loader
Foto

Бидъат-хурофотдан холи динни барчага етказайлик!

Бидъатнинг, оз бўлса-да, асли ва у ҳақда хабар бўлади. Хурофотнинг эса умуман асли бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида қилинмаган амалга бидъат дейилади. Бу таъриф буюк аллома Иззуддин ибн Абдуссаламнинг «Қавоид ул-аҳком» китобларидан олинган.

Уламолар бидъатни иккига «бидъати ҳасана» – яхши бидъат ва «бидъати саййиа» – ёмон бидъатга ажратишган. Бунга саййидимиз Умар ибн Хaттоб розияллоҳу анҳунинг таровеҳ намозида қорининг ортига жамоатни йиғиб, сўнгра «қанчалик яхши бидъат бўлди» деган гапларини далил қилиб олишимиз мумкин.

Аллома Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ: «Саҳобалар даврида бўлмаган ҳар бир ишни ёмон, мазаммат қилинган бидъатлардан ҳисоблаш билимсизликдир», дейдилар. Яъни саҳобалар давридан кейин пайдо бўлган ишда қабоҳатнинг аломатлари бўлмаса, уни мазаммат қилинган бидъатдан ҳисоблаш керак эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Менинг суннатимни ва ҳидоятланган, ҳақ йўлда юрувчи халифаларимнинг суннатини маҳкам тутинглар. Уларни озиқ тишларингиз билан тишланглар. Янги пайдо бўлган ишлардан (яъни бидъат) сақланинглар», деганлар (Имом Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривояти).

Саҳобалар даврида бўлмаган ҳар бир ишни бидъат деб ҳисоблайдиганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқоридаги ҳадисларини тушунмайдилар. Ўша даврда бўлмаган ҳар бир нарса диндан эмас ва бидъат, деб юраверадилар.

Аллома Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ: «Пайғамбар алайҳиссаломдан кейин пайдо бўлган иш бўлиб, аммо мусулмонлар жамоаси у ишдан манфаат оладиган ва уларнинг ҳожати тушадиган бўлса, бу ишларнинг ҳаммаси ҳам мазамматлик бидъат бўлавермайди», дедилар.

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Бидъат икки хил бўлади: мақталган ва танқид қилинган. Суннат мувофиқ бўлган бидъат бўлса, у мақталган бидъатдир. Иккинчиси Қуръон, суннат, асар ёки ижмога хилоф бўлган бидъатлар у мазаммат қилинган бидъат ҳисобланади.

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Иззуддин ибн Абдуссалам ўзларининг «Қавоид ул-аҳком» китобларининг охирида айтадилар: “Бидъат беш қисмга бўлинади:

1) вожиб бидъат;

2) ҳаром бидъат;

3) мандуб бидъат;

4) макруҳ бидъат;

5) мубоҳ бидъат.

Вожиб бидъатга мисол қилиб наҳв ва сарф илмларини ўрганишни келтириш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар даврида бу илмлар йўлга қўйилмаган, китоб шаклида дарс ўтилмаган. Бу илмлар кейинчалик пайдо бўлди.

Наҳв ва сарф илмлари нима учун керак? Сарф илми турли маъноларни англатадиган калималарнинг турларини ўргатадиган илмдир. Чунки араб калималари хилма-хил мъʼноларни англатиш учун турли-турли бўлиб, турланиб келади. Бу фанда калималарнинг зотига (ўзига) тушадиган эълол (ҳарфи иллатни бир-бирига алмаштириш) тазъийф (иккилантириш) ва имола (алифни «ё»га мойил қилиб ўқиш) ва нисбат (қаратиш, тегишли қилиш) ва бошқа ҳолатлардан баҳс қилинади. Шунинг учун бу илмни ўқиш мубтадийларга зарурдир. Бу илмлар Қуръон ва суннатни тушунишимиз учун керак. Нега вожиб бидъат бўляпти? Чунки шариатни сақлаш вожибдир. Қуръон ва суннат илмини сақлаш ва тарқатиш вожибдир.

Ҳаром бидъатга эса, ўша даврларда чиққан қадария, муржиа, хавориж, жаҳмия ва бошқа ҳар хил залолатга кетган қавмлар борки, улар Пайғамбар алайҳиссалом даврларида бўлмаган, кейинчалик пайдо бўлган қавмлар айни ҳаром бўлган бидъатлар ёмон кўришимиз керак бўлган бидъатлар ўша залолатга кетган қавмлар бўлади.

Мандуб бидъатларга - мадрасалар қуриш, таровеҳ намозларига жам бўлиш киради.

Макруҳ бидъатга масжидларни ҳаддан ортиқ нақш билан безаш каби мисолларни келтиришимиз мумкин.

Мубоҳ бидъат намоздан кейин қўл бериб кўришиш, емоқ, ичмоқ ва киймоқда лаззат ва чиройли нарсани ихтиёр қилишдир. Хурофот эса, халқ ўртасида кенг тарқалган, одатга айланган, дин кўрсатмаларига зид бўлган амаллардир. Масалан, аёлларнинг фарзанд талаб қилиб, дарахтга латта боғлашлари, янги келин-куёвларни никоҳ кечаси олов ёқиб атрофида айланиши ва шу кабилардир. Бундай хурофотлар оқибатида хайрли амаллар унутилиб,  инсонларнинг ҳаёти издан чиқади. Бундай хурофотлар низо ва фитналарга ҳам сабаб бўлади.

Агар биз суннатни маҳкам тутсак, ёмон иллатлар ўз-ўзидан йўқолиб кетади. Ёмон бидъат ва хурофотдан ўзимизни ва атрофдагиларни асрайлик!

Шайх Саййид Раҳматуллоҳ ТEРМИЗИЙ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР