loader
Foto

Бомдод намозига ухлаб қолишнинг олтита сабаби

Келинг, яхшиси, бир таҳлил қилиб кўрайлик. Нега сўнгги кунларда бомдод намозига кўп ухлаб қоладиган бўлдингиз? Энди намозга кирган вақтингизни бир эслаб кўринг: сиз бомдод намозидан бир соат олдин уйғонар эдингиз, таҳажжудни адо этардинггиз, тонг саҳарда зикру дуолар қилардингиз. Ҳозир эса, шошлинч равишда ювиняпсиз ва намозни ҳали ҳам адо қилганингиз йўқ? Ҳаётингизда нимадир ўзгариш бўлганга ўхшайди?



6. Кеч ухлаш



Кенг тарқалган фикрга зид ўлароқ, туннинг яримида уйқуга кетиш “вақтли уйқуга кетиш” дегани эмас. Бу ҳозирги замоннинг жиддий муаммоси, чунки айни вақт кўнгилхушлик қилиш имкониятларига талаб катта. Авваллари одамлар қуёш чиқиши билан уйқудан туриб, қуёш ботиши билан уйқуга кетишар эди. Бироқ, бугун Интернет, ТВ, мобил телефонлар ва яна жуда кўп чалғитувчи омиллар бисёрдир. Баъзан уларнинг суҳбатидан кўз қиймай умуман ухлашни ҳаёлдан чиқариб юборганизга ўзимиз ҳам ҳайрон бўлиб қоламиз. Воқеалик шундан иборатки, аксар ҳолатларда туннинг ярми ўтиб, тахминан саот бир ёки иккиларда уйқуга кетамиз. Яна жуда эрта уйқуга кетганимиздан фахрланиб ҳам қўямиз. Агар солиҳларнинг ҳаётларини ўрганадиган бўлсак, улар қиёмул лайлга туриш учун кўпинча хуфтон намозидан сўнг уйқуга ётганларини кўрамиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтон намозидан сўнг сўзлашиб ўтиришни ёмон кўраришлари бежиз эмас эди, албатта. Буни ҳам унутмаслик керак. Умуман олганда, агар бомдод намозига тетик бўлиб уйғонишни истасангиз, телефонингизни четга суриб, бир стакан сут ичинг.



5. Уйғотадиган соат билан муаммолар



Яна беш дақиқа, илтимос... бу ва бунга ўхшаш сўзлар сизга танишми? Уйғотадиган соатлар жиринглаганида дарҳол туришни ўрганиш керак. Ҳа, уйқунинг энг ширин пайти, яна озгина ухлагингиз келади, бироқ бу услубдан воз кечишга тўғри келади. Уйғотадиган соат сизга ёқса ҳам, ёқмаса ҳам вақтида уйғонишингизга ёрдам беради. Агар яна беш дақиқа ухлашни нафсингиз жуда хоҳласа, уйғотадиган соатни керакли вақтдан беш ўн дақиқа илгарига тўғриланг, тамом вассалом. Сиз соатинггиз қўнғироғини керакли вақтдан 40 50 дақиқа аввалга қўйиб олманг, чунки у жаранглаганида шайтон «Ҳали эрта-ку», деб сизни алдайди ва уйқу ғолиб келиши эҳтимоли кучайади.



4. Кечки пайт кўп таом истеъмол қилиш



Мен таомларни ёқтирмайман, улар мени ёқтиришади! Кўпчилик уларнинг уйқуга таъсир қилишини, яъни чуқур уйқу ҳосил қилишини билмаса керак. Тадқиқотлар оч ётганларга қараганда тўқ қоринга ухлаганлар яхши ухлашини (ва чуқур уйуга кетишини) кўрсатди. Мен очликка чақираётганим йўқ, балки бомдодга ухлаб қолмаслик учун тунда истеъмол қилинаётган таомлар сонига ва вақтига диққат қилишларингизни сўраяпман, халос. Қолаверса, кечки таомнинг кўпи ва кечи соғлкка ҳам зарар.



3. Қиёмул лайлга туриб, яна ухлаш натижасида бомдод намозга ухлаб қолиш



Аслида тунги ибодатга туриш суннат. Сиз агар уни адо қилиш учун уйғонган бўлсангиз, ухлаш учун қайта ётманг. Суннат амални бажариш учун туриб, фарзни ўтказиб юбориш шайтон васвасаси бўлмасдан яна нима бўлиши мумкин? Ўзини Абу Бакр розияллоҳу анҳуга ўхшатмоқчи бўлган ҳамда иззат нафси баланд келган (амбиция) аксар ёшларда бу ҳолат кўп учраб туради. Натижада, одамнинг эришган нарсаси – шайтоннинг унинг қулоғига қилган бавли бўлади. (Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида тонггача ухлаган киши ҳақида зикр қилинди. Шунда у зот: «Унинг икки (ёки бир) қулоғига шайтон бавл қилиб кетибди», дедилар» (Муттафақун алайҳ).



Агар сиз таҳажжуд намозини адо қилишни истасангиз, бомдод намозини ўтказиб юбормаслик учун барча сабабларни ҳозир қилинг. Яъни, Бомдод намозини ўтказиб юбориш хавфи аниқ бўлганда таҳажжуд намозини адо қилиб уйқуга кетманг, балки бомдод намозидан ярим соат олдин туринг.



(Аммо, суннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуддан кейин, баъзан суннатдан кейин озгина мизғиб олганлари ҳадисларда бор. Бу кундузи лоҳос бўлмасликни таъминлайди, дейилган.)



2. Бомдод намозини ўтказиб юборишнинг гуноҳ эканини хис қилмаслик



Қизиқ, биз бир неча соат олдиндан самолётни интизорлик билан кутиб туришимиз мумкин, бироқ намозга келганда уни адо қилиш учун энг охирги вақтигача сурамиз. Биз намоз масалаларига енгил қараймиз: «Майли, намозни кейинроқ ўқиб оламан», «Ҳозир вақтим йўқ да», «Ишлар чиқиб қолди» – энг кўп тарқалган баҳоналар. Агар тунги соат икки ёки учларда учишимиз керак бўлиб қолса, аэропортга кечикиб қомаслик учун хатто ухламаймиз ҳам. Бундай ҳолатда сиз ҳеч кимдан «Кейинги рейс билан учарман», деган ёки шунга ўхшаш мазмундаги баҳоналарни эшитмайсиз.



Бундай мунофиқликнинг илдизи қаерда? Нега энди дунёвий ишларда барча шарт-шароитларига тўлиқ мослашиб, Исломга, ибодатга келганда турли хил важ ва баҳоналарни қалаб ташлаймиз? Агар нотўғри айтаётган бўлсам, эътирозингиз бўлса, марҳмат, айтинг. Менимча, буларнинг барчаси гуноҳни писанд қилмаётганимиздан бўлса керак. Бирида дунёдаги зиёнимизни аниқ ҳис қилиб турибмиз ва шунга кўра ҳаракат қиляпмиз. Охиратдаги ютқазишни эса балки тўлиқ ҳис қилмаётгандирмиз? Бу иллатнинг давосини, иймонингиз кучли бўлиши йўлларини изланг, китоблар ўқинг, маърузалар тингланг ва ҳакозолар. Ана шулардан сўнг сиз келажак ҳаёт учун ҳаракат қила бошлайсиз, иншааллоҳ.



1. Кун бўйи гуноҳ қилиш



Бу бомдод намозини ўтказиб юборишнинг асосий сабабидир. Куни билан гуноҳ иш қилиб юриб, солиҳ амал қилишга қандай тавфиқ берилишини кутишимиз мумкин? Намоз Исломнинг устунларидан бири, усиз кишининг Исломи савол остидадир? Масаланинг ўта жиддийлигини англаш учун жуда кўп оят ва ҳадисларнинг маъноларини бу ерда келтириша ҳожат йўқ. Исломнинг асосий тамойили: солиҳ амаллар бошқа солиҳ амалларнинг туғилишига сабаб бўлади, маъсият эса бошқа маъсиятларни келтириб чиқаради. Агар биз ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ таолога яқинлашишни истасак, гуноҳ ишларни қилмаслик учун барча имкониятларни ишга солишимиз керак бўлади. Тўғри, биз фаришталар эмасмиз. Бироқ, агар Аллоҳ таоло «Намоз фаҳш ва мункар ишдан қайтаради», деган бўлса-ю, сиз бунинг амалга ошишига йўл бермаётган бўлсангиз, қандай одам эканингиз ҳақида ўзингиз бир ўйлаб кўринг!

Интернет маълумотлари асосида

Абу Муслим тайёрлади