loader
Foto

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам турмуш тарзлари ҳақида келган ривоятлар

Симок ибн Ҳарбдан ривоят қилинишича, у Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу шундай деганини эшитган экан: “Сизлар ўзларингиз истаган таом ва ичимлик ичида эмасмисиз? Шубҳасиз, мен Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни (шундай ҳолатда) кўрганман, қоринларини тўлдириш учун сифатсиз хурмо ҳам топа олмасдилар(санади ҳасан)”.

Шарҳ. Тобеинлар даврига келиб, ҳаёт бирмунча фаровонлашган, яшаш тарзи анча яхшиланган. Машҳур саҳоба Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу тобеинларнинг шу ҳолатини кўриб, саодат асрини эслаган, “Сизлар истаган овқатингизни еб, ичимлигингизни ичаяпсизлар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дамларни бошларидан кечирганлар. Ўша вақтларда қорин тўйдириш учун ҳатто сифатсиз хурмо мевасини ҳам топа олмасдилар”, деган. Демак, очликдан қутулиш учун сифати паст хурмо топилмаган бўлса, сифатли хурмо ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан саҳобалар маълум вақт шундай оғир кунларни кўришган. Шунинг учун Нўъмон розияллоҳу анҳу тобеинларга неъматларни қадрлаш, шукр қилиш, дунёга берилиб кетмаслик ло-зимлигини тайинламоқда.



Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Биз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оиласи (ўчоққа) бир ойлаб ўт ёқмасдик. (Еганимиз) фақат хурмо билан сув бўларди (санади саҳиҳ.

Бу ҳадисни Бухорий (6458) ва Муслим (2971) “Саҳиҳайн”да, Термизий “Сунан”да (2471), Аҳмад “Муснад”да (6/50), Абдураззоқ “Мусаннаф”да (20625), Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да (729) ривоят қилган)”.

Шарҳ. Эътибор беринг: нубувват соҳиби хонадонида ойлаб ўчоққа ўт ёқилмаса, иссиқ овқат ва нон ейилмаса, гўшт истеъмол қилинмаса! Фақат хурмо билан сув егулик бўлса! Дунё Аллоҳ наздида нақадар паст! Агар олий бўлганида уни суюкли Пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга тўла-тўкис қилиб берарди, ахди байт дастурхони доим тўкин-сочин бўларди, уйларидан сара неъматлар узилмасди. Йўқ, ундай бўлмади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва аҳли байт оғир кунларни ҳам кўришган, қуруқ хурмо ва сув билан қорин тўқлаб кетаверишган. Шундай бўлса-да, сабр қилишган, Аллоҳ берган ризққа рози бўлиб яшашган.



Абу Талҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга очликдан шикоят қилдик ва қоринларимизга (боғлаб олганимиз) тошларни битта-биттадан чиқардик. Шунда у зот қоринларига (боғлаб олганлари) иккита тошни чиқардилар”. (санади заиф.

Бу ҳадисни мусанниф “Жомеъ”да (2371), Миззий “Таҳзибул камол”да (12/171) ривоят қилган. Яна қаранг: “Туҳфатул аш-роф”, 3773-ҳадис; “Ал-Муснадул жомеъ”, 3948-ҳадис)

Абу Исо айтди: “Абу Талҳадан (нақл қилинган) бу ҳадис ғарибдир. Уни фақат мана шу жиҳатдан биламиз.

“Қорнимизга (боғлаб олганимиз) тошларни битта-битта чиқардик” деганининг маъноси: Уларнинг ҳар бири очлик сабабидан келиб чиққан машаққат ва заифликдан қорнига тош боғлаб оларди”.

Шарҳ. Саҳобалар очлик зўридан қоринларига кичикроқ тош боғлаб олишарди. Чунки, инсон қорни очганида қўли билан қорнини эзса, очлик ҳисси бир оз камайгандек бўлади. Улар бирон егулик топа олмасдан очликни сал бўлса ҳам босиш ёки қорин билан белни маҳкам ушлаб туриши учун кичикроқ тошни қоринларига боғлашарди. Ҳолат жуда оғирлашса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига шикоят қилиб боришарди. Бир сафар Абу Талҳа ва бир гуруҳ саҳобалар Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларига бориб, ҳар бири кийимини кўтариб, қорнидаги тошни олиб кўрсатди. Шунда Расули акрам қоринларидан иккита тошни олдилар. Демак, у зотнинг ҳолатлари саҳобаларникидан оғирроқ бўлган. Чунки очлик кучли бўлса, қоринга боғланадиган тошлар сони кўпаяди.



Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (одатда, бирон жойга) чиқмайдиган, унда биров билан учрашмайдиган вақтда (ташқарига) чикдилар. Шунда (сафарда ҳам, муқимликда ҳам доим бирга бўладиган дўстлари) Абу Бакр у зот олдиларига келди. “Нима юмуш билан келдинг, эй Абу Бакр?” деб сўрадилар. У: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни учратаман, (муборак) юзларига қарайман, у зотга салом бераман, деб чиқдим”, деди. Ҳеч қанча вақт ўтмай Умар ҳам келди. Шунда Расулуллоҳ: “Нима юмуш билан келдинг, эй Умар?” деб сўрадилар. “Очлик (сабабидан), эй Расулуллоҳ”, деди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ҳам уни озроқ ҳис қилдим”, дедилар. Кейин Абул Ҳайсам ибн Таййиҳон Ансорийнинг уйига қараб кетишди. У кишининг хурмо ва қўй-эчкилари кўп эди. Аммо хизматкори йўқ эди. Улар боришса, Абул Ҳайсам (уйда) йўқ экан. Шунда аёлидан: “Соҳибингиз қаерда?” деб сўрашди. Аёли: “Биз учун чучук сув излаб кетганди”, деди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Абул Ҳайсам мешни тўлдириб келиб қолди. Уни қўйди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни (кўриб, хурсандлигидан у зотни) бағрига босиб, “Ота-онам Сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ!” деди. Сўнг уларни боғига олиб бориб, (ўтиришлари учун ерга) гилам тўшади. Кейин хурмо дарахти олдига борди. Бир бош хурмо олиб келиб, у зот олдиларига қўйди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “(Хурмони боши билан узиб келтиришинг шарт эмасди.) Биз учун янги пишган хурмоларни танлаб, келтирсанг бўлмасмиди?” дедилар. Абул Ҳайсам: “Эй Расулуллоҳ, пишганини ҳам, ғўрасини ҳам ўзларингиз танлаб ёки саралаб олишингизни истагандим”, деди. Улар (хурмодан) ейишди, ҳалиги (чучук) сувдан ичишди. Шунда Расулуллоҳ: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бу салқин соя, мазали хурмо, муздек сув шундай неъматларданки, улар ҳақида қиёмат куни сўраласиз”, дедилар. Абул Ҳайсам уларга таом пишириш учун кетди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бизга соғиладиган (ҳайвонни) сўя кўрма. (Сутидан фойдаланиб турилади)”, дедилар. Абул Ҳайсам улар учун урғочи ёки эркак улоқни сўйиб, тезда (пишириб,) олдиларига келтирди. Улар (таомни) ейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (унинг бу саховатини мукофотлаш учун): “Сенинг хизматкоринг борми?” деб сўрадилар. У: “Йўқ”, деди. “Агар бизга асир келса, олдимизга бор”, деб тайинладилар. Орадан кўп ўтмай Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига икки бош (асир) олиб келинди. Уларнинг учинчиси йўқ эди. Шунда у зот ҳузурларига Абул Хдйсам келди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иккисидан (хохдаганингни) танла”, дедилар. У: “Эй Расулуллоҳ, ўзингиз мен учун танлаб беринг”, деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, маслаҳат сўралган ишонилгандир (яъни, маслаҳат берувчи маслаҳат сўраган одамга холислик қилишига ишонилади). Бунисини ол. Чунки мен унинг намоз ўқиётганини кўрдим. Унга яхши муомалада бўл”, дедилар. Кейин Абул Ҳайсам аёлининг олдига бориб, (ўша хизматкорга қандай муносабатда бўлиш ҳақида маслаҳатлашиш учун) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган гапни унга етказди. Шунда аёли: “Сиз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ҳақида айтган сўз (яъни, насиҳат) ҳақиқатига уни озод қилмагунингизча ета олмайсиз”, деди. Абул Ҳайсам (ўйланиб ўтирмасдан) ўша заҳоти: “У озоддир”, деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ бирон пайғамбар ва ўринбосар юборса, албатта, унинг икки маслаҳатчиси бўлади. Бири уни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаради. Яна бири унга зарар етишига бепарво (яъни, масъулиятсиз) бўлади. Ким ёмон маслаҳатчидан сақланса, ҳақиқатан, (дунё ва охиратда барча кўн-гилсизликлардан) сақланибди”, дедилар”. (санади саҳиҳ. Бу ҳадисни Абу Довуд (5128), Термизий (2369), Насоий (7/158) ва Ибн Можа (3745) “Сунан”да, Аҳмад “Муснад”да (2/237, 289), Ҳоким “Мустадрак”да (4/131) ривоят қилган.)

Шарҳ. Бу ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо ўзига тўқ, бадавлат саҳоба Абул Ҳайсамнингуйида меҳмон бўлишгани, уларга иззат-икром кўрсатилгани баён этилган.

Ривоятда Абул Ҳайсамнинг завжаси яхши маслаҳатчи бўлганига ҳам алоҳида урғу берилган. Чунки у Расули акрам тавсияларини тўкис бажариш учун - гарчи нафсга оғирроқ бўлса ҳам - эрига тўғри йўл кўрсатган.



Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Албатта, мен Аллоҳ азза ва жалла йўлида қон тўккан биринчи кишиман. Албатта, мен Аллоҳ йўлида ўқ отган биринчи кишиман. Ўзимни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бир гуруҳда душманга қарши курашаётганимни кўрганман. Ўшанда биз дарахт ва ток баргларидан бўлак ҳеч нарса емасдик. Ҳатто оғизларимиз чети яра бўлиб кетган. Ҳар биримиз худди қўй ва туя каби ҳожат чиқарарди. Бани Асад мени динда маломат қила бошлади! (Агар улар айтаётган гап рост бўлса,) у ҳолда мен (яхшиликдан) аниқ маҳрум бўлибман, зиён кўрибман, амалим бекор кетибди”. (санади саҳиҳ. Бу ҳадисни Бухорий (3828, 5413, 6453) ва Муслим (2966) “Саҳиҳайн”да, Термизий (2365), Ибн Можа (131) ва Доримий (2420) “Сунан”да, Аҳмад “Муснад”да (1/174,181, 186) ривоят қилган.)

Шарҳ. Буюк саҳоба Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Аллоҳ йўлида ғаним билан курашиб биринчи қон тўккан, душманларга қарши камондан биринчи ўқ отган кишидир. Саъд бу гапни мақтаниш, фахрланиш учун эмас, ўз шаънини ҳимоя қилиш мақсадида айтган.

Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан юборилган жангчи гуруҳца рақиблар билан курашиб, оғир кунларни бошдан ўтказишган. Ҳатто ейишга ҳеч вақо топа олишмаган. Иложсизлиқдан дарахт ва ток баргларини ейишган. Барг оғизлари четини қийиб юборгани учун яра-чақа бўлиб кетган. Чорва ҳайвонлари ейдиган нарса еганлари учун худди қўй, эчки ва туяникига ўхшаш ахлат чиқаришарди.

Бани Асад қабиласи Басра амири Саъд ибн Абу Ваққос устидан шикоят қилган, у намозни яхши ўқимаётганини айтган. Жобир ибн Самура розияллоху анхудан бундай ривоят қилинади: “Куфа ахди Саъд устидан Умар розияллоҳу анҳуга шикоят қилди. Умар ўша за-ҳоти уни мансабидан олиб, уларга Амморни закот йиғувчи қилиб тайинлади. Улар шикоят қилишди. Ҳатто (Саъд) намозни чиройли ўқимаётганини зикр қилишди. Умар Саъдга мактуб йўллаб, “Эй Абу Исҳоқ, булар айтишича, сен намозни чиройли ўқимаётган экансан?” деди. Шунда Абу Исҳоқ (яъни, Саъд ибн Абу Ваққос); “Менга келсак, Аллоҳга қасамки, мен улар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларини ўқир эдим, ундан бирон нарсани камайтирмасдим. Хуфтон намозини ўқисам аввалги икки ракатини узунроқ, кейинги икки ракатини қисқароқ қилардим”, деди. Шунда Умар: “Эй Абу Исҳоқ, сен ҳақингда гумон шундай эди”, деб айтди...” (Бухорий ривояти).

Саъд ибн Абу Ваққос Бани Асад шикоятига муносабат билдириб: “У ҳолда мен (яхшиликдан) аниқ маҳрум бўлибман, зиён кўрибман, амалим бекор кетибди”, деган. Яъни, агар улар айтаётганидек, Диннинг устуни бўлмиш намозни чиройли адо этмаётган бўлсам, зарар кўрибман, қилган амалларим бекор кетибди.

Аслида Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ҳақ бўлган, айримлар ёлғон ва туҳмат тарқатиб, одил етакчи устидан амиралмўмининга шикоят қилишган. Жамиятда бундай кимсалар исталганча топилади. Улар эътиборли, илмли, салоҳиятли инсонлар номини булғаш учун ёлғон маълумотлар тарқатишади, устидан шикоятлар қилиб, зарар етказмоқчи бўлишади. Бу мусибат кўпроқ илм аҳллари, ҳақ йўлдаги, жонкуяр кишилар бошига тушади.



Холид ибн Умайр ва Шувайс Абу Руқод айтдилар: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Утба ибн Ғазвонни юборди ва: “Сен ва сен билан бирга бўлганлар боринглар. Араблар юртининг энг узоқ, ажамлар юрти(нинг бизга) энг яқин (чегарасига) етиб борсангиз, (буюрилган томонга қараб) юринг”, деди. Улар мирбадда (яъни, ўша вақтда ҳали қурилмаган Басра шарҳининг қўй ва туя сақланадиган ёки янги пишган хурмолар қуритиладиган жойида) бўлишганида бу жилвиртошни (оқ, нозик, ғовак тошни) топишди. Шунда улар: “Бу нима?” деб сўрашди. Улар: “Бу басра (яъни, оққа мойил, юмшоқ тош)”, дедилар. Улар юриб бориб (Дажла дарёси устига қурилган) кичик кўприк рўпарасига етишганида: “Мана шу ерда (туриб, юртни ҳимоя қилишга) буюрилгансиз”, дедилар ва тезда (ўша жойга) ўрнашишди”. Улар (яъни, Холид билан Шувайс) ҳадисни охиригача зикр қилишди. Утба ибн Ғазвон айтди: “Мен ўзимни (шундай ҳолатда) кўрганман. Албатта, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан етти кишининг еттинчиси эдим. Бизда дарахт баргидан бўлак егулик йўқ эди. Ҳатто оғизларимиз чети яра бўлиб кетган. Шунда мен бир йўл-йўл чопон (топиб) олиб, (чорасизликдан) ўзим билан Саъд ўрта-сида иккига тақсимладим. Мана шу етти кишидан ҳар биримиз шаҳарларнинг бирига амир эди. Биз-дан кейин амирларни синаб кўрасизлар”. (санади заиф. Чунки Холид ибн Умайр ва Шувайс Абу Руқоднинг ҳоли мажҳул. Лекин бу ҳадис бошқа лафз ва фарқли санад билан саҳиҳ. Уни Муслим “Саҳиҳ”да (2967), Аҳмад “Муснад”да (4/174, 5/61) Ҳумайд ибн Ҳилол Адавий Холид ибн Умайрдан йўли орқали ривоят қилган.)

Шарҳ. Бу ривоятда айтилишича, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалигининг сўнгги йилларида Утба ибн Ғазвон розияллоҳу анҳуни Ислом диёри чегарасига юбориб, у ерда муробитлик - қўриқчилик қилишга буюрган. Утба ибн Ғазвон розияллоҳу анҳу илк Ислом даврида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва олти нафар саҳоба билан оғир кунларни кечирган. Ўша дамларда ейишга овқат топилмаган. Мажбур бўлиб, дарахт баргларини ейишган. Барг еяверганларидан оғизлари чети қийилиб, яра бўлиб кетган. Либос масаласида ҳам қийинчилик кўришган. Утба ерда ётган бир йўл-йўл чопонни кўриб, уни биродари Саъд ибн Молик билан бўлишган: ярми ўзига, ярми Саъдга! Машаққат давридаги меҳр-оқибатни қаранг!

Ўша етти нафар саҳобанинг ҳар бири шаҳар амири саналишган. Улар сабр-тоқатда, дунёдан юз ўгиришда зарбулмасал бўлишди. Улардан кейинги амирлар эса шоҳона саройлар, фаровон ҳаёт, тўкин-сочин дастурхонга эришишди. Аввалгилар ўтди-кетди. Кейингилар улардек бўла олишмайди.



Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Аллоҳ йўлида қўрқитилдим. (Ўша вақтда) бирон киши қўрқитилмасди. Мен Аллоҳ йўлида азият чекдим. Бирон киши азият чекмасди. Ҳақиқатан, бошимдан шундай ўттиз кун ва тун ўтдики, менда ҳам, Билолда ҳам бирон жонивор ейдиган таом йўқ эди. Магар Билол қўлтиғи билан ёпиб қўядиган (жуда оз) нарса ундан мустасно”. (санади заиф. Чунки Равҳ ибн Аслам заиф ровий. Лекин мазкур ҳадис бундан бошқа йўл орқали саҳиҳ. Уни Вакиъ ибн Жарроҳ Аҳмад (3/120) ва Ибн Можада (151), Абдусамад ибн Абдулворис Аҳмадда (3/120), Аффон ибн Муслим Аҳмадда (3/286), Муҳаммад ибн Фазл Абд ибн Ҳумайдда (1317) ривоят қилган. Уларнинг барчаси Ҳаммоддан ривоят қилишган.

Юқоридаги (яъни, 375-) ҳадисни мусанниф “Жомеъ”да (2372), Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да (6560), Абу Нуайм “Ҳилятул авлиё”да (1/150) ривоят қилган.)

Шарҳ. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга Аллоҳнинг динига чақириш, ҳақ йўлда бардавом туриш вақтида мушриклар томонидан кўплаб таҳдидлар бўлган. У киши Аллоҳ йўлида кўп азият чеккан. Ўша вақтда Анас муаззин Билол розияллоҳу анҳумо билан қалин дўст эди. Ҳолат оғирлигидан жонивор еса бўладиган нарса топилмасди. Илло киши қўлтиғи билан беркитиб қўя оладиган жуда кам егулик бундан мустасно эди. Ўша пайтларда саҳобалар қорин тўқлашга ҳеч нарса топа олишмаган, ойлаб қийинчиликда кун кўришган. Аммо улар дин устун бўлгунича, мусулмонлар фаровон ҳаётга етишгунларича сабр қилдилар, матонат кўрсатдилар.



Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида нон ва гўштдан иборат нонушта ва кечки овқат жамланмаган. Магар тиқилинч ҳолатда(бўлган).(санади саҳиҳ. Бу ҳадисни Аҳмад “Муснад”да (3/270) ривоят қилган. Яна қаранг: “Туҳфатул ашроф”, 1139-ҳадис; “Ал-Муснадул жомеъ”, 1577-ҳадис.)

(Термизийнинг шайхи) Абдуллоҳ (ибн Абдураҳмон) айтди: “Айрим (муҳаддислар ва луғатшунослар) айтишича, (тиқилинч ҳолатдан мурод таомга узатиладиган) қўллар кўплигидир”.

Шарҳ. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кунда икки маҳал нон ва гўштга қоринлари тўймаган. Фақат меҳмондорчилик бўлса, овқатга узатиладиган қўллар кўп бўлса, кунда икки марта нон ва гўштдан тановул қилганлар.



Навфал ибн Иёс Ҳузалийдан ривоят қилинади: “Абдураҳмон ибн Авф бизнинг ҳамнишинимиз эди. У қандай яхши ҳамнишин эди?! Кунларнинг бирида биз билан (бир жойдан) қайтди. Унинг уйига кирганимизда Абдураҳмон кириб, ғусл қилди. Кейин чиқди. Олдимизга (хизматкор томонидан) нон ва гўшт солинган лаган олиб келинди. (Лаган дастурхонга) қўйилганида Абдураҳмон йиғлаб юборди. Шунда мен: “Эй Абу Муҳаммад, нимага йиғлаяпсан?” деб сўрадим. У: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёдан ўтиб кетдилар. У зот ва оила аъзолари қорни арпа нонга ҳам тўймади. Бу (фаровон ҳолат) бизга яхши бўлгани учун тезлашти-риб берилди, деб ўйламайман”, деди”. (санади заиф. Сабаби Навфал ибн Иёснинг ҳоли мажҳул. Қаранг: “Туҳфатул ашроф”, 9727-ҳадис; “Ал-Муснадул жомеъ”, 9574-ҳадис.)

Шарҳ. Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу бой саҳобалардан эди. У бир куни дўстларини меҳмонга чақирди. Дастурхонга нон билан гўшт солинган лаган қўйилди. Шунда Абдураҳмоннинг кўзига ёш келди. Меҳмонлар нега йиғлаётганини сўрашганида Абдураҳмон Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва саллам қоринлари арпа нонга ҳам тўймай дунёдан ўтганларини эслади. Унинг хаёлига “Бизга неъматлар фақат шу дунёда берилиб, охират насибасидан қуруқ қолмасмиканмиз?!” деган ҳадик келганди.

Таржима ва шарҳ муаллифи Зиёуддин Раҳим