loader
Foto

Қасос ҳақдир

Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳавзлари ҳақдир. Жаннат ва дўзах ҳозирда бордир, мавжуддир. Улар асло йўқ бўлмайди. Аллоҳ таолонинг азоби ҳам, савоби ҳам асло йўқ бўлмайди, тугамайди.

Шарҳ: Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ўша куни вазн (амалларнинг тарозида тортилиши) ҳақиқатдир. Кимнинг мезонлари (амаллари) оғир келса, айнан ўшалар нажот топувчилардир. Кимнинг мезонлари (амаллари) енгил келса, ана ўшалар оятларимизга зулм (инкор) қилганлари сабабли, ўзларига зиён қилганлардир” (Аъроф сураси, 8-9-оятлар).

“Биз қиёмат куни учун адолатли тарозилар қўюрмиз, бас, бирор жонга заррача зулм қилинмас. Агар хантал (ўсимлиги) уруғидек (яхши ёки ёмон амали) бўлса ҳам, ўшани келтирурмиз! Биз ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз” (Анбиё сураси, 47-оят).

Имом Аъзам “ал-Васийя”да бундай деганлар: «Мезон (бандалар амалларининг тарозида тортилиши) ҳақдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Биз қиёмат куни учун адолатли мезон-тарозилар қуюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас” (Анбиё сураси, 47-оят).

Бандалар ўзларининг амаллари битилган китоб (номаи аъмол)ни ўқишлари ҳақдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “(Ва унга дейилур): “Номаи аъмолингни ўқи! Бугун ўзинг (ўз нафсинг) ўзингга қарши етарли ҳисоб бергувчидир” (Исро сураси, 14-оят)» (Иқтибос тугади).

Бандаларнинг номаи амалларини ўз қўлларига олишлари ҳам ҳақдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ана энди (қиёматда) кимнинг номаи аъмоли ўнг томонидан берилса, бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак ва ўз (ининг жаннатдаги) аҳли-оиласига шоду хуррам ҳолда қайтажак. Энди кимнинг номаи аъмоли орқа томонидан берилса, бас, у ўлимини чақириб қолажак ва дўзахга киражак! Дарвоқе, у (ҳаёти дунёдалик пайтида) аҳли оиласида (ўз куфру исёни билан) шоду хуррам эди” (Иншиқоҳ сураси, 7-13-оятлар).

Мўътазилалар мезон, ҳисоб ва китобни, уларнинг ҳар бири ҳақида қатъий далиллар бўлишига қарамасдан, ноқис ақллари билан инкор қилишади.

Мўминлар номаи амалларини ўнг тарафларидан олишади. Кофирлар эса чап ва орқа тарафларидан олишади. Номаи амал банданинг ҳаётлигида, ўлгунича қилган амаллари ёзилган китобдир. Уни мукаллаф фаришталар ёзишади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Балки, уларнинг гумонларича, Биз уларнинг сирларини (билмасмиз) ва шивир-шивирларини эшитмасмиз?! Ундоқ эмас! Бизнинг элчиларимиз (фаришталар) уларнинг олдиларида (ҳар бир қилган ишларини) ёзиб турурлар!” (Зухруф сураси, 80-оят). Яъни, барча ишларини ва ҳолларини ёзиб боради.

Мазлум золимдан қиёмат куни қасос олади. Бу ҳақ ва шубҳасиздир. Золимнинг бу дунёда қилган солиҳ амаллари (савоби) ундан олиниб, мазлумга (золим унга қилган, кўрсатган зулмлари учун) берилади. Агар золим солиҳ амаллар қилмаган ё со-лиҳ амаллар қилган бўлса-да, ёмонликлари кўплиги учун солиҳ амалларнинг савоби тугаб қолган бўлса, мазлумнинг гуноҳлари унга (золимга) ортилади. Бу ҳақдир, ақлан жоиздир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай деганлар: “Ким мусулмон қардошига ноҳақлик қилган бўлса, динор, дирҳам бўлмайдиган қиёмат кунидан аввал, ҳозир унга ҳақини бериб, қутулсин (ё кечирим сўрасин). Агар розилашмасдан ўлиб кетса, солиҳ амали бўлса солиҳ амалларининг савобидан зулми миқдори олиниб, мазлумга берилади. Агар яхши амал бўлма-са (қолмаса), мазлумннинг гуноҳлари олиниб, унга юкланади”.

“Биласизми, муфлис (касод бўлган) ким?” “Биз муфлис деб динори ва моли йўқ кишини айтамиз”, деб жавоб беришди саҳобалар (ризвонуллоҳи таоло алайҳим ажмаъин). Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай дедилар: “Муфлис қиёмат кунига намози, рўзаси ва садақаси билан келган, аммо бир мусулмонни ғийбат ва ҳақорат қилган, бирига туҳмат қилган, бирининг молини ноҳақ еган, бирининг қонини тўккан, бирини ноҳақ урган кишидир. Кейин бунга, унга ўзининг солиҳ амаллари савобини беради. Агар зиммасидаги ҳақларни узмасидан солиҳ амаллари тугаб қолса, улар (ҳақдорлар)нинг гуноҳлари олиниб, унга ортилади, сўнг оташга ташланади” (Муслим, к.Бирр/60).

Қиёмат куни инсонлар золимлардан ана шундай қасос оли-шади. Ҳайвонлар ҳам қиёмат куни бир-биридан қасос олади, бу ҳақда ҳадислар ворид бўлган. Шохи бўлмаган қўй шохдор қўйдан қасос олади. Сўнгра Аллоҳ таоло уларга (ҳайвонларга) “тупроқ бўл” деб амр этади ва улар тупроққа айланишади. Ана ўшанда кофир “кошки мен ҳам тупроқ бўлсайдим” деб надомат чекади.

Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳовузлари ҳақдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:

“(Эй Муҳаммад), албатта, Биз сизга Кавсарни ато этдик” (Кавсар сураси, 1-оят). Муфассрларнинг кўпчилиги Кавсарни ҳовуз ёки наҳр (дарё) деб тафсир қилишган. Бу таърифлар бир-бирига зид эмасдир. Чунки Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг наҳри жаннатда, ҳавзлари эса маҳшаргоҳдадир. Қуртубий бундай деган: “Ҳовуз иккитадир. Асаҳ қавлда улардан бири пул-сиротдан ва мезондан олдиндир. Чунки одамлар қабрларидан чанқаб чиқадилар, мезон ва сиротдан олдин унга боришади. Иккинчиси жаннатдадир. Уларнинг ҳар бири ҳам Кавсар дейилади” (иқтибос тугади).

Термизий ривоят этади, Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай дедилар: “Ҳар бир пайғамбарнинг ҳовузи бор. Уларнинг ҳар бирлари ҳовузига кўп одам келиши билан мақтанишади. Менинг ҳовузимга уларнинг ҳовузидан кўра кўп одам келишини умид қиламан”.

Яна шуни айтиш керакки, Қуртубий бундай ривоят қилган: мўътазилалар, хаворижлар, равофизлар, шунингдек, золимлар ва очиқдан-очиқ гуноҳ қилган фосиқлар Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳовузларига яқинлаштирилмайди.

Ҳовуз ҳақидаги ҳадисни ўттиздан ошиқ саҳобийлар ривоят этишган ва у мутавотир даражасига яқиндир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай деганлар:

“Жаннатда менинг ҳовузим (узунлиги) бир ойлик йўлдир. Ҳар томони тенг. Суви сутдан оқ, мушкдан хушбўй, асалдан ширин, қордан совуқ, кўпикдан юмшоқ, атрофлари забаржаддан, идишлари кумушдан, кўзалари кўкдаги юлдузлар каби. Ким у ҳовуздан бир ҳўплам ичса, абадий чанқамайди” (Муслим, к.Фазоил, ж. IV, с. 1793, Ҳ. №:2292).

Жаннат ва жаҳаннам ҳозирда бордир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Жаннат Аллоҳдан қўрқувчилар учун ҳозирланган, жаҳаннам (дўзах) кофирлар учун ҳозирланган”.

Ҳадиси қудсийда бундай дейилган: “Солиҳ бандаларим учун кўзлар кўрмаган, қулоқлар эшитмаган ва бирор башар кўнглига келмаган нарсаларни ҳозирладим” (Бухорий, Раддул-холқ, Бобин 8; Муслим, Имон 312).

Исро ҳақидаги ҳадисда бундай дейилган: “Жаннатга киритилдим ва менга жаҳаннам кўрсатилди”.

Сўнгра асаҳ қавли шуки, жаннат осмондадир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Қасамки, (Муҳаммад Жаброилни яна) иккинчи бор (Меърож кечасида) кўрди. «Сидратул-мунтаҳо» (дарахти) олдида. «Маъво боги» ҳам ўша (дарахт)нинг олдидадир” (Нажм сураси, 13~15-оятлар).

Дўзах етти қат ернинг остидадир.

Сирот (пулсирот) ҳақдир. У Китоб ва Суннат билан собитдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сизлардан ҳар бирингиз унга (жаҳаннамга) тушувчидирсиз. (Бу) Раббингиз (иродасига биноан) вожиб бўлган Ҳукмдир” (Марям сураси, 71-оят).

Имом Нававий “Саҳиҳи Муслим” шарҳида бундай деган: “Оятдаги боргувчисиз” мазмунли калима тафсири бундай: “Сиротустидан ўтувчисиз”. “Саҳиҳи Муслим”да бундай дейилган:

“Сирот жаҳаннам устида тортилган кўприкдир. У қилдан ингичка, қиличдан ўткирдир”.

Яна бундай ривоят қилинган: “Сирот кўприги жаҳаннам аҳлидан баъзиларига қилдан ингичка бўлади. Баъзиларига водий каби кенг бўлади”.

«Жаҳаннамнинг ўртасига сирот кўприги қурилади. У сиротдан уммати билан бирга ўтадиган пайғамбарлардан биринчиси мен бўламан. У кун фақат пайғамбарлар гапиришади. У куни пайғамбарлар бундай дейишади: “Ё Аллоҳ, нажот бер (қутқар)! Ё Аллоҳ, нажот бер (қутқар)!”» (Бухорий, ж. VIII,с. 204, Риқоқ/52).

“Жаҳаннамда саъдон (дарахт) тикани каби тиканлар бор. Уларнинг катталигини фақат Аллоҳ таоло билади.У инсонларни амалларига кўра тутиб қолади. Уларнинг бир қисми амали сабабли ҳалок бўлади, бир қисми тиканларга тилиниб, кейин кутилади”.

Бир ривоятда бундай дейилган: “Сиротдан мўминлар кўз очиб-юмгунча, чақмоқдай тез, қуш каби, чопқир отлар каби, отлиқ каби ўтади. Паноҳ берилган, асралган нажот топади, қолганлар дўзахга тушади”.

Ҳазрат Жобир (р.а.)дан ривоят этилади: «“Сизлардан ҳар бирингиз унга боргувчисиз” ояти ҳақида Расулуллоҳ (с.а.в.)дан сўрашганида бундай дедилар: “(Оятдаги “ворид” - “борувчи” сўзининг ўзаги) вуруд, кирмоқдир. Яхши ҳам, ёмон ҳам, ҳамма жаҳаннамга киради. Иброҳим алайҳиссаломга оташ омонлик ва салқин бўлгани каби, жаҳаннам оташи, олови мўминларга салқин ва омонлик бўлади. Ҳатто жаҳаннамнинг совуқлигидан жаҳаннамда шовқин чиқади”».

Бир ривоятда бундай дейилган: «Жаҳаннам мўминга: “Эй мўмин, ўт, сенинг нуринг менинг алангамни сўндирди”, дейди» (Аҳмад ибн Ҳанбал Муснад ж.Ш с. 324).

Ҳазрат Жобир (р.а)дан ривоят этилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) ана шу (вуруд) ҳақида сўрашганида бундай дедилар: “Жаннат аҳли жаннатга киргач, бир-биридан сўрайди: “Роббимиз бизга оташга киришимизни ваъда этмаганмиди?” Шунда уларга бундай дейилади: “Сиз оловга у сўнганида киргандингиз”». Бу ҳадис “Албатта, Биз (томон)дан олдин гўзал (мартаба) берилган зотлар - айнан ўшалар (жаҳаннамдан) узоқ қилинувчилардир” (Анбиё сураси, 101-оят) оятига зид эмас. Чунки бу оятдаги “мубъадун”, яъни “узоқлаштирган” калимасидан мурод жаҳаннам азобидан узоқлаштирилган демакдир.

Мужоҳид (р.а.)дан ривоят этилади: «Мўминнинг жаҳаннамга кириши - дунёда иситмалашидир. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дейдилар: “Иситма (хасталиги) жаҳаннам оташининг иссиқлигидандир”» (Бухорий, Бадъул-холц; Муслим, Салом 28).

Бу ҳадис мўминнинг дунёда иситма ва бошқа хасталиклар билан касал бўлиши жаҳаннамга кирганида унинг азобини ҳис қилмаслиги учун гуноҳларига каффорат бўлишига далилдир. Бу мўмин жаҳаннам оташини кўрмайди, дегани эмасдир.

Мўътазилалар сиротни бутунлай инкор қилади.

Сўнгра, қиёматда инсон аъзоларининг гапиртирилиши ҳақлигига ишониш аҳли сунна ва жамоа эътиқодидандир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Бугун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўйгаймиз. Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида қўллари сўзлаб, оёқлари гувоҳлик берур” (Ёсин сураси, 65-оят).

“(У кун) уларнинг қилиб ўтган иш (бўҳтон)лари билан тиллари, қўл ва оёқлари уларга гувоҳлик берадиган кундир” (Нур сураси, 24-оят).

«Улар териларига: “Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердинглар?” - дейишганида (терилари): “Бизларни барча нарсани сўзлатган Зот - Аллоҳ сўзлатди. Сизларни дастлаб У яратган ва сизлар яна Унинг ўзигагина қайтарилурсиз,” дедилар. Сизлар (ҳаёти дунёда гуноҳ ишларни қилганларингда шарманда бўлишдан қўрқиб, одамлардан яширинар эдинглар-у, аммо) қулоқларингиз, кўзларингиз ва териларингиз ўзларингизга қарши гувоҳлик беришдан (сақланиш учун улардан) яширинмас эдинглар”» (Фуссилат сураси, 21-22-оят).

Аллоҳ таоло дарахтни сўзлатгани каби хориқулода тарзда аъзоларга ҳам тушуниш, сўзлаш лаёқатини яратади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

«Улар териларига “Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердинглар?” дейишганида, (терилари): “Бизларни барча нарсани сўзлатган Зот - Аллоҳ сўзлатди”, дедилар» (Фуссилат сураси, 21-оят).

Жаннат ва дўзах ҳамда уларнинг аҳли йўқ бўлмайди. Аллоҳ таолонинг савоби ва азоби асло йўқ бўлмайди. Имом Аъзам “Васийя”да бундай дейдилар: “Жаннат ва жаҳаннам ҳақдир, у иккиси яратилгандир, улар ва уларнинг аҳли (жаннатга ва дўзахга кирганлар) йўқ бўлмайди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “(Жаннат) Аллоҳдан қўрққанлар учун ҳозирлагандир. (Жаҳаннам) кофирлар учун ҳозирланди”.

Аллоҳ таоло жаннат ва жаҳаннамни савоб (мукофот) ва азоб (жазо) учун яратди. Жаннат аҳли жаннатда абадий қолади. Жаҳаннам аҳли жаҳаннамда абадий қолади.

Аллоҳ таоло мўминлар ҳақида бундай марҳамат қилади:

“... айнан улар жаннат аҳлидирлар ва улар у ерда абадий қолувчилардир” (Бақара сураси, 82-оят). Аллоҳ таоло кофирлар ҳақида бундай марҳамат қилган:

“Ана ўшалар дўзах аҳлидирлар. У ерда абадий қолувчилар ҳам ўшалардир” (Оли Имрон сураси, 116-оят) (иқтибос тугади).

Мулла Али ибн Султон Муҳаммад қори

Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи

Муҳаммад шариф Жуман, Йўлдошбек Эшбек таржималари