«Бу китоб – онкология соҳасидаги 30 йиллик изланишларнинг натижаси, - деб ёзади Владимир Путин томонидан Дўстлик Ордени билан тақдирланган Давид Хаят. - Афсуски, натижа жуда ачинарли. Касаллик рискини пасайтириш билан аввалроқ шуғулланишни бошлаш лозим эди. Тан олишимиз керакки, бизнинг овқатланиш тарзимиз бир қатор саратон касалликларининг сабабчиси ҳисобланади. Шу сабабли ҳам мен бу китобни ёзишга қарор қилдим. Менинг маслаҳатларимга риоя қилган ҳолда сиз ўзингизни бу касалликдан самарали ҳимоя қилишингиз лозим».
Энг аввало, профессор Давид Хаят уларга амал қилиш лозим бўлган бешта «олтин қоида»ни санаб ўтади.
1.Чекмаслик.
2.Овқатланишни хилма-хиллаштириш, ўзингиздан ҳеч нарсани аямаслик, лекин «хавфли» маҳсулотлардан ўзини тийиш.
3.Таом тайёрлаш усулларини хилма-хиллаштириш, буғда ва паст оловда овқат пиширишни афзал кўриш.
4.Асосан бевосита фермадан келтириладиган, биологик тоза маҳсулотлар истеъмол қилиш.
5.Истеъмол қилинадиган калориялар миқдорини кузатиб бориш, спорт билан шуғулланиш, нонушта, тушлик ва кечки овқат орасида бошқа овқатланмаслик.
Онколог айрим «янглиш фикрлар»га якун ясашга чақиради. Улардан бири – кунига беш дона мева ва сабзавот истеъмол қилиш. Улар нафақат касалга чалиниш рискини пасайтиришга минимал таъсир кўрсатади, балки саратон шаклланишига хизмат қилиши ҳам мумкин. «Пестицидларнинг 70 фоизи организмимизга мева ва сабзавотлар орқали келиб тушади, – таъкидлайди профессор. – Айнан пестицидлар кўпинча онкология касалликларига сабабчи бўлади».
Бу асло организм учун мутлақ зарур бўлган олма, қулупнай ёки помидор ва қалампир истеъмол қилишдан воз кечиш лозимлигини англатмайди. Давид Хаят уларнинг пўстлоғини арчимасликни – уларнинг пўстлоғи витаминларга бой – совун билан яхшилаб ювиш, сўнгра тоза сувда яхшилаб чайишни маслаҳат беради.
Профессор организм учун зарур бўлган «мўъжизали таъсир кўрсатадиган» Омега 3 ёғ кислотасига бой балиққа ҳаддан ортиқ қизиқишга қарши чиқади. У оғир металлар фоизи юқори бўлган айрим балиқ турларини (лосось, қизил тунец ва қилич-балиқ) истеъмол қилмасликка чақиради. Аксинча, унинг фикрига кўра, ёғсиз денгиз балиғи, масалан, камбала (sole), дорада жуда фойдали...
Олим ўз китобида саримсоқ, пиёз, кўк чой, занжабил ва қалампирни фаол истеъмол қилини тавсия этади. Унинг сўнгги топилмаси – саноат усулида тайёрланадиган ва магазинларда сотиладиган анор шарбатидир. Бу шарбатни Давид Хаят организмни саратон касалликларидан ҳимоя қиладиган «энг самарали воситалардан бири» деб атайди. Бу борада анор шарбати ёки кўк чойга нисбатан уч-тўрт баравар фойдалидир.
Олим дудланган маҳсулотлар – колбаса, сосика ва ветчина истеъмол қилишни чегаралашни маслаҳат беради. Ниҳоят, у чипс, попкорн, майонез, мевали газланган сувлар, конфетлар, қандолат маҳсулотлари ва бошқа ширинликларни ҳам қора рўйхатга киритган.
Интернетдан
Абу Муслим таржимаси