳам насл-насабли, ҳалол-пок ўсадилар. Ҳеч қандай шубҳа ҳам бўлмайди. Эр-хотин ҳам, бола-чақа ҳам, қариндош-уруғлар ва бутун инсоният ҳам хотир-жамликда, сиҳат-саломатликда саодатли умр кечиради-лар.



2. Ислом шариати инсон наслини ва унинг покли-гини муҳофаза қилиш мақсадида шариатга иддани киритди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Бақара» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Талоқ қилинган аёллар ўзларича уч қуръу ‎кутарлар. Агар Аллоҳга ва охират кунига иймон ‎‎келтирган бўлсалар, улар учун Аллоҳ ‎бачадонларида халқ қилган нарсани беркитишлари ‎ҳалол ‎бўлмас» (228-оят).

 «Идда» сўзи араб тилида «санаш» маъносини англа-тади.

Шариат истилоҳида эса «Идда – эридан ўлим ёки талоқ туфайли ажраб қолган аёл бошқа эрга тегмасдан, кутиб турадиган оралиқ муддатдир».

Бу ҳукмнинг шариатга киритилиши бир неча ҳикматларга эга:

Биринчиси – идда орқали эридан ажраган аёлнинг ҳомиладорми, йўқми экани аниқланади. Шу билан насл-насаб аралаш-қуралаш бўлиб кетишининг олди олинади.

Иккинчиси – идда орқали ўлган эрнинг ҳурмати бажо келтирилади.

Учинчиси – эр билан бирга ўтказилган оилавий ҳаётнинг ҳурмати юзасидан ҳам дарров бошқа эрга тегиб кетмай, идда ўтирилади. Яна бошқа ҳикматлари ҳам бор.

Вақт ўтиши билан идданинг янгидан-янги ҳикматлари ҳам аниқланмоқда. Англиялик олимлар бир эркак билан яшаб туриб, кейин бевосита, орада танаффус қилмай, иккинчи эр билан жинсий ҳаётни давом эттирган аёлларнинг бачадонларида оғир касаллик пайдо бўлишини исбот қилдилар. Келажакда бунга ўхшаш ҳикматлар яна чиқаверишига шубҳа йўқ.



3. Ислом шариати инсон наслини муҳофаза қилиш мақсадида насабнинг поклигига катта аҳамият берди ва насл аралашиб кетишининг олдини олиш чорала-рини кўрди.

Наслни муҳофаза қилиш учун унинг тозалигини сақлаш, турли наслларнинг аралашиб кетишидан сақланиш лозим. Исломда бу борада ҳам барча чоралар кўрилган. Жумладан, ўз боласидан бошқани болам дейиш, ўз отасидан бошқани отам дейиш ҳаром қилинган.

Арабларда бола асраш, хусусан, ўғил болаларни ас-раб, ўзига ўғил қилиб олиш одати бор эди. Бу ҳолат айниқса, урушда асир тушганларни ўғил қилиб олиш бо-расида кўпроқ содир бўларди. Жоҳилият арабларидан ҳар бири одам бошқа бир одамнинг ўғлини ўзиники қилиб олиши мумкин бўлган. Бу ҳолат ниҳоятда кенг тарқалган эди. Бир одам бировнинг боласига «Сен менинг ўғлимсан, мен сенга меросхўрман, сен менга меросхўрсан», деса ва бола буни қабул қилса, иш битди ҳисоб. Бола унга ўз сулбидан бўлган ўғлидек бўлар, ме-рос, никоҳ, талоқ ва бошқа ҳукмларда ўз ўғлига нима муомала қилинса, асранди болага ҳам ўша муомала қилинар эди.

Аллоҳ таоло қуйидаги оятни тушириб, бошқанинг боласини болам дейишни ҳаром қилди:

«...ва ‎асранди болаларингизни сизга фарзанд қилган ‎эмас. Булар оғзингиздаги гапларингиздир. ‎Аллоҳ ‎эса ҳақни айтур ва У (тўғри) йўлга ҳидоят қилур‎» («Аҳзоб» сураси, 4-оят).

Ушбу ояти кариманинг ҳукмига биноан, бир одам-нинг бегона болани ўз номига ўтказиб олиши, уни «ўз болам» дейиши ҳаромдир.

Шунингдек, ўз отасидан бошқа бировни «отам» деб даъво қилиш ҳам катта гуноҳдир.

Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган-ларини эшитдим:

«Ким отасидан бошқа (одам)га унинг отасидан бошқа (одам) эканлигини билиб туриб даъво қилса, жаннат унга ҳаромдир»

Бухорий ва Муслимлар ривоят қилганлар.

Чунки Ислом кўзда тутган катта мақсадлардан бири инсон наслини муҳофаза қилишдир. Исломда ҳамма нар-са инсон наслининг тоза, пок, очиқ-ойдин бўлишига қаратилган. Агар шундай қилинмаса, ҳаром-ҳалол ара-лашиб, ота боласини, бола отасини, она қизини, қиз она-сини, ака синглисини, сингил акасини танимайдиган бўлиб кетади – инсоният ҳалокатга учрайди. Насли бего-на болани ўз наслидан бўлган болалари қаторига қўшиш билан кўпгина ҳаром-хариш ишлар юзага чиқади. Маҳрамлик-номаҳрамлик қоидалари бузилади, бир кун келиб, ота ўз қизига ёки ака ўз синглисига уйланиб қўйиши мумкин. Мерос масаласида ва бошқа кўпгина масалаларда ўнглаб бўлмас хатолар вужудга келиши муқаррар. Шунинг учун ҳам Исломда бу иш ҳаром қилинган.

Аммо бу, етим болани, қийинчиликда қолган оила-нинг боласини боқиб олиш, тарбия қилиш мумкин бўлмайди, дегани эмас. Аксинча, улар жуда ҳам савобли ишлар бўлиб, Исломда бундай эзгу амалларни қилишга тарғиб қилинади. Лекин бегона болани ўзининг номига ўтказиб олиш эмас, балки у аслида кимнинг фарзанди бўлса, ўшанинг номида қолдириш ҳамда уни шариат ҳукмига мувофиқ боқиш, тарбиялаш керак.



4. Ислом шариати инсон наслини муҳофаза қилиш мақсадида яқин қариндошлар орасида никоҳни ҳаром қилди.

Ислом шариати улкан ҳикматларни ҳамда насаб алоқаси, эмикдошлик ва қудачилик алоқаларини эъти-борга олиб, маълум тоифа аёлларнинг никоҳини маълум тоифа эркакларга ҳаром қилган.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-‎сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-‎укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг ‎қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-‎сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ‎ўзингиз қовушган хотинларингизнинг ‎қарамоғингиздаги қизлари – агар у(хотин)лар билан ‎қовушмаган бўлсангиз, сизга гуноҳ йўқ – ва ‎пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари ‎ҳамда опа-сингилни жамламоғингиз ҳаром қилинди. Аввал ўтган бўлса, мустасно. Албатта, Аллоҳ ‎Ғофурдир, Роҳиймдир» (23-оят).

Ислом шариатининг бу борада жорий қилган ҳукмларининг ҳикматлари илмий текширишлар асосида ушбу ояти карима нозил бўлганидан бир неча асрлар ўтганидан сўнг маълум бўлди.

Аввало, буларнинг асллари бир қондан, бир қориндан пайдо бўлиб, бир хил сутдан озиқланиб катта бўлганлар. Инсонийлик табиатининг ўзи уларнинг эр-хотин бўлишларини кўтармайди. Уларнинг никоҳлари ҳам ўзларига, ҳам фарзандларига соғлик жиҳатидан ҳам, маънавий жиҳатдан ҳам зарар келтириши турган гап.

Насаб жиҳатидан яқин бўлган кишиларнинг никоҳи икки томоннинг соғлиги учун ҳам зарар экани ҳаммага маълум. Улардан бўлган фарзандлар нимжон, касалманд ва ногирон бўлиб туғилиши аниқланган ҳақиқатдир.

Гўдакнинг суяги ва эти она сутидан шаклланади. Бир онанинг сутини эмиб катта бўлган инсонларнинг физио-логик хусусиятлари бир хил шакллангани туфайли улар орасида никоҳ алоқаси бўлса, ўзларига ҳам, улардан бўлган болаларга ҳам катта зарар бўлади. Буни мусул-монлардан бошқалар энди-энди тушуниб келмоқдалар.

Бу ҳақиқатни милодий 1967 йилда тиб илми ҳам тасдиқлади. Илмий жиҳатдан тараққий этган давлатлар-дан бири тажрибалар асосида кишиларнинг соғлиғига за-рар эканини аниқлаб, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳни ман қилиш ҳақида қонун қабул қилди. Ҳатто бу иш мақтаниш йўли билан бутун дунёга эълон қилинди.

Уларнинг бу мақтанишлари, бу илмий тараққиётлари оддий мусулмонлар учун кулгили бир ҳолат эди. Чунки ўша илм даъвосини қилган катта давлат бу масалада му-сулмонлардан роппа-роса ўн тўрт асрга ортда қолган эди. Шунинг ўзи ҳам шариат йўлидан юрмаслик инсон учун, унинг саодати учун қанчалар хатарли эканини кўрсатиб турибди.



5. Ислом шариати инсон наслини муҳофаза қилиш мақсадида ота-оналарга ва жамиятга ёш авлод учун жавобгарликни юклади.

 Исломда инсон насли олий мақомда бардавом бўлиши учун фарзандларнинг ҳуқуқлари риоя қилинган ва бу борадаги масъулият уларнинг ота-оналари ёки яқин қариндошлари, қолаверса, улар яшаётган жамият аъзола-рига юклатилгандир. Бу ҳақларни адо этиш вожиб бўлиб, унга амал қилиш мажбурийдир.

Фарзандларнинг ҳуқуқлари борасида уламолар қуйидагиларни зикр қиладилар:



1. Насаб.

Никоҳнинг асл мақсадларидан бири ҳам насл-насабни сақлашдир. Бусиз оила ҳам, жамият ҳам бўлмайди. Фарзанднинг ота-онаси никоҳдан ўтиб, ҳалол-пок яшагандагина насаби аниқ ва пок бўлади.



2. Бўлажак фарзандга муносиб она ва ота танлаш.

Ислом фарзанд ҳақида у ҳали дунёга келмасидан ан-ча олдин, оила қуришга тайёргарлик кўрилаётган пайт-дан бошлаб қайғура бошлайди.



«Талхийс»да Оиша розияллоҳу анҳодан марфуъ ҳолда ривоят қилинади:

«Нутфангиз учун (муносиб жуфти ҳалол) ихтиёр қилинглар. Муносибларга никоҳланинг ва шундайларга никоҳлаб беринг».

Ибн Можа ва Дора Қутнийларга нисбат берилган.

Оила қурилар экан, бўлажак ота-онанинг диндорли-ги, одоб-ахлоқи, инсонийлигига алоҳида эътибор берила-ди. Чунки улардаги яхши хислат ва фазилатлар ҳам, ёмон одат ва кўникмалар ҳам болага кўчиши исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатдир.



3. Эмизиш.

Туғилган фарзанд аввало, эмизишга муҳтож бўлади. Бу иш онанинг вазифасидир. Шаръий узр сабабли она эмиза олмаса, эмизувчи топиш ва уни рози қилиш ота-нинг иши ҳисобланади.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Оналар фарзандларини тўлиқ икки йил ‎эмизурлар. (Бу) эмизишни батамом қилмоқчи бўлган ‎‎киши учундир», деган (233-оят).



4. Боланинг ота-онадаги ҳақларидан бири унга му-носиб исм танлашларидир.

Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий «Китобул бирри вас-сила»да Абул Муътамирдан келтирган ривоятда ёзади:

«Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурида масалаларни эс-лашди. Шунда бир киши:

«Менга етиб келган хабарга қараганда, туғилган бола унга исм қўйилмай туриб ўлган бўлса, қиёмат куни ота-сига «Мени исмсиз тарк қилдинг-ку!» – дейди», – деди».

Шунинг учун ҳар бир мусулмон ота-она бу муҳим ишга алоҳида эътибор ила ёндашмоғи лозимдир. Фарзанд катта бўлиб, оқ-қорани таниганда ўз исмидан уяладиган бўлмасин, балки исми унга зийнат бўлиб турсин.



5. Ақийқа ҳам боланинг ота-онадаги ҳақларидандир.

Салмон ибн Омир Зоббий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Fулом ақийқаси биландир. Бас, унинг учун қон оқизинг ва ундаги нопокликни кетказинг», – деди-лар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.



6. Янги туғилган боланинг қулоғига азон ва такбир айтиш.

Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Фотима (розияллоҳу анҳо) Ҳасан ибн Алини туққанида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қулоғига намознинг азонини айтаётганларини кўрдим».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Термизий саҳиҳ, деган.

Янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи то-вуш Аллоҳнинг зикри бўлиши қандай ҳам яхши. Албат-та, бу улуғ фазилатнинг ўзига яраша баракаси бўлади.



7. Янги туғилган боланинг танглайини кўтариш.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Бир ўғил кўрдим. Уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. Ул зот уни Иброҳим деб номладилар, хурмо ила танглайини кўтардилар ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутдилар. У болаларимнинг каттаси эди».

Икки шайх ривоят қилганлар.



8. Ҳомийлик.

Бола етти ёшга киргунича овқатланиш, кийиниш, ювиниш ва бошқа ҳолатларда доимо катталарнинг ёрдамига муҳтож бўлади. Бу ишларни унинг ота-онаси, улар бўлмаса, яқин қариндошлари амалга оширишлари вожибдир.



9. Валийлик.

Етти ёшдан балоғат ёшига етгунча бўлган болалар валийга, ўзидан катта раҳбарга муҳтождирлар. Агар ота-онаси бўлмаса, бу ҳам унинг яқин қариндошларига юкла-тилади.



10. Нафақа.

Болаларнинг нафақаси – уларни озиқ-овқат, кийим-кечак, турар жой билан таъминлаш отанинг бурчидир. Бу нарсаларда ҳам ҳалоллик, поклик муҳим саналади.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Уларни маъруф ила едириб, кийинтириш ‎отанинг зиммасидадир», – деган (233-оят).

Боланинг сабабидан онага нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин, боланинг ўзига нафақа бериш вожиб бўлишида ҳеч қандай шубҳа қолмайди.



11. Болага меҳрибонлик кўрсатиш ота-онанинг ва-зифасидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирган эди. Шунда у:

«Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпмаганман», – деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солдилар-да, сўнг:

«Ким раҳм қилмаса, унга раҳм қилинмас», – де-дилар».

Бухорий, Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилганлар.

Қизларга алоҳида ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлиш ҳақида ҳам Расулуллоҳнинг кўрсатмалари бор. Чунки қизлар меҳрга муҳтож, ўзлари ожиза бўладилар. Шу боис уларнинг тарбиясида кўпроқ эътибор, меҳр ва эҳтиёткорлик зарур бўлади.



12. Болалари орасида адолат қилиш ҳам ота-онанинг вазифасидир.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Отам мени кўтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, гувоҳ бўлинг, мен Нўъмонга ўз молимдан буни-буни бердим», – деди.

«Ҳамма ўғилларингга шунга ўхшаш бердингми?» – дедилар у зот.

«Йўқ”, – деди.

«Бунга мендан бошқани гувоҳ қил, – дедилар ва сўнгра: – Сени уларнинг барчаси сенга бирдек яхши-лик қилиши хурсанд қиладими?» – дедилар.

«Ҳа», – деди.

«Ундай бўлса, йўқ (тўғри қилмабсан)!» – дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар», дейилган.

Бешовлари ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадисга биноан, мусулмон инсон молиявий ма-салаларда ўз фарзандларининг барчасини баробар кўриши керак бўлади. Агар тенг имкониятли фарзанд-ларнинг бирига мол бериб, бошқасига бермаса ёки бири-га оз, иккинчисига кўп берса, адолатсизлик бўлади. Бола-лар орасида ҳиқду ҳасад, фитна кучаяди.



13. Балоғатга етгандан сўнг уйлантириб, оилали қилиб қўйиш ва бошқалар.



14. Тарбия олиш ҳам фарзандлик ҳақларидандир.

Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аё-лингизни ёқилғиси одамлару тошлардан бўлган ўтдан сақланг» (6-оят).

Аҳли аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбия-лаш оила бошлиғининг Аллоҳ таолонинг олдидаги бурчи эканига юқоридаги ояти карима ёрқин далилдир.

Ота-оналар мазкур таълимотларга амал қилиб, жисмоний ва руҳий-маънавий етук фарзандларни туғиб, тарбия қилиб, тарбиясини гўзал қилиб, ўзлари яшаб турган жамиятга қўшишлари инсон наслини муҳофаза қилиш борасидаги улкан хизмат бўлади. Улар ушбу хизматлари учун кўплаб ажр-савоблар оладилар.



6. Ислом шариати инсон наслини муҳофаза қилиш мақсадида наслга зарар етказадиган жинсий алоқаларни ҳаром қилди.

Мўминлар ўз қалблари, шахслари, ибодатлари, сўзлари ва ишлари ҳамда молларини покиза тутишлари билан бирга, жинсий ҳаётларини ҳам пок тарзда олиб бо-радилар. Бу эса ўз навбатида инсоннинг руҳи, оиласи ва жамияти поклигига далолат қилади. Мўминлар фақат ўз жуфти ҳалоллари ва мулк бўлиб тушган чўрилари билан-гина алоқа қиладилар. Бошқа жинсий алоқалар мўминлар учун ҳаромдир. Бу поклик бошқалари каби ниҳоятда за-рур бўлган покликдир. Шу туфайли, аввал айтилганидек, инсоннинг руҳи, оиласи ва жамияти покланади. Шу ту-файли инсоннинг насли пок бўлади.

Шунинг учун ҳам Ислом шариатида инсон наслини муҳофаза қилиш мақсадида зино ҳаром қилинган.

Зино – эркак кишининг ўз никоҳида бўлмаган аёл билан жинсий алоқа қилишидир. Худди шу маънода зино барча жамиятларда ахлоқий жиҳатдан разилат, диний жиҳатдан гуноҳ, ижтимоий жиҳатдан номуссизлик саналади. Бу умумий қоидадан фақат инсонийлигини йўқотган жамиятларгина четга чиққанлар. Чунки соф инсоний табиат зинони ҳеч қачон яхшилик сифатида қабул қила олмайди. Зеро, инсониятнинг боқий қолиши, камол топиши учун эркак билан аёл ўртасидаги алоқа доимий ва мустаҳкам аҳду вафо, жамият томонидан кафолатланган аҳду паймон асосида бўлиши керак. Шундай бўлмаса, наслу насаб поклиги ҳам, ота-болалик туйғуси ҳам, оила ҳам, жамият ҳам қолмайди, инсоният таназзулга юз тутади. Зино покликни ва олиймақом туйғуларни йўққа чиқарадиган амалдир. Шунинг учун ҳам ҳамма халқларда, ҳамма динларда, ҳамма жамиятларда зино қораланади.

Аллоҳ таоло «Исро» сурасида марҳамат қилади:

«Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фаҳш иш ва ёмон йўлдир» (32-оят).

Оятда «зино қилманглар» эмас, балки «зинога яқинлашманглар» дейилмоқда. Бу амр «зино қилманглар», дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги керак. Зинога олиб борувчи сабаблардан ҳам узоқда бўлиши лозим. Чунки:

«Албатта, у фаҳш иш ва ёмон йўлдир».

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни барча фаҳш иш-лар ва ёмон йўллардан қайтарган. Энди эса ҳам фаҳш ишдан, ҳам ёмон йўл бўлган зинодан қайтармоқда. Мўмин-мусулмонлар бу ишнинг нақадар хатарли экани-ни тушуниб етмоқлари ва ундан қайтмоқлари лозим.

Уламоларимиз «Зинодан қайтариш ҳақидаги ушбу оятнинг ўзидан аввалги – фарзандларни ўлдирмаслик ҳақидаги оятдан кейин ва ноҳақ одам ўлдиришдан қайтарган оятдан олдин келиши бежиз эмас» деган фикр-ни айтганлар. Чунки зино – ҳалол-пок йўл билан сар-фланганда фарзандлар пайдо бўладиган моддани беҳуда, ҳаром йўлга сарф қилишдан иборатдир. Зинокор иложи борича ушбу ҳаром алоқа туфайли бола бўлиб қолмаслигига уринади. Мабодо бола бўлиб қолса ҳам, туғилишидан олдин ёки кейин уни ўлдиради. Агар зино-дан бўлган бола ҳаётга келса ҳам, ҳаромдан бўлгани учун жамиятда тирик ўлик бўлиб юради.

Шу билан бирга, зино жамиятга ҳам катта зарарлар келтиради, бора-бора уни ҳалок қилиши мумкин. Қадимдан зинога мубтало бўлган жамият ва давлатлар ҳалокатга учраб келган.

Ислом шариатида эркакнинг эркак билан, аёлнинг аёл билан жинсий яқинлик қилиши ҳам ҳаром қилинган.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деди-лар:

«Қачон эркак эркакка яқинлик қилса, иккиси зи-нокордир. Қачон аёл аёлга яқинлик қилса, иккиси зинокордир».

Байҳақий ривоят қилганлар.

Шунингдек, инсоннинг ҳайвонга яқинлик қилиши ҳам ҳаром қилинган.

Чунки инсоният учун ор бўлган бу жиноятларнинг барчаси, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, ҳалол-пок йўл би-лан сарфланганда фарзандлар пайдо бўладиган, наслнинг муҳофазаси учун хизмат қиладиган аъзо ва моддани беҳуда, ҳаром йўлда сарф қилишдан иборатдир.

Ислом шариатида инсон наслига зарар етказадиган юқоридагига ўхшаш барча ишлар ҳаром қилинаверади. Бу масалада замон ўтиши билан янги пайдо бўлган иш-ларда ҳам аввалгиларига таққослаб иш кўрилаверади.

Инсоният фарзандсизликка қарши чора ахтариб, тур-ли тиббий усулларни қўллаб келган. Бу усуллар ўз замо-нига ва тиб илми тараққиётига қараб, турлича бўлган. Бизнинг асримизда сунъий йўл билан ҳомила пайдо қилиш йўлга қўйилди. Бу услубга биноан, табиий йўл билан эмас, сунъий йўл билан тушган уруғдан бачадонда бола пайдо бўлади.

Кейинчалик бу услуб яна ҳам ривожланиб, аввал уруғликни ташқарида урчитиб олиб, бир йўла тайёр ҳомилани бачадонга қўйиш жорий қилинди. Бу услубни турли номлар билан номлашмоқда. Баъзилар «найча усули» деса, бошқалар «найча боласи» дейди. Нима бўлганда ҳам, уруғликни олдин найчада урчитиб олишга ишора бор. Ҳаммамизга маълумки, бу усуллар мусулмон бўлмаган юртларда мусулмон бўлмаган одамлар томонидан йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, «Бу ишдан мусулмонлар ҳам фой-даланса бўладими?» деган савол ҳам пайдо бўлди. Му-сулмонлар ҳар бир нарсани қабул қилиш, жорий этишдан олдин ўйлаб кўрадилар. Ўз динларида буни қилиш мум-кин-мумкин эмаслигини сўраб, суриштирадилар. Бундай саволларга эса уламолар Қуръони Карим ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати мутаҳҳараларига суяниб жавоб берадилар.

Уламоларнинг бу саволга жавоблари бир хил: «Му-сулмонлар бу услублардан фойдалансалар бўлади». Аммо асосий шарт шуки, сунъий урчитишда ҳам, найчада урчитиб, сўнгра бачадонга қўйишда ҳам уруғлик аёлнинг ўз шаръий жуфти ҳалоли – эридан олинган бўлиши лозим. Бегона эркакдан олинган бўлса, зино ўрнида бўлади. Зотан, зинонинг ҳаром қилиниши, никоҳнинг йўлга қўйилишидан асосий мақсадлардан бири ҳам инсон на-слини нопокликдан, аралашиб кетишдан сақлашдир. Шунинг учун ҳам муслима аёлнинг бачадонига бегона эркакнинг уруғини киритиш Ислом шариати қоидаларига мутлақо тўғри келмайди. Бу ҳукмни асримиз мусулмон уламоларининг ҳаммалари иттифоқ қилиб айтганлар.

Бундан кейин яна янги гаплар чиқса, янги ихтиролар кашф қилинса ҳам инсон наслини муҳофаза қилишга хизмат қиладиган шунга ўхшаш қарорлар чиқаверади.



7. Ислом шариати инсон наслини муҳофаза қилиш мақсадида наслга зарар етказадиган жинсий алоқаларни қилганларга жазо белгилаган.

Инсон наслини муҳофаза қилиш мақсадида унга за-рар етказадиган жинсий алоқаларни қилишни ўзига эп кўрган нобакорларга қарши Ислом шариатида кескин чо-ралар кўрилиб, уларни инсоният душмани, унга қарши жиноят содир этган унсур сифатида жазолаш йўлга қўйилган.

Аввало, Қуръони Каримда зинокорларга қарши қуйидаги жазо эълон қилинган.

Аллоҳ таоло «Нур» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Зинокор аёл ва зинокор эркакни эса – уларнинг ҳар ‎бирини юз даррадан уринг. Агар сиз Аллоҳга ‎ва ‎охират кунига иймон келтирадиган бўлсангиз, ‎Аллоҳнинг динида сизларни уларга нисбатан ‎‎шафқат тутмасин. Ва уларнинг азобланишига бир гуруҳ ‎мўминлар гувоҳ бўлсинлар» (2-оят).

Инсоний табиати бузилмаган жамиятлар зинони ҳеч иккиланмай, «жазога лойиқ иш» деб баҳолаб келганлар.

Ҳиндлар зинокор аёлни итларга егизишган, эркакни қиздирилган темир сўрига ётқизиб туриб, атрофидан олов ёқишган.

Рим қонунларига кўра, қадимда зинокорларнинг мол-мулки мусодара этилган, кейинроқ ўлим жазосига ҳукм қилинган, сўнгра умрбод қамоқ жазоси билан алмашти-рилган ва ҳоказо.

Яҳудийларда зинокор ўлимга ҳукм этилган.

Исломда ҳам зино улкан жиноят ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу жиноят оила кўрган кишилар томонидан содир этилса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига биноан, тошбўрон қилиб ўлдирилади. Бу жазолар турмуш ўртоғига хиёнат қилгани ёки бировнинг номусини поймол этгани учун эмас, балки ҳалол йўл билан қондириши мумкин бўлган шаҳватини ҳаром йўл билан қондиргани учун берилади.

Агар одамларга шаҳватларини тартибсиз равишда, хоҳлаган йўл билан қондираверишларига ижозат берил-са, инсоният насли, унинг маданияти, маънавияти тез фурсатда ҳалокатга учрайди. Агар инсон оилавий ҳаётнинг масъулияти, оғирликлари ва машаққатларини бўйнига олмасдан, фақат шаҳватини қондиришга ҳаракат қиладиган бўлса, ундан ҳеч қачон бола тарбиясида, оила ва жамиятда бирор фойдали ишни кутиб бўлмайди. Бун-дай кишилар бир лаҳзалик шаҳватини қондириш учун ҳамма нарсани қурбон қилишга тайёрдирлар. Шунинг учун ҳам улар ҳар қандай оғир жазога лойиқ.

Оила кўрган шахс зино қилса, у ўлим жазосига тор-тилади.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мендан қабул қилиб олинглар! Мендан қабул қилиб олинглар! Батаҳқиқ, Аллоҳ у(аёл)ларга йўл оч-ди: бикр бикр билан бўлса, юз дарра ҳамда бир йил сургун. Оила кўрган оила кўрган билан бўлса, юз дарра уриш ҳамда тошбўрон», – дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилганлар.

Бачабозлик қилганнинг жазосида уламолар турли ҳукмларни айтганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимнинг Лут қавмининг амалини қилаётганини топсангиз, қилувчини ҳам, қилинувчини ҳам ўлдиринг», – дедилар».

Сунан эгалари ривоят қилганлар.

Ҳадисдаги «Лут қавмининг амали» дегани ливота, яъни эркак кишининг эркак киши билан жинсий алоқа қилишидир. Бу ифлос иш биринчи бўлиб Лут алайҳиссаломнинг кофир қавмларидан чиққани учун шу ном билан аталиб қолган. Бу иш энг разил ва энг бемаъни жиноятдир. Бу ишни фақат одамгарчиликдан эмас, балки ҳайвонлик доирасидан ҳам чиққан маҳлуқгина қилиши мумкин. Чунки ҳеч қандай ҳайвоннинг эркаги эркагига жинсий яқинлик қилгани кузатилган эмас.

Ушбу ишни биринчи бўлиб қилган қавм – Лут қавмига Аллоҳ таоло энг ашаддий азобни берган: уларни ерга ютдириб юборган. Осмондан устиларига тош ёғдирган.

Моликий ва Ҳанбалий мазҳаби уламолари ушбу ҳадисга амал қилиб, «Ливота қилувчи ким бўлишидан қатъи назар, ўлдирилиши шарт», дейдилар.

Саҳобалардан Абу Бакр, Умар, Али, Ибн Аббос розияллоҳу анҳулар ҳам шу фикрда бўлган эканлар.

«Ливота қилувчи ким бўлишидан қатъи назар, ўлдирилиши шарт», деган уламолар далил ва ҳужжатларга суянган ҳолларида ливотачини тўрт хил йўл билан қатл этишни ихтиёр қилганлар:

1. Ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Али розияллоҳу анҳулар «Қилич билан ливотачининг бошини танасидан жудо қилиш керак», деганлар.

2. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу, Молик ва Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳима «Тошбўрон қилиб ўлдириш керак», деганлар.

3. Моликий мазҳаби уламолари эса «Баланд жойдан ташлаб ўлдириш керак», деганлар.

4. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу «Ливотачини деворнинг остига ётқизиб туриб, устидан деворни ағдариб юбориш керак», – деганлар.

Эътибор берадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Лут қавмини ушбу азобларнинг барчасига дучор қилган.

Шофеъий мазҳабида «Ливотачининг жазоси худди зинокорнинг жазосига ўхшайди», дейилади. Бикр бўлса, дарра урилади, бикр бўлмаса, тошбўрон қилинади.

Ҳанафий мазҳаби уламолари эса «Ливота қаттиқ ва шармандали гуноҳ эканида ҳеч шубҳа йўқ, лекин у зино эмаслиги ҳам маълум. Шунинг учун ливотага зинонинг азобини қўллаб бўлмайди. Ливота учун таъзир берила-ди», – дейдилар.

Ҳар бир мазҳаб ўз фикрини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далилларни келтиришади. Замондош уламоларимиз биринчи мазҳабнинг фикри кучли, дейишади.

Шу ерда араб тилида «сиҳоқ» деб номланадиган ва аёл киши билан аёл киши орасида жинсий маънода бўладиган жиноятнинг ҳукмини ҳам айтиб ўтиш лозим бўлади.

Уламоларнинг иттифоқи бўйича, бу жиноятни қилганларга шароитга қараб таъзир берилади.

Ҳайвонга жинсий яқинлик қилганларнинг жазоси ҳам белгиланган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ҳайвонга яқинлик қилса, уни ва унга қўшиб, ўша ҳайвонни ҳам қатл қилинглар», – деди-лар».

Мен Ибн Аббосга:

«Ҳайвоннинг нима алоқаси бор?» – дедим.

«Менимча, у зот унга ҳалиги иш қилинганидан кейин унинг гўштини емоқликни кариҳ кўрганликлари учунгина айтганлар», – деди».

Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилганлар.

Шунингдек, икковлари Ибн Аббосдан:

«Ҳайвонга яқинлик қилганга ҳадд йўқ» деган ри-воятни ҳам келтирганлар.

Уламолар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ҳайвонга яқинлик қилган шахсни ва ўша қабиҳ иш қилинган ҳайвонни ўлдириш кераклиги ҳақидаги ривоят-нинг заиф эканини аниқлаганлар.

Шунинг учун ҳам жумҳур уламолари бу ривоятни амал учун қабул қилмаганлар, балки иккинчи, яъни ҳадд йўқлиги ҳақидаги ривоятни қабул қилганлар. Ҳадд тайин қилинмаган жиноятни қилганларга нисбатан эса таъзир чораси кўрилади. Ҳар замон ва ҳар макон ҳокимияти ша-роитга қараб, ҳамма нарсани ҳисобга олиб, таъзир жазо-сини қўллайди.



5. ИНСОННИНГ МОЛ-МУЛКИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ



Иқтисодий масала ҳар бир жамиятда муҳим ўрин ту-тади. Шунинг учун Исломда бу масалага алоҳида эъти-бор берилади. Аввало, мол-мулкка рағбат инсоннинг асл табиатида мавжудлиги таъкидланган.

Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида марҳамат қилади:

«Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп ‎тилло ва кумушдан, боқилган отлардан, ‎‎чорвалардан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг ‎муҳаббати чи-ройли кўрсатилди. Бу – дунё ‎‎ҳаётининг матоҳидир. Ва Аллоҳ – ҳузурида гўзал қайтар жой бўлган Зотдир» (14-оят).

Ояти каримада зикр қилинган нарсаларнинг муҳаббати «зийнатланди», дейилмоқда. Демак, бу муҳаббат инсоннинг асл табиатида бор. Бундай ҳолатнинг бўлиши табиий бир ҳолдир. Модомики, инсон табиатида ушбу рағбатлар бор экан, Аллоҳнинг Ўзи ин-сонни шундай яратган экан, бу нарсалар инсон ҳаётини муҳофаза қилишда, унинг гўзал ва завқли кечишида хиз-мат қилмоғи лозим. Шунинг учун Ислом дини мазкур нарсаларни ҳаром қилган эмас, балки мубоҳ қилган. Бу нарсаларни ман қилишни эмас, тартибга солишни йўлга қўйган. Ислом кишиларни тарбия қилиб, шаҳват дарёси-да, жумладан, молиявий шаҳват дарёсида ҳалок бўлмасликка чақиради. Инсон мазкур шаҳватларнинг қули эмас, балки хожаси бўлиб, уларни ўз тасарруфига олиши даркор.

Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини, қиёматгача боқий қолувчи дини, барча замонлар ва маконларда инсониятга икки дунё саодати йўлини кўрсатиб берувчи дини – Ислом инсон саодати учун зарур омил бўлган мол-мулкни муҳофаза қилиш учун барча керакли чораларни кўргандир.



1. Ислом шариати мол-мулкни муҳофаза қилиш мақсадида одамларни меҳнат қилишга, ризқни териб ейишга, ер юзида ҳаракат қилишга, касби-корга ун-даган.

Аллоҳ таоло «Жумуъа» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб ‎тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва ‎‎Аллоҳни кўп эсланг, шоядки, зафар топсангиз» (10-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ер юзига тарқалиб, ҳалол йўл билан ризқ топишга тарғиб қилмоқда ва бу ишни «Аллоҳ таолонинг фазлидан талаб қилиш» деб номламоқда.

Аллоҳ таоло «Мулк» сурасида бундай дейди:

«У сизларга ерни бўйсундириб қўйган Зотдир. ‎Бас, анинг турли жойларида юринг ва Унинг ‎‎ризқидан енг. Тирилиш ҳам Унинг саридир» (15-оят).

Ушбу ояти карима Ислом дини бўйича, меҳнатга чорлаш, ризқни териб ейиш, ер юзининг турли жойлари-да ҳаракат қилиш зарурлигига далилдир. Бу оятдаги «юринг» деган хитоб мусулмонларни доимо касби-корга ундаган ва дангасалик, бекорчиликдан четлатган. Шу би-лан бирга, ризқ Аллоҳ таолодан бўлишини ҳам унутмас-лик зарурлигини эслатган.



2. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида бировнинг молини ботил йўл билан ейиш-ни ҳаром қилди.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг» (29-оят).

‎Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик ва бошқалар киради.



3. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида ўғриликни ҳаром қилди ва бу жиноятга қарши оғир жазо қўллади.

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида маҳамат қилади:

«Ўғри эркак ва ўғри аёлга касб қилган нарсалари учун жазо, Аллоҳ томонидан бездирувчи иқоб ‎ўлароқ уларнинг қўлларини ‎кесинглар. Аллоҳ ‎Азийздир, Ҳакиймдир» (38-оят).

«Ўғрилик» сўзи «луғатда молни махфий равишда ҳийла йўли билан олиш» маъносини англатади.

Шаръий истилоҳда «Ўғрилик – оқил, болиғ, ҳаққи йўқ ва ҳақ шубҳаси йўқ киши томонидан махсус миқдордаги молни маълум беркитилган жойдан махфий равишда олишдир».

Ислом жамиятда яшаётган кишиларга, улар ким бўлишидан қатъи назар, яхши ҳаёт кечириш ҳаққини бе-ради. Уларни тўғри йўлда тарбиялайди. Ижтимоий ҳаётда адолатни ўрнига қўяди. Шахсий мулкнинг ҳалол йўл билан ривожланишига эшикни кенг очиб қўяди. Жа-мият аъзоларининг ижтимоий таъминотини ҳам йўлга қўяди. Хулоса қилиб айтганда, кишиларни ўғриликка бошлайдиган омилларнинг олдини олади. Ана шундан кейингина ўғрининг қўлини кесишга ҳукм чиқаради.



4. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида рибохўрликни ҳаром қилди.

Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Рибони бир неча баро-бар қилиб еманг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, за-фар топсангиз‎» (130-оят).

 «Рибо» сўзи луғатда «зиёдалик» ва «ўсиш» маънола-рини англатади.

Шаръий истилоҳда эса рибо – молни молга алмашти-ришда эвазсиз ортиқча мол олишдир.

Рибо, яъни судхўрлик бечораларнинг ночорлигидан фойдаланиб, уларнинг меҳнати эвазига бойлик ортти-ришдан иборатдир. Бир инсон ночор бўлиб, иш юритиш-га, оила тебратиб, бола-чақа боқишга сармояси қолмай, пулдор кишининг олдига ҳожатини айтиб борса, унга садақа ёки қарзи ҳасана беришнинг ўрнига судхўрлик юзасидан муомала қилади. Яъни «Мен сенга маълум муддатга маълум миқдор пул бераман. Сен бу пулни бунча фоизга кўпайтириб берасан», – дейди. Агар тайин-ланган муддатдан кеч қолса, яна устига фоиз қўшилади ва ҳоказо.

Шундай қилиб, бир тоифа одамлар бошқаларнинг ночор ҳолидан меҳнатсиз бойлик орттириш учун фойда-ланадилар. Рибохўрлик бор жамиятда ноҳақлик, иқтисодий зулм авжига чиқади. Оқибатда мол-мулк бир гуруҳ судхўрларнинг қўлига ўтиб қолиб, жамият улар-нинг хоҳишига биноан яшашга мажбур бўлади.



5. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида алдамчиликни ҳаром қилди.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таом сотаёт-ган одамнинг олдидан ўтаётиб:

«Қандай сотяпсан?» деб сўрадилар. У хабар берди. Шунда у зотга «Қўлингни у(таом)нинг ичига тиқ», – деб ваҳий қилинди. У зот қўлларини тиқсалар, ҳўл экан. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким алдаса, биздан эмасдир», – дедилар».

Абу Довуд, Муслим ва Термизийлар ривоят қилганлар.

Муслим ва Термизийларнинг лафзида:

«У зот:

«Эй таом эгаси! Бу нима?!» – дедилар.

«Ёмғир теккан эди, эй Аллоҳнинг Расули», – деди у.

«Одамлар кўришлари учун буни таомнинг устига қилсанг бўлмасмиди! Ким алдаса, мендан эмас!» – де-дилар», дейилган.

Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, савдога қўйилган молнинг айбини айтмай сотиш алдамчилик ҳисобланади ва бу иш ҳаромдир.



6. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида қиморни ҳаром қилди.

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, ‎‎бутлар ва (фол очадиган) чўплар шайтон ишидан ‎‎бўлмиш ифлосликдир. Бас, ундан четда бўлинг. ‎‎Шоядки, зафар топсангиз‎» (90-оят).

«Қимор» аслида арабча сўз, аммо оятда айнан «қимор» сўзи эмас, балки унинг маънодоши – «майсир» сўзи келтирилган. Бу сўз «осонлик билан мол топиш» де-ган маънони билдиради, яъни қиморнинг ҳақиқий маъно-сига далолат қилади.

Аллоҳ таоло ушбу оятда хамр тановул қилиш ва қимор ўйнаш каби амалий гуноҳларни бутга чўқиниш ва фолбинга ишониш каби куфр ва ширк саналган улкан маънавий жиноятларга тенглаштирмоқда.

Шунингдек, қимор ҳам зарари кўп иллатдир. Айниқса, унинг кишилар ўртасига адоват ва нафрат со-лиши ҳаммасидан ўтиб тушади. Буни содда мантиқ ҳам кўрсатиб туради. Ютқизган қиморбоз ўзидан бир дақиқада бир ҳаракат билан кўп ёки оз миқдордаги маблағни ютиб олган қиморбозни ҳеч қачон яхши кўрмайди ёки унга ўзини дўст санамайди. Қиморнинг орқасидан чиққан жанжаллар, душманликлар, ёмон кўришлар, қотилликлар ҳақида ҳар доим эшитиб тура-миз.

Аллоҳ таоло қиморни «ифлослик ва шайтоннинг иши» деб атамоқда. Аллоҳ Ўз бандаларига меҳрибон бўлгани учун уларни ифлосликдан ва шайтоннинг иши-дан қайтаради. Нопок таомларни зарарли бўлгани учун ҳаром қилганидек, ифлос ишларни ҳам зарарли бўлгани учун ҳаром қилади.



7. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида нархни сунъий равишда кўтаришни ҳаром қилди.

Луғатда ушлаб туриш «эҳтикор» деб аталади. Шари-ат истилоҳида «Эҳтикор – сотиб олинган нарсани нархни ошириш учун қасддан сотмай, ушлаб туришдир».

Маъмар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким эҳтикор қилса, ўша хатокордир», – деди-лар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилганлар.

Эҳтикорчилар, яъни монополиячилар турли йўллар билан нархларни сунъий тарзда ошириш, бозорда фақат ўз молини қолдириб, у мол қандай бўлишидан қатъи на-зар, энг юқори нархда сотиш йўлларини қидирадилар. Бу ишда кўпчиликка зарар борлиги учун у ҳаром қилинган.



8. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида ғасбни ҳаром қилди.

«Ғасб» сўзи «зулм ва куч билан тортиб олиш» деган маънони англатади. Бир нарсани «ғасб қилди» дегани «тортиб олди» деганидир.

Шариат истилоҳида: «Очиқ-ойдин куч ишлатиб, мулк эгасини ўз молидан маҳрум қилиш «ғасб»дир». Ғасб би-ровнинг молини ноҳақдан тортиб олишдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Зинокор зино қилаётганида мўмин бўлмас, ароқхўр ароқ ичаётганида мўмин бўлмас, ўғри ўғрилик қилаётганида мўмин бўлмас, талончи молни тортиб олаётганда, одамлар унга кўзларини тикиб қараб қолганларида мўмин бўлмас», – дедилар».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Бировнинг молини зўрлик билан тортиб олиш энг катта гуноҳлардан биридир. Бу иш мўминликка ҳеч тўғри келмайдиган ишдир. Бировнинг мол-мулкини зўрлик би-лан, ноҳақдан тортиб олувчи киши ҳақидаги энг енгил ҳукм ўша ишни қилаётган пайтда ундан иймон чиқиб ту-ришидир. Шунинг учун ҳеч қачон ҳеч кимнинг заррача молини ҳам ноҳақдан олмаслик керак.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ноҳақлик билан ердан бир нарса олса, қиёмат куни етти қават ерга юттирилур”, – дедилар».

Бухорий ривоят қилганлар.



9. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида ғарарни ҳаром қилди.

«Ғарар» сўзи луғатда «хатар» маъносини билдиради.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ғарар савдосидан қайтарганлар.

Фиқҳий истилоҳга кўра, «ғарар» «эҳтимол», «шак» ва «иккиланиш» деган маъноларни англатади. Киши ғарарда қилаётган ишининг ҳосил бўлиш-бўлмаслигини била олмай, иккиланиб қолади. Моликий уламоларининг баъзилари ғарарга таъриф бериб:

«У мақсад ҳосил бўлиши ёки ҳосил бўлмаслиги каби икки ишнинг ўртасида тараддудланиб қолишдир», дейдилар.

Баъзи шофеъийлар:

«Ғарар икки иш ўртасида тараддудга тушишдир ёки икки ишнинг эҳтимолини билмаслик, гумоннинг кўпроғи ишнинг бўлмайдиган (хатарли) томонидир», – дейдилар.

Ҳанафий уламоларнинг айримлари:

«Ғарар ишнинг вужудга келиши ёки келмаслиги ўртасида туриб қолишдир. Бу шак мақомидир» деган таърифни берадилар.

Сувдаги балиқ, учиб юрган қуш, чорва қорнидаги ҳомила, қочиб кетган ҳайвон кабиларнинг савдолари ғарар савдосига мисол бўлади. Бу ерда сўз мулк қилиш мумкин бўлган балиқ ва қуш каби жониворлар ҳақида бормоқда. Агар мулк қилиб бўлмайдиган нарсалар бўлса, уларнинг савдоси мутлақо жоиз эмас.



10. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида пора олишни ва беришни ҳаром қилди.

«Пора» араб тилида «ришва» деб аталади. Шаръий истилоҳда «Пора – ҳақни йўққа чиқариш ва ботилни юзага чиқариш учун бериладиган нарсадир».

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Пора берувчига ва пора олувчига Аллоҳнинг лаъна-ти бўлсин», – дедилар».

Бешовларидан фақат Насаий ривоят қилмаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларини ҳам ушбу ҳаром ишни қилганлари учун лаънатламоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаънатлари жуда оғир жазодир. Чунки лаънат бировнинг Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини сўрашдир. Аллоҳнинг маҳбуб Расули Аллоҳдан сўраган нарса бўлмай қолмаслиги ҳаммага маълум.



11. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида исрофни ҳаром қилди.

Исроф – тежамкорликдан ёки мўътадил чегарадан чиқиб кетишдир. Молни ўз ўрнига сарфламаслик ҳам ис-роф дейилади.

Баъзилар: «Нафақада ҳаддан ошиш, кишининг ҳалол бўлмаган нарсани ейиши ёки ҳалол нарсани ҳам мўътадиллик ва эҳтиёждан ортиқ емоғи исрофдир», – дейишади.

Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида марҳамат қилади:

«Ва исроф қилманглар. Албатта, У исроф қилгувчиларни суймас» (141-оят).

Исроф қилмаслик умумий маънода: йиғиб-териб олишда, сақлашда, бировга беришда ва ниҳоят, тановул қилишда ҳам бўлади. Ким исроф қилса, Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳкор бўлади. Чунки:

«Албатта, У исроф қилгувчиларни суймас».

Имом Бухорий қилган ривоятда:

«Енглар, ичинглар ва кийинглар. Аммо исроф ва манманлик қилманглар», дейилган.



12. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида молиявий муомалаларни ёзиб боришни ва уларга гувоҳ келтиришни жорий қилди.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда ‎уни ёзиб қўйинг. Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин. Ҳеч бир ёзувчи Аллоҳ ‎билдирганидек қилиб ёзишдан бош тор-тмасин. Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган ‎киши ай-тиб турсин, Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нар-сани камайтирмасин. Агар ‎ҳақ зиммасига тушган киши эси паст, заиф ёки айтиб тура олмайдиган бўлса, унинг ‎валийcи адолат билан айтиб турсин. Эр-какларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг. ‎Агар икки эркак киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эркак ва икки ‎аёл бўлсин. Икко-ви(аёл)дан бирорталари адашса, бирлари бошқаларининг эсига ‎солади. Ва чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасинлар. Кичик бўлса ҳам, катта ‎бўлса ҳам муддатигача ёзишингизни малол олманг. Шундай қилмоғингиз Аллоҳнинг ‎ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликка кучлироқ ва шубҳаланмаслигингиз учун ‎яқинроқдир. Илло орала-рингизда юриб турган нақд савдо бўлса, уни ёзмасан-гиз ҳам ‎сизга гуноҳ бўлмас. Олди сотди қилганингизда гувоҳ келтиринг ва ёзувчи ҳам, гувоҳ ‎ҳам зарар тортмасин. Агар (аксини) қилсангиз, албат-та, бу фосиқлигингиздир. Аллоҳга ‎тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм берадир. Аллоҳ ҳар бир нарсани би-лувчи Зотдир»‎» (282-оят).

«Ояти мудояна» – «қарз олди-бердиси ояти» номини олган ушбу ояти карима Қуръони Каримдаги энг узун оятдир. Ушбу ояти карима Қуръони Карим, Ислом дини инсон ҳаётининг барча томонларини қамраб олганига ёрқин мисолдир. Бу ояти каримани ўрганган одам бошқа барча тузум ва жамиятлар ўзларининг асосий ҳужжатларида деярли эътиборга олмаган, бироқ инсон ҳаётида тез-тез учраб турадиган муҳим молиявий муомала – қарз масаласига Қуръони Карим қанчалик аҳамият берганини англаб етади.



13. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида ҳалол касбга амр қилди ва ҳаромдан мол топишни ман қилди.

Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида бундай деб марҳамат қилади:

«Бас, Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган ‎нарсалардан ҳалол-пок ҳолда енглар. Ва агар ‎Унгагина ‎ибодат қиладиган бўлсангиз, Аллоҳнинг ‎неъматига шукр қилинглар» (114-оят).

Ароқ, нажосат тушган сув каби ичимликлар, чўчқа гўшти, Аллоҳнинг исми айтилмай сўйилган ҳайвонлар гўшти ва никоҳида бўлмаган шахс билан жинсий алоқада бўлиш кабилар ҳаромдир. Бинобарин, бундай нопок нар-салар воситасида пул топиш ва сарф қилиш ҳам ҳаромдир.

Шу билан бирга, ўзи ҳалол бўлган нарсаларга шари-атда ман қилинган йўл билан эга бўлинса, улар ҳам ҳаромга айланиб қолади. Мисол учун, зулм, ўғрилик, рибохўрлик, алдамчилик, порахўрлик йўли билан топил-ган ҳар бир нарса, ўзи қанчалик пок бўлса ҳам, топувчига ҳаромдир.

Шунинг учун ҳам уламоларимиз «Ўзида ҳаромлик сифати бор ёки ман қилинган йўл билан топилган нарса мутлақ ҳаромдир», деб таъриф берадилар. Мусулмон киши учун ҳаромдан ҳазар қилиш фарздир.

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳаром йўл билан бировнинг молини ейишдан қатъий равишда қайтарган.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида шундай дейди:

«Ва бир-бирингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг» (188-оят).

Ботил йўл билан ейишга ҳаромнинг барча турлари: қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб ёки ҳаром касблар билан мол топиш ва бошқалар киради.



14. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида молиявий ибодатларни жорий қилди.

 Ислом закот, фитр садақаси, назр каби фарз ва вожиб молиявий ибодатларни жорий қилиш билан бирга, их-тиёрий садақа ва ҳадя каби суннат ва нафл молиявий ибодатларни ҳам жорий қилди. Закотни ўзининг беш рукнидан бири қилди. Мазкур молиявий ибодатлар ҳақида бошқа жойларда сўз юритилгани учун бу ерда фақатгина ўлжа тақсимоти ҳақидаги оятдаги бир жумла-нинг озроқ тафсирини келтиришга ижозат бергайсиз.

Аллоҳ таоло «Ҳашр» сурасида марҳамат қилади:



«Аллоҳ Ўз Расулига шаҳар-қишлоқ аҳлидан қайтариб берган нарса Аллоҳгадир ва ‎Унинг Расулига ‎ва қариндошларга, етимларга ва мискинларга ва йўқсил йўлчигадир. ‎Сизлардан бойларингиз ‎орасида айланадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун. Расул сизга ‎нимани берса, ўшани олинглар ‎ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан ‎қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ – иқоби ‎шиддатлидир‎» (7-оят).

Аллоҳ таоло ушбу оятда «Сизлардан бойларингиз орасида айланадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун» деган қавли ила улкан молиявий муомалалардаги муҳим қоидалардан бирини баён қилмоқда.

Бу қоида Ислом иқтисодидаги улкан қоидалардан биридир. Аслида, жамиятнинг моли ҳамма аъзолари ораси-да айланиб туриши керак. Фақат бойларнинг орасида ай-ланадиган бўлса, мол бир гуруҳ одамлар қўлига ўтиб, жамиятнинг қолган аъзолари уларга қарам бўлиб қолади. Натижада бойлар нимани хоҳласа, қилаверадиган, қолганлар эса уларнинг хоҳишларига бўйсунишга маж-бур бўладиган ҳолат юзага келади. Ислом шахсий мулкчиликни ҳимоя қилиб, ҳурматлаш билан бир қаторда, сармоянинг туғёнига ҳам чек қўяди. Ижтимоий адолат бўлишига даъват этади. Шунинг учун ҳам закот фарз қилинди, судхўрлик ҳаром қилинди ва бошқа қоидалар жорий этилди.

Мулоҳаза қилган бўлсангиз, Ислом шариатининг молнинг муҳофазаси учун жорий қилган ҳукмлари ҳақидаги гапимиз анча чўзилиб кетди. Чунки инсон сао-датининг тўлиқ кафолатчиси бўлган бу динда ушбу масалага алоҳида эътибор берилган. Зеро, мол жоннинг ҳамроҳидир. Иқтисод – инсон ҳаётининг ажралмас қисмидир. Шунинг учун молга боғлиқ муаммоларнинг тўғри ҳал бўлиши инсон ҳаётига катта таъсир кўрсатади.

Шунинг учун ҳам Исломдаги молиявий муомалаларни тартибга солишда инсон саодатига фойда келтиради-ган барча нарсаларга рухсат берилган ва аксинча, инсонга зарар келтирадиган барча нарсалар ман қилинган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

"Мукаммал саодат дастури" китобидан