loader
Foto

Эрон муллалари кузги намойишларнинг биринчи иштирокчисини қатл қилди

Эронда қарийб уч ойлик намойишлар бошланганидан бери илк бор намойишчи қатл этилди. 23 ёшли Муҳсин Шакарий 8 ноябрь, пайшанба куни осиб ўлдирилган, деб хабар беради AFP ахборот агентлиги.

Эрон инқилобий суди йигитни "Худога душманлик"да айбдор деб топди, у 25 сентябрь куни Теҳрондаги Сатторхон булварини тўсиб қўйишда иштирок этишда ва "Басиж" ҳарбийлаштирилган гуруҳ аъзосини пичоқлаганликда айбланган. Фаолнинг ўзи "қонуний жараёнсиз кўргазмали суд"дан сўнг ҳукм қилинганини айтди.

Европада қатл қораланди

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок (Annalena Baerbock) Эронни "ғайриинсонийликда" айблади. Унинг фикрича, Шакарий жирканч ва шошилинч суд жараёнида айбланиб, қатл этилган. Бироқ қатл таҳдиди "одамларнинг эркинликка бўлган иродасини бостира олмайди", деб ёзди ташқи ишлар агентлиги раҳбари ўзининг Твиттер саҳифасида.

Франция Ташқи ишлар вазирлиги ҳукмни қоралади, Британия дипломатияси раҳбари Жеймс Клеверли дунё "Эрон режимининг ўз халқига нисбатан қилган кўр-кўрона зўравонликларига" кўз юма олмаслигига ишора қилди.

Эрондаги намойишлар

Эронда оммавий намойишлар сентабр ойида ҳижобни "нотўғри" кийганликда айбланиб, одоб-ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган 22 ёшли Маҳса Аминий ўлимидан сўнг бошланган эди. Намойишлар 1979-йилдаги инқилобдан кейинги энг йирик намойишлар бўлди – улар мамлакатнинг барча вилоятларидаги 160 та шаҳарни қамраб олди. Ҳуқуқ фаолларига кўра, камида 475 намойишчи ўлдирилган, 18 240 нафари ҳибсга олинган. Шунингдек, 61 хавфсизлик ходими ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Умуман олганда, Эрон суд тизими ҳозиргача норозилик намойишлари бўйича ўн бир айбланувчини ўлимга ҳукм қилган.